Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Айласанг огоҳ мени (Нисорий ғазали)
Facebook
Айласанг огоҳ мени (Нисорий ғазали) PDF Босма E-mail

Айласанг огоҳ мени «Ё Раббано», деб қичқирай,
Бу гуноҳим ёд этиб, «Кечгил Худо», деб қичқирай.

Ғафлат ичра ўтти умрим, қилмадим тоат санга,
Фазли раҳмат кўз тутиб, лутфи ато, деб қичқирай.

Бу ҳолим айлаб баён, ожизлигим такрор этиб,
Тавба бирла ёд этиб, «Қилдим хато», деб қичқирай.

Ихтиёрим бирла мен роҳи адамдин келмадим,
«Халқ этибсан, Холиқим, қилдинг бино», деб қичқирай.

Даргоҳингдин бошқа йўқ ушбу бошимни ургали,
“Чорасиз дардимга сен қилғил даво”, деб қичқирай.

Деб каломингда расул (с.а.в.) «Ё раҳматан лил аламин»,
Бу сенинг амринг тутиб, «Ё Мустафо», деб қичқирай.

Десалар: «Эй умматим, ҳолинг надур, кўп йиғлама»,
Уммат ичра «Ё расул, ҳолим табо», деб қичқирай.

Бодаи лутфи шафоатдин ичиб, сармаст бўлиб,
«Бу гуноҳим дардига топдим шифо», деб қичқирай.

Гар насиб бўлса, шафоатдин мане бечораға,
Биру боримға яна «ҳамду сано», деб қичқирай.

Бу карамни(нг) сояси тушса Нисорий бошиға,
Демайин танҳо ўзим, сиз ошно, деб қичқирай.

Шарҳ: Айласанг огох мени...
Парвардигоро! Фазлу марҳаматинг ила мен ожиз бандангни нафс ғулуси шайтони лайъин васвасасидан огоҳ эт. Ўзингни тоабад зикр этгувчилардан айлаки, «Ё Раббано» каломи дилимдан, тилимдан кетмасин. Гуноҳларим кўп. Гуноҳкор бандалар учун нажот фақат ўзингсан. Сенгагина сиғинаман, Сендангина мадад — истиғфор сўрайман.Умрим йўлида ғафлат соатлари кўп бўлди. Баъзан Сенинг зикрингдан, Сенга ибодат қилишдан чалғидим. Албатта, Сен чексиз раҳмат ва фазл соҳибисан. Умидим сўнмагай. Сендангина умид қиламан. Нафс шайтон алдовларига мойилдир. Мен эса нафс олдида баъзан ожизман. Ўз ожизлигимни такрор-такрор тан олишдан уялмайман. Зеро, бор-йўғи ожиз бандангман, Парвардигори олам. Хатокорман, хатокорлигим боис кўпинча Сени истиғфор каломи ила зикр этаман. Менинг йўклик оламидан бино бўлишим ва Сенинг ихтиёринг ила халқ аталишимда илоҳий сир ва буюк ҳикмат бор. Жамики оламлар ичра бош уришга лойиқ бирор остона йўқки, Сенинг даргоҳингдан бошқа! Бедаво дардим шифосини ҳам албатта Сен бера оласан ё Аллоҳи Карим! Сен оламларга раҳмат қилиб юборган Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) ортларидан ҳам фақат Ўзингнинг амринг билан эргашдим. Рўзи қиёматда Расули акрам (с.а.в.) «Ҳолинг надур», - деб сўрасалар, У зотдан шафоат тилайман ва забун ҳолимни баён этгайман. Сенинг изминг ва марҳаматинг ила пайғамбар (с.а.в.) шафоатларига эришсам, «дардимга шифо топдим», -дея бахтиёрликдан қичқириб юборсам ажабмас. Шунда ҳам бахту саодат нашидасининг ижодкори Ўзинг эканингни биламан ва фақат Сенга ҳамд айтаман. Бундай улуғ караминг соясидан фақат Нисорийни эмас, барча мўъмин биродарларни баҳраманд эт, ё Раҳмон!

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан