Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Адабий суҳбатлар»Бедилшунос - Садриддин Айний
Facebook
Бедилшунос - Садриддин Айний PDF Босма E-mail

Садриддин Айний вақт ўтган сайин ижодиётнинг қадр-қиймати ортиб, теранлик сирлари кенгроқ, чуқурроқ кашф этиладиган қалам соҳибларидан саналади. Оллоҳ устод Айнийга бир неча яхши олим, сермаҳсул ёзувчига етадиган истеъдод берган. Айний яратган илмий тадқиқотларнинг ҳажмига тенг асарлар ёзиш эҳтимолки икки-уч заҳматкаш олимнинг қўлидан келар. Аммо бу асарларнинг Айний тадқиқотлари сифат ва савияси билан беллаша олишига ким кафолат бера олади? Айнийнинг “Судхўрнинг ўлими”, “Эсдаликлар” китоби манаман деган улуғ бир истеъдоднинг шон-шуҳратини жаҳонга таратиш ва муаллифига бадиий ҳайкал ўлароқ боқий яшаш қудратига эга, деса асло хато бўлмайди. Бунга аниқ ишонмоқ учун эса ушбу икки нодир китобни жаҳоннинг қайси халқлари тилларга таржима қилинганлигини хаёлдан ўтказиш кифоя. Айнийнинг ҳикоя ва романари, тарихий асарлари-чи? Унинг шеърияти, шоирлик қиёфаси ва Шарқ шеъриятига қўшган ҳиссаси ҳақида биз нима биламиз? Деярли ҳеч нарса.
Айнийнинг илмий-ижодий меросини адбиёт, тарих, педагогик ёки адабиётшунослик нуқтаи назаридангина эмас, балки тилшунослик жабҳасидан ҳам баҳолаш лозим бўлади. Айнийнинг улуғлиги ҳам, тенгсизлиги ҳам ана шунда – у бошқа бировлар уддалай олишга ақл бовар қилмайдиган ишларни қойиллатиб бажаришга қодир билим ва салоҳият соҳиби эди. Айний илм ва ижод учун туғилганлигини билар, шунинг учун бутун куч-қуввати, қобилиятини илм-фан, адабиёт равнақига бағишлаганди.
Шарқ мумтоз илмий-адабий меросини ўқиб-ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб қилишда Айний эришган натижа ва ютуқларга фақат ҳавас қилиш, улардан ибрат олиш мумкин. Аммо Айнийнинг “панжасига панжа уриш” беҳад душвор. Шунинг учун ҳам унинг Рудакий, Ибн Сино, Саъдий, Навоий, Бедил каби даҳоларга бағишланган тадқиқотлари шу кунгача ўзининг илмий қиммати ва аҳамиятини сақлаб келмоқда. Биз шу ўринда Айнийнинг фақат бедилшунослигига дахлдор айрим мулоҳазаларига эътиборни қаратмоқчимиз. Маълумки, Ацний мадрасада таҳсил олаётган даврларда Бухорода улуғ файласуф шоир Мирзо Бедил ижодиётига қизиқиш анча кучайган эди. Турли ижтимоий табақадаги дид ва савияси турлича бўлган кишилар бедилхонлик қилишган. Шоирлар Бедилга эргашиб назира ва тахмислар битишган. Айний бу жараённинг ҳам кузатувчиси, ҳам иштирокчиси эди. Бедилга кўр-кўрона тақлидларни у истиқболсиз бир ижодий ҳаракат ўлароқ рад этган. Чунки Айний мадрасадаёқ зукко бедилшунос сифатида шаклланган. Шу маънода муҳим бир далилга тўхталсак.
Минг тўққиз юз ўнинчи йили Уфада чоп этиладиган “Шўро” журналида “Мирзо Бедил ҳақинда” номли бир мақоа босилиб чиқади. Журналда ўша муаллифнинг Бедилга бағишланган янада кенг ва каттароқ мақоласи босилиши хусусида ҳабар ҳам берилади. Лекин Бухорода Садриддин Айний билан мадрасада бирга ўқиган Олимжон Идрисийнинг истагини адо айлаб, Бедилнинг таржимаи ҳолини ёритишда хатоликларга йўл қўйганлигини англайди. Шундан сўнг у Садриддин Айнийдан ёрдам истаб Истамбулдан – Бухорога мактуб йўллайди. Айний Олимжон Идрисий Бедилнинг таржимаи ҳоли, асарлари хусусида анча батафсил маълумот берувчи бир мактуб ёзиб Истанбулга жўнатади. Форсийда битилга ушбу мактубни туркийга таржима қилиб “Шўро” журналига юборган Идрисий дейди: “6-адад “Шўро”да Бедилнинг таржимаи ҳолини мухтасар бир суратда ёзғоч, Бухородаги шеригим Садриддин Айний афандига хат ёзуб бу ҳақда муфассал маълумот сўрадим. 1911 сана 3 мартда жавоб ҳам олдим эсада бир чўқ сабабларга кўра бу вақтга қадар таржима этуб юбора олмадим”.
Хуллас, “Шўро” журналининг 1912 йил сонида Идрисийнинг мақоласи эмас, балки унинг таржимасидаги Айнийнинг ўша мактуби мақола шаклида босилиб чиқади.
Асосий нарса шундаки, Айний Мирзо Бедил таржимаи ҳоли, муҳити, фалсафаси, услуби хусусида айтилиши зарур бўлган барча муҳим гапларни баён этган. Шунингдек, ҳижрий 1199 йили Бомбайда чиққан ва 12 қисмдан таркиб топган Бедил “Кулиёти”даги асарлар ҳажмини ҳам бирма-бир қайд қилиб ўтган.
Бизнинг назаримизда, “Шўро” журналида босилган Айнийнинг мана шу фикрлари унинг Бедил шахсиятига эҳтиромини англаш ва изоҳлашга яқиндан ёрдам беради: “Мирзо Бедил бой  қалб соҳиби, олижаноб бир зот бўлиб ағниё ва умаро эшигига ҳеч яқинлашмас, билъакс улар Мирзонинг ҳузурига келурлар ва уни таъзиму такрим этардилар”.
Нуфуз ва иқтидор соҳиби амалдорлардан бириси Мирзога бир мактуб юбориб уйига даъват этгани замон у:
Дунё агар диҳанд, нахезам зи жои хеш,
Ман бастаам ҳинои қаноат ба пои хеш.
Мазмуни: Агар менга дунё қадар молу мулк берсалар ҳам, ўрнимдан қимирламайман, чунки мен оёғимга қаноат ҳиносини боғладим, шунинг учун тўраларга ва бойларга хушомад эҳтиёжим йўқ, байти билан жавоб қайтаради. Агар ана шу нуқтаи назардан Айнийнинг ижодкорлик эътиқоди ва шахсиятига баҳо бериладиган бўлса, унинг Бухоро амири Аҳадхон тузоғига тушмаслик учун йўл излашлари Бедил сабоқларига содиқлик эканлигини ҳам эътироф этиш керак бўлади.
Мирзо Бедил куллиётини қайта-қайта варақлаш, файласуф шоирнинг инсон тақдири, умр мазмуни, тириклик ва ўлим тортишувлари, олам, одам ва Оллоҳ бирлигига доир фикрларини такрор-такрор муҳокама ва мушоҳададан ўтказиш Айнийнинг мароқли машғулотларидан бўлган. Ҳатто у ҳаётнинг анча оғир ва қайноқли фурсатларида Бедил шеърларини ўқиб юпанган, ўзича улардан тасалли топган. Айний ўша вақтлар дунё ишларидан безган кишилар тилида достон бўлиб юрган Бедилнинг қуйидаги байти кўнглига тасалли бағишлаганлигини эътироф этган:
Зиндаги бар гардан афтодаст, Бедил чора чист?
Шод бояд зистан, ношод бояд зистан.
Мазмуни: Тириклик тушди бошга, Бедил, энди не чора? Шод бўлсанг ҳам, ношод бўлсанг ҳам яшаш керак, албатта.
Бедил асарларининг тили оғир, ифодалари мураккаб, маъно қатламларини очиш бағоят қийин. Буни файласуф шоирнинг ўзи ҳам билган. У бир шеърида бежиз:
Маънии баланди ман фаҳми тунд махоҳад,
Сайри фикрам осон нест, кўҳаму кўтал дорам,
– демаган. Айний ана шу юксак маъниларни кашф айлай оладиган ирфон соҳиби эди. У Бедил фикр-туйғуларининг моҳиятини анча осон мушоҳада қилиб, таҳлил ва талқинда тахминбозликка эрк бермасди.
Айнийнинг “Шўро” журналида босилган мақоласидан “Бедил” монографияси чиққанигача ўтган вақт қирқ йилдан ортади. Шу муддат оралиғида устоз Айний Бедил яшаган давр ва замон, унинг шахси, адабий муҳити, ижодиётининг фалсафий-ахлоқий манбаларига тегишли деярли барча тарихий, илмий, адабий ва диний китобларни синчиклаб ўрганган, шуларга алоқадор маълумотларни шоирнинг ўз асарларидан ҳам териб олган. У 1946 ва 1947 йилларда “Шарқи сурх” журналида Бедилга бағишланган мақолаларини эълон қилган. Охир-оқибатда эса унинг жаҳон бедилшунослигида янги саҳифа очган “Мирзо Абдулқодир Бедил” монографияси яралган. Бу ишни уддалаш осон эмасди, албатта. Шунинг учун тадқиқотнинг барча қийинчилик ва мураккабликларини инобатга олган Е.Э.Бертельс китобга ёзган муқаддимасида, “Камдан-кам одам бу ишнинг уддасидан чиқа оларди, шунда ҳам Садриддин Айнийга ўхшаган ўз халқининг ўтмишдаги адабиётини, тилини ва шу тилда ёзилган барча адабиётини яхши билган забардаст устозгина бу ишни муваффақият билан ниҳоясига етказган бўлур эди”, дея Айнийнинг чинданда забардаст устозлигига тан берган эди. Албатта, Айний Мирзо Бедилнинг муҳташам ижодиётининг барча масала ва муаммоларини тўлиқ ҳал қилиб бергани йўқ. Бундай бўлиши мумкин ҳам эмас. Шунга қарамасдан, бир қанча адабиётшуносларнинг умумий эътирфларига кўра, жаҳоннинг бирор-бир ўлкасида Бедил ҳақида Айнийнинг китобига тенглаша оладиган, ундан мукаммалроқ тадқиқот ҳали яратилганича йўқ.
Ҳеч иккиланмасдан айтиш жоизки, Айний ижодиёти ХХ аср дунё адабиётининг энг нодир, энг эътиборли ва энг мазмундор саҳифаларидан ҳисобланади. Айний бадиий ижодининг пойдевори илм, маърифат, тарих, ҳаёт ва ҳақиқатдир. Айний асарларини билиш кўҳна Шарқ тарихи, маданияти, мумтоз адабиёти ва миллий қадриятларини англашга йўл очади. Зеро, Айнийни четлаб на Рудакий ва Фирдавсийнинг, на Саъдий ва Ҳофизнинг, на Жомий ва Навоийнинг, на Бедил ва Донишнинг ижод оламига дадил кириб бориш мумкин эмас. Айнийнинг илмий-адабий мероси ўтмиш, бугун ва келажакни бир-бирига боғловчи бир олтин ҳалқадир.

"Ишонч”, 2003 йил, 19 август