Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»Музқаймоқ. Одил Ёқубов - 2
Facebook
Музқаймоқ. Одил Ёқубов - 2 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Музқаймоқ. Одил Ёқубов
2
Ҳамма саҳифа
Кечқурун мен кундузи бўлган воқеани ҳаяжондан энтика-энтика ойимларга айтиб бердим.
Ойимлар мен кутган мақтов ўрнига:
— Ҳой, болам-ов, болам-ов! — дедилар тўсатдан кўзларига ёш олиб. — Сенга нима бўлди, болам-ов!
— Менга нима бўпти? Нега бундай дейсиз, ойижон? — дедим ранжиб.
— Ҳеч нима... Илоё дадангга ўхшаб қаҳри қаттиқ бўлма. Оллодан биттаю битта тилагим шу, болам.
Ойимларнинг гапига яхши тушунмадим. Эрталаб мактабга, тўғрироғи, залда осилган ҳурмат тахтасига қараб чопдим. Надоматлар бўлсинким, рўйхатда менинг номим йўқ эди! Кўзларимга ишонмай рўйхатга бир неча марта кўз югуртириб чиқдим: йўқ, на номим, на суратим бор! Душманнинг ёвуз кирдикорини фош этган ҳамма ҳушёр пионерларнинг сурати ҳурмат тахтасига осилган-у, битта менинг суратим йўқ! Афтидан, кимдир ҳушёрлик қилиб халқ душмани фарзандининг суратини ҳурмат тахтасига осиш мумкин эмаслигини айтиб, мендан ҳам ҳушёрроқ бўлган!
Мана, бу воқеаларнинг содир бўлганига ярим асрдан кўпроқ вақт ўтди. Шахсга сиғиниш даврининг не-не жиноятлари фош этилди. Бу жиноятлар қандай даҳшатли бўлмасин, назаримда, уларнинг энг ёмони — катталар етмагандек, мендай гўдакларни ҳам ҳамма нарсага шубҳа билан қараш, ҳаммаёқ-дан ёвуз кирдикорлар қидиришга қаратилган уринишлар деб биламан.
Ниҳоят, дадамлар билан видолашадиган кун ҳам келди видолашишга уч кишига рухсат беришганди: ойимлар, катта опамлар ва менга! Шу боисдан бўлса керак, қариндош-уруғлардан ҳеч ким, на дадамларнинг укалари, на ёр-дўстлари — ҳеч ким келмади.
Ойимлар билан опамлар кечаси ухлашмай, дадамлар учун буғдой талқон, сўк талқон ва яна аллақандай нарсалар тайёрлашди. Чунки бу пайт дадамлар озод бўлади деган умид ожиз милтираб турган шамдай сўнган, у кишини узоқларга олиб кетишлари чамаси ойимларга аён эди.
Эрталаб тўрва-халталарни кўтариб қамоқхонага қараб йўл рлдик. Бу сафар бизни кўп куттиришмади. Белига чойнакдай тўппонча тақиб олган ҳарбий бизни узун, тор, нимқоронғи йўлакдан ичкарига бошлади. Йўлакнинг ярмига борганда ўнг қўлдаги эшикни очиб, бизга йўл берди. Чоғроққина тўртбурчак хонанинг тўридаги стол олдида гимнастёрка кийган, сочлари оппоқ бир одам алланималарни ёзиб ўтирарди.
Дадамлар бурчакда курсида ўтирган эканлар (мен аввал у кишини танимай қолибман!) биз киришимиз билан дик этиб ўрнидан турдилар. Азалдан барваста, тўладан келган, новча одам бир-икки ой ичида чўпдай озиб, лунжлари ичига ботган, кўзлари киртайиб, қийғир бурни сўррайиб қолганди.
Яна қамалган кечасидагидек йиғи-сиғи бошланди. Ойимлар-ку, юзини рўмрлига яшириб, жимгина титраб йиғлар, лекин опамлар... дадамларнинг бўйниларига осилиб олган опамларнинг фарёди тор хонани зир титратарди.
Кейинчалик марҳум ойимлар кўп айтгувчи эдилар:
— Ноинсофлар жилла қурса ярим соат ҳам фурсат бермадилар. Даданг шўрликнинг дийдорига ҳам тўймадик. Берган чорак соатлари кўз очиб юмгунча ўтиб кетди...
Бу сафар чорак соат давом этган видолашув давомида дадамлар бирор марта Сталиннинг номини тилга олмадилар, қамалган кунларидагидек: «Мен партия олдида гуноҳкор эмасман! Ўртоқ Сталин барҳаёт экан, мени оёқости қилиб қўймайди!», демадилар. Билъакс, бир неча марта кўзларига ёш олиб:
— Мени кечир, Гулшан. Аёл бошинг билан беш болани қандай боқасан — ақлим бовар қилмайди. Энди юз кўришишимизга ҳам кўзим етмайди, кечир мени! — дедилар.
Ҳар сафар Дадам шундай деганларида столга мукка тушиб, алланималарни ёзаётган киши:
— Ҳой, Ёқубов! — дерди қоғоздан бош кўтармай.
— Сенга нима бўлди? Ёш боламисан, Ёқубов?
Ниҳоят, бу одам қаршисидаги деворга осилган алмисоқдан қолган девор соатига кўз ташлаб:
— Фурсат тугади, Ёқубов. Энди хайрлашинглар! — деб буюрди.
Опамларнинг нидоси баттар авжига чиқди. Ойимлар озгина пул олиб келган эканлар, дир-дир титраган қўллари билан дадамларга тутди, дадамлар эса:
— Болаларингга ярат, Гулшан! —деб ёлворар эдилар. Лекин ойим кўнмай, ахийри пулни олишга мажбур қилдилар.
Ойимлар келтирган пул бор-йўғи эллик сўм бўлиб, ўнта беш сўмликдан иборат эди. Дадамлар пулни қийнала-қийнала оларканлар, беш сўмликлардан бирини менга узатдилар, Ойимлар пулни мендан олиб, дадамларга қайтариб бермоқми бўлгандилар, дадамлар кўнмадилар, кафтларини бошимга қўйиб:
— Сен энди бу уйдаги энг катта эркаксан, болам, — дедилар ва яна кўзига ёш олдилар.—Ойингга ёрдамлашиб, укаларингга қараб тургин, болам!
Дадамлар шундай деб беш сўмликни чўнтагимга солдилар. —- Умримда бир марта сенга музқаймоқ олиб бермоқчи бўлган эдим, бу ҳам насиб этмади. Бу пулга дафтар-китоб ол! Қолганига музқаймоқ олиб е, ўғлим!..
Боядан бери ойим ва опамларга қўшилиб йиғлашни ўзимга эп кўрмай серрайиб турган бола, тўсатдан, худди дадамларни олиб чиқиб кетаётган пайтларидагидек юрагимда нимадир дарз кетгандай туюлдию НКВД ходимининг мақтовлари ҳам, аксилинқилобчилар кирдикорларини фош этган ҳушёр пионер эканлигим ҳам — бари ёдимдан чиқиб, «Дадажон!», деганча отамнинг тиззасини қучоқлаб олдим.
Бу машъум воқеалардан кейин кўп йиллар ўтди, кўп сувлар оқиб кетди. 1955 йили Хрушчёвнинг бутун дунёни ларзага солган машҳур нутқидан кейин оиламиз, шахсга сиғиниш зулмидан жабр чеккан миллион-миллион оилалар каби дадамларнинг тақдирини, ўлик ё тирик эканини (унгача ёзган ўнлар-ча хатларимизнинг биттасига ҳам жавоб ололмагандик) сўраб, юқори ташкилотларга мурожаат қилдик.
Мактубларнинг биттасини Қозоғистон Компартияси Марказий Қўмитасига, иккинчисини СССР Давлат хавфсизлиги қўмитасига йўлладик. Тахминан тўрт-беш ойдан кейин бирин-кетин иккита жавоб келди. Жавобларнинг биринчиси Қозоғистон Марказий Қўмитасидан бўлиб, унда дадамларнинг партиявий иши кўриб чиқилгани, у киши Сталин шахсига сиғиниш қурбони бўлганлиги эътироф этилган ва 1918 йилдан эътиборан партия аъзоси сифатида тиклангани хабар қилинган эди,
Иккинчи жавоб Москвадан, Давлат хавфсизлиги қўмитасидан бўлиб, унда айтилишича, дадамлар Узоқ Шарқдаги қайси бир ўрмон хўжалигида дарахт кесувчи бўлиб ишлаган, 1943 йил қиш ойларида (вақти аниқ айтилмаган) дарахт кесаётган пайтида йиқилиб вафот этган.
Биринчи жавобдан фарқли ўлароқ, бу хатда шундай илова ҳам бор эди. Агар волидамиз (мен ёзган хат, табиий, ойимлар номидан битилган эди) пенсия ёшида бўлсалар, у кишига давлат тегишли миқдорда нафақа тўлайди. Агар ойимларнинг турар жойи бўлмаса, у киши қўмитадан келган ушбу жавоб асосида шаҳар советига мурожаат қилиб, навбатсиз уй оладилар...
Ҳар иккала хат ҳам ҳақиқатни қарор топтириш, адолатни тиклашга қаратилган эди. Аммо мен негадир, эҳтимол, Узоқ Шарқда олти йил оддий солдат бўлиб, бутун қийинчиликяарни бошимдан ўтказганим учундир, ногаҳон ўзим кўрган бепоён совуқ ўрмон, қор тагида эгилиб турган дарахтлар, қиш кўз олдимга келди. Бир зум нигоҳим олдига бу қоронғи ўрмонда беҳол имиллаб дарахт кесаётган дадамлар келди, келди-ю, алам, изтироб, меҳр-шафқат ва хўрлик туйғулари тошқиндай гувиллаб вужудимни қақшатиб юборди.
«Йўқ! Бу нопоклар 1918 йилдан фирқа аъзоси бўлмиш отамни ноҳақ қамайдилар, қариганида ҳам озод қилишни истамай, қаҳратон қишда ҳам ўрмон кесдириб, ўлимга маҳкум этадилар-у, энди ўз гуноҳларини ювиш умидида жудолик азобидан икки букилиб қолган бевасига нафақа тўлармишлар, бошпана берармишлар! Йўқ, мен битта онамни улар берган садақасиз ҳам боқиб оламан, уларсиз ҳам бошпана топиб бераман!»
Хаёлан шундай деб, яхши ният билан ёзилган икки хатни бурда-бурда қилиб йиртиб ташладим...