Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Хўжа Ҳофиз ШЕРОЗИЙ ҒАЗАЛЛАР
Facebook
Хўжа Ҳофиз ШЕРОЗИЙ ҒАЗАЛЛАР PDF Босма E-mail

Мумтоз Шарқ адабиётида сўзни Ҳофиздай минг бир мақомда ўйнатган, сўзга минг бир маъно юклаган, сўзни минг бир сеҳру синоат пардасига ўраган яна бир шоирни топиш мумкин эмас. Атоқли шоир ва мутафаккир Муҳаммад Иқбол бежиз Ҳофизни буюк сеҳргар, деб луфт этмаган...

 

 

Шамсуддин Муҳаммад Ҳофиз Шерозий Эроннинг Шероз шаҳрида туғилган. Лекин бутун умри давомида она шаҳридан четга чиқмаган бу «исонафаслик ринди Шероз» (Навоий) ўзининг ёниқ шеърлари билан ярим дунёни эгаллади ва ўзидан кейинги Шарқу Ғарб адабиётига катта таъсир кўрсатди. Буюк немис шоири Ҳёте Ҳофизни «ноёб услуб даҳоси», «муқаддас Ҳофиз» деб улуғлаб, унинг таъсирида «Ғарбу Шарқ девони»ни яратган бўлса, В. Жуковский, А. Пушкин, Ю. Лермонтов, А. Фет, С. Есенин каби рус шоирлари Ҳофиздан илҳомланиб, «ҳофизона» оҳангларда шеърлар ёзганлар, унинг ижодини юксак баҳолаганлар. Шарқда эса Шероз булбулидан таъсирланмаган шоирнинг ўзи йўқ ҳисоби.
Шарқ адабиётининг атоқли шоири ва мутафаккири Муҳаммад Иқбол Ҳофизни буюк сеҳргар, деб луфт этган эди. Чиндан ҳам дунё адабиётида сўзни Ҳофиздай минг бир мақомда ўйнатган, сўзга минг бир маъно юклаган, сўзни минг бир сеҳру синоат пардасига ўраган яна бир шоирни топиш мумкин эмас. Ҳофиз шеърлари табиийлиги, самимийлиги, ҳассос бир муҳаббат ва юксак бадииятга йўғрилганлиги, мазмуни теран ва серқатламлиги, фалсафасининг қуюқлиги, нозик ишораларга бойлиги, услубининг мураккаблиги учун ҳам унга «лисон ул-ғайб» — «ғойибнинг тили» сифатини берганлар.
Ҳофиз ҳаммаёқни вайронага айлантирган мўғуллар ҳукмронлиги инқирозга учраб, майда хонликлар ўртасидаги ўзаро тожу тахт талашлари авж олган, бундан халқнинг тинкаси қуриб, аҳволи хароб бўлган бир даврда яшаб ижод этди. 50 йил (1338—1388) мобайнида 6 марта подшоҳ алмашганлиги ҳам шоир яшаган даврнинг нотинчлигини кўрсатади. Бу нарса унинг ижодига таъсир этмаслиги мумкин эмас эди. Маъшуқа таъриф-тавсифи, висол лаззати-ю, ҳижрон ҳасратини тараннум этиш воситаси бўлган ғазалга Ҳофиз ижтимоий мавзулар, фалсафий фикр-мулоҳазаларни омухта қилди. У ишқ аталган улкан ва бепоён мавзу ичига Олам ва Одам дардини, ўз даврининг ўткир ижтимоий муаммоларини дадил олиб кирди ва маҳорат билан шеърга солди. Ҳофизни Ҳофиз қилган нарса аслида шу.
Ҳофиздан бор-йўғи бир девон мерос қолган. Шуни ҳам унинг ўзи тузмаган. Бу ишни Ҳофиз вафотидан 30—40 йил кейин шоирнинг дўсти ва шогирди Муҳаммад Гуландом амалга оширган. Лекин шу биргина девони билан ҳам у ярим дунёни эгаллади.
Ҳофиз ижодидан намуналарни ўзбек тилига Хуршид, Муинзода, Чустий, Васфий, Шоислом Шомуҳамедов, Жуманиёз Жабборов, Эркин Воҳидов, Жонибек Қувноқ каби форс-тожик адабиётининг билимдонлари таржима қилганлар


* * *

Агар ул турки шерозий кўнгилни олса бир они,
Қаро холига бахш этгум Самарқанду Бухорони.

Кетур, соқий, майи боқийки, жаннат ичра топмассен,
Канори оби Рукнободу гулгашти Мусаллони.

Фиғон, ул лўлиларким, шўху ширинкору шаҳрошуб,
Чунон олди кўнгилдин сабр, ки турклар хони Яғмони.

Бу ночор ишқимиздин ул жамоли ёр мустағний,
Не ҳожат обу рангу холу хатга рўйи зебони.

Дамо-дам ортар эрди Юсуф ҳусни, англадим андин,
Ки исмат пардасидин ишқ чиқарди ул Зулайҳони.

Маю мутрибдин сўзла, жаҳон розини кам изла,
Хирад ҳеч ечмади, ҳаргиз ечолмас бу муаммони.

Насиҳат тингла, эй жоно, севарлар жонданам ортиқ
У ёшларким, саодатманд, панди пири донони.

Менга сўзким ёмон айтдинг, афоковлоки, хўб айтдинг,
Ярашгай унга аччиқ сўзлари лаъли шакархони.

Ғазал ёздингки, дур тиздинг, кел, эй, хуш куйлагил, Ҳофиз,
Ки назмингга нисор этсин фалак иқди Сурайёни…

* * *

Кеча масжиддин чиқиб, майхона борди пиримиз,
Айтинг, эй аҳли тариқат, не бўлур тадбиримиз?

Бас, харобот ичра ҳамманзил бўлайлик биз дағи,
Не илож, гар бўйладир аҳди азал тақдиримиз.

Биз, муридлар, қибла сори юзни бургаймиз нечун,
Юзни бурмиш бўйлаким майхона сори пиримиз.

Ақл гар билсайди, кўнгил ёр зулфи бирла хуш,
Жумла оқил жинни бўлгайди сўраб занжиримиз.

Гул юзинг лутфу карамдин бизга оят этди кашф,
Ул сабабдин яхшиликдин ўзгамас тафсиримиз.

Тош эмиш сенда кўнгилким, таъсир этмас тунлари
Чеккан ул оҳу фиғону нолайи шабгиримиз.

Оҳимиз ўқи тешиб ўтди фалакдин, айла бас,
Ҳофизо, жонингга раҳм эт, беомондир тиримиз…

* * *

Кўзим равоқи манзари ошиёнанг эрур,
Карам айлаю туш буён, хона хонанг эрур.

Лутфи холу хатинг олмиш орифлар кўнглини,
Латофатинг нишони ул дому донанг эрур.

Дилинг гул васли-ла, эй булбули чаман, шод эт,
Чаманда ҳама гулбонги ошиқонанг эрур.

Иложи дардимиз ширин лабга ҳаволат қил,
Ки ул жон равшани ёқут хазонанг эрур.

Тан ила хизматинг магар этмоққа ожизмен,
Вале хулосайи жон – хоки остонанг эрур.

Мен ким эмишманки, титрар сипеҳри маккор ҳам,
Уни титратган ҳийлаю баҳонанг эрур.

Мен ул эмаски, дуч келган санамга дил берсам,
Хазина узра муҳринг ул, нишонанг эрур.

Нечук жон офатисен, эй шаҳсувору ширинкор,
Бедовким чун фалак роми тозиёнанг эрур.

Суруди мажлисинг тинглаб, фалак ҳам рақс этар,
Ки шеъри Ҳофизи ширинсухан таронанг эрур…

* * *

Оҳки, ул ёдимдадир, кўйинг менга манзил эди,
Кўзда нурим эшигинг тупроғидин ҳосил эди.

Пок суҳбат баҳраси боис гули савсан каби,
Кўнглинг ичра эрса не пайдо, тилимда ул эди.

Дил сўраб пири хираддин ул маоний нақдини,
Шарҳини ишқ айтар эрди, пиргаким мушкил эди.

Оҳ, чун жавру тазаллумки, ўшал маъвода ул,
Вой, яна айшу фароғатким, ўшал манзил эди.

Қолмагаймен ҳеч замон бедўст дердим дилда мен,
Не қилайки, ул ҳама сайъи дилим ботил эди.

Кеча аҳбоб ёди-ла бордим харобот сорига,
Май хумин кўргач, дилимда дард, оёқда гил эди.

Қайтдим андин сўргали боиси ул дарду фироқ,
Ақл муфтийси вале лол эрди, лояъқил эди.

Ҳофизо, кўргил, урар кабки хиромон қаҳқаҳа,
Чун қазо бургутининг чанголидин ғофил эди…

* * *

Сабо, лутф айлабон айт ғизоли раънони,
Ки ул боис кезармиз бу тоғу саҳрони.

Шакарфурушки, умри узун бўлгай, нега
Риоят айламас ҳеч тўтийи шакархони?

ўурури ҳуснинг ижозат айламасми, эй гул,
Ки ҳолин сўрмагайсен андалиби шайдони?

Латиф хулқ ила овланур ҳамиша аҳли назар,
Ки дому дон-ла тутмагайлар мурғи донони.

Ҳабиб-ла ўлтирсангу гар бода сипқорсанг,
Эсингга ол улфату дўсту бодапаймони.

Билолмам, не сабабким, ранги ошнолиги йўқ
Ул сарвқаду қаро кўзу моҳсиймони.

Топилмас андин ўзга ҳеч жамолингда айб,
Холи меҳру вафоси йўқ рўйи зебони.

Не ажаб, осмон ичра гар Ҳофиз шеъридин
Зуҳро куйласаю раққос айласа Масиҳони…

* * *

Ҳолимиздин зоҳиди зоҳирпараст огоҳ эмас,
Шаънимизга ҳар не айтса, айтсин ул, парво эмас.

Ўйнасак шатранж, сурармиз биз пиёда ҳар замон,
Баски, риндларга бу майдонда мажоли шоҳ эмас.

Бу не истиғно эмиш, ё Раб, бу не ҳоким эрур,
Ҳаммада захми ниҳону ошкоро оҳ эмас.

Ул кўйи майхона бормоқ аҳли содиқлар иши,
Ўзни сотганларга ул майхона сори роҳ эмас.

Бандаи пири хароботманки, лутф айлар мудом,
Шайху зоҳид лутфи менга гоҳ бўлгай, гоҳ эмас.

Ҳофиз олий ҳиммат айлаб, тўрга чиқмас эрса гар,
Қуйқахўр ошиқдир ул, валлоҳ, асири жоҳ эмас.

* * *

Дедим: қачон лаълинг мени комрон қилур?
Деди: буюр, не истагинг эрса, ҳамон қилур.

Дедим: Миср хирожини талаб этар лабинг,
Деди: бу муомалада камтар зиён қилур.

Дедим: ул ширин нуқтага йўл топган бормидир?
Деди: бу бир ҳикоядирким, нуктадон қилур.

Дедим: санампараст бўлма, виқор-ла ўлтирма,
Деди: ҳар иккисин маҳбуб бегумон қилур.

Дедим: майхона олгайдир кўнгиллар дардини,
Деди: хуш улки, ўзни бўйла шодумон қилур.

Дедим: шаробу хирқа не мазҳабнинг одати?
Деди: амалким, мазҳаби пири муғон қилур.

Дедим: ул шаккарин лабдин кексага не наф?
Деди: бир бўсаси чолни навқирон қилур.

Дедимки, хўжа не замон етгай маҳбубига?
Деди: ул дамки, Ойу Муштарий қирон қилур.

Дедим: Ҳофиз этар унинг дуойи давлатин,
Деди: дуосин малоики етти осмон қилур…

* * *

Эйки, лаълинг каломидин коми жон лазиз,
Ширин лабинг таъми сафосидин даҳон лазиз.

Тишинг чун қатра сутдирким, лабларинг шакар,
Ширу шакардин комимиз ҳар замон лазиз.

Хуни дилу жигар кабоб ҳам сенинг, магар
Кабоб ёнида шароби арғувон лазиз.

Ҳадиси лутфинг сўйласам, келди сўз латиф,
Васфи лабинг баёнида бўлди баён лазиз.

Ҳуснинг тотини тотгаймен, жоним, ҳар нафас,
Ҳуснингга туташса, кўргил, энди забон лазиз.

Ҳофиз пиширди бир ҳалво жон ширасин қўшиб,
Орзу, дилида ул лаби масти чунон лазиз…

* * *

Ажаб, хужаста замонким, ёр яна келгай,
Ғариблар кўйига ғамгусор яна келгай.

Хаёли хайли йўлига кўз тикдим интизор,
Чу уммид билаки, шаҳсувор яна келгай.

Бошим эгилмаса магар чавгони амрига,
Нечук бош дегум, андин озор яна келгай.

Йўлида ўлтирармен чун гарду ғубор бўлиб,
Кўнгилда ул ҳаваски, раҳгузор яна келгай.

Дилим қарор этди-ю, зулфини тутди макон,
Гумон этмаким, анга қарор яна келгай.

Қишу қаҳратон жаврини чекди булбуллар,
Бўйи иштиёқ билаки, гулбаҳор яна келгай.

Қазо наққошидин уммид этармен, эй Ҳофиз,
Қошимга сарвқомат ул нигор яна келгай…

* * *

Аларким, назари тупроқни кимиё қилур,
Қачон раҳм этиб, назарин бизга раво қилур?

Табиби муддаийларданки топмадим даво,
Шояд хазинайи ғайбим дардга даво қилур.

Маъшуқки, гул рухсоридин чекмади ниқоб,
Ҳар кимса бир тасаввур айлаб, иддао қилур.

Риндлигу зоҳидликдамас ҳусни оқибат,
Улардаким, ишни иноят-ла бажо қилур.

Бемаърифат бўлма, ишқни “ким ошди” этсалар,
Аҳли назар риояти дўст-ошно қилур.

Парда ортида қилурлар мунча фитнаким,
Парда очилса, фитна аҳли не бало қилур?

Гар бу ҳадисдин нола чекса тош, не ажаб,
Соҳиб кўнгиллар ҳикоятини хуш адо қилур.

Май ичгил, юз гуноҳ этмак сенга яхшироқ
Андинки, ағёр тоат айлаб, сўнг риё қилур.

Юсуф кўйлагидин келур хуш бўйи, анбари,
Қўрқаманки, ағолари уни фано қилур.

Майкада кўйидин боргил фароғат уйига,
Ҳаққинга офтоб ўзи хайри дуо қилур.

Масту бехудлигим яшир рақиблар кўзидин,
Киши хайри ниҳон этса, баҳри Худо қилур.

Ҳофиз, висоли бардавом муяссар бўлмагай,
Шоҳлар қачон илтифоти ҳоли гадо қилур?..

* * *

Гарчи воизга сўзим тингламак осон бўлмас,
Сўйласа макру риё, банда мусулмон бўлмас.

Ринд бўлиб, лутфу карам айлаки, хушдир бу ҳунар,
Улки ҳайвон, бода ичмас ила инсон бўлмас.

Гавҳари пок керакдир бўлгали қобили файз,
Ҳар нечук тошу сапол лўълийи маржон бўлмас.

Дардманд дардни табиб олдида гар тутса ниҳон,
Бўлгай аҳволи хароб, дардига дармон бўлмас.

Касби корим ишқ эрур, уммидки ул фанни шариф
Ноумид этмасу бир боиси афғон бўлмас.

Ваъда этмишди санам эртага деб васлу висол,
Эй Худо, эртагача балки пушаймон бўлмас.

Асрамоқ бўлса нигор олдида гар жонни киши,
Бетакаллуф тани ул лоиқи қурбон бўлмас.

Заррада бўлмас эса ҳиммати олий, Ҳофиз,
Толиби чашмаи хуршиди дурахшон бўлмас…

Жамол Камол таржималари
Манба: «Жаҳон адабиёти» журнали, 2012/8