Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Сани дардинг (Сулаймон Боқирғоний)
Facebook
Сани дардинг (Сулаймон Боқирғоний) PDF Босма E-mail

Сани дардинг манго дармондин ортуқ,
Санга қул бўлғоним султондин ортуқ.

Сани ёдингни айсам чўл ичинда,
Бўлур ул чўл манга бўстондин ортуқ.

Санинг ёдинг агар кетса тилимдин,
Вужудим қуриюр, вайрондин ортуқ.

Манингхор бўлмишим ўз ғафлатимдин,
Магар қилсанг назар, эҳсондин ортуқ.

Азиз, хор қилғувчи султон сануқсан,
Санинглутфинг қамуғ алвондин ортуқ.

На хуш бу дунёда Иймону Қуръон,
Не бўлғай дунёда Иймондин ортуқ.

Манинг бу дардими ҳеч кимса билмас,
Агар билса, Ҳаким Луқмондин ортуқ.

Бу янглиғ осий эркан Қул Сулаймон,
Иноят уманур борондин ортуқ.

Шарҳ: Сани дардинг
Эй қодир Эгам. Сенинг ишқинг дарди билан дардман бўлишим менга ҳар қандай дармондан ортиқдир. Сени таниб, сенга қул бўлмоғим эса ҳар қандай султонликдан аълодир. Ё Раббий! Агар гул, гиёҳсиз қақраган чўл ичра сени ёд этсам, бу саҳро мен учун ифорли чаманзорданда ортиқ бўлур. Агар сенинг ёдингтилимдан кетса, вужудим вайрона мисол куриб адо булур. Эй қодир Эгам менинг хор бўлишим ўз ғафлатимдандир. Мени кечир, афу эт, зеро Сенинг бир бора раҳмат назаринг ҳар қандай эҳсондан ортиқдир. Азиз ҳам хор ҳам қилгувчи Ўзингсан, эй қодир Аллоҳ. Сенинг раҳматинг ғазабингдан ортиқдир. Эй азизлар, бу дунёда иймону Қуръонданда азизроқ йўқ. Бу синов салтанатида иймондан буюкроқ, ортиқроқ неъмат бўлиши мумкинми? Менинг ботинимдаги ошиқлик дарду ҳасратимни бу олам аро ҳеч кимса билмас, агар билса у доно Луқмони Ҳакимдан-да ортиқроқдир. Қодир Эгам бу осий, гуноҳкор Қул Сулаймонни ўзинг ёрлақагин. Сенинг иноятинг ҳамма нарсадан ортиқроқдир.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан