Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Лутфи ҳақ бўлса (Аҳмаджон Уммат Хоразмий ғазали)
Facebook
Лутфи ҳақ бўлса (Аҳмаджон Уммат Хоразмий ғазали) PDF Босма E-mail

Лутфи ҳақ бўлса, гадолар подшога айланур,
Қаҳр қилса, подшолар бенавога айланур.

Водийи ҳайратда қолган гумраҳи саргаштага,
Бир назар қилса, Худойим, раҳнамога айланур.

Гар тажалли қилса, авф фазлида коми билан,
Заҳри афъо малхам ўлуб, мўмиёга айланур.

Дайр хуффошига гар қилса, иноят шул замон,
Шаҳбози арш ўлуб, балки ҳумога айланур.

Раҳм қилса бистари маргузра ёткан хастаға,
Ҳар мариз бўлса, вужудида шифога айланур.

Солса туз йўлга агар ҳижрон била оғуштани,
Пешвойи ҳалқ бўлуб, соҳиб дуога айланур.

Ким наби шаръини маҳкам тутди ул Жибрийилдек,
Маҳрами даргоҳ бўлуб, нури Худога айланур.

Кимнинг асли пок бўлса, боқмагил кирдорига,
Охири шаръи набийдек Мустафога айланур.

Берса ожизларга қувват, пашша бўлса ҳамда мур,
Пашша фил бўлғай, дағи мур аждаҳога айланур.

Хоки по бўл, Уммато, мардлар даргоҳида,
Бир назар қилса алар мис кимёга айланур.

Шарҳ: Лутфи ҳақ бўлса...
Аллоҳ марҳамат ва раҳмат назари ила боқар экан, гадонинг подшога айланишига шубҳа йўқ. Яратганнинг қахрини келтирган подшо эса хору зор бўлиши айни ҳақдир. Ҳайрат водийси узра саргардон, ғофилу гумроҳ банданинг раҳматга эвирилиши ҳам ҳеч гап эмас. Бунингучун Аллоҳнинг заррачалик раҳмати кифоя. Ғаффорнинг лутфи жилва этиб турар экан, илоннинг заҳри шифобахш мўмиёга айланиши бешакдир. Дунёнинг ҳақир бир жонзоти кўршапалак Яратганнинг илтифотига муяссарлик рутбасини топса, арш гирдида лочин каби парноз этар, бахт қушига айланар. Худо тўшагига михлапгап бедаво хастага раҳм қилса, касалликнинг ўзи бу вужуднинг шифоси бўлади. Хижрон олови билан қоришган, йўлсиз, номсиз бир кимсани У тўғри йўлга йўллар экан, йўлсиз кимса йўлбошчига, халқнинг суянган раҳбарига айланур. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) келтирган шариатни ким маҳкам тутса Жаброили аминдек Аллоҳга яқинлик ҳосил қилади. Қайси бошгаки саодат тожи бичилган экан, у алалоқибат Сарвари коинот набий (с.а.в.) йўлининг йўлчиси бўлади. Зеро пашша ва чумоли каби ожиз жонзотлар ҳам, агар Аллоҳ қувват берса, филу аждаҳога айланиши бешакдир. Эй шоир Уммат, тақво эгалари оёғининг тупроғи бўлки, улар Аллоҳга яқин зотлардирлар.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан