Facebook
Диёнат дарёси PDF Босма E-mail

Кунинг қаламни қувиб ўтавергач, бора – бора, аҳли қалам билан бир оиладек бўлиб кетаркансан. Кичкиналарни ука дейсан, катталарни ака, ёши ўтганларни ота, кексаларни бобо! Аммо Одил Ёқубов етмишдан ошиб, саксонни қоралаганда ҳам, негадир ҳамма “Одил ака” деб чақирарди. Сабаби, Одил ака жиддий киши бўлсада, ким билан сўзлашмасин, ўртага тўсиқ қўймасди. Одил ака ўзидан ўттиз – қирқ ёш кичик билан ҳам тенгдоши билан гаплашгандай бемалол ўтирарди. Гаплашганда ниҳоятда зийрак, ниҳоятда хушмуомала, илтифотли эди. Суҳбатни майдалаштирмас, йўқ нарсалар ҳақида гапириб, вақт сарфламасди. Ҳазил – мутойибалари замирида албатта чуқур ҳикмат ётар, оилавий можоралару, сабзи – пиёзнинг ўйнаб – турган нархи ҳақида гап сўз бўлмасди. Кўпгина қариялар олтмиш – етмишдан ошгач ақли заифлашиб, феъл – атвори бўшашиб кетади ва нафақани ўз вақтида келмаслиги-ю, набираларининг бежағимлигидан шикоятга ўтади.
Одил ака эса саксон ёшда ҳам бир қадам ортга чекинмайдиган, мард, қатъиятли, темир иродали, қўрқмас жангчига ўхшарди. Тафаккури шундай эди. Фикрлаш қобилияти забардаст ва юксак эди.
Буюк одамлар ҳақида ёзиш, ўқувчилар истагандай ёритиш, аниқ ва батафсил таъриф келтириш буюк асар ёзишдай эплаб бўлмайдиган иш. Айниқса, Одил Ёқубовнинг ҳайбати олдида, улуғворлиги олдида фақат таъзим ва ҳайратдан ёқа ушлаш мумкин холос. Одил аканинг даҳоси фақат кенг осмонгагина сиғади.
Мажнун Лайлини бир умр ўтли ҳарорат ва сўзсиз муҳаббат билан севгани сингари Одил ака ҳам халқ ва ҳақиқатни бутун умри давомида оловли муҳаббат билан изчил ва фидойи, жону – жаҳонини бериб севди.
Маҳаллийлик билан эмас, чучмал, юзаки, енгил – елпи сафсатабозлик билан эмас, Балъзак Францияни ва француз халқини, Толстой Россияни ва рус халқини, Габриэлъ Маркес Колумбияни ва колумб халқини севгандай севди ва юксакка кўтарди. Ўзининг қирқдан ортиқ тилларга таржима қилинган асарларида буни исботлаб берди. Одил ака миллатимиз қаҳрамони эди.
Ҳаётининг сўнгги кунларида Одил ака хаста бўлиб қолди. Кўнгилларини бироз кўтариш, бироз руҳлантириш учун, − “Одил ака, сизни ҳар бир ўзбек хонадони севади, ўзбек китобхони соғайиб кетишингизни дуо қилиб турибди – деганимда, − Мен бу халқ учун ҳеч нарса қилолмадим, ҳаётим ҳавога соврилди, мана Абдулла Қодирийни айтса бўлади, халқ учун нимадир қилди деб, Абдулҳамид Чўлпонни айтса бўлади, Абдулла Ориповни айтса бўлади, мен ҳеч нарса қилолмадим – дея, чуқур “уҳ” тортдилар. Бу шундай оғир “уҳ” тортиш эди-ки, одамнинг сўнгги нафасидай оғир ва кўтариб бўлмасди. Бу иқрорни Одил ака саксондан ўтиб айтган бўлса-да, ижодининг бошларидаёқ шу иқрор билан ижод қилди ва бир лаҳза бўлсин ўзига талабчанликни, қаттиққўлликни сўндирмади. А. Қодирийдай, А. Чўлпондай бўлиш орзуси билан бир умр яшади. Одил аканинг юқоридаги гаплари ҳеч кимдан ҳеч нарса таъма қилмаётган, аксинча адабиёт олдида қарздор эканлигини таъкидлаётган, камтар ва камсуқум ижодкорнинг самимий сўзлари эди.
Одил ака суҳбатларининг бирида бобоси Ёқуб шайх бўлганлигини, советлар даври бошланиб, исломий уламолар бирин-кетин қирғинбаротга учраб жон сақлаш амру – маҳол бўлган пайтлар ҳақида гапириб берганди. Бутун умри исломий ҳаёт билан яшаган шайх масжидга боролмайди, тўртта одамга қўшилиб номоз ўқийолмайди, номоз вақти келганда азон айтиб, жумага чақиролмайди. Жойномоз тўшаса уйига биров бостириб келадигандай жони халак. Худди дарёнинг йўлига тўғон ташлангандай. Номоз ўқимай деса, Худодан қўрқади. Худога хиёнат қилишдан, Яратганга осий бўлишдан қўрқади. Шунда Ёқуб шайх ҳовли этагидаги тут дарахти ковагига бошини суқиб азон айтади. Бу азон азон эмас, Ёқуб шайхнинг фарёдидир, кўнгил нолаларидир, замондан ёзғиришидир, босқинчиларга қарата исёни, қўл билан отолмаган тоши, тил билан айтолмаган нафрати, дил билан айтган лаънатномасидир. Нима бўлганда ҳам  босқинчилар зулми, халқимизни қай даражада хору – зор қилганига бу воқеа шоҳид.
Одил ака ҳам адабиётимизнинг шайхи эди. Мен у кишини адабиётдаги ўрнини шу даража юқори қўярдимки, ялтоқилик, хушомадгўйлик, лаганбардорлик, таъмагирлик билан адабиётни ёлғон - яшиққа тўлдириб ташлаётганлардан қизғонардим.
Товус қанчалик серҳашам, сервиқор бўлмасин қичқирганда ёқимсиз ва бехосият овоз чиқаради. Баъзи ёзувчиларнинг бундай овозларидан гоҳида қочиб қутулолмайди киши.
Уларни кўрганда Одил ака ҳам, худди бобоси сингари, тут ковагига бошини суқуб, дод деб юборса керак деб ўйлардим.
Тутуриқсиз асарларни кўрганда, ўғри муттаҳамга қарагандай қарарди. Одил ака шу даражада сўз заргари, сўз шифокори эди-ки, гапириб турган одам, у қандай мавзуда, нима ҳақда гапириб турганидан қатъий назар, сўзларига қараб у ким ва қандай одам эканлигини билиб оларди. Худди шахматчи шахмат доналарини сурганда, қай даражада эканлиги яққол кўрингандай, футболчи ўйнаганда қай даражада эканлиги яққол кўрингандай, Одил ака ҳам гапириб турган одамнинг сўзларига қараб қай даражадаги инсон эканлигини яққол кўриб турарди. Одил ака сўз санъаткори эди ва сўз илмини шу қадар мукаммал эгаллаган эди-ки, одамнинг оғзидан чиққан гап орқали, ўша одамнинг ичини, ҳаётини, бутун қисматини, бутун қусру – нуқсонларини, фазилат-у, аслиятини яққол англаб оларди. Худди моҳир шифокор қон томирларни ушлаб, одамнинг хаста ё соғломлигини аниқлагандай.
Шундай бўлсада Одил аканинг юзлаб турфа хил шогирдлари бор эди. Ҳаммаси ўзига хос ва ҳар хил фикрларди. Умуман, ҳурфикрлилик ва эркин мушоҳада ҳақида Одил аканинг ўз дунёқараши бор эди. У киши Ёзувчилар уюшмасига раис бўлиб, атрофига кўплаб, турфа хил фикрловчи шоир ва ёзувчилар йиғилганда, бир қизиқ гап айтгандилар: “Биласизларми, ўтовнинг тепасида туйнуги бўлади. Ичкарида ёқилган оловнинг тутуни ўрлаб ўша туйнукдан чиқиб кетади. Агар туйнук ёпилса, тутун ташқарига чиқолмайди, ичкаридагиларни бўғиб, ўлдиради. Жамиятда ҳам эркин фикр бўлмаса, тутун ташқарига чиқиб кетмаса, ўтовдагиларнинг аҳволи вой!”.
Одил ака албатта эркинлик, ҳурфикрлилик деганда оғзига келганини гапирадиган, ўз манфаати учун гапирадиган кишиларни назарда тутмаганди, фақат халқ манфаатини юқорига кўтарувчи, миллат шаънини юксалтирувчи, Мустақилликни улуғловчи ғояларнигина ҳақиқий деб билар ва мана шу ҳақиқат йўлида курашар, ҳеч қачон ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмасди. Бировга ноҳақ озор беришдан, ноҳақ жазолашдан, ранжитишдан, кўнглини қолдиришдан қўрқар, амал курсисида мустаҳкам ўтириб, унча – мунча одамни яксон қилиб юборишга қудрати етиб турган чоғларда ҳам, замоннинг бевафолиги ҳақидаги бобоси Ёқуб шайхнинг гапларини ёддан чиқармасди: − Отанг Эгамберди босқинчиларга ишониб коммунист бўлди, қанча одамларнинг бошига мушкулот солди, аммо диёнатсиз золимлар унга вафо қилмади, уни комунистларнинг ўзи ўлдирди. Шунинг учун ҳеч кимга ҳеч қачон ёмонлик қилма, фақат яхшилик, яхшилик, яхшилик билан яшаш керак, – дерди.
Албатта, халқ комиссари Эгамберди Ёқубов халқ душмани сифатида 1937- йил отувга ҳукм қилинади. У империяни қўрқитаолган, ёвуз  босқинчилар қаршисида қаддини тик тутган ва миллат учун ўлим шарафига муяссар бўлган ўзбек миллатининг мард ва фидоий фарзандларидан эди.
Одил Ёқубовнинг атрофида турли хил касб эгалари, ёзувчилар, шоирлар, рассомлар, маҳалла оқсоқоллари, олимлар, ўқитувчилар говжум бўларди. Энди ўйласам, бунинг сабаби, соҳалар турли бўлгани билан ҳақиқат битта эканида экан.
Бир кун Одил аканинг олдига, сўзбоши ёздириш учун “Сизни севмай бўладими...” номли китобимни олиб борган эдим. Ҳарқалай, буюк ёзувчи “оқ йўл” ёзса, мақтаниб юраман деб, иддао қилган эдим. Китобдаги шеърлар, ҳикоялар асосан севги, муҳаббат, ишқ можаролари ҳақида эди. Буларнинг Одил акага нима алоқаси бор, энди ўйласам таажубланаман. Одил ака бир ҳафталар ўтиб, сўзбоши тайёр бўлганини айтиб қолдилар. Китобим, ва сўзбошини қўлимга тутқазар эканлар, “Энди ёшинг катта бўлиб қолди, енгил – елпи ёзишни тўхтатиш керак. Одам ҳам муҳаббат ҳақида шунчалик бўш ёзадими? Ҳақиқатни ёзиш керак. Ҳақиқий муҳаббатни, астойдил, ҳеч нарсани беркитмай, ёзиш керак. Бутун фожиалари, дард – изтироблари, орзу – армонлари билан ёзиш керак. Юрагингда муҳаббат борми ўзи? – дедилар ва жавоб ҳам кутмай, ёзганларинг балки ҳозирги ёшларга ёқар. Энди севиш муаммо бўлмай қолди-ку!” – дея қўшимча қилдилар.
Мен, Одил аканинг биринчи гапиданоқ, ижодимдаги ўзим шу пайтгача кўрмаган, сезмаган камчиликни яққол кўрдим. Шу бир оғиз гапнинг ўзиёқ мен учун бутун умримга татийдиган сабоқ бўлди.
Бир пайтлар Муҳаммад Юсуф: − “Муҳаббат ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Аниқ биламанки, бу ҳаммага ҳам насиб қилавермайдиган буюк – неъмат.
Инсонга кўрсатилган буюк - марҳамат. Худди омадга ўхшайди. Кимга муҳаббат келса, одамнинг иши худди омади келгандай юришиб кетади. Шеър ёзиш учун ҳам катта қалб керак. Катта муҳаббат керак. Катта муҳаббатли шоирлар буюк шеърлар ёзишади...
... Тўғрисини айтсам, юракдан бировни яхши кўрганман дейишга виждоним қийналади. Тўғрисини айтсам, бутун умр китобдан бошимни кўтармаган эканман. Шеърдан бошимни кўтармаган эканман. Юрагимдан бирор қизни яхши кўриб, кечалари ухламай шеърлар ёзмаган эканман” – деганди. Ўша пайтлар Муҳаммад Юсуфнинг  бу гаплари жуда ҳайратлантирганди. Шоир ўзи севгани учун, ўзи куйиб пишиб дард – чеккани учун муҳаббат ҳақида шеърлар ёзади, шеърларидаги қаҳрамон шоирнинг ўзи деб ўйлардим. Кейин билсам кўпгина шоирлар бировнинг дардини ҳам худди ўзиникидай қилиб ёзар экан. Худди маҳоратли актёр, мисол учун Шоҳруҳхонга ўхшаб. Агар, Шоҳруҳхон кинодаги қаҳрамонлари кечирган севгини ўз бошидан ўтказганда борми, ақлдан озиши ҳеч гап эмас эди. Муҳаммад Юсуф ҳам кўпинча шеърларини ҳаётдан олиб ёзарди. Дўстларининг, таниш – билишларининг, кўрганлари, эшитганларини ёзарди. Албатта, шеърларидаги кўпгина дард – изтиробларни ўз бошидан кечирганди. Қолаверса, М.Юсуфни “Юракдан бировни яхши кўрмаганман” деган сўзларини тўғри маънода тушунмаслик керак. “Янада кўпроқ, бундан ҳам қаттиқроқ севишим мумкин эди,” – деган маънода тушуниш керак.
Мен, ҳам Одил аканинг танбеҳини бундан ҳам оловлироқ, бундан ҳам кучлироқ севиш мумкин эди-ку, деган маънода тушундим ва кейинчалик ҳаргал ҳоҳ у ўз дардим бўлсин, ҳоҳ бировнинг дард – алами бўлсин, муҳаббат ҳақида шеър ёзганимда юракдаги муҳаббатни бор ҳақиқати билан, бутун изтироби билан, рўй – рост ёзишга уриндим. Ёзган пайтим Одил аканинг сиймоси кўз олдимга келадиган бўлди.
Одил аканинг “Музқаймоқ” деган ҳикояси бор. Бу муаллиф ҳаётидан олинган асар. Ҳикоя қаҳрамони – коммунист! Ўз ҳаётини, оиласини, фарзандларини ўйламай туну – кун ишлайди. Уйига келишга бир лаҳза вақт тополмайди. Аммо коммунистларнинг ўзи уни отишга ҳукм қилади.
Ҳикоя қаҳрамони оиласи, фарзандлари билан абадул – абад хайрлашар экан,  коммунистларни кўришга кўзи йўқ эканини, ўзбек миллати буюк миллат эканини, коммунистлардан ўч олиш лозимлигини, ҳақиқатни юзага чиқаролмай ўлиб кетаётганини айта олмайди.
Бор – йўғи, − Ўғлим, ота бўлиб сенга бир дона музқаймоқ олиб беролмадим-а, - дейди.
Балки, 37- йилда музқаймоқ бўлмагандир, балки бўлгандир. Гап музқаймоқда эмас. Гап, отанинг ўғлига, “Мен бутун умр ҳақиқат учун курашиб, ҳақиқатни юзага чиқаролмадим – дея, армон билан ҳаёт билан хайрлашганида.
Ҳақиқатни юзага чиқариш, ҳақиқат учун курашиш Одил ака учун балки ўша кундан бошлаб бир умрлик эътиқод бўлиб қолгандир?!
Ҳақиқат учун курашиш, яшаш осон эмас. Халқимиз, тўғри гап туққанингга ёқмайди деб бекорга айтмайди. Лекин, тузсиз овқат бемаза бўлгани сингари, ҳақиқатсиз яшаш ҳам беъмани. Одамлар ўз ҳаётини сақлаш, енгил елпи ҳаёт кечириш, ёлғончилик, порахўрлик, айш – ишрат билан қанчалик яшамасинлар, барибир ҳақиқатга муҳтож бўлаверадилар. Ҳақиқатсиз ҳаётда гўзаллик йўқ. Нур йўқ, файз – барака йўқ.
Одил ака ҳақиқатни айтиш деганда, Чор Россияси Кавказ ўлкаларини босиб олаётганда Л. Толстой “Хожимурод” қиссасини ёзганини тушунарди.
Гитлер фашизми бутун Европага ҳужум қилган пайтда, Германияни тарк этиб, “Будденброклар”, “Чўл бўриси” сингари романларни ёзган, фашизмга қарши курашган Томас Манн, Герман Гессе сингари немис ёзувчиларини, Чингиз Айтматовнинг совет тузуми одамларни манқуртга айлантиргани тўғрисидиги “Кунда” романини, Абдулла Ориповнинг қизил мамлакатни мадҳ эт деган пайтда, “Ўзбекистон – менинг Ватаним” дея ёзган асарларини тушунарди. Ва ўзи ҳам юқорида қайд этилган асарлардан қолишмайдиган “Улуғбек ҳазинаси”, “Диёнат”, “Осий банда” сингари асарларни ёзди.
Миллатимиз тортган жабру – зулм ҳақида Москвада тап – тортмай, мардонавор нутқ сўзлади.
Одил Ёқубов ижоди, ўзбек ҳалқининг минг йиллик ҳаётини ўз ичига қамраб олган. Бундай кенг давр, ўзбек ёзувчилари  орасида бирор ижодкорга насиб этган эмас.
Ибн Сино ҳазратлари даври, Мирзо Улуғбек даври, Отақўзи акалар даври бутун кўлами билан рўй – рост ва бир умр қалбда муҳрланиб қоладиган даражада муҳаббат билан ёзилган.
Фотогроф Абдуғани Жумаевнинг Одил Ёқубовни туширган бир фотоси бор. Фотогроф бу расмни Одил акага кўрсатганда, Одил ака уни чапаничасига эркалаб сўкади. Фотограф шундан буён ҳазиллашиб, Одил ака, сиз мени онамни сўккансиз, энди мен сизга ўғил бўлдим,” – дея завқ билан айтиб юради. Одил аканинг сўкишига сабаб, фото шундай зўр чиққанки, даврнинг ҳар бир лаҳзасини ҳис қилиб турувчи нозик ва ўта ҳиссиётли юраги, дард – изтироблари, қўйингки сийратидаги асл қиёфаси акс этган. Гўё унда инсоннинг эмас, ҳақиқатнинг кўзи қараб тургандай эди. Бу гениалъний суратни кўриб, Одил акани соғиниб йиғлайсиз, ичингиздаги бор гапни пичирлаб гапирасиз, ўртанасиз, “Сизни яхши кўраман!” – деб, ўкирасиз.
Суратдаги бу қиёфани, Одил аканинг сўнгги кунларида, у кишини зиёрат қилиб, хайрлашаётганимда яна кўрдим. У пайт Одил ака билан бир умрга, сўнгги бор хайрлашаётганимни билмаган эдим. Аксинча, “Сизнинг асарларингиз Нобелъ мукофотига қўйилиши керак” – деб, курашга чорлаган эдим.
Шунда Одил ака: − “Ҳозир мукофотга қизиқиш ёшидан ўтганман. Бир қултум нафас ҳозир мукофот бўлиб турибди. Фарзандларим, набираларим, дўст – ёр билан икки оғиз суҳбатлашиб ўтириш мукофот бўлиб турибди. Худо, умримга яна бир кун қўшиб берса, шу бир кун ҳам мукофот. Ҳозир хотиним бир пиёла чой олиб келса, ҳузур қилиб ичсам, шу ҳам мукофот. Ҳаёт − ғанимат. Ҳамма бир бирига ғанимат. Яшаб туришнинг ўзи ғанимат. Ҳар бир одам билан кўришишни бахт деб билинг, мукофот деб билинг. Ҳатто энг разил одам бўлса ҳам, Худо уни яратганини, нимадир мақсадда, атайлаб бирор яхшилик учун яратганини унутманг. Бир – бирларинг билан аҳил бўлинглар.
Халқнинг муҳаббати энг катта мукофот эканини унутманглар. Мана эртами кечми кетаман, сиз ёшларнинг яхши асарларингиз, ўзбек халқи кўксига тақилган мукофот. Битта ёзувчи учун шунинг ўзи етарли. Соғ бўлинглар, саломат бўлинглар”.
Кишига хотирачалик ҳеч нарса ҳиёнат қилмайди. Одил ака, мен туғилиб ўсган Ховосда бўлган, Тошкентдаги хонадонимизда азиз меҳмон бўлган, болаларимни набираларим деб эркалаган, кўпроқ мен у кишининг хонадонларида бўлганман, телевидения, радио учун суҳбатлар уюштирганман. Лекин жуда кўп нарсалар хотирамдан абадул – абад ўчиб кетган. Уларни тиклай олмайман. Одил ака ҳеч қачон ўлмайди деб ўйлаганман. Агар у кишининг суҳбатларини тиклашим ва буни ёзишим мумкин бўлганида, бутун ижодим давомида қилган энг буюк ишим шу бўларди.
Бахтимизга Одил Ёқубов асарлари ҳақиқатнинг ёниқ машъаласидай қайта – қайта чоп этилиб турибди, бутун дунёдаги миллионлаб ўқувчилари томонидан севиб ўқилмоқда, мутолаа этилмоқда.
Қачонки ҳаётнинг енгил – елпи томонларида юриб чарчаганимизда, ўткинчи ва сохта туйғулар ҳақда ёзишдан безганимизда, ҳаётга жиддий ва тўғри кўз билан қарашни истаб қолганимизда, албатта Одил Ёқубов асарларига мурожаат қиламиз, ва Одил Ёқубов мактабидан паноҳ топамиз!

Муҳаммад Исмоил