Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Жаҳонга сиғмаган шоир
Facebook
Жаҳонга сиғмаган шоир PDF Босма E-mail

Насимий номи тилга олинар экан, шеърият мухлислари, адабиёт муҳиблари тилида беихтиёр:

Манга сиғар икки жаҳон, ман бу жаҳона сиғмазам! — мисраси айланади. Ўзининг исёнкор шеърлари билан жаҳонга ўт солган бу шоирни бугунги кунда дунёнинг кўпгина мамлакатларида билишади ва асарларини севиб ўқишади. Туркий халқлар, жумладан, ўзбекларнинг эса у ўз шоири ҳисобланади. Мавлоно Лутфий Насимий ижодига юксак баҳо берган бўлса, Алишер Навоий валийлар, йирик тариқат шайхлари ва машҳур сўфийларга бағишланган «Насойим ул-муҳаббат» асарида туркий машойихлар қаторида унга ҳам ўрин ажратади:
«Саййид Насимий қаддасаллоҳу руҳаҳул азиз (Оллоҳ унинг азиз руҳини муқаддас қилсин).
Ироқ ва Рум тарафидағи мулкдин эркандур. Румий ва туркмоний тил била назм айтибдур ва назмида ҳақойиқ ва маориф бағоят кўп мундариждур. Мазкур бўлғон аҳлиға анинг шеъри муқобаласида ҳамоноки шеър йўқдур. Ҳамоно тақлид аҳли анинг мазҳабида қусур туҳматиға муттаҳам қилиб, шаҳид қилдилар. Машҳур мундоқдурки, терисин сўяр ҳукм бўлибдур. Ул ҳолатда бу шеърни дебдурки:

Қибладур юзунг, нигоро, қошларинг меҳроблар,
Суратинг мусҳаф вале, холу хатинг эъроблар

ва бу шеърнинг тахаллуси ушбу муддаоға долдурким:

Эй Насимий, чун муяссар бўлди икболи висол, Қўй,
терингни сўйса-сўйсун бу палид қассослар».

Ўз таъбири билан айтганда, «сўзнинг додини берган» исёнкор ва ҳассос шоир Насимий илк бор озарбайжон тилида ижод қилгани, озарбайжон адабий тилини халқ жонли сўзлашув тилига яқинлаштиргани билан озарбайжон адабиёти тарихида алоҳида ўрин тутади. У Ҳасан ўғли ва Қози Бурҳониддиндан кейин озарбайжон тилида яратилган шеъриятнинг буюк устодларидандир.
Саййид Имодиддин Насимий 1370 йили Ширвон вилоятининг Шамоҳи шаҳрида туғилган. Асли исми — Али, лақаби — Имодиддин. Ў ўз даврига нисбатан мукаммал таҳсил кўрган. Форс, араб тиллари ва адабиётини чуқур ўрганган. Бундан ташқари, мантиқ, риёзиёт, табииёт ва астрономия фанларини ўзлаштирган. Шаҳар меҳнат ва санъат аҳли муҳитида униб-ўсган, бу нарса шоир дунёқарашининг шаклланишида ўз таъсирини ўтказган.
Маълумки, Шарқнинг Фаридиддин Аттор, Бобораҳим Машраб каби оташнафас, исёнкор шоирлари машҳур сўфий ва авлиё Мансур Ҳалложга кучли эътиқод қўйиб, ўзларини унинг ҳароратли шогирди ҳисоблаганлар. Насимий учун ҳам Мансур — илоҳий ишқ ошиғи, ўз эътиқодида собитлик тимсоли. Шунинг учун ҳам шоир илк шеърларини Ҳусайний тахаллуси билан ёзади. Чунки Мансурнинг исми Ҳусайн бўлиб, унинг тариқати ҳусайния ёки ҳалложия номи билан машҳурдир. Насимийнинг Мансурга эътиқоди умрининг охиригача сўнган эмас, уни ишқ йўлида раҳнамо билиб, шеърларида ҳамиша оташин муҳаббат билан тасвирлайди:

Чун бақосиздур жаҳоннинг молу мулку неъмати,
Давлати Мансура ёпиш, иста умри пойдор.

Насимий Қатрон Табризий, Саъдий, Низомий, Хоқоний ва Авҳадиддин каби устод шоирларни кўп мутолаа қилади. Кейинчалик у ўзининг ишқий сатрлари ҳатто ғазал устоди Саъдийни ҳам тўлқинлаштиришга қодирлиги ҳақида фахр билан ёзган эди:

Чун шуурга келиб, ишқ сўзин дерса Насимий,
Завқиндан унинг жўшга келур Саъдийи Шероз!

XIV асрда Озарбайжонда тасаввуфдан ўсиб чиққан ҳуруфийлик деган оқим кенг ёйилиб, унда инсон омили муҳим ўрин тутади: инсон, унинг эрки улуғланади; инсонга илоҳий қувватнинг зуҳури ва тажассуми сифатида қаралади.
Ҳуруфийлик тариқатининг асосчиси, машҳур шоир ва мутафаккир шайх Фазлуллоҳ Наимий 1394 йили Ширвонга келади ва Насимий билан учрашади. Унинг ҳуруфийлик қарашлари Насимийга кучли таъсир қилади ва уни қабул этиб, Фазлуллоҳни ўзига муршид билади. Наимийга ҳамоҳанг Насимий тахаллусини олади.
Ҳуруфийлик — XIV —XV асрларда Эронда вужудга келган шиалик оқимларидан бири. Унга Фазлуллоҳ Наимий (тахминан 1340 йилда туғилган) асос солган. 1386 — 1387 йилларда ўз таълимотини тарғиб қилиб чиққан. У раб ҳарфлари сирли мазмунга эга деган қарашни илгари сургани учун ал-Ҳуруфий (ҳарфчи) тахаллусини олган, тариқатнинг номи ҳам шундан келиб чиққан. Амир Те-мур уни Ширвонга бадарға қилгани учун ҳуруфийлар темурийлар хонадонини ёмон кўрганлар. Ҳуруфийлик тез орада Эрон, Озарбайжон, Туркия ва Сурияда тарқалган. «Ҳуруфийлар олам абадий, инсонда Худонинг қиёфаси акс этган, олам тараққиётининг ҳар бир босқичида Худо қиёфаси инсонда мужассамлашиб намоён бўлади, ана шунда инсоннинг ўзи Худо бўлади, охирги пайғамбар Муҳаммад, авлиёларнинг биринчиси — Али, ўн биринчи имом — Ҳасан ал-Аскарий эса, имомларнинг охиргиси Фазлуллоҳ Астрободий — худо мужассамлашган биринчи инсон, деган таълимотни илгари суради. Тез орада ерга Маҳдий келиб, илоҳий адолат ўрнатади, барчани тенг қилади, инсоннинг инсонга зулм қилиши тугайди, деб кутади»(Ислом. Энциклопедия. Тошкент, 2004 йил, 316-бет.).
1394 йили ҳуруфийлар таъқиб остига олиниб, Фазлуллоҳ Амир Темурнинг ўғли Мироншоҳ томонидан қатл этилади, Қосим Анвор эса Шоҳруҳ томонидан сургун қилинади. Ҳам ўзини қутқариш, ҳам ҳуруфийлик ғояларини ёйиш мақсадида Насимий Озарбайжондан чиқиб кетади, у Бағдод, Онадўли, Токат, Бурса ва бошқа жойларда яшайди, охири Ҳалабда қарор топади. Миср султони Муайяддин Насимийни даҳрийликда айблаб, қатл этишга эришди — 1417 йили унинг тириклайин терисини шилишади.
Насимийнинг ўлими билан боғлиқ ривоятлардан бирида айтилишича, шоирнинг қатлига фатво берган руҳоний:
- Бу шунчалик малъундирки, унинг қони қаерга сачраса, шу ерни кесиб ташлаш керак! — дейди.
Тасодифан шоирнинг қонидан бир томчиси ўша руҳонийнинг бармоғига сачрайди. Жамоат ундан бармо-ғини кесиб ташлашни талаб қилади. У эса:
- Мен бу сўзни шунчаки бир мисол тарзида айтган эдим, — деб, шоша-пиша бармоғини яширади. Шу пайт қонга беланган шоир:
Зоҳидинг бир бармоғин кессанг, тониб Ҳакдин қочар, Кўр бу мискин ошики сарпо сўярлар йиғламас, —
дея ўзининг исёнкор овозини биланд кўтаради ва ўз душманлари устидан маънавий ғалаба қозонган ҳолда ҳаётдан кўз юмади.
Маълумки, Қуръоннинг бир неча суралари алиф, лом, мим каби араб ҳарфлари билан бошланади. Бу илоҳий ҳарфларни муфассирлар турлича талқин қиладилар. Ҳуруфийлар эса араб алифбосидаги барча 32 ҳарфни илоҳийлаштирадилар. Зеро, бу ҳарфлар орқали Қуръон нозил қилинган — улар илоҳий калом мазмунини ўзида ифода этади. Бинобарин, ҳар бир ҳарфда бир илоҳийлик мавжуд. Чунончи, дунёнинг яралишига ҳам бир сўз сабаб бўлган: Парвардигори олам «Кун!», яъни «Бўл!» деган ва бу дунё вужудга келган. Сўз эса ҳарфлардан иборат. Араб ёзувида «кун» икки — коф (к) ва нун (н) ҳарфларидан ташкил топган. Насимийнинг қуйидаги байти шу ҳақда:

Жўш қилди ақли кулл — келди вужуда коинот,
Кофу нун амриндан ўлди бу жаҳон якбор маст.

Насимий ўз фикр-ўйлари, туйғу-кечинмаларини халқона содда услубда баён қилади. Шунинг учун ҳам унинг шеърлари кўнгилга яқин. Шоир шеърлари бир қарашда оддий, содда бўлиб кўринса-да, лекин мазмуни чуқур:
Ул гул жамолингга гар саждамиз гуноҳ бўлса, Фақиҳга сўзлаки, бундан бўлак гуноҳим йўқ... Насимий қайси томонга боқса, суратинг кўражак, Жаҳонда ўзгасини кўргали нигоҳим йўқ.
Ишқ ўти ошиқни гоҳ ёндиради, гоҳ йиғлатади. Аслида ўт ва сув бир-бирига зид. Бинобарин, ишқ ҳам кўнгилда ана шундай қарама-қарши туйғулар пайдо қилади. Бу ҳолни Насимий мана бундай образли мисраларда ифодалайди:

Ишқ ўти туташди шамънинг жонина кўрким, неча
Ҳам ёнар, ҳам кўзлариндан оқизар селоблар.

Алишер Навоий «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» асарида: «Саййид Насимийнинг назми ўзга ранг тушубдур, зоҳир аҳли шуаросидек назм айтмайдур, балки ҳақиқат тариқин адо қилибдур», — деб ёзади. Дарҳақиқат, шоир ўз шеърларида кўпроқ илоҳий маҳбубани ёниб куйлади, ўзи мансуб ҳуруфийлик ғояларини улуғлади. Жумладан, тасаввуф фалсафасига кўра инсон ибтидода Парвардигори билан бир бўлган-у, туғилиб ундан айру тушган. Насимийнинг қуйидаги байти шу хусусда:
Ер билан кўк бино бўлмасдан аввал, Насимий ошиқ эди ул жамола.
«Баъзи тадқиқотчилар Насимийнинг она тилида «Муқаддимот ул-ҳақойиқ» номли ҳуруфийлик тариқатига бағишланган насрий асар ҳам ижод қилганини қайд қиладилар. Лекин асарнинг турли қўлёзма нусхалари мавжудлигига қарамай, уни Насимий ёзганлиги илмий жиҳатдан исбот қилинган эмас».
Латифий 1546 йили ёзилган «Машҳур уш-шуаро» тазкирасида Насимийни «ишқ майдонининг сарбози ва муҳаббат каъбасининг фидойиси», деб таърифлайди.
Кўпрулузода Насимийнинг важду сўфиёна шеърлар ёзган ва ҳуруфийликнинг ёйилиши тарихида буюк роль ўйнаган санъаткорлардан бири бўлганлигини қайд этади.
Насимий озарбайжон адабиёти тарихида мардлик, жасорат, қаҳрамонлик тимсоли сифатида шуҳрат қозонган.
Насимий ўзидан кейинги туркий адабиётга кучли таъсир ўтказган. Шоҳ Исмоил Хатоий, Халилий, Фузулий, Воқиф, Сурурий, Туфайлий каби озарбайжон, Лутфий, Навоий каби ўзбек, Шайхий, Зотий, Нажотий каби турк, Махтумқули, Дурди каби туркман шоирлари ижодига ҳам таъсир кўрсатган. У, айниқса, ҳуруфий мазҳабидаги шоирлар ўртасида машҳур эди. Бектошийлар орасида ҳам машҳур бўлган. «Махтумқулининг Дурди шоир билан мушорасида Насимий фожиаси ҳақида сўз боради» (Арасли).

Эргаш Очиловнинг
"Барҳаёт сиймолар" китобидан