Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»На қилғайман, Худоё? (Хожа Аҳмад Яссавий)
Facebook
На қилғайман, Худоё? (Хожа Аҳмад Яссавий) PDF Босма E-mail

Умрим охир бўлғонда, на қилғайман, Худоё?
Жон олгувчи келганда, на қилғайман, Худоё?
Жон бермакни(нг) вахдтидин, Азозилни(нг) заҳмидин,
Шафқат бўлмаса Сандин, на қилғайман, Худоё?
Жон бермак иши душвор, осон қилгил, ё Жаббор,
Сандин ўзга йўқ ғамхўр, на қилғайман, Худоё?
Жоним жудо бўлганда, таним мунда қолганда,
Тахта узра олғонда, на қилғайман, Худоё?
Ожиз бўлуб ётқонда, фаришталар кирганда,
«Ман роббук?» деб сўрганда, на қилғайман, Худоё?
Элтиб гўрга қўйғонда, етти қадам юрғонда,
Сўрғувчилар кирганда, на қилғайман, Худоё?
«Ман роббук?» деб турганда, қаро кундур ўшанда,
«Роббинг кимдур?» деганда, на қилғайман, Худоё?
Қул Хожа Аҳмад, сан банда, нафс илгида шарманда,
Маҳшар куни бўлғонда, на қилғайман, Худоё?

Шарҳ: На қилғайман, Худоё?
Ё Аллоҳу Карим, ё Роҳманир - роҳийм! Умримнинг сўнгги лаҳзалари яқинлашиб, жон олгувчи фаришта Ўзинг берган омонат — жонимни олгани келганида ҳолим нима кечарини билолмай қайғудаман. Сакаротул мавт - ўлим жараёни юз берар паллада, жон бериш ваҳмидан вужудим совук терга ботганда Ўзинг шафқат қилмасанг, эй Худойим, аҳволим танг, ҳолим хароб бўлур. Инсон учун жон бермоқдан кўра қўрқинчлироқ, азоблироқ иш йўқ. Жон берар сониямда Ўзинг ғамхўрим, таянчим бўлгин, эй Худоё. Сенинг раҳм-шафқатинг билан жонимни осон топширсам, бунда қолмиш жонсиз жонимни тахта узра олиб, ювиб-тарасалар, «салоти жаноза» деб жанозам ўқисалар, сўнглаҳад ичра ёлғиз ташлаб кетсалар, ҳолим нима кечар экан? Зулмат қаърида ожиз ётганимда Мункар ва Накир исмли икки фаришта ёнимга келсалар, «Роббинг ким, эй банда», дея сўроқ қилсалар, не деб жавоб қиламан?! Эй қул Хўжа Аҳмад, ҳаётингни нафсу ҳавога совурма. Умр қисқа, қиёмат яқин. Маҳшар кунида ҳолинг не кечар. Ё Худоё, ўзинг бандам дегин, биз ғофил бандаларга раҳм этгин.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан