Facebook
Адабиётда диний оҳанглар PDF Босма E-mail

Большевиклар биринчи қадамлариданоқ "дин халқ учун афъюндир" деган марксча ақидага қаттиқ риоя қилганларига қарамай, уларнинг атоқли арбобларидан бири янги ҳукумат таркибида маориф халқ комиссари бўлиб ишлаган А.В.Луначарский "дин — инсониятнинг энг доҳиёна кашфиётидир" деган ҳикматни айтганди. Дарҳақиқат, мана, неча асрлардирки, бу улуғ кашфиёт курраи заминнинг олти қисмида инсониятнинг энг самарали руҳий мададкори бўлиб келмоқда.
Дин шарофати билан одамлар қалби мунаввар бўлмоқда, дин ёрдамида улар инсон ҳаётининг маъносини идрок этмоқдалар ва ўзаро муносабатларнинг пишиқ иморатини барпо этмоқцалар. Динлар тарихи шуни қатъий исбот қилдики, ҳеч қаерда ҳеч қайси инсонлар жамияти фақат моддий манфаатларга суянибгина, фақат моддий эҳтиёжларини қондирибгина ҳаёт кечира олмайди — инсон ҳаётининг саодатманд бўлмоғи учун, инсон шоду хуррамлик билан умргузаронлик қилмоғи учун виждон ва имон унинг ҳаётида устивор бўлмоғи керак. Виждон, имон ва эътиқод ёрдамидагина инсоф ва диёнат салтанатини барпо этиш мумкин.
Жаҳон адабиёти ва, айниқса, шарқ адабиёти шунинг учун ўзининг кўп асрлик тарихи мобайнида дин билан ҳамқадам ва ҳамнафас борди, ўзининг шоҳ асар-ларида диннинг асосий фалсафий ва ахлоқий қараш-ларини бадиий акс эттирди ҳамда зўр санъаткорлик билан тарғиб қилди. Агар ўзбек адабиётини оладиган бўлсак, Хўжа Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Насриддин Рабғузий, Маҳмуд Паҳлавон, Сўфи Оллоёр, Ҳувайдо каби санъаткорлар яратган асарларнинг халқ ўртасида кенг тарқалганини ҳам, жумладан, шу билан изоҳлаш мумкин. Ижодининг асосий мағизини диний оҳанглар ташкил қилувчи шоир ва адиблар XIX асрнинг иккинчи ярими ва XX асрда ҳам яшашган. Масалан, юксак поэтик маҳорат билан ёрқин шеърлар яратган Ҳазиний, ундан кейинроқ ўтган Мискин, Хислат каби шоирлар ўзбек шеъриятининг ёрқин юлдузларидан эди. Афсуски, шўролар замонида адабиёт билан дин ўртасидаги ўзаро алоқалар масаласи, адабиёт ва санъат ривожида ислом динининг самарали роли масаласи мутлақо ўрганилмади. Бундай муаммоларни тадқиқ қилиш умуман тақиқлаб қўйилган эди. Умуман, классикларнинг асарлари нашр қилинганда улардаги диний оҳанглар, ҳамдлар, наътлар ва шунга ўхшаш бошқа анъанавий унсурлар таг-томири билан суғуриб ташланар эди.
Ўзбекистон мустақил ривожланиш йўлига киргандан кейин республикада ислом динининг мавқеи бутунлай ўзгарди. Эндиликда диннинг аввалги обрў-эътиборини тиклаш, диний қадриятларимизни одамлар қалбида чуқур ўрин олишига эришиш бобида жуда катта ишлар қилинди. Республикамизнинг Олий Мажлиси виждон эркинлиги ҳақида қонун қабул қилди — бу қонун ҳар бир одамнинг диний эътиқод бобидаги ҳуқуқларини таъминловчи юридик асос бўлди. Қисқа муддатда минглаб масжидлар очилди. Тарихимизда биринчи марта Қуръони карим ўзбек тилига таржима қилинди, ўзбек тилида буюк муҳаддис Исмоил ал Бухорийнинг тўрт жилддик ҳадислари чоп этилди. Ҳозирги кунда Тошкентда ислом университети, Тошкент ва бошқа шаҳарларда олий диний мадрасалар ишлаб турипти, исломий адабиётлар нашр этадиган нашриётлар, газета ва журналлар бор. Буларнинг бари қисқа муддатда ислом динининг илдизлари янада чуқурлашиб боришига йўл очди.
Мустақиллик йилларида адабиёт билан ислом дини ўртасидаги муносабатларда ҳам кескин бурилиш юз берди. Ўзбек адабиётининг ислом фалсафасидан ва ислом таълимотидан илҳомланиб, ундан таъсирланиб, ўрни келганда ўзи ҳам унга муайян таъсир кўрсатиб ривожланиши энди расман тан олинган факт бўлиб қолди. Шу сабабдан бу масалага бағишланган катта-кичик илмий асарлар пайдо бўла бошлади. Улар дин ва адабиёт алоқаларининг қадимийлиги ва кўламдорлигини кўрсатиш билан бирга, бу соҳада қилиниши даркор бўлган ишларни аниқлашга ҳам ёрдам бермоқда. Бу ўринда ҳам бир-иккита мисол билан чекланаман. Адабиётшунос олим Ҳамидулла Караматов ўзбек адабиётида Қуръони каримнинг таъсири масаласига бағишланган ҳажман кичкина, лекин мазмунан теран рисоласида бу муаммонинг муҳим қирраларини яхши таҳлил қилган. Бу рисола мумтоз адабиётимизнинг ғоялар дунёсини ва образлар тизимини Қуръони каримдан чуқур билимга эга бўлмай туриб очиб бериш мумкин эмаслигини исбот қилиб берди. Худди шунга ўхшаш профессор Нажмиддин Комилов икки қисмдан иборат "Тасаввуф" деган тадқиқотида ҳам мумтоз адабиётимизнинг, қолаверса, кўпгина шарқ адабиётларининг энг муҳим муаммоларидан бирини қаламга олган. Маълумки, сўнгги 20—25 йил ичида бу масала ҳақида кўплаб анжуманлар, илмий конференциялар ўтказилди, катта-кичик тадқиқотлар яратилди. Бундай асарлар айниқса Туркия, Эрон ва Тожикистон олимлари, шунингдек, айрим оврўпа шарқшунослари томонидан чоп этилди. Профессор Нажмиддин Комиловнинг китоби бу асарлар қаторида муносиб ўрин эгаллайди. Бу китоб ҳам тасаввуф тарихи ва тасаввуф назариясини мукаммал билмай туриб, мумтоз шарқ адабиётини ва, биринчи навбатда, ўзбек адабиётини илмий ўрганиш тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмаслигини яққол исбот қилиб берди. Шўро даврида даҳрийлик муҳитида тарбия кўрган бизга ўхшаш чала мулла, чала мусурмон одамлар "ҳа, энди, тасаввуф дегани жун чопон кийиб, таркидунёчилик фалсафасини олдинга сурадиган бир оқим-да" деб юраверган эканмиз. Ҳолбуки, бу таълимот нафақат адабиётни, балки инсонни ҳам тушунишга йўл очадиган мўъжизакор калит экан.
Ижтимоий ҳаётда диннинг салмоғи ортиб боргани сари бадиий адабиётнинг олдида ҳам янги вазифалар кўндаланг бўла бошлади. Тарихий қадриятларни тиклаш, тарихимизнинг ўқилмаган ёки унутилган саҳифаларини тиклаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар бадиий асарларда ўтмишдаги буюк ота-боболаримизнинг образларини яратишни тақозо қилди.
Айтмоқ керакки, бу адабиётимизнинг очилмаган қўриғи эди. Тўғри, XX аср ўзбек адабиётида ўтмиш мавзуи мутлақо ёритилмаган, тарихда ўтган буюк сиймолар образи сира қаламга олинмаган деб айтиш бир томонламшшк бўлур эди. Жумладан, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Беруний, Ибн Сино, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ шоирлар, олимлар ва давлат арбоблари ҳақида анча бақувват асарлар яратилган. Бу борада, айниқса, Одил Ёқубов ва Пиримқул Қодиров каби адибларимизнинг хизмати диққатга сазовордир. Аммо бу ютуқлар ҳар қанча мақтовга сазовор бўлмасин, улар жамиятнинг тарихий асарларга бўлган эҳтиёжини қондираолмайди. Негаки, биринчидан, уларнинг сони жуда ҳам кам, иккинчидан эса, энг яхши асарларда ҳам тарихий ҳодисалар ва тарихий шахслар тасвирида ҳукмрон мафкуранинг тазйиқи остида бўғилган бир томонламаликлар, ҳаёт ҳақиқатини бузиш ҳоллари, тарихийлик ва объективлик принципларига хилоф ўринлар учрайди. Эндиликда мустақиллик шарофати билан тарихимизни анча кенг ва теран ёритиш имконияти пайдо бўлди. Айтмоқ керакки, бир қатор ёзувчилар бу қутлуғ вазифани ўташ учун енг шимариб ижод қилишга киришдилар ва аллақачон хамир учидан патир дегандек бир қатор эътиборга лойиқ асарлар яратдилар. Бу ўринда Одил Ёқубов ва Абдулла Ори-повларнинг буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Темур ҳақидаги, Эркин Самандаровнинг Абулғози Баҳодирхон ва Жалолиддин Мангуберди тўғрисидаги, Саъдулла Сиёевнинг Яссавий, Муҳаммад Атининг сарбадорлар тўғрисидаги, Асад Дилмуродов, Муроджон Мансуровларнинг бошқа тарихий мавзудаги асарлари фикримизнинг далили бўла олади. Шуниси алоҳида қувонар-лики, янги асарлар ичида диний мавзуларда ёзилган, азиз-авлиёларимизга, буюк уламоларимиз ва муҳаддисларимизга бағишланган насрий ва шеърий асарлар ҳам бор. Бу ўринда мен Душан Файзийнинг Исмоил ал-Бухорийга бағишланган асарини таъкидлаб кўрсатишим мумкин. Душан Файзийнинг асари Имом ал-Бухорий ҳақидаги шеърий романдир.
Асар биографик маълумотларга бой, асарнинг кўп саҳифаларида узоқ йиллар мобайнида шеърият бобида бой тажриба орттирган муаллифнинг қалами яққол сезилиб туради. Айтилганларга асосланиб, биз бу асарни бугунги адабиётимизнинг муваффақиятлари қаторига қўшсак бўларди, лекин шундай қилишимизга нимадир халақит беради, асарни ўқиб бўлгач, нимадандир кўнглимиз тўлмаганини ҳис қилиб турамиз. Ҳар ҳолда ўз даврининг энг буюк акд эгаси бўлмиш бу улуғ инсон ҳақида бадиий асар ўқиганингда, қалбинг ўз-ўзидан нурга тўлмаётганини, бутун вужудингни алланечук покиза туйғулар асир қилиб олганини, ҳисларинг жунбушга келиб, фикрларингда инқилоблар юз берганини пайқашни истайсан киши. Афсуски, бундай бўлмади — мазкур асар ҳам кўпгина бошқа ўртамиёна асарлар қаторида, сенга баъзи бир ахборотларни бериш билан чекланиб, қалбингда из қолдирмай ўтиб кетади. Шунинг учун уни мустақиллик адабиётининг ёрқин намуналарига қўшиб бўлмайди, уни адабиётимизнинг янги мавзуини ўзлаштиришдаги дастлабки уриниш сифатидагина қабул қилса бўлади.
Ҳамма гап шундаки, ҳар қандай бадиий асар муаллифдан жуда катта билим, юксак тафаккурни, том маънодаги кашфиётларни талаб қилади. Ҳар бир муаллиф ўқувчи қалбини забт этмоқ учун ўз асари устида, ўз истеъдодини чархлаш борасида фидокорлик билан меҳнат қилмоғи керак. Шу ўринда ғарб санъати тарихидан бир мисол келтираман. Мен бу мисолни атокди америка ёзувчиси Ирвинг Стоуннинг Уйғониш даврининг даҳо санъаткори Микеланжело ҳақидаги китобида ўқиган эдим. Маълумки, Микеланжело бутун умри давомида диний мавзуларда сувратлар ишлаган ва ҳайкаллар яратган. Бироқ у ёшлигида чизган сувратларидаги азиз-авлиёлар нечукдир ўхшамайроқ чиққанини, сустроқ эканини, уларга жон етишмаётганини сезган. Микеланжело ўткир туйғуси билан пайқаганки, унинг инсон ҳақидаги билимлари, тасаввурлари камлик қиляпти.  Инсон қандай ҳаракат қилади? Унинг бармоқларини букиб, тўғрилаётган қудрат қанақа? Турганда, ўтирган, ётганда ёхуд чопганда мускулларда қандай ўзгаришлар рўй беради? Яхши рассом бўлмоқ учун сувратни ўхшатиб чизишнинг ўзи кифоя қилмайди, унинг замиридаги ҳаракатни ҳам билмоқ керак. Буни билмоқ учун эса... инсонни нимталаб, ичак-чавоғини ағдариб, терисини шилиб кўрмоқ керак. Хуллас, инсон жасадини ёриб кўрмаса иш битмайди. Бироқ инсон жасадини ёриш жуда катта гуноҳ, жиноят. Бунинг учун христиан маҳкамалари ҳеч иккиланмай жиноятчини ўлимга ҳукм қилади. Микеланжело шу сирни ўрганиш учун ҳаётини хатарга қўйиб шу ишни қилади — 30 кун мобайнида, кундузи расмлар чизиб, кечаси билан черков хужрасида тонггача мурдаларни ёриб кўради. Унинг кечаси-ю-кундузи ишдан бери келмаслигини отаси мутлақо бошқача тушунади:
- Қанақа саёқсан! Кечалари билан қаёқда дайдиб юрасан? Рангингга қара — аъзойи баданингдан ўликнинг ҳиди келади! Ё уйлантириб қўяйми?
Ёш рассом бошини қуйи солганича, отасининг таъналарига бир оғиз гап қайтармай хомуш туради. Лекин шу воқеадан кейин унинг ижодида кескин бурилиш юз беради — у инсон танасини, юз тузилишларини, оёқ-қўлларини, гавдасини шу даражада аниқ ва тиниқ чиза бошлайдики, унгача ҳам, ундан кейинги даврда ҳам бундай камолот чўққисига эришиш бошқа биронта рассомга насиб этмайди.
Мен бу воқеани тез-тез эслаб тураман — ҳаётини гаровга қўйиб эришилган маҳорат санъаткорни ҳеч қачон тарк этмайди, унинг мангу мулки бўлиб қолади. Мен жуда муҳим мавзуларда шоша-пиша ёзилган, анча-мунча ғўрроқ асарларни ўқиганимда адибу удабога, шоиру шуарога ўз маҳоратини ўстириш борасида ана шундай фидокорлик билан меҳнат қилишни тилаган бўлардим. Фақат шундагина китобхонни ларзага соладиган, унинг қалбидан мангу ўрин оладиган асарлар пайдо бўлади.
Ўтмишдаги буюк аждодларимиз, бобокалонларимиз ҳақидаги асарларнинг зарур юксакликларга кўтарила олмаётганининг муҳим сабабларидан яна бири бизнинг бадиий тафаккуримиздаги маҳдудликдир. Азизавлиёларнинг ва бошқа улуғ сиймоларнинг образини чизишга киришар экан, муаллиф, асосан, бу сиймодан олган завқини, унга қойил қолганини, уни чексиз эҳтиром қилишини ифодалайди. Бундай завқ-шавқ кўп ҳолларда мадҳия тарзида, адоқсиз мақтов шаклида намоён бўлади. Натижада, у сиймонинг ҳаёт йўлига, фаолиятига оид материаллар фақат баланд авж пардаларда, фақат ёрқин рангларда иамоён бўлади. Менимча, тасвир объектига бундай ёндашиш салмоқли самаралар бермайди. Назаримда, ўтмишдаги буюкларимиз жуда катта жасоратларни кўрсатгани учун, маънавият бобида улуғ кашфиётлар қилгани учун буюк бўлишган. Улар ҳаётини силлиққина яшаб ўтган жўн одамлар эмас. Бинобарин, улар ҳақида ёзишга киришган муаллиф шунчаки уларнинг ҳаётидан нусха кўтармай, бу буюк-лар даражасига кўтарилмоғи, уларнинг буюк инсон сифатидаги дардларию изтиробларини очиб бермоғи лозим. Бу — қийин, албатта. Лекин қачон, қаерда ким осон йўлдан бориб, улуғ марраларни эгаллаган? Кўринадики, ҳали қилинадиган ишлар кўп. Адибларимиз ва санъаткорларимиз бутун масъулиятни чуқур идрок этган ҳолда бу муҳим мавзуни ёритишга бел боғлашса, уларга буюк аждодларимизнинг руҳи мададкор бўлади. Бунга шубҳа йўқ.

ОЗОД ШАРАФИДДИНОВ