Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Адабий суҳбатлар»Миллий ва умуминсоний мансублик
Facebook
Миллий ва умуминсоний мансублик PDF Босма E-mail

Миллий ўзига хосликлар ҳеч бир халқда бирданига пайдо бўлмаган ва бундай бўлиши мумкин эмас эди. Миллийликнинг тараққиёт йўли халқнинг босиб ўтган турмуш йўли билан тенгдош, яъни у асрлар давомида шаклланиб келган. Унинг шаклланиши текис, равон эмас, мураккаб, зиддиятли кечган. Миллий белги хусусиятларда ўсиш, емирилиш, кучайиш, камситилиш, таҳқирланиш, янгиланиш ва улуғланишлар содир бўлган. Халқ мавжуд ва доим ҳаракатда, меҳнатда, курашда, бошқа эл-юртлар билан қандайдир муносабатда экан, унинг ўзигагина оид хислатлар, одатлар, туйғулар, хулқ-атвор ҳам кўникмалар тўхтовсиз ривож топа боради. Худди шу узундан-узоқ кечмишга миллат-элатларни биродарлаштирувчи халқчилликнинг, умумбашарий эзгуликларнинг тарихи ҳам деб қарамоқ даркор. Зероки, халқ характеридаги илғор жиҳатлар нечоғлик миллий тарзда ифодаланишларидан қатъи назар, барча замонларда беғаразлигича қолиб, эллар ҳамдўстлигига хизмат қилади.

Халқнинг асл кўрки саналмиш хусусиятларни фақат унинг ўз ичида юз бераётган ҳодисалар деб тушуниш кўп вазиятларда тўғри, аммо бу дунё ҳамжамияти тараққиёти қонунларига хилофроқ ўйлаш ва масалани бирёкдама идрок этиш бўлиб чиқади. Демак, таъбир жоиз бўлса, ўзига хослик ривожининг «ташқи» томонлари ҳам бор. Ҳеч бир халқ ўзича биқиқ ва бошқалардан ажралган ҳолда яшай олмайди. Аксинча, улар билан иқтисодий-маданий алоқага киришади. Хилма-хил алоқа ва муносабатлар миллатларнинг турмуши, онги, ҳатто урф-одатларига маълум таъсир қилади. Миллий характерда умуминсоний хислатлар, хусусиятлар вужудга келади. Илғор миллий туйғулар ўзга халқлар кўнгли ва манфаатларига мос келувчи фазилатлар билан бойийди. Ўзбек халқи ҳам асрлар давомида жуда кўп халқлар билан, биринчи навбатда, Ўрта Осиёнинг бошқа халқлари, Қозоғистон, Яқин-Ўрта Шарқ ҳамда Россия халқлари билан иқтисодий-маданий алоқада бўлди. Бу алоқалар халқларнинг санъат ва адабиётида ҳам из қолдирди.

Халқлар миллий спецификасининг (демакки, умуминсонийликнинг ҳам) қандай намоён бўлиши ҳар тузумнинг иқтисодий, социал-сиёсий, маданий ҳаёт тарзига боғлиқ. Давр ва шарт-шароитнинг амалдаги тенденциялари, қонун-қоидалари миллийликка таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Оқибатда унинг таркибида, ўсиш, кенгайиш, чекланиш, турғунлашиш, равнақ топиш, хуллас, ҳар турли ўзгаришлар рўй беради. Бошқачароқ айтганда, замонлар унда ўзининг яхши-ёмон белгиларини, изларини қолдиради. Ўз ўрнида миллийликнинг кўринишларига қараб, бирор давр ва муҳитни тарихан аниқ билиш, аниқлаш, баҳолаш мумкин бўлади.

Ҳар хил зқадиятли жамиятларда мазкур жараён элу юрт бошқарувининг қандай йўлга қўйилганлигига қараб, шу шароитига мос давом этди. Меҳнаткашларнинг олижаноб ҳислари, фазилатлари, пок ниятлари, курашчанлик туйғуси ҳукмдорларнинг қаттиқ зулми ва қаршилигига дуч келган замонлар бўлган. Кенг халқ оммасини иқтисодий қолоқликда, руҳан пассивликда, жаҳолат ичида, онгсизлик асорати доирасида сақлашга тиришган мустамлакачиликлар бўлган.

Миллатчиликни ва реакцион ғояларни миллий ифтихор ҳисси деб тарғиб қилиб, халқни чалғитишга, бемалол эзишга, миллатлар ўртасида келишмовчиликлар туғдиришга ҳаракат қилган сиёсатлар ҳам кўп ўтган. Шундай экан, дунёнинг миллий турмуши, маданияти, идеологиясига курашлар нуқтаи назаридан қаралсагина, тарихан объектив манзаралар кўзга ташланади.

Шу маънода халқларнинг ҳозирги кунгача етиб келган бутун олижаноб анъаналари, маънавий-маданий бойликлари мураккаб ва машаққатли тарихни бошдан кечирганлар. Прогрессив кишилик ҳамма вақт ота-боболарининг яхши ишлари, дард-ўйлари, умидларини асраш-аввайлаш йўлидан борган. Мозийнинг модаий-маънавий мероси, эзгу ниятлари, улуғвор анъаналарини тан олмаслик илғор дунёқарашга мутлақо бегонадир.

Инсониятнинг тарихий тараққиётига катта-кичик ҳар миллат ўзининг фан ва маданият бобидаги ютуқлари билан улуш қўшади. Уларнинг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссалари жуғрофий жиҳатдан чегара билмайди. Гап шундаки, айрим миллат тафаккурининг, ижодининг асл намуналари барча халқларни бирдай баҳраманд қилади, бошқаларнинг ҳам маънавий бойлигига айланиб боради. Мафкуравий жиҳатдан эса маданий мерос мамлакатлардаги синф ва гуруҳларнинг ҳаммасига хизмат қилавермайди. У ўзи кашф қилинган юртдаги ҳар қандай миллатчи элементларга номувофиқ ва ҳатго қарама-қарши бўлганидек, ўзга миллатларнинг нохолис тоифалари манфаатига ҳам номувофиқ ва зид келади.

Ўрта Осиё ҳудудида турли-туман уруғлар, қабилалар яшашган. Улар бир-бири билан, бошқа халқлар билан иқтисодий-маданий муносабатда бўлганлар. Бизнинг давримизга етиб келган обидалар, топилмалар, битиглар, адабий ёдгорликлар қадим элат-уруғлар авлодлари бўлмиш бугунги миллатларнинг барчасига баробар меросдир.

Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону Луғотит турк» асари, Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг», Аҳмад Югнакийнинг «Ҳибат ул-ҳақойиқ» достонларидаги қўшиқлар ва шеърлар жуда кўп ибратли ғоялар, етук фикрлар билан йўғрилган. Биз бу китобларнинг маърифий-эстетик томонларини қадрлаган ҳолда, улар ўша жамиятнинг маҳсули эканини, уларга муҳитнинг таъсири бўлганини ҳам унутмаймиз. Шунингдек, бу мероснинг ҳамон фойдали эканини, ғоялари умумбашарий қадриятлар эканини эътироф этамиз.

Ўтмишдаги туркийларнинг, ўзбекларнинг катта маданий мероси юксак умуминсоний ғоялари туфайли мўътабардир. Ватанимизнинг кўп миллатли, ягона оиладаги адабиётлари ана шундай зайинларда шаклланиб келганлар.

Қадимда ўз яшаш табиатига, маданиятига, адабиётига эга бўлган турлий халқларнинг катга бир авлоди — ўзбеклар. X — XI асрларга келиб ўзбек элатининг этник чегараси аниқлашди, туркий адабий тил асосида унинг тили барқарорлашиб, маданияти беқиёс ривожланди.

Инсониятга бебаҳо маънавий манфаат бағишловчи фазилатлари Алишер Навоий ижодиётини жаҳон миқёсига кўтарди. Улуғ ўзбек мутафаккири ўзининг тинимсиз ижтимоий-сиёсий фаолиятида, серкирра ижодининг ғоявий-бадиий юксак даражада битилган дурдоналарида кишиларни одамийлик, ақлий камолот, тинч-тотув яшаш, биродарлашиш сари чақирди. Адолат, халқпарварлик ва ватанпарварликни улуғлади. Халқларнинг тенг, аҳил, тўқ-фаровон ҳаёт кечирадиган замонлар ҳақидаги орзуларини тараннум этди. У тузумнинг тож-тахт курашларини, беҳуда қон тўкишларни, бой-амалдорларнинг кирдикорларини аёвсиз қоралади.

Навоий халқлар дўстлигининг оташин куйчиси эди. Иккитагина фактни тилга олиш билан чекланамиз. Шоирнинг «Хамса»си—беш достонига кирган «Садди Искандарий» ҳамда «Фарҳод ва Ширин» достонларида эл-юртлар қардошлиги ғояси XV аср ўзбек халқининг идеалини мукаммал ифода қилади. Навоий Садди Искандарийга — адолатли шоҳ Искандар қурдирган деворга катга рамзий, ҳаётий-эстетик маъно юклайди. Бу девор—душман ҳужумини тўсувчи, осойишталик истаган халқни ўз паноҳида асровчи девор. Уни дунёнинг турли бурчакларидан келганлар: Европа, Франция, Рум, Шом, Хитой, Рус мамлакатларининг вакиллари қурадилар. «Фарҳод ва Ширин» асарида халқлар дўстлиги руҳи хитойлик йигит (Фарҳод)нинг, арман қизи (Ширин)нинг, уларга садоқатли эронлик қаҳрамон (Шопир)нинг хаёли, орзуси, муносабатлари, саъй-ҳаракатлари моҳиятини белгилайди.

Кўплаб ёрқин мисолларни ўзбек адабиётининг Алишер Навоийдан кейинги йирик намояндалари асарларидан ҳам келтириш мумкин. Бобур, Увайсий, Нодира ва бошқа талант соҳиблари ижоди халқ тарихининг маълум саҳифаларини кўз ўнгимизда бутун мураккаблиги билан гавдалантиради. Муқимий, Фурқат, Завқий, Аваз Ўтар сингари демократик адабиёт арбобларининг ижодлари эса янада янгича даврнинг характерли белгиларини ўзларида бадиий мужассамлаштирган. Уларнинг асарларида маърифатни, ватанпарварликни, халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни шарафлаш ғояси замонасининг илғор кайфиятига монанд янгради. Улар эскилик сарқитларини, миллатни ўстирмовчи иллатларни, реакцион мафкурани, инсонни маънавий қашшоқликка маҳкум этувчи жоҳилиятни ҳажв қилдилар. Демократик адабиётнинг қаҳрамони ўз даврининг социал-сиёсий фаол кишиси, илғор турмуш томон интилаётган ва рус меҳнаткашлари билан дўстликка хайрихоҳ ўзбеклар бўлди.

Миллатдаги тафаккур, дард-фазилат, ўзгариш, ирода, янгилик, курашчанлик ва яратувчанлик, аввало, унинг адабиётида акс этади. Фақат кенг меҳнаткаш омма манфаатини кўзловчи адабиёт халқ тарихи ҳамда тимсолини чуқур миллий, чуқур умуминсоний ғоялар негизида ёритиб бериш мумкин. Шундай сўз санъатигина ўз маҳсули билан асрлар оша халқларга, элатларга йўлдош бўлиб яшайди. Маданий ва маънавий ҳаёт келажаги учун мустаҳкам пойдевор вазифасини бажаради, тараққиётга хизмат қилади.

Буюк ёзувчи Гоголнинг қуйидаги фикрлари характерлидир:
«Ҳақиқий миллийлик рус кийимини тасвирлашдан иборат эмас, балки халқ руҳидан иборат. Ҳатто тамом бошқа бир дунёни тасвирловчи шоир ҳам миллий шоир ҳисоблана олади. Бунинг учун у ана шу дунёга ўз миллий ҳислари назаридан, ўз халқининг кўзлари билан қараши керак, у шундай ҳис этиши ва гапириши керакки, унинг ватандошлари худди ўзлари ҳис этаётган ва гапираётгандек ҳис этсинлар».

Миллий спецификанинг шаклланиши, ўзгаришлари ва янгиланиши аввало миллий характерда чуқур мужассамлашади. Миллий характер миллийлик таркибида ҳамма вақт муҳим ва салмоқдор ўрин эгаллайди. Шунинг учун у миллийлик категорияси билан баравар тасаввурга келади, ҳис қилинади, Г. И. Ломидзе ўзининг «Миллий характер проблемаси» номли мақоласини «Миллий характер тушунчаси миллий спецификанинг таркибий алементи саналади» деган фикр билан бошлаганида жуда ҳақли эди.

Характер миллийликни диалектик изчил, тарихан аниқ, психологик ҳаққоний ва тараққиётда намоён қилади.

Миллий характер кўп асрлар мобайнида бетўхтов шаклланади. Унинг яралиш ва ривожланиш даражасини жамиятнинг модаий-ижтимоий, сиёсий-маданий, ахлоқий-эстетик тарзи белгилайди. Ҳар бир даврнинг ва муҳитнинг шундай белгиларига қараб, унинг тарихи турлича мураккабликда кечади. Мунтазам ўсиш жараёнида айрим сифатлар миллий характерга мустаҳкам сингишади, илғор жиҳатлар билан маҳдуд туйғу ва тасаввурлар курашади.

Чинакам миллий характер ҳар доим халқчил ва замонавий бўлади. Унинг халқчиллиги ўз миллати манфаатига мослик даражаси билангина эмас, кишилик тараққиётига тескари келмаслиги, қардош халқлар кўнглига монандлиги, улар ҳаёти ва тафаккурига баҳра бериши билан ҳам баҳоланади. Миллий характернинг замонавийлиги миллат спецификасида «йўлбошчилик» қилишидагина эмас, балки ўз халқи ифтихорини самимий намоён этиши орқали юксакликка кўтарилган байналмилаллигида ҳам кўринади. Шундай фазилатлари туфайли характернинг миллий ва халқаро доирада мавқеи, яшовчанлик руҳи ортади. Миллий характер шароитга тобе элемент бўлиб қолмайди, уни яратади ва ўзгартади.

Миллий характернинг даврда тутган ўрни, ижтимоий, сиёсий, ахлоқий-эстетик қиммати унинг умумбашарий аҳамияти билан ўлчанади. Буларсиз характер ҳатто ўз миллатининг такомили учун ҳам хизмат қила олмайди, махдуд, пассив ва келажакдан маҳрум нарсага айланиб қолади. Айни пайтда муштараклик пафоси миллий ўзига хослик ва характерсиз мавжуд бўла олмайди. Байналмилал характер ҳамиша миллийдир. Маълум халқ илғор характерининг белгиларини миллий ва умуминсоний деб, арифметик равишда ажратиш мумкин эмас. Ҳаракат ва дунёқарашнинг баъзи кўринишларини миллий, баъзиларини эса ўзгача деб қатъий чегараловчи классификация тузиб бўлмайди. Ҳақиқат шундаки, уларни бир-биридан йирокдаштириб ёки 5жка-якка ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди. Улар биргаликда яхлит жараённи ташкил этади.

Юқоридаги фикрлардан аён бўладики, ўзига хос анъаналар билан умуминсонийликнинг қонуний бирлигини, миллий характернинг ижтимоий шароитга боғлиқ тараққиёти билан унинг кишилик тарихидаги ролини адолатли идрок қилмай туриб, сўз санъати фазилатларини, ижодкор ёки бадиий асар қаҳрамонлари туйғуларини анализ қилиш ўринсиз.

Адабиёт халқнииг ҳаёти, тафаккури, фаолияти, мақсадларини, жамиятнинг социал-сиёсий масалаларини бадиий зуҳур этади. Унинг тасвир объектида миллийлик ва байналмилаллик диалектикаси энг асосий категориялар бўлиб саналади. Адабиётда ҳам улар доимо бирга ривожланиб борувчи, бирини иккинчисидан устун қўйиб бўлмайдиган, бир-бирини бойигувчи жараён.

Адабий қаҳрамон бирон жамиятда яшовчи халқнинг зеҳни, дунёқараши ва қиёфасини белгиловчи миллий характерни ғоявий-бадиий инъикос этади. Жамиятда айнан бир шахс индивидуаллиги баробарида миллий характернинг кўриниши бўлгани каби, бадиий образ ҳам индивидуал ва ўз ўрнида миллий характер бўлиб гавдаланмоғи керак.

Миллийлик ва байналмилаллик адабиёт кашф этадиган қаҳрамонларнинг характерида ёрқин ифодасига эга бўлади. Адабий қаҳрамон бу ҳақиқатни тарихий, ижтимоий, маҳаллий жиҳатдан конкретлаштирувчи ўзак элементлардан. Миллийлик қаҳрамоннинг ҳаракат, дунёқараш тарзида, психологияси, одатлари, хулқ-атвори ва бошқа томонларида вужудга келиб, иккинчи жиҳат шу асосдан униб чиқади. Миллийлик бадиий образнинг асоси ва манбаидир. Образнинг бадиий эстетик баҳоси, инсониятга тегишли пафоси унинг ўқувчини маънавий озиқлантирувчи, руҳлантирувчи ва ишонтирувчи миллий қиёфасига боғлиқ.

Қаҳрамон характерининг миллийлик даражаси унинг халқ руҳига, ҳаёт ҳақиқатига, тараққиётнинг етакчи тенденцияларига мос келишидан ва замонавийлигидан қидирилади. Бундай хусусиятлар санъаткорона сингдирилган бадиий асаргина умуминсоний фазилатлар билан тўлиқ бўлади. В. Г. Белинский Лермонтовнинг «Замонамиз қаҳрамони» романига шу номли мақола бағишлаб, воқеликнинг, жамият кишилари характерининг унда қандай тасвирланганини ана шу жиҳатдан чуқур анализ қилган эди. Белинский фикрича, романдаги Максим Максимич образи «соф рус типи» экани, юксак бадиий тарзда яратилганлиги билан Вальтер Скотт, Фенимор Купер яратган энг яхши характерларни эсга солса-да, янги кашфиётлиги, соф рус руҳидалиги ва хусусиятлари билан такрорланмасдир. Буюк танқидчи табиат берган характерни унинг ўз замонасидаги мавжуд шароитда тўла гавдалантиришни ёзувчи зиммасида турувчи катга вазифа деб кўрсатади, «Азамат билаи Казбичнинг характерлари, — деб ёзади у романдаги черкес хадқи вакиллари ҳақида, — шундай типлардирки, улар русга қандай тушунарли бўлса, инглизга ҳам, немисга ҳам, французга ҳам шундай тушунарлидир. Фигураларни ўз миллий қиёфасида ва миллий либосида тўла гавдалантириб чизиб бериш деб ана шуни айтадилар!...».

Турли мамлакат халқлари миллий характерлари улар адабиётининг том маънодаги реал қаҳрамонларидир. Дунё адабиётининг қаҳрамонлари — хилма-хил миллат ва элатларга мансуб кишилар. Улар адабиёт саҳифаларига бетакрор ва юксалишда бўлган ўз миллий қиёфалари, дард-изтироби, ишқ ва шодлиги, руҳияти, тафаккур тарзи, ҳаракатлари билан кириб келадилар. Ҳар қайси миллий қахрамон ўзида қадим замонлардан бери алоҳидалашиб келган, у ёки бу даражада ривожланаётган халқининг қиёфасини, мамлакатда тутган мавқеини намойиш қилади.

Шундай экан, миллатлар адабиёти қаҳрамонларининг умуминсоний туйғуси ранг-баранг миллий характерлар орқали юзага чиқади. Ҳар бир қаҳрамон характер илдизлари тўппа-тўғри унинг ўз миллийлигига бориб тақалади ҳамда ўзига хос кўринишларда таркиб топади. Унинг белги-хислатлари ифодаси миллий қаҳрамон табиатида бошқаларнинг такрори ёхуд нусхаси бўлиб қолмайди, балки ўзлигининг мавжуд тасвиридан иборат бўлади. Унда байналмилаллик билан миллийликнинг зич диалектикаси ўзаро тўла-тўкис сингишган ҳолда аниқ кўринишлар беради.

Кўп ҳолларда қаҳрамон характерининг миллийлиги сифатида барча халқлар табиатида мавжуд туйғулар, фазилатлар (масалан, саховат, ватанпарварлик, бурч, садоқат, меҳмондўстлик, болажонлик каби) тадқиқ қилинар экан, бир хил йўналишдаги қуйидагича саволлар пайдо бўлади: бу тушунчалар бошқа миллат кишиларига бегонами? Булар образнинг умуминсонийлиги бўлса, унинг миллийлигини қандай тушуниш керак?... Бундай саволларнинг қўйилиши таҳлил қилинаётган қаҳрамон характерининг оригиналлиги ёки, умуман, миллийликка шубҳа билан қараш оқибатида туғилган бўлса, тўғри бўлмайди. Чунки масалани шу хилда тасаввур этиш миллийлик ва байналмилаллик диалектикасини космополитик англашга, миллий фаркдарни ғаразлй баҳолашга олиб келади. Агар саволлар ўша умумий тушунчаларнинг аниқ миллий белгиларини, уларнинг ўзга миллатлардаги кўринишларига қиёсни, ёзувчининг шу томонламй кўрсатган маҳоратини кўзда тутса, уларни объектив ҳисоблкш мумкин. Гап бутун инсониятга хос туйғу, фазилат ва тасаввурларнинг қайси халқ характерида, қай ҳолда ва қандай намоёй бўлишида. Миллатнинг ўта алоҳида белгилари қаторйда унинг умуминсоний жиҳатлари ҳам ҳамма вақт миллийдир. Миллийлик байналмилал аҳамияти билан барқарор бўлгани каби, байналмилаллик ҳам конкрет миллий заминдан қувват олади. Жуда умумий тушунчаларни маълум миллатнинг бутунлай ўзиники қилиб кўрсатиш ҳам жиддий хатодир. Фақат унутмаслик керакки, улар ҳар миллийликда ҳар хил кўринишларига, ифода тарзларига эга бўлади. Миллий замин уларга қўшимча маънолар беради, уларнинг мантишни бойитади ва кенгайтиради. В. Г. Белинский биз юқорида тўхталган мақоласида Максим Максимич характерининг хислатларини унинг ҳарбийча хитобларида, ароқ ичишларида, тамаки чекишларида эмас, «балки муҳитдаги нарсаларга ўз малакасидан ва турмуш тарзидан ҳосил бўлган назари билан қарашида ва муҳитдаги нарсаларга қарашининг ҳамда одатининг муқаррар натижаси бўлган шу тарздаги ҳаракат ва сўзларида» кўрадики, бу ўринда ҳам гап умуминсонийликнинг миллий намоён бўлиши тўғрисида боради.

Кишилик тарихининг муайян ижтимоий, иқтисодий, сиёсий шароитлари муштараклик туйғусини ўзига хос, бетакрор намоён қилади. Бу туйғу муҳитлари, манфаатлари, ҳаракатлари бир-бирига мос келаётган халқларнинг маънавий савияси ифодаси сифатида жилоланади. Унинг бутун моҳият-эътибори чегара билмайди. Ватаннинг қардошлик оиласи доирасида қолиб кетмайди. Зеро, бир мамлакат халқлари ўз миллий заминларида мустаҳкам тургани ҳолда муаммолари, ташвиш-дардлари, интилиш самараларига кўра ҳамжиҳатликни бошларидан кечирар эканлар, бу нарса дунёдаги биронта халқ меҳнаткашларининг манфаатига зид бўлиб тушмайди. Аксинча, бу жараён замирида жаҳондаги ҳамма халқларнинг прогрессив интилишларига, истиқболига самимий хайрихоҳлик, ҳурмат ва эъзоз ётади. Бошқаларни билмоққа қизиқиш, уларга ҳавас билан қараш, яқинлашишга эҳтиёж сезиш миллий ифтихордан узоқлашиш, айрилиш ёки уни умумлаштириб юборишни англатмайди. Муштараклик туйғуси миллий ўзига хосликлар, характерлар негизида қад кўтаради.

Муштараклик туйғуси миллий адабиётлар учун айрича мавзу ёки муаммо, образлар тасвири учун бадиий восита ёки қўшимча белги эмас. Шунингдек, у миллат характеридан тасодифий ҳолатлар, вазиятлар танлаш ва қаҳрамонни ўзга халқлар вакиллари орасида кўриш деган маънога ҳам олиб келмайди. Характернинг миллийлигидан, миллий ғурур ифтихоридан бироз бўлсин чеккада ифодаланиш муштараклик туйғусига бутунлай ёт. Унинг манбаи — миллий қаҳрамон характерининг руҳи, виждони, эркин гражданлик масъулияти, қилган ва қилмоқчи бўлган эзгу ишлари... Бутуйғу («Очилган қўриқ», М. Шолохов)ни қишлоқда одилона турмуш қуриш ишига бошлайди. У Дон бўйидаги Гремячий Лог хуторига келади. Меҳнаткашларнинг оромини ва янги ҳаёт барпо этиш режаларини бузаётган душманларнинг тор-мор қилиниши йўлида жонини аямайди. Курашиш ва меҳнат қилишнинг рус характерига хос ҳақиқий намунасини кўрсатади. Кондрат Майданников, Нагульнов ва бошқа казаклар Давидов таъсирида руҳан ўсадилар. Ч. Айтматов қаҳрамонлари қирғиз миллий заминида ҳаракат қиладилар. Улар ўз муҳити, психологияси, ҳаракати, ўй-хаёли, ўтмиши ва бугуни билан қанчалик миллий бўлсалар, шу даражада мамлакат кишиси, ватанпарвари бўлиб гавдаланишади.

Р. Файзийнинг «Ҳазрати инсон» романида муштараклик туйғуси ўзбек халқи вакилларининг фронт ортидаги фидокорона ҳаёти ифодасидан, меҳнатсеварлик, инсонпарварлик, болажонлик каби умумбашарий фазилатларнинг халқимиз кўрсатган тарихан машҳур намунаси тасвиридан балқиб чиқади. Маҳкам ака билан Меҳринисо етим қолган ўн беш болага ота ва она бўлишади. Турли миллат фарзандларини чексиз меҳр, чексиз самимият билан ўз паноҳларига олишади. Ҳамма миллат боласи —одам боласи, одамни одамдан ажратмаслик керак, дейди Маҳкам ака. Улар болаларининг омонлиги, келажаги ташвишида тиним билмайдилар. Ўзларида чинакам гуманизмни, халқлар дўстлиги камоли ва қудратини намойиш қиладилар. Романнинг байналмилал туйғулари бош қаҳрамонлар теграсидаги Абдуҳафиз, Исмоилжон, Қодирхўжа, Муборак, Иван Тимофеевич каби образлар туфайли янада тўлишади. Тасвирланган воқеа ва қаҳрамонларнинг тарихий асосга эгалиги, асарда Йўлдош Охунбобоев ҳамда Усмон Юсупов сиймоларининг гавдаланиши даврнинг моҳиятини ўқувчи кўз олдида тағин ҳам реаллаштиради.
Муштараклик туйғуси навқирон грузин йигити Автандил Жакели («Қўрқманг, онагинам», Н. Думбадзе) характерининг бутун борлиғини қуршаган. Яқинларига, грузинларига ва диёрига бўлган меҳр унда Ватанга муҳаббат билан табиий пайвандлашиб кетган. Ватан чегаралари унинг иштирокисиз ҳам ҳимоясиз қолмаслиги Автандилга тушунарли. Лекин у ўзининг такдирини, ҳаётда мавжудлигини шу бурчсиз тасаввур қила олмайди. У енгил-елпи яшаб, ватанпарварликни юзаки фаолиятда, қуруқ романтикада ва сохта нутқларда ифода қилмоқчи бўлганларга қарши. Мамлакат сарҳадларини қўриқлаш шу маънода Автандил учун асл грузинлигини, ота-боболарнинг эзгу одатларига содиқлигини, қалбдаги она-Ватан туйғусининг муқаддаслигини ҳам ҳимоя қилмоқ демакдир. У биладики, мамлакатларнинг чегараси бор, қардошлик ва меҳр-оқибатнинг эса чегараси йўқ. Туркия территориясида бошланган кучли ёнғинни ўчиришда ўз чегарачиларининг мардона ёрдами, икки Ватан кишиларининг оғир дамлардаги аҳиллиги Автандил қалбига ажиб туйғулар олиб киради. Унда бу мамлакатларни бир-биридан ажратиб турган нарса қолмагандек туюлади.

Шундай қилиб, қаҳрамон характерида миллий ва байналмилал асослар бир-бири билан ижтимоий-психологик жиҳатдан ниҳоятда жипслашиб, уйғунлашиб кетган бўлади. Чинакам миллий қаҳрамон табиатида бу бирлик етакчи роль ўйнайди ва образнинг аҳамиятини таъминлайди. Бундай хусусиятлардан маҳрум бўлган, ўткинчи, зарарли маҳаллий элементлар атрофида маҳдудлашган қаҳрамон ҳатто миллий доиранинг ўз ичида ҳам узоқ яшамайди.

Миллий ва муштарак асосларнинг белгиларини аниқлаш, ўзига хослигини тасаввур қилиш мумкин бўлса-да, уларни мазмунлари йироқ икки категорияга ажратиб юбориш, рўйхатлаштириш мумкин эмас. Умуминсоний тушунчаларнинг миллий воқе бўлиши, ўта миллий белгиларнинг умуминсонийлиги, анъанавий қарашларнинг янгилик билан қўшилиб кетиш ҳодисалари миллий қаҳрамон характерида ҳаёт мантиғи ва оқимига мос мураккаб бўлишини унутмаслик керак.

Воқелиқнинг бор ҳақиқатини ўз миллийлигида реалистцк намойиш этганлиги туфайли адабиётлар, уларнинг қаҳрамондари бир-биридан фарқланиб туради, ҳар қайсиси ўзича оригинал бадиий-эстетик қиммат олади. М. Шолохов, Ч. Айтматов, М. Авезов, Ў. Сулаймон, М. Жумабоев, С. Сайфулин, В. Лацис, О. Гончар, Р. Ҳамзатов, М. Турсунзода, М. Иброҳимов, Б. Кербобоев, Н. Думбадзе, А. Қодирий, Чўлпон, Ҳамза, У. Носир, Ойбек, Э. Воҳидов ва А. Орипов каби турли миллат адибларининг ижодлари шундай хислатларга конлиги учун бири иккинчисини такрорламайди ва айни пайтда умумбашарийлик мезонлари талабларига мос келади.
Адабиёт қаҳрамони миллийлиги тушунчаси характернинг маънавий дунёсида, ҳаётга қараш тарзида, ҳаракатида миллий хусусиятларнинг шунчаки мавжудлиги ва сақланиб қолаётганини билдирмай, уларнинг бетиним ўсиш жараёнини ҳам ўз ичига олади. Миллий прогресснинг характерда қанчалик акс этиши эса адабиётнинг воқелик, халқ ҳаёти ва долзарб проблемалар билан муносабат ҳамда ҳамнафаслик даражасига боғлиқ, албатта. Айтиш керакки, миллийликнинг халқчил, замонбоп чизилишида ёзувчининг истеъдоди ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Санъаткор асарида миллий руҳ сюжет ва ғоялар воқе бўлишининг табиий шарти, бош заруратидир.

Хулласки, қаҳрамон характерининг барча қирраларини тарихан конкрет тадқиқ қилмоқ лозим. Инсонда ўй, хислат, туйғу, кураш, меҳнат, неки ҳаракат бўлса, ҳаммаси ҳар хил шароит ва вазиятда турлича ҳаётий кўринишга эга бўлади. Бадиий асар образи —биринчи навбатда, ўз жамиятининг, даврининг, муҳитининг қаҳрамони. Унинг яшовчанлик даражаси, ғоявий-эстетик аҳамияти ҳам, аввало, ўзи мансуб бўлган замон кишилари характерини типик кўрсата олиши, даврий ишончли масалаларни дадил кўтариб чиқиши билан ўлчанади. Ва шундагина бундай қаҳрамон турли миллат-элат авлоддарининг иззат-эҳтиромини қозонади.

Тоҳир Шермуродов
1991 йил.