Facebook
Ишқ ҳақиқати PDF Босма E-mail

МАЙ ФАРЁДИ

Қуйдилар май, келди садоси:
«Эдим бир бош ажва хурмоси.

Вужудимни расо билдилар,
Ўз танамдан жудо қилдилар.

Чидамайин этгандим фиғон,
Ўтга тутиб қилдилар бийрон.

Кундузлари қайнардим тинмай,
Кечалари мижжа ҳам қоқмай.

Сўнгра олиб, зиндонбанд этиб,                                                 
Жигар-бағрим титкилаб, эзиб.

Вужудимни пора этдилар,
Ўзлигимдан жудо этдилар.

Бирдан қолдим бутунлай тиниб,
Кетдим гўё борлиққа сингиб.

Шунда жило айлади офтоб,
Бўлдим бирдан ажойиб шароб.

Шундан буён иззат ичраман,
Доим айшу ишрат ичраман.

Ошиқларга кўзгуман гўё,
Маъшуқасин кўрарлар танҳо.

Мендан тотса ким, куйиб ёнар,
Охир, хатто ўзидан тонар.

Унутар бор дарду ғамларин,
Ўйламас ҳеч кўпу камларин.

Шу сабабдан бўлдим қўлма-қўл,
Висол арши учун танҳо йўл.

Ёр васлидан баҳраманддирман,
Ҳарамида аржуманддирман».


КОСА САДОСИ

Тилга кириб косаси шу дам,
Деди: «Айтай сўзларим мен ҳам.

Асли наслим тупроқдан, билинг,
Одам ёки япроқдан, билинг.

Мен эрурман кимларнинг боши,
Нозанинларнинг қалам қоши.

Подшоҳми ё ғаний, олим,
Ё гадоми, мазлумми, золим.

Менга йўқдир ҳеч бирин фарқи,
Бир эмасми тупроқнинг нархи?!

Сўнгра бўлдим сув билан ошно,
Ана шундан бошланди ғавғо.

Оғирлашди вужудим бутун,
Оғриқ недир, англадим бу кун.

Отиб мени оёқ остига,
Ўтдилар сўнг бости-бостига.

Тепкилашди беармон, роса,
Бўлсин дейиб мени чин коса.

Сўнгра уриб шакл бердилар,
«Яхши босинг, пишсин», – дердилар.

Ундан олиб ўтга тутдилар,
Чўғдек бўлмоғимни кутдилар.

Вужудимда қолмади ғубор,
Кетди мендан олдин неки бор.

Таратдим, бас, жарангдор садо,
Ишқ аҳлини айладим шайдо.

Кўринг, қандоқ соф бўлди жисмим,
«Коса» дейиб қўйдилар исмим.

Шундан буён қўллар узраман,
Қасру айвон, шоҳлар ичраман.

Менда тўла муҳаббат майи,
Куйлар мени муғанний найи.

Менсиз ўтмас шоҳларнинг базми,
Шоирларнинг битмагай назми.

Ошиқларнинг қўлидадирман,
Ёрнинг ўнгу сўлидадирман».

КЎЗА САДОСИ

Бирдан кўза айлади нидо:
«Мен ҳам деяй, қолмайин танҳо.

Тупроқдандир менинг ҳам жинсим,
Коса асли менинг ҳамжинсим.

Оби ҳаёт устимдан қуйиб,
Ажратдилар аслимдан узиб.

Бундан бўлдим нолону гирён,
Не қиларлар, билмасдим ул он.

Неча кундир эркин қўйдилар,
Кейин вужудимни ўйдилар.

Ерга уриб, тепкилаб, эзиб,
Жигар-бағрим поралар этиб.

Сўнгра мени қолибга солиб,                         
Ортиқ жойим ташлашди олиб,

Тутиб яна бағрим ўйдилар,                                                                          
Ичимни бўш қилиб қўйдилар.

Чиқардилар қулоғу кўзим,
Танимасдим ўзимни ўзим.

Кейин олов ичра солдилар,
Айтинг, қачон у кир қолдирар?!

Кундузлари ёнардим тинмай,
Кечалари мижжа ҳам қоқмай.

Қолмади ҳеч ҳоҳишларим ҳам,
Тамом бўлди нолишларим ҳам.

Эсиб бирдан ажойиб шамол,
Вужудимда қолмади мажол.

Сокин бўлди бутун борлиғим,
Сезмай қолдим ўзим борлигим.

Топдим ажиб ҳусн ва зийнат,
Шон-шарафу, бебаҳо қиймат.

Кўрдилар, бас, шаробга лойиқ,
Тутдилар бош  узра халойиқ.

Доим шоҳлар билан суҳбатим,
Базму ишрат ҳам маишатим.

Қасру бўстон масканим мудом,
Менга майдан ўзгаси ҳаром.

Ўзгага йўқ, чунки, ҳожатим,
Ҳожатим не, балки тоқатим.

Зотан, ул май ичим қиздирар,
Тушса не ёт нарса, куйдирар.

Барча фойда, лаззатим майдан,
Келмагай бу ўзга бир шайдан.

У туфайли ёр биландирман,
Суҳбатидан баҳраманддирман.

Мадҳ этиб ёр мақтайди мудом,
Менга асли етар шу мақом.

Лек, умидим, илтифот айлаб,
Тонгла, «Эй, кел!», деб хитоб айлаб.

Базм этарда ўшал боғида,
Чорлагайдир висол чоғида.


СОҚИЙ САДОСИ
1.
Алар сўзин тинглагач соқий,
Деди: «Айтай каломи боқий.

Эй май, аввал сендан бошлайин,
Кўзларингни, кел, бир ёшлайин.

Сен, танамдан ажралдим, дединг,
Бил, ўшанда туғилган эдинг.

Айрилиқдан бўлгандинг гирён
Бошланди, бас, сенга имтиҳон.

Хуруж қилди илк нафси бад,
Шайтон душман бўлди то абад.

Етди сенга хилма¬хил озор,
Сабр билан ютдинг сен ҳар бор.

Узлат этдинг боридан қочиб,
Ҳақдан ўзга барчадан тониб.

Кетди жумла ўзга неки бор,
Қолмади ҳеч сенда кир, ғубор.

Қарор топдинг сен шу ҳолатда,
Етди бир ҳол ушбу соатда.

Қучиб сени илоҳий севги,
Бўлдинг соф, чин, хақиқий севги.

Битди кулфат, топдинг шон-иззат,
Ҳақнинг ёди сенга айш-ишрат.

Толибларга матлубсан мангу,
Гўё тавҳид нурига кўзгу.

Тушсанг агар кимнинг кўксига,
Сендан ўзга сиғмас кўнглига.

Туйиб сендан лаззат, ҳаловат,
Гўё ичмиш жаннатий шарбат.

Дунё ғамин чекмас, кўнгли тўқ,
Бойлик етса-кетса, фарқи йўқ.

Еру кўкда ҳурмат не ажаб,
Сенсан Ҳаққа етмоққа сабаб.

Сенсиз Унга боғланиб бўлмас,
Боргоҳига кириб бўлмас.

Ким сен билан, баҳраманд бўлгай,
Даргаҳида аржуманд бўлгай.

Ушбу васфинг мақсад ва ғоя,
Исминг магар ҳолдан киноя.

2.
Кел, эй коса, тингла сўзларим,
Мен айтай, сен англа сўзларим.

Жисминг асли яралмиш ердан,
Сўнгра келдинг қайсидир эрдан.

Бўлса қандоқ боиси жисминг,
Ўзгармас ҳеч жисмингу исминг.

Зеҳн солиб, тафаккур қилсанг,
Бир хил зарра барчаси, билсанг.

Сўнг қоришди жисмингга руҳинг,
Бошланди, бас, дарду шукуҳинг.

Жисминг сезиб оғирлик шундан,
Руҳинг туйиб оғриқ шу кундан.

Тушдинг ерга, тортдинг азият,
Лозим эрди сенга тарбият.

Устоз сени юмшатди олдин,
Чунки жисминг асли сополдин.

Зоҳир этди барча зийнатинг,
Кетказди ҳам ёмон хислатинг.

Мақсад эрди буткул ростламоқ,
Ирфон учун сени хосламоқ.

Солиб сенга муҳаббат ўтин,
«Ўзга»ларни куйдирди бутун.


Қолмай ғубор, бўлдинг мусаффо,
Топди ҳатто ўзлигинг фано.

Кўриб сени, юракми, дерлар,
Руҳинг эса кўнгилдан асар.

Титрар сенинг нолангдан жаҳон,
Айлар сен-ла ошиқлар фиғон.

Топдинг иззат еру осмонда,
Жаннат аҳли ичра ризвонда.

Сен ўзингсан муҳаббат ўрни,
Бу оламда маърифат ўрни.

Ошиққа йўқ сенсиз ўзлиги,
Шоирларга қайда сўзлиги?!

Файзу илм қароргоҳисан,
Чунки, Ҳақнинг назаргоҳисан.

Ёдидан ҳеч тўхтамас лабинг,
Розилиги эрур матлабинг.

Коса сенинг мажозий отинг,
Юрак-кўнгил ҳақиқий зотинг.

Сен каби чун соликнинг дили,
Дил эса бу – вужуд қандили.

3.
Энди навбат сенга, эй кўзам,
Сўзларимдир сен учун малҳам.

Билки, отанг ердан яралмиш,
Кўкси, «юрак» дея аталмиш.

Сен эрурсан унинг наслидан,
Қандай тонар насл аслидан?!

Пуфланди руҳ жонсиз танангга,
Қадам қўйдинг она ватанга.

Ўтмишингдан ажраб йиғлардинг,
Келажагинг қайдан билардинг?!

Гўдаклигинг ўтгач беғубор,
Бошланди ғам-ташвишу озор.

Нафсинг сени қийнарди қайнаб,
Қилар эди неларни талаб.

Қайтарарди ундан виждонинг,
Ўйлаки, ул туғма иймонинг.

Учради бир муғанний сенга,
Яъники, бир мураббий сенга.

Қийнаб эзди нафси балойинг,
Синдирди ҳам кибру ҳавойинг.

Бериб гўзал ахлоқий шакл,
Кетказди не бўлса ноасл.

Ҳамда сенинг кўксингни очиб,
Дунё ишқин ташлади олиб.

Очди қалбинг қулоғу кўзин,
Англагайсан токи Ҳақ сўзин.

Булар бори дарак билимдан,
Муқаддамдир одоб илмдан.

Қўйган эдинг илмга қадам,
Топди барча ғуборинг адам.

Битди ўйин ва роҳатларинг,
Уйқу бўлди ибодатларинг.

Тамом бўлди ҳавойи нафсинг,
Бўлди ризо қояси хасминг.

Хотиржамлик, сокинлик топдинг,
Фано ичра сокинлик топдинг.

Ҳақдан етди тажаллий сенга,
Насиб этди таваллий сенга.

Илм билан бўлдинг музаййан,
Олимга йўқ қиймат муаййан.

Ҳақ ишқига бўлдинг муносиб,
Инсу малак хайлига ғолиб.

Ҳамсуҳбатинг аҳли маърифат,
Ҳақ ёдидир сенга айш-ишрат.

Жойинг илму зикр халқаси,
Сенга ҳаром ишқдан бошқаси.

Бошқадан чун сенга не ҳожат,
Ўзга севги келтирар кулфат.

Ҳақнинг ишқи ўртатар дилни,
Васфи ожиз қолдирар тилни.

Лаззати тан, жонингни қамрар,
Барча ғамлардан халос айлар.

Ундан ўзни ажратолмассан,
Боисин, лекин, билолмассан.

Ёди Ҳаққа неки зид келмиш,
Дилдан ани ишқ даф этмиш.

Доимо Хақ ёди бирлансан,
Ҳам Каломин зикри бирлансан.

Кўкда ёд айлар сени Аллоҳ,
Ўзга халққа қайдадир бу жоҳ?!

Лек, умидинг, тонгла лутф айлаб,
«Иржиъий» бирлан сени чорлаб.

Жаннатида аржуманд этгай,
Ҳам Юзидан баҳраманд этгай.

Ушбу ҳолинг англаб илм аҳли,
На илм, бил, илму билм аҳли.

Айламишлар тасбеҳ кўзага,
Қадрингни жавҳар ферузага.

Ҳақ йўлида соликсан асли,
Англамас, лек, буни жаҳл аҳли.

Сен билан бор қалбу муҳаббат,
Бўлмаса дил, сенда йўқ журъат.

Лек бўлмаса муҳаббат агар,
Иккингиз ҳам оддий лой магар.

Гар десангиз: «Кимсан сен ўзинг?
Пурмаъно ҳам роҳатбахш сўзинг!».

Исмим Муршид, лақабим Соқий,
Барча фоний, магар, Ҳақ боқий.

Сизга ҳақни етказдим тамом,
Сўзим битди энди, вассалом.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид