Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Бир томчи пок сув айлаб (Махтумқули)
Facebook
Бир томчи пок сув айлаб (Махтумқули) PDF Босма E-mail

Бир томчи пок сув айлаб, аввал отода бизни,
Суврат айлаб, жон бердинг сўнгра онода бизни,
Хушвақт айлаб кездирдинг дорул фанода бизни,
Ҳар ишга мойил этдинг нафсу ҳавода бизни,

Ким биларки, найларсен дорул бақода бизни.
Гоҳдунё талаб айлаб, ҳам йўртармен, елармен,
Гоҳ йиғлаб ўз ҳолимга, гоҳ шод бўлиб кулармен,
Мен бир ожиз бандамен, Сенга арзим қилармен,

Худоё, қилма расво, карамингдан тилармен,
Бу дунёю қиёмат қўйма уёта бизни!
Кел, кўнгил, сабр айлагил, мунчалик ўтга тушма,
Оз билиб, кўп сўзлабон, ғам чашмасини ичма,

Бетоб бўлиб тўкарман кўз ёшим чашма-чашма,
Яхши ёмон ишимнинг ҳеч бирига қарашма,
Гуноҳим гузашт айлаб, етказ мурода бизни!
Махтумқули бенаво, бечора андалиби,

Бир парча ғам даврони бўлмиш анинг насиби,
Йиқилса, чора қилмас унга даҳр табиби,
Ҳар мажлису суҳбатда шод айланг биз ғариби,
Эй ёронлар, ёд этингхайру дуода бизни!..

Шарҳ: Бир томчи пок сув айлаб...
Отамиз вужудида бир томчи пок сув этиб яраттан; онамиз қорнида инсон суратини берган; жон ато этган; нафас, соғлом вужуд, ризқу рўз каби неъматлар билан сийлаган; яхши-ю ёмонга ҳалолу ҳаромга мойил нафс бериб синаган, эй Парвардигори олам, абадий умр тонги, рўзи қиёматда ҳолимиз не бўлар экан, билмаймиз. Нафсим дунёни чиройли кўрсатиб, унинг илинжида елиб-югураман. Аҳволим ўзимга гоҳ кулгили бўлиб кўринади. Баъзан охиратда ҳолим нима бўлишини ўйлаб, ғамга ботаман, йиғлайман. Ўз нафсинида, жиловлашга ожиз, хатокор, унутгувчи бир бандангман. Сендан ўзга менга яқин, мени тушунгувчи, арзим тинглагувчи йўқ. Ё Худоё, беҳисоб раҳмату карамингдан бенасиб этма; дунё-ю охиратда юзимни ёруғ қил, шарманда қилма! Эй ғариб кўнглим, сабру бардошни пеша тутгин. Васваса ўтига йўл берма. Эй тилим, сен ҳам кўп сўйлаш каби — нуқсондан тийил. Илло,кўп сўзламоқнинг оқибати ғам-ташвишдир. Бемор вужудим армони кўзимдан оққан чашмада акс этади. Ё Худоё, ҳаётим сўқмоғи яхши ва ёмон ишларим билан тўла. Фақат сенинг фазлу марҳаматингдан умидворман. Мени муродимга етказгувчи Ўзингсан. Махтумқули бечораю бесас, ожизу нотавон бир шоирки, ҳаётда унинг насибаси бир парча ғам бўлди. У шундай бир дард мубталосидирки, бу дардга дунё табиблари даво топа олмаслар. Эй одамлар, ғам-ғуссада адо бўлган шоирни дуою хайр билан ёд айланг.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан