Facebook
Ўтган аср мунозаралари PDF Босма E-mail

Жамиятнинг ўзлиги ва алоҳида миллат бирлигини таъмин этган ҳодисалардан бири – тил масаласи борасидаги мунозаралар жадид, маърифатпарварларининг назарида турган. Бинобарин, улар миллий тилнинг софлиги учун кўп қайғурганлар. Ўтган аср бошларида ўзбек адабий тилининг қандай ривожланмоғи кераклиги ва бунинг учун қандай йўллардан бориши хусусида мулоҳазалар билдирилди. Бу борада, энг тўғри йўл сифатида халқ жонли тили имкониятларидан кенг фойдаланиш, ўзбек тилини бошқа тиллар таъсирига тушиб қолишдан асраш масаласи кун тартибига қўйилди.
Айни пайтда, мунозараларда ғоявий ижодий принциплар учун кураш ҳам борди. Жадид маърифатпарварлар  миллий тилимизнинг бошқа бегона тиллар таъсирида бузилишига қаршилик кўрсатишди. Мактаб ва мадрасаларда   ўқитилаётган дарсликлар ва матбуотда чоп этилаётган мақолаларнинг соф ўзбек тилида бўлиши учун ҳаракат қилишди. Тил масаласига оид бундай сирадаги мақолалар вақтли матбуотда мунтазам ёритилиб борилди.
Жумладан, Иброҳим Тоҳирийнинг “Ал-Ислоҳ” журналида чоп қилинган “Матбуот ва ислоҳ” сарлавҳали мақоласи бу жиҳатдан характерлидир. Муаллиф мақолада Туркистонда нашр қилинаётган асарлар ва газета, журналлар тили ҳақида тўхталади. У матбуот хусусида фикр юритиб, уни ахлоқий –маънавий озуқа берувчи омил сифатида талқин этади: “Бир халқнинг матбуоти ўшал халқнинг кўнглида ёширинғон, кўкрагида сақланган тилакларини, орзуларини энг очиқ суратда кўрсатадурғон ойнасидур. Бир халқнинг матбуоти ўшал халқнинг ўтганини, келажағини ва андо ўлғон ва ўлажақ умидларини, фарзларини, йўлларини, қайғуларини сўзлайдурғон бир тилдур...” (“Ал-Ислоҳ”, 1915 йил, 5 сон, 141-бет).
Миллат эртасини ўйлаб жон куйдираётган жадид маърифатпарварларининг барчаси жаҳолатдан чиқиш йўлларини излашди ва бундай нуқсонларни бартараф этишга уринишади. Иброҳим Тоҳирий Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш”, Нусратулла Қудратулла ва Ҳожи Муин ҳаммуаллифлигида ёзилган “Тўй” драмаларининг тил хусусиятларига эътибор қаратиб, кескин танқид қилади. Ушбу асарларни ҳатто  мактаб болаларининг иншо ва имлоларига менгзайди. “... “Падаркуш”, “Тўй” рисолачаларина қарангиз, – деб ёзади муаллиф, – туркистонлиларнинг ўз шеваларина ёзуб нашр этғон асарларинда тил жиҳати ила дурустлик ва поклик йўқдир...” (“Ал-Ислоҳ”, 1915 йил, 6 сон, 178-бет).
Тўғри, мазкур асарлар ўз даврида кенг муҳокама қилинди. Ҳатто “Тўй” драмасининг муаллифларидан Ҳожи Муин бу камчиликларни тан олиб, “Танбеҳга ташаккур” сарлавҳаси билан иқрорнома тарзида мақола ёзди. “Тўй” пьесаси ўзбек драматургияси тарихида “Падаркуш”дан кейин яратилган иккинчи асар ҳисобланади. Асарнинг босилиб чиқиши адабиёт оламида катта қувонч билан кутиб олинди. “Тўй” чоп этилганлиги ҳақида қисқача тақриз берган “Ойна” асарни “ибратомуз” деб таърифлайди. ( “Ойна”, 1914 йил, 2 сон). “Садои Туркистон” муаллиф шаънига: “яшасун бундай ёш фикрли зотларимиз”, дея хитоб қилди. “...Тил тўғрисидаги, баъзи камчиликларни истисно қилганда, ўз турмушимиз дурустгина тасвир қилинган”, деб ёзди. (“Садои Туркистон”, 1914 йил, 5 ноябрь). “Ал-Ислоҳ” эса асар тилидаги нуқсонларни танқид қилди.
“Ойна” журналидаги кейинги тақризда эса асарнинг тил хусусиятлари анча кенг таҳлил этилган. (“Ойна”, 1914 йил, 3 сон). Муаллиф асарнинг лаҳжа ва имлода нуқсонлари борлигини таъкидлайди.
Кўриниб турибдики, “Ал-Ислоҳ”дан бошқа нашрларда ҳам “Тўй” драмасининг камчилик томонлари кўрсатилган. Бироқ, бу масалада ҳам муайян мунозаралар бўлиб ўтган. Жумладан, Иброҳим Тоҳирийнинг “Ал-Ислоҳ” журналидаги “Матбуот ва ислоҳ” номли мақоласига зид равишда “Ойна” журналининг 1915 йил 12 сонида имзосиз “Лоф” сарлавҳали мақола босилган. Мақолада Иброҳим Тоҳирий фикрларига зид мулоҳазалар учрайди.  Мақола муаллифи Иброҳим Тоҳирийга мурожаат қилиб: “Падаркуш” асарининг камчилик жиҳатини кўрсатинг?” деган саволни қўяди. Шундан сўнг эса “Падаркуш” драмасида айрим русча сўзлар борлигига иқрор бўлиб, бу ҳол асарнинг қимматини туширмаслигини таъкидлайди. Тожик тилига дахлдор сўзлар аралашувини эса ота – боболар ёзган диний ва ахлоқий китоблар ва мадраса тили таъсири сифатида изоҳлайди. Шу билан бирга, “Ал-Ислоҳ” журналидаги Иброҳим Тоҳирий мақоласига таъна қилиб, бундай ёзади: “Бурунғи замонда турк шевасини тожик тилидан тозалаб, соддалиғина ва поклиғина қайтарув ул қадар қийин бўлмаса керак, Тоҳирий бу икки хатлик жумласида ўн уч калима туркий, тўққиз калима арабий – форсий ёзибдурки, ўз сўзиға ўзи амал қилмайдур…” (“Ойна”, 1914 йил, 2-сон).
Тил ҳақида “Ойна” журналида ҳам танқидий мақолалар чоп этилган. Жумладан, 1914 йил 11 сонида имзосиз муаллиф томонидан “Ҳар миллат ўз тили ила фахр этар” номли мақола босилиб чиққан. Мақолада худди юқоридаги фикрларга мутаносиб мулоҳазалар бор. Муаллиф таассуф қилиб: “Қайси миллат ўз она тилини ташлаб, бошқа бегона тиллардан сўз олади?” дея нолийди. Мисол қилиб, русча калималарнинг халқ тилида тез – тез тилга олинуви, ҳатто драма, вақтли матбуот тилида ҳам русча, арабча ва тожикча сўзларнинг аралашувини танқид қилади: “Ушбу Туркистонимизда қайси бир рус ё қайси бир арман ўз тилини қўйиб, бир – бирови ила туркча сўйлайдур. Аммо, бизнинг сўзлашганимиз вақтда ҳар бир жумлада бир калима рус сўзи эшитилур. Масалан: “Манго бир оз помогат қилинг”, “Они мунча иштараф қилдилар”, “Фалон одамнинг дўкони печат қилинди”. Ваҳоланки, бул сўзлар ҳаммаси мусулмонча адо бўлина олур. Масалан, помогат – ёрдам, иштараф – жарима, печат – муҳр... Агарда тил ва адабиётимизни муҳофаза қилмай, анга ажнабий луғат ва сўзларни қўшаберсак, бир оз замонда тил ва миллатимизни йўқотурмиз. Миллатимизни йўқотганда, диёнатимиз ўз – ўзи ила, албатта, йўқолур”. (“Ойна”, 1914 йил, 11 сон).
Бу масалада, Ашурали Зоҳирийнинг “Садои Фарғона” газетаси 1914 йил 13 апрель сонидаги “Она тили” номли мақоласи диққатга моликдир. Мақола “Она тили” деб номланган бўлса-да, унда миллий адабиётнинг ўша даврдаги аҳволи, миллий адабий тил тўғрисида фикр юритилган.
Зиёлилар, уламолар, умуман, ўқимишли ёшлар муқаддас она тилимизни ривожлантирмоқ у ёқда турсин, балки йўқотмоқликка сабаб бўлаётганларини кўриб афсусланади, ўзбек тилини менсимай, форс, араб, татар тилларида ҳужжат ишларини юритаётган, бир-бирларига хатлар ёзаётган туркистонликларни қаттиқ қоралайди. Юқорида қайд этилган мақолада у шундай ёзади: “Нечунки, уламоларимиздин бири бирор ерға хат ёзса ёки бировға берган нарсасини хотира дафтариға ёзса, ўз она тилини қўйиб форс тилида ёзадурлар.... ёш ўсмурларимиз бўлсалар ўз ерликларидан бирини зиёфатға чақируб хат ёзсалар ҳам усмонлича ёки татарча ёзадурлар, нега, она тилиға ҳурмат шуму?”
Аслида, Ашурали Зоҳирий ўзга миллат тилларини ўрганишга қарши бўлган эмас. Таъкидланган мақолада келтирилган унинг: “Дуруст, форсча, арабча, ўрусча ва бошқаларни ҳам билайлик, билайликкина эмас, яхши билайлик, лекин ўз она тилимизни ҳаммасидан ортиқ ва зиёда билайлик”, деган фикрлари ҳам буни тасдиқлайди. Миллий уйғониш маърифатпарварлари адабий танқид, тил софлиги бадиий адабиёт ривожининг муҳим шартларидан эканлиги хусусида шу тариқа мунозара юритдилар, ҳақиқатни юзага чиқаришга интилдилар. Қайси адиб ўз асарида бошқа тилдан кирган сўзларни кўп ишлатса, у беаёв танқид қилинди. Ҳатто, ўша даврнинг энг пешқадам адиблари ҳам аяб ўтирилмади. Бу жиҳатдан қўқонлик Расулийнинг “Ойна” журналининг 1915 йил 9 сонида босилган “Шоир ва миллий шеърларимиз” номли мақоласи муҳимдир. Мақолада муаллиф ўзбек шоирлари шеърларининг таъсирчан эмаслиги сабабини: “...муҳтарам шоирларимизни(нг) ўз шевасида шеър ёзмасдан шеърларини(нг) ярмидан кўпроғи усмонлича ва татарчадан қўшилганлигидандур...”, дея изоҳлайди. Шу ўринда, муаллиф ўз фикрини исботлаш учун Абдулла Авлоний ижодидан мисол келтиради:

Чужуқлар тарбиятсиз, илмдан бегонайи сархуш,
Авомуннос ғийбат ҳосили афсонайи сархуш.

Расулий мақолани шоирларга қарата: “....эмди ёзадурғон шеърингизни ўз шевамизда ёзингиз.... миллат шеърингизни ўқиб фойдалансин”, деган фикр билан якунлайди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Ҳожи Муиннинг тилга оид қарашлари бу борадаги мунозаралар моҳиятини тушунишда, айниқса, аҳамиятлидир. Ҳожи Муин 1913 йилнинг охирларига келиб, адабий танқид бўйича мақоласини эълон қилди. Шу пайтдан эътиборан, “Ойна” журналида унинг бирорта ҳам форсийда ёзилган мақоласи кўзга чалинмайди. Ваҳоланки, 1914 йилнинг баҳор ва ёз ойларида Маҳмудҳўжа Беҳбудий Самарқандда бўлмаган даврда “Ойна”нинг тақдири муҳаррир сифатида Ҳожи Муин ихтиёрига берилган эди. Ҳожи Муин анча тадбиркор бўлгани сабабли, икки ҳафтадаёқ, журналнинг техник ва таҳририй жиҳатлари анча яхшиланди. Ҳожи Муин Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг истагидан бир оз чекиниб, “Ойна”ни соф туркий журналга айлантириб қўйди.
“Ал-Ислоҳ” журналида тил хусусида бўлган мунозаралар, айниқса, муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мутахассисларга аён, бу даврда Фитрат бошчилигидаги “Чиғатой гурунги” бу масалани янада кенгроқ миқёсда кун тартибига қўйган эди. Буни Мўъминжон Муҳаммаджонов ўзининг  “Турмуш уринишлари” номли китобида қуйидаги тарзда изоҳлаган: “Бу гурунг”нинг мақсади: ўз тилимизни тузатиш, орасидан арабий, форсий тилларни имкони борича қувлаб чиқариб уларнинг ўрниға ўз тилимиздан топиб қўйиш, бойитиш эски имлони ташлаб, мактаб болаларини янги имлога ўргатиш эди...”
Ҳақиқатан ҳам, жамият фаолиятида тил масалалари алоҳида ўрин тутган.
Миллий адабиёт ва миллий тил ривожини бир-биридан айри тасаввур этиш маҳол. Бу жиҳатдан, адабиёт ва тил ҳақидаги мунозаралар муштарак бир ҳодисанинг ўзига хос талқини эканини таъкидлаш лозим.

Қўлдош ПАРДАЕВ,
филология фанлари номзоди