Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Китоблар»Имтиҳон дунё (эссе)
Facebook
Имтиҳон дунё (эссе) PDF Босма E-mail

"Имтиҳондан мақсад иккичидан аълочини ажратиб олиш, холос". Ж.

МУЛОҲАЗА

7-синфдан бошлаб ўрта таълимни якунлагунимча мен таълим олган ўқув даргоҳи аниқ ва ижтимоий фанларга ихтисослашган мактаб-интернат бўлиб, у ерда фақат ўғил болалар ўқир эди. Йил давомида маъмурият томонидан махсус, бир куннинг ўзида ўндан ортиқ фандан олинадиган, машаққатли имтиҳонлар ўтказилар эди. Одатий имтиҳонлардан фарқли равишда, у имтиҳон натижалари бўйича мактаб рейтинги тузилиб, рейтинг бутун мактаб эътиборига ҳавола қилинар ва маъмурият даражасида муҳокама қилинарди. Чорак имтиҳонларига алоқаси бўлмаган бу имтиҳонлардан ўқувчилар жуда қўрқарди. Чунки унинг натижалари синфнинг ичида қолиб кетмас, балки бутун лицей (мактаб-интернатни биз шундай атар эдик) олдида намойиш қилинарди. Айниқса, ҳар куни эрталаб 400-500 чоғли ўқувчи йигитлар лицей ҳовлисида синфма-синф саф тортиб директор, директор ўринбосари ёхуд собиқ ҳарбий, ЧЁТ фани ўқитувчиси бошчилигида ўтадиган йиғилишда айрим натижалар эсга олинмай ўтмас эди. Намунали натижа кўрсатган ўқувчилар ҳаммага ўрнак тариқасида кўрсатилар, ёмон натижа кўрсатган ўқувчиларга ҳамманинг олдида танбеҳ берилар эди.

Шунингдек, ўғил болалар лицейи бўлган бу масканда ўзига яраша шўхликлар талайгина эди. Ҳар куни йиғилишда муҳокамага бир мавзу топилар эди. Ёш бўлганимиз учун имтиҳонлар олдидан ётоқхонада, ўқув биносида ёки спорт майдончасида қилинган турли-туман ҳунарлар тонгги йиғилишда муҳокама қилинарди. Шу йиғилишларда И. исмли маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари тез-тез нутқ ирод қилар, ўқувчилар билан суҳбатлашиб турар эди. Шу инсон маъмурий имтиҳонлар арафасида доим такрорлайдиган бир гапи бор эдики, ана шу сўзлар ҳали ҳам қулоғим остида жаранглайди. Яъни: "Маъмурий имтиҳонлар яқин. Ҳали ғалвир сувдан кўтарилганда, кўрамиз аҳволларингни. Имтиҳон келиб қолмасидан ҳаракатларингни қилларинг!" дерди.

Одатий имтиҳонлардан бир неча баробар қийин ўтадиган ва муҳимлик даражаси анча юқори бўлган маъмурий имтиҳонга алоҳида тайёргарлик кўрилар эди. Ғалвир сувдан кўтарилганда, ким қандай тайёргарлик кўргани маълум бўладиган, иккичи билан аълочи ажратиладиган кун келганида ҳамманинг олдида шарманда бўлиш, ҳатто муассасадан ҳайдалиш хавфи биринчи туртки, ўқувчилар орасида оқилона ташкил қилинган мусобақалашиш руҳияти иккинчи туртки, маъмурий имтиҳон натижаларидан ота-оналар сўзсиз хабардор қилиниши учинчи туртки бўлиб хизмат қилар эди. Тан олсак ҳам, олмасак ҳам, ҳали ёш, масъулиятни тўлиқ англаб етмаган ҳолимизда имтиҳонда яхши натижа кўрсатишимизга билим олиш иштиёқидан кўра мана шу юқорида саналган уч омил кўпроқ таъсир ўтказа олар эди. Бизга туртки бўлаётган аксар омилларнинг замирида эса қўрқув ётарди (айтганча, замирида қўрқув ётган айнан мана шундай омиллар ҳаётимиз давомида жуда кўп муваффақиятларга ўз ҳиссасини қўшди).

Лицей ҳақидаги хотираларни ёдга олганим бежиз эмас. Ўйлаб қарасам, бутун ҳаётимиз мана шу лицейда ўтган 5 йиллик ҳаётимга ўхшаб кетар экан. Чунки, лицейда имтиҳонга тайёрланишга дангасалик қилганимдек, баъзи солиҳ амаллар, хайрли ҳаракатлар ёхуд баъзи тоатларни бажариш эриш туйилиши ёки дангасалик ғолиб келиши мумкин экан. Майда-чуйда кундалик муаммоларимиз ўқитувчи билан дарсда бўладиган савол-жавобларга, каттароқ ғам-ташвишлар чорак имтиҳонларига, айрилиқ, жудолик, йўқотиш каби улканроқ мусибатлар маъмурий имтиҳонларга, оламлар Роббиси Аллоҳ таолонинг олдидаги қиёмат савол-жавоби эса лицей ёки университетдаги агар яхши топширилса, диплом бериладиган якуний имтиҳонга ўхшар экан. Йўқ, аксинча, ўқув даргоҳдаги имтиҳон охиратдаги имтиҳонга ўхшаса ажабмас.

Энг қизиғи, бир-бирига ўхшаш бу икки имтиҳонда муваффақият қозониш усуллари ҳамоҳанглиги билан кишини ажаблантиради. Лицей имтиҳонларидан ўтиб, лицейни эсон-омон битириб олиш учун маъмурият томонидан ўрнатилган бир қатор тартиблар, ўқитувчи қўйган талаблар бор; имтиҳон саволлари олинадиган китоблар маълум, имтиҳон қандай бўлиши маълум, саволларнинг турлари ҳам маълум. Яъни ҳаммаси аниқ-равшан. Синовни муваффақиятли топшириш учун берилган  материални яхшилаб ўқиш керак. Имтиҳон куни “мен китобнинг бу бетидан ёки айнан шу мавзудан савол тушишини билмагандим” деган гап кетмайди. Чунки муаллим манбани аниқ-тиниқ қилиб айтиб қўйган ёки тушадиган саволлар ҳақида аввалдан бирламчи маълумот берган бўлади. Ўқувчининг вазифаси жавон ёки сумкадан китобни олиб ўқиб, қунт билан тайёрланиш, холос. Шу кифоя. Имтиҳон куни ўқитувчи бирор макр қилиб қолмаса, синовни яхши баҳога топшириш эҳтимоли жуда баланд. Бироқ шундай ҳолатда ҳам 100 фоиз ишонч йўқ. Энг билимли ўқувчилар ҳам ҳадикда туриши ҳолатлари учраб туради. Чунки лицейда имтиҳонлардан ташқари кундалик ҳаёт, лицей ўрнатган қонун-қоидалар, амал қилиниши керак бўлган тартиблар мавжуд. Ва ҳеч ким кўрмаганда назоратчиларнинг кўзини шамғалат қилиб, баъзан ҳатто очиқчасига бу қоидаларни бузиш ҳолатлари учраб туради.Шунинг учун айрим билимли ўқувчилар ҳам “Ўқитувчи қайсидир шўхлигимга аччиқ қилиб, имтиҳонда қувлиги тутиб қолса ва бир адабингни берай, деб имтиҳондан йиқитиб юборса, нима қиламан”, деган хаёл ўтади.

Демак, имтиҳон учун манбалар аниқ бўлса-ку, майли. Аммо саволлар олинадиган манбалар аввалдан аниқ бўлмаса-чи? Мисол учун, куни кеча четга кетмоқчи бўлганларнинг имтиҳонидаги тўс-тўполонни кўрдингиз. Қандайдир тушунмовчиликлар бўлди. Норозиликларнинг асосий қисмида "Биз бундай саволлар бўлишини билмагандик. Биз тил маҳоратидан имтиҳон бўлади деб ўйлабмиз", деган нолалар эшитилди. Яъни саволларнинг табиати бундай бўлишини ҳеч ким кутмади. Ҳамма чув тушди.

Мактабда эса ундай эмас. Қайси китоблардан, қайси манбалардан саволлар тушиши аниқ. Лекин шу ҳолатда ҳам биз мактабнинг синовларидан ўлгудек қўрқар эдик. Чунки синовнинг бўлиши муқаррар эди. Унинг олдини олишнинг иложи йўқ эди. Ахир имтиҳон бўлмаса, қандай битирамиз? Битирмасак, қандай диплом оламиз? Шу сабабли синовларга астойдил тайёрланар эдик. Қайсидир мактабларда, кимлардир қўрқмаган бўлса, демак, хотири жам бўлганки, имтиҳонлар бир нави ёхуд таниш-билиш деганларидек. Уларга “имтиҳонга тайёрлан, жиддий бўл, ҳозирча бир амаллаяпсан, якуний имтиҳонда нима қиласан”, деб қулоғидан тортишнинг ҳожати ҳам йўқ. “Қандайдир ёрдам”дан умиди бор ўқувчига бу гаплар бефойда. Барибир амаллаб битириб олади.

Имтиҳонларга бой мактаб даврига ўхшайдиган бу ўткинчи ҳаётимизга қарасак, унинг ҳам имтиҳонларга тўла эканини кўрамиз. Энди табиий саволлар туғилади. Бизни кутиб турган ҳаётимизнинг якуний имтиҳони-чи? У қандай бўлади? Муаллим ким? Манба қани? Қандай саволлар тушади? Ундан муваффақиятли ўтмоқ учун нималар қилмоқ керак? У имтиҳон хусусида хотиржамликка берила оламизми? Қандай танишни ишга солса бўлади? Ёки “шпаргалка” тайёрласакмикан?

Бу саволларимга зеҳни ўткир одамлар тезда жавоб бериб улгуришди. Албатта, ҳаммаси оддий. Бизнинг манбамиз Қуръон, муаллимимиз эса Расулуллоҳ алайҳиссалом. Бу ҳаётимиз эса имтиҳон. Улкан синовдамиз. Якуний имтиҳонни бизни яратган Зот олади ва унинг натижаларига қараб "ўтамиз" ё "йиқиламиз".

Мактаб имтиҳонларини эслаганим сари ҳаёт имтиҳонлари ва замонларнинг охирида оламларни яратган Зот оладиган якуний имтиҳон ёдимга тушаверади. Кундалик, чорак ёхуд маъмурий имтиҳонларни (албатта, улар ҳар доим турли ғам-ташвиш кўринишида келади) амаллаб топшириб юрибман, Яратганга шукр. Мабодо адашиб қолсам, натижам паст чиқиб қолса, дарров ўнгланиб, қайта топшириб, натижани яхшилаб олиш имкониятим бор. Ҳозирча. Ҳали битирмадим-да чунки (танамда жоним бор ҳали, Яратганга шукр). Аммо якуний имтиҳонни ўйласам, қаттиқ қўрқинчга тушаман. Бир муддатга эсанкираб қоламан. Бундай ҳолатда комиллик сари интилаётган инсон қандай йўл тутади? Ундай инсон ўзини қўлга олиб тайёргарликни кучайтиради, кўрсатмаларни диққат билан ўқиб, мунтазам тайёргарликни ошно тутади. Чунки нафас олиб турган ҳар бир инсон хурсанд бўлсинки, афсус-надоматга ўрин йўқ. Якуний имтиҳон эшик қоқиб келиб қолмаган экан, ўнгланишга ҳар доим имконият бор. Муҳими якуний имтиҳон азаматини ҳис қила олиш. Боя айтдим-ку, замирида қўрқув бўлган омиллар бу ҳаёти дунёда қанча дунёвий манфаат келтирди, ҳақиқий имтиҳонда ёрдами тегмасинми? Худди ҳаётдаги каби у имтиҳон хусусидаги қўрқувда ҳам катта фойдалар бор.

Баъзида эса мактаб давридаги каби бу ўткинчи ҳаётда ҳам ўйинқароқлигим тутиб қолади. Ўзимни худди ҳеч қачон битирмайдигандек, якуний имтиҳон топширмайдигандек тутаман. "Дунё билан динни тенг ушлаш керак", деб ўзимга-ўзим ақллилик қиламан-да, яна ўзим гапимда турмайман. Тарозининг “дунё” палласи оғир тош босиб кетиб қолади. Ана шундай ҳолатларда ортиқча ҳою ҳавасга берилмасдан, ўзни қўлга олиб, мен боядан бери қайтариб чарчамаган имтиҳонни ёдга олиш керак бўлади. Жилла қурса бояги дунё билан динни тенг ушлаш ҳақидаги баландпарвоз сўзларнинг исботи учун ҳам шундай қилиш керак бўлади. Дунёимни қанчалик яхши кўрмай, динимга ҳам инсофсизлик қила олмайман ахир. Чин маънода тенг ушлашим керак. Ахир имтиҳон муқаррар. Кимимга ишонайки, якуний имтиҳонгача бўлган даврда хотиржамликка берилсам, нафсимга эргашсам, имтиҳон учун қўйилган кўрсатмалар изидан юрмасам. Майли, Аллоҳ берган неъматлардан тўлалигича фойдаланай. Майли, завқу шавқ, хурсандчилик каби неъматларни-да унутиб қўймай. Аммо гоҳ-гоҳида чегарани билмай қоламан, ҳаддимдан ошиб кетаман. Демак ўз устимда кўпроқ ишлашим керак. Демак, чегара деган нарсани яхши англаб етишим керак. Чегарани англаш илм билан. Илм эса кўп китоб ўқиш билан келар экан. "Китоб ўқисам, қилиб юрган ишларим хатолигини билиб қоламан-да", дейишдан кўра ана шу илмни эгаллаб, хатоларни бартараф этиш устида ишлаш яхшироқ эмасми?! Акс ҳолда имтиҳон куни менга ўзимдан бошқа ким ёрдам беради? Қайси танишимдан умид қилайки, у кунда ҳатто ана шу танишимнинг ўзи ҳам мен қатори имтиҳонда бўлса. У имтиҳонда таниш-билиш кетмайди ахир. Олий Ҳакамнинг кўзини шамғалат қилиб бўлмайди ахир. "Мен билмагандим", деб бўлмайди ахир. Чунки технология ривожланган XXI асрда Олий Ҳакам бизнинг ҳаётимизни эслатмалар, йўл-йўриқ ва кўрсатмалар билан тўлдириб ташлаган. Имтиҳон куни жон талвасасида турганимизда "ҳаёти дунёда сўқир эдим, қулоғим эшитмас эди", деб баҳона қилишимизга ҳам имконият қолдирмаган ҳатто. Бизга намуна, ўрнак бўлсин деб, сўқир кўзларимиз, кар қулоқларимизга даво бўлсин учун атрофимизни якуний имтиҳонга биздан-да аълороқ тайёрланаётган инсонлар билан лиммо-лим қилиб қўйган. Мен учун намуна бўлган атрофимдаги инсонларнинг ўзлари ҳам “Олийларнинг Олийси имтиҳон куни қайсидир қилган хатоларим учун “макр” қилиб мени йиқитиб юбормасин” деб турган, Унинг раҳматидан умидвор бўлиб хокисорлик ила якуний имтиҳон келиб қолишидан олдин тайёрланиб улгуриб қолай деб турган бир пайтда, мен нимамга ишонай? Кимимга ишонай? Қайси баҳонамни тайёрлаб турай? Йўқ. Ҳеч қандай баҳона ўтмайди. Ҳеч қандай! Фақат ва фақат муносиб тайёргарлик! Бошқа ҳеч нимарсанинг менга манфаати тегмас!

Бизни йўқдан бор қилган Зотга чексиз мақтовлар бўлсинки, яхшиям Китобимиз, муаллимимиз, унинг кўрсатмалари ва йўл-йўриқлари бор. Миллиардлаб бошқа инсонларда йўқ, бизда эса бор. Илоҳо, уларга ҳам тавфиқ берсин! Шунингдек, яхшиям лицейдаги домла каби “ғалвир сувдан кўтарилганда кўраман аҳволингни; ҳаракатингни қил, бола”, деб қулоғимиздан тортиб турадиган аҳли илмлар, уларнинг китоблари ва бир қанча дўстларимиз бор. Яхшиям. Яратганга шукр.

СЎНГСЎЗ

“У (Аллоҳ) сизларнинг қайси бирингиз яхшироқ амал бажаришингизнинг имтиҳони учун ўлим ва ҳаётни яратди. У азиз ва ўта мағфиратлидир”, (Мулк сураси, 2-оят).

Тошкенбой
07.04.2017