Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм» Этмасман (Ражоий ғазали)
Facebook
Этмасман (Ражоий ғазали) PDF Босма E-mail

Умиди раҳматимдан узма бандам, хор этмасман,
Муҳаббат бирла қилгин бандалик, бекор этмасман.

Ҳамиша раҳматим осий гуноҳкорларга мавж урган,
Қилиб тавба Менга келсанг, сени ҳеч хор этмасман.

Яратдим икки оламни Ҳабибим ҳурматидинким
Бўлур уммат Ҳабибимга, ани ночор этмасман.

Амал қилгин дилу жонинг билан шаръимга, эй бандам,
Қоронғу гўрда қолдириб, сени афгор этмасман.

Холис айла ибодатни, амални бериё қилгин,
Тарозуда гуноҳингни кечиб, ошкор этмасман.

Қадамни рост йўлдан узмагил, қўйма хато йўлга,
Сирот ал-мустақим узра жаҳими нор этмасман.

Ўқиб Қуръон саҳарлар, баҳраманд бўлгил каломимдин,
Басе қабрингни пурнур айлагайман, тор этмасман.

Имонингга эрур қувват, Ражоий, тоату тақво,
Анга зийнат эрур одоб, маҳруми дийдор этмасман.

Шарҳ: Этмасман
Эй бандам, раҳматимдан ҳеч қачон умид узма, хор бўлмассан. Менга сидқу Муҳаббат билан ибодат қил, риёзатинг бекорга кетмас. Осий ва гуноҳкорлар ҳам раҳматимдан насибадор эрурлар. Бунинг шарти сидқидилдан қилинган тавба ва гуноҳларга қайтмасликдир. Икки оламни ҳабибим Муҳаммад алайхиссалом хурматидан яратдим. Муҳаммад (с.а.в.) йўлига содиқ умматни ночор ҳолида ташлаб қўймасман. Сен иймон амалини маҳкам тутсанг, эй бандам, қабр зулматида ҳолингпаришон этмасман. Ибодатни фақат Мгн учун, ёлғонсиз қилгин ва қиёмат тарозисидан кўрқма. Шунда гуноҳларингни яширгувчи, юзинг ёруғ қилгувчи Менман. Қадамингни иймон йўлига ташла, шайтони лайъин қутқусидан қочгинки, сирот кўпригида қадамингни яшиндек тез қилгувчи Ўзимман. Ҳар саҳар Қуръон тиловат қилгин. Каломим маъносини мушоҳада эт. Ўқиган ҳар бир ҳарфинтни қабрингга нур қилиб индиргувчи Ўзимман. Эй Ражоий, тоат-ибодатгина иймонга қувват бўлгай. Аллоҳ одоб эгаларига Жамолини насиб этгай.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан