Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Ўраб ғафлат (Ражоий мухаммаси)
Facebook
Ўраб ғафлат (Ражоий мухаммаси) PDF Босма E-mail

Ўраб ғафлат, ўтиб беҳуда умрим, журму исёнман,
Менингдек бўлмасин ҳеч ким жахонда айбу нуқсонман,
На бўлғай оқибат ҳолим ғамида жисми бежонман,
Билолмам, на бўлур ҳолим, кетар вақтида ҳайронман,
Қариб қувват бадандин кетди, энди минг пушаймонман.

Эгилмай, роҳи ростга юрибман пурхато ичра,
Вафосизлар билан бўлдим, ҳамиша ҳар жафо ичра,
Йигитлик нашъаси кетди, эсиз, бу норасо ичра,
Савобдин зарра йўқ, қилмишларим фисқу гуноҳ ичра,
Ғурури ёшлигим бўлди, юриб ҳар кўча сарсонман.

Йигитлик кетди илкимдан, қўлимда зарра тоат йўқ,
Кетарни ўйламай ҳеч, менда бир фаҳму фаросат йўқ,
Яқинлашди ажал, ушларга бермас, эмди фурсат йўқ,
Ибодатга бўлолмай рост, белим, илкимда қувват йўқ,
Кетиб бормоқда кўз нури, кўролмай яхши Қуръонман.

Алам келганда бошга, хатога тавба айларман,
Кечиргайсан гуноҳим, деб Ўзига тавба айларман,
Қачон беморлик вакти, Худога тавба айларман,
Кечиргайсан гуноҳим, деб Ўзига тавба айларман,
Соғайганда унутиб тавбамни ахдимни бузгонман.

Омонатдур танангда жон, Ражоий, бил ғаниматдур,
Қилур парвоз огоҳ бўл, қафасдин жой мухлатдур,
Борур жойингни обод эт, валекин «вой» ғурбатдур,
Надомат қил гуноҳингга, саҳар-тонгчоғи, фурсатдур,
Муҳаммад (с.а.в.) умматига ваъдаи Ҳақ рост, билгонман.

Шарҳ: Ўраб ғафлат...
Ё Аллоҳи Карим! Умрим турли гуноҳлар, сонсиз исёнлар ичра беҳуда ўтиб бормоқда. Айбу нуқсонларим шу қадар кўпки, бошқа бировнингмендек бўлишини асло истамайман. «Бу юришим оқибати нима бўлар экан?», — деб жисмимда жон ўртанади. Зотан, кетар оним яқинлашмоқда. Сўнгги пушаймондан эса фойда йўқ. Тўғри йўл қолиб, хатолар йўлида сарсон кездим. Дўстларим бевафою беорлар бўлди. Улардан яхшилик эмас, жафокорлик дарсини олдим. Умр ўтди, йигитлик айёми хазонга айланди. Норасолар ичра савобни унутдим, гуноҳу фосиқликка кўнгил бердим. Ёшлик ғурурига алдандим. Йигитлик мени тарк этганда ҳам кўзим очилмади. Ибодат сандиғим бўм-бўш қолаверди. Умрнинг чегараси борлигини англашга фаҳм-фаросатим етмади. Ажал шарпаси теграмда кеза бошлади. Фурсат менга думини тутқазмади. Қартайган вужудим рукуь ва саждага ярамай қолди. Қўлларимда қалтироқ пайдо бўлди. Қуръон тиловат этай десам, кўзларимда нур йўқ, уни дунё жамолига қурбон этибман. Эй Худойим! Энди сўнгги лаҳзаларим яқинлашаётганини англаб, ўтган хатоларимга тавба этарман. Гуноҳларимга истиғфор сўраб Ўзингга юзланарман. Беморлик мени енга бошлаган сайин тавбаларим кучайиб борар. Аммо мен ғофил бандага соғлик, куч-қувват ато этсанг, билмайманки, Сенга берган ахду паймонимда собит қоламанми ё йўқми?! Эй Ражоий, танангда ушлаб турган шу жонинг омонат эканидан ғофил бўлма. Вужуд қафаси жоннинг бир лаҳзалик масканидир. У ҳар вақтда вужуд қафасини синдириб, парвоз этиши, сени абадийга тарк этиши шубҳасиз. Шуни тўғри англа, охиратдаги масканинг ғурбату «дод-вой»га тўлмасин десанг, бугун қўлингда бўлган имкондан фойдаланиб қол. Саҳар уйқусидан воз кеч ва тавба каломидан тилу дилингга банд сол. Фурсат ғанимат. Аллоҳ тавбаларни қабул этгувчидир. УнингМуҳаммад (с.а.в.) умматларига берган ваъдаси ҳақдир.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан