Таржимондан Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Инсонни яратган ва унга баённи ўргатган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Қисқа сўзларда улуғ маъноларни ифодалаш хусусияти берилган, гўзал хулқларни камолга етказмоқ учун юборилган ҳабибимиз Муҳаммад Мустафога, аҳли оилалари, асҳоблари ва уларга тугал тобе бўлган чин мўминларга салоту саломлар ёғилсин. Имом Шофеийнинг таърифида шу қадар кўп ва хўб ёзилганки, бугун уларга зиёда қилишнинг на иложи ва на эҳтиёжи қолмаган. Ана шундай улкан заковат ва ўткир қалам соҳибининг энг фасоҳатли лисонда ёзган тагдор фикрларини назмда эмас, ҳатто насрда қайси бир тилга бор гўзаллиги билан ўгирмоқ менинг наздимда имконсиз иш бўлиб кўринади. Агар сиз уларни аслида мутолаа қилсангиз ва қайсидир даражада тушуниб қолсангиз, бу гўзал тартиботни бузиб, бошқа тилга таржима қилишдан қизғанган, эҳтимол, хижолат қилган бўлар эдингиз. Шофеийни ўзбек тилига тугал ўгирмоқ учун бошқа бир Шофеий керак. Бинобарин, сиз ўқиётган сатрлар имом Шофеий девонидан бир ожиз ўқувчининг ожиз фаҳми билан тушунганларидан бошқа нарса эмас. Фақат мазкур ажиб ҳақиқат парчаларини сизларга ҳам илинганимиз учун уларни нашр этишга қарор қилдик. Эҳтимол, сиз уларни яхшироқ тушунарсиз. Ахир шундай етказилганлар бўладики, улар етказганлардан тўғрироқ ва теранроқ англайдилар. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.
2019 йил, 29 декабр. Ҳасан Асомиддин
Имоми Шофеий (роҳимаҳуллоҳ)
Муҳаммад ибн Идрис ибн Аббос ибн Усмон ибн Шофе ибн Соиб ибн Абду Язид ибн Мутталиб ибн Абдуманоф Ҳошимий, Қурайший, Мутталибий. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис Шофеийнинг оналари Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг оналари Фотима бинт Асаднинг набира қизлари бўлади. Шунинг учун имом Шофеий “Али ибн Абу Толиб – амаким”, деганлар. Имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеий ҳижрий 150-йили (мелодий 767-йили) Ғаззада дунёга келдилар. Худди шу санада машҳур фақиҳ имом Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит вафот этганлар. Имом Шофеий икки ёшга тўлмай отадан етим қолдилар. Онаси имом Шофеийни олиб Маккага кўчиб келади. Етти ёшида Қуръонни ёд олган Муҳаммад ибн Идрис ўн уч ёшида тажвид ва тафсир илмини пухта эгаллади. Унинг тиловати ширин овози ва ажиб маҳзунлиги билан алоҳида ажралиб турарди. Замондошлари имом Шофеийни узун бўйли, қорачадан келган, очиқ юзли ва ширин сўзли киши деб тавсиф қилганлар. У соф араб тилининг кенг имкониятлари билан яқиндан танишиш ва фасоҳат ҳамда балоғат сирларини ўрганиш учун арабларнинг энг фасоҳатли қабиласи аталган Бани Ҳузайл билан ўн йил бирга яшади. Бадавий ҳаётнинг барча машаққатларига сабр қилиб она тилининг бойликларидан баҳраманд бўлди. Кейинчалик машҳур шоир Асламий “Ҳузайл қабиласининг шеърларини Муҳаммад ибн Идрис исмли қурайшлик ўсмирдан тўғирлаб олдим” деб эътироф этган эди. Имом Шофеий илм талабида Ироқ, Форс, Шом, Яман ва Миср ерларига сафар қилдилар. Замондош уламолар билан ҳамсуҳбат бўлдилар. Умрларини охирги йилларини Мисрда ўтказган имом Муҳаммад ибн Идрис кўп асарлар таълифини шу диёрда ниҳоясига етказди. Имом Шофеий ҳижрий 204 йил (мелодий 820 йил), Ражаб ойининг 28-кунида жума кечаси 54 ёшда оламдан ўтдилар. Ибн Абдулҳаким: • Имом Шофеий билан мунозарага киришган кишини кўрсам, унга раҳмим келар эди. Шофеий билан баҳс қилсанг ўзингни худди йиртқич тилка-пора қилаётгандек ҳис этардинг. Одамларга ҳужжат қанақа бўлишини имом Шофеий ўргатди. Абу Савр Калбий: • Мен Шофеийга ўхшаш одамни кўрмаганман. Шофеий ҳам ўзига ўхшашни учратмади. Аҳмад ибн Ҳанбал: • Аллоҳ ҳар юз йилнинг бошида одамларга суннатни ўргатадиган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёлғонларни инкор этадиган бир кишини чиқариб қўяди. Қараб кўрсак, биринчи юз йилликнинг бошида Умар ибн Абдулазиз, иккинчи юз йилликнинг бошида имом Шофеий бор экан! • Фақиҳлар табиб, муҳаддислар доришунос эди. Муҳаммад ибн Идрис Шофеий ҳам табиб, ҳам доришунос бўлиб келди. • Сиёҳдон ёки қалам тутган ҳар бир инсоннинг бўйнида Шофеийнинг миннати бор! • Олти кишининг ҳаққига саҳарларда дуо қиламан. Уларнинг бири имом Шофеий бўлади. Рабе ибн Сулаймон: • Шофеийни, гўзал баёни ва ажаб фасоҳатини кўрсангиз, ҳайратда қолар эдингиз. Агар имом Шофеий ўзининг китобларини мунозарада ишлатган арабий лисонида ёзганида, тилининг фасоҳати ва лафзларининг нодирлиги боис биз уларни тушуна олмасдик. Бинобарин, имом асарларини оддий одамлар англайдиган содда тилда ёзиб қолдирди. Абдураҳмон ибн Маҳдий: • Ўқиган ҳар битта намозимда Шофеийнинг ҳаққига дуо қиламан! Абдуллоҳ ибн Аҳмадибн Ҳанбал: -Сиз Шофеийнинг ҳаққига кўп дуо қиласиз-а? – дедим отамга. -Эй ўғлим, - деди отам – у дунё учун офтоб, инсонлар учун офият каби эди. Ахир бу иккисининг ўрнини тўлдириб бўладими?! Қутайба ибн Саид: • Суфён Саврий ўлди – тақво ўлди, Шофеий ўлди – суннатлар ўлди, Аҳмад ибн Ҳанбал ўлса, бидъатлар зоҳир бўлади. Ҳорун Саид Айлий: • Агар имом Шофеий манави тош устунларни ёғоч деб мунозарага киришса, баҳсга бўлган иқтидори боис мунозарада ғолиб чиқар эди. Яҳё ибн Саид: • Қирқ йилдан буён намозимда Шофеийнинг ҳаққига дуо қиламан. Яҳё Қаттон: • Имом Шофеийни хослаб дуо қиламан. Юнус ибн Абдулаъло: • Имом Шофеий худди оятларнинг нозил бўлишини кўзи балн кўргандек тафсир қилар эди. • Имом Шофеий сеҳргар эди. Ёнида ўтирсак, сўзларини англаб етолмасдик. Тили шакар, балоғати гўзал, заковати ўткир, зеҳни зоҳир, фасоҳати комил ва ҳужжати ҳозир ажиб мантиқли инсон эди. Имом Заҳабий: • Энди бундай зотлар қайда?! Фасоҳати зарбулмасал эди. Ўз замонида Қурайшнинг энг фасоҳатли кишиси ҳисобланарди. Луғат унинг сўзидан олинарди.
Имом Шофеий айтади: • Ортиқча мол-дунёни талаб қилиш Аллоҳ томонидан тавҳид аҳлига берилган жазодир! • Ҳеч қачон фақирликдан қўрқмаганман! • Кимни тақво азиз қилмаса, унда азизлик бўлмайди. • Ҳеч қачон ёлғон гапирмаганман! • На рост ва на ёлғондан Аллоҳ номига қасам ичмаганман! • Ҳеч қачон жума кунининг ғуслини тарк қилмадим! • Ҳақиқий оқил ўзини сезмаганга соладиган зийрак инсондир. • Ёд олинган нарса илм эмас, балки фойдаси теккан нарса илмдир. • Аллоҳ таоло “Кун” яъни “Бўл!” деган сўз билан борлиқни яратди. Агар “Кун” калимаси махлуқ бўлса, махлуқ махлуқ билан яратилган бўлиб қолади. • Ҳеч қачон ғолиблик учун мунозарага киришмадим. Хоҳлардимки, китобимни барча-барча ўргансин ва ундаги бирон нарсани менга мансуб қилмасинлар. • Суфён ибн Уяйнадек фақиҳни ҳам, унингдек фатво беришдан сукут қиладиган кишини ҳам кўрмадим.
Имом Шофеий мусулмонларнинг тиб илмини зое этганларидан куйиниб айтарди: • Илмнинг учдан бирини зое қилдилар, уни яҳудий ва насороларга бериб қўйдилар. • Агар ҳақиқий фақиҳ уламолар Аллоҳнинг валийлари бўлмаса, демак Унинг валийси йўқ экан. • Имомдан сўрадилар: Бир одам оғзида олма билан турибди. Олмани есам ҳам, емасам ҳам хотиним талоқ бўлсин, деган. Нима қилса хотинига талоқ тушмайди? -Олманинг ярмини еб, ярмини ташлаб юборсин, - деди имом. • Илм талаб қилмоқ нафл намоздан афзалдир! • Фақиҳ Аллоҳга тавозе ва шукр қилиб бошидан тупроқ сочиши керак! • Қайси хонадоннинг аёллари бегона эркаклар олдига, эркаклари бегона аёллар олдига чиқсалар, уларнинг фарзандларида нодонлик бўлади. • Тавозе муҳаббатни, қаноат эса роҳатни мерос қолдиради. • Инсонларни бошқариш ҳайвонларни бошқаришдан оғирроқдир. • Беҳуда сўзни айтсанг, сен сўзга эмас, балки сўз сенга хўжайин бўлади. • Энг фойдали захира тақво, энг зарарлиси эса адоватдир. • Ғазаби сўралганида ғазаб қилмаган кимса эшакдир. Розилик сўралганида рози бўлмаган кимса шайтондир. • Бошлиқлик бешта нарса билан бўлади: ростгўйлик, сир сақлай олиш, аҳдга вафо, самимият ва омонатдорлик. • Агар қилган яхши амалингга маҳлиё бўлиб қолишдан хавотир олсанг, Кимнинг розилигини истаётганингни, қандай неъматга интилаётганингни ва қандай азобдан сақланаётганингни ёдга ол! Кимда-ким ана шу ҳақда фикр юритса, амали арзимас кўриниб қолади! • Олимнинг зое бўлиши ёр-дўстларсиз қолиши, жоҳилнинг зое бўлиши эса ақлининг қисқалигидир. Нодонларни дўст тутган кимса ҳар иккисидан ҳам зое бўлувчироқдир. • Дунёга кўнгил берманг. Зеро, зоҳидлик зоҳид учун гўзал аёлга гўзал тақинчоқдан ҳам ярашиброқ туради. • Қайси осмон менга соя солиб, қайси ер мени кўтаради, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг битта ҳадисларини билиб сўнг уни ташлаб кетсам. • Қачон бир саҳиҳ ҳадисни ривоят қилиб, сўнгра уни амалга олмасам, билингларки, мен ақлдан озибман. • Аллоҳ қалблардаги кечинмаларни кечирди. Амаллар ва сўзлар ёзилади. • Илм талабига ва камондан ўқ отишга қаттиқ муҳаббат қўйдим. Мерганликда шундай мартабага кўтарилдимки, ўнтадан ўнтани аниқ урар эдим.
Таврия
Аббосий халифалардан Ҳорун Рашид даврида мўътазилий оқими кучайиб кетди. Бишр Марисий уларнинг етакчиларидан эди. Имом Шофеийнинг қўлларига кишан солиб олиб келишди. -Қуръон ҳақида нима дейсан, эй қурайший? – сўради Бишр. -Мени назарда тутяпсанми? – савол берди Шофеий. -Ҳа! -Махлуқ! Имом Шофеийни қўйиб юборишади. Аҳвол ёмонлашиб, фитна кучайганини сезган имом Боғдоддан Мисрга қочиб кетади. Бишрнинг саволига имом Шофеий ўзларини назарда тутиб “Махлуқ” деб жавоб берди. Чунки ундан аввал “Мени назарда тутяпсанми?!” деган эди.
Шоирнинг ҳаёти, шеър машғулоти Ярашмас олимнинг шаъни, шахсига, Йўқса, хира тортиб Лабиднинг оти, Биринчи бўлардим ашъор баҳсида.
Муҳаллаб уруғи, Язиднинг қавми, Кўрмаган шижоат бўлиб одатим. Шердек олишардим, арслон мақоми, Меники бўларди, зўр жасоратим.
Роббим Аллоҳ эрур, Раҳмону Раҳим, Ахир У яратган бутун оламни. Қўрқуви бўлмаса Улуғ Илоҳнинг Қулим ҳисоблардим барча одамни.
*
Кунларнинг турфа хил ишларин сўкиб Сиқилма, тақдирда ҳаммаси тайин. Тунлар келар баъзан мусибат тўкиб, Улар ҳам ўткинчи чўзилган сайин.
Қўрқув, хавотирни қарши ол дадил, Мурувват ва мардлик бўлсин одатинг. Инсон хатокордир, на ҳожат далил, Яқин хислатларинг зўр саодатинг.
Саховат-жўмардлик айбларни ёпар, На қайғу, на қувонч доимий эмас. Бугун ғам чекканлар эрта бахт топар, Ҳолатлар муваққат, собитлик абас.
Ҳатто душманингга хорлик тилама: Бировнинг ғамидан севинмоқ – ёмон. Бахилдан яхшилик кутма, ўйлама: Ташнага сув бўлмас олов ҳеч қачон.
Ризқинг кўпаймайди, камаймайди ҳам, Ўлчовли дунё бу, шошмоқлик бекор. Қаноат эгаси бўлган ҳар одам Давлатли моликлар билан баробар.
Ўлим эшик қоқиб келса, дафъатан, Қайси ер сақлайди, айт, қайси осмон?! Аллоҳнинг кенг ери бўлса-да ватан, Тақдирнинг тор куни тораяр осон.
Дунё ҳеч кимсага қилмайди вафо, Ахир топилмаган ўлимга даво.
*
Беписанд жилмайиб қўймагин зинҳор, Дуо моҳиятин англамай тугал. Сен қайдан биласан бу қандай изҳор, Илоҳий ижобат инар қай маҳал?
Қоронғу тунларнинг таранг тортилган Камони адашмас асло нишондан, Фақат ҳар нарсага вақт ўрнатилган, Пайт етар, бир лаҳза ўтмас ўшандан.
Аллоҳ иродаси билан дуолар Баъзида бир муддат сокин-бетаъсир. Сўнг бирдан очилар унга самолар, Ижобат вақтидир – илоҳий тақдир.
*
Имом Шофеий айтади: “Ёр-дўстлар суҳбатидек сурур ҳам, уларнинг фироқидек ғам ҳам бўлмайди. Юртидан айрилган ғариб эмас, балки дўстидан жудо бўлган ҳақиқий ғарибдир”.
Ҳасрат чекиб ғам-аламнинг йўлларида Дўстларидан ортда қолган жонга оғир, Агар умри бўлганида қўлларида, Улардан сўнг яшамасди у ҳам ахир.
*
Аёллар ҳақида турфа ривоят, Дерлар: Аёл ишқи – балои азим, Гарчи эл ичида машҳур бағоят, Ҳақиқий мусибат бошқа, азизим.
Сенга ёқмайдиган айрим кимсалар Айрим ҳолатларда бўлар улфатинг. Агар тушунсалар, агар билсалар, Уларнинг суҳбати энг зўр кулфатинг.
*
Ҳабиблари ҳижронига ҳозир турсинлар, Узоқ умр кечиришни тама қилганлар. Сабр совутини кийиб собит бўлсинлар, Дунё ҳаётини чиндан афзал билганлар. Охир бориб душманларга тиланган кунлар Илвираган танангизни ямлаб якунлар.
*
Қаршингда икки иш икки ҳолатда, Қай бири ҳақиқат, қай бири ёлғон? Нафсингга ёққан иш ёмон одатда, Гуноҳни хуш кўрар негадир инсон.
*
Дунёда нодоннинг иши кўп ажаб, Бирон фазли бўлса, бошингга чиқиб, Нутқ ирод қилади воизга ўхшаб. Оддий бўлса мендек, бор-йўқ аҳволи Кўча чангитади бола мисоли.
*
Музаний айтади: Имом Шофеий ўлим тўшагида ётганида ҳузурига кирдим: -Эй Абу Абдуллоҳ, аҳволингиз қандай? Имом бошини кўтариб деди: -Дунёдан ўтувчи, ёр-дўстларни ташлаб кетувчи, ёмон амалини кўрувчи, Аллоҳ ҳузурига борувчи бўлиб турибман. Руҳим жаннатга борадими, уни табрикласам, жаҳаннамга тушадими, унга таъзия изҳор қилсам, билмаяпман.
Сенинг билан қалбда ором, ҳидоятдир, Кифоямсан, фақат Сен-ла кифоятдир. Муҳаббатинг раво кўрсанг, дунё ғами Қанча бўлса, бир арзимас шикоятдир.
*
Маҳзун қалбим ғам-аламдан оқ тортади, Уйқу келмас, бу дард билан ором ғалат. Майли, кимлар истамайди, тош отади, Бугун битдим ҳабиб учун бир рисолат.
Оқ либоси қизил қони билан алвон, Бўғизланди на айби бор, на гуноҳи. Ғаддор қилич синиб тушсин, найза нолон, Тулпор отлар кишнамасин, тортсин ёҳу.
Муҳаммаднинг аҳли байти-хонадони Дучор бўлди айни пайти мусибатга. Соқов тоғлар эриб оқди ва дунёни Титроқ тутди, ҳол қолмади ҳеч саботга.
Само чироқлари лип-лип учиб ўчди, Шармисорлик ошкор-аён, ёқа вайрон. Отасига салот айтиб кимлар кўчди Ўлдиргани фарзандини, ақл ҳайрон.
Айб саналса аҳли байтга муҳаббатим, Бундай гуноҳ учун тавба эмас лозим, Қиёматда улар дўстим, шафоатчим, Оғир Кунда хайрихоҳим, чин мулозим.
*
Баҳайбат арслонлар очликдан ўлар, Итлар нимталайди жайрон танасин. Баъзида ипакка бурканиб қуллар, Тошдек ерда ётар беклар боласи.
*
Кўксимдаги олов ўчди, кул қолди, Мағрур бошгинамга оқ қиров тушди. Қоронғу кечалар қуюқ тус олди, Сочимда оқ шуъла ёнди, ёришди.
Қоп-қора қушларим кетдилар учиб, Бошимга бойўғли келиб ин қурди. Хароба ахтариб, ҳар ерга кўчиб Юрган шум уйимнинг нурашин кўрди.
Чаккамни қоплади оппоқ толалар, Уларни хинога бўяш беҳуда. Энди маишатдан маҳзунлик қолар, Ҳеч нима татимас, ахир кеч жуда.
Навқирон чоғингда барча лаззатинг Сеники туюлар дунё роҳати. Бугун ўтиб кетди, битди иззатинг, Кўз ҳорғин, ранг сўлғин, йўқ малоҳати.
Бас, ёмон ишлардан, хор қилмишлардан, Халос бўл, хотиржам, ҳалол нафс каби. Закот олингандек зар-кумушлардан Закот бер мавқедан, обрўдан, инсон.
Қўл остингда қанча озод одамлар, Уларга яхшилик – энг зўр тижорат. Ҳеч қачон ташлама кибор қадамлар, Тупроқ собиқ киборлардан иборат.
Ҳаётнинг аччиғу, чучугин тотдим, Гоҳида кенгчилик, гоҳ аҳвол хароб. Шунча яшаб, битта ҳақиқат топдим: Дунё ёлғон экан, алдамчи сароб.
Итлар қуршовида бадбўй ўлакса, Бир четда турганлар саломат қолган. Унга қўл узатган ҳар қандай кимса, Талашмоқ хорлигин бўйнига олган.
Ҳовлисига кириб, ҳолини билиб, Кўча эшигига катта қулф илиб. Ўтирган инсонга ҳавасим келди, Тағин пардасини қўйган тушириб!
*
Холи қолдим деб ўйлама: Кузатгувчи мудом ҳозир, Бирон нарса махфий қолмас: кўрар Раҳмон, билар Собир. Аксинча, биз ғафлат босиб, гуноҳ гирдобида қолдик, Шояд тавба насиб этса, мағфур қилса бизни Ғофир. Ҳаёт хаёлмисол ўтди, эътибор бер, кўзингни оч, Эртанги кун жуда яқин, борар мўмин, борар кофир.
*
Айтиб қўйинг мунажжимга гап бошласа юлдузлардан, Унинг хабарлари ёлғон, ҳукм қатъий, тайин тақдир. Ким фол кўрса келажакдан, кечалардан, кундузлардан, Мен гувоҳман: каззобдир у, билинг, шаҳодатим ҳақдир.
*
Имом Шофеий айтади: “Дунё муҳаббатига мағлуб бўлган кимса дунё аҳлига бўйсунишга мажбурдир. Ким қаноат қилса, тобеликдан халос бўлади”.
Муҳаббат давомий бўлмоғи учун, Кечириб яшашга кўникмоқ керак. Ғазабим қўзғалса, - ғазаб бир учқун, - Сўз қотма, сабр қил, жим тургин демак. Меҳрнинг ёнида турса озор ҳам, Кўнгилда муҳаббат топади барҳам.
*
Сиқилма юзингга эшик ёпсалар, Сен учун бошқаси очилар, кутгин. Баъзан енгил ишни оғир топсалар, Тор йўллар кенгайиб кетади буткул.
Қон ютиб, безовта бўлма беҳуда, Қўрқув-хавотиринг фойда бермайди. Майли, ғамда яша, майли, қайғуда, Асли мусибатинг шунча турмайди.
Қоп-қора булутлар тўсди осмонни, Бошингга тушмади бир совуқ томчи. Ризқнинг ўзи келар топиб инсонни, Елиб югурганинг ёлғон ёлғончи.
Ишинг тушиб қолса инсон зотига, Минг хил услуб билан сендан қочарлар. Роббим барча муҳтож махлуқотига Очиқдир, юзланса улар қачонлар.
Умидвор бандаси топар иноят, Зиёда фазл бир қўлин чўзганга. Аллоҳ марҳамати кенг бениҳоят, Ундан ўзгалардан умид узганга.
Қўлдан кетганига куюнма дардчил, Рози бўл, Роббингдан ажрлар сўра! Қанча зийрак бўлма, қанчалар эпчил, Сенга ёзмагани етмайди сира.
Тақдирда борини тўсолмас одам, Йўқ бўлса, ҳеч кимса қилолмас пайдо. Ҳашамат – хатарли, зийнат – шум қадам, Унинг мухлисига омонлик қайда?!
Заҳарли ўқларга бўласан нишон, Қаршингда ҳалокат, бир гирдоб тезоб. Ҳар ишда камтар бўл, сўзимга ишон, Сенинг замонангнинг чин номи азоб.
Кўпайиб кетмасин таъна-ю дашном, Ҳамиша боридек турмоғинг маҳол. Инсонлар кетдилар, қолди қуруқ ном, Итлар эга чиқди иззатга дарҳол.
Разиллар қаршингда туради кулиб, Таслим-тавозеси – таъна-маломат. Яхшилик ажралмас хислатинг бўлиб, Жон сақлашга урин, қолгин саломат.
Ким қочиб қутилса, Аллоҳнинг фазли, Йўқса, хато билан ҳақнинг ораси. Нафсга хуш келган иш бўлар ғаразли, Маҳкам тур, йўқ унинг ўзга чораси.
Мудом ўйлаб гапир, чунки ҳар бир сўз, Ўзининг жавоби билан яшайди. Баъзан оддий ҳазил, ёқимли ҳам соз, Кимнингдир кўнглини тилиб ташлайди.
*
Ҳамманинг бошида ғам бор, алам бор, Азадор хонадон яқинми, йироқ, Кўнгил сўрамоқлик, бермоқ эътибор, Одобдир, инсофдир ҳақни ўтамоқ.
Амаллаб бўлса ҳам бориб сўра ҳол, Ўринсиз узрдан шуниси маъқул. Ёлғон баҳонага ишонмоқ маҳол, Қалбдан ўтганини ўйлайди оқил.
*
Мен афзал биламан гўзал хулқларни, Маломат қилмайман, истамайман ҳам. Юрмасман ҳеч қачон сўкиб халқларни, Ёмон сўзлар ёмон одамларга тан.
Ҳар ишнинг, ҳар сўзнинг жавоби бор деб, Зийрак яшаганлар омонлик топган. Кўнгил овловчилар кўнгил ғамин еб, Ҳақиқат йўлини буткул йўқотган.
Ҳурмат қилган киши ҳурмат кўради, Яхшиларни хорлаб азиз юрмайсан. Садоқат ортида вафо туради, Ҳаққа хилоф бўлиб, хайр кўрмайсан.
*
Юртларни тўхтамай айланиб юриб, Кўзлаган қасдимга ахир етаман. Куним битса, ишим битмасдан туриб, Демак, ғарибликда вафот этаман.
Аллоҳим охирим хайрли қилсин, Жон берар чоғимда такрор айтаман. Агар омон бўлсам, азизлар билсин, Шу яқин кунларда аниқ қайтаман.
*
Бир куни имом Шофеийдан савол сўрашди. Имом жим қолди. -Аллоҳ Сизни раҳматига олсин, жавоб бермайсизми? – дейишди. -Сукут қилганим афзалми ёки жавоб берганим, шуни ажратиб олмоқчиман! – деди имом Шофеий.
Майли, ҳақорат қил, майли, тош отгин, Маломат аҳлига жавобим сукут. Жавоб қайтарсам ҳам бўлади, лекин, Арслон қиё боқмас, ҳурса, ҳурар ит.
*
Жоҳил хитоб қилди жоҳилларга хос, Жавоб қайтармоқни топмадим лозим. Жоҳилга жаҳолат, бизга ҳилм мос, Увд ўтда ёнмаса, хуш бўй таратмас.
*
Аёлимни қаттиқ яхши кўрардим. Унга қараб дедим:
Қаттиқ яхши кўрсанг, қўйсанг муҳаббат, Маҳбубанг севмаса, бу ҳам мусибат.
Шундай жавоб берди:
Ҳар куни кўйида қанча ишқ изҳор, Аммо қиё боқмас сенга дилозор.
*
Адиблик ҳаққидан ғофил кимсалар, Даврасига тушиб гувоҳи бўлдим. Ажаб, бошни думга алмаштирсалар, Ғаройиб савдолар, ғариб нусхалар.
Шаклу шамойилда ўхшаш халойиқ, Фарқлидир ақлда, ишда, одобда. Олтин қаршисида мис хор, нолойиқ, Гарчи улар бир хил ёнар офтобда.
Увд хуш бўйи билан афзал ёғочдан, Ўзгача фарқланмас тол, қайрағочдан.
*
Дунё фарзандини хўб синаб кўрдим, Тириклик тўрваси тўла хасислик. Қаноат қиличин қиндан суғурдим, Ва урдим, узилсин тама-ҳарислик.
Эшигинг тагида ёки йўлингда Мени учратмайсан, хотиржам бўлгин. Бойлик кўнгилдадир, эмас қўлингда, Дунёдан юз бурган бой бўлар, билгин.
Кимлардир зулмни касб қилиб олди, Қабиҳ қилмишида ҳаддидан ошиб, Сабр қил, унга ҳам озгина қолди, Кутилмаган бало келмоқда шошиб.
Юлдузни бенарвон урмоқчи бўлган, Туғёнга берилган ғаддор ёмонлар Ғафлатда юрганда мусибат келган, Қилча кўринмаган ўтган замонлар.
Энди на давлат бор, на обрў-виқор, Топилмас ҳасанот – хайр томчиси. Кечаги феълидан бугун эътибор, Ёғилди Аллоҳнинг азоб қамчиси.
*
Ғуборли осмонни қоплади булут, Ташна тупроқ тўйди оби раҳматга. Атрофга сочилиб кетган хароб юрт Тикланди, ғариблар қайтди элатга.
Аллоҳдан умидвор муҳтож инсонлар, Кутганидан ортиқ инъомлар олди. Роббим ато этди имкон-эҳсонлар, Суйган суюклиси ёнида қолди.
*
Оқил хуш кўрмайди ўтроқ ҳаётни, Бир ерга ёпишма, қилгин саёҳат. Тарк эт нарсаларни, манзур ҳолатни, Яхшироқ эваз бор, кенгроқ саховат.
Сени чўчитмасин турли тўсиқлар, Ҳаётнинг лаззати машаққатдадир. Турган сув айнийди, босиб балчиқлар, Унинг софлиги соф ҳаракатдадир.
Арслон ўлжасини узоқ излайди, Камондан отилиб чиқиб кетар ўқ. Ҳеч бир жон қуёшдан малол сезмайди, Чунки у сузади, унга тўхташ йўқ.
Арслон уясидан, пайкон камондан Чиқмаса, ўлжани тута олмайди. Қуёшнинг тафтидан биров толмайди, Чунки у сузади, тўхтаб қолмайди.
Тупроқнинг тагида тилла тош каби, Увд оддий ўтиндир ўсган ерида. Иккисининг қадри, асл матлаби Асл маконидан айрилганида!
*
Сабр қил, ўзгармас дунё сиёқи, Мол-мулк мусибати, ҳабиб фироқи.
*
Хорлар ҳақорати ҳолимдан пастдир, Уятдир уларга баробар бўлмоқ. Иззат-нафсим қўйса, оғир эмасдир, Шаънимни ғанимга топташга бермоқ.
Фойдамни кўзласам, нафсимни сийлаб, Матлабим йўлида чекланар эдим. Бироқ мен яшайман соҳибим ўйлаб, Дўстлар оч қолганда тўймоқ ор дедим.
*
Имом Шофеий айтади: “Нодон ва ноинсоф кимсаларга яқин юрманглар”.
Нодонга энг яхши жавоб сукутдир, Жимликдан жон берар, сўздан яшнайди. Жим турдим, ҳолбуки жавоблар кўпдир, Жоҳил жавобимиз билан яшайди.
*
Одамлар бир-бири билан яшайди, То ҳаёт бор экан, бордир мулоқот. Гоҳо омад кулиб, бахтинг яшнайди, Шамолдек ўтади кенглик-фароғат.
Халқнинг ҳожатини чиқармоқ, билсанг, Яхшиларнинг яхши аломатидир. Мудом яхшилик қил, қўлингдан келса, Шукур қил, бу инсон камолотидир.
Сени муҳтожликдан саломат сақлаб, Бировлар ҳожати сенга тушибди. Марҳумлар эсланар тирикдек йўқлаб, Кимлар эл наздида тирик ўлибди.
*
Дунё қозилари – аҳли залолат, Топганлари фақат ҳасрат-надомат. Динларини дунё учун сотдилар, Бу қандай зиёнкор, ёмон тижорат.
*
На ортиқча моли ва на фарзанди, На қўлдан кетганга куюнмайди у. Камтар ҳаётида илм арзанда, Ибодат ва сукут – асосий қайғу. Ёлғиз ўзи яшар, юки кўп эмас, Ҳеч қачон йўқотдим, алдандим, демас!
*
Истагинг сахийдан саховат бўлса, Аллоҳнинг уйини қургандан қидир. Меҳмонни сийлайди тиригу ўлса, У – арслон: ҳудудин асрашга қодир.
*
Жим туриб, жим юрган қанча одамлар, Пулнинг таъсиридан тилга кирдилар. На бировга шафқат қилдилар улар, Ва на яхшиликнинг қадрин билдилар.
Гапини тополмай юрган кимсалар, Дунё топганида тиллари бийрон. Ҳақиқий инсонни танга-чақалар, Сўзамол қилмайди, бўлмагин ҳайрон.
*
Пайғамбар авлоди яқинларимдир, Ишончли василам, нурли хитобим. Умидим ўшалар сабабли тақдир, Узатса ўнг томонимдан китобим.
*
Камчилигим ёпиб, хайрихоҳ бўлган, Ҳар ишда ҳамкорлик қилган йўлдошим, Дунёдан ўтсам ҳам ёнимни олган: Биродарим менинг, чин елкадошим.
Агар шундай дўстни бир кун учратсам, Тенг бўлиб берардим бор ҳасанотим. Биродарлар бисёр, бироқ жуда кам, Ишончга сазовор аҳли саботим.
*
Сабр қил устозинг озорларига, У сени илмга, ҳаққа бошлайди. Хабар бер озордан безорларига, Бир умр озордан кўзин ёшлайди.
Ким ёшлик чоғида таҳсил олмаса, Унинг жанозаси ўқиб қўйилган. Йигитда илм ва тақво бўлмаса, Олийнасаблиги бекор дейилган.
*
Кек сақламай кечиришга ўргандим, Жоним ором олди адоватлардан. Душманимни кўриб салом бергандим, Соғ қолдим ёмонлик, разолатлардан.
Нафрат-ғазабимни ошкор қилмасдан, Мен пешвоз чиқаман очиқ юз билан. Муҳаббат туғилмас яқин бўлмасдан, Халқнинг яқинлиги оғир дард, ишон.
Дўстлардан саломат қолмоқлик маҳол, Душман қандай қилиб сени тинч қўяр?! Оқил душманидан сўраркан аҳвол, Нафрати устидан меҳрни кияр!
*
Кимга ҳаққим ўтди, кимга хизматим, Улардан розиман Аллоҳ йўлида. Маҳшарда мўминга йўқ хусуматим, Ва на Муҳаммадга ислом элида.
*
Мурувват аҳлини этгани маъмур Қўлимда давлат йўқ, оғрийди жоним. Сўраб келган дўстлар кўрсинлар маъзур, Мусибатим менинг ночор имконим.
*
Меҳмонинг уйига қайтганда ундан “Қандай бориб келдинг?” – савол сўрарлар. “Тўлқинланиб оққан Фуротдан ўтдим, Сувга қонганим йўқ”, - дерми ёронлар?
Эҳтимол айтади: “Сиғмади кўнглим Чўққили тоғларнинг кенг дарасига, Фақирлигимга мос меҳрибонлигим, Коса гувоҳ сувнинг чанг-заррасига”.
Сўзларим садафдек, шеърларим олмос, Тепалик бағрида яшнаган гулбоғ. Хушбўй ғунчалари чиройига мос Шудрингли майсалар оқ ипак белбоғ.
Истеъдодли шоир бир аждар эрур, Шеър эса заҳарли сўлакларидир. Улар адовати оғир дард берур, Шифосига Карим Ҳаким керакдир.
*
Банда ожиз қолган қанча ғам-ташвиш Ёзилган кунида кетар ёзилиб. Мен умид узгандим, оғир эди иш, Нажот етди, кетди ғамлар узилиб.
*
Имом Шофеийдан сўрашди: -Сабр, бало-имтиҳон ёки хотиржамлик. Мана шу учтасидан қай бири афзал? -Хотиржамлик набийларнинг мартабаси ва у бало-имтиҳондан кейин бўлади. Балоларга сабр қилиб хотиржамлик мартабасига эришиш мумкин! – деб жавоб берди имом.
Чиройли сабр қил, оппоқ тонг яқин, Ҳар ишда Аллоҳни ўйла, ютасан. Содиқ бандалари саломат-сокин, Қандай гумондасан, шундай топасан.
*
Рабе ибн Сулаймон айтади: Шофеийнинг ҳузурида ўтирган эдик. Кимдир бир парча қоғоз кўтариб кирди. Имом қоғозга назар ташлаб табассум қилди-да, бир нималарни ёзиб, ҳалиги одамга қайтарди. Шофеийдан бир масала сўралиб, унга жавоб ёздилар экан-у, биз бехабар қоламизми?! Ўша одамга етиб олиб, қўлидаги қоғозни ўқидик. Унда қуйидагилар ёзилган эди:
Маккалик муфтийдан сўрангиз, айтсин, Муштоқнинг қучмоғи гуноҳми, қайтсин?
Кейин имом Шофеий ёзган жавобни ўқидик:
Қўрқаман тақвога хилоф деб, дўстим, Ярадор аъзолар тегмасдан турсин.
Имом Шофеийнинг ёш йигитга шундай жавоб ёзганига ишонолмадим. -Эй Абу Абдуллоҳ! – дедим унга. – Бир ёш йигитга шундай фатво берасизми? -Эй Абу Муҳаммад! Бу ҳошимий йигит мана шу ойда, яъни Рамазонда уйланган. У мендан “Рўзадор аёлини ўпиб-қучоқласа бўладими?” деб сўради. Унга юқоридаги жавобни ёзиб юбордим! – деди имом Шофеий. Мен ўша йигитни ҳам топиб гаплашдим. Ҳаммаси имом айтганидек бўлиб чиқди. Имом Шофеийдек ўткир фаросатли кишини учратмаганман.
*
Ҳам фақиҳ бўлгин, ҳам аҳли тасаввуф, Фақат бири билан чекланма зинҳор. Фақиҳлар қаттиқ қалб, қаттиқ тасарруф, Сўфийда илм йўқ, жаҳолат бекор.
*
Имом Шофеий айтади: “Сўз учун сукутдан, хулоса учун фикрдан қувват олинглар”.
Қарши чиққанларга жавоб бермадим, Дедилар: “Жим турдинг”, дедим: “Эй дўстим, Ёмонлик эшиги томон юрмадим, Жавобим калитдир, мен уни тўсдим”.
Жоҳилларга сукут қилмоқ шарафдир, Шаънинг булғанмайди, ўзинг саломат. Ҳайбатли арслонлар жимлик тарафдир, Кўппаклар шовқини итдан аломат.
*
Тошдек уруғларни чақиб яшамоқ Ва ичмоқ шўр сувни дала-тузлардан, Нафсга бўйсунгандан кўра яхшироқ, Сўрашдан яхшироқ совуқ юзлардан.
*
Ғам-ташвиш ортиқча: ғолибдир тақдир, Лавҳда битилгани аниқ деб ишон. Бахтиёр бўлмоқнинг сабабин қидир, То тирик экансан, ноумид инсон.
*
Имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеий Яманда амир бўлиб турган қавмдоши ҳузурига борди. Бир неча кун тургач кетишга изн сўради. Амир имомга озгина нарса таклиф қилди ва узр сўраб ёзиб юборди. Имом Шофеий ўша қоғозга қуйидаги мисраларни ёзиб қўйди:
Сенинг марҳаматинг аслига хилоф, Мақсадинг шу тарзда қутулмоқми, айт. Тилинг саховатдан урганида лоф, Бу сифат кўринмас қўлингда бу пайт.
Қариндошинг узоқ, бегона яқин, Шу боис ақрабо ёнингда эмас. Сенга раҳм қилиб келгандим, лекин, Ҳайронман, қай таъриф ҳолатингга мос.
Мақтов хоҳлайсанми ёки маломат, Дейсан шунча кенглик, кенг уй, асл зот. Бугун ўзга ўлчов, ўзга иморат, Нима аждодга хос, барчаси барбод.
Амирдан шундай жавоб келди: “Ота-онам Сизга фидо бўлсин, албатта, Сиздан яхши гап эшитишни хоҳлайман. Юмушларингиз учун беш юз динор, нафақангиз учун беш юз динор, ўнта Яман либоси ва иккита туя жўнатдим.. Вассалом”.
*
Бир кунлик егулик – бор-йўқ ташвишим, Ортиқча ғам чекиб кўнглим бўлмас тор. Эрта билан менинг йўқ сира ишим, Ахир янги куннинг янги ризқи бор.
Роббим нима деса, бошим эгаман, Хоҳишни ташлайман, хоҳласа Раҳмон. Айтинг, мен нимага ўзи эгаман?! Айтгани айтгандир, айтганим гумон.
*
Ҳайратдаман осийлардан Холиқини инкор қилган, Ҳар собиту сайёралар бор деб турган, бир деб билган. Еру осмон далолатдир тавҳидининг тасдиғига, Ундан ўзга илоҳ йўқдир маъбудликка ҳақли бўлган.
*
Гуноҳ-маъсиятни берилиб қилдинг, Сўнг даҳшатга тушдинг жавобин ўйлаб. Наҳот Яратганнинг афвини билдинг, Неъматлар ёғилди, эркалаб, сийлаб.
Бир парча гўшт эдинг, ожиз, нотавон, Камолинг илоҳий раҳмат тасдиғи. Оловда ёқмоқни хоҳласа ҳамон Қалбингдан жой олмас эди тавҳиди!
*
Ҳасад қилувчилар ҳамиша ҳозир, Ҳеч қачон саноғи камайгани йўқ. Менда мавжуд нарса ҳасадга арзир, Улар қиёслайди ким нимадан тўқ.
*
Майли, қўшним бўлсин қўтир кўппаклар, Кўриб турганларим кўринмаса, бас. Итлар жим ётади, кимдир етаклар, Бошсиз оломондан тинчимоқ абас. Жонингни олиб қоч, хилватга ўрган, Ёлғиз яшаганлар бахтиёр бўлган.
*
Юсуф ибн Абдулаҳад айтади: Музанийдан “Шофеий икки мисра ўқиб юрарди. Улар қандай байт эди?” деб сўрадим. Музаний қуйидаги мисраларни ўқиди:
Ҳамма “Сўраганим берилса”, дейди, Аллоҳнинг хоҳиши ғолиб, аввалдир. Инсон мол-манфаат ғамини ейди, Тақво ҳар нарсадан унга афзалдир.
*
Бир киши имом Шофеийнинг ҳузурига келиб, “Аллоҳ Сизни ислоҳ қилсин, фалончи биродарингиз бетоб ётибди”, деди. -Аллоҳга қасамки, Сиз менга яхшилик қилдингиз! – деди имом, - Яхши ишга уйғотдингиз ва ёлғон соя соладиган узрдан халос этдингиз. Хизматкорига оёқ кийимини келтиришни буюрди. -Жазирама иссиқда , жонинг оғриб турганида қорнинг оч, ялангоёқ юриб бормоқ биродарингга ёлғон аралаштириб узр айтмоқдан енгилроқ! – деди имом Шофеий.
Ҳақни адо этмоқ асли лаззатдир, Қасддан қилмаганлар қолар қийналиб. Ростгўй бўлиб турмоқ олий иззатдир, “Билмадим”, дейсан гоҳ оғир ўйланиб.
Яқинларинг ёхуд дўстингдан кейин, Қўшни ҳаққин билсанг, юрсанг авайлаб, Эл ичра ҳурматинг ошар кун сайин, Ўлимингда ҳамма келар атайлаб.
*
Имом Шофеий айтади: “Одамлардан саломат қолмоқ имконсиздир. Бинобарин, ўзинг учун хайрли бўлган амални топиб, уни маҳкам тутгин”.
Таниш-билишларим бўлди саноқсиз, Дердим: Икки қўлим хайрга тўлди. Алдамчи дунёдек экан ишончсиз: Оғир кунда улар тириклай ўлди.
Ортимдан ёмонлар энг ёмонлари, Яхшилари бемор бўлсам келмаслар. Бахтимдан сиқилар, йўқ имконлари, Ғамимдан куларлар, қайғу сезмаслар.
*
-Муҳтож бўлмасангиз ҳам нега кўпинча асо тутиб юрасиз? – сўрашди Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис Шофеийдан. -Мусофирлигимни унутиб қўймаслик учун! – деб жавоб берди имом.
Улуғ ишлар учун юртларни кезгин, Бешта фойдаси бор, йўқдир кулфати: Ташвишинг арийди, кенгликни сезгин, Илм, одоб ҳамда солиҳ суҳбати.
Десалар:“Сафарда кутар машаққат, Чўллардан ўтасан, чарчайсан”. Бироқ, Хорлик ҳовлисида фосиқ, бешафқат Кимсалардан кўра ўлим яхшироқ.
*
Рабе айтади: Ашҳаб ибн Абдулазизни (мисрлик фақиҳ) сажда қилиб “Эй Аллоҳ! Шофеийнинг жонини олгин, Моликнинг илми йўқ бўлиб кетмайди”, деб дуо қилаётганини кўрдим. Бу гапдан хабар топган имом Шофеий қуйидаги сатрларни битди:
Кимлар ўлимимни соғинди узоқ, Ахир мен бу йўлда эмас ягона. Балки, ажалингиз сизга яқинроқ, Ўлимим тилайсиз куйиб пинҳона.
Қўрқасизми ёки оддий гумроҳсиз, Ҳамма каби мен ҳам бир кун ўтаман. Ғанимим ҳаёти буткул зарарсиз, Гўё сиз ўлсангиз қолиб кетаман.
Ўлим вақти томон сокин оқади, Кутмаган пайтингиз келади кириб. Кимга ўтган куннинг акси ёқади, Шай турсин, бошқаси келар бостириб.
* Шоирнинг ҳаёти, шеър машғулоти Ярашмас олимнинг шаъни, шахсига, Йўқса, хира тортиб Лабиднинг оти, Биринчи бўлардим ашъор баҳсида.
Муҳаллаб уруғи, Язиднинг қавми Кўрмаган шижоат бўлиб одатим. Шердек олишардим, арслон мақоми, Меники бўларди, зўр жасоратим.
Роббим Аллоҳ эрур, Раҳмону Раҳим, Ахир У яратган бутун оламни. Қўрқуви бўлмаса Улуғ Илоҳнинг Қулим ҳисоблардим барча одамни.
*
Дерлар: “Рофизийсан, бизни тарк этдинг”, Дедим: “Рофизийлик менга бегона, Набий авлодининг дўсти деб айтинг, Мухлиси деб айтинг Ҳақнинг ягона”.
Агар ёмон бўлса шундай муҳаббат, Десалар “Рофизий, ажралиб қолган”, Сизнинг дўстингизман азиз аҳли байт, Сиздан бошқаларга “рофизий” бўлган.
*
Ғаниминг, эҳтимол, бир кун дўст бўлар, Ҳасадгўй ўзгармас, кўролмай ўлар.
*
Бошида турса ҳам ўлим сояси, Бехабар бечора хандон кулади. Агар билса ғайбни, охир-ғояси, Аламдан тиришиб, ғамдан ўлади.
Эртага яшашинг, борлигинг гумон, Нима бўлишини Аллоҳ билади. Шундай экан нега ноқобил инсон Индиннинг ризқини ташвиш қилади.
*
Имом Шофеий айтади: “Ҳеч қачон фақирликдан қўрқмаганман”.
Бойлик ҳавасида қўлидан тутдим, Қўли очиқликни юқтириб олдим. Бадавлат бўлмадим, балки йўқотдим Қўлимда борини, қўл очиқ қолдим.
*
Ҳақиқат ботилнинг бўлмайди қули, Ҳақ билан тоғларни қўзғатмоқ мумкин! Уйнинг эшигидан кирмоқ маъқули, Эшикни қидиргин, адашма, лекин.
*
Туганмас ташвишлар замона зайли, Байрам кунларидек қувончи нодир. Казо-казоларни қул қилди, майли, Ўзи тубанларга тобедир, хордир.
*
Имом Шофеий айтади: “Илм ўрганмоқ нафл ибодатдан афзалдир”.
Ким илм ўрганса охиратни деб, Ҳидоят топади, топади камол. Илм инсон учун энг ажойиб зеб, Шундай ҳосил бўлар устунлик, камол.
*
Ҳамманинг бошида ҳар хил синов бор, Бир зайл кечмайди ҳаёт дегани. Содиқ дўст изладим холис, беғубор, Меҳрибон борми деб ғамим егани.
Яхши-ёмон кунлар ўтди бошимдан, Охирги хулосам аламли, оғир, Одамлар севинар кўзда ёшимдан, Қувончимдан эса диллари оғрир.
*
Имом Шофеий айтади: “Дунё талабгори ҳам, охират умидвори ҳам илм ўргансин”.
Тириклик ташвиши ҳар кўйга солди, Ўлим ҳам ортидан секин йўл олди.
Ажал енг шимарган, у кулаётир, Ғайбни билгандами, бўлмасди ботир.
Эртанги ҳаётдан хабарсиз киши Индиннинг ризқими унинг ташвиши.
*
Имом Шофеий ҳаж кунларида атрофни кузатиб ўтирган эди. Бир аёл келиб унинг олдига қуйидаги мисралар битилган қоғозни ташлади:
Ажралмас икки дўст, икки меҳрибон, Орасини бузди чақимчи ғаддор. Аллоҳим афв этсин, қайси бир инсон, Уларнинг ҳаққига дуода бедор!
Имом Шофеий йиғлаб юборди. “Бу томоша қиладиган эмас, балки илтижо қиладиган кундир!” деди-да, Аллоҳга дуо қилишга тушди. Шу қадар узоқ илтижо қилдики, ҳатто ёнида ўтирганлар тарқалиб кетишди.
Ташвишинг тарқалар айтсанг номини, Бечора банданинг Ёлғиз паноҳи. Ҳукмида тутади бор аъмолини Ҳар ишнинг Эгаси Қодир Илоҳи.
Тенглардан Тоза Зот, ўхшаши йўқдир, Тирикдир, Қайюмдир, беҳожат Самад. Кўриб Тургувчидир, Қилгувчи тақдир Мулкида Шериксиз, Аҳаддир, Аҳад!
Кимни нима билан қилар имтиҳон, Бўйсунган азиздир, инкор этган хор. Отасиз, фарзандсиз Ягона Раҳмон, Нуқсондан холидир юз бора, минг бор.
Қалбимни қоплади ғам-алам, ташвиш, Ўзинг нажот бергин, бер менга имкон. Марҳаматинг машҳур, Сендан кушойиш, Мени қийнаб қўйди бу қайсар замон.
Нусрат, нажот, мадад Бергувчи Ўзинг, Осон қилгувчи ҳам, Сабабчи ҳам Сен. Ёнгинамда турсин Ёруғлик Сўзинг, Сенга талпинганга Сен ҳам Яқинсан!
Яқин-йироқлардан умидим уздим, Раҳмингга муҳтожман, хулласи калом. Расулга, аҳлига, эй, Пок Маъбудим, Салавотлар ёғдир, ёғдиргин салом!
*
Агар дўст топмасам солиҳ, тақводор, Фосиқ суҳбатидан ёлғизлик афзал. Ибодат қиламан, бўлганман безор Ёмон суҳбатдошдан, хилватим гўзал.
*
Менинг тўрт ғанимим, имтиҳоним бор, Иблис, дунё, нафсим ҳамда ҳавойим. Чийиллатиб ўққа тутар тўрт ҳамкор, Қаерга беркинсин бечора олим.
*
Илон ораласа, ҳамма хавотир, Мудом сергак турмоқ энг яхши тадбир. Сокин кунлар сени алдаб қўймасин, Тинч тунлар бағрида балои кабир.
*
Битар кўнгилсизлик асоратлари, Ёмон кунлар тезда кетади ўтиб. На ғами ва на хуш ҳаловатлари Тош қотмас, коинот турмайди кутиб.
*
Сизни ёмонлади биров баҳузур, Дедилар: “Йигитга бундай хорлик ор”. Дедим: “Уни кўрдим, сўради узр, Гуноҳдан надомат бизда эътибор”.
*
Қўй ёки туянинг нобуд бўлиши, Уйнинг бузилиши – ғам ўзига мос. Ҳақиқий мусибат – Шахснинг ўлиши, Бу ўлим жамоат ўлимига хос.
*
Имом Шофеий айтади: “Дўстининг дўстига ҳам дўст бўлмоқ чин дўстнинг аломатидир”.
Дўстларни кўпайтир имкон борича, Улар суянчиғинг ҳориб-тойилсанг. Душманнинг бири ҳам кўп ўз ҳолича, Оқилга мингта дўст кам бўлар, билсанг.
*
Гарчи кўрганларим менга ёқмайди, Ҳаётнинг ҳукмидан розиман лекин. Кунлар хиёнаткор, одил боқмайди, Мен – рози, у – қаттол, яшаймиз секин.
*
Номаҳрамга назар балодир, дерлар, Лекин, кўз тушиши одатий хислат. Баногоҳ нигоҳлар тўқнашиб кетар, Қалблар ҳаё қилсин, сақласин иффат.
*
Узрни қабул эт, қил шунга одат, Ҳақиқатдир, балки бир ёлғон ширин. “ёки” дейилса Кимлар зоҳирида қилар итоат, Маддоҳлар кўнглида нафрат яширин.
*
Сарандиб тоғлари ёғдирсин дурлар, Такрур конларидан олтинлар оқсин, То тирик эканман, насибам қувлар, Ўлсам бир парча ер жасадим ёпсин.
Ҳимматим шоҳлардек ҳурман-озодман, Хорликни ўзимга ор деб биламан. Ризқимга розиман, тўқ одамзодман, Зайд ёки Амрни нима қиламан?!
*
Қаноат либосин эгнимга илдим, Номусим сақладим, қўйдим авайлаб. Дунё доғда қолди, мен уни билдим, Асосий қуролин олди атайлаб.
Ўлим ва фақирлик унинг мавзуси, Иккиси учун ҳам ҳозирлик кўрдим. Ўлимга Роббим ва афви орзуси, Фақирликка сабр-саботни сурдим.
*
Имом Шофеий Сурра ман роа “(“Кўрган кўз қувнайди”) шаҳрига уст-боши бир аҳволда кириб келди. Кийимлари увада, сочлари ўсиб кетган имомни кўриб музаййин яъни кишига оро берувчи хизмат қилишдан бош тортди. -Сиз бошқа одам топинг! – деди у имомга жирканиб қараб. Музаййиннинг қилиғидан қаттиқ таъсирланган имом хизматчисидан сўради: -Ёнингда қанча пул бор? -Ўн динор! – жавоб берди ғулом. -Ҳаммасини манавинга бер! – деб буюрди имом Шофеий. Ғулом музаййинга 10 динор берди. Имом орқасига ўгирилиб кетар экан, шундай деди:
Увада кийимим бир пулга қиммат, Шу кийим ичида бебаҳо жоним. Унинг кичик қисми бутун бир миллат, Нафсидан олийроқ, улуғвор ҳолим.
Ўткир тиғли қилич бир хил кесади, Майли, уни янги қинга солмаслар. Дунё аҳволимдан кулиб эснади, Қин деб синдирилди, дами олмослар.
*
Дунёнинг шунақа имтиҳони бор, Суйганинг бошқани яхши кўради. Ёхуд сен яхшилик соғинган ғаддор Имкон туғилганда зарар беради.
*
Бевафо дунёни бағрига босиб, Кўйида туну тун югурган инсон, Ҳурларнинг висоли этади насиб, Ўткинчи ҳаётни қучмасанг, ишон.
Жаннатнинг абадий гулбоғларида Абадий яшамоқ экан орзуйинг, Дўзахнинг оловли қучоқларига Кирмаслик асосий ҳаёт мавзуинг.
*
Дунё икки кундир: омонлик, хатар, Ҳаёт икки турли: шодлик, қайғулар. Сувнинг юзасида жасадлар сузар, Денгизнинг тубида ётади дурлар.
Осмон тўла юлдуз кавкабистондир, Аниқ ададини биров билмайди. Қуёшсиз кун, ойсиз тун зимистондир, Улардан бошқаси ҳеч тутилмайди.
*
Ўзинг тушунмайсан, сўрамайсан ҳам, Ахир қандай билиб қолишинг мумкин?! Сенинг жаҳолатинг топганда барҳам Олимга қаршилик қилмасдинг, мискин.
*
Ғариблик ва сабрим ўйга толдирди, Ҳимматим мақтовли, кунларим ёмон. Шунча интилсам ҳам доғда қолдирди, Аллоҳнинг айтгани бўлар, бегумон.
*
Туз билан арпа нон кавшаб, чўл кезиб Тонго ёхуд Дардур еригача бор, Тавалло қилмагин ўзингдан безиб Аллоҳдан ўзгага, юзингда ғубор.
*
Замона зайлига юргин муносиб, Бироқ кўнгил берма замон аҳлига. Хилватни лозим тут бамисли роҳиб, Ҳазир бўл меҳридан, кўз тут хайрига.
Ҳеч ердан топмадим бир содиқ ҳамроз, Яхши-ёмонини тарк этдим охир. Улуғларнинг хайр-яхшилиги оз, Кичиклар сергуноҳ, тавбаси оғир.
*
Имом Шофеий айтади: “Ироқ сувини мақтайдилар. Эркаклар учун Миср сувидан яхшироқ сув йўқ. Мисрга келганимда бичиб қўйилгандек бемажол эдим”.
Муҳаммад ибн Абдуллоҳ айтади: “Имом Мисрга келиб фарзанд кўрди”.
Миср тупроғига талпиндим муштоқ, Ўртада кимсасиз биёбон кабир. Билмадим, ошиқдим бахтгами мутлоқ Ёки каминани кутади қабр!
*
Имом Шофеий айтади: “Одамлар каломда нималар борлигини билганларида эди, ундан шердан қочгандек қочган бўлардилар”.
Сукутим савдонинг ишончли моли, Фойда қилмасам ҳам, зарардан холи. Эрларнинг наздида сукут сармоя, Сукунат савдоси қиммат баҳоли.
*
Имом Шофеий айтади: “Калом либосини кийган бирон кимса зафар қучмаган”.
Одамлар тилидан соғ қолмоқ маҳол, Ҳатто Набий бўлсин, танланган, тоҳир, Жим турсанг, “соқов” деб сўкарлар дарҳол, “Вайсақи” атарлар ким сўзда моҳир. Кундузлар рўзадор, кечалар қоим, Бечорани дерлар маккор мулойим.
*
Кўзларда бедорлик сурмаси ажаб, На оро, на шифо унинг мақсади. Ўлгунча нигоҳим бурмасдан қадаб, Тикилсам тўймайман, қонмас матлаби.
Узоқ-узоқларга сафарлар сабаб Машаққат ва фироқ барчага таниш. Йўқса юрмасдингиз севиб-авайлаб Оромнинг қадри йўқ бўлмаса ташвиш.
Ваъдасиз-ваъидсиз пайғамбар, ё Раб, Ёмғирсиз булутга ўхшар муқаррар. Кўзларим қувонсин кўзингга қараб, Нуроний юзингдан бўлсин мунаввар.
*
Абу Аъло Мааррий деди:
Қўлга зиён етса, чопилса, синса, Беш юз олтин эди хуни-қиймати. Чорак динор учун энди кесилса, Қаерда қолади эски ҳурмати?!
Шариф Муртазо унга жавоб берди:
Қўлни қиммат қилган эди омонат, Баҳосини ерга урди хиёнат.
Қуйидаги мисралар имом Шофеийга мансуб дейилди:
Қимматбаҳо эди мазлум ҳолида, Золим қўл қадрсиз Ҳақ даргоҳида.
*
Ўзингнинг тирноғинг қулай қашишга, Ишингга эгалик қилишга ўрган. Дуч келсанг муаммо ёки ташвишга, Қадрингни эътироф этганга юзлан.
*
Чигал масалалар чекимга тушса, Уларнинг илдизин изладим, топдим. Қоронғу булутга бориб туташса, Тафаккур тиғига зулматни тортдим.
Арҳабий аҳлига лойиқ фасоҳат, Ва Яман қиличи тилимга таъриф. Ҳар кимга эргашиб, сўраб маслаҳат Юргувчи десалар, бу хато тавсиф.
Тилим ҳам, қўлим ҳам муқаддам, шариф, Ҳозирдан сўзлайман мозийни қўшиб. Каломим хайрга чақирар ташриф, Яхшиликка йўллаб, зиённи тўсиб
*
Имом Шофеий айтади: “Ҳамиша самимий мунозара қилганман”.
Аввал-охиргилар ихтилоф қилган Нуқталарни ечиб, бўлсанг ҳам афзал, Баҳсда ҳалимликни, кенгликни ўрган, Сокинлик сифатинг этсин муфаззал.
Ҳамиша лутф билан юзлан ва излан, Нозик ҳамда нодир жиҳатлар бисёр. Риё ва манманлик билан керилган, Кимсалар ёнингда турмасин, зинҳор.
*
Имом Шофеий айтади: “Ким Қуръонни ўрганса, баҳоси ошади. Ким фиқҳдан сўзласа, қадри ўсади. Ким ҳадис ёзса, ҳужжати кучли бўлади. Ким луғат илмига киришса, таъби нозиклашади. Ким ҳисобни ўрганса, фикри кенг бўлади. Нафсини тиймаган кимсага илми фойда бермайди”.
Давранинг энг азиз аъзоси, аниқ, Уларнинг райҳони, сидр япроғи. Майллар жомидан қуйдилар очиқ, Қалблар орасига, ташна тупроғи.
Шароблари калом, қуруқ сўз бўлди, Коса тўхтамасдан даврада даврон. Ёмонлик атрофни қоплади, тўлди, Низо-адоватни тўкди беармон!
*
Оғир кунда нафи тегмаган ўртоқ, Дўстдан кўра душманимга яқинроқ. Биродарлар бисёр ҳамма замонда, Фақат тасаллига ярарлар бироқ.
Содиқ дўст изладим, тўхтаб қолмадим, Самара бермади жидду жаҳд, сабот. Замонам аҳлини таний олмадим, Гўё улар инсон эмасдек, ҳайҳот.
*
Қалбим раҳматингга муштоқ ва мунис, Ошкора-яширин, тонгда-кечқурун. Уйғонсам, мудрасам зокирман мухлис, Номинг жондан кейин, нафасдан бурун.
Миннатинг улуғдир, қалбда маърифат, Мен Сени танидим. Раззоқ ва Қуддус. Маълумдир гуноҳим, журму маъсият, Кечирдинг, яширдинг, чекмадим афсус.
Солиҳлар зикрини сўрайман, Раҳмон, Динимда собит қил, олмасин гумон. Ҳаётим, мамотим сўнг қиёматим, Ёришсин башорат бергандек Қуръон.
*
Имом Шофеий айтади: “Яхшилик бешта нарсада: нафснинг тўқлиги, озордан тийилиш, ҳалол касб, тақво ва Аллоҳга ишонч!”
Саноқли нафаси қолган қолган воизим – Амал қилмайдиган сухандон нотиқ. Офият кексалик учун ҳам лозим, Оппоқ соч-соқолга кирлик юк ортиқ.
Гўё бировларнинг эгнини ювиб, Ўзи кирга ботган, иркит ва ифлос. Натижа хоҳлайсан иш қилмай туриб, Кема қуруқликда сузганми нохос?!
Ёдингдан чиқади қанча хачир, от, Минганинг тобутга миниб учганда. На фарзанд қолади, на молу давлат Унутдир илк висол қабр қучганда.
*
Имом Шофеий айтади: “Инсон ушбу тўрт сифат билангина комилликка эришади: диндорлик, омонатдорлик, шаънни сақламоқ ва босиқлик”.
Жон топширмоқ, зулм кўрмоқ, тиш қўпормоқ, Кунни сурмоқ, музда турмоқ, хун тўламоқ, Тери ошлаш, зоббни тишлаш, айиқ овлаш, Қумга экмоқ, олов ёқмоқ, маҳси сотмоқ, Бир тангага уй савдоси, ор ғавғоси, Қадрдонга қамчи солмоқ, ёлғиз қолмоқ, Ҳур инсоннинг хор кимсадан тама қилиб, Эшигида сарғайгандан, бил, осонроқ.
*
Имом Шофеий айтади: “Ўн уч ёшимда дарс берар эдим. Балоғат ёшига етмасдан “Муватто”ни ёд олдим”.
Илм ифтихорнинг шудгор даласи, Ҳазир бўл, ўтмасин экин палласи. Унутма, илмга ошно бўлмайди Кимнинг ғами қорни, чопон-салласи.
Оч қолсин, яланғоч, тўқ юрсин кўркам, Илмга интилган унинг дўстидир. Билимдан насибанг мўл бўлсин, маҳкам, Астойдил изланиш ишнинг ростидир.
Илм талабида уйқудан воз кеч, Йўқолсин беҳуда ғами-сурури. Қайси бир даврага кирсанг эрта-кеч, Бўларсан уларнинг фахри-ғурури.
*
Аллоҳ ягонадир, йўқ ўзга маъбуд, Гувоҳлик бераман: Қиёмат ҳақдир! Иймон эътирофсиз, амалсиз мардуд, Камайиб-кўпайиб туриши тақдир.
Сиддиқ ўринбосар чиндан муносиб, Абу Ҳафс ҳамиша хайрга ҳарис, Усмонга бир мумтоз фазилат насиб, Алининг таърифи унга хос, холис.
Улар имомлардир, аҳли ҳидоят, Маломат этганни хор қилсин Қаҳҳор. Боғийлар, жоҳиллар қилмиш ҳақорат, Туҳмат тошларини отмишлар такрор.
*
Имом Шофеий айтади: “Етти ёшимда Қуръонни, ўн ёшимда “Муватто”ни ёд билардим”.
Вакеъга арз қилдим, зеҳним заиф деб, Деди: Гуноҳлардан сен йироқ юргин. Гуноҳкор кимсага илм бўлмас зеб, Илмни Аллоҳнинг нури деб билгин.
*
Ишинг юриб турса, қўлингда бўлса Сарфлаш ихтиёри, саховат кўрсат. Дунё тишларини ботириб турса, Чорасиз қолдирса, кеч бўлар фурсат.
Дунёга ишонма, қанча бермасин Қайтариб олиши бамисоли фарз. Кунларнинг одати: бир кун ҳаммасин Талаб қилиб олар, қолдирмайди қарз.
*
Менга жафо қилган дўстимни асло, Ёмонлаб юрмайман, бермайман озор. Номаъқул қилмиши, турмуши, аммо, Меҳр кўрсатаман, нафратдан безор.
Мендан рози бўлсин, кўнгли қолмасин, Ўртани узмайман ўзимча бирдан. Барига чидайман, нима қилмасин, Кўз юмиб кетгандан афзалман, чиндан.
*
Рабе ибн Сулаймон айтади: Имом Шофеий билан бирга ҳаж қилдик. Тепаликка кўтарилса ҳам, пастликка тушса ҳам йиғларди ва айтардики:
Мино-Муҳассабда тин ол, эй отлиқ, Ўтирган-турганга нидо қил, дилдан. Кўпирган Фуротдек ҳаддидан ортиқ, Саҳарда ҳожилар қўзғалса бирдан.
Аҳли байтни суйган рофизий бўлса, Гувоҳ ўтинг, мен ҳам ўшаларданман! Ким Набий аҳлига муҳаббат қўйса, Ва аҳдида турса, мен уларданман.
*
Имом Шофеий айтади: “Кишининг ширкдан бошқа ҳар қандай гуноҳ билан Аллоҳга рўбарў бўлиши ҳавойи ҳолатда Аллоҳнинг ҳузурида туришидан яхшироқдир”.
Ҳақиқий тақводор ва оқил инсон, Бировлар айбини излаб юрмайди. Жони оғриётган касал ҳеч қачон, Ўзганинг дардидан фиғон урмайди.
*
Аллоҳга муҳаббат қиласан изҳор, Лекин юрган йўлинг маъсият-мункар. Сенинг ошиқлигинг ғалати экан, Бундай яхши кўриш, айт, қаерда бор?!
Чиндан яхши кўрган қилар итоат, Киши маҳбубига тобе яшайди. Аллоҳдан ҳар куни сенга саховат, Сендан ношукурлик жавоб ўхшайди.
*
Ёқут Ҳамавий шундай ҳикоя қилади: Бир киши қуйидаги мисралар ёзилган қоғозни имом Шофеийга узатибди:
Ҳошимий муфтийдан сўрангиз, инсон Муҳаббатда ёнса, борми бир имкон?
Шофеий ёзди:
Ҳавоингни ўнгла, этмагин ошкор, Ҳар ишда сабр бор, итоат даркор.
Ҳалиги киши қоғозни олиб кетди. Сўнг яна қуйидагиларни ёзиб, имомга узатди:
Қандай даво қилсин, ўнгласин, ахир, Ҳар куни ғам ютиб ўлади охир!
Шофеий жавоб ёзди:
Тоқати етмаса, дарди кўп оғир, Сабрдан кейин энг яхши жой қабр.
*
Ёнимда яхши гап, ортимдан ёмон, Ҳасадгўйнинг касби маломат, миш-миш. Тақво тўсар мени ғийбатдан, ишон, Ахир ғийбатчи ҳам қўрқиб қилар иш.
*
Сўзлари кўксимни тешиб кетса ҳам, Ёқтиргандек қараб кулиб тураман. Ажабланманг, ахир шундай қилмасам, Ёмонлик узлуксиз, узиб юраман.
*
Агар хоҳламаса, ўргатма, оқил, Ўзинг ёмон, фикринг бўлар номаъқул.
*
Ёлғиз қолганимда насиҳатлар айт, Одамлар олдида тинч қўйгин фақат. Издиҳом ичида қулоқ солмайман, Ҳақоратга ўхшар бундай маслаҳат.
Агар айтганларим сенга ёқмаса, Билганингни қилсанг охир-оқибат. Сиқилма, сўзингга биров боқмаса, Сабр қил, топмасанг иззат, итоат.
*
Холиқдан ўзгага қилмай шикоят, Камсуқум яшаган азиздир мудом. Англадим, энг улуғ иззат – қаноат, Аксинча, мукаррам бўлмайди одам.
Қаноат асосий сармоянг бўлсин, Аллоҳдан қўрқувинг – бор-йўқ бисотинг. Имкон қадар қўлинг хайрга тўлсин, Нафсингга эргашма, амал – исботинг.
Солиҳ эмасман-у, солиҳлар маҳбуб, Шафоатларидан умидим осмон. Бир хил тижоратга бўлсак-да мансуб, Гуноҳ сотувчисин кўраман ёмон.
* Имом Шофеий айтади: -Семиз киши зафар қучмоғи учун Муҳаммад ибн Ҳасан бўлмоғи керак. -Нима учун? – деб сўрадилар. -Чунки, ҳар бир оқил дунёси ёки охиратини ўйлаб ғам чекади. Ғам билан семизлик бирга бўлмайди!
Имом Шофеийни Ҳорун Рашидга қарши фитнада айблашганида имом қуйидаги байтни Муҳаммад ибн Ҳасанга ёзиб юборди:
Қандай йўл тутишни билмадим, алҳол, Яхши номинг ўйлаб яхши гумоним. Дўстига ёрдамга ошиққан дарҳол, Ишга киришади, англаб аҳволим.
*
Имом Шофеий айтади: “Одамларни рози қилмоқ етишиб бўлмайдиган орзудир. Улардан саломат қолмоқнинг ҳам ҳеч иложи йўқ. Бинобарин, ўзинг учун хайрли бўлган амални маҳкам ушлайвер!”
Ташвишинг бўлмаса номусдан, ордан, Қўрқмасанг Холиқдан, Улуғ Қаҳҳордан, Тағин ҳеч кимсадан ҳаё қилмасанг, Истагинг ижроси холи инкордан!
*
Золимлар ҳарбига Роббинг кифоя, Таъзирини берди уларнинг тақдир. Дуонинг зарбига ожиз ҳимоя, Мен учун дин дуо ва ибодатдир.
Руку камонидан пайкон-муножот Саҳарлар бедорнинг киприги-тиғи. Кўз ёшга ювилиб учди ва нажот Золимга ҳам тегди, бўлмас ортиғи.
*
Қаноатли қул озоддир, тамагир ҳур қул каби, Тама қилма, қаноат қил, тама таъна манбаи.
*
Ўқиб-ўрганганим фойдали бўлсин, Ким тама қилибди, хор бўлар, билсин. Аллоҳни таниган тавбага қайтар, Қўнмоқ шарт, қанчалик қуш парвоз қилсин.
*
Кучли йиртқич қушлар ейди ўлакса, Ари асал йиғар, топиб гулкоса.
*
Фикри ўткир, ўзи эпчил ишсиз ётар, Ақли қисқа, сўзи сийқа қоплаб топар. Аллоҳ билар кимга қанча қачон лозим, Илоҳий сир, бизлар ожиз, Аллоҳ акбар!
*
Бахтга етмоқ қайда, баланд тоғлар бор, Уларнинг пойида ҳалокат кутар. Яланг оёқ, яёв, аҳволим абгор, Йўл бўлсин, йўлларда тўла хавф-хатар.
*
Қуруқ мулозамат, сохта такаллуф Изҳор этганлардан воз кеч бемалол. Эл ичра абдоллар-солиҳлар маъруф, Узлатда ором бор, роҳат безавол.
Севсанг сабрлисан озорларига, Мухлиссан гоҳ сендан безорларига, Баъзида беғараз биродар дейсан, Алданиб муҳаббат бозорларида.
Соф дўстлик табиий, тоза, беғубор, Сунъий садоқатдан сакраб чопмайсан. Кечаги ҳабибинг бугун дилозор, Хиёнат қилади, хайр топмайсан.
Бирдан ўзгаради, яширин сирлар Энди махфий қолмас, оммага ошкор. Содиқлар, солиҳлар, аҳдга асирлар Қолмаса, дунёда қолмоқ ҳам бекор.
*
Шаҳарлар зийнати, миллатнинг кўрки: Мўминлар имоми – Абу Ҳанифа. Аҳкомлар, ахборлар, фиқҳда борки, Беназир бамисли Забурдан лавҳа.
Нафақат Кўфада, ғарбу шарқда ҳам, Тенгсиз деб топилди Абу Ҳанифа! Раҳматига кўмсин Роббим бокарам, То қўлдан қўйилмас экан саҳифа.
*
Шундай кимсалар бор, ёнингда зоҳид, Тарзи тақводорлик, хилватда бироқ, Бўрига айланар, бўлмайсан шоҳид. Улардан узоқ юр, узоқроқ йироқ.
Ёнингда зоҳид-у, хилватда бўри Кимсадан узоқ бўл, шуниси зўри.
*
Сирини ўз тили билан фош қилиб, Нодон ўзгаларни айблар бемалол. Кўксинг хос сиридан кетса сиқилиб, Бировнинг кўксида турмоғи маҳол.
*
Эътироф эт, аҳли ҳаққа ҳақни доим, бўлса ҳақ, Ҳақни ҳақли зотдан инкор этган инсон ғайри ҳақ.
*
Фақат макр билан хушомад яшар, Тегинсалар тикан, тикилса гулдир. Мулоқот зарурат бор экан башар, Оловга айланиб тиконин куйдир.
*
Душман кучли бўлса, муроса қилгин, Келишиб, киришиб яшайсан секин. Ўт билан сув бирга бўлганда, билгин, Мазали таомлар тайёрлаш мумкин.
*
Илм – ҳуркак оҳу, китобат – тушов, Овчи ўлжасини сақлайди бандда. Аҳмоқлик саналар кийикни биров, Бўш қўйиб, қочмайди, деса, албатта.
*
Имом Шофеий айтади: “Нодонлар ва ноинсоф кимсалар билан алоқа қилманглар”.
Фойда бермоқ бўлар асл мақсади, Зиён келтиради билмасдан, бироқ. Ўзича яхшилик қилмоқ матлаби, Аммо онага ғам, отасига оқ!
*
Туғишгандек бўлгин шафиқ, мулойим, Узоқ сафарларда соҳибларингга. Айбингни унутма, айбидан кўз юм, Озор етказма ҳеч содиқларингга.
Камчилик қидирма, айблама зинҳор, Аксинча, кенглик қил, кўнгил оласан. Агар мудом қилсанг шикоят изҳор, Оламда ҳеч кимсиз ёлғиз қоласан.
*
Сени сиғдирмаган юртдан сафар қил, Яқинлар фироқи этмасин маҳзун. Шаҳрида, халқида хўрланса оқил, Йўлга отланади мағрур ва мамнун.
Анбар ўз юртида ташландиқ эди, Ғурбатда эгилди унга бўйинлар. Ким сурмага тош деб қарайди энди, Ўзга юрт эъзозлаб кўзга тайинлар.
*
Аббос Азрақ имом Шофеийнинг ҳузурига кириб деди: Эй Абу Абдуллоҳ, мен шундай мисралар битдимки, агар Сиз уларга тенг келадиган байтларни ижод қилсангиз, умуман шеър айтмайман:
Адоватга қарши кураш ҳимматим, Ҳеч қачон эскирмас, эскирар замон. Бойлик ўмаришга кўзлар диққати, Эътибор бермаслар ақлга ҳамон. Ажаб, ақл топган бойликдан маҳрум, Бойлик билан ақл бирлашган қачон.
Имом Шофеий унга жавобан қуйидаги мисраларни ўқиди:
Кенглик топган киши ажр топмаса, Мақтов ҳам бўлмаса, насибаси йўқ. Ишинг ўнгланмайди омад чопмаса, Эшиклар ланг очиқ кимки бахтдан тўқ.
Бадавлат кимсанинг қўлидаги чўп, Ҳосил берди деса, ишон бемалол. Камбағал ичгани келиб тушса чўк, Оқиб турган сув ҳам тўхтайди дарҳол.
Оғир ўйлар босар баъзан одамни, Сўнг афсус қиламан туғилганимдан. Бойлик менга боғлиқ бўлса оламни Эгаллаб олардим дўсту ғанимдан.
Бироқ ақл билан олтин – сув-олов, Аҳмоқ маишатда, оқил хору зор. Иззатга муносиб, онгли, кенг қамров, Яшаши бир аҳвол, ҳолати абгор.
*
Мусофир ўғридек юради қўрқиб, Қарздордек қимтиниб, бандидек бебахт. Юртини эсласа, кетар орзиқиб, Қушдек қанот қоқар юраги бевақт.
*
Ризқим Роббимдан деб бўлдим бемалол, Ишондим: Розиқим Раҳмон Меҳрибон. Насибам ўзгага ўтмоғи маҳол, Уммоннинг қаъридан келар, бегумон.
Тилим таваллога айланмаса ҳам, Аллоҳ фазли билан узилмас ноним. Нечун ҳасрат қилай, нега чекай ғам, Ризқни тақсим қилиб қўйган Раҳмоним!
*
Тунлар бедорликда илм оғуши, Мен учун зебонинг васлидан лазиз. Саҳифалар узра қалам товуши, Ушшоқ овозидан қалбимга азиз.
Сиёҳни қуритган қумларни қоқмоқ, Дуфни дўпиллатиб урмоқдан афзал. Чигал тугунларни ечиб тебранмоқ, Соқий шаробининг завқидан гўзал.
Тунлар кўз юммадим, сен ором олдинг, Энди етмоқ қайда, кўп ортда қолдинг.
*
Илмим – хизматимга ҳозир йўлдошим, Сандиқларда эмас, қалбимда маҳкам. Уйимда ўтирсам ўрни ёнбошим, Бозорга борганда бозорда у ҳам.
*
Улуш белгиланса ақлингга қараб, Яланғоч қолардинг ошсиз ва нонсиз. Сендек жоҳил кимса – бадавлат, ё Раб, Бойликка кўмилган мажнунлар сонсиз.
*
Юзсиз, ориятсиз олим балодир, Ундан-да ёмонроқ: саводсиз диндор. Уларнинг этагин тутган соддадил Ҳамиша фитнага бўлар дахлдор.
*
Зайтни муборак деб қўшиб едирдинг, Жигарни ана шу ёғда куйдирдинг.
* Имом Шофеий айтади: Илмнинг асли собитлик, самараси омонликдир. Сабрнинг асли қатъият, самараси ғолибликдир. Тақвонинг асли қаноат, самараси роҳатдир. Амалнинг асли тавфиқ, самараси саодатдир. Ҳар қандай ишнинг асосий ғояси садоқатдир.
Беҳожат бўлмоқнинг боши қаноат, Унинг арқонига боғланиб олдим. Бойлар эшигидан кутиб иноят, Суйкалиб юрмадим, саломат қолдим. Хуллас, бир дирҳамсиз бўлдим бадавлат, Юришим беклардек, шоҳона савлат.
*
Шоҳлардан яхшилик кутмоқлик бекор, Саройда сиз учун йўқ соя-салқин. Розилиги малол, жаҳли зулмкор Қавмдан умид уз, кутма хуш талқин.
Сиғингин Аллоҳга, мададлар сўра, Султон эшигидан этсин беҳожат. Бормагин уларнинг қошига сира, У ерда турмоқлик хорлик-ҳақорат.
*
Одам олим бўлиб таваллуд топмас, Ўрган, илм аҳли аталмас нодон. Лашкарлар йиғилса улкан, тап тортмас, Ҳеч ким бўлиб қолар оми қўмондон.
Қавмнинг кичиги олим беназир, Мажлислар тўрида, шубҳасиз, калон. Ҳеч қачон хорликка бўлма бетаъсир, Отамерос билан чекланмас ўғлон.
*
Хулқинг гўзал, нафсинг иффатли бўлсин, Яхши гап эшитиб, яхши яшайсан. Майли, дунё ғазаб, дўст жафо қилсин, Сен эса хуш хулқли, хайрга шайсан.
Бугун ризқ торайса, эртани кутгин, Дунёнинг ғамлари муваққат, ахир. Турланиб турувчи дўстни унутгин, У кучли тарафга ён босар охир.
Санасанг, беҳисоб биродаринг бор, Бошингга иш тушса, кўпи чанг-ғубор.
*
Фазл қил, ҳамиша фозиллик афзал, Инсон марҳамати билан муфаззал.
*
Ҳақдан тойди халқлар, ўйлаб топишди, Далилсиз, исботсиз кўп залолатни. Холиқнинг амридан қўрқмай тонишди, Афзал санадилар ҳақдан бидъатни.
*
Имом Шофеий асҳобларидан бирига ҳазил-мутойиба қилиб деди:
Узоқ сафарларда ғариблик кўрдим, Ҳамфикр эмаслар билан ўтирдим. Жоҳилнинг ёнида нодондек туриб, Оқилнинг ақлини яна ўстирдим.
*
Ҳорун Рашид Маккада Амин ва Маъмуннинг валиаҳдлиги ҳақидаги фармонини ўқигач, бир ўспирин ўрнидан туриб “Эй амирул мўминин”, деб қуйидаги мисраларни ўқиди:
Токи қўлингизда экан салтанат, На нуқсон топилар ва на балоғат.
-Таъзия билан табрикни бир байтда баён қилган бу йигит ким? – деб сўрашди. -Бу қурайшлик йигит, исми Муҳаммад ибн Идрис Шофеий! – дедилар.
*
Зафар қучсанг, заҳар ичсин қўлингдан, Улар учун асал қўшгин тилингдан.
*
Ҳамманинг кўнглига йўл топдим, аммо Ҳасадгўйнинг иши мушкул муаммо. Уни қандай рози қилмоқлик мумкин, Тилаги – ҳалокат, завол мутлақо.
*
Имом Шофеий Муҳаммад ибн Ҳасандан бир китобни бериб туришини сўради. Муҳаммад ибн Ҳасандан ижобат бўлмади. Имом Шофеий унга қуйидаги мисраларни ёзиб жўнатди.
Сенинг назирингни кўрмади кўзим, Ким назар ташласа, олдинда ёлғиз. Камолда комилим, тинглагин сўзим, Илм ўз аҳлидан тўсилмас, ҳаргиз. Аҳли илм учун бундай ҳол маҳол, Саховат қиларсиз энди, эҳтимол.
Имом Таҳовий ёзади: Муҳаммад ибн Ҳасан юқоридаги мисраларни ўқигач ўша китобни имом Шофеийга ҳадя сифатида бериб юборди.
*
Имом Шофеий айтади: “Агар ҳақиқий олимлар бўлмаганида минбарлардан зиндиқ – мунофиқ кимсалар хутба ўқир эди”.
Дерлар: “Аҳмад сизни қилар зиёрат, Сиз ҳам уни доим турасиз йўқлаб. Дедим: Фазилатлар қилмас хиёнат, Эгасини топар сўроқлаб, ёқлаб.
Ибн Ҳанбал келса, қилар марҳамат, Мен борсам, фазлига бўлар эътироф. Хуллас, тасдиқлайди ҳар икки ҳолат, Аҳмад ибн Ҳанбал афзал, йўқ хилоф”.
*
Эй, азиз аҳли байт, сизга муҳаббат Аллоҳнинг фарзидир Қуръондан тортиқ. Сизни ёқламаган топмайди раҳмат, Айтинг, фахр борми бундан-да ортиқ.
*
Халқнинг орасига киргин камтарин, Энг қуйи манзилда хотиржам бўлгин. Тўрга кўтарсалар, фазл ва лекин, Қолдирсалар, шу ер ўрним деб билгин.
*
Имом Шофеий деди: -Эй Рабе, қуйидаги уч маслаҳатимга қулоқ тут: - ҳеч қачон саҳобалар хусусида ёмон сўзлама, акс ҳолда Эрта Қиёматда даъвогаринг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўладилар; - калом илми билан шуғулланма! Мен калом аҳли Аллоҳ сифатларини бекорга чиқаришларини кўрдим; - юлдузлар билан машғул бўлма! Имом Шофеий аҳли байтни яхши кўришини ва уларнинг тарафдори эканлигини ошкора айтарди. Пировардида турли гап-сўзлар пайдо бўлди. Имом мазкур ҳолатни шундай изоҳлади:
Алини мақтасак, жоҳил кимсалар, Бизни рофизийга мансуб қилишди. Агар Абу Бакр афзал десалар, Сизлар аҳли байтга душман, дейишди.
Али ҳам маҳбубим, Абу Бакр ҳам, Шу икки муҳаббат ўринли демак. Икки хил ном олиб,ютиб ғам-алам, Тупроқнинг тагидан жой олсам керак.
*
Кўнглимга хуш ёққан қанча ишлар бор, Бироқ ижросидан ожиз аҳволим. Зиқна нафсим менга бўйсунмас зинҳор, Амалга келганда етмайди молим.
Кўнглимга хуш ёққан қанча ишлар бор, Амалга оширмоқ – ушалмас ғоя. Зиқна нафсим менга бўйсунмас зинҳор, Ижросига келсак, етмас сармоя.
*
Пул топсанг, обрў ҳам топасан дарров, Қилмаган ишингга таҳсинлар қанча. Баъзида меҳнатни бажариб биров, Мақтовни эшитар золим бойвачча.
*
Фақиҳ сўзи ёки нутқида эмас, Амалида зоҳир: закий қанчалик. Инсон ҳусни хулқсиз саййид аталмас, Фойда беролмайди қон-қардошчилик. Ҳақиқий бойлик ҳам қалбнинг ҳолида, Эмас давлатида, топган молида.
*
Меҳнатга муносиб: манзил-мартаба, Чўққини кўзлаган кўз юммас тунлар. Заҳматсиз натижа ким қилар тама, Умрини бой берган бўлар бутунлай.
Ғафлат тўшагида тинч-бехавотир Ётиб азизликни истамоқ бекор. Денгизнинг тубидан дуру жавоҳир Олиб чиқмоқ учун шўнғимоқ даркор.
*
Имом Шофеий айтади: “Илм икки турлидир: дин илми, яъни фиқҳ ва дунё илми, яъни тиб илми. Шеър ва шунга ўхшаш бошқа машғулотлар беҳуда ва бемаъни ишлардир”.
Табиб каминани кўрди, текширди, Қарасам, ўзи ҳам бир аҳвол: бемор. Тағин даволашга қўрқмай киришди, Ажаб, кўз табиби – шилпиқ шифокор.
*
Қачон ҳаёт дакки бериб уришди, Оқил эмаслигим эътироф қилдим. Бугун илмим ўсди, ақлим ёришди Ва билмаслигимни яхшироқ билдим.
*
Йўқчиликнинг ғами бойга бегона, Танаси соғ билмас касал ҳолини. Қанча фақирлар бор, яшар мардона, Сабр билан ёпар тор аҳволини.
Табассум тагида маҳзунлик оғир, Охири кўринмас ташвишлар қатор. Ҳар ким ўз тенгини топади охир, Мусибатлар турли, ечим йўли тор.
Ғамдан қорайганда либос баногоҳ, Ҳеч кимса оқ кийим киймасди осон. Эй, ғамдан қочмоқчи бўлган, бўл огоҳ, Кўнгил ташвишларсиз турмас ҳеч қачон.
*
Кўрдим, ботил йўллар қанча инсонни Залолат уммони қаърига отди. “Бисмиллаҳ” деб, қўллаб барча имконни Нажот кемасидан топдим ҳаётни.
