Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Адабий суҳбатлар»Тарихий сюжет ва тарихий манзара
Facebook
Тарихий сюжет ва тарихий манзара PDF Босма E-mail

"Мозийға қайтиб иш кўриш хайрликдир, дейдилар". Абдулла Қодирий шу биргина оддий ибора билан икки фикрни илгари сурмоқчи. Биринчиси — мавзуни мозийдан танланганига ишора. Иккинчиси эса мозийга, яъни ўтмишда рўй берган воқеаларга қиёсан бугунги ишларга муносабат билдириш тўғридир, деган фикр. Ана шу иккинчи фикрда ёзувчининг тарихий романни ёзишдан кўзда тутган мақсади ўз аксини топган.
Абдулла Қодирий ва Ойбекдек ёзувчилар учун тарихий мавзу китобхонга ўтмишдаги турли-туман кишилар ва воқеаларни чапдастлик билан кўрсатувчи калейдоскоп эмас. Улар мозийда содир бўлган ё содир бўлиши мумкин ҳисобланган воқеаларни жонлантириш орқали халқнинг бугунги такдирига таъсир кўрсатажак хавф-хатардан ҳам огоҳлантирадилар, кечаги сабоқлардан хулоса чиқаришга китобхонни, демак, халқни даъват этадилар. Шунинг учун ҳам "Ўтган кунлар" ва "Қутлуғ қон" романларидаги таг маънони топиш уларнинг ғоявий йўналишларини белгилашга қараганда муҳимдир.
Абдулла Қодирий ўзининг биринчи романига нима учун ўтган асрнинг иккинчи палласига оид воқеаларни танлади? Ойбек нима учун Биринчи жаҳон уруши ва у билан боғлиқ воқеаларни қаламга олди? Уларнинг бошқа, олисроқ тарихий даврлардан қаҳрамонларни танлаши мумкин эмасмиди? Масалан, Ойбек Алишер Навоий ҳаёти ва яшаган даврига биринчи романидаёқ назар ташлаши мумкин эди-ку!
Шубҳасиз, мумкин эди. Лекин улар бошқа йўлни танладилар.
Замондошларнинг айтишларига кўра, Абдулла Қодирий ўз романини ёзишга 1918—1919 йилларда киришган. Ойбек эса 1938 йил ўрталарида романнинг биринчи нусхасини қўлдан чиқарган. Биз "Қутлуғ қон"нинг яратилиш тарихига оид баъзи бир маълумотларга эгамиз. Адибнинг рафиқаси Зарифахонимнинг гувоҳлик беришига кўра, Ойбек 1937 йил сурони уни четлаб ўтаётганига озми-кўпми умид ҳосил қилгач, роман ёзишга киришган. "Бу даҳшатли кунлар ўтиб, дориломон замонлар келса, мен бу замонларни бўш қўлларим билан кутиб оламанми?!" деган ва қутлуғ кунлар келишига умид боғлаб, узоқ давом этган ишсизлик йилларида (бу вақтда у Тил ва адабиёт институти ҳамда Ёзувчилар уюшмасидан ҳайдалган, асарлари эса, матбуот кўчасига йўлатилмаган эди!) улкан насрий асарини ёза бошлаган.
Адибда ушбу романни яратиш нияти пайдо бўлишидан олдин, у 1936 йил ёзида, А.С.Пушкиннинг "Евгений Онегин" шеърий романини таржима қилган эди. Агар 1937 йил ўзининг қонли қиличи билан халқ ва мамлакат ҳаётига кириб келмаганида, Ойбек, эҳтимол, рус шоири таъсирида ишқий-қаҳрамонлик мавзуидаги дастлабки ўзбек шеърий романини яратган бўлармиди? Лекин у ҳатто номи ҳам 1937 — 1938 йиллар руҳига ҳамоҳанг бўлган "Қутлуғ қон" романини ёзишни айни вақти, деб билди.
Адиб таржимаи ҳолида ижодий ҳаётининг худди шу даври тўғрисида бундай ёзган: "Мен таржима билан шуғуллана бориб, роман ёзишга аҳд қилдим. Романда ўзбек халқининг революциядан олдинги ҳаётини, унинг ўз ҳақ-хуқуқи учун курашга интилишини ва бу ҳаракатнинг машҳур 1916 йил қўзғолонига қўшилишини ҳикоя қилмоқчи бўлдим". Ойбек ро-манда болалик даври хотиралари кенг ўрин эгаллаганини айтгач, яна бундай деган: "Мен ўз қаҳрамонларим қиёфасида бўлажак революцион курашчиларни, совет жамиятини қурувчиларни пайқаб олган эдим. "Қутлуғ қон" романимни ёзиш учун материал йиғиб ўтирмадим, роман учун материал кўнгилдан, хотирамдан қуйилиб келаверди, шу тарзда қисқа фурсатда — 1938 йил ёзида уни тамомладим".
Бугун адибнинг бу сўзлари ортида ҳали ҳам 1937 йил ҳадиги турганини сезмай иложимиз йўқ. 1916 йили чор полицияси маҳкамасини қўпориб ташлаш учун борган Йўлчиларнинг совет жамияти қурувчиларига алоқаси бўлмаганини яхши биламиз. Ойбек 1937 йилнинг яланғоч қиличи ўзбек халқини каллаклаб турганида 1916 йил қўзғолонини кўз олдига келтирган, халқнинг, Йўлчиларнинг қонхўр, мустабид тузумга қарши бош кўтаришини истаган ва шу истак унинг қўлига қалам тутқазган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас.
Сталин чор ҳокимиятини "халқлар турмаси", деб атаган эди. Сталинизм йилларида ёзувчиларга чор ҳокимияти давридаги зулмни, бедодликни тасвирлаш имкони берилган Ойбек сталинизм берган ана шу якка-ю ягона имкониятдан фойдаланиб, мустамлакачилик сиёсатига қарши кўтарилган 1916 йил қўзғолонини, халқнинг топталган ҳақ-ҳуқуқи учун олиб борган курашини бадиий гавдалантириб берди. У  ўз асари билан 1937 йилнинг қонли воқеаларига фаол муносабат билдирди. 1916 йил чор ҳокимиятининг фармони келтирган хўрликлар олдида 1937 йил даҳшатлари ҳеч гап эмас халқ ҳар қандай замонда ва ҳар қандай шароитда зулмга қарши ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашиши лозим, деган ғояни асарнинг пинҳоний қатламига сингдирди.
Хўш, Абдулла Қодирий-чи? Адиб ўз романини 1918— 1914 йилларда ёзишга киришган ва асарни бош қаҳрамоннинг "Олма-ота устидаги ўрус билан тўқунишма"да ҳалок бўлиши хабари билан тугатган. Демак, адибнинг 1918—1919 йилларда, Туркистон Мухторияти қонга ботирилиб, чор мустамлакачилари ўрнини большевиклар эгаллаб, энди улар ўз кучларини намойиш эта бошлаган пайтда "Ўтган кунлар'ни ёза бошлагани тасодифий эмас.
Хуллас, ҳар иккала роман муаллифларнинг муҳим замонавий муаммоларни ўртага ташлаш, замондошларни ва келажак авлодларни тарих сабоқларидан хулоса чиқаришга даъват этиш мақсадида тарихий материалга мурожаат этганларидан шаҳодат бериб турибди. Демак, тарих бу адиблар учун шунчаки мозийга, "ўтган кунлар"га назар ташлаш эмас, балки мозийга қайтиб иш кўриш, ўтмишдаги тарихни тажрибалар асосида халқнинг дунёқараши, фаолият даражаси, тафаккури ва интилишларига таъсир кўрсатишдир.
Шу нарсани ахборот тарзида айтиш лозим. 30-йилларнинг ўрталарида Ўзбекистон Фанлар қўмитаси қошидаги тил ва адабиёт институтига замонавий адабий жараён ва шу жараёнда иштирок этаётган "кекса" ёзувчилар ижодини марксча-ленинча таълимот нуқтаи назаридан ўрганиш
вазифаси топширилган. Шу топшириққа биноан Ойбек Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон Фитрат, Шайхзода эса Чўлпон ижодини ўрганганлар. Шайхзоданинг Чўлпон ижоди бўйича бирор рисола ёки мақола ёзганлиги тўғрисида маълумот йўқ. Ҳамид Олимжон "Фитратнинг адабий ижоди тўғрисида" деган каттагина адабий-танқидий очеркини 1936 йилда ўзбек ва рус тилларида эълон қилган. Ойбек эса "Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли" устида олиб борган кузатишларини монография тарзида шу йили нашр этди. Биз 1966 йили Ойбек "Мукаммал асарлар тўплами"ни нашрга тайёрлаш ишига киришганимизда, адиб бу тадқиқотидан рози эмаслигини, уни коммунистик мафкура таъсирида ёзганини айтган. Чиндан-да, мазкур рисоланинг руҳи ҳам, текшириш услуби-ю айрим хулосалари ҳам бугунги илмий тафаккур билан уйғунлашмайди. Бу фикрни айтишдан мурод шуки, Ойбекнинг "Қутлуғ қон" романини "марксча-ленинча таълимотдан узоқ" "буржуа адиби"нинг бевосита таъсири остида ёзиши, унинг адабий тажрибасидан самарали фойдаланиши маҳол эди. Бу, 1937 йил сиртмоғи ҳали бўйнидан олинмаган адиб учун ўта хатарли эди. Шунинг учун ҳам ҳар иккала роман ўртасидаги муштарак ва ўзаро ҳамоҳанг нуқталардан бир томонлама хулоса чиқариш ва Ойбекни тақлидчи даражасига тушириш мутлақо хатодир. Зеро, адабий муштараклик ўзаро яқин ёзувчилар ижодидагина эмас, балки бошқа-бошқа асрларда ва бошқа-бошқа миллий адабиётларга мансуб ёзувчиларнинг асарларида ҳам мавжуд бўлиши ҳеч кимга сир эмас.
Агар Ойбекнинг насрий ижодига назар ташласак, мароқли бир ҳолни кўрамиз:
"Навоий" романи улуғ шоирнинг Ҳиротга келиш хабари билан бошланади. "Олтин водийдан шабадалар" романи воқеалари Ўктамнинг Иккинчи жаҳон уруши жангоҳларидан қайтиб келиши билан бошланади. "Қутлуғ қон" ҳам шундай муқаддимага эга: асар бошланмаси Йўлчининг Тошкентга, тоғаси Мирзакаримбой хонадонига келиши билан боғлиқ.
Инсон, қисқа ё узоқ умр кўришидан қатъи назар, бу дунёга меҳмон бўлиб келади. Кимдир: "Дунёга келдиму бордим бозорга, Кафан олдим-у кетдим мозорга", деган экан. Шоирлар-у файласуфлар инсон умрининг ана шундай қисқалигини унинг юзига солиш билан кишиларни эзгуликка, са-воб ишларни қилишга чорламоқчи бўлганлар, улар устидан ҳукмронлик қилган шахслар олдида Адолат ва Ҳақиқат чироғини ёқишга интилганлар. Лекин кишилик жамият пайдо бўлибдики, кимдир камбағал, кимдир бой; кимдир эзилади, кимдир эзади. Табақаланиш оқибатида униси ҳам буниси ҳам, умид билан яшайди. Агар биринчиси ўз аҳволининг яхшиланишига умид боғласа, иккинчиси янада бойишдан умидвор.
"Қутлуғ қон"нинг қаҳрамони Йўлчини ҳам бой тоғаси хонадонига ана шундай умид етаклаб келади.
"Вакт пешиндан оққан эди. Июль ойининг қуёши ҳамма ёқни олов сели билан тўлдирган, ҳаво аллақандай оқ аланга билан жимгина ёнгандай...
Қаҳратон қишда яланг оёқ муз босиб, саратонда қизғин қум кечиб, иссиқда, совуқда обдон пишган бизнинг йигитни ҳам (катта масофани пиёда босгани учунми) кун хийла бетоқат қилган эди. У куйиб ётган билқ-билқ юмшоқ тупроқда салмоқли оёқларини илдам ва йирик-йирик босар, кўзлаган жойига тезроқ етишга ошиқиб, ўткинчилардан сўрар эди:
Тўпқайрағочга яқин қолдими?.."
Роман шундай сўзлар билан бошланади. Сўнг бундай ту-гайди:
"Қоқ ярим кечада Йўлчини тобутга солиб, ҳовлида уч киши — Шокир ота, Қоратой, Ўроз — жаноза ўқишди. Бошқа одам йўқлигидан ва кечаси маҳалладан йигитларни чақириш анча хавфли бўлганидан, Қоратой билан Ўроз ўз кучларига ишониб, тобутни кўтардилар...
Унсин қабр тупроғига гоҳ бошини, гоҳ кўксини қўйиб, ўлчовсиз, ниҳоясиз қайғу билан узоқ йиғлади. Юлдузлар хираланиб, жимгина сўнаркан, Шокир ота унинг қўлидан тутиб, куч билан судраб етаклади.
Улар жуда секин юришди. Йўлни ярмидан ўтганда, уфқларга қон каби тоза, қизил шуълалар югурди. Чиқаётган қуёшни саломлаб яшил дарахтларда қушлар сайрай бошлади... " (358-бет).
Йўлчи "вақт пешиндан оққан"да роман саҳифаларига кириб келган эди. Қоқ ярим кечада унинг дафн этилиши билан асар тугайди. Икки ярим — уч йил ичида рўй берган воқеалар пешин билан қоқ ярим кеча ўртасида кечгандек таассурот қолдиради, кишида.
"Ўтган кунлар" ҳам шундай қолипга эга. 1264 ҳижрий йили далв (22 январь — 22 февраль) ойининг ўн еттинчисида Отабек Марғилонга, мусофирлар учун бино этилган саройга келиб тушади.
А.Қодирий қуйидаги сўзлари билан асарга нуқта қўяди: "1277 йилнинг куз кезларида бўлса керак, Юсуфбек ҳожи Қаноатшодан бир хат олди. Қаноатшо Авлиёотадан ёзар эди: "Ўғлингиз Отабек яна бир киши билан бизнинг қўшинда эди. Олмаота устидаги ўрус билан тўқунушмамизда биринчи сафимизни шу икки йигит олди ва қаҳрамонона урушиб, шаҳид бўлди. Мен ўз қўлим билан иккисини дафн этдим... "
Юсуфбек ҳожи хатми қуръон қилиб, юртга ош берди. Ўзбек ойим қора кийиб, таъзия очди " (303-бет).
Агар биринчи асар икки ярим-уч йиллик вокеалар тасвирига бағишланган ва бу воқеалар Йўлчининг Тошкентга келиши билан ўлими ўртасида бўлиб ўтган бўлса, Отабек-нинг Марғилонга келиши билан ўлими ўртасида кечган тўққиз йиллик воқеалар иккинчи романнинг мундарижасини ташкил этади.
Ҳар иккала қахрамонни тенгдош, дейиш мумкин. Йўлчи, илк бор кўришганимизда 23, Отабек эса 24 ёшда бўлишган. Агар Йўлчи камбағал бўлса ва ночорлиги орқасида бой тоғасининг ҳузурига иш қидириб келган бўлса, Отабек халқнинг бадавлат қавмига мансуб ва у Марғилонга савдо ишлари билан боради. Агар Йўлчи Тошкентда Гулнорни кўрган ва уни севиб қолган бўлса, Отабек Марғилон гўзалига ошиқ бўлиб қолади. Агар Отабекнинг бахтли муҳаббатига Ҳомид тўғаноқ бўлган бўлса, Гулнорга Йўлчининг тоғаси, кекса Мирзакаримбойнинг ўзи уйланади. Агар Отабекнинг Кумуш билан қурган бахт кошонаси "ота-она орзуси" туфайли барбод бўлиб, кундош Зайнаб Кумушни заҳарлаб ўлдирган бўлса, Гулнор ота меросининг тақсимланиши хавфидан қўрққан Салимбойвачча томонидан заҳарлаб ўлдирилади. Агар ҳаётининг маъноси қолмаган Отабек ота уйини тарк этиб, Олмаота бўсағасидаги истилочилар билан урушда ша¬ҳид кетган бўлса, Йўлчи 1916 йил миллий озодлик ҳарака-тида иштирок этиб, ҳалок бўлади.
Шундай қилиб, ҳар иккала адиб воқеалар оқимини ривожлантира бориб, эркинлик ва мустақиллик учун, истилочиларга қарши кураш лавҳалари билан боғлайди. Тўғри, агар Зайнаб Отабекнинг бахтига заҳар сочмаганида, у савдо ишлари билан машғул бўлишда давом этган бўларди. Зеро, у XIX асрнинг 60 — 70 йилларида яшаган, ҳали фаол ҳаракатга кўникмаган авлоднинг вакили. У Йўлчига нисбатан ақлли, дунё воқеаларидан яхши хабардор, тадбиркор, халқнинг, хусусан бекларнинг тотувсизлиги орқасида содир бўлган вазиятдан изтироб чекувчи йигит. Агар у (Отабек) истилочилар билан курашда тирик колганида, XX аср бошларида етишиб чиққан жадидлар билан хам маслакдош бўлиши мумкин ЭАИ. Йўлчи эса Мирзакаримбой хонадонидаги адолатсизликни кўравериб, дунёқараши секин-аста ўзгариб боради. У халқ бойлар ва камбағаллардан иборат, улар ўртасидаги кураш эса узлуксиздир, деган хулосага келади. Йўлчига нисбатан ақл-заковат соҳиби бўлишига қарамай, Отабекнинг бундай қарорга келиши мумкин эмас. Йўлчи Гулнорни йўқотганлиги учунгина ўзини ўтга-чўққа урмайди. У янги давлатнинг, инқилобий даврнинг фарзанди. Зулм унда кураш руҳини, адолат, тенглик, ор-номус учун кураш хоҳишини уйғотган. Йўлчи, Отабекдан фарқли ўлароқ, алолатсизликка карши бош кўтарган халқнинг — XX аср бошларидаги халқнинг вакили ва фаол харакат кишисидир.
Йўлчи сингари кишилар оқил ва доно йўлбошчи раҳбарлигида иш олиб борганларилагина тарих ижодкорларига айланишлари мумкин. Акс ҳолла уларнинг Йўлчидек ё халок бўлиши, ё халқни эгри кўчаларга етаклаши хеч гап эмас. Йўлчининг ўлими маълум маънода 1916 йил қўзғолонига раҳбарлик қилувчи оқил бир кучнинг бўлмагани натижасидир.
Мутахассислар Абдулла Қодирийни Отабекнинг асосий прототипи, деб биладилар. Чиндан ҳам, адиб "Ўтган кун-лар"ни ёзишга киришган вақтда Отабек билан тенгдош бўлган ҳамда ўзининг айрим ижтимоий ва маънавий-маърифий қарашларини Отабек образи орқали акс эттирган. Аммо у, Отабекдан фарқди ўлароқ, 1917 йил воқеалари рўй берганда, шунингдек, Туркистон Мухторият ҳукумати барпо этилган ва тугатилган вақтда ҳаёт бўлган эса-да, уларнинг бирортасида иштирок этмаган. Отабек ҳам тирик қолганида, юқорида айтиб ўтганимиздек, асар муаллифи сингари, ижтимоий фаол кишилар қавмига мансуб бўлмаган бўлармиди? Ё Абдулла Қодирий ва Отабек сингари кишиларнинг ўзларини ўтга-чўққа урмасликлари, жамиятда кечаётган курашни четдан туриб кузатганлари ақл-заковат белгисимикан?!
Ҳар ҳолда шу нарса аниқки, Йўлчи тоифасидаги кишиларнинг халқ ҳаракатидан четда туриши маҳол. Улар бу курашда, худди йўқсиллар сингари, фақат ўз кишанларинигина йўқотишлари мумкин. Шунинг учун ҳам улар бу курашга жон-жаҳдлари билан киришадилар. Йўлчи худди шу нуқтада қашшоқлашган, бинобарин, ижтимоий зулм қамчисини ўз елкасида ҳар куни тотиб, зулмга ва зулм оламига қарши бош кўтариши мумкин бўлган халқнинг тимсоли даражасига кўтарилади. Шу маънода у Отабекка нисбатан халқнинг ич-ичидан чиққан ва ўзида халқ характерини ифодалаган қаҳрамондир.

Яна шу нарса борки, халқ ҳар доим ҳам жўшиб турган денгиздек бўлмайди. Жамият уни ўз исканжасига олиб, бу исканжа уни тобора эза бошлагандагина у азбаройи бўғилганидан фарёд чекиб, зулм ва адолатсизликка қарши бош кўтаради. Агар 1916 йили, Тошкентга "оқ подшо"нинг мар-дикорликка олиш ҳақидаги фармони етиб келмагани ва, бу фармонга кўра, бойларнинг фарзандлари ҳам мардикорликка юборилувчилар рўйхатига киритилганида халқ балки қўзғолон кўтармаган ва бу қўзғолон алангаси бутун Ўрта Осиё ва Қозоғистонни забт этмаган бўлармиди. Бинобарин, халқ тарихнинг муайян бурилиш нуқталаридагина, дарё сингари, ҳаракатга келади. Йўлчи ҳам муайян тарихий фурсатда нафақат Тошкент, балки бутун Ўрта Осиё ва Қозоғистон бўйлаб кўтарилган халқ руҳининг ифодачисига айланади. Шу маънода Йўлчи Отабекка нисбатан чуқур ижтимоий илдизга эга бўлган ҳодиса. У сиёсатлашган, тўғрироғи, елкасига иж-тимоий вазифа юкланган кишиларнинг тимсоли. "Ўтган кунлар"га нисбатан Ойбек романидаги тасвирда ижтимоий қатламнинг кенг ўрин эгаллаши, воқеалар ривожининг борган сайин ижтимоийлашиб, сиёсий руҳ касб этиб боришининг сабаби ҳам худди шундадир.
"Қутлуғ қон" романидек, "Ўтган кунлар" ҳам тарихий сюжетга асосланган.
"Тарихий сюжетига молик романлардан, — деб ёзган эди Ойбек "Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли" монографиясида, — тарихий ҳақиқатга бадиий образлар орқали эришув ва мозий картинасини аслига монанд бериш, асрларга кўмилган ҳаётни бадиий қайтадан яратиш, образларда жонли ҳаётни кўрсатиш талаб қилинади. Бадиий образларда қайтадан яратилажак даврнинг конкрет тарихий мазмунини бериш, ўтмиш давр фактлари, воқеаларнинг объектив маъносини кўрсатиш, умумлаштириш, даврнинг ижтимоий муносабатларини одамлар образи орқали кўрсатиш жуда муҳим ".
Ойбек "Ўтган кунлар"га ҳам, ўзи яратажак "Қутлуғ қон"га ҳам шундай талаблар асосида ёндошди. Айниқса, Абдулла Қодирий романини шундай бадиият талаблари асосида ўрганиб, ундаги ибратли ва нуқсонли ўринларга эътиборни қаратди. Шубҳасиз, биз "нуқсон" деганда тадқиқотчига синфийлик нуқтаи назаридан нохуш кўринган нуқталарни назарда тутамиз.
Ойбек давом этиб, ёзади: "Ўтган кунлар " романи тарихий сюжетга эга. Ҳақиқатдан, асарга жуда кўп тарихий материалларни кўпроқ киритиб, асарда тарихий турмушни эслаттиришга, тарихий манзарани таъмин қилишга муваффақ ҳам бўлади. Воқеаларни чиндан ҳам тарихий бир шароитда, тарихий картиналар доирасида инкишоф қилади. Воқеаларнинг давомида ёзувчи обстановкани (шароитни— Н.К.) шундай тасвирлайдики, чиндан ҳам бўёқлар турмушнинг тарихий хусусиятга эга эканини гавдалантиради. Лекин романда тарихий жараённинг моҳияти ҳамма вақт ҳам образлар, характерлар, уларнинг инкшофи орқали очилиб бормайди. Тарихийлик кўпинча фақат чиройли ёзилган бир хроника характерида берилади".
Ойбекнинг бу сўзларидан кейин тарихий сюжет тушун-часига ойдинлик киритиш жоиз.
Аввало шуни айтиш керакки, ҳар иккала асар ҳам тарихий роман жанрига мансуб. Бир пайтлар мутахассислар Ойбекнинг "Қутлуғ қон"ини 1916 йил воқеаларидан кейин атиги йигирма бир йил ўтгач ёзганини назарда тутиб, романнинг тарихий жанрга мансублиги масаласида баҳслашган эдилар. Ҳолбуки, бу тарихий воқеа ҳақида изма-из ёзилган тақдирда ҳам "Қутлуғ қон"ни тарихий роман деб аташ учун барча асослар бор эди. Бинобарин, ўтмиш ҳаётдан олинган асарнинг тарихий бўлиши шубҳасиз. Лекин барча тарихий асарларда ҳам тарихий сюжетнинг бўлиши шарт эмас.
"Ўтган кунлар"даги тарихий сюжет Ойбек хроника деб атаган воқеаларни ўз қамровига олади. Азизбек ва Мусул-монқул тарихий шахслар бўлибгина қолмай, уларнинг бири Тошкентни, иккинчиси эса умуман Қўқон хонлигини идора этган ва шу даврдаги тарихий шароитга таъсир кўрсатган шахслардир. Абдулла Қодирий XIX асрнинг иккинчи ярмида Азизбек ва Мусулмонқулнинг бедодлиги туфайли мураккаблашган халқ ҳаёти лавҳаларини ўз романига тарихий сюжет сифатида жалб этган. Отабек ва Кумуш ўртасидаги муҳаббат муносабатлари бу тарихий сюжетсиз ҳам яшаши ва тасвирланиши мумкин. Аммо адиб ўз олдига реалистик тарихий романни яратиш вазифасини қўйган. Китобхон, унинг бадиий ниятига кўра, Отабек ва Кумушнинг, улар оташин муҳаббатининг мавжуд бўлганига ишониши лозим эди. Шундагина биринчи ўзбек романи олдига қўйилган мақсадга эришилиши мумкин эди. Алалхусус, Абдулла Қодирий Отабек ва Кумуш яшаган даврнинг тарихий манзарасини ёрқин ифодалаш, улар ҳалокатининг ижтимоий илдизларини очиш истагида бояги тарихий сюжетни асар "тўқилма"сига (Ойбек ифодаси) киритган. Бу, биринчи навбатда, асар воқеалари тарихий фонининг аниқ бўлишини таъминлаган, иккинчидан, қаҳрамонлар ҳаёти ва муносабатининг турли реал синовлардан ўтиши, ҳалокат ёқасига келиб қолиши-ю худди шу нуқтада улар маънавий куч-қудратининг бутун гўзаллиги билан намоён бўлишига имкон яратган, учинчидан эса, асарнинг маърифий қимматини реал тарихий маълумот ва тафсилотлар билан оширган.
Бу тарихий сюжет "Ўтган кунлар"нинг бадиий қурилмасида ўқтин-ўқтин юзага чиқиб, момагулдирак сингари, тарихий давр пўртаналаридан дарак бериб туради.
"Қутлуғ қон" худди шу масалада Абдулла Қодирий асаридан фарқланади. Унда ёзувчи томонидан қаламга олин¬ган аксар воқеалар бадиий тўқима маҳсули ўлароқ тасвир этилиб ва ривожланиб боради. Бу воқеалар тарихий давр руҳи билан мутлақо уйғун. Ҳатто Йўлчи билан Гулнорнинг севги муносабатлари ҳам шу тарихий давр манзаралари фонида гоҳ сўниб, гоҳ ёниб боради. Йўлчи тарихий давр, ижтимоий муҳит томонидан гаровга олинган шахс сифатида ҳаракат этади. Романда муҳаббат мавзуининг "қизил ип" сингари ўтмагани, ишқий туйғу ва муносабатларнинг баланд, юлдузўпар чўққиларга кўтарилмагани боиси ҳам шунда. Аммо роман воқеалари изчилбир тусда ривожлана бориб, тарихий сюжет билан табиий равишда қўшилиб, ажралмас бир оқимга айланиб кетади. Бу тарихий сюжет эса 1916 йил мардикорликка олиш воқеалари муносабати билан Тошкентда гуруллаб ёнган қўзғолондир.
Ойбек болалик кезларида бу воқеаларни ўз кўзи билан кўрган. Гарчанд таржимаи ҳолида романни ёзиш учун материал йиғиб ўтирмадим, деган эса-да, адиб архивидаги ҳужжатлар, кутубхонасидаги 1916 йил қўзғолонига оид китоблар унинг асар ёзишдан аввал тарихий материални пухта ўрганиб чиққанидан гувоҳлик беради. У ана шу манбалар ёрдамида роман тўқилмасидаги тарихий сюжетни ҳаққоний акс эттиришга эришган.
Яна такрор бўлса-да, айтиш лозимки, Йўлчи ва бошқа қаҳрамонлар тарихий сюжетга узвий равишда келиб қўшилганлари ҳолда, тарихий сюжет "Ўтган кунлар" романида, Ойбек айтмоқчи, "чиройли ёзилган бир хроника" тарзида қолади. Гарчанд Ойбек бу ҳолга нуқсон сифатида қараган бўлса-да, тарихий сюжетдан қандай фойдаланиш Абдулла Қодирийнинг ижодий нияти ва ёзувчилик ҳуқуқи билан боғлиқ эканини унутмаслик лозим.
Аблулла Қодирий талкинилаги тарихий сюжет уч компонентдан иборат. Булар: халқ асарнинг бош каҳрамонлари ва тарихий шахслар. Улар ўзаро бирлашган холла тарихий сюжетни ташкил эталилар.
Халқ тарихий сюжетда етакчи ролни ўйнаши ҳам, ўйна-маслиги ҳам мумкин. "Ўтган кунлар"да у ҳолни ҳам, бу ҳолни ҳам кўрамиз.
Мана, XIX аср ўрталаридаги, ҳатто 1937 йилда ҳам томошабин бўлиб қолган халқ:
"Қарамоқғагина эмас, сўзлашга ҳам даҳшат: Камолон дарвозаси билан Самарқандғача бўлған кўрғон остлари (бу икки дарвоза оралари беш юз адим келадир) бошсиз ва иштондан бошқаси тунолган инсон гавдалари билан тўлибдир. Бу очиқ мозористонни қўрғон кунгиралари устида мудофаадан сўнг чарчаб, қуёшда жилмайиб ўлтурган саллалик, қалпоқлик ва попоқлик Тошканд мудофиълари минг турлик шодликлар ичида томоша қиладирлар. Бу икки дарвоза орасида икки хил ҳолат ҳукм сурадир — қўрғон остларида жаҳаннам даҳшати билан яланғоч, боши танидан олиниб, қора қонига беланган одам гавдалари ётиб, қўрғон устида иккинчи кишилар дунё шодлиғи ичида сузадилар " (81-бет).
Аслида, ўликлар ҳам, тириклар ҳам бир халққа мансуб. Уларнинг бири тошкентлик, иккинчиси Қўқон хонлигига қарашли кишилар. Агар вазият қўқонликлар фойдасига ҳал бўлганида, улар Қўқон устида туриб, ўз қурбонларининг бошсиз, яланғоч гавдалари устидан тантана қилган бўлар-дилар.
Азизбек тантана қилаётган халққа не-не жабр ва зулмлар келтирган. Лекин халқ Азизбек танг аҳволга тушиб, тилёғламалик қилганида, унинг сўзларига ишониб, Тошкентни қаҳрамонона ҳимоя қилади. Ва шу жараёнда ўз биродарларини, қондошларини ҳалок этаётганини ўйлаб ҳам кўрмайди. У, маълум маънода, пода. Азизбек сингари кишилар қаерга бошласа, ўша ерга боради, қаерни пайҳон этишни буюрса, ўша ерни вайрон қилади. Аслида, 1937—1938 йилларда бегуноҳ отилган, қамалган, жабрланган "халқ душманлари" устига лаънат тошларини ёғдирган халқ ҳам шу оломон, шу омий оммадир.
Романда Отабек билан халқ ўртасида яқин алоқа йўқ. Бу алоқани биз Юсуфбек ҳожи образи талқинида кўрамиз. У Марғилонга, Отабекка йўллаган машҳур хатида Азизбек томонидан алданган халқ тўғрисида бундай сўзларни ёзади:
"Кечагина қонлик қиличини фуқаро устида юргузиб тур-ган Азизбекка унинг тиғи зулми билан қора қониға беланган ўғлининг, отасининг, онасининг, оғасининг мазлум гавдаси тупроқ остида ҳали чириб битмай туриб, бу кун халқ яна Азизбекка, ўша қонхўрга ўз қони билан ямин этди (онт ичди - Н.К.)...
Азизбек:
"Раҳмат, фуқаро! Орқамда сизнингдек фуқаром турганда менга ҳеч бир қайғу йўқдир!" Халқ:
"Сиз омон бўлиб осойиш ўтирсангиз, қипчоққа йўл бермаймиз, тақсир! Қўрғон тузатишка фотиҳа берингиз, тақсир.
Азизбек фотиҳа берди. Халқ уруш ҳозирлиғиға киришди. Ана, ўғлим, бизнинг халқнинг ҳолига йиғлашни ҳам билмайсан, кулишни ҳам! Ҳар ҳолда Тошканд устида қонлик булутлар чиқди... " (39-40 бетлар).
Азизбекнинг бу сўзларини ўқир экансиз, халқнинг ўз ёстиғини қурутган Сталинга 1937-1938 йилларда қанчалик ишонч, ҳурмат ва муҳаббат билдиргани кўз олдингизга келади. Наҳотки, халқнинг кўзлари мустабид раҳбарнинг тобора кучайиб, қонсираб бораётганини кўрмаган бўлса, деб ҳайратга тушасиз.
Қўқон хонлиги устидан муваққат ғалабага Азизбек осонлик билан эришмади: хазина бўшаб қолди. Етмиш кунлик қамал пайтида деҳқончилиги, кундалик ташвишлари қолиб кетган халқнинг аҳволига маймун йиғлайдиган бўлди. Аммо шу халқнинг жасорати эвазига ғолиб чиққан Азизбек ўзига янги, кўркамроқ тож-тахтни орзу қилди, халққа ўттиз икки тангадан солиқ солди. Халқни хонавайрон қилувчи бу солиқни ундириш Юсуфбек ҳожининг гардонига юклатилди.
"Ўттиз икки тангадан солиқ йиғ, эмиш... Бир ҳафтадан кейинга қолмасин, эмиш... Гўё Юсуфбек ҳам ўзидек бир қонхўрга, бир эолимга айлансин, эмиш... Мен қонхўрлиқ учун худонинг фарз қилган ҳажини адо қилмадим; олдимда ўғлум бор, менда бошқаларнинг ўғлини даррага ётқизиш чоғида кўндаланг келтирган виждон бор, дин бор, диёнат бор "(109-бет).
Юсуфбек ҳожининг хаёлидан шундай фикрлар, кечинмалар ўтади. Ва бу кечинмалар оловидан бундай дуд кўтарилади:
"Бизнинг халқни ер ютсин. Азизбекнинг тулкилигига учди-да...
Адолатсизликнинг метин деворига иккинчи бор боши билан урилиб, кўзи очилган халқ Юсуфбек ҳожи даъвати билан Азизбекка қарши бош кўтариб, ўзидаги ички қудратни намойиш этади. Азизбек шармандаларча мағлуб бў-лади.
Ана шу тарихий сюжет тасвирида бир неча муҳим нуқталар бор. Шулардан бири қаҳрамонларнинг, хусусан Юсуфбек ҳожининг халққа бўлган муносабатидир.
Юсуфбек ҳожи халқнинг ижтимоий савиясини яхши билади. Унинг яхши яшаш, эркин нафас олиш, тинч ва осуда рўзғор тебратиш ва ўзидан авлод қолдиришга бўлган ҳуқуқини чуқур тушунади. Шу билан баравар унинг жамиятда рўи бераётган воқеалар олдида масъулиятли эканини ҳам унутмайди. Айни пайтда у кўзи очиқ бўлгани ҳолда золимни ҳам қўллаб-қувватлаган, унинг макрига учган халқдан ихлоси қайтиб, "Бизнинг халқни ер ютсин!" деб ич-ичидан ўсиб чиққан фиғонни яширмайди, яшира олмайди.
Масаланинг нозик томони шундаки, Юсуфбек ҳожи халқнинг ана шу эргашувчилик хислатини яхши билгани ва ўзи ҳам Азизбекка қарши курашда фойдалангани ҳолда унинг кўзини очиш, ички, руҳий куч-қудратини рўёбга чиқариш борасида ҳеч нарса қилмайди. Ҳолбуки, зиёлиларга, халқнинг пешқадам кишиларига лозим бўлган бу вазифани бажариш учун XX аср бошланиши ва жадидчилик ҳаракати юзага келиши шарт эмас эди. Бинобарин, Абдулла Қодирий, ўзи истамаган ҳолда, Юсуфбек ҳожи сингари кишиларнинг ижтимоий фаолсизлигини, нуқсонларини кўришимизга имконият туғдиради.
Хуллас, XIX аср ўрталаридаги баъзи бир нохуш, ҳаттоки фожиали воқеаларнинг юз беришида, Юсуфбек ҳожининг фикрича, халқнинг ҳам айби бор.
Юсуфбек ҳожи - Отабекка нисбатан бошқа, ёши улуғ авлоднинг вакили. У Шамайгача бориб, яхши-ёмонни кўрган, дунё тўғрисидаги тасаввурлари тўлароқ ва тўғрироқ бўлган Отабекдан, албатта, фарқ қилади. Абдулла Қодирий ўзбек халқи тарихининг айрим муҳим масалаларига оид фикрларини Отабек орқали айтади ёхуд унинг бундай қарашларини айнан келтиради.
Энди Отабекнинг асар бошида, марғилонлик илк танишлари билан бўлиб ўтган суҳбатига эътибор берайлик:
"- Шамайга бормасимдан илгари ўз ҳукумдорлигимизни кўриб, бошқалар ҳам шундайдир, деб ўйлар эдим, - деди Отабек, — лекин Шамай манинг фикримни ост-уст қилиб, ўзимни ҳам бутунлай бошқа киши ясади. Мен ўриснинг идора ишларини кўриб, ўз идорамизнинг худди бир ўйинчоқ бўлганлиғини икрор этишга мажбур бўлдим...
Бизнинг идорамиз бу кунги тартибсизлиги билан кетаберса, ҳолимизнинг нима бўлишига ақлим етмай қолди... "(16 бет).
Шу руҳдаги сўзлардан кейин бундай хулосавий фикр ўртага ташланади:
Манимча, ўриснинг биздан юқоридалиги унинг иттифоқидан бўлса керак, — деди Отабек, — аммо бизнинг кундан-кунга орқага кетишимизга ўзаро низоъимиз сабаб бўлмоқда... Орамизда бу қўрқунч ҳолатқа баҳаққи тушунадиган яхши одамлар йўқ, билъакс, бузғучи ва низоъчи унсурлар томир ёйиб, ҳар замон содда халқни ҳалокат чуқурига қараб тортадилар... " (17-бет).
Абдулла Қодирий бу ерда тасвир этилаётган жамият анатомиясини Отабекнинг тили билан очиб беришга уринган. Отабек эса, биринчидан, истилочи кучи унинг аҳиллигида, иттифоклигида эканлигини таъкидлаган бўлса, иккинчидан, мустамлакага айланиш арафасида турган юртда шу иттифоқликнинг йўқлиги, аксинча, ўзаро низолар бизнинг кундан-кунга орқага кетишимизга сабаб бўлаётганлигини айтади. Адиб ижодининг мухлисларидан бири — Тоҳир Малик ушбу нашрга ёзган сўнг сўзида мазкур масала ҳақида мулоҳаза юритиб, бундай якунга келади:
"Юртнинг қора кийишига сабаб нима? Худоёрхоннинг ҳарбий жиҳатдан қолоқлигими? Йўқ! Халқ орасида тотувлик йўқлиги асосий сабаб бўлди. Ёзувчи тарихни тўғри англаб, тўғри таҳлил қилиб, ўз хулосаларини дам очиқ тарзда, дам рамзлар орқали ифода қилганлар ".
Халқнинг савияси боягидек бўлгани ҳолда ҳамма айбни унда тотувликнинг бўлмаганига қўйиш соддаликдир. Амир Темур асос солган қудратли давлатнинг асрдан-асрга дарз кетиб, кучсизланишига сабаб шаҳзодалар ўртасида парчаланиб, турли хонлик ва амирликларга айланиши ва ички низоларнинг авж олишигина эмас, балки, энг аввало, давлат тузумининг, механизмининг асрлар мобайнида ислоҳ этилмай, чириган унсурлари янгиланмай, занг босиб қолишидир. Эҳтимол, Отабек "ўриснинг идора ишлари" борасида сўзлаганида шу фикрни ҳам айтмоқчи бўлгандир.
Ҳар ҳолда Аблулла Қодирийнинг тарихий сюжетни тасвирлашда турли усуллардан фойлалангани сезилиб туради.
Энди яна Камолон ва Самарқанд дарвозалари яқинидаги даҳшатли манзарага қайтайлик.
"Уч-тўрт юз инсон бошидан турғузилган бир тепа.
Қаричга келадирган узун соқоллар, бошдағи хун олуд (қон-га беланган — Н.К.) сийрак сочлари бўзарган юзлар, қонға беланиб, ярим оч ҳолда қорачиқ ўрнини қўрқунч бир оқлиқ босқан кўзлар дунёга ва ҳаётга лаънат уқуғандек қарайдир-лар. Айниқса, бир бош, эҳтимолки, ҳали йигирма йилни ҳам ўтмагандир, мурти ҳам чикмаган. Хун олуб қуюқ қошлар ортидағи ярим очиқкўзлари кимнидир излагандек қарайдир... Ярим очин иринлари (лаблари — Н.К.) ичидаги оқ тишлари билан тилини ғарчча тишлаган-да, гўё шу турмушда, шу бесар халқ ичида туғилгани учун "аттанг" ўқуйдир" (66-67-бетлар).
Адиб шу ваҳшиёна манзарага на Юсуфбек ҳожи, на бошқа бир қаҳрамоннинг нигоҳи билан қараган. Йўқ, унинг ўзи худди шу воқеаларнинг бевосита шоҳиди бўлгандек, уч-тўрт юз инсон бошидан ҳосил бўлган тепага кўзларини катта очиб қарайди. Уларнинг айримлари ҳолатида қотиб қолган фикрни ўқийди. Уларнинг тирикларга қараганда фожиа моҳиятини яхшироқ кўрган, бинобарин, бесар халқ, яъни ақл-ҳушидан маҳрум бўлган, манқурт одамлар эмаслигига умид қилади. Абдулла Қолирий ана шу тарихий манзара тасвирида буюк гуманист ёзувчи сифатида кад кўтаради.
Шундай қилиб, тарихий сюжет ва тарихий манзара гарчанд асар қаҳрамонлари характери орқали инкишоф этилмаса-да, ёзувчига ўтган кунлар ҳақиқатини рўй-рост кўрсатиш имконини берган, деб айтишимиз мумкин.
Тарихий сюжетнинг бадиий мужассамланиши турли омиллар иштирокида кечади. Ана шу омиллар, ўз навбатида, тарихий манзарани вужудга келтиради.
"Қутлуғ қон " романидаги тарихий сюжет 1916 йил Тошкент қўзғолони тасвиридан иборат. Қўзғолон воқеалари эса асарнинг сўнгги, ўн саккизинчи бобининг иккинчи ва учинчи фаслларини ташкил этган, холос. Лекин асарнинг дастлаб¬ки барча бобларида тасвирланган воқелик шу сўнгги воқеани — икки ёқлама зулмга қарши кўтарилган миллий озодлик ҳаракатини яратувчи заминдир. Ана шу заминда содир бўлган асосий воқеалар романдаги тарихий манзарани нурлантириб туради.
Бу воқеалар нималардан иборат? Биринчидан, мустамлакачилик шароитида яшаётган оддий халқ икки ёқлама зулм натижасида, Биринчи жаҳон уруши олиб келган иқтисодий ва ижтимоий муаммолар таъсирида янада қашшоқлашади, айрим кишилар, масалан, Йўлчи ер-сувидан маҳрум бўлиб, шаҳарга келиб, бойлар қўлида чорикорлик қилишга мажбур бўлади. Ушбу вазиятдан фойдаланган маҳаллий бойлар эса бева-бечораларнинг ер-сувларини арзон баҳога сотиб олиб, бойлик орттирадилар. Тарихий шароит халкни ана шу тарзда икки сохилга ажратиб юборади. Ойбек ўз асарида ана шу жараённи Йўлчи ва унинг дўстлари тақдири орқали ёрқин кўрсатиб берган.
Тарихий манзаранинг иккинчи томони шундаки, кундан-кунга кучайиб бораётган табақаланиш ортида қудратли бир куч — мустамлакачилар ва улар идора этаётган давлат машинаси туради. Улар маҳаллий бойлар ёрдамида мустамлака ўлкани бошқараётганлари учун зулм қамчиси камбағал халқнинг елкасида синади, ҳақиқат тарозуси ҳам маҳаллий бойлар тарафига оғади. Бу ҳол уларнинг адолат байроғини истаганча оёқости қилишларига имкон беради. Ўлкадаги ана шу вазият мустамлакачиларга ҳам, маҳаллий бойларга ҳам қулай ва мақбул. Шунинг учун улар халқни зулмат қўйнида ушлаб туришга, янги давр ғояларининг ўлкага кириб келмаслигига ҳаракат қиладилар. Асардаги воқеалар занжирида даврнинг шу ҳақиқати очилиб боради ва ҳаёт ҳақиқатининг шундай нурланиши жараёнида қаҳрамонлар инкишофи юзага келади.
Мустамлакачилик тузуми ўз қоидаларига эга. Бу тузум забт этилган ўлкадан барча бойликларни, шу жумладан, маданий бойликлар ва осори атиқаларни ҳам олиб кетади ва булар эвазига фоҳишабозликни, ичкиликбозликни олиб киради. Тантибойвачча билан Салимбойваччанинг Гулнорни олиб қочиб яширишдан мақсадлари ҳам шу бечора қиз билан айш-ишрат қилиш. Бойлар меҳнатсиз топган пулларини ресторанлардаги ойимқизлар устидан сочадилар.
Дарвоқе, асардаги айрим қаҳрамонлар ва, умуман, мустамлакачилик тузуми моҳияти ресторанлардаги суҳбатлар пайтида очилади.
Абдушукур Жамолбой ва Салимбойвачча билан ресторанда маишат қилиб ўтирар эканлар, ўқиган бой билан ўқимаган бой ўртасидаги фарқ мавзу боиси бўлиб қолади:
Бу чизи тўғри гап. Ўзимдан қиёс қиламан. Ишим ёмон эмас-ку, лекин йўл-йўриқни билмайман. Закунга тушунмайман. Ўрис орасида юриб, беш-ўнта сўз ўрганиб олганман, шуни ишга солавераман. Энди болаларимни ўқитмоқчиман-у, аммо дини сусайиб кетмасмикан, деб қўрқаман. Тунов кун бир абразаван ўрис билан учрашганимда, энди бизнинг "сартия " болалари ҳам школда оз-моз ўқияпти, десам, у хафа бўлди... "Сарт чистий халқ, школда сартнинг дини бузилади, сенларнинг эски школларинг яхши ", деди. Кофир бўлса ҳам инсофли экан, деб ўйладим" (91-бет).
Маҳаллий халқ фарзандларининг ҳатто рус-тузем мактабларида ўқишини хоҳламаган рус Жамолбойга ҳам ўқимишли (образованный), ҳам инсофли бўлиб кўринади. Худди шу маданиятли рус кишисига ўхшаш бошқа бир кўзойнакли, кийимига зеб берган кимса ресторанда шеригини бундай "кашфиёти"дан воқиф қилади:
Сартлар ирқ жиҳатдан, албатта, паст, — тарелкадаги гўштни пичоқ билан кеса туриб гапирди чиновник, — улар маданиятга мутлақо қобилиятли эмас. Яқинда бир профессор илмий жамиятда бу даъвони жуда яхши исбот қилди. Биласизми, мен бу иссиқ мамлакатда йигирма йилдан бери яшайман. Сартларнинг психологиясини яхши ўргандим. Улар ирқан паст. Лекин шунга қарамай, баъзи хусусиятларни кўрсатадиларки, буни фан ҳали ойдинлата олмайди. Менинг мушоҳадамга қараганда, уларда, масалан, бадиий сезги анча ўсган. Улар гулни севадилар. Кийимлари чиркин бўлса ҳам қулоқларига гул қистириб юрадилар... Лекин уларнинг ҳаммаси қўрқоқ, ҳаммаси айёр... " (97-бет).
Рус амалдори бу сўзларни айтмасидан аввал маст Салимбойваччанинг саховати тутиб, кўчада совуқ қотган Йўлчини ресторанга таклиф этади. Йўлчининг атрофини бир зумда Анна билан Мария ўраб олиб, уни шароб ичишга мажбур қилмоқчи бўладилар. Шу пайт...
"Йўлчининг орқасидан кимдир туртди. Йигит ялт этиб қаради: баланд бўйли, йўғон, серсоқол, текис сочлари мой суркалгандай йилтираган кекса рус унинг орқасида турарди. У "эшикка чиқ! "деган маънони қўл билан ишорат қилди. Йўлчининг бошидан олов қуйгандек туюлди... " (96—97-бетлар).
Бу сўнгги лавҳани ўқир эканмиз, биринчи ўзбек кинорежиссёри Сулаймон Хўжаевнинг 1916 йил Жиззах қўзғолонига бағишланган "Тонг олдида" фильмидан омон қолган кадрлар кўз олдимиздан ўтади. Бу кадрларда Тошкент куранти ёнидаги томошабоғ тасвирланган бўлиб, унинг дарвозаси олдидаги лавҳага катта ҳарфлар билан "Сартам и собакам вход воспрещается" деган сўзлар ёзилган эди.
Ана шу тарзда Мирзакаримбойлар Йўлчиларнинг тумордек ерини қарз ҳисобига тортиб олиб, у севган қизга ўзлари эга чиқадилар. Ўлкага янги маданиятни олиб келган мустамлакачилар эса Йўлчиларни улар юртидаги истироҳат боғларига ҳам йўлатмай, ресторанлардан қувиб чиқармоқчи бўладилар. Бу, икки томонлама зулмнинг ёрқин тимсолидир.
"Қутлуғ қон" романидаги ана шу тарихий манзара тарихий сюжет билан узвий бадиий муносабатга киришиб, тасвир этилган давр ҳақиқатини хаққоний гавлалантириб берган.
Ҳар иккала асардаги тарихий сюжет ўзбек халқи ҳаётининг турли, аммо бир-бирларига тарихан яқин давридан олинган. Бу ҳар иккала давр — XIX асрнинг 60-йиллари ва XX асрнинг 10-йилларида рўй берган халқ такдири билан боғлиқ воқеалар ўзбек адабиётининг бошқа намуналарида ҳам ўз тасвирини топган. Аммо бу асарларда даврнинг тарихий манзараларига оид айрим лавҳалар тўғри акс эттирилгани ҳолда тарихий сюжет, Абдулла Қодирий ва Ойбек асарларида бўлганидек, катта фуқаролик жасорати ва ёзув-чилик маҳорати билан бадиий ифодасини топмаган.

Наим Каримов