Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср» ИНСОФ. Эркин МАЛИК
Facebook
ИНСОФ. Эркин МАЛИК PDF Босма E-mail

Тоҳир ҳожи мошина ишқивози. Бир вақтлар автосервисда ишлагани учунми, минмаган мошинаси қолмаган ҳисоб. Яқинда яна биттасини олибди. Чет элники экан. Юришини кўрайлик, деб бекаларимизни олиб, тоғдаги боғҳовлига жўнадик.
Тоҳир ҳожи нимагадир бугунги ёшлардан хафа эди. Орада фарзандларини ҳам қўшиб қўярди: ёшлар бефарқ, дангаса, ҳамма нарсани пул билан ўлчайди, катталарнинг ҳурматини жойига қўймайди. Инсоф деган нарса қолмади. Муштдайидан тортиб тошдайигача қўлида “сотка”, қулоқларида алламбало мусиқалар...
Хуллас, бора-боргунча дардларини эшитиб кетдим. Куйиб-пишганида жон бор. У ўзини ўйламаяпти, келажагини ўйлаяпти. Хоҳлаймизми-йўқми, ёшлар келажагимиз-да, ахир. Қанийди ҳамма ҳам шу ташвиш билан яшаса. Гарчи ҳамсуҳбатим баъзи ўринларда ошириб-тошираётган бўлса ҳам, баъзи гапларига қўшилмаётган бўлсам ҳам, қарши фикр айтмадим. Руддат одам билан баҳслашиб бўлмайди. Шусиз ҳам асаби таранг....
Қизиғи шундаки, худди Тоир ҳожининг гапларини тасдиқлагандек, бизни ҳали ўнгдан, ҳали сўлдан ёшлар қувиб ўтишарди. Вой бу ҳовлиқмаликлари... Тоғ йўли равон, табиат мафтункор. Енгил мошиналар қалдиғочдек учади. Гумбира-гумбур мусиқа-ашулалар.
Манзилга етгач, у киши хотини билан идишларни олиб, мошинада булоққа сувга кетди. Мен ошга ундадим. Ҳожининг қаерда бўлса ҳам, соат бирга етиб келишини билардим. Пешин намозини ўқишимиз керак-да. Соат бирга қараб ошни дамладим. Мўлжал пешинни ўқигандан кейиноқ дастурхонга ўтириш.
Аммо ҳадеганда меҳмонимдан дарак бўлавермади. Пешинни ўзим ўқидим. Соат икки ҳам бўлди, йўқ. Ошиланж бўлиб кетди. Хавотир олиб, кўчага отланган эдим, ҳартугул келиб қолди.
—    Э, — дедим мен, — сизларни талқон еб, сувга жўнатиш керак экан-ку...
—    Ошни сузинг, кейин гапириб бераман, ўзиям сиз ёзадиган нарса, — деди у кулиб.
Ошни еб бўлгач, бир пиёла чой устида Тоҳир ҳожи ҳикоясини бошлади.

* * *

«Идишларни сувга тўлдиргач, тоғ манзараларини келинингизга тепароқдан кўрсатгим келиб қолди. Бир ерга чиқиб тўхтадик. Мошинани йўл чеккасига қўйиб, чор-атрофни роса томоша қилдик. Сўнг кетайлик десак, мошина юрмайди денг. У ёқ-бу ёғини кавлаштирган бўлдим, аммо бир иш чиқара олмадим. Охири ёши улуғроқ бир ҳайдовчини тўхтатдим.
—    Эй ака, — деди у кулиб,
—    биз ҳам сизга ўхшаган “лётчик”миз — ҳайдашни биламиз- у, ўзини тушунмаймиз.
Яна бир кишини тўхтатдим. У ҳам худди келишиб қўйгандек, “лётчик”миз деб елка қисди.
Нима қиларимни билмай, Тошкентга, автоустахонада ишлайдиган ўғлимга сим қоқдим. У бир соатдан кейин бўшашини, сим қоқиб, сўнг етиб келишини айтди.
Шу пайт ёнимиздан шувв этиб битта “Тико” ўтди. Нарироққа бориб, тўхтади. Сўнг тисариб олдимизга келди. Эгаси ёшгина экан.
—    Ассалому алайкум, тинчликми, дода?
—    Э-э, мана бу савил юрмай қолди, — дедим уни кўзга илмайроқ.
—    Кўрсам майлими?
—    Кўрсанг кўр...
Йигитча уни-муни кўрди, мошинанинг тагига ҳам кириб чиқди. Бир пайт мошина гуруллаб ишлаб кетди. Бир-биримизга қараб жилмайишдик. Ҳалитдан бери энди тоғда қолиб кетамизми, деб хуноб бўлаётган хотинимнинг чеҳраси ёришди.
—    Баракалла, болам, ёш бўлсанг ҳам, уста экансан, мана бу хизмат ҳақинг, — деб унга пул тутдим.
—    Пулингизни олмайман, — деди йигитча, — менга Аллоҳдан инсоф сўраб дуо қилинг.
Ҳанг-манг бўлиб қолдим. Гўё йигитча менинг, ёшларда инсоф қолмади, деб қилиб юрадиган иддаоларимни эшитгану писанда қилаётгандек эди.
—    Эй болам, ўзинг инсофнинг ичида экансан-у, — дедим ҳайратимни яширмай. — Аллоҳ янада зиёда қилсин, — деб дуо қилдим.
Йигитча қўлини кўксига қўйиб, “Тико”ни учирди-кетди.
Мошина бир оз юргач, яна иш кўрсатди. Бу сафар ёши ўттизлар атрофидаги, янги “Нексия” минган йигит ёнимизга келиб тўхтади.
—    Ассалому алайкум, ҳа, отахон?!
—    Кўрмайсизми, бир барака топкур болам ҳозир юрги- зиб берувди, яна иш кўрсатиб қолди, — дедим саломлашиб.
Йигит бўйнидан бўйинбоғини ечиб, енгини шимариб, ишга тушиб кетди. Афтидан, биладиган кўринарди. “Чет мошинасининг оҳанжамаси кўп-да”, деб қўйди иш орасида. Кийимлари жуда тоза, аммо у парво қилмай, берилиб уннар эди. Шундай йигитни уринтириб қўйганимдан хижолатда қолдим. Лекин йигит қанча уринмасин, машина сира ўт олмасди.
Чўнтагидан телефонини чиқарди. Ким биландир боғланди. Гаплашиб, мошинанинг маркасини айтди. Ҳолатини тушунтирди. “Ҳа, хўп” деб бир жойини очди. Кейин яна бояги одамга сим қоқди. У ёқдаги одам бир нарсаларни тушунтирди. Йигит унинг айтганларини қилиб, мошинани ёқди. Ёнмади. Яна сим қоқди ва энди бошқа жойини ковлашга тушди. Хижолатдан тамом бўлаёздим. Хаёлимда йигит телефоннинг ўзини беш-олти минглик ёқиб юборди-ёв. Вой, барака топкур-эй. Менинг телефонимдан фойдаланинг, деб икки-уч айтдим. Унамади.
Ниҳоят, мошина ўт олди. Уч-тўрт марта қайта ўчириб ёқди.
—    Ана энди сизни қийна- майди, — деди бақлашкадаги сувда қўлини совунлаб ювар экан. Кейин қўл телефонимни олди-да, унга бир кишининг исми, телефон рақамини ёзиб берди. — Инжиқлик қилса, шу устага учрашинг. Чет мошиналарнинг пири, — деди.
—    Раҳмат, мана буни олиб қўйинг, — деб пул узатдим.
—    Йўқ, — деди йигит, йўлнинг иши қийин, шунақада бир-биримизга қарашмасак, қачон қарашамиз. Мен розиман.
—    Яхши, — дедим мен, — ҳеч бўлмаса, телефон ҳақини олинг, ҳазилакам ёқдингизми, мени хижолат қилманг, болам.
—    Яхшилик қилсанг, бутун қил, деганлар, отахон, —    дея самимий кулди йигит ва машинасига ўтириб, жўнаворди».

* * *

—    Яратганга тавбалар қилдим, — деди Тоҳир ҳожи бо- шини эгиб. — Ёшлар орасида тилласи кўп экан. Аллоҳ мени тоққа олиб чиқиб кўзимга кўрсатиб қўйди. Бундан бу ёғига анови болам айтганидек ўзимга инсоф сўрайман.
Тоҳир ҳожининг бу гаплари “Кўпчиликни ўнглайман деган одам, аввало, ўзини ўнгласин”, деган ҳақиқатни ёдимга тушириб юборди.