Facebook
Иқбол МИРЗО билан суҳбат PDF Босма E-mail

Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол МИРЗО билан суҳбат

— Президентимизнинг яқиндагина матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида “Ижод” фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори адабиётимиз учун улкан воқеа бўлди. Шубҳасиз, юртимиз раҳбари томонидан ижодкорларга нисбатан бундай юксак эътибор ҳар бир қаламкаш зиммасига катта масъулият ҳам юклайди. Шундай эмасми?
— Бир мевазор боғ яратиш учун минг ёки ўн минг кўчат ўтқазиб қўйишнинг ўзи кифоя эмас. Уста боғбонлар таъбири билан айтганда, ниҳол кўкартиришнинг бирламчи мезони — соз ер танлаш. Шу маънода, неча мингйилликлардан бери сайқал топиб келаётган ўзбек адабиёти бугунги ижод аҳли учун бағри кенг, баракали, унумли заминдир. Бугун ҳеч ким янги ер очиб, алоҳида боғ барпо этаётгани йўқ, лекин ўзбек адабиёти деб аталмиш улкан ва забардаст дарахтзорга баҳоли қудрат ниҳол қўшаяпти. Бизнинг ишимиз эса, Навоий, Огаҳий, Чўлпону Қодирийлардан мерос қолган бу муаззам боғни асраш, имконимиз даражасида кенгайтириш, уни бачки кўчатлар босиб кетишидан эҳтиётлаш, энг муҳими, ўзимиздан кейингиларга бус-бутун ҳолда етказишдир.
Давлатимиз раҳбарининг бу борада қилаётган ғамхўрликларининг юксак намунаси сифатида “Ижод” фонди юзага келди. Бугун кўпчилик “осмондан ёғилган чалпак” деб тушуниб турган бу фонднинг асосий мақсади — ўша улкан боғни янада чаманзорга айлантириш, унга зиён-заҳмат етишига йўл қўймасликдир. Ижодкор адабиётдан наф кутадиган бўлса, адашади. Аксинча, бир адиб сифатида ўзбек адабиётига нима бердим, шу гўзал сўз бўстони мендан нима наф кўрди, дея ўйлаган қаламкаш адабиётимиз учун қадрли бўлади. Сиз айтаётган масъулият эса, ўзбек адабиётига ўзини дахлдор билган ҳар бир ижодкорнинг аввало ўз қалбининг тарбиясидан бошланади. Яъни қурби келса — ниҳол кўкартиради, қурби келмаса — ҳеч йўқ боғни пайҳон қилмайди.

— Албатта, қарордан келиб чиқадиган вазифаларнинг миқёси ниҳоятда кенг. Бу борада дастлабки қадамлар айниқса муҳим. Сиз бу жараённинг қай тарзда кечишини истар эдингиз?
— Истак-хоҳишлар ҳамиша бисёр бўлади. Аммо уларнинг амалга ошганигина бизни қониқтиради. Демоқчиманки, агар қарорда ёш ижодкорларни топиш, тарбиялаш керак, дейилган бўлса, бу — гуррос-гуррос ўспиринларни бир хонага жамлаб қўйиш дегани эмас. Аксинча, ўша ҳавасмандлар ичидан хатли-саводлисини, адабиётга ростмана меҳр қўйганини, сўзнинг орқа-ўнгини танийдиганини танлаш-саралаш дегани. Ёки истеъдод соҳибларини қадрлаш лозим дейилса, буни чинакам талантлар четда қолиб, учар-устомонлар майдонга чиқиши деб тушунмаслик керак. Президентимиз Ёзувчилар уюшмаси самарадорлигини ошириш юзасидан қилган мурожаатида “Ўзбек адабиёти учун Муҳаммад Юсуфдек шоирлар керак. Сўз, ижод ва, ниҳоят, юрт қадрини баралла куйлай оладиган янги овозлар зарур”, деган мазмундаги фикрни ўртага ташлаганди. Ҳали у жойда, ҳали бу жойда минғир-минғир қилиб шеър ўқиб юрганлар эмас, Ватан шаънини, элнинг дарду қувончини баланд пардада, юксак бадиий маҳорат билан айта оладиган ижодкорлар ўзбек адабиёти учун кўпроқ наф келтиради. Саволингизга қайтсак, бундай тушунчаларни ўйлаб кўрмаётган, ўзини панага олаётган ижодкор бугун ҳам, эртага ҳам адабиётимиз учун қайғурмайди. Бу жараёнда ана шулардан парҳез қилмоқ зарур.

— Президентимизнинг “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” рисоласидаги мулоҳазалардан келиб чиқиб Ёзувчилар уюшмасининг Низомига ҳам янги таҳрирлар киритилди. Мазкур янгиланишлар хусусида ҳам маълумот бериб ўтсангиз.
— Аввало, бир нарсага эътибор бердим. Ёзувчилар уюшмасининг янги таҳрирдаги Низоми тасдиқланган сана Навоий бобомизнинг таваллуд кунларига тўғри келди. Буни бошланаётган хайрли ишларнинг истиқболига муштарак ишора деб билдим.
Янги таҳрирдаги Низомга кўра, Ёзувчилар уюшмасининг олий органи — беш йил муддатда камида бир маротаба чақириладиган, Конференция деб белгиланди. Конференция уюшманинг узоқ ва яқин келажакдаги барча иш режаларини тасдиқлайди, зарур ҳолларда уюшма фаолиятига оид меъёрий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритади, уюшма марказий аппаратига оид бошқа муҳим ташкилий ишларни бошқаради. Агар уюшма аъзоларининг камида тўртдан бир қисми ёзма мурожаат қилган ҳоллларда Фаоллар кенгаши, Уюшма раиси ва Назорат комиссияси  қарорига мувофиқ Конференция навбатдан ташқари ҳам чақирилиши мумкин. Шунингдек, Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлиш талаблари ҳам Низомда аниқ-равшан кўрсатиб ўтилди. Унга кўра, уюшма аъзолигига тавсия этилган номзод учун уч нафар (камида 10 йил уюшма аъзоси бўлган) ижодкорлар тавсиянома бериши лозим. Тавсияноманинг бири номзоднинг ижодий фаолиятига тавсифнома, иккинчиси — номзоднинг асосий асарларига холислик билан ёзилган тақриз шаклида бўлади. Шунингдек, уюшманинг ҳудудий бўлимлари (вилоятларда яшаб ижод қилувчилар учун) ёки уюшма ижодий кенгаши (Тошкент шаҳрида яшаб ижод қилувчилар учун) тақдимномаси ҳам илова қилинади. берилган. Кўриниб турибдики, энди номзодларни шунчаки мақташ билан уюшмага қабул қилинмайди. Бу ҳам уюшма фаолиятини ошириш, ўзбек адабиётини сифатли, савияли асарлар бойитиш учун замин бўлади.
Ушбу Низом билан тўлиқ ва яқиндан танишиш ниятида бўлган ижодкорлар бевосита менга мурожаат қилишлари ҳам мумкин. Уларда туғилган турли саволларга жавоб беришга ҳамиша тайёрмиз.

— Юқорида тилга олинган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, ёш ижодкорлар билан ишлашда, уларнинг истеъдодини рўёбга чиқаришда яна нималарга кўпроқ аҳамият бериш лозим деб ҳисоблайсиз?
— Устоз шоир Ғафур Ғуломнинг “Истеъдодларга ёрдам беришимиз керак, талантсизлар ўзи ёриб чиқаверади” деган машҳур ибораси бор. Қаранг, шу бир оғиз лутфда истеъдод соҳиби нақадар ардоқлангану истеъдодсиз одамнинг сурбетлиги қанчалик фош этилган. Чиндан ҳам истеъдодли одамни юзага чиқариш бирмунча мушкул. Чунки улар ўз ҳаддини биладиган, давраларда ийманиброқ турадиган тоифа. Ҳадеганда мана мен деб ёнингизга келавермайди ҳам. Аммо устозлар бир жойда “йилт” этган учқун кўрса, шуни дарҳол илғашга, ўша митти шуълани алангага айлантиришга ўзларини масъул сезиши керак. Истеъдод тарбияси — фалон китоб дўконига борсанг китобларим сотилаяпти, ўшани ўқисанг шоир бўлиб кетасан, дегани эмас. Адабиётга муҳаббати бор ёш қалбни майда майллар ва бемаъни худбинликка етаклаган устоз ҳам устоз ҳисобланмайди. Вилоятларга сафар қилган чоғимда, бир даста шеърини қўлимга бериб, “Фикрингизни билмоқчийдим” деган камтар-камсуқум болалар орасидан бугун пойтахтдаги мушоираларда кўкрак кериб шеър ўқиётган унча-мунча йигит-қизлардан истеъдодлироқ ёшлар чиқаяпти.
“Ижод” фондида кўзда тутилган ёш қаламкашларнинг илк китобларини нашрга тайёрлаш айни пайтда қизғин тусга кирди. Ёзувчилар уюшмасига элликка яқин қўлёзмалар келиб тушди. Галдаги иш уларнинг ичидан энг муносибларини танлаш ва холис баҳо беришдир. Мен нима учун бу жараённи эсладим. Эллик, борингки юз нафар ёш истеъдод орасидан ўн нафарини танлаб олсак, бу қолганларга ўзини ўзи баҳолашга ёрдам беради.
Фикримнинг хулосаси шуки, ёш талантлар тарбиясида бизга бугун Шайхзода домланинг, Қаҳҳор домланинг, Миртемир домланинг мактаблари асқотади. Ана шундай мактаблар яралсагина, ўзбек адабиётининг бугунидан ҳам, эртасидан ҳам кўнглимиз тўқ бўлади.

“Ёшлик” журнали учун