Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Адабий суҳбатлар»Мукофот учун ёзилмаган асар
Facebook
Мукофот учун ёзилмаган асар PDF Босма E-mail

Абдунаби Абдиевнинг бири биридан долзарб мавзуларни қамраган кўплаб мақолаларини ўқиб, ўзимга керакли хулосаларни олганман. “Мукофот учун ёзилаётган “асарлар” эса менга энг манзури бўлди. Сабаби, худди шу ўй менинг кўнглимдан ҳам кечган. Узоқ йиллар олдин. Мукофот учун ёзиш...
Туркия давлатининг мадҳияси салкам юз йил аввал ёзилган. Мана, бир асрга яқинлашибди ҳамки, мадҳия ўша-ўша. Юз йил ичида давлат раҳбарлари неча бор алмашганини Туркия тарихини яхши биладиганлар айтишлари мумкин. Аммо не ҳайратки, бир аср аввал ёзилган мадҳиядан ўтказиб ҳали-ҳануз ҳеч ким мадҳия ёзолмабди. Сабаби нимада экан? Сабаби, асарнинг мукофот учун ёзилмаганлигида!
Йигирманчи асрнинг бошларида Туркия давлат мадҳиясини ёзиш мақсадида танлов эълон қилинади. Мусобақада етмишдан зиёд шоирларнинг шеърлари иштирок этади. Аммо ҳеч бири ўқувчи юрагига Ватан, Миллат муҳаббати бўлиб санчилмайди. Ёзилган мадҳиялардан кўнгли тўлмаган танлов ҳайъати Меҳмет Акиф Эрсойга мурожаат қиладилар. Аммо миллати, юрти равнақи учун керак бўлса, жонини беришга тайёр бўлган шоир ҳайъатни ҳайратга солиб: “Мен арзимаган пул учун шеър ёзмайман!” дея рад қилади. Ундан кутилмаган бу жавоб барчани таажжубга солади. Ахир, мукофот учун оз эмас, кўп эмас, нақ 500 лира тикилган эди-да!
Ниҳоят унга: “Мусобақада ғолиб бўлсангиз ҳам мукофот пули берилмайди”, дея ваъда беришгач, мадҳия ёзишга қўл уради. 1921 йил 1 март куни ёзиб тугалланган мадҳия шу йилнинг 12 март куни расман эълон қилинади.
“Истиқлол мадҳияси”ни айтиш жоиз бўлса, юрагининг қони билан ёзган миллатпарвар шоир Меҳмет Акиф Эрсой: “Мукофот пули? Нима учун?” деган саволига: “Миллатни ватанпарварликка чақирган оташин мадҳиянгиз учун!” деган жавобни оларкан, “Ватаним, Миллатим, Халқим учун ёзган шеъримга мукофот таъма қилсам, мен қандай шоирман? Ватан мадҳияси сотилмайди. Сабаби, унинг баҳоси йўқ...” дея мукофот пулидан воз кечади...
Аммо, “Биз бу пулларни эгасига етказмоғимиз шарт. Олиб, бизни қийин аҳволдан қутқаринг”, дея шоирга мажбуран 500 лирани топширадилар. У эса “Дор-ул Масоий” номли хайрия жамиятига ўтказади.
Мен бу маълумот билан талабалик йилларимдаёқ танишган эдим. Ва қалбимдан кечган тўлқинли туйғулар хусусида нимадир ёзишни ўшандаёқ кўнглимга туггандим. Ана шу тугун бугун ўзбек адабиётининг бир фидойиси қаламидан тўкилган оташин сўзлар сеҳридан ечилиб кетди. Бунинг учун Абдунаби Абдиевга миннатдорчилик билдираман.
Ҳукмингизга қарийб бир асрни бўйлаб қўйган ўша машҳур мадҳиядан парча таржима қилиб ҳавола қилишни лозим деб билдим. Аммо таржима аслиятдек бўлолмаслигини ҳисобга олишингизни сўрайман:

Дўстим! Юртимга босқинчиларни йўлатма, асло!
Қалқон қил кўксингни, кирмасин бу ҳаёсиз оқим.
Албатта келгай, ваъда қилган кунлари Ҳақнинг,
Ким билсин, балки эртага, балки ундан-да яқин!..

Босган ерларингни “Тупроқ!” дея ўтма, тани!
Ўйла, ер остида мингларча кафансиз ётганни.
Сен шаҳид ўғлисан, ранжитма асло отангни,
Берма! Дунёларни олсанг ҳам, бу Жаннат Ватанни!

Ким бу Жаннат Ватани учун бўлмаски, фидо?!
Шаҳидлар фарёд этар, тупроқни сиқсанг, шаҳидо!
Жоним, жононим, бутун боримни олсин-да, Худо,
Этмасин мени асло, Ватанимдан жудо!..

Одоб илми бўлмиш ҳақиқий адабиётимиз учун ижод қилаётганларнинг асарлари асрлар оша яшаб қолажак. Бир аср нима экан, беш асрдан буён назм саройини титратиб келаётган “занжирбанд шер”нинг наъраси — “Хамса” қайси мукофот учун ёзилган эди?..
Ёзайлик, керак бўлса, юрагимизнинг қони билан ёзайлик! Аммо ёзганларимиз фақат мукофот учун эмас, Миллатимиз равнақига ҳисса қўшиш учун бўлсин. Асарларимиз юртимиз эртаси бўлган ёшларимизнинг тарбиясига хизмат қилсин, келажагига мустаҳкам пойдевор бўлсин.        
Ёзганларимизни ўқиб, юраги сел бўлган Халқимиз ҳаққимизга дуолар қилсин.
Шунинг ўзи мукофот эмасми, АЗИЗЛАР?!

Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