Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Аё одам (Ҳувайдо)
Facebook
Аё одам (Ҳувайдо) PDF Босма E-mail

Аё одам, бино қўйма ўзингга, сан нечук жонсан
Ки на Жамшид эрурсан бу жаҳонда, на Сулаймонсан.

Миниб аспи музаййан, туг кўтар, бошингга то ургил,
Ўлумни дастидан охир қаро ер бирла яксонсан.

«Фалон ибн фалонман» демагинг сандин ажаб одам,
Борур еринг қаро туфроқ, агарчи ибн хоқонсан.

Ҳама иш кори бекори, фақирлик ихтиёр айлаб,
Худони ёдида бўлсанг қиёмат бўлса султонсан.

Тамаъ қилма кишидин йигнае, қадди ямин қилғил,
Дурустлик бирла касбинг қил ва ёки марди деҳқонсан.

Бориб нафсингни ройига, қўлунгни қилмағил эгри,
Ўғул-қизинг егай, аммо ўзинг дўзаҳда сўзонсан.

Ду рўза иззати дунё учун, эй хожау мулло,
Ўқуб илмингга қилмасанг амал, монанди шайтонсан.

Тириклик кўп эмас, зинҳор ҳақи мардумдин эт парҳез,
Бу дунё мулкида бир кўз юмуб очқунча меҳмонсан.

Насиҳатни қилиб ўтти Ҳувайдо, додлар айлаб,
Худодин қўрқ, уёт элдин, агар марди мусулмонсан.

Шарҳ: Аё одам...
Эй Одам, кибру хаво, манманликдан йироқ юр. Билиб қўйки, дунёни титратган шоҳ Жамшид ҳам, Аллоҳнинг севган пайғамбари Сулаймон (а.с.) ҳам эмассан. Зийнатланган дунё отида кибр яловини кўтариб қанчалар мағрур бўлмагин, охир-оқибат қаро ер бағрига қулайсан. Айниқса, наслу насабинг билан мақтанишдан ҳазар қил. Зеро, қабр тупроғи учун шоҳ ҳам, гадо ҳам бир. Сенинг қабрга олиб бордиган бойлигинг дунёда қилаган амалинг, фақирона табиатингдирки, ана ўшандагина қашшоқ ҳолингда ўлган бўлсанг ҳам, рўзи қиёматда султон мақомида тириласан. Тама илинжида инсон олдида буйин эгма. Фақир бўлсанг ҳам дунё моли ёнидан мағрур ўтгинки, рост қаддинг сенинг касбу корингга барака келтиради. Бировнинг молига хиёнат қилишни, ўғриликни, порахўрликни, судхўрликни нафсинг сенга чиройли кўрсатиши мумкин. Бу билан оилангни тўкис қилиб қўйсанг бўлди, аммо бола-чақанг сендан қолган меросни талашиб тортишиб ейишаётганда сен оловли азобни тортаётган бўласан.
Эй инсон, нафсинг оёғини рўза занжири билан кишанла. Агар шуни ҳам риё билан қиладиган бўлсанг, билган нарсангга амал этмасанг, шайтондан нима фарқинг бор. Умр қисқа, кўз юмиб очгудек фурсат ҳаётинг мезонидир. Шундай экан, эй фоний банда, бировнинг хаққидан оловдан қўрққандек қўрққин. Ҳувайдонинг ушбу маслаҳатини қулоғингга ол. Зеро, у ўз насиҳатини дод солиб айтмокда. Эй инсон, агар мусулмонлик даъвойинг бўлса, Худодан қўрқ, элдан андиша қил.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан