Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Осмонингдан узилма эй, дил!
Facebook
Осмонингдан узилма эй, дил! PDF Босма E-mail

Шоир бу дунёдаги барча йўллар орасидан машаққат ва изтироб йўлини танлайди. Чунки, у ўз қалбига маҳкумдир. Унинг учун энг катта ҳақиқат ҳам илоҳ туҳфаси бўлган қалбдир.
Шоир ўз юрагини, иймон, эътиқод, энг пок туйғулар билан тўлдириб борсагина барча дунёвий ҳалокатлар устидан руҳан ғолиб чиқаверади.
Муҳаммад Исмоилнинг шеърларини ўқиб, адабиётимизда бўй кўрсатаётган янги авлод нечоғли эзгу ва юксак амалларга ҳозирланаётганига, ёруғ умидлар билан тўлиб тошган бу қалб шеърят аҳлининг куюнчак қавмидан эканлигини ҳис қилдим.
Мен Муҳаммаднинг шеърларида қалб бутунлигини, иймон эркинлигини, эътиқод софлигини кўрасиз. Энг муҳими, бу шеърлар ўзини ҳам, бировни ҳам алдамайди.
Инсон тириклигининг маъноси ҳам, файзи ҳам кўнгил илҳомидир. Зеро, дил аралашмаган ҳар қандай иш оқибатсиз бўлади.
Илоё, эзгу умидлар билан қўлига қалам олган ҳам бир шоирнинг юзи элу юрти олдида ҳамиша ёруғ бўлсин!


Шеърлар
Тангрим, бир юрак бер, оташ бер қайноқ
Меҳру муҳаббатим билмасин поён.
Шу элни, шу юртни алқаб беадоқ,
Севиб яшай ҳар кун, ҳар он, ҳар қачон!

ҚУЁШИМ – ОНАМ!

Сиз томон кетяпман. Йўлдаман, она!
Йўлнинг хаёл каби йўқдай адоғи.
Эслайсизми, доим сизга парвона,
Югуриб юрардим болалик чоғи.

Қовун экар эдик, кўклам далага
Ҳолдан тояр эдим, кун қизиган дам.
Ўзимни панага олган паллада
Кетмон урардингиз менинг учун ҳам.

Сиз кучли эдингиз. Терингиз қотиб,
Бери келмасдингиз қорайса ҳам шом.
Яна тонг саҳардан бизни уйғотиб,
Этардингиз қора меҳнатни давом.

Бу ҳол такрорланди гўё бир умр.
Гўё соянгизда қолгандайман мен.
Сиз азоб чекдингиз, мен кўрдим ҳузур
Сизнинг роҳатни ҳам олгандайман мен.

Ўқидим, уйландим. Шаҳарда қолдим.
Йўлларимда тўлаб юрдингиз товон.
Сизга ташвиш бўлдим, ошу-нон олдим,
Юбора олмадим ўзим тўртта нон.

Гоҳо хотинимга урардингиз дўқ,
Менга гап қайтариб адашганда ҳам.
Мени ҳақ дердингиз, мендан кўнгил тўқ,
Хатом учун ишдан ҳайдашганда ҳам.

Гоҳо хасталик, гоҳ рўзғор деган ғор
Ҳолимни танг қилиб, ғамга соларди.
Малҳам дори каби мунис, хокисор
Нафақа пулингиз келиб қоларди.

Сиз учун доим мен эрка, арзанда
Қаро иш қилсам ҳам, доимо оқман.
Она, мен дунёда энг разил банда
Онанинг кимлигин билмас гумроҳман?!

Дунё бир тарафу, ўзим бир тараф
Қолганда умримдан йўқолиб қувонч.
Менинг ғамга ботган кўзимга қараб
Бўлардингиз сўнгги умид ва ишонч.

Кексайган, бир бурда жуссангиз билан
Бошимда қудратли посбонсиз, посбон.
Не-не балони даф этиб устимдан,
Буюк қаҳрамонсиз, буюк қаҳрамон.

Сиз томон кетяпман, кетяпман, она
Эшитдим тобингиз қочибди бироз.
Доимгидай шошиб, чопиб, қувона
Чиқа олмаскансиз, йўлимга пешвоз.

Онажон, дардингиз олайин ўзим,
Жоним онам туринг, ётманг хастаҳол.
Жоним онам туринг, қувонсин кўзим,
Олам саҳнасида юринг бемалол.

Туринг, қудратингиз кўрайин яна
Сизсиз жоним ярим, бутун ҳаёт йўқ.
Дунёда энг кучли зот эрур она,
Дунёда онадан қудратли зот йўқ.

Кетяпман, йўлдаман, шошманг онажон!
Ичимдан келади гулдирак овоз:
– Онам хаста эмас, онам соғ-омон,
Ҳозир у қаршимдан чиқади пешвоз.

Йўқ-йўқ бўлмас ҳали қиёмат қойим,
Қуёш сўниб кўкни қопламас тўзон.
Ойу юлдузларни каби Худойим,
Сен онамни асра, асра Художон!

*  *  *

Орзу, бизга ҳаёт бағишлар ҳар дам.
Умидсизликдадир барча иллатлар.
Умидсиз қолса гар, нафақат одам,
Ҳалок бўлар ҳатто буюк миллатлар!

*  *  *

Бизни тақиб этар хаста яшамоқ.
Эрксизлик тўсади гоҳ йўлимизни.
Аммо ижод ичра кўтариб байроқ,
Биз енгиб борамиз ўлимимизни!

*  *  *
Нолангман мен, шаънингга шеър айтолмаган,
Болангман мен, юзингдан тер артолмаган,
Кўзим юмиб кўкрагингга қулоқ тутсам,
Худо бериб кетган буюк шеърсан, Сирдарё!

Заҳмат чексанг, заҳматларинг дурга айланар
Меҳнат қилсанг, бир дона дон юзга айланар
Қучоғингга файз келтирган ҳар тонг, ҳар саҳар
Фаришталар сажда қилган ерсан, Сирдарё!

Ҳар болангнинг кўзларида қудрат чақнайди
Ҳур Ватаннинг шон-шавкатин жонда асрайди.
Ҳар бир боланг буюк бўлмоқ учун яшайди,
Арслонларга маскан, она-шерсан, Сирдарё!

Юлдузлардан чироқ ёнар кошонасан – сен,
Ўзбекистон бағридаги дурдонасан – сен,
Бахти кулган, саодати шоҳонасан – сен,
Худо ризқин бутун берган элсан – Сирдарё!

*  *  *

Сизни севиб қолдим.
Минг бора узр.
Кечиринг, осилдим мен баланд дорга.
Кечиринг,
сиз мисли
фалакдаги ҳур,
Қарар эдингизми
ердаги хорга.

Сизни деб, туну-кун танимда титроқ
Сизни севиб қолдим, жонимдан ортиқ.
Юракни гулдаста қилиб бир қучоқ,
Қабул қиласизми этсам гар тортиқ?

Айтинг, мен кимману,
нима жоним бор.
Арзимайман қовоқ
уйишингизга.
Ўзимни ўзим еб тугатгум
абгор
Менга бир зум боқмай
қўйишингизга!

Биламан сиз жуда юксаксиз юксак,
Кўзларингиз кўкдан
менга боқармиди?
Сиз ҳатто осмонда ягона малак,
Ердагилар энди
менга ёқармиди!

Кечирманг,
лутф этиб қарасангиз шўх
Сизни энг бахтли қиз
этаолмасам.
Кечирманг, севганим учунмас
йўқ-йўқ,
Сизни сиз кутгандай
севаолмасам!

*  *  *
Ҳар тонг вужудимни қамрайди ҳайрат
Шукрона айтаман ҳар тонг Ўзига.
Борлигим дунёда қандай улуғ бахт,
Тириклигим қандай буюк мўъжиза!

*  *  *

Севги эмас экан кўзингиздаги.
Кечиринг, адашдим. Мен қилдим хато.
Алдади мен севган юзингиздаги,
Қоронғу кўнглимни ёритган зиё.

Насиб этган эди қайта яшармоқ.
Кеча кирган эдим йигирма ёшга.
Яна бошга тушди юз ёшга қайтмоқ.
Бугун тушди яна қаримоқ бошга.

Кеча сизнинг билан эдим бахтиёр.
Бугун юрагимда адоқсиз ҳасрат.
Қилса ҳам бугунги қайғу мени хор,
Аммо кечаги бахт учун минг раҳмат!

АТРОФИНГДА МЕН САРСОН

Атрофингда мен сарсон.
Чиройлисан ҳаммадан.
Айтгил, сен менга қачон
Севаман деб айтасан?

Зир югурган ортингда,
Шаҳзодалар жуда кўп.
Кел ўшалар олдида
Мен ғарибни битта ўп.

Ҳуснинг ортар тобора
Дод деярман ҳайратдан.
Айтгин қачон бир бора
Севаман деб айтасан?

Пойингда минг ёлвориб,
Ишқим қилдим-ку изҳор.
Сен ҳам бир бор дил ёриб,
Севаман деб айт, дилдор.

Атрофингда мен сарсон
Чиройлисан ҳаммадан.

*  *  *

Деразам ортида ҳар тонг, ҳар саҳар
Ҳали уйқу ичра ётганда шаҳар
Энг ширин пайтлар
қушлар сайрар
Энг гўзал байтлар, наволар янграр!

Бу ғамза, бу ишва, бу авж, тарона
Бу нола, бу чаҳ-чаҳ, бу шодиёна
Бу оҳанг, бу жаранг, бу ноз мастона
Бу сеҳр, бу садо, соз байрамона.

О, юртим қушларнинг сайраганлари
Шаънингга достондай туюлар бари!

Не-не шаҳар, не-не Ватан оралаб
Не-не диёр, не-не чаман оралаб
Не-не ўлкалар-у, маскан оралаб
Не-не қитъа, сарҳад ичра саралаб

Биламан шамолдай шошиб елгандир
Узоқ– узоқдан йўл босиб келгандир
Бироз ҳоригандир, бироз толгандир
Талпиниб келгандир, топиб келгандир!

О, юртим қушларнинг сайраганлари
Шаънингга достондай туюлар бари!

Деразам ортида ҳар тонг, ҳар саҳар
Ҳали уйқу ичра ётганда шаҳар...

САЛОМ!

Дуога қўл очиб сўрайман Тангрим,
Ассалом алайкум ўнгдагиларга!
Сен буюк Ҳоқоним, буюк ҳамдардим,
Ассалом алайкум сўлдагиларга!
Сен буюк бахт бердинг, буюк тахт бердинг,
Ассалом, Қуръони қўлдагиларга!
Буюк шараф бердинг, буюк аҳд бердинг,
Ассалом, исломий йўлдагиларга!
Қалбимизга бердинг иймон деган нур,
Ассалом, хуш ният ўйдагиларга.
Номинг ила нафас олиб бир умр,
Умрини тўй қилган, тўйдагиларга!
Иймон йўли гоҳ жар, гоҳо машаққат
Ассалом, ҳаёти дўлдагиларга!
Жаннат истаб ғамга қилгувчи тоқат.
Ассалом, умидвор чўлдагиларга!
Ҳали тонг отмасдан, умри бўлиб шом
Минг йилларки ўтди, қанча дўст-ёрим.
Ўтганларга, аҳли иймонга салом.
Барига раҳм қил, Парвардигорим!
Фаришталар тўла фалаклар салом,
Риштангиз боғлайди бизни самога.
Теграмизда юрган малаклар салом,
Сиз, салом етказинг, арши аълога!
Салом, баҳри-дилни очгувчи Қуёш
Салом, тоғу тошлар, чаманлар салом!
Салом, эй гуркираб юрган замондош,
Бизга Ватан бўлган масканлар салом!
Бу етти фалакни тинч тутиб турган
Буюк Оллоҳимнинг Қудрати салом!
Ҳар тирик жонга ризқ улашиб юрган,
Буюк Раззоғимнинг ҳиммати салом!
Салом, эй Оллоҳнинг мўъжизалари
Оллоҳнинг Ҳикмати, Қисмати салом!
Ҳар кун салом деркан тонг саҳарлари,
Кўксимни тўлдирар улуғвор айём!
Мен ухлаб ётгандим ҳақир ва ночор.
Уйғотдинг жон бериб, эй муҳтарам Зот!
Менга жон бергувчи сендай дўстим бор,
Буюкман, то сени қиларканман ёд!
Буюкман, мен сени қалбимга жойлаб,
Яшайман ҳар лаҳза Каломинг билан!
Тангрим уйғотмоғинг қандай буюк бахт,
Дилимга жойлаган Саломинг билан!

ҲАЁТ БОҒИ

Сарғайган боғларни кезаман сарсон
Қайга кетди дейман кечаги баҳор.
Бир кун танимдан гар кетар бўлса жон
Дод деёлмай ҳайрон қолишларим бор.

Баъзан мева тугар, баъзан мевасиз
Дарахтда айб йўқ, қуриб қолганда.
Нега шўрликсан сен, зўрмас демангиз,
У ҳам тақдирга қул, ожиз бир банда.

Гоҳо чақмоқ урар, гоҳ довул босар
Гоҳо қурғоқчилик, гоҳо урар сел.
Шу боғ каби мангу қутқуда башар,
Шу боғ каби паноҳ истаб яшар эл.

Гоҳо истакларинг ошмай амалга
Гоҳ ғариб қолсанг гоҳ, қолсанг нотавон.
Бехос шак келтириб, тақдир азалга
Бир-биринг устингдан кулма эй, инсон.

Неки бахт истасанг сўра Тангридан
Дилда нажот ипин боғлагин аршга.
Гар Оллоҳ жой берса иймон тахтидан
Хазондай узилиб тушмайсан пастга.

Ўзинг бизни асра, эй қудратли зот
Сабр бер, тоқат бер кўз ёшимиз арт.
Ахир биз учун бу ўткинчи ҳаёт,
Ахир бизлар бахтли бўлмоғимиз шарт!

Сарғайган боғларни кезаман сарсон
Қайга кетди дейман кечаги баҳор...

НОТЎҒРИ ХУЛОСА

Покиза эмасман. Айб қилмасам гар,
Ўзим ўз жонимдан тўйган бўлардим.
Ёинки олдинроқ, қасддан муқаррар,
Кимлардир ўлдириб қўйган бўларди.

АЙИРИБ ҚЎЙСАЛАР

Оқни қорадан-да ажратиб бўлмас,
Ажратиб бўлмайди чинни риёдан.
Ва инсон ўлса ҳам ҳаётга тўймас,
Айириб қўйсалар динни дунёдан.

АРОСАТ

Яна беун, яна кетдим қолмасдан
Истаклар қуюни улиди қақшаб.
Гарчанд борлиғига таним қонмаган
Гарчанд улгурмадим, тўймадим алқаб.

Бу ишқ мен кутганмас, ўзгадир яна
Яна мен ўзгаман, ўзгадир олам.
Севги пуч нарса деб, кўзғар дил яна
Бунда ҳам қолмоғим қўзғайдир алам.

Дунёга сўнмас ишқ учун келгандай
Дилдан аримади ғулу бир умр.
Бир умр бўлдим беэга телба най
На шуур бор эди, на бўлди ҳузур.

Гўё ишқ– мўмиё, инграган яра
Дилимга шоядки бўлса деб малҳам,
Қанчаларни севдим, аммо тобора
Ортди ташналигу, изтироб ва ғам.

Нафс маддаси-ла кўпчийди баъзан,
Жомдаги сингари вужуддаги қон.
Тўкиб ташлолмасман, тўка олмасман
Ахир дил эди-ку кўк берган эҳсон.

Ожизман, ночорман, қулдан ҳам баттар
Югурдакман кўнгил хархашасига.
Кўнгил эса мослаб қўшиғин айтар,
Миниб олса кимнинг аравасига

ДАҲРИЙНИНГ ИҚРОРИ

Саҳро оташида юзлари куйган,
Кекса қадди чайир, Наримон оқсоқ,
Бир кун келиб қолди бизларнинг уйга
Келди, йўллагани сингари Оллоҳ.
Шомда у қиблага жойнамоз ёяр,
Овози таралар баланд ва янгроқ:
«... Ол-лоҳу Акбар, Ол-лоҳу Акбар
Ашҳаду алла илоҳо ил-лоллоҳ..».
Хоналар шипида чирқиллаётган,
Инсу-жинс арвоҳлар нолиши тинди.
Бирор туйғуси йўқ гуноҳ қилмаган,
Даҳрий дилимни шу хушхабар енгди.
Умрим умидларин топгани армон,
Озурда жонимга йўқ эди малҳам.
Бир умр ҳавойи кездим саргардон
Эгасиз қалбимга эга бўлди ғам.
Елдирим еллардай ишқ ҳаяжони,
Шуҳрат васвасаси келди-ю, кетди.
Қақшаган беадоқ дунё тўзони
Хазондай тўзитиб саросар этди.
Оллоҳ, сен эгаси оламнинг оҳ, оҳ...
Дилимга нур солгин, руҳ йўлла, қўллаб
Сен менинг эгамсан эй, Олампаноҳ,
Ишонч бер, бандалик ҳолимга қайтар.
Бу бахтдан ортиқроқ йўқ бахт, йўқ нажот
Англайин, нимадир шараф ва ҳазар,
Нима деб яшаши керак одамзот?
Гуноҳга ботса ҳам пок бандаларинг
Токи сенинг каби суёлсам мангу.
Қонимда айлансин дарди уларнинг,
Хокисор меҳримга илинж бўлсин шу.
Юраги эгасиз, ғофил, адашган,
Одамдан қўрқинчли, аянчлиси йўқ.
Ҳатто, ўлим ёди таҳдид соларкан
Худодан ўзга ҳеч юпанчиғи йўқ...
Саҳро оташида юзлари куйган
Кекса, қадди чайир Наримон оқсоқ,
Бир кун келиб қолди бизларнинг уйга
Келди, йўллагани сингари Оллоҳ...
1990 йил.

РИВОЯТДАН

Жоҳиллик ибтидоси бир уйда эрур,
Ким фано ишқибози, шул уйга келур.
Оллоҳ йиғмиш яхши ишнинг ҳаммасини,
Тарки куфр этган киши топгай уни.

НИДО

Баҳор келгани йўқ, қиш кетгани йўқ
Бошимда офтоб-у, пойимда қорлар.
Яна қайлардандир келтирмоқда чўғ,
Кеча мени ташлаб кетган баҳорлар.

Фарзандларим бордир, топмоқда камол
Шеър ёздим гоҳ илҳом келган маҳали.
Оллоҳ, сен уларни тарбиянгга ол,
Ўзим ёш болага ўхшайман ҳали.

Фақат дўст орттирмоқ орзуим эди,
Атрофимни зирҳдай ўради душман.
Тангрим, не қилмоқни билмасман энди,
Энди сен яшашни ўргатадурсан.

Ўзинг шеър ёзмоққа этарсан қодир
Шеър бер тонг сингари севимли, эрка.
Элга шеър бермасам, эрк деган нодир,
Сўз тўфони умрим совурар елга.

Тангрим фазлинг буюк, қудратинг буюк,
Фақат шер зотидан туғилгандай шер.
Ўзбек жавҳарида жон каби суюк,
Туғилди дунёга зийнат Алишер!

Ўзбек табиатин ҳикмати мисол,
Рамзи мисол шу тоғ, қир-адирларни.
Сен бердинг бу улуғ миллатга тимсол,
Амир Темурларни, Яссавийларни.

Ким бўлгайман ахир сени унутсам,
Ҳайбатинг, даъватинг унутсам хорман.
Кўкларга кўтардинг ерга йиқилсам,
Ўзингга ўргатдинг, минг бор қарздорман.

Қарздорман дунёга келганим учун,
Бу ёруғ оламни кўрдим, қарздорман.
Сенинг борлигингни билганим учун,
Сенинг мўмин банданг бўлдим, қарздорман.

Бир шеър бер таъзимим бўлсин мужассам.
Зотан мўъжизадир сув, ҳаво, тупроқ.
Зотан не яратдинг бари мукаррам,
Яратгувчи йўқдир сендан улуғроқ.

Зотан, сен бермасанг шоир не қилар,
Ўзин ҳар ён уриб чопгани билан?
Ҳар ким буюк, ҳар ким бек бўлар,
Сенинг берганингни топгани билан.

Мулкинг эрур фалак. Бу чарх, бу даврон
Еру кўк тавофда, тинмай урар бош.
Миллатимга яна бергин шараф шон.
Менинг ҳам кўзимдан оқизмагин ёш.

Ё Оллоҳ, нолон-у, нотовонинг ҳам
Бу ҳаёт қошида тизилгандир мард.
Ҳар мўъмин, ҳар тонгда ичгайдир қасам
Бу буюк эл ичра, буюк бўлмоқ шарт!

*  *  *

Ҳаёт нима, тонгда турсам эрмак экан,
Уйғонмасам, ўтиб кетган эртак экан.
Бунча қисқа дея кўкка ёлвордим мен,
Фойдаси йўқ, бақирмаслик керак экан.

Тўхтамайди, тақдир деган тўхтамайди,
Бугунги кун кечагига ўхшамайди.
Қумсоатда тугаб борар кунлар, аммо
Яшамоққа муҳаббат ҳеч тугамайди.

Нима кўрдим? Нима топдим? Недан шодман?
Ким учун ва нима учун яшаяпман?
Она халқим мен меҳрингни кўрдим не бахт,
Шу ифтихор кўзларимни ёшлаётган!

Умр йўли, гоҳида чоҳ, гоҳида жар
Гоҳ йиқилиб не қиларим билмасам гар,
Йиқилсам ҳам юз бор такрор, такрор, такрор,
Сенинг меҳринг қаддим ростлар, олға бошлар.

Сен бўлмасанг заҳар ичар эди кўнглим.
Сен борсанки, ўз умримдан рози бўлдим.
Кунгабоқар қуёшга зор боққан каби
Баҳра олдим, дармон олдим, кучга тўлдим.

Сен Бобурсан, Амир Темур, Навоийсан
Зафар дарсин ўргатгувчи ғозий– сенсан.
Қадди баланд, қадри баланд, мард, забардаст
Ҳақ йўлида, шеър илмида доҳий– сенсан.

Менчи на бир ишда донгдор, на қаҳрамон
На тош йўндим, на чўлларни этдим бўстон
Аммо халқим, бошим узра меҳринг тафтин
Сезиб турдим ҳар лаҳзада ва ҳар қачон.

Кетар бўлсам қилмагайман ҳеч бир даъво
Тақдирга тан бермасликдан нима маъно?!
Муҳаббатинг шаробидан сармаст, мамнун
Қўл силкийман сендан рози, сенга шайдо.

Аммо ҳаёт ҳали давом этаётир,
Яшаш учун меҳринг қудрат бераётир.
Даъват қилиб, тиргак бўлиб, таянч бўлиб,
«Буюк ишлар қилмоқ керак» деяётир.

Она халқим! Қўлимдан тут, мен тайёрман!
Олам узра меҳрингни соч, мададкорман!
Сенинг учун ўлмоқ балки жоиз эмас,
Сенинг учун яшаганлар ичра борман!

ХУДОФУРУШЛАР

Мен учун бу ҳолни лозимдир эслаш,
Шайтоният юз йил қилди хуружлар.
Аммо Ислом келгач топмоқдан эмас,
Сотмоқдан суюнди худофурушлар.

Иймон қуёшидан нурланди олам,
Аммо қайга борса ҳақ бандалари
Йўлга чиқар каззоб худофуруш ҳам
Кушхонага чопган сарка сингари.

Худони дўст билиб топинганларга,
Ҳеч ким қилмас энди очиқ урушлар.
Ҳамроҳ ниқобини ёпинарларда,
Чоҳга бошлар баттол Худофурушлар.

Худосизлар насли кўпайган эди.
Маймуннинг ортига беркинган каслар.
Художўйман дея хўмраяр энди,
Худофуруш бўлиб олган нокаслар.

Масжидга боради, борса агарда,
Оллоҳ уйида ҳам у маккор, душман.
Бирор бир бечора тушса назарга
Ҳайдамоқ бўлади ўқишдан, ишдан.

Эй Худо! Каммиди шайтон исёни
Ақлдан оздирмоқ, йўлдан адашмоқ.
Улар-чи, суғуриб олади жонни,
Қолар, тирик мурда бўлиб яшамоқ.

Уларнинг олдида содда эканлар,
Шайтонга дарс берар – дунёфурушлар
Миллатларни қирар, элни енгарлар,
Дунёни хор этар – худофурушлар.

Тасбеҳ ўгирар-у, аммо аслида
Маймун оғушини соғиниб турар.
Бузуқ ирсият бор улар наслида
Исломни тугатмоқ қасдида юрар.

Худонинг измида экан еру-кўк,
Юлдуз ҳамда қуёш,
кеча ва кундуз.
Эртанги кунимдан мағрур кўнглим тўқ,
Худодан ҳеч кимса ўгирмайди юз.

Халқим қайдан билсин етмиш йил ичра
Эгасиз, ташландиқ, руҳсиз, бадбуруш...
Юракларинг қуриб, тубсиз чоҳ узра,
Бугунни кутганинг, бу худофуруш!

Тарих саҳнасида юрган суворий
Ҳаёт гулшанига сочгувчи ривож.
Қўлда байроқ билан имом Бухорий
Бошимизда мангу ярқираган тож.

Ер шари айланар, Қуёш зарлари
Тушган он, ҳар юртда айтилар азон.
Миллион-миллион зот саждалари
Бир лаҳза тўхтамас минг йилдан буён.

Ишончим, жамики Худофуруш кас
Худонинг қўлида ўйинчоқ холос.
Ичидаги иллат, адоват, мараз
Худо амри билан бир кун бўлгай фош.

Худо деб, қўлимда тугилар муштлар.
Худо деб, курашиб толмасман бугун.
Бир кун йўқолади Худофурушлар,
Худо бизни қўллаб тургани учун.

ЗАМОН СЕНГА БОҚМАСА

Замон сенга боқмаса, сен замонга боққайсан,
Умидлардан айрилиб, бир хас каби оққайсан.
Ўз қурбингни кишанлаб, кетаркансан азобда,
Ҳар яхшига ёмону, ҳар ёмонга ёққайсан.

*  *  *

Бу оламда заррамиз-зарра,
Бугун келиб, кетармиз эрта.
Ожизмиз-у, аммо юз карра,
Буюкдирмиз акс этсак шеърда.

Олам ҳамки арзимас гоҳо,
Жон куйдириб ботмоққа терга.
У ҳам гўзал, буюкдир аммо
Акс этганда биз ёзган шеърга.

ДЎРМОНДА

Ҳилпирайди терак барглари
Қўшиғидан ором олар жон.
Тўлганида юрак дардлари
Яна келдим, жонажон Дўрмон.

Катта-кичик юлдузлар балқиб,
Нур сочгандек осмон тоқида.
Туни бўйи қаламкаш халқи,
Тер тўкади ижод боғида.

Кимдир ёзар халқ дарди учун,
Кимдир ўз кўнглини ёзади.
Кимдир қолар тарихда бугун,
Кимдир ўзига гўр қазади.

Кимдир бугун битса гар баёт
Балки қўшиқ бўлар эл аро.
Кимдир бугун шеър ёзиб, ҳайҳот
Ўз бошига орттирар бало.

Ижод саҳни осмон қадарда,
Ҳар ким ўз ризқини теради.
Қилмишига каби Маҳшарда,
Ёзганига жавоб беради.

Оппоқ қоғоз узра эгиб бош.
Ёзмоқдаман мен ҳам дил дардим.
Иймонимни айлагин йўлдош,
Адаштирма йўлингдан Тангрим.

Шеърларимга эргашиб кимдир,
Хато қилар балки мен сабаб.
Тангрим, Ўзинг ишонганимдир,
Истамайман ёзмоқни алдаб.

Аҳли қалам Дўрмон боғида
Битаётир шеър ёки достон.
Кимдир куйган севги доғида,
Ким даврни этмоқда баён.

Мен ҳам келдим, менгача ҳам то
Келиб кетди қанча инсонлар.
Ким мангулик шон топди, аммо
Кимлар сўлди аллақачонлар.

Умидим шу, тутиб оламни
Зўр асарлар ёзилаверсин!
Оллоҳ қўллаб аҳли қаламни,
Файз-барака ёғилаверсин!

МЕНГА СЎЗ БЕРИНГ

Дунёга келганман сўзламоқ учун
Қалбимнинг қаърида ҳали сўзларим.
Қошингизда таъзим қиламан бу кун,
Бутун дунёдаги шоир дўстларим!

Ҳар бирингиз сўзу ҳикмат макони,
Ҳар бирингиз нурли битта оламсиз.
Жаҳолат ва ғафлат босган дунёни
Ўзгартмоққа тайёр турган одамсиз.

Элнинг дарди билан кўксингиз тўлган
Ҳақ сўзни сўзлайсиз эркин ва ўктам.
Бу имкон йўқ эди қадимда бўлган
Ҳатто Капитолий майдонида ҳам.

Олам яралганди асли сўз билан
Минг йиллар сўз асл шифо бўлгандир.
Эрки йўқ, сўзи йўқ, тили кесилган
Маҳбус билан қанча зиндон тўлгандир.

Сиз сўзланг майлига улар учун ҳам.
Ҳаёти абгору ҳам талхлар учун.
Сиз сўзланг сўз билмас қуллар учун ҳам,
Қул миллатлар учун, қул халқлар учун.

Гар бахтли бўлмаса яшашдан не наф,
Не учун дунёга келади инсон?!
Қай юртда, қай элда, юрсада яшаб,
Аввало инсонга бўлсин шараф шон!

Мазлум битта, золим ўнтадир доим
Бир қонхўр, гоҳ мингнинг ейди бошини
Бир тахтга ўтирса гар битта золим,
Тўкар миллионларнинг кўзин ёшини!

Шоирлар, ҳуррият аскарларисиз,
Эрк деб олам узра жар солиб турган.
Миллат юрагининг гавҳарларисиз,
Миллатни юракда кўтариб юрган.

Сизки жонингизни хатарга қўйиб
Ўлимга тик боқиб айтган сўз учун,
Қабоҳат панада турибди чўчиб,
Разолат ютмаган дунёни бугун.

Қайда бўлманг ҳақ сўз сизга бўлсин ёр,
Доим бўлсин олтин бошингиз омон!
Сизни улғайтирган Она замин бор,
Суянч тоғингиздир ҳақ сўз ва иймон!

Бирингиз менга дўст, бирингиз устоз
Қон бир, жон бир қалбан қариндошимсиз!
Эгик бошим, букик қаддим қилиб рост.
Қаро кунда қуёш, қиблагоҳимсиз!

Тарқалиб кетгансиз, кенг дунё бўйлаб
Ҳурлик машъалидан олов ёққансиз
Бутун инсоният тақдирин ўйлаб
Қўрқув билан ёруғ кунга боққансиз.

Бу кун сиз мағлубсиз, балки ғолибсиз
Зулми зўравонлик битмас ҳеч қачон
Аммо ҳақ йўлида доим қолингиз
Шоирлик шаънини оқланг ҳар замон!

Тинмас ғавғо учун ортиқ еманг ғам
Қисмат хатин битган буюк Оллоҳ бор
Тилагим, қўлласин музаффар ҳакам
Қодир Парвардигор сизга бўлсин ёр!

*  *  *

Бу тўртлик шеър эмас, сўз эмас, фарёд
Ёнаётган юрак ҳайқириғидир.
Одамнинг Худодан ахтариб нажот,
Одамнинг одамдан айрилиғидир.

Юрак кўксимизда турган фаришта,
Яшайди бўйсунмай ўзимизга ҳам.
Ҳар он қарармидик кўкка ташвишда,
Ерда бўлса бизлар излаган одам.

ЗИЁРАТ

Ховос деган қўрғонда
Бор мунғайган бир қабр.
Дил сиқилар армонда
Унда отам ётибдир.
Қабр устида шўра
Дод солиб унган экан
Қайғунинг шўр ниҳоли,
Отамдан ёдгормикан?
Юлай десам қўлларим,
Юлмасам дил зирқирар.
Барг эмасдир, барглари
Кўз мисоли мўлтирар.
Ул кўзларнинг қараши,
Қаро ҳамда ғуссали
Юрагимнинг яраси,
Қорайтирар жуссамни.
Қараб турибсиз ота,
Боқмоқдасиз умидвор.
Сиздан мен минг марота,
Қарздорман, қарздор.
Бўлмоқ истардим шоир
Бўлолмадим шоир ҳам.
Билмайман кимман ҳозир,
Билмам мен қандай одам?!
Орзуларим ушалмай,
Армон бўлиб қолмоқда.
Қанот боғлаб учолмай,
Соврилмоқда, ёнмоқда.
Эртага не юз билан
Сизга боққум отажон.
Не маъқул юмуш билан,
Сизга ёққум, отажон!
Шу биргина хавотир,
Савол мени ўртайди.
Сокин, бамайлихотир
Яшашимга қўймайди.
Умид билан қараган
Нурингиздан олурман,
Кун келар сиз алқаган,
Одам бўлиб қолурман.
Қабрда тинч ётинг сиз
Ҳеч ўртанманг қийноқдан.
Хайрли ишларингиз
Баланд келсин гуноҳдан
Арвоҳингиз бўлсин шод
Қилурман мунглиғ дуо.
Охиратингиз обод,
Айласин қодир худо.
Ота, сиз ётган қабр,
Раҳмат нурига тўлсин,
Беҳиштдан берсин қаср,
Жойингиз жаннат бўлсин!
Иймонингиз саломат
Мушкуллар бўлсин осон
Тангрим қилсин шафоат
Хор этмасин ҳеч қачон
Ҳидоят топганлардан
Асралган бандалардан
Бўлинг то маҳшар қадар
Омин, Оллоҳу Акбар,
Омин, Оллоҳу Акбар!

ПАНОҲ

Кеча мени олишди ишдан,
Бунга афсус қилмайман асло.
Ғолиб чиқди гўёки душман
Назаримга илмайман,
аммо...

Ҳеч кимсага
қаролмайман тик,
Юзим шувут,
синди иродам,
Ўлдирмаскан одамни очлик,
Ор-номусдан
ўларкан одам.
Юрагимнинг
сизмоқда қони,
Беркинаман жон сақлаш учун.
Мени ютар
қайғу зиндони
Афтодаман,
абгор ва тушкун.
Ёқмай қолдим катта
бошлиққа,
Зулм қилган эди
рақибим,
Юрак тўлганида оғриққа,
Хато қилдим айтиб ҳақлигим.
Гоҳ эркинлик истаган онда,
Қўрқув билмай қоларкан одам.
Алам ўтиб кетганда жондан
Хато қилдим мен атайдан ҳам.
Ишдан кетган битта
мен эмас,
Кўнгил тоза бўлса,
бас экан.
Эл, қора қалб касни кечирмас,
Ҳақдан кетган чиқаркан элдан.
Юзим ёруғ,
элнинг олдида.
Унга асло отмаганман тош.
Кеча мағрур эдим
пойида,
Бугун музтар ургандирман бош.
Кеча эдим
ардоғидаман
Менга омад ёрлиги учун.
Бугун кўзин қароғидаман,
Хокисор ва хорлигим учун.
... Энди Оллоҳ корхонасида
Садоқатли бандаман, ишчан.
Энди ул Зот раҳнамосида,
Енга олмас
бирорта душман.
Ризқ бергувчи, асрагувчи соғ
Ҳар онимдан олгувчи хабар.
Одил ҳакам, энг қудратли шоҳ,
Кенг оламга энг олий Раҳбар.
Эй, улуғ зот
бўл менга нажот!
Қаршингдаман,
итоатдаман!
Паноҳингдан,
жой бер умрбод
Амрингдаман,
Ибодатдаман!


ИТ ВА БЎРИ

Кулма, битта менми ҳайдалган ишдан
Менга бўлолмайсан сен лойиқ душман.
Ҳар каснинг олдида ўйнатмасман дум.
Занжир боғлаб турган эмас бўйнимдан.

Келган бўлса ҳамки гар сенга даврон,
Шоирман хор қилиб қўймайди замон.
Шоир бир кун бўлса, бўлади бўри
Аммо ит бўлмайди шоир ҳечқачон.

ТАНГРИ ТАРОЗИСИ

Ривоят

Бу ўтмишдан қолган ривоят асли
Аммо ундай каслар учрайди ҳар дам.
Асло ўзгармаскан одамзот насли
Замонлар ўзгарар, ўзгармас одам.

Бу кун у ўзгача иморат солган
Ўзгарган эрмаги, айтган ашъори...
Аммо ўзгармаган Одамдан қолган
Тўрт мучаси ҳамда феълу атвори.

Хуллас, яшаганди бир сахий инсон.
Тоғлардайин мўл-кўл, унда мол дунё.
Ҳасадгўйлар бир кун кўтариб исён,
Арз қилдилар: – «Уни ўлдир эй, Худо!»

Кўкдан нидо келди: – «Яшамоқ учун,
Ҳар кимнинг ўлчови вақт-соати бор.
У ҳам мангу қолмас, ўлади бир кун,
Аммо менга ёқар бир одати бор.

Кўп бўлса-да бойнинг айбу-нуқсони
Ҳар кун юз кишига беради таом.
Ажални тўсган бахт– унинг эҳсони.
Сахий бўлган сари яшар бардавом».

Ҳасадгўйлар қолди, жим ва безабон
Аммо тушунмассан кўнгил ишига.
Бойнинг хасислиги тутиб ногаҳон
Таом берар бўлди, эллик кишига!

Ҳасадгўйлар яна қилдилар арз-ҳол:
« – Дорга осмоқ керак бундай осийни.
Ортиқча бир тариқ бермоғи маҳол
Ҳисобсиз бўлса-да мол-дунёсининг!»

Оллоҳ деди: – «Кимнинг қанча мулки бор.
Бойликнинг мен учун қиммати йўқдир.
Улки, дунёда энг разил ва бадкор.
Гар кимнинг кўнглида ҳиммати йўқдир.

Токи эллик киши еяркан таом
Токи эллик киши экан миннатдор.
Эллик киши қилса дуойи салом.
Яшамоққа бойнинг ҳали ҳаққи бор».

Ҳасадгўйлар қўлда маломат тоши.
Бало-қазолардан этсада огоҳ.
Ҳиммат кўрсатмоққа етмай бардоши,
Сахий ўз-ўзига қазийверди чоҳ!

« – Бойликни ҳавога совурмоқ нечун,
Эллик текинтамоқ керакмас, деди.
Бойлигим янада ошмоғи учун,
Битта одам қолса, менга бас», деди.

Ҳасадгўйлар яна кўкка ёлворди:
« – Бу касни сийлайсан саодат билан.
Унга чексиз молу-давлат юбординг,
Умри ўтаётир фароғат билан.

Айт, Оллоҳ бизларда нима гуноҳ бор.
Ё бизни назарга илмасмидинг сен
У ҳам бизнинг каби ўғри ва бадкор,
Қинғир ишларини билмасмидинг сен!»

Оллоҳ деди: «– Барча қилмиши аён.
Ризқ– мендан. Ҳаммани тўйдираман», – деди.
«Қолган бир одамдан юз бургани он,
Минг бор ёлворса ҳам ўлдираман», – деди.

Бу ҳолдан бехабар нотовон одам.
Бир коса таомни қизғанган маҳал.
Қашшоқ кўкка қараб, «оҳ» ургани дам.
Узди бойнинг шакар томирин Ажал.

Бу воқеа ҳаётда бўлганми ё йўқ.
Эшитганлар асло бўлманг норози.
Оллоҳ– чевар, кимки қилса нима иш.
Ўлчаш учун қўйиб қўйган тарози.

Бу тарози балки кўринмас сизга
Қани кўрсат дея ёқамдан олманг.
Бахт истар бўлсангиз ўз-ўзингизга,
Бировга яхшилик қилмоқдан толманг.

Кўкка боқманг ерга назар қилмасдан
Рози қилинг, сиздан норозиларни.
Бузиб қўйманг бир кун билиб билмасдан,
Оллоҳ қўйиб қўйган тарозиларни.

Сир-синоат кўпдир, бўлингиз огоҳ.
Бу-Оллоҳ синови бўлиши мумкин.
Бир коса таомни сиз қизғонган чоғ,
Жонингизни олиб қўйиши мумкин!

*  *  *

Яна кўклам. Олам беғубор
Яшармоқда ер ила осмон.
Менинг эса кўнглимда ғам бор.
Тарк этмаган бу ғам ҳеч қачон.
Еллар, отам каби силар сочимни.
Руҳимда тебранар етим эркалик.
Отамнинг қабрини зиёрат этдим,
Танимни титратди, қўрқув ва ҳадик.
Қабристон. Тушкун сукунат юрти.
Қабр– сўнгги маскан– қайғу уяси.
Марҳумлар вужудин шу уйга ташлаб,
Руҳи билан кўкка учади.
Бу ер ўстиргани қамиш, шўрадир.
Бу ернинг ери шўр, суви наъмакоб.
Қабр тоб ташлаган, бағри ўрадир,
Ўрага бош суқсам қалқийди ҳалқоб.
Барча қабрларни кўраман бир-бир.
Ожиз вужудимни қоплайди алам.
Мен узоқ яшайман, аммо барибир.
Бу ерга келаман бир куни мен ҳам.
Қўлимга илинар бир бош чаноғи.
Кўзлари ўрнида иккита ўйиқ.
Чаноқ аччиқланди ҳолимдан чоғи,
Бир қўшиқ бошлади, ҳаётий қўшиқ:
«Мен ҳам эдим сенингдек,
сен ҳам бўлурсан мендек.
Кунларни узун дема, йиллар учади елдек
Ҳаётингни ҳар они учун бергайсан жавоб,
Бу дунёга барчамиз имтиҳон учун келдик».
Чаноқни қўйиб сирт буриламан.
Ҳар томон куйлаётган ўра.
Ҳар томон тоб ташлаган,
Ҳар тарафда қоп– қора шўра.
Келди яна кўклам.
Табиат энг етук мамлакат.
Қалбларни шўр босган, онгларни алам
Бизни қўллагувчи Тангридир фақат.
Руҳимиз осмонга учган сингари,
Қўл чўзганмиз кўкларга қараб.
Топталган эрк, топталган ерларни
Азиз деб бош қўймоқдан қўрқиб, қалтираб.

МОЛДОШЛАР ВА ЖОНДОШЛАР

Кенг ўтлоқда ўйинлари ярашиб,
Ирғишлаб бир-бирин қучар кучуклар.
Суяк ташланса гар, ўлжа талашиб,
Бир-бирин ғажишга тушар кучуклар.

Менинг ҳам кўп умрим тўдада ўтди.
Гуруҳ ё жамоа дейилар бизда.
Дўстлик, улфатчилик бузилиб кетди.
Фойдани бўлолмай қолганимизда.

Биз ҳам қучоқлашиб кўришар эдик,
Қизғин айтар эдик, тилак сўзларин.
Мол-мулкни теппа-тенг бўлишар эдик,
Ҳамтовоқ дўст эди, ошно дўстларим.

Аёндир, ҳар одам, ҳар кун, ҳар фурсат
Бу дунёга эга бўлмоқ истайди.
Бўйсунмоғи учун
мансаб, шон-шуҳрат
Ўзига тўда ё
гуруҳ излайди.

Бари ўтди, ҳавога соврилди йиллар,
Кўп кўрдим сотгану-сотилганларни.
Зориққан, синиққан юрагим излар
Худони ўзига дўст билганларни.

Алдамайди улар, ё сотиб кетмас,
Ғамни, шодликни тенг кўради баҳам.
Мендан ё ўзидан қўрққандан эмас,
Кўриб тургани-чун, хабардор Хакам.

Гар ўлжа ташланса, баднафс одамга,
Етмас бу дунёнинг хазиналари.
Ахир биз ҳайвонмас, инсонмиз, ҳамда –
Худонинг ердаги халифалари.

Худо буюргани инсонга қонун
Барча бўйсунганлар, қондош дўстларим.
Ошно бўлмас, улар ошу-нон учун.
Иймон учун дўст бўлар, жондош дўстларим.

Яшаш осон. Аммо ҳар ким ҳам ўлар,
Ва қайта тирилар, Еру-кўк тўлиб,
Молу-дунё учун дўст бўлган дўстлар
Уйғонар бир-бирин душмани бўлиб.

Гўё, кўкда ўйинлари ярашиб,
Ирғишлаб бир-бирин, қучган кучуклар.
Суяк ташланганда, ўлжа талашиб,
Бир-бирин ғажишга тушган кучуклар.

БУРГА
(Ривоят)

Бир сири бор сабабли
Кўринг дунё ишини,
Тақдир юртда бой айлабди
Бир камбағал кишини.

Бойки, шаъни салтанати
Жаъми тахтдан юксакроқ.
(Гарчанд иймон тантанаси,
Жаъми бахтдан юксакроқ.)

Аммо бой осий эди,
Келтирмас эди иймон.
– Бойман, буюкман, – дерди.
Дерди: – Бош эгсин жаҳон!

Бойнинг ушбу сўзидан,
Жаҳли жуда қўзиган,
Бир бурга бой бурнига
Кириб кетди дўқ билан.

Сўнг ўтиб мия томон
Чақаверди аямай.
Қолди бари оломон
Қутқармоққа ярамай.

Бошидаги азобдан
Шўрлик солар эди дод.
Аммо жонига оро
Киролмасди бирор зот.

Сўнгра бой навкарига
– Саф бўлиб туринг, – деди.
Нуқиб ўз калласига
– Тош билан уринг, – деди.

Ураверди ҳар аскар
Бирма-бир бой бошига.
Йўлиқса бош соғ қолмас
Бу дунёнинг тошига.

Ҳисса шулки Худога
Иймон келтирмай бўлмас.
Келтирмаган дунёда,
Хору зорликсиз ўлмас.

Кибр қилганида бой
Жазосин берди Ҳолиқ.
Аммо бундан ҳам кўпроқ
Эрур жазога лойиқ.

Иймон келтирмай Хаққа
Мудом яшаб юрганлар,
Ушбу ривоятга ҳам
Ишонмасдан турганлар.

ЙЎҚОТДИМ ҚЎЛ ТЕЛЕФОНИМНИ

Йўқотиб қўйдим қўл
телефонимни
Бир зумда дилимни босди ҳавотир
Гўё кимдир билмай турган жойимни
Мени ташвиш билан ахтараётир.

Қўрқувга тушаман,
юракда хатар
Хаста эди онам.. кексайган онам
Наҳот телефонда
ахтармоқдалар
Хабар бермоқ учун,
тезда менга ҳам.

Йўқ-йўқ мумкин эмас,бари бекор гап
Дейман: – Онам ҳали тетик,
соғ омон...
Ногоҳ титроқ босар, хотиним йиғлаб
Гўё изламоқда қайдадир сарсон

Бир гап бўлдимикан болаларимга
Қай бири йиқилиб тушганмикан ё,
Қайта-қайта терар
рақамларимга
Мен эса турибман,
билмай бепарво.

Кимлардир қилмоқда гўё қўнғироқ
Кимдир тўй қилмоқда,
ё кимдир ўлган
Мен-чи жим турибман.
Оламда бироқ
Қайгадир ўт кетган,
нимадир бўлган.

Лим-лим тўлиб борар сабрим косаси
Ўзимни қўярга жой тополмайман.
Телефон йўқ пайтлар одам боласи
Қандай яшаганин тушунолмайман.

Телефонда эди қанча рақамлар
Хатлар, суратлар-у,
тўй лавҳалари
Суҳбатдош дўстлар-у,
ҳамкасб одамлар,
Бирла кечган умр саҳифалари

Барини йўқотдим, телефонимни
Кимдир, қаердандир
топиб олгандир
Ўчириб сим карта,
ҳамда номимни
Балки чўнтагига хушнуд солгандир.

Бировнинг ҳаёти бировлар учун
Сариқ чақачалик балки қадри йўқ
Ҳатто биров ўлса, бировлар мамнун
Баъзан туришади, ҳиссиз,
кўнгли тўқ.
Қанча хотира-ю, кўнгил иплари
Муҳаббат риштаси узилар хор- зор.
Кимнидир умиди, интилганлари
Асраб жон тиккани, узилар– дийдор.

Майли, мен айрилдим темир матоҳдан
Мол дунё топилар, жон бўлса омон
Аммо ҳаёт билан бизни боғлаган
Севганларни йўқотмайлик ҳеч қачон.

*  *  *

Нега ҳаёт деган дилбарни севдим.
Бўлдим болаликдан хуснига шайдо.
Нуқрадай эканин билмаган эдим,
Замин ўн саккиз минг сайёра аро.

Замин бир заррадир кенг коинотда.
Лекин инсон экан мангу ўлмас зот.
Яшаркан фоний ва боқий ҳаётда
У Тангрига қул ва банда умрбод.

Ҳар кимнинг ҳар куни, ҳар бир соати
Ҳар они аввалдан ўлчанган экан.
Тангрим, сенга бўлсин бор ибодатим.
Тангрим, банданг бўлай доим сен севган.

Иймон нури ёниб турсин бағримда
Адаштирма асло тўғри йўллардан.
Бахт бер, ҳаловат бер тушкун қалбимга,
Бер, яхши ҳаёт ва умр ўнгланган.

Солиҳ фарзандлар бер, диёнати бор
Уйимдан кетмасин файзу-фароғат.
Бергин иффатли ёр, садоқати бор,
Ва ота-онамни қилгин саломат.

Тангрим сен буюксан, тенгсиз акбарсан
Пойингда қўл чўзиб, дуодадирман.
Арзим кўп, мен фақат сендан сўрарман.
Сенсиз яшай олмас
дунёдадирман.

Яшаш завқи бир он ташлаб кетмайди.
Ҳар он ҳаёлимни яшайди чархлаб.
Қанча севсанг унга, шунча етмайди
Тангрим, менга бергин дунёни шарҳлаб.

Омад бер, омон эт таҳликалардан.
Балолардан асра, титроқ жонимни.
Ёрқин истеъдод бер, алангаланган –
Элга айтадиган дил туғёнимни.

Муҳаббат бер қалбда ёнгувчи абад.
Дўстлик бер,
дўст бўлсин кўз қароғида.
Зафар бер, бер менга ғолиблик фақат
Қадр бер, қўлласин эл ардоғида.

Бер, бемор чоғимда шифойи комил
Бер, икки дунёнинг саодатини.
Ғанимлар олдида ўзинг бўл одил,
Бер, тўймас нафснинг қаноатини.

Имкон бер, қондирай эҳтиёжимни
Яна бир он билмам, яшарманми йўқ?!
Сен бир он берган бу ихтиёримни
Бир ондан сўнг яна топарманми, йўқ?!

Яна миллион-миллион истакларим бор
Яна миллион-миллион умидвор инсон.
Яна миллион-миллион сайёралар зор,
Сендан нажот кутар эй, Буюк Хоқон.

Пойингда самовот, Ер ила осмон
Халқлар-у маҳлуқлар, руҳу-малаклар
Сенга сажда айлар то охир замон
Муҳаббатинг билан ёруғ юраклар.

Ўзинг нажот бўлгин,
ўзинг бўл паноҳ
Ишонганимиз сен Якка ягона
Зотан, сен истасанг биз бормиз, Оллоҳ
Юз бурсанг
Ер- кўкдан қолмас нишона.

СЕВГИ БОР БЎЛСА АГАР...

Доим ғамнинг кўплигин, бахтнинг камлигин кўрдим
Тақдир юзнинг бошин силар, юз мингги силанмаган
Бир адашган аёл ҳақда, ёмонлаб ёзмоқ бўлдим,
Айби унинг кўчадан ишқ ахтариб, алданган.

У ўйларди қайдадир, бор халоскор иноят
Кутарди бир умрлик, муҳаббат, садоқатни
Ўйларди, ҳаёт фақат айш-ишратдан иборат,
Доим маст бўлсам дерди, майидан фароғатни.

Бу дунёда борми ўзи, адашмаган бир кимса
Мангу яшамоқ учун ҳеч бир зот яралмаган
Фурсат – қисқа, ишқ – қисқа, инсоннинг умри қисқа,
Жаннатдан инсон насли бекорга ҳайдалмаган.

Тунлар тўқидим гоҳи, ишқ ҳақида эртаклар
Юрагим талпинарди, чин дебон бу рўёни
Нажоткор туюларди, бу савдойи эрмаклар.
Севги бор деб алдамоқчи бўлган эдим дунёни.

Кўзларимга бунча ғамгин боқма эй, мунис аёл
Ҳа, шоирман, аммо сени алдаган мен эмасман.
Келмасин ишқ ҳақида, ёзган шеърларим малол,
Ўзимни ҳеч сендан кўра покизароқ демасман.

Балки сен ҳам адашмаган, мен ҳам эмасман гумроҳ
Тангридан шафқат истаб, ўзга айтар нолам йўқ:
Бор бўлса севги агар, демак йўқ бизда гуноҳ,
Севги йўқ бўлса нега, йўқ дегувчи одам йўқ?!


МЕНИ КЕЧИР

Рафиқамга
Мени кечир, сени бахтли қилолмадим.
Ваъдалар бергандим
қилган эдим аҳд.
Неча бор уриндим,
уддалолмадим.
Тобора узоқлаб
бораётир бахт.
Иродам синдими,
синдиришдими?!
Бир пайтлар боқардим
сервиқор, тикка.
Руҳимдан исённи
тиндиришдими?
Кўзларим тўладир
мунг ва ҳадикка.
На бир шеър на бир сўз,
на орзу, мақсад
Энди осмонимда
қанот қоқарлар
Бургутдай кўкларни
кўзлардим ҳарвақт
Менга эга чиқди,
товуқбоқарлар.
Кечир бўлолмадинг
хуррам, бахтиёр.
Тугаб бораётир
тобора имкон.
Билсайдим чоҳларнинг
турганин тайёр
Ваъда бермас эдим
сенга ҳеч қачон.
Баққолни бува деб
бол олмоқ мумкин.
Аммо ҳеч хиёнат
қилмасман шеърга.
Шайтонларга қарши
ёзмоғим учун
Худойим, менга ҳур
қаламни берган.
Дунёга эгадир
шайтонваччалар
Уларга қўшилсам
бойирдим маҳкам.
Аммо ҳалол йўлда
топилмаса гар,
Давлат-у бахт эмас,
тилло-ю зар ҳам.
Турибман сарсари
абгор ва тушкун
Кечир. Мажолим йўқ.
мени қил дуо.
Сен дейсан: – «Мадад бор,
нотавон, мискин.
Хору-заифларнинг
дўстидир Худо!
Бор қудрат қўлида
бўлган буюк зот
Агарки қўлласа,
бўлса биз тараф
Йўлимизни очса,
ўнгласа ҳайҳот
Шудир бахт, шу тенгсиз
саодат, шараф.
Толемизни ёруғ
қилсин Худойим
Бахт бергувчи фақат
Парвардигордир.
Бизлар хор бўлмасмиз,
дунёда доим
Худони унутган
кимсалар хордир!»
Сен таскин берасан.
бахт айвонида
Сенга эрк шаробин
ичирмоқчи эдим.
Навоий қолдирган
шеър осмонида
Мен ҳам шеърларимни
учирмоқчи эдим.

Бир шеърки юракдан
кўкка ўрлаган
Гўё эрк номидан
айтилган фарёд
Бир шеърки, хавф ичра
қолганда Ватан
Гўё мард ўғлонлар
ичган қасамёд.

Мени кечир, сени бахтли қилолмадим.
Аммо ўзимни ҳеч кечиролмасман.
Юксак парвозга шай шеърлар ёзолмадим.
Қанотлари синган, учиролмасман.

МУҲАММАД  ИСМОИЛ