Facebook
Машраб нафаси PDF Босма E-mail

Бобораҳим Машраб ўзбек мумтоз шеъриятига янги руҳ ва ўзига хос ижодий нафас олиб кирган улкан санъаткордир. Машраб шеърияти ўзининг самимийлиги, самовийлиги ва ҳаётийлиги билан ажралиб туради. Бу шеърият ҳақиқий шоир шахси ва қисматини мукаммал бир тарзда намоён этиши билан ҳам эътиборга моликдир. Машраб шеърларида сўз, оҳанг ва тасвир ҳеч бир ижодкорникига ўхшамайдиган тарзда юқори мақомга кўтарилгандир. Унинг ғазалларида сўз руҳдан, маъно руҳоният ва ҳолдан яралади.

Шоир ғазалларидан бирида «Тинмайин юрдим бу ғам даштида ҳайронлиқ билан», - деган эди. У чиндан ҳам дард, ғам ва армон даштидаги бир ошиқ-дарвешдир. У ҳайронликдан ҳайратга, ҳайратдан ҳақиқат ва маърифатга томон интилади:

Мақоми ҳайрат ичра гоҳи бехудман,

Жунун бозорида мастманки истиғноға сиғмамдур.

Машрабдаги жунун – илоҳий ишқ ҳосиласи. У ишқнинг шиддатли туғёнларида «жунун водий»сиға қочади. Уни ҳамма жойда ҳамма томондан «ғам лашкари» таъқиб қилади. «Ғам лашкари ичра» «ҳайрону хароб» шоир гоҳ «жисми жони»нинг афгорлигидан сўзласа («Лашкари ғам бу синуқ кўнглумни афгор айлади»; «Жисми жонимни фигор этти ғамингни лашкари»), гоҳ ўзлигини ғам тарозисуғига тортади («Ғам тарозусиға тушган бори вазминмен бугун»). «Ғамдин ўзга бўлмади дардимга дармон оқибат», –

деганида у ҳақ эди. Машрабнинг шахсияти ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмоқ учун унинг шеърларидаги мана бундай жумла ва ибораларга назар ташлаш кифоядир: «Ишқ саргардониман», «Дард ила хароб ўлдим», «Тинмай куюб ёндим», «Манга мотам тутиб йиғлар дару девор», «Тилим лолу кўзим гирён», «Нолишимдан қўрқаман», «Саҳар сўзимға чирмашдим», «Дилим дарёи нурдур», «Гунаҳим ғайрдин эмас, кўзимдин», «Ўлтуруб қон йиғласам арзир», «Таҳ-батаҳ қондур юрак», «Мандин забунроқ йўқ киши», «Мен қонлар ютай то ўлгунча», «Дарду ғам ичра сарғайди юзум», «Айландим келдим яна ғам уйига», «Меҳрибоним йўқ мани», «Ётибмен қору ёмғир устима ўтиб», «Мусибат селини барбоди бўлдум», «Кўнгулда ғусса кўп», «Ғам лойи ичра қолмишман».

Бир мартабада турмас эмиш шоҳ ила дарвеш,

Бас жандани кийдим ўзими дарбадар эттим.

Дарвешлик Машраб учун шоҳликдан баланд. У «жон тўтисини ишқ ила сарбоз этай деб», жанда кийиб ўзни дарбадарликка чоғлаган эди. Машраб чин маънодаги ошиқ шоирдир. У «шариат шарбатин ичгон», «Тариқат ҳалқасин тутқон», «Ҳақиқат шоҳини сўргон», «Маломат куйида юргон», «Муҳаббат йўлида куйгон» «суяр қуллар», яъни ҳақ ошиқлари фикру кечинмаларини ифодачиси. Машраб ҳақиқий ишқ баҳрига чўмган санъаткор эди: «Шудам пайғамбари савдо, мани девонаи Машраб».

«Йўлни кўрганлар ҳама дунёни таркин қилдилар», дейди шоир. Қайси дунёни? Машраб ғазалларидан бири шундай сатрлар билан бошланади:

Дунёга келиб билмай лойиға бота қолдим,

Дармон йўқидан заҳри балосин юта қолдим.

Кўрдум мен они душмани руҳи тан экандур,

Ло ўқи билан икки кўзини ота қолдим.

Албатта, дунё бошдан-охир ботқоқдан иборат эмас, лекин лой – унинг бир рамзи. Шоир дунё ҳақидаги қарашларида ҳурлик туйғусига алоҳида аҳамият беради. Ҳурлик нима? Ишқ. Ҳақиқий ҳур одам ким? Ошиқ ва ориф. «Ишқ йўлиға кирган, албатта, кечар жондин, Кечмаса жондан айтгон сўзидур ёлғон», – дейди Машраб. У асл мақсадга етиш учун парда бўлган дунёни тарк этиш тарафдори: «Кўтарсанг пардани ногоҳ жамолингни кўрай дерман, Жамолинг партавин солсанг, ки ҳуснингга тўяй дерман», «Пардангни олиб мен сари гар биргина боқсанг, Ул дам мени мотамзада дар ханда бўлойин».

Машраб тавба мақомига доир фикр-мулоҳазаларида «Маломат куйида юргон» соликларнинг ахлоқий-фалсафий қарашларини ёқлаб, гуноҳ ва гуноҳкорлик туйғуларини идрок этишга чақиради:

Эй бандаи пургуноҳ, турғил саҳарда, йиғлағил,

Кўз ёшингни ҳурматидин ҳар кунда минг наво келур.

Шоир ўзини «бош-оёғ» «жўши гунаҳдин» олуда, бандаи пургунаҳ ҳисоблайди: «Гунаҳимдан хабар олсам жуҳуд, тарсо менингдек йўқ…», «Аё дўзах, мени куйдир, халойиқ куймасин ҳаргиз, Тамуғдин ишқ ўти пурзўр, анинг заҳрин ютуб уттум», «Булҳавасни мағзи йўқдур, пўстдур беэътибор». «Маънипарвар одам» кўнгулни гуноҳлардан поклаш учун азобу азият ва маломатдан қочмайди. Шу тариқа Ёр «чароғи ҳусни рўйи»дан дилни мунаввар қилишга эришади.

Сирри дилим изҳор агар бўлса малакка,

Ул моҳ била шамси мунаввар чидаёлмас.

Ишқ аҳли агар нола-ю фарёд чиқарса,

Масжид куяру воизу минбар чидаёлмас.

Машраб бир қатор ғазалларида тасаввуф таълимотининг умумий ғоя ва тушунчаларини талқин этади:

Маърифат бозорининг девонаси,

Ҳам ҳақиқат ишқининг майхонаси.

Оҳ уруб икки жаҳонни куйдурур

Ишқ элининг зийнати – сармояси…

Шоирнинг кўпчилик орифона ғазалларида эса ҳақиқий ишқнинг юқори нуқтасини акс эттирадиган туйғу ва кечинмалар тасвирланган. Шундай ғазаллардан бирида ўқиймиз:

Онқадар нурга тўлибман, осмонға сиғмадим,

Тоқи аршу курси-ю лавҳу жинонға сиғмадим.

Машраб форсий ғазалида «Анал-Ҳақ гўи эжодам, тажаллипарвари ишқам» - ижодимни Анал-Ҳақлик десанг, мен ишқнинг тажаллипарвариман, деб ёзган эди. Юқоридаги сатрлар билан бошланадиган ғазалнинг ғоявий таркиби Анал–Ҳақлик ва тажаллипарварлик моҳиятидан ташкил топган. Ғазалнинг навбатдаги байтларида бу ҳақиқат тўлиқ равшанлашади:

Кимга соям тушса бир нури яқийн бўлди у ҳам,

Дафтари руҳи қудсдурман забонға сиғмадим.

Дўзахи сақар манам, жаннати кавсар манам,

Бир ўзимдурман бу кун ҳафт осмонға сиғмадим.

Бор эдим Нуҳ вақтида ғарқ этмади тўфони ҳам,

Ҳамроҳи Мусо бўлиб Тури Синонға сиғмадим.

Эллик йил Исо билан юрдим ўликни тиргузуб,

Боиси бир нуктадин, Машраб, замонға сиғмадим.

Ғазалда илоҳий «ишқ сиррин баёни» берилган. Бу «ишқ ўтидин» кишига «заррае етса», кифоя, у – гирён, бесабру бетоқат, унинг тили лол, сўнгаклари ниҳон ўртангани ўртанган. Чунки у оламу бу оламни ўзида бирлаштирадиган кенгликка эришади. Шеърдаги Нуҳ, Мусо, Исога тегишли талмиҳларданоқ тавҳид ҳолатининг тасвирини мушоҳада қилиш мумкин. Лекин шоир «ҳафт осмонға», «Тури Синонға» ва «замонға» сиғмаслик сабабини «Боиси бир нуктадин», деб таъкидлайдики, бу нукта – Анал-Ҳақлик завқидир. Машраб буни «Ажаб Мажнун»лик «ажаб девона»лик деб ҳам характерлайди.

Тарихдан маълумки, тасаввуфдаги қаландария мазҳабига Жамолиддин Соважий асос солган. Қаландария маломатия силсиласи билан узвий боғлиқдир. Бобораҳим Машраб қаландария мазҳабига алоқадор шоирлардан. Бу тўғрида О. Шарафиддинов ва С. Ҳусайннинг «Ўзбек адабиёти» мақоласида шундай дейилган: «Машраб ўз замонасида кенг ёйилмоқда бўлган қаландарликнинг (сўфизмнинг бир оқими) йирик вакили сифатида танилган ва халқ ичида катта таъсирга эга шоирдир. Қаландарлик вакиллари расмий ислом ва унинг қонунлари билан келиша олмас ва шу қонунларни ҳимоя қилувчи ҳокимларга, расмий ортодоксал руҳонийларга қарши курашар, уларни шиддатли танқидга олар эдилар»[1]. Мақола муаллифлари қаландарлик тариқати вакилларини «оғир зулмларни бошидан кечирмоқда бўлган ва жуда қашшоқлашган» омманинг ўртасида «душманлардан ўч олиш, ва зулмдан қутулиш учун ёрдам берувчилар» сифатида баҳолаб, Машрабни ана шу кураш қурбони бўлганлигини қайд этганлар. Уларнинг ҳукмига биноан, Машраб ижодиёти «бир-бирига ўта қарама-қарши бўлган қутбларга эга». Бу «қутб»лардан бири – «расмий ислом, руҳонийларни, ҳокимларни, шариат қонунларини аямай танқид қилиш» бўлса, иккинчиси – «таркидунёчилик, дарбадар ва қаландарона ҳаёт кечиришга даъват». Машраб бутун ижоди давомида тасаввуфдан узоқлашмаган ва ваҳдати вужуд идеали билан яшаган мистик шоир. Зоҳирий оламдан ботиний дунёга у жуда вақтли чекинган.

Мени зоҳир кўзида кўрган эл ўздин гумон айлар,

Вале, эл ичра ўздин, барчадин бегона Машрабман.

«Эл ичра ўздин» ва «барчадин бегона»лик – Машраб мистик ҳаётининг мазмунини характерлайдиган бундан аниқ ифода топиш қийин. Машрабдаги ёлғизлик – «ўздин» ҳам бегона бир танҳолик. Акс ҳолда у шатҳ тили билан, «этагимни елпишидин юз худо пайдо бўлур», демаган бўлурди. Машрабдаги инсоний ёлғизлик илоҳий ёлғизликка эврилгандир. Ундан «Ёлғизлик нима?» - деб сўралганда у, албатта, «Худо!» - деб жавоб берган бўлар эди. Ёки қуйидаги сингари мисраларни эслатарди:

Ҳу десам, Анал-Ҳақ, деб олам бориси ҳақдур,

Лайлига бўлуб шайдо, Мажнунга ўтай дерман.

Бобораҳим Машрабни шу тахаллус билан ижод қилган бошқа шоирлардан ажратиш учун ўзбек адабиётшунослигида анча ишлар амалга оширилди. Шу маънода шоир шеърларини йиғиб, нашр эттирган олимларнинг меҳнатлари таҳсинга лойиқдир. Лекин асл Машрабнинг қиёфаси – унинг шеъриятида, адабиётшунослик илмида Машрабнинг инсоний ва ижодий Ўзлиги тубдан ўзгартирилган ҳамда сохта талқинларга гирифтор этилган.

Машраб шеъриятининг ғоявий, фалсафий, ахлоқий замини – тасаввуф. Шоир ижодиётига доир тадқиқотларида унинг шеърлари онгли равишда ўз заминидан ажратилиб, таҳлил қилинган. Натижада илоҳий ишқ моҳиятини очувчи фикру кечинмалар дунёвий муҳаббатга мансуб тасвирлар сифатида тавсия этилган. Машраб ижодиётидаги «антиклерикал мотив»лар ҳақида айтилган мулоҳазалар ҳам бирёқлама, гоҳо жуда чалкашдир. Бунинг сабаблари изоҳланганда икки жиҳатга алоҳида диққат қилиш керак бўлади. Биринчиси, давлат ва сиёсат миқёсида динга қарши ҳужумнинг авж олдирилганлиги, иккинчиси, тасаввуф таълимотининг юзаки ўрганилганлиги.

Тасаввуф Машраб дунёқарашининг «чекланган томонлари» эмас, балки ички зиёсидир. Тасаввуф, биринчи галда, Руҳ тарбияси. Тасаввуф – ахлоқ ва одоб камолоти учун қайғуриш демак. Тасаввуф – Хаёл ва тасаввур гўзаллиги. Ҳақиқий тасаввуф оламдаги жамики кучсизлик, жамики тобеликларга иштибоҳ билан қарашга ўргатади. Тасаввуфнинг деярли барча мазҳабларида ғамгин ва ғуссакаш инсон «Мени»нинг ботиний фаоллиги акс этади. Тасаввуф таълимотида тарбияланган кишининг ҳаёт завқидан қўл силташи мумкин эмас. У ўткинчи завқларга бепарво қараши табииий, албатта. Дин сингари тасаввуфнинг ҳам оламшумул мафкураси Ишқдир.

Дин номидан ҳукмлар чиқариб, «роҳи шаётин»дан юргувчи, ришвахўр, «бухлу ҳаводорлиқ билан» умр ўтказган дилозор, риёкор мулло ва эшонларга Машраб салбий муносабатда бўлган. У ана шундай калтабин ва ақидапараст дин аҳлининг имонини – имонсизлик, динпарастлигини динсизлик деб билган. Қалби илоҳий зиёдан йироқ диндор – шоирга қолоқлик, чекланганлик тимсоли бўлиб кўринганлиги рост. Аммо Машраб ҳеч пайт ислом динининг асл моҳиятига шак келтирмаган. Шунинг учун ҳам «Бир Худодан ўзгаси барча ғалатдур». – деб ҳисоблаган. Машраб маслагига кўра, оламнинг мазмуни, хаёлий гўзаллиги ва абадияти биргина сўзда ифодаланади. Бу сўз – Худо. Шу сўз дунёнинг Дили, дунёнинг тили. Жаҳоннинг қайси гўшасига назар ташламанг, ҳусн нурини сочаётган ва забони ғайбда такаллум этмоқда бўлган худо зоҳирдир: «Олам ҳама кўз бўлди тамошо қилайин деб».

Восили ҳақ бўлай десанг, ишқу муҳаббат ҳосил эт,

Ўрта ҳавоу кибр уйин шамъи юзин зиёсиға.

Машраб илоҳий «ишқу муҳаббат ҳосил» этмоқ маъносида қаландарлик тариқатини танлаган ва қаландар ошиқнинг биринчи вазифаси – бу, ваҳдат майидин қонмоқ деб билган. Унинг қатор байтларида шу моҳият аксини топгандир:

Соқий, қадаҳни қилғил муҳайё,

Ваҳдат майидин ичголи келдим.

Машраб девонида ваҳдат тушунчасидан ажралиб қолган шеър йўқ. Шоир ғазалларидан бирида:

Баҳри раҳматға кириб қилдим вужудимни адам,

Маърифатдан бехабарсан гавҳаримни кавлама, -

деган эди. Байтнинг биринчи мисраси ўзликдан кечиб, фаноликка эришиш тўғрисида. Ундаги умумий фикрнинг шарҳини бошқа ғазалда учратамиз:

Бўлдум фано мен туфроғ ичинда,

Бир дона эрдим, минг дона бўлдум.

Ул юз ўтида буд бўлди нобуд,

Жон жонға кирди, жонона бўлдум.

«Жон жонға кирди, жонона бўлдум» - Машраб дунёқарашининг энг олий ва якуний нуқтаси ана шу. «Жон жонға» қовушгунгача бўлган йўл – машаққатли йўл.

Солдим туну кун нафс итим бирла урушни,

Танҳо қиличи бирла уруб ҳай-ҳайлаб ўттум.

«Нафс ити» бирла бўлган «уруш»да ғолиб келган ошиқ, албатта, хомушлик ва мискинлигини топади. Мискинлик руҳи уйғонмагунча, ҳақ толиби ожизу афкорлигини англай олмайди, гуноҳларидан тавба қилмайди, сир пардасининг очилишини тилаб зору таваллолар этмайди. Машрабнинг ўнлаб ғазалларида «хомуш пичоқини» нафс бўйниға қўйган ошиқ ҳолати ва кечинмалари тасвирланган.

Машраб «толиби дийдор»ликда Мансур Халлож, Шайх Боязид Бистомий, Фаридиддин Аттор, Имомиддин Насимий сингари «толиби содиқ»ларга издош ва маслакдош. У Мансур Халлождан кейин машҳур сўфий Иброҳим Адҳам тариқини ўзи учун ибрат ва намуна сифатида эътироф этади:

Жаҳонни тарк қилди Машраб Иброҳим Адҳамдек,

Саропо дард кўрдим, муддаони кўрмадим ҳаргиз.

Маълумки, Муҳаммад пайғамбарга нисбат берилган «ал-фақру фахрий» ҳикмати теран тушунчалардандир. Фақр – эҳтиёжнинг негизидаги хорликни теран пайқайди. Фақр – Ҳақ маърифатидан ўзга ҳеч нимани талаб қилмайди. Машраб фақирлик йўлига содиқлиги учун ҳам:

Шаҳи рўйи замину тахту тожин орзу қимай,

Гадойи фақр бўлдум, сайр этарман баҳру бар танҳо, -

деб ёзган эди. Фақирлик мақомига юз бурмаган ошиқ ҳақиқий ишқ сиррининг кошифи бўла олмайди.

Асли муҳаббат истасанг, кулли сивони ташлағил,

Фақр либосин кийиб дарбадари гадо келур.

Хуллас, Машраб шеърияти ҳали тўлиқ кашф қилинмаган бир хазинадир. Бу шеърият билан қанча кўпроқ қизиқилса, инсон ўзлигини ўшанча теран англаш имконига эришади, шахс ва жамият, одам ва олам, Ҳақ ва банда муносбатларини тўғри мушоҳада айлаш даражасига кўтарилади.

Олими нуктадон ўзум…

Тошкент, 2006



[1] «Ўзбек адабиёти 15 йил ичида», Тошкент, 1939, 19 – бет.