Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Адабий суҳбатлар»Азизийнинг «Фаридуддин Аттор» бадиаси хусусида сўз
Facebook
Азизийнинг «Фаридуддин Аттор» бадиаси хусусида сўз PDF Босма E-mail

АТТОРШУНОСЛИККА  КИРИШ
Не-не аждодларимиз учун қўл етмас орзу бўлган Мустақиллигимизнинг йигирма иккинчи йилида яшаяпмиз. Истиқлол бизга буюк боболаримизнинг улуғвор маънавий меросини, хусусан, фалсафий-адабий, сиё­сий-ҳуқуқий ва диний-ахлоқий қадриятларимиз жамланган қўлёзма манбалар ва китобларни ўқиб-ўрганиш, уларни асраб-авайлаб келгуси авлодларга етказиш имконини бергани боис ҳам азиз ва қимматлидир.

Мустақиллигимиз шарофати ила муқаддас Қуръони карим, ҳадиси шарифлар маънавий дунё­қарашимизда яна юксак қадрини топди, диний-фалсафий ва ахлоқий-ҳуқуқий меросимизни ўқиш ва мағзини чақиш борасида имкониятлар эшиги ланг очилди. Авваллари тақиқ тамғаси босилган қанчадан-қанча бебаҳо асарлар эндиликда халқимизнинг маънавий мулкига айланди. Не саодатки, бугун барчамиз Имом Бухорий ва ат-Термизий, Имом Мотуридий ва Абдулхолиқ ўиждувоний, Баҳоуддин Нақ­шбанд ва Бурҳониддин Марғиноний, Нажмиддин Кубро ва Паҳлавон Маҳмуд, Ҳофиз Шерозий ва Абулвафо Хоразмий, Хожа Аҳмад Яссавий ва Хожа Аҳрор Валий каби ҳассос сўз усталари ижодиётининг шаклий нафосати ва бадиий балоғатидан тўла баҳраманд бўлмоқдамиз.
Ана шу нодиру ноёб асарлар қаторида Шарқ мумтоз адабиётининг йирик намояндаларидан бири, ўзидан кейинги барча буюк ижодкорлар ҳурмат ила эътироф этган улкан мутасаввиф шоир Фаридуддин Атторнинг неча асрлардан буён дилларга манзур бўлиб келаётган “Мантиқ ут-тайр” (Тошкент, “Фан”, 2006), “Илоҳийнома” (Тошкент, “Мусиқа”, 2007), “Асрорнома” (Тошкент, “Ўзбекистон Миллий энтсиклопедияси”, 2008) каби мажозий достонлари ҳам кейинги йилларда ҳассос шоиримиз Жамол Камол томонидан она тилимизга ўгирилдики, эндиликда китобхонларимиз ана шу маънавият жавоҳирларидан завқ ва баҳра олаётир.
Муҳими, юртимизда атторшунослик соҳасида янгидан-янги марралар забт этилмоқда. Яқинда Шайхнинг “Панднома” ва “Булбулнома”, шунингдек, “Уштурнома” асарлари ҳам Жамол Камол таржимасида нашрдан чиқди. Буларнинг барчаси албатта, Ўзбекистонда Аттор ижодини чуқур ва муфассал ўрганиш борасида нечоғлик катта салоҳият мавжудлигининг яққол тасдиғидир.
Фаридуддин Аттор асарларининг ўзбекча таржималари Жамол Камол билан бир қаторда 1994 йили “Илоҳийнома”нинг насрий таржимасини амалга оширган таниқли тасаввуфшунос олим Нажмиддин Комилов, 1997 йилда “Тазкират ул-авлиё” асарини ўзига хос маҳорат билан тилимизга ўгирган ҳассос шоир Мирзо Кенжабек каби қалам аҳлларининг самарали меҳнати ва жўшқин ижоди маҳсули эканини алоҳида қайд этиш лозим.
Асосийси, айнан мустақиллигимиз бу борадаги барча хайрли ишларга катта йўл очиб берди. Зотан, истиқлолга қадар биз ўқиш ва билиш зарур бўлган фалсафий, тасаввуфий қанчадан-қанча китобларни қўлимизга ҳам олмаганмиз.
Айтиш керакки, Фаридуддин Аттор ғоят сермаҳсул шоир бўлиб, ундан улкан адабий мерос қолган. Шу билан бирга буюк алломанинг ижоди жаҳонда шунчалик кўп ва муфассал ўрганилганки, хорижда атторшунослик йўналиши шаклланган, десак асло муболаға бўлмайди. Натижада у ҳақда сайёрамизнинг турли иқлимларида кўплаб илмий, фалсафий, адабий-бадиий асарлар яратилди ва яратилмоқда.
Таниқли уйғур шоири, адиби ва таржимони Азизийнинг “Фаридуддин Аттор” бадиаси ана шундай асарлар жумласига киради. Ушбу асар таржимон Ҳабибуллоҳ Зайниддин, масъул муҳаррир Аҳмад Муҳаммад ва ноширларимиз саъй-ҳаракатлари билан китобхонларимизга туҳфа этилди.
Бадиа муаллифи ҳақида икки оғиз: Азизий 1962 йили Хитой Халқ Республикаси Хўтон вилояти Чирё туманининг Мозоркўл кентида туғилган. 1985 йили Шинжонг университетининг адабиёт факултетини тамомлаган. Ҳозиргача мингдан зиёд наз­мий асарлар, икки юзга яқин таржима асарлар муаллифидир. Баъзи асарлари хитой ва ўзбек тилига таржима қилинган. Жумладан, Азизийнинг “Фаридуддин Аттор” бадиаси Ўзбекистонда илк бор “Жаҳон адабиёти” журнали (2009, 12-сон) саҳифаларида чоп этилган.
Муаллиф ўз асарида Фаридуддин Аттор яшаган мураккаб, таҳликали тарихий муҳитни мухтасар баён этган. Бу давр ХИ-ХИИИ аср бошларидаги Салжуқийлар, ўазнавийлар, Хоразмшоҳларнинг ўзаро тўқнашувлари ҳамда Чингизхоннинг Ўрта Осиёни, хусусан, Бухоро, Самарқанд, Урганч шаҳарларини босиб олиши билан характерланади.
Бадиада Атторнинг она шаҳри Нишопур ғоят гўзал бадиий бўёқларда тасвирланади. Нишопур — Шарқнинг машҳур тарихий ва маданий марказларидан. Бу шаҳар дунёга кўпгина атоқли олиму фузалоларни етказиб берган. Шарқнинг машҳур тасаввуф шоири, буюк маърифатпарвар Фаридуддин Аттор ана шундай мутафаккирлар жумласига киради.

ДАВЛАТШОҲ САМАРҚАНДИЙ: “ШОИРЛИК УНИНГ КАСБИ, ОДАТИ ЭМАС ЭДИ”
Китобда мавлоно Навоий “шеър ёзишдан мақсади илоҳий сирларни баён қилиш ва чексиз маърифат тарқатиш эди” деб таърифлаган мутасаввиф шоирнинг ҳасби ҳоли, ҳаёт йўли ва ижодий фаолияти, адабий-фалсафий мероси ва тасаввуфий қарашлари муфассал тарзда ёритилган.
Фаридуддин Аттор Жалолиддин Румий ва Алишер Навоий каби даҳоларнинг маънавий устози бўлган. Аттор — тазкиранавис шоир. Жомий ва Навоий унинг “Тазкират ул-авлиё” асарига таяниб, ўз тазкираларини ёзганлар.
Аттор ҳаёти ва ижодий меросининг жавҳари — бу тасаввуф таълимотидир. Азизий ҳам буюк Шайх ҳасби ҳолини чуқур ўрганган бошқа муаллифлар қатори “Атторнинг ҳаёти ҳақидаги қарашлар бир-бирига мос келмайди” деб таъкидлар экан, шу боис ул зотнинг “ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақидаги масалада бирор қатъий хулосага келиш қийин” эканига эътиборни қаратади.
Ҳақиқатан ҳам, Атторнинг таваллуди ва вафоти йиллари ҳақида аниқ бир фикр мавжуд эмас. “Атторни тахминан ўн иккинчи асрнинг бошларидан ўн учинчи асрнинг дастлабки чоракларигача бўлган оралиқда яшаб ўтган сиймолардан биридир, деб қарашга тўғри келади”, деб ёзади муаллиф.
Азизий ўз асарида Аттор ҳаётига оид турли ғаройиб воқеа ва ривоятларни келтиради. Дарвешнинг ўлими, 12 ёшли Жалолиддин Румий билан учрашув, Атторнинг ўлими билан боғлиқ воқеалар шулар жумласидандир.
Атторнинг дунёда шуҳрат қозонган тўлиқ номи: Муҳаммад Фаридуддин ибн Иброҳим шайх Аттор Нишопурий бўлиб, халқ орасида машҳур бўлган “Фаридуддин” деган номи — “диннинг ягонаси” деган маънони беради.
Азизий Атторнинг таълим олиши билан боғлиқ жараёнлар ва устозлари ҳақида батафсил маълумотлар беради. Бунда у Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Давлатшоҳ Самар­қандий каби мумтоз мутафаккирлар, Радий Фиш, Ҳелмут Риттер, Мустафо Услу, Нажмиддин Комилов каби замонавий муаллифларнинг асарларига таянган.
Шайх Аттор ҳаётда анча қийинчиликларни бошидан кечирган, оғир синовларга дуч келган. Айни вақтда, юқорида қайд этганимиздек, Аттор ўзидан жуда бой мерос қолдирган. Унинг асарлари сони ҳақида тадқиқотчилар орасида якдил фикр йўқ. Бу борада турли манбаларда ва турли муаллифлар томонидан турлича фикрлар билдирилади. Масалан, Давлатшоҳ Самарқандий “Тазкират уш-шуаро”сида Аттор асарларининг умумий ҳажмини 250 минг байтга яқин деб кўрсатган.
Германиялик шарқшунос олим, профессор Ҳелмут Риттер Аттор асарларини мазмунан ва услуб жиҳатдан уч босқичга бўлиб, унинг 22 та асарини ёзилиш тартиби бўйича кўрсатган. Ҳ.Риттернинг таъбири билан айтганда, биринчи босқичда Аттор моҳир ҳикоянавис, иккинчи босқичда ҳис-ҳаяжонга тўлиб тошган шоир, кейин эса ҳар қандай режадан фориғ бир ҳолда асарлар яратган эркин ижодкордир.
Ўз навбатида, Азизий Атторнинг 18 та асарига қисқа, лекин мазмунан теран тавсиф берган. Муаллиф таъкидлаганидек, Атторнинг асарлари унинг дунёқарашини очиб беришга хизмат қилади.

АТТОР — ТАСАВВУФШУНОС АЛЛОМА
Азизий бадиасида Аттор дунёқарашининг асосий йўналишлари очиб берилган. Муаллиф асосли эътироф этганидек, “Аттор дунёқараши асосини ўрта аср Шарқ ислом тафаккурининг илғор оқими бўлган тасаввуф таълимоти ташкил этади”.
Фаридуддин Аттор тасаввуф таълимотининг йирик сиймоларидан биридир. Атторнинг барча асарларида тасаввуфий дунёқараш асосий ўринда туради. Азизий бу ҳақдаги фикрларини давом эттириб, “Аттор ўз таълимотларида тариқат масаласини бошдан-охир асосий ўринга қўйиб таъкидлайди ҳамда уни ибратли мисол, ақлий тушунчалар орқали атрофлича шар­ҳлайди”, деб алоҳида қайд этади .
Тариқат инсон учун бир мактабдир. Азизийнинг ёзишича, бу мактабнинг асосий мақсади инсонни руҳий ва ақлий жиҳатдан тарбиялаб, такомилликка юзлантириш, ўз амалиёти орқали ўзини тарбиялаб инсоний фазилатни мустаҳкамлашдир.
Азизий тариқат, солик (сулук аъзоси), пир, мурид, тариқатнинг олти мақоми (тавба, вараъа, фақирлик, сабр, таваккул, ризо), тавҳид (танҳолик), иймон каби тасаввуфнинг асосий тушунчаларини Аттор асарларида келтирилган ривоят ва ҳикоятлар асосида очиб берган . Шу билан бирга, муаллиф тариқат мақомларининг сони бўйича турли тадқиқотчиларга мансуб фикрларни ҳам келтиради.
Бу жиҳатдан, Азизийнинг фикрига кўра, “Илоҳийнома”ни маълум маънода Атторнинг тасаввуфий қарашларини шарҳлашга бағишланган асар, дейиш мумкин. “Мантиқ ут-тайр” достонидаги Шайх Санъон қиссаси эса “тасаввуф адабиётида ажойиб сеҳрли кучга эга, ахлоқий ҳикматларга бой, нозик бадиий туйғулар жилваланиб турадиган, кишининг руҳий дунёсини ларзага соладиган ўлмас қиссаларнинг биридир”.
Шундай қилиб, Атторнинг тасаввуф ҳақидаги қарашлари “руҳий такомилликни тарғиб қиладиган тараққиёт жараёнидан иборат бўлиб, у инсоннинг руҳий камолотини мақсад қилади”. Аттор маърифий йўлидаги етти водий (талаб водийси, ишқ водийси, маърифат водийси, истиғно водийси, тавҳид водийси, ҳайрат водийси, фақру фано водийси) “бир-бирини тўлдирувчи руҳий камолот босқичлари бўлиб, у соликда илоҳий маърифатнинг намоён бўлиши учун замин ҳозирлайди”.

Хулоса қилиб айтганда, шайх Фаридуддин Атторнинг асарлари юртимизда аввалига парчалар шаклида ва насрда, сўнг эса мукаммал ҳолда, назмда таржима қилиниб чоп этилгани, боз устига буюк мутасаввиф шоирнинг ҳасби ҳоли ва ижодий фаолияти, адабий-фалсафий мероси мукаммал тарзда очиб берилган хорижий муаллифларнинг сара асарлари ўзбек тилида китобхонларга тақдим этилгани тасаввуф адабиётини ўқиб-ўрганишда кейинги йилларда қандай улкан имкониятларга эга бўлганимиздан далолатдир.

Акмал САИДОВ,
юридик фанлар доктори, профессор