Халоскор кема бу – Оли Муҳаммад, Аллоҳнинг арқони – Унга муҳаббат. Мана шу арқонни маҳкам ушламоқ, Илоҳий амрдир, вожиби уммат!
Етмиш уч фирқага бўлиниб миллат, Фақат бир бўлаги топар омонлик. Қани айт, эй оқил, олим серҳиммат, Наҳот, аҳли байтнинг йўли ёмонлик?!
Айтсанг: “Нажот топар азиз хонадон”, Ортиқча изоҳга ҳожат йўқ демак. Уларни дўзахий деб билган нодон, Ҳақни поймол қилиб ўтмоғи керак.
Қавмнинг мавлоси улардан асли, Ҳар ишда аҳли байт билан биргаман. Раҳбарим Алидир ва унинг насли, Сенинг танлаганинг сенга бегумон.
*
Ғами ҳаёт бўлса, ташвиши рўзғор, Ҳикмат нималигин билмайди одам. Турли машғулотлар, ўйлар жилвакор Чекинса, илмга очилар олам.
Довруғи дунёга таралган Луқмон Яшаб ўтганида излаб парча нон, Ажрата олмасди ҳатто анжирни Оддий сабзавотдан, бўлмагин ҳайрон.
*
Очликдан тиришиб чексам-да озор, Қўлимда борини элга бераман. Оғир аҳволимни этмасдан ошкор Дўстларим ёнида бойдек юраман. Арзимни Аллоҳга қиламан изҳор, Ҳақиқий ҳолимдан Холиқ хабардор.
*
Қўлингдан келганча чиройли кийин, Бу сенинг зийнатинг, обрў-иззатинг. Тақвони кийимдан қидирма, кейин Аллоҳга маълум сир-ошкор хизматинг.
Қалбда бўлса қўрқув, ҳаромдан ҳазар, Янги кийим сени ёмон қилмайди. Ким гуноҳга ботиб, ҳақ йўлдан озар Жанда кийса азиз бўлиб қолмайди.
*
Ноқобил аждоднинг қобил фарзанди, Кўрдим, илм олиб топди эътибор. Шарафга кўмилди, шаъни юксалди, Улуғлар олдида улуғ ўрни бор.
Олимга ҳар ишда эргашмоқ одат, Раият учун у чўпон бамисол. Илмсиз инсонлар топмас саодат: Фарқланмас оқибат ҳаромдан ҳалол.
*
Абу Ҳасан Собунжий Мисрий айтади: Мисрда Абу Абдуллоҳ Шофеийнинг қабрини кўрдим. Қабр тепасидаги лавҳга қуйидаги мисралар битилган эди:
Куним битганидан севиниб кетди, Ғафлат уйқусида ётган нодонлар. Ўлим бамисоли бир менга етди, Улар ўлмайдилар узоқ замонлар.
*
Илм юрган йўлдан бурилмай юргин, Закий инсонлардан таълим, таҳсин ол. Қалблардан зулматни шундай суғургин, Азиз дининг учун ҳомий бўлиб қол.
Жаҳолат инсонни хорлайди ёмон, Олим илми билан топар эътибор. Соч-соқоли оппоқ, ўтмиши сомон Жоҳил оқсоқолдан қандай умид бор.
На илми, на ҳилми бўлмаган кекса, Хунук кўринади, тикилма такрор. Илмнинг дўсти бўл, қўлингдан келса, Ихлосли олимдан ажралма зинҳор.
Уларнинг суҳбати – хайр-манфаат, Яқинида турсанг, ўлжа оласан. Бошқа ҳеч нарсани кўрма ғанимат, Чалғисанг илмдан қуруқ қоласан.
Ҳақиқий олимлар юлдузлар мисол, Улардек йўлбошчи топмоғинг маҳол. Билимсиз кўринмас илоҳий тимсол, Ҳидоят тили ҳам мажҳул, бир аҳвол.
*
Музаний айтади: Имом Шофеийга: “Сиз аҳли байтнинг дўстисиз. Шу мавзуда бирон нарса ёзмайсизми?” – дедим. Имом деди:
Сенинг сир сақлашинг чўзилди, гўё Жавобсиз саволдан қийналдим ёмон. Дедим: муҳаббатим сезмасин дунё Сиз қолинг саломат, мен эса омон.
*
Оч-наҳор юрдилар, қалбларда қўрқув, Камтарин яшамоқ солиҳлар иши. Бу қандай яхшилик, бу қандай уқув, Ибн Саид ибрат: ислом – ташвиши.
Ростгўйлик бобида Форуқ вориси, Маъруфга чақириқ, мункарга инкор. Довуд Тоий, Мисъар сўзнинг холиси, Адҳам ўғли Вуҳайб, Ариблар ҳам бор.
Фузайлни унутма, ўғлини ҳам қўш, Кейин ортларидан Юсуфни сана. Улар асҳобларим, ёронларим хуш, Ҳақларига хайр тилайман яна.
Тақво эгалари тиғдан саломат, Тарк этмас уларни иззату икром. Азизлик солиҳга собит аломат, Қалбда қўрқув бўлса, эътиқод ислом.
*
Дедилар: “Узлатга мойиллигинг бор”, Мақсадим: хорликдан ҳимоя, холос. Кўрдим: киришганлар халқ ичида хор, Азизлик топар ким иззатга ҳассос.
Илмнинг ҳаққини адо қилмадим Тама бош кўтарса, бермади имкон. Чашми зилолларни кўзга илмадим, Ташналикка чидар ҳақиқий инсон.
Ҳар кимга хизматкор бўлмоқлик учун Ҳақнинг хизматида чекмадим заҳмат. Илмдан жаҳолат бўларди устун, Иззат уруғидан унса ҳақорат.
Таҳсилни азиз деб билган толиблар Азизлик топдилар шарафга тўлиб. Уни хор қилганлар, нафсга мағлублар Золимдир, яшарлар мудом хор бўлиб.
Илмнинг юзида тамадан доғлар, Оқибат ўзгарди унинг ҳолати. Мени хушнуд этар иффати соғлар, Динорсиз, дирҳамсиз адл қомати.
Очликдан тунлари юлдуз санайди, Тонгда табассуми очиқ юзида. Бойларнинг қўлига назар солмайди, Ўлса ҳам мукаррам, эрки ўзида.
Қўлдан кетганига куйиниб бекор, Надомат чекмасман бошимга уриб, Ўзи келган ризқни қилмайман инкор, Кетса, қувламайман ортдан югуриб.
*
Кеча ва кундузнинг ун тегирмони, Бошимда айланиб оққа бўяди. Ошкора талайди тўлиб хирмони, Қонимиз ичади, этни ўяди.
*
Иззатинг улуғдир, қаршингда хорман, Яширин сирларга етмайди илмим. Бошимни эгаман, муҳтож, ночорман, Марҳаматинг тилаб чўзаман қўлим.
Гўзал исмларинг гўзал шунчалар, Наср ҳам, назм ҳам васфдан ожиз. “Роббимиз Ўзингсан!” деймиз нечалар, Қадимий аҳд собит, сўрамоқ жоиз.
Комил сифатларда беназир Зотдан Ўтиниб сўраймиз, хулласи калом. Чанқоқ ҳам, оғриқ ҳам сезилмас ростдан, Бир қултум ишқ берсанг, Роббим ас-Салом!
*
Музаний айтади: Имом Шофеий ўлим тўшагида ётиб қолишидан озгина аввал шундай деган эди:
Ҳамиша Аллоҳдан қўрқ ва умид қил, Нафсга қулоқ солиб, чекма надомат. Хавф билан ражони маҳкам тут, дўст бил, Мўминга Аллоҳнинг афви башорат.
Қалбим қотиб, йўлим торайиб кетди, Ё Роббим, умидим афвингга етди. Миннат ва саховат соҳиби Раҳмон, Гуноҳкор бир банданг илтижо этди.
Мени эзиб қўйди журму исёним, Бироқ марҳаматинг айбимдан улуғ. Кечиргувчи Ўзинг, комил иймоним, Карами кенг Зотнинг афви ҳам қутлуғ.
Кечирсанг, қаршингда бош эгиб турган Жоҳил ва золимга марҳаматинг бу. Интиқом олсанг ҳам умидим Сендан, Азобим – гуноҳлар қўзғаган мавзу.
Аввалу охирда оғир гуноҳкор Ўзимман ва лекин афвинг кенг осмон. Сенсиз соғ қолмасди бирон тақводор, Ахир Одамни ҳам алдади Шайтон.
Манзилим жаннатми, қувонсам, кулсам, Ёхуд жаҳаннамми, надомат қилсам. Охиратин ўйлаб йиғлаган оқил, Аллоҳ осон қилсин, қани, мен билсам?!
Қўрқув зўрлигидан тундан тонг қадар Аза очиб мотам тутади ориф. Аллоҳнинг зикрида тўхтамай сўзлар, Илло соқов номи унга мос таъриф.
Ортда қолиб кетган ёшлик ёдида, Гуноҳ-маъсиятга ботган жаҳолат. Узоқ кечаларда қоим ҳолида, Узун кунлар тилар тинмай мағфират.
Ҳабибим, мен фақат Сендан сўрайман, Умидвор кўзларга Ўзинг Кифоя. Бечора бандангман, беҳол қарайман, Тилакларим сенда топар ниҳоя.
Азобинг тайиндир, қилдинг ҳидоят, Эй Маннон Аллоҳим, ёлғиз Мададкор. Шояд, хор қулингга айлаб иноят, Кечирсанг, яширсанг қилмишим, Саттор.
*
Илмнинг ходими бўлгин бемалол, Сенга бутун халқни қилар хизматкор. Киши номусини, қонини сақлар, Илмни ҳам шундай асрамоқ даркор.
Нолойиқ кимсага таълим бермоқлик, Олимдан илмга зулмдир, зиён. Бамисли бир улкан бино қурмоқлик Сўнг вайрон қилишга ўхшар бегумон.
*
Уч нарса инсонни қилади хароб, Соғни касал этар, хулласи калом: Жимога берилмоқ ва ичмоқ шароб, Сўнг таом устига емоқлик таом.
*
Аҳлингиз иффатли, иффат қилсангиз, Ҳаромдан ҳазар деб олинг қоида. Зино қарз аталар, агар билсангиз, Унинг тўловини тўлар оила.
Кишилар ҳарами сен учун ҳаром, Меҳр риштасини узма, зинокор. Қонинг тоза бўлса, айлаб эҳтиром, Номус шарафини бузмасдинг зинҳор.
Зинонинг жавоби қайтади бир кун, Ҳатто ҳовлисида бўлар шармисор. Босган қадамига муносиб якун, Агар оқилсан сен, қилгин эътибор.
*
Мен сизни синадим, қилдим имтиҳон, Ўрнимга келганни синайсиз дарҳол. Хуллас, каминага муаллим инсон Сизга ҳам кифоя, шунақа аҳвол.
*
Имом Шофеий Мисрга келганида имом Моликнинг асҳоблари у кишининг атрофида тўпланишди. Кейин Шофеийнинг имом Моликка хилоф қилаётганини кўриб улар мухолифлик йўлига ўтишди.
Чорва молларига сочайми дурлар, Қўйбоқарга атаб айтайми назм. Ҳикматли сўзларга нолойиқдирлар, Майли, бошга ёғар балои азим.
Қадрим билмасларга илмим бермасман, Қўйлар сурувига сочмайман гавҳар. Қўзиларга атаб садаф термасман, Дурнинг баҳосини билмаслар улар.
Аллоҳ фазли билан илмга мухлис, Ҳақиқатга холис зотларни топсам. Бир мажлис қурамиз меҳрли, мунис, Йўқса, исроф қилмай беркитсам, ёпсам.
Жоҳилга дарс берсанг, илм ҳайф кетар, Зулмдир толибни тўсмоқ зиёдан. Дин илмини холис ким талаб этар, Беркитган гуноҳкор ҳаддан зиёда.
*
Тамани ўлдириб топдим ҳаловат, Кўзи оч кимсалар топмайди икром. Ўлиб кетган экан менда қаноат, Унга ҳаёт берди илоҳий илҳом.
Қаноат уйғонса, яшаса фаол, Кишининг номуси, шаъни яшайди. Тамагир айланар қулга бемалол, Хорлик-ҳақоратга кўниб яшайди.
*
Тилингни сақлагин, эй оқил инсон, Сени чақмасин у заҳарли илон. Забони сабабли қабрга кирди, Енгилмас аталган қанча паҳлавон.
*
Дининг тўлиқ, шаънинг қутлуғ, юзинг ёруғ, Яшай десанг, тилингни тий маломатдан. Нуқсонларинг сонсиз сенинг, айбинг улуғ, Элнинг кўзи хабардор ҳар аломатдан.
Бировларнинг хатосига тушса кўзинг, Унутмагин, уларнинг ҳам кўзлари бор. Ёмонликни йироқ қилсин яхши сўзинг, Феъли кенг бўл, ерга тенг бўл, хуш эътибор.
*
Ишинг юришганда фойдаланиб қол, Чунки юрган нарса тўхтайди бир кун. Борида эҳсон қил, билмоғинг маҳол, Қанча давом этар, қаерда якун.
Моялар елини сутга тўлганда Ғанимат деганлар соғиб олади. Чунки бўталоқлар катта бўлганда Ҳеч кимса билмайди: кимга қолади.
*
Рабе ибн Сулаймон айтади: Имом Шофеий масжид саҳнида туриб бизга айтиб ёздираётган эди. Имом турган жойга қуёш нури тушди. Шофеийнинг дўстларидан бири ёнимиздан ўтиб қолди. -Эй Абу Абдуллоҳ, - деди у – Қуёшнинг тиғида турибсиз-ку?! Имом Шофеий жавоб берди:
Ҳурмат топмоқ учун бўлдим хокисор, Азизлик истаган нафсни тутар хор.
*
Бўлиш-бўлмаслиги номаълум ишни Ким бедор ўйлади, ким тинч ухлади. Юрагингга жойлаб олма ташвишни, Йўқса дерлар: мажнун бўлмоқ истади. Кечаги кунингга кифоя қилган Роббинг эртангни ҳам белгилаб қўйган.
*
Имом Шофеий Ҳорун Рашид ҳузурида мўътазилийлар етакчиси Бишр билан мунозарага киришди. Бишр деди:
Шиддат вақти етди, маҳкам тур энди, Қора тун бераҳм қўриқчи қўйди!
Имом жавоб берди:
Забнинг қирғоғида бўлади аён, У нима истайди, мен қандай инсон.
*
Имом Шофеий айтади: “Кимнинг хатосидан кулсалар, унинг қалбида ўзининг ҳақлиги қаттиқ ўрнашади”.
Илмдан зиёда қалбда ҳидоят, Ахлоқ чирой олсин, сийрат адолат. Азобга айланар аксинча бўлса, Бамисли бутларга қилмиш ибодат.
*
Аллоҳнинг донишманд бандалари бор, Дунёдан ўтдилар бермай эътибор. Фитналардан қўрқиб, хавфсираб, қалқиб, Зийрак яшадилар, текшириб такрор.
Кўрдилар, билдилар, қилдилар қарор: Дунё ҳеч кимсага бўлмайди ватан. Бу бир тубсиз уммон, ажиб фитнакор, Нажот кемалари ибодат экан.
*
Сиз телба бўлсангиз, бунга йўқ чора, Мажнун қаршисида табиб бечора.
*
Имом Шофеий айтади: “Маккадаги уйимиз кенг дарада жойлашганди. Силлиқ суякларни топиб, уларга ҳадис ёки масалаларни ёзиб қўярдим. Эски хумимиз бўларди. Ёзув билан тўлган суякларни ўша хумга ташлар эдим”.
Минг йил уринса ҳам ҳеч бир тирик жон Илмни батамом билмоғи маҳол. Дейдилар: у тубсиз, чеки йўқ уммон, Фақат фойдали ва яхшисини ол.
*
Дерлар, замон ёмон. Аслида эса Ёмонмиз ўзимиз, ёлғиз айбдор. Айтинг, ким замонни маломат қилса: Биздан бошқа унинг қандай айби бор?!
Кунларни сўкамиз, берилса забон, Бизни мақтамасди улар ҳам, ишон. Бўрининг гўштини емайди бўри, Биродарин овлаб яшайди инсон.
Қўйдек ювош туриб макр қиламиз, Қўлимизга тушган қолмайди омон. Риё ва алдовни дин деб биламиз, Турланиб, тусланиб ҳар кун, ҳар замон.
*
Қаддингни букмасин ҳеч қачон миннат, Кундалик ризқингга рози бўл, шодон. Бардош бериб яша, сабр бу – жаннат, Бировнинг таънаси тиғдан ҳам ёмон.
*
Илм талаб қилсанг, олти нарса бор, Бирма-бир санайман, етганча имкон. Қодирлик, иштиёқ ҳамда иқтидор, (уқув билан қунт...) Ижтиҳод, мураббий ва узоқ замон.
*
Яшашни истасанг бой ва беҳожат, Танла ҳолатингдан қуйироқ ҳолат.
* Имом Шофеийнинг бир таниши амирлик мансабига миниб ўзгариб қолди. Имом унга қуйидагиларни ёзиб қолдирди:
Боравер, қалбимда меҳр қолмади, Муҳаббатинг қилдим кўнглимдан талоқ. Агар афсус чексанг, учта бўлмади, Икки имконинг бор, ортиқмас мутлоқ.
Бош тортсанг, жуфтини қўшамиз, хуллас, Икки ҳайз ичида иккита талоқ. Учинчисин айтсам, ҳеч илож қолмас, Амирлигинг ожиз, тугалдир саноқ.
Ҳажвия қилмадим кимнидир хослаб, Сўз айтдим ҳаммага баробар мослаб.
*
Имом Шофеий Мисрда бетоб бўлиб қолди. Кўргани келган яқинлари имомнинг пешонасини ушлаб кўриб “Анча тузуксиз”, дейишди.
Пешонамнинг тери сизни чалғитди, Менга далда бериб, сўрайсиз ҳолим. Ўлимга собирман, ажалим етди, Барибир, бир куни олади жоним.
Агар омон қолсам, мендан муқаддам Маҳбубим жон берса, бу қандай нохуш. Таъзия билдиринг, бўлинг деб бардам, Дуо қилинг энди, бизга хайр-хўш.
Оҳ-воҳ қилмай қўйсам, тузалди деманг, Ҳатто инграгани етмас мадорим. Алдашга уринманг, тасалли берманг, Сизни инкор қилар оғир аҳволим.
*
Абдураҳмон ибн Маҳдийнинг фарзанди вафот этганида имом Шофеий унга шундай таъзия билдирди:
Ҳамманинг бошида бир кун ўлим бор, Суннат деб қиламан таъзия изҳор. Ҳеч ким бу дунёда узоқ қолмайди, Тасалли берган ҳам, олган ҳам зинҳор!
*
Ҳукм юритдилар узоқ, бемалол, Даврлари ўтгач ҳаммаси битди. Эмасдилар одил, инсофли, ҳалол, Ўзлари ҳам инсоф кўрмасдан кетди.
Ҳадларидан ошиб, қилдилар туғён, Дунё жавоб берди феълларига мос. Хуллас, айтмасинлар ”Эй номард замон!” Ҳар кимнинг жазоси қилмишига хос.
*
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис Шофеий айтади: “Гуноҳ-маъсиятлардан четланмоқ ва беҳуда нарсаларни тарк этмоқ қалбни мунаввар қилади”.
Марҳаматинг билан мавжудман, гўё, Миннат тамғасини босдинг қиздириб. Бешикдан қабрга қадар, эй дунё, Бир луқма кифоя, қўйма бездириб.
*
Кунлик насибамга қилдим қаноат, Шаънимни сақладим хорлик, исноддан. “Фалончи фалонга қилди марҳамат”, Демасинлар тағин, қўрқдим фасоддан.
Кимсанинг молидан бўлсам беҳожат, Эътибор бермасман, берса-да озор. Ким иллат излайди, ким яхши хислат, Менда ҳам уларга муносиб изҳор.
*
Имом Шофеий айтади: “Муҳаддис олимларга қарасам, худди саҳобаларни кўргандек бўламан. Аллоҳ уларга хайрли мукофотлар берсин! Зеро, ҳадис аҳли биз учун асл манбани сақлаб бердилар. Уларнинг фазли очиқ-аёндир!”
Қуръондан бошқаси беҳуда, бекор, Магар ҳадис билан фиқҳ мустасно. Илмдир қай сўзда “Ҳаддасана” бор, Қолгани шайтоний ишлар мутлақо!
*
Одобсиз на илм, на ҳилм бўлмас, Ҳалимлар жоҳиллар ишин қилмайди. Ахир у бамисли иркит, кир либос, Уни нодонлардан ўзга киймайди.
*
Имом Шофеийдан бир парча қоғозга ёзиб савол сўрадилар:
Тўқсон ёш кампирга берибди кўнгил, Бизга изоҳ беринг, жавоб бир шингил.
Имом қуйидагича жавоб айтди:
Ҳолига ачиниб йиғлаймиз энди, Ахир у қиз қолиб кампирни суйди.
*
Ёқут Ҳамавий айтади: “Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис Шофеий Ғаззада туғилган. Унинг оиласи кейин Ҳижозга кўчиб келган. Имом Шофеий у пайтда ёш бола эди”.
Ғазза ерларига муштоқман ҳамон, Гарчи бизга вафо қилмади даврон. Аллоҳ сероб қилсин, тупроғин олиб, Кўзимга сураман етишган замон.
*
Қўлларим номаъқул ишга узалса, Дедим мен: жим туринг ёки даф бўлинг. Тоза табиатим, нафсим уқтирса, Роббинг сенинг ризқсиз қилмайди йўлинг.
Ҳа, шундай, таманинг озорларидан Ва турфа туҳматдан тўсади молим. Харид қилмадим ҳамд бозорларидан, Фақат сақлаб қолдим саломат ҳолим.
Эмасман шарафга асло талабгор, Лекин, ким чақирса, қилдим ижобат. Танти хислатимга такрор ва такрор Лаббай дедим қачон берса ишорат.
Нафсимга ёқмаса менинг бу ишим, Дедим: бор, кетавер, шудир хоҳишим!
*
Мол-дунё тўпловчи, умидинг улкан, Ҳар ишни Қиёмат мезонига сол. Жон берар чоғингда топмасдан имкон, Дема: учдан бири мискинга эҳсон.
*
Мудом ёнимда тур, Эшитгувчи Зот, Асраганинг каби Кифоям ҳам бўл! Ризоингга рағбат, афв ва офият, Тилайман, тавфиқ бер, хайрга қабул!
*
Эй дунё молига маҳлиё инсон, Қувватидан шодон, зийнатидан маст, Биноларнинг хароб бўлмоғи осон, Бинокор ҳам яшар бир муддат, холос.
Кимнинг азизлиги мато, мол-давлат, Узоққа чўзилмас иззати, ишон. Ернинг хазинаси зардан иборат, Банданинг бойлиги амал ва иймон.
*
Сизни қайси мезон билан тортсалар, Ўша тарозини ишлатинг сиз ҳам. Йўқлаб боринг, агар йўқлаб турсалар, Дилозордан узлат энг яхши малҳам.
Сизни ҳақир билган, арзимас кўрган Кимсага суйкалиб, бўлманг меҳрибон. Сиғининг борлиқни бошқариб турган Раҳмонга, ҳар бир иш Ундан бегумон!
*
Хоҳишинг кифоя хоҳламасам ҳам, Сенсиз интилганим, исташим бекор. Барчаси Илмингда маълум ва маҳкам, Кимнинг ким бўлиши ёзиғида бор!
Бадбахт, бахтли ҳамда яхши ва ёмон, Кимга насиб этар фазлу марҳамат, Ким ҳасратда қолар, Ўзингга аён Ва кимнинг бошидан ёғади раҳмат.
*
Имом Шофеий айтади: “Одатда қадрланмайдиган кишининг қадри баланд бўлади. Фазли эътироф этилмайдиган кишилар кўп фазл эгаларидир”.
Ҳамиша ҳазир бўл, ишонма зинҳор, Ёмон гумоннинг ҳам ўз ҳикмати бор. Кўпинча яхши ўй ва яхши калом Сабабидан инсон қолар оч-наҳор.
*
Қарз олсанг, ёзиб қўй, гувоҳлар ҳам топ, Чунки ҳайбатидан халқи тош қотган Ҳаллоқи оламдан илоҳий хитоб: “Қарзни ёзинглар!” деб Китобда айтган.
*
Ўзингизга сийлов муҳаббатингиз, Беҳисоб шериклар бор экан бунда. Таомимга пашша тушса, билингиз, Қўлимни тортаман, хоҳлаб турсам-да.
Итларнинг тумшуғи теккан булоқдан Арслон сув ичмайди, ичган ҳайдар хор. Ор қилар аҳмоққа улфат бўлмоқдан Ҳатто оч қолса ҳам аҳли ифтихор.
*
Бемор ҳабибимни кўргани бордим, Кейин уни ўйлаб мен бўлдим хаста. Ҳабибим кўргани келди, қувондим Дийдорига тўйиб тузалдим аста.
*
Имом Шофеий айтади: “Ким ҳаққа қарши чиқиб, мен билан талашиб-тортишса, назаримдан қолди. Ким ҳақни қабул қилса, ҳайбатини ҳис қилиб, унинг дўстлигини ушладим”.
Олим билан жоҳил ўхшаш бир ишда: Бири бошқасига тоқат қилмайди. Билинг, илм аҳли яшар ташвишда, Ахир жаҳолат ҳам ҳудуд билмайди.
*
Муҳаммад ибн Идрис Шофеий айтади: “Агар китобимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига хилоф нарсани топсангиз, суннатни олиб, сўзимни ташлаб кетинглар!”
Яхшилар яхшиси айтган тўртта сўз Барча яхшиликнинг асоси эрур: Шубҳалардан сақлан, дунёдан дил уз, Амал ният билан, бекордан юз бур.
*
Қўлдан кетганига куюнманг зинҳор, Ахир сизда ислом ва офият бор. Шу иккиси инсон учун кифоя Майли, кетса кетсин, бошқаси бекор.
*
Имом Шофеий айтади: “Одамлардан бутунлай ажралиб қолиш адоватга олиб боради. Улар билан киришиб кетиш эса ёмонлик туғдиради. Сиз ана шу иккисининг ўртасини ушланг”.
Кимга маълум бўлди мазмун-моҳият, Беҳуда сўзларни айтмоғи уят. Ўринсиз каломни тарк этиб, холис Жим турмоқ йигитга муносиб зийнат.
Инсоннинг феълига айлаб далолат Манглайида ёнар белги-аломат. Агар мажҳул бўлса асл аҳволи Дўстини кузатсанг, равшандир ҳолат.
Ўзига ишониб, хотиржам юриб Кимлар охирида ғафлатда қотди, Ишончидан маҳрум, бадбахт, хор бўлиб Бутун дунё учун динини сотди.
*
Эшаклар тўқликдан танлаб ўтлайди, Силласи қуриган шерлар сувга зор. Фозиллар оч-наҳор, куни ўтмайди, Писта-бодом чақиб яшар дилозор.
Аллоҳнинг ёзгани ғолиб, муқаддам, Қазонинг зарбидан қочиб бўлмайди. Дунёнинг макрини тушунган одам Сокиндир, собирдир, исён қилмайди.
*
Имом Шофеий айтади: “Ҳалол-ҳаром ҳақидаги илмдан кейин энг шарафли илм тиб илмидир. Бироқ, биз бу соҳани аҳли китобга бой бериб қўйдик”.
На табибнинг илми, на дори-дармон Қазо қаршисида бўлолмас қалқон. Қанча хасталарни даволаб табиб, Ўзига келганда ожиз-нотавон.
Ким даво истайди, ким ҳаким ҳозиқ, Ким дори тайёрлар, ким харид қилар. Барчага жорийдир Илоҳий Ёзиқ, Ажал келганида тўхтарлар, тинар.
*
Али ва Фотима, Ҳасан ва Ҳусайн Даврада эсланиб, сўз кетса нохос, Ўзгаларнинг зикри кимларга осон, Дерлар: Ахир бу иш салафларга хос.
Али билан ўғли тилга олинса, Бетайин сўзларни айтишга тушар. “Қўйинглар, - дейди у қулоқ солинса – Бу мавзу рофизий сўзига ўхшар”.
Фотима наслига муҳаббатни ким Рофизийлик деса, ҳасратда ўлсин. Аҳли байтни дуо қилмоқлик лозим, Жоҳилларга эса лаънатлар бўлсин!
*
Роббим Ўзи танлаб, айлаб ихтиёр Бошимга кийдирди янги бир дастор. Сўнгра чеклаб қўйди кирар йўлларни, Икки қўлим ожиз, уринсам минг бор.
*
Номатлуб ишларга розилик – нуқсон, Ғазабдан дунёга келар адоват. Мени ҳақир билган, кўрган нотавон Феълига яраша топар адолат.
*
Яқинларга қилиб муҳаббат изҳор Узоқ юрганлардан узоқман мен ҳам. Назаримда ўлим билан баробар: Хорликка кўмилиб яшамоқ беғам.
Шаънини сақлаган, озод, улуғвор Киши хасисликка кўникмас зинҳор. Ҳар иккимиз эркин ҳаёт кечирдик, Ўлсак беҳожатмиз неча баробар.
*
Жоҳил кимсаларга берманг эътибор, Нодоннинг айтгани ўзига қайтар. Итлар сузиб ўтса ҳамки неча бор, Фурот булғанди деб қани ким айтар?!
*
Тамом
|