Facebook
Машаққатли сафар PDF Босма E-mail

«Болалигимни эсласам, илиқ ёз кечалари кўз олдимга келади...» «Дунёнинг ишлари» китобининг бир боби шундай сўзлар билан бошланади. Чиндан ҳам бу асар — деярли ҳасби-ҳол қисса. Фақат ундаги баъзи одамларнинг исми ўзгарган. Аслида ҳар қандай бадиий асарда ҳам маълум маънода муаллиф таржимаи ҳолининг бир бўлаги бўлади. Сабаби, ёзувчи ўз асарига қалбини бағишлайди. Менга қолса, бадиий ижодца қандайдир илоҳий жараён бор, деган бўлур эдим. Худо кўнглига солмагунча ҳақиқий ижодкор қўлига қалам олмайди! Ҳақиқий асар шунчаки ёзилавермайди, ҳақиқий асар фарзанд каби туғилади! «Дунёнинг ишлари» ва «Қалбингга қулоқ сол», «Нур борки, соя бор» ва «Баҳор қайтмайди», «Икки эшик ораси» ва «Тушда кечган умрлар» асарлари, қатор ҳикоя ва саҳна асарлари ҳам шу тарзда туғилган...

Ҳар ким ўз аждодлари билан фахрланишга ҳақли. Менинг ота-боболарим ҳам ўз замонининг машҳур кишилари бўлишган. Жумладан, бобокалоним — бобомнинг оталари Абулқосимхон эшон Туркистон тарихида ўзига хос из қолдирган улуғ шахслардан бири бўлганлар.
Тошкентда, «Халқлар дўстлиги» саройи яқинида қадимий обида — Мадраса бор. Бу даргоҳда ўгган аср бошларида Абдулла Қодирий, Мунавварқори, Ғулом Зафарий ва бошқа улуғ зотлар таълим олган.
Обида бир ярим аср аввал Абулқосимхон эшон томонидан бунёд этилган. Бу зукко инсон ўзбек тилидан ташқари араб, форс, рус ва бошқа тилларни мукаммал билган, Туркистоннинг Чор ҳукумати томонидан босиб олинишига қарши курашнинг ғоявий раҳнамоларидан бири бўлганлар. 1899 йили Санкг-Петербургда нашр этилган «Мусулмонликка оид материаллар тўплами» китобида бундай деб ёзилган: «1892 йили вафот этган Абулқосимхон эшоннинг Тошкент ва бошқа шаҳарларда ўн минглаб муридлари бўлиб, улардан келган маблағлар ва вақф ерларидан тушган даромадлар ҳиеобидан эшон 30 минг сўмга Мадраса қурдирган. Бу мадрасада 100— 150 талаба таҳсил олган... Унинг аҳоли орасидаги нуфузи ниҳоятда баланд бўлган...» 1856 йили бунёд этилган мадрасада фақат диний эмас, дунёвий илмлар ҳам ўргатилган.
Бобокалонимнинг мўътабар ва фидойи шахс бўлганини исботловчи яна иккита далил мавжуд. 1892 йили Тош-кентда вабо касали тарқалади. Устига-устак келгиндилар зулмидан тинкаси қуриган халқ қўзғолон кўтаради. Тарихга «Вабо қўзғолони» номи билан кирган миллий озодлик ҳаракати бошланади. Чор ҳукумати аскарлари эски шаҳарга бостириб кириб, қирғин бошлаган чоғида Абулқосимхон эшон муқаррар ўлимни бўйнига олиб, ўша пайтдаги Туркистон генерал-губернатори Вревский номига рус тилида ариза ёзиб, унинг олдига боради. Ҳукумат аскарлари Тошкентнинг маҳаллий аҳоли яшайдиган қисмидан (эски шаҳардан) олиб чиқилмаса, оқибати иккала томон учун ҳам фожиали бўлишини тушунтиради. Губернатор буйруғи билан «саллотлар» шаҳардан олиб чиқилади.
Кейин эса ундан ҳам ғаройиб ҳодиса рўй беради...
1892 йил 30 июнь куни Абулқосимхон эшон Хўжа Аҳрор жоме масжидида минг-минг одамлар орасида ваъз айтиб, Тошкент аҳли бир балодан қутулгани — ҳукумат аскарлари шаҳардан олиб чиқилгани билан халойиқни қутлайди ва тағин бир офатни — вабони ўзи билан олиб кетиш ниятида эканини айтиб, Аллоҳга илтижо қилади. «Туркистон вилоятининг газети» муҳаррири, олим Н. Остроумов «Фон Кауфман — Туркистон ўлкасининг ташкилотчиси» деган мақоласида бу ҳайратомуз ҳодиса ҳақида шундай деб ёзади: «Мункиллаган ёшида сўнгги кунлардаги воқеалардан («Вабо қўзғолони»дан, демоқчи) қаттиқ ларзага тушган муҳтарам Абулқосимхон шундан сўнг тезда — 4 июлда вафот этди. Қизиқарлиси шундаки, вабо барҳам топди, тошкентлик сартлар буни унинг вафотига нисбат бердилар...»
Шу тариқа Абулқосимхон эшон халқ фидойиси сифатида тарихга кирган. Бобокалонимнинг фарзандларидан бири Ҳошимхон эшон тижорат билан шуғулланган, кўп йиллар падари бузрукворлари бунёд этган мадрасада дарс берган эканлар.
Аждодларим тўғрисида бир қадар батафсил тўхталганимнинг сабаби шундаки, эллик ёшга чиққунимча боболаримнинг ким бўлганини билмаганман. 1991 йили таниқли олим ва журналист Сирожиддин Аҳмедов шажарамиз тўғрисидаги маълумотни қўлимга топширди. Кекса ёшдаги қариндошларимдан бу далилларни нега менга айтишмаганини сўраганимда, жуда асосли жавоб эшитдим. Гап шундаки, агар бу гапларни билганимда қаердадир айтишим ёки ёзишим муқаррар эди. Шўро сиёсати эса «халқ душманлари»га алоқадор бўлган одамни кўкартирмаслиги аниқ эди. Худога шукроналар бўлсинки, 1991 йили Ватанимиз Мустақилликка эришди ва минг-минглаб инсонлар иймон сари юз тутди. Большевиклар эса дин арбобларини, эл ҳурматини қозонган, илмли алломалар деб эмас, ҳаммасини «текинхўр, фанатик» деб санаган ва қаттиқ зулм ўтказган. Фуқаролар уруши қизиган йиллари Бекларбеги мадрасаси олдида минглаб одамларни тўплаб, уларнинг дилига ваҳима солиш учун «намунали қилиб» отиб ташланганлар орасида онамнинг тоғаси Абдусафийхон ҳам бўлган. Бу бегуноҳларнинг «гуноҳи» ўз эътиқодидан — динидан воз кечмаганида эди, холос. Эшонлик билан эмас, ўз ерларини шўрога топшириб, деҳқончилик орқасидан кун кечирган амаким Носирхон тўрани эса қўшниси Тўлаган қора деган маразнинг чақуви билан сургун қилиб, ўлдириб юборадилар. Тўлаган қора ўзи абгор қилган оила номусига тажовуз қилишга киришганда, оиланинг тўнғич фарзанди — ўн олти ёшли Абдуллажон бунга чидай олмай уни маст-аласт бўлиб ётганида чопиб ташлайди. Оила номусини асраб қолган йигитчани эса, суд қилиб, отувга ҳукм этадилар. Болалиги мда элас-элас қулоғимга чалинган бу фожиа мустабид тузум зулми қутурган 37-йилларда кечган экан. «Тушда кечган умрлар» романидаги Эшон ота, унинг оиласи, фар-зандлари, Қурбоной бошига тушган чексиз кулфатлар шу инсонлар қисматидан олинган.
Отам Атоуллохон Ҳошимов тазйиқлардан безор бўлиб қишлоққа — Дўмбирободга кўчиб келган, харобагина кул-бада тирикчилик қила бошлаган. Бироқ бу ерда ҳам тазйиқлар тўхтамаган. Деҳқончилик қилган. Тўқимачилик комбинатида, сўнг шу комбинатга қарашли болалар оромгоҳида ишлаган.
... Эски китобларни ҳам, замонавий адабиёт ва газеталарни ҳам ўқиб борар, ўта ҳақпараст, ноҳақликни курса ёниб кетар эди.
Онам — Ҳакима Ҳошимова эса отамнинг аксича, ниҳоятда ювош, жуда меҳрибон эди. Кўчада бирон бола йиғлаб ўтирган бўлса, албатта тепасига бориб бошини силар, бирон сабаб билан биз болаларни койиса, ўзи ҳам йиғлаб юборар, ўша заҳоти кўнглимизни олишга ҳаракат қиларди. Ойим қанча содда бўлсалар, шунча донишманд ҳам эдилар! Иложи борича ҳаммага яхшилик қилишни хоҳлар, ўта оқкўнгил, гина-кудуратни билмайдиган аёл эди («Дунёнинг ишлари»да қандай тасвирланган бўлса, онам худди шундай эди).

Мен 1941 йил 5 августда Тошкент биқинидаги Дўмбиробод қишлоғида туғилганман. Қишлоқда, тағин, пойтахт биқинидаги қишлоқда туғилганим тақдирнинг ҳадяси бўлса ажаб эмас. Негаки, ижодкорда қишлоқнинг қалби, шаҳарнинг ақли бўлиши керак. Ойим бир гапни кўп айтарди: «Сен туғилганингда қиёмат қойим бўлган эди. Ўрис хотинлар уруш бошланибди, деб йиғлаган, мен — аммамнинг бузоғи ҳайрон бўлгандим. Уруш аллақаёқда бўлаётибди-ю, булар нега дод солади, дегандим. Кейин ақлим етди».
«Икки эшик ораси»романида Қора амма ҳам уруш ҳақидаги хабарни шундай қабул қилади. Ўғли Кимсан фронтга кетмоқчи бўлганидан кейингина ваҳимага тушиб қолади. Баъзи дўстларим роман қўлёзмасининг муҳокамасида «уруш бошлангани ҳақидаги хабарни бу қадар соддалаштириб тасвирламаслик керак эди», деган мулоҳазани айтди. Бироқ мен учун бу ҳодиса киноларда тасвирланганидан кўра, онам айтиб берган ҳикояда ҳаётга яқинроқ кўринди.
Оиламизда бир қиз, тўрт ўғил эдик. Мен учинчи ўғил эдим (отамнинг биринчи оиласидан яна бир опам борлиги, онам иккаламиз кўп овараи сарсонликлардан кейин тўнғич опамни ҳам топиб олганмиз. «Дунёнинг ишлари»да ёзилган).
Отамдан қаттиқ ҳайиқар эдик. Отам бирон марта ҳам биронтамизни чертган эмас. Отани қаттиқ ҳурмат қилишни онам ўргатган: «Ҳозир аданг келадила, уйни супуриб қўй», «Адангни жаҳллари ёмон, тинч ўтиринглар», «Адангни кетмонига тегма», «Адангни соатига қўл тегизма...»
Билмадим, балки ҳозирги оилаларга бу ҳолат «феодаллик» бўлиб туюлар. Аммо бизнинг оиламизда отага сиғиниш фарзандларга зиён келтирганини эслай олмайман.
Етти ёшга тўлар-тўлмас, акаларимга эргашиб, Дўмбирободдаги мактабга бордим. Бу — етти йиллик мактаб эди. Уни битириб, анча наридаги «катта» мактабда ўқишни давом эттирдим. «Икки эшик ораси» романида Музаффарнинг «катта мактаб»га бориши, «Алвасти кўприк», Бўрижар манзаралари ўша палладаги кузатувлар ҳосиласи бўлса, ажабмас.
Биринчи шеъримни 5-синфда ўқиётганимда ёзганман. Эрта баҳор эди. Мактабдан келаётсам деворнинг кунгай этагида қоқигул очилиб ётибди. Ҳаяжонланиб кетиб, «Олтин тугмача» деган шеър ёздим. Бу шеър эсимда қолмаган. Фақат қоқигулни олтин тугмачага ўхшатганим ёдимда.
9-синфда ўқиётганимда учувчи бўлишга қарор қилдим. Жавзад деган дўстим билан аэропорт деворидан ошиб ўтиб, учиш майдонига чиқиб қолганимиз, баджахд навбатчи «ҳозир отиб ташлайман», деб бақиргани эсимда. Тақцир бизни ўз измига солди: Жавзад биринчи тоифали учувчи бўлди. Менинг қисматим адабиёт экан.
«Талабалик — олтин даврим» дейишади. «Олтин даври»ни маза қилиб ўтказган тенгқурларимга ҳавас қиламан. Мен учун бу давр кўп ҳам олтин бўлди деёлмайман. Гарчанд ўрта мактабни медаль билан битирган бўлсам-да, сиртқи бўлимга кирдим.
Аввал «Темирйўлчи» газетасида хат ташувчи (курьер) бўлиб ишладим. Кейин «Кизил Ўзбекистон» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») да мусаҳҳиҳ ёрдамчиси бўлдим. Кунора тонготар таҳририятда қолиб кетардик. Ярим кечалари корректура ўқиб толиққанда, камтар (ҳатто, ўта камтар) болалик дўстим Юнус Зиёдов билан суҳбатлашиб, бир кун келиб бизлар ҳам «катта одам», «катта ёзувчи» бўлиб кетишни орзу қилардик. Отам оғир бетоб, акам ҳарбийда, оилага ёрдам бериш керак эди. Жон-жаҳдим билан ёзишга берилиб кетдим.

Тўртинчи курсдан кундузги бўлимда ўқий бошладим. Аммо ишдан бўшамадим. Тушгача ўқийман, тушдан кейин «Тошкент ҳақиқати» газетасида адабий ходимлик қиламан.
Биринчи китобим 3-курсда ўқиётганимда чиққан. Бу «Пўлат чавандоз» деган очерклар тўплами эди. Биринчи бадиий асарим — «Тўрт мактуб» ҳикояси эса 1963 йил 17 апрель куни «Тошкент ҳақиқати» газетасида босилган (шундан бери ҳар йил 17 апрелни ўзимча нишонлайман). Шу ҳикоя асосида «Чўл ҳавоси» деган қисса ёзилди. «Шарқ юлдузи»да босилди (Тўртинчи курсда ўқирдим). Қиссага атоқли адиб Абдулла Қаҳҳор ниҳоятда хайрихоҳлик билан хат ёзганидан кейингина ўзимга ишонч пайдо бўлди. Мендан ёзувчи чиқиши мумкин экан, деган хаёлга бордим.
Тошкент зилзиласидан кейин — 1966 йилдан — 1982 йилгача «Тошкент оқшоми» газетасида бўлим мудири бўлиб ишладим. Бу давр мен учун энг ҳаяжонли, энг сермаҳсул дамлар бўлди. «Баҳор қайтмайди», «Қалбингга қулоқ сол», «Квазарлар» қиссалари, «Нур борки, соя бор» романи, «Инсон садоқати», «Виждон дориси», «Тўйлар муборак» саҳна асарлари, кўплаб ҳикоя ва ҳажвиялар, публицистик мақолалар шу йилларда ёзилган.
Ҳар гал янги китобим чиқиши билан биринчи нусхасини онамга тақдим этардим, «биринчи устозим Ойимга» деб ёзиб берардим.
1980 йили онамнинг тўсатдан вафот этиши менга жуда оғир таъсир қилди. Фарзандлик бурчимни қай даражада адо этдим, деган ўкинчли хаёл вужудимни ларзага солди. «Дунёнинг ишлари» китоби шу изтиробли туйғулар туфайли туғилди.
Уч йил давомида Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида ишладим. «Икки эшик ораси» романи, қатор ҳикоялар, қиссалар шу йилларда дунёга келди.
1985 йилдан — 1995 йилгача «Шарқ юлдузи» журналида бош муҳаррир бўлиб ишладим. Булар — мамлакат ҳаётидаги мураккаб, қалтис йиллар эди. Шундай пайтда тарихда биринчи бўлиб «Шарқ юлдузи» журналида муқаддас Қуръони каримнинг маъно таржимаси ўзбек тилида эълон қилингани, бу хайрли юмушга тиш-тирноғи билан қарши бўлганлар ҳужум бошлаганида журнални мамлакатимиз раҳбари Ислом Каримов ҳимоя қилганини унутмайман.
Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари шўро сиёсати ўзбек халқи бошига катта кулфат солган, «ўзбек иши» деган янги қатағон бошлаган давр бўлди. Бу сиёсатда ростдан кўра ёлғон кўпроқ эканини, мустабид тузумнинг ишонган қуроли зулм ва таҳдид эканини тасвирлаш виждони уйғоқ ҳар бир қаламкашнинг бурчидир. Олисдаги пойтахтда бўлган катта анжуманларда манаман деган сиёсий арбоблару олтин погони ялтираб турган маршаллар билан «ташлашиш»га, халқни бадном қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини баралла айтишга тўғри келган пайтлар эди.

Ҳар бир ижодкорнинг ўз принциплари бўлиши табиий. Улар менда ҳам бор. Ҳамиша ўзим қаттиқ ишонган, Ҳақиқат деб билган нарсани ёзишга ҳаракат қилдим. Ўқувчи анойи эмас. Жиндай ёлғонни дарҳол сезади. Китобхон назаридан қолиш эса қаламкаш учун фожиа. Ҳақиқий ижодкор қалби буюрганини ёзиши керак.
Менимча, XX асрда иккита тарихий воқеа рўй берди. Бири — инсон қадамининг Ойга етиши, иккинчиси, Ўзбекистоннинг Мустақилликка эришиши! Унисини ҳам, бунисини ҳам бир эмас, бир неча авлодлар умрбод орзу қилган.

1995 йилдан — 2005 йилгача Олий Мажлисда ишладим. Қонун яратиш ҳам ижод. Мураккаб ижод. Бир қатор қонунлар лойиҳаси устида ишлашга ҳисса қўшдим. Қатор мамлакатларда бўлиб, Ўзбекистон деган юрт ҳақида, унинг бой тарихи, ажойиб инсонлари, ёруғ келажаги ҳақидаги суҳбатларда иштирок этдим. Шу йиллари «Нурли дунё», «Умр савдоси», «Баҳор соғинчи», «Ҳадикли тушлар» номли тўрт жилдли сайланма асарларим чоп этилди. «Дафтар ҳошиясидаги битиклар», «Осмондан тушган пул», «Чана», «Тўйлар муборак», «Шохруҳнинг топишмоқлари» каби қатор китобларим нашр этилди. Айримлари чет элларда чоп қилинди. «Қатағон» фожиаси саҳналаштирилди.
Яратганга шукр. Қирқ беш йил давомида 60 га яқин китобим турли тилларда икки миллиондан кўпроқ нусхада нашр этилди. Улар орасида китобхон узоқ вақт эслаб юрадиган асарлар бўлса, ўқувчи қайсидир сатрларни ўқиганда кўзига ёш келса, қаердадир мазза қилиб кулса, ҳаяжонга тушса, мен учун бундан ортиқ қувонч йўқ.
Инсон ҳақида ёзишга, халқимизнинг содда-донишмандлиги, сабр-қаноатини тасвирлашга уриндим.
Ижод йўлида бошимни силаган Абдулла Қаҳҳор, Сайд Аҳмад, Зулфия опа, Асқад Мухтор, Озод Шарафуддинов, Умарали Норматов, Матёқуб Кўшжонов каби устозларимдан, Эркин Воҳидов, Абдугафур Расулов, Неъмат Аминов, Иброҳим Ғафуров, Носир Фозилов сингари дўстларимдан беҳад миннатдорман!

...Инсон қисмати шахмат тахтасидаги пиёданинг юришига ўхшар экан. Гоҳ оқ катакдан ўтади, гоҳ қора катакдан... Ҳаётимда нурли кунлар ҳам бўлди, булутли онлар ҳам. Садоқатни ҳам кўрдим, хиёнатни ҳам. Виждони булоқдек покиза инсонларга ихлос қўйдим, андишани қўрқоқлик, камтарликни аҳмоқлик ҳисоблайдиган, ўз манфаати йўлида ҳеч қандай разилликдан тоймайдиган ҳасадгўйлар етказган жабрдан дилим вайрон бўлган пайтлар ҳам бўлди... Мамлакатимиз раҳбарияти камтарин меҳнатимни юксак қадрлагани, «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» унвони, «Буюк хизматлари учун» ордени, Давлат мукофотлари билан тақдирлагани учун беҳад миннатдорман. Мен учун тағин мукофот бор. Бу — китобхон меҳри. Китобхон меҳрини ялиниб ҳам, зўравонлик қилиб ҳам, сотиб олиб ҳам бўлмайди. Ижод — юз метрлик масофага ким ўзарга югуриш эмас. Ижод ўта мураккаб, олис ва машаққатли йўл. Истеъдод дегани ҳеч шубҳасиз — Аллоҳ берган неъматдир. Ёзувчилик дегани эса қисмат! Бир нарсага қаттиқ ишонаман. Худо ёзганини бандаси ўчиролмайди. Худо берганини бандаси тортиб ололмайди!
Яратганга шукр, оилам ижод машаққатини чуқур англайди. Умр йўлдошим — педагог. Икки фарзандим, беш набирам бор.
Ҳамиша бир орзу билан яшайман. Шунақа китоб ёзсангки, уни ўқиган китобхон, ҳамма нарсани унутса, асар қаҳрамонлари ҳаёти билан яшаса. Китобни ўқиб бўлган куни кечаси билан ухлолмай, тўлғониб чиқса. Орадан йиллар ўтиб асарни қайтадан қўлига олганда тағин ҳаяжонланса... Энг катта орзуим шу.

Ўткир Ҳошимов