Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Билолмасмен (Хожа Аҳмад Яссавий)
Facebook
Билолмасмен (Хожа Аҳмад Яссавий) PDF Босма E-mail

Ул «Аласту бироббикум» деганинда,
«Қолу бало» дегонимни билолмасмен.
«Ва ма диникум» дебон яна сўрганинда,
«Диним ислом», деганимни билолмасмен.

Илоҳимдан яна уч йўл келди хитоб,
Мўьмин арвоҳ, «Раббимсен», деб берди жавоб,
Кофир тилин жавобга гунг қилди Вахҳоб,
Мен ҳам жавоб айтганимни билолмасмен.

Худойимдин шул соатда фармон келди,
Фармон бўлғач, дам ўтмайин саф қурулди.
Кофир чабда, мўьмин банда ўнгда турди,
Қайси тараф турганимни билолмасмен.

Билмай қолдим, бир фурсатда умрим ўтти,
Малак ул - мавт келмаги ҳам яқин етти,
Аё дўстлар, амалсизмен, бошим қотти,
На ҳол бирла кетаримни билолмасмен.

Жон олурға ул Азроил келиб турса,
«Жонинг бер», деб ҳайбат бирла бир чангурса,
Уч юз олтмиш томирларим титраб турса,
Нечун тоқат қиларимни билолмасмен.

Худойимни амри бирла жоним олса,
Жоним анда, таним бориб бунда қолса,
Андин сўнгра фарзандларим ҳолим кўрса,
Анда нечук қиларимни билолмасмен.

Аҳли аёл тургай йиғлаб, қуршаб сени,
Ювгувчилар тахта узра олғай сени,
Сувни қуйуб, пок айлагай зоҳиримни,
Ботинимни ювганини билолмасмен.

Ондин сўнгра кафан тўнин кийдиргайлар,
Поку нопок мени ўраб чирмагайлар,
Бош - оёғим қаттик тутуб боғлагайлар,
Тавба тўнин кийганимни билолмасмен.

Тўрт оёқли тобутимни келтургайлар,
Мени солиб тўрт тарафдин кўтаргайлар,
«Сано» айтиб, жанозамни ўқуғайлар,
Мен ҳам «сано» айтганимни билолмасмен.

Ондин сўнгра мени солиб равон бўлса,
Етмиш икки ерда мендин савол сўрса,
«Жавоб бер», деб фаришталар ваҳшат қилса,
Нечук жавоб бераримни билолмасмен.

Аҳбобларим олиб боргай гўр бошига,
Фарзандларим йиғлаб тургай гўр қошида,
Биродарлар ўраб тургай гўр тошида,
Анда нечук қиларимни билолмасмен.

Эй мўъминлар, ажаб уйдур қоронғи гўр,
Сиёсатли, пурваҳшатли, ҳайбати зўр,
Аллоҳ ўзи лутф айласа, бўлур пурнур,
Лутф этмаса, на қиларим билолмасмен.

Мени қўйуб етти қадам босар бўлса,
Мункар, Накир ўшал дамда кириб келса,
«Раббинг ким?» деб фаришталар савол қилса,
«Раббим -Аллоҳ» деганимни билолмасмен.

Қул Хожа Аҳмад, манзил хатар, йўллар йироқ,
Борур еринг яқин эрур, борму яроқ,
Тавба қилиб, ўзин билган олди яроқ,
Мен ҳам тавба қилганимни билолмасмен.

Шарҳ: Билолмасмен
Буюк «ал-мисоқ» замонида Аллоҳ таоло «Мен сизнинг барҳақ Парвардигорингиз эмасманми?»деясавол қилганида «Ҳа, Сен бизнинг Роббимизсан!» деганмиканман? «Дининг нима?» деб сўраган лаҳзада «Диним — ислом!» жавобини бера олдиммикан? Парвардигори олам бу ҳақда уч бор хитоб қилиб сўраганида фақат мўъмин руҳларгина «Сен бизнинг Роббимизсан!» жавобида муқим турадилар. Кофир аҳли учун бундай жавоб беришга йўл бўлсин. Ё Қодир Эгам, мени кофирлар қавмидан эмас, мўъминлар сирасидан айла! Албатта мен, бир ғофилу нотавон бандангман. Ўшал мухташам соатда мўъминлар ўнг, кофир руҳлар чап томондан жой олсинлар, деган амр бўлди. Ўшанда мен қайси сафда бўлган эканман? «Яратганга сажда қилинг» фармони янтраган он мўъмин руҳлар дарҳол сажда қилдилар, кофирлар эса сажда саодатидан бош тортишди. Эй Яратган Аллоҳ, мени шунда мўъминлар сирасидан айлаган бўлгин. Эй мўъмин биродарлар, мана шу ўй ваҳмидан кўзларим ёшли, юрагим қон, ақлим шошган, жону таним азобда ўртанар. Бу азобга нима чора қилишимни билмайман! Яратганнинг илму қудрати чексиз. Унинг бошадоғига етиш мумкин эмас. Ғофил оломон эса дунё ишқи билан масту овора. Улардан қаёқка қочишни ўйлаб кўнглим паришон. Тангри ўз илми билан инсониятни сонсиз-саноқсиз қилиб яратди, уларни турли миллатларга ажрашини ихтиёр айлади. Азозил бир мударрис эди. Аллоҳнинт барҳақ ҳикмати ила шайтони лайъинга айланди. Бунинг маъносини инсон зоти билишга Қодир эмас. Ё Раббим, фақат ўзинг улуғ сирлар соҳибисан! Гуноҳларим тоғлардан оғир, тоат-ибодатим кусурли. Унинг даргоҳига энди не деб бораман? Яратганга сидқу дил ибодат этганлар, жамики борлиқни ҳеч деб, фақат Уни севганлар ўзларини топдилар. Аллоҳ уларнинг юракларига ишқ нурини солди, лутф айлади ва улар улуғ дийдорга мушарраф бўлдилар. Ё Раҳмон, мен ҳам дийдорингни кўрармиканман! Унинг ўзи бировни тоату ибодатга қоим, сабрли қилди. Уларга жаннат неъматларини, роҳат-фароғатни нисор этди. Мен ҳам зоҳид мақомида қоим бўлармиканман? Охират заҳирасига эга бўлмоқ нақадар оғир. Йўллар қандайин хатарли, жондан кечиб Ҳақ амрларини адо этиш унданда қийин. Парвардигоро, озуқасиз ҳузурингга қайси юз билан бораман? Илло, умр қисқа. Ҳар лаҳзада ўлим фариштаси ташриф буюриши мумкин. Қилган амалларимдан сира кўнглим тўлмас. Бошим қотган, қай ҳолатда кетаримдан ғофилман. Жон олгувчи фаришта Азроил (а.с.) ҳайбат ила тепамга келиб «Энди омонатни топшир», дея чангал урса, қўрқувдан уч юз олтмиш томиримда титроқ турса, қандай ҳолатта тушаримни билолмай лолман. Жоним мени тарк этганида болаларим жонсиз танам узра қайғуга кўмилганда, сўз айтмоқ имкони батамом узилганда, тавба эшиклари бекилганда, ҳайронлик ва чорасизлик соатларини қандай ўт-казаман?! Худойимнинг амри бўлмай қолмас, олинган жон танага сира қайтмас, жон танани ташлаб кетар экан, рангу оўйим хазон мисоли сўлгай. Ё Роҳманир Роҳийм, ўлимни иймон билан қаршилаш саодатини насиб эт!!!
Аҳли аёл жонсиз танам қуршаб уввос солар, ювгувчилар танамни поклаш учун тахта узра олар, уларнинг зоҳиримни тозалашиданку шубҳа қилмайман, аммо ўшанда қалбим ғуборидан қандай қутиламан? Танамни ювиб, кафанга ўрар эканлар, менинг пок ёки нопок эканимни Худодан ўзга ҳеч ким билмас. Кафанда бош оёғим боғлиқ жону забонсиз ётганимда, тирикликда қилган тавбаларим қабул бўлганини билаолмай ҳайрон ётаман. Тўрт оёқли чўбин от мени қабристон сари элтар, қавмдошларим «сано» айтиб жанозамни ўқигайлар. Бу дам фақат менгина «сано» айтиш бахтидан маҳрум бўлган бўламан. Лаҳадда мени ёлғиз қолдириб, одамлар ортга қайтганларида, етмиш икки ерда савол-жавоб бўлганда, фаришталар ваҳшат ила жавоб талаб қилганида, не деб жавоб беришимни билмасман. Қабрда танамни илону чаёнлар чулғаса, қўрқув ва ҳасратдан танамга титроқ кирса, қутилиш эшиклари тақатақ бекилса, иложсизлик соатларини қандай ўтказаман?!
Эй мўьмин биродарлар, гўрнинг зулмати, ваҳшат ва ҳайбатига таъриф йўқ. Аммо иймон соҳибларига Аллоҳ лутф айлар, уларнинг гўрини ўз нури билан ёритар. Ё Роҳманир роҳийм мен бечорага ҳам лутф айла, қабримни нурафшон эт!!! Қавмдошларим мени лаҳадга жойлаб, етти қадам юришганда Аллоҳнинг Мункар ва Накир исмли фаришталари ташриф буюришади. Улар хайбат билан «Роббинг ким», деб сўрашганда «Роббим Аллоҳ» дейишни насиб этгин ё мурувватли Эгам.
Эй қул Хожа Аҳмад, охират йўли жуда узун ва хатарли. Аммо қиёмат куни ҳар лаҳзада бошланиши мумкин. У кун азобини даф этувчи яроққа эгамисан? Бундай яроқ тирикликда қилинган ибодат ва тавбадир. Аллоҳим барча мўъминларга иймон ва тавба яроғини насиб эт. Омин.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан