Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Кишанланган “қўллар”. O’Генри
Facebook
Кишанланган “қўллар”. O’Генри PDF Босма E-mail

Асл номи Уилям Сидни Портер бўлган америкалик ёзувчи. Аптекачи, сотувчи, китоб безакчиси, ношир ва бошқа касбларда ишлаган; асар, фельетонлар ёзишни машқ қилган (1896 йилгача), қамоқдалигида (1897—1901) ёзган ҳикояларини O’Генри тахаллуси билан яширин чоп эттирган.
1904—10 йилларда 9 новеллалар тўплами («Ёнаётган шам», «Ғарб қалби», «Ёқимтой ўғри» ва б.), вафотидан кейин яна 7 таси босилиб чиққан. «Қироллар ва карам» (1904) романи саргузашт-юмористик новеллалардан ташкил топган.
O’Генри америка ҳикоячилигининг ўзига хос типини яратди. Юморнинг кучлилиги, киноя, қиёс, пародия каби усулларнинг кўп ишлатилганлиги, энг муҳими, муаллифнинг оддий меҳнаткаш — «кичик инсон»га самимий муҳаббати, олижаноблик ва софдилликни мадҳ этиш ва бошқа O’Генри ҳикояларига оламшумул шуҳрат келтирди («Тўрт миллион», 1909).
Асарлари ўзбек тилига таржима қилинган. Ғ. Ғулом («Менинг ўғригина болам»), А. Қаҳҳор («Анор») ва бошқа ўзбек ҳикоячилигини O’Генри ижодининг илғор томонлари билан бойитдилар.

Кишанланган “қўллар”

Денверда Балтимор йўналишидаги экспрессга йўловчилар бир-бирига навбат бермай, шошилганча чиқишарди. Одатдаги шинам вагонларнинг бирига нозик дид билан кийинган, хушрўйгина қиз ҳам жойлашди. Эндигина поездга ўтирганлар орасида иккита ёш йигит ҳам бўлиб, бири – келишган, дадил, очиқ юзли; иккинчиси – нимадандир ташвишланаётгани юзидан билиниб турган, бадқовоқ, бесўнақай, оддий кийимда эди. Бирининг ўнг қўли иккинчисининг чап билагига кишанланган ҳолда турарди.
Икковлон соҳибжамолнинг рўпарасидаги бўш ўриндиқларга дуч келмагунларича вагон бўйлаб юришди. Ажралмас дўстлар қизнинг рўпарасига, поезд йўналишига қарама-қарши тарзда ўтиришди. Қизнинг ётсираган, лоқайд нигоҳи улар томонга сирғалди, бирдан унинг чеҳрасида гўзал табассум жилваланди, юмалоқ ёноқларига қизиллик югурди, кулранг қўлқопдаги нозиккина қўлини олдинга чўзди. Унинг ёқимли ва қатъий овози кишини ўзига ром қилар ва барча уни жимгина тингларди, қиз ҳам бунга одатланиб қолганди.
– Хўш, жаноб Истон, рухсатингиз билан биринчи бўлиб сўз бошласам. Агар сиз эски дўстларингизни Ғарб томонларда учратиб қолсангиз, уларни атай танимаганликка оласизми?
Унинг бу гапидан йигитларнинг ёшроғи сесканиб тушди, саросимадан бир зум қотиб қолди, бироқ ўша заҳоти ўзини қўлга олди ва қизнинг қўлини чап қўли билан ушлаб сўрашди.
– Қандай танимай, –деди у тиржайиб. – Мисс Ферчайлд! Чап қўлим билан сўрашаётганлигим учун маъзур тутинг, ўнг қўлим айни дамда банд.
У ҳамроҳининг чап билагига ажойиб “билагузук” билан кишанланган ўнг қўлини салгина кўтариб қўйди.Қизнинг кўзларидаги қувонч кучли ҳайрат билан алмашди. Ёноқларидаги қизиллик ҳам қочди. Лаблари пирпираб кетди. Истон қизиқ ҳолатни кўргандай мийиғида кулиб қўйди, энди гап бошламоқчи эди, шериги унинг сўзини оғзидан олди. Шу пайтгача бадқовоқ йўловчининг ўткир, зийрак кўзлари қизнинг юз ифидасини зимдан кузатиб келарди.
– Авф этасиз, мисс, кўриб турибманки, сиз шериф билан таниш экансиз. Балки, ундан қамоқхонага етиб борганимизда мен учун енгиллик беришларини сўраб кўрарсиз. У илтимосингизни рад этмайди. Ахир, у мени Ливенуорд қамоғига олиб кетяпти. Етти йилга, фирибгарлик учун.
– Ҳа, гап бу ёқда экан-да!- деди қиз чуқур тин олиб, унинг юзи бироз қизарди.- Мана нималар билан машғул экансиз! Шериф бўлибсиз-да?
– Мисс Ферчайлд, азизам, нимадир қилишим керак-ку,- деди Истон хотиржам.- Пулларни ҳавога совуриш жуда ҳам осон. Вашингтонда сиз ва мен кабиларни ақчасиз бирор нимага эришиши даргумон. Ғарбда шундай тасодифлар юз берди-ки, мана мен бу ерда…албатта, оддий шериф учун булар…еҳ-ҳе…лекин, ҳар ҳолда…
– Бунинг бизга кераги ҳам йўқ.-тезда жавоб қайтарди қиз. – Буларни билишингиз керак эди. Демак, энди сиз ёввойи Ғарбнинг чинакам қаҳрамони, от чоптирасиз, ўқ узасиз ва ҳар бир қадамда сизни хавф-хатар кутиб ётади. Ҳа, Вашингтонда ҳаёт ўзгача. Эски танишлар орасида фақат сиз етишмаяпсиз.
Қиз яна сеҳрлангандек ярқираётган кишанга тикилди.
– Сиз бу кишанлар ҳақида ўйламай қўя қолинг, мисс, -деди Истоннинг ҳамроҳи.- Шерифлар доим ҳибсга олинганларни қочиб кетмасликлари учун ўзлари билан кишанлаб юришади. Мистер Истон ўз ишининг устаси.
– Вашингтонга қачон қайтасиз?- сўради қиз.
– Тез орада эмас, деб қўрқаман,- деди Истон.- Кўриб турибсизки, беташвиш ҳаёт мен учун тугади.
– Ғарб менга жуда ёқади – деди қиз. Унинг кўзлари мулойим йилтиради. Қиз нигоҳини вагон ойнасига қаратди. У тўғридан-тўғри, сода ва равон оҳангда сўзлай бошлади: – Бу ёзни ойим билан Денверда ўтказдик. Бир ҳафта аввал ойим уйга қайтиб кетди, чунки, отамнинг тоблари қочиб қолди. Ғарбда маза қилиб яшашим мумкин эди. Менимча, бу ернинг ҳавоси соғлиқ учун жуда фойдали. Қолаверса, баъзи одамлар шунчалик аҳмоқки, улар нотўғри ўйлашади…
– Қулоқ солинг, бу инсофдан эмас, шериф, – тўнғиллади махбус, – Томоғим қуриб кетди, бунинг устига эрталабдан бери чекким келяпти. Наҳот, суҳбатларинг ҳали-бери тугамайди. Мени чекувчилар вагонига олиб ўтсангиз бўларди. Тамакисиз ўлиб қоламан.
Бир-бирига кишанланган ҳамроҳлар ўрниларидан туришди. Истоннинг юзида аввалгидек енгил табассум пайдо бўлди.
– Бундай илтимосни рад этиш гуноҳ,- деди у бепарво.- Барча нарсадан маҳрум бўлганлар учун тамакидан яхши дўст топилмайди. Кўришгунча, мисс Ферчайлд. Нима ҳам қилардик, хизматчилик.
У хайрлашиш учун қўлини узатди.
– Афсус, йўлингиз Шарқ томонга эмас экан, — деди қиз мулойимлик билан.- Лекин, сиз, албатта, Ливенуортга боришингиз шартми?
– Ҳа, — деди Истон,- боришим шарт.
Икковлон елкадош бўлиб кашандалар вагонига ўта бошлашди.
Орқа ўриндиқдаги икки йўловчи суҳбатни деярли бошдан-оёқ эшитиб ўтиришарди. Улардан бири деди:
– Бу шериф жуда самимий экан. Бу ерларда – Ғарбда яхши одамларни кўплаб учратиш мумкин.
– Бундай лавозим учун ёшлик қилмасмикан?- сўради иккинчиси.
– Нима учун ёшлик қилар экан?- овозини баландлатди шериги. – Менимча…Тўхтанг, сиз наҳот тушунмадингиз? Ўзингиз ўйлаб кўринг, қайси шериф маҳбусни ўзининг ўнг қўлига кишанлайди?

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси.