Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Қилғучиман (Машраб ғазали)
Facebook
Қилғучиман (Машраб ғазали) PDF Босма E-mail

Руҳи покини бу кун сўйи само қилғучиман,
Ул ғазаблик подшоҳга ошно қилғучиман.

Оташи ишқ олдида жонинг олурдин ғам ема,
Талх жонингни танингга нораво қилғучиман.

Ман ўзум ғассол ўлуб, ювсам керак жисмингни пок,
Нури иймонинг била қабринг зиё қилғучиман.

Гўр ичи Мункар- Накир сўрса саволи бандалик,
«Роббим- Аллоҳ»ни тилингга жо-бажо қилғучиман.

Ул қиёмат шиддатидан зарра бандам қўрқмагин,
Номаи мақсудни илкингга жо қилғучиман.

Ул сирот остида дўзах деб паришон ўлмағил,
Пистанинг пўчоғига дўзахни жо қилғучиман.

Ул тарозу палласиға солса аъмолинг сенинг,
Зарраи оҳим била журмунгни ло қилғучиман.

Ҳашт дари жаннат юзингга во қилур бу Машрабо,
Ҳамнишини чорёри Мустафо қилғучиман.

Шарх: Қилғучиман
“Ҳадиси қудсий”да Тангри ўз пайғамбари орқали бандаларига шундай хитоб қилади: Эй бандам, бугун мен пок руҳингни баданингдан чиқариб, самоларни сайр қилдиргувчиман, бу билан бутун оламларга Қахҳорлик этувчи бўлсам-да, ўзимга сени ошно қилгувчиман. Чунки сен менинг ердаги халифамсан.
Менгагина сиғинсанг, мендангина мадад кутсанг, муҳаббатинг фақат Ўзимга бўлса, жон олувчи фариштага жонингни беозор олишини буюргувчиман.
Танангни покловчи, жисми жонинг ғассоли, қабрингга нур бергувчи ҳам Ўзимман. Қиёмат куни Дўзах вахдпати, пулсирот ваҳимасидан сира қўрқмагин, мўмин бўлганинг учун Сиротдан ўтаётганингда дўзахни сенга кўрсатмаслик мақсадида уни хоҳласам вақтинчалик писта пўчоғидек нарсага жойлаб қўйгувчиман. Гуноҳкорлар ўтаётганда Дўзахни яна ўз аслига қайтаргувчиман.
Қабрда Мункар ва Накир сени сўроққа тутганида тилингга «Роббим Аллоҳ» калимасини айттиргувчи ҳам Ўзимман. Тарози палласига ҳаётда қилган савобу гунохдаринг тортиладиган кунда Менга қилган ибодатинг, умид ва қўрқувинг эвазига раҳматимдан бенасиб этмасман. Эй бандам, Менгагина ибодат қил, Мендангина мадад кут, шунда сени саккиз жаннат эшигининг энг аълосига киргизаман. Чаҳор ёрларга қўшни қиламан. Ё Парвардигор, қулинг Машрабни ҳам дўстларинг сирасидан айла!

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан