Facebook
Шекспир машъали PDF Босма E-mail

Драматургия санъатида ҳанузгача
Шекспир билан ҳеч ким тенглаша    олгани йўқ. Унинг номи ёнига фақат
унинг ўз  номинигина ёзиш мумкин...
В.Г.Белинский

I

Инсоният тарихи – алоҳида шахс ёки  маълум бир миллат хоҳиш-иродаси билан ҳисоблашмайдиган бир тарих. Ўткинчи нарсалар, тасодифий ҳодисаларни четга суриб-супуриб ташлаш – бу тарихнинг адолати эрур. Инсонийлик шон-шарафига дахлдор ҳар бир мақсад ва ҳақиқат унда сараланиб боради. Абадият талаби, боқийлик мезонларига мувофиқ келмайдиган ҳеч бир интилиш, ҳеч қандай зафар бу тарихдан ўрин тополмайди. Тарихий қисматнинг дахлсизлиги, ибратли бир томони ҳам мана шунда. Буни англаш ва баҳолашда тарих билан адабиёт орасида жиддий фарқланиш йўқ. Лекин тарихга қараганда адабиётнинг имконият ва имтиёзи кенгроқ. Чинакам адабиёт борлиқ ва йўқлик ўртасидаги бир мавжудлик. Адабиёт фанони –бақода, бақони – фанода кўрсата олса, ёмонликдан бутунлай йироқ  эзгулик, тубанликдан айри юксаклик бўлмаслигига инонтира билса, у – кўнгил меҳнати, сўз санъатидир. Чунки яхшиликни қадрлаш учун – ёмонлик, ёмонликка қарши курашиш учун яхшиликнинг мавжудлиги шартдир. Акс ҳолда ҳаракат сусайиб, завқ барҳам топади. Завқ эса фарқланишдан туғилади. Фарқ йўқолса, унда йўқлик олами бошланади. Шунинг учун буюк ижодкорлар дунёнинг оқу қораси ва беомон зиддиятларига нисбатан бошқача қарашади. Санъат маслаги, энг аввало, илоҳий,  ана ундан сўнг ҳаётий, инсоний, миллий ва замонавий маслак эрур. Даҳо ижодкорларни шу маънода пайғамбарларнинг содиқ издошлари, яъни нубувват йўлининг толмас давомчилари деса, янглиш бўлмайди. Виждон карвонига шулар сарбонлик қилишган. Башарият ҳаётидаги энг буюк ғалаба – руҳ ва тафаккур ғалабаси эканига одамларни шулар инонтириб келишган.
Вильям Шекспир ҳам “черик чекмай” дунёни забт этган адабиёт қироли эди. Жаҳонда қанча халқ ва элат яшаса, Шекспир айтарли ҳаммасининг меҳр-муҳаббатини қозонган. Дунёдаги бирор-бир миллий тил бўлмаса керакки, Шекспир қаҳрамонлари унда гапирмаган бўлса. Қирол Лир ё Ҳамлет, Отелло ёки Клеопатрасиз қайси юрт театр саҳналарини тасаввур этиш мумкин? Шекспир даҳоси – бу энг олий маданият тарозуси демак. Ўзининг батакрор гўзаллик оламида дунё санъати, маданияти ва маънавиятини бирлаштириб – марказлаштиришга эришганлардан бири ҳам буюк Шекспир эди.
Вильям Шекспир 1564 йили Англиянинг Эйвон дарёси соҳилида жойлашган Стратфорд шаҳрида туғилган. Ўзига тўқ, серфарзанд бир оиланинг у учинчи боласи эди. Отаси Жон Шекспир Стратфорд ҳокими вазифасида ҳам ишлаган. Вильям оилада яхши тарбияланган, мактабда муҳаббат билан ўқиган. Ўн саккиз ёшида Анна Ҳазавей исмли қизга уйланган. Ундан бир қиз, бир ўғил кўрган. Қизнинг исми Сюзанна, ўғлиники Ҳамлет бўлиб, ўн бир ёшида вафот этган. Шекспир йигирма уч ёшида Лондонга кўчиб кетади. У ерда театр жамоасига яқинлашади. Жеймс Бербеж раҳбарлигидаги труппада фаолият кўрсатиб, кейин “Глобус” театрида ишлайди.
Тасаввур этайликки, тарих бир эврилсаю, тўрт юз йил муқаддам Англияда, хусусан, драматургнинг она диёри Страфортда яшаган халойиқ йигирманчи аср одамларининг Шекспирга эҳтиромини кўрса, жаҳон аҳлининг Шекспир даҳоси ҳақидаги фикр-мулоҳазасини эшитса – нима бўлурди? “Боқиб бу савдо”га, албатта, улар ҳайрону лол қотишарди. Ёзган асарлари нари турсин, Вильям Шекспир деган хоксор, заҳматкаш ва ўртаҳол бир драматург, шоир борлигини ҳам билмаган кимсалар (ҳатто қирол саройи ходимларидан бири унинг фамилияси қандай ёзилишини билмай – Шахбирт деб ёзган экан), юртдошларининг жаҳонга донг таратиш сабабларини қаёндан тушунишсин?
XVIII аср охирида Шекспир драмаларига муҳаррирлик қилган Жорж Стивенс ёзади: “Бизнинг Шекспир ҳақидаги бор-йўқ билганларимиз шу: у Стратфортда туғилган, уйланган, фарзанд кўрган. Лондонга борган, марказда актёрликни эгаллаган. Пьесалар ва шеърлар ёзган. Стретфортга қайтган. Васиятнома қолдирган ва ўлган”.  

Шарқдаги айрим сўфий ва мутасаввифлар шон-шуҳратдан қочиб, ёзган асарларига исми шарифларини ёзишмаган. Шекспир эса китоб нашри билан қизиқмаган. Сонетларидан бўлак ҳеч нима яратмаганида ҳам, у дунёнинг улуғ шоирлари даврасидан ўрин эгалларди. Аммо сонетларни ҳам тириклигида чоп эттирмаган. Умуман, Шекспир шов-шувсиз, кўпчилик назаридан четроқда сокин яшаш, ижодий ишга кўпроқ вақт ажратишни мақбул билган. Унинг шахсиятига доир маълумотлар шунинг учун ҳам оздир. Драмаларининг бошқа муаллифларга нисбат берилиши – Шекспирнинг ҳаддан зиёд камсуқум ва камтаринлиги бунда ҳам “ҳисса” қўшган бўлиши эҳтимолдан холимас.
Ижодининг илк босқичларида Шекспир шеър, достон, комедия, хроникалар битган. Замон, макон, жамият, давлат ва инсон муносабатларини тадрижан, яъни тарихий йўлда бадиий тадқиқ қилишга у енгилмас эҳтиёж сезган. Натижада “Ричард III”, “Ричард II”, “Қирол Иоан”, “Генрих IV”, Генрих V” каби қатор драмаларини яратган. Шунингдек, “Ёз кечасидаги туш”, “Венеция савдогари”, “Бунисига нима дейсиз?” деб номланган ва кўнгилга шодлик, қувноқлик бағишловчи комедиялар ёзган.
Шекспир ҳаёт ва турмуш қувончларидан қайғуга қараб юрган, одам тақдири, руҳиятидаги зиддиятларни бутун кескинлиги, шафқатсизлиги ила ёритишга киришган ижодкор эди. “Ромео ва Жульетта”, “Юлий Цезарь”да бу тамойил дастлабки ифодасини топгандир. 1601-1608 йиллар оралиғида яратилган “Ҳамлет”, “Отелло”, “Қирол Лир”, “Макбет”, “Антоний ва Клеопатра” трагедиялари дунё драматургиясининг мўъжизаси эди.
Шекспир унча узоқ умр кўрмаган – эллик уч йил яшаган, холос. Ҳаётининг йигирма йилдан зиёдроғини ижодий меҳнат билан ўтказиб, ниҳоят “Қиш эртаги”, “Цимбелин”, “Бўрон” деган асарлар ҳам ёзиб қолдирган.
Адабиёт, аслини олганда, нафсдан кўнгулга, кўнгулдан руҳга, руҳдан сирга, ундан маъно ва моҳиятга юксалиш демак. Бу “мақом”ларнинг ҳар бирида талантли ёзувчи инсон шахсиятини янгича кўриб, янги-янги ўзгаришларда мушоҳада этади. Шекспир шуларнинг барига эришган. Ҳис-туйғу “ойна”сида одамнинг асл қиёфасини кўрсатиш, нафс ва қисмат талошларини ҳол тилида акс эттириш Шекспир драматургиясининг энг жозибали хусусиятларидандир. Унинг баъзи қаҳрамонларидаги эҳтирос туғёни – табиат тўфони, борлиқ бўронларидан қолишмайди...
Мавлоно Жалолиддин Румий бир шеърида ёзади:
Ту шаҳвати хешро лақаб ишқ ниҳй,
Аз шаҳват то ишқ раҳи бисёр аст.
Мазмуни: Эй инсон, сен ўз вужудий орзу, нафсоний ҳавойу ҳавасларингга ишқ деб ном бермагил. Шаҳватдан то ишққача бўлган йўл жуда  йироқдир. Инсоннинг оғир хато ва адашувлари ҳирс ё эҳтиросни муҳаббатдан ажрата олмаганлиги туфайли келиб чиққан. “Антоний ва Клеопатра” қаҳрамонларидан бири, Марк Антонийга “Агар тақдир сени Миср маликасига учраштирмаганда, дунё мўъжизаларидан бирини кўролмасдинг”, дейди. Ҳақ гап. Жисмоний куч-қудрати ярим дунёни ларзага солишга қодир Антоний эса шаҳват қули эди. Клеопатра ўзини илонга чақтириб ўлади. Чунки ўша илон – аёллик иқболини назарга илмаган ҳукмронлик ғурури, сиёсат ҳирси маликанинг ичида эди. Антонийни йўқотгач, у буни англаб етади:
Йўқ, мен подшо эмасман, бир хотинман, холос.
Ва мени ҳам олақуроқ ҳислар, сезгилар
Урғочи бир махлуқ каби измига солар...
О, қанийди, шу шоҳона тожу асони
Тангриларнинг тумшуғига қараб ирғитсам...
Шуни олдин ўйлаб, аввалроқ малика шундай қарорга келганда олам гулистон бўлурди. Клеопатра унда Миср маликаси эмас, ўзга бир аёлга айланарди...
Бу дунёнинг феъл-атвори ғалати. Негаки найранг ва тушуниксиз ишлари ҳам кўп. Мардни гоҳо номардга муҳтож айласа, гоҳо оқил ё одилни жоҳил дастига топширади. Башар манфаатини ифодалайдиган маданий-маънавий кашфиётларни  ҳам баъзан бир пулга арзитмаслиги мумкин. Бу гапни тасдиқлайдиган далил беҳисоб. Хўш, дунё қанақа борлиқ ўзи? Одам иштирокисиз унинг яхши-ёмонлиги, қайғу-қувончи, шафқат ва бешафқатлигини назарга келтириб бўладими? Инсон бошига ёғилган кулфат ва мусибатлар учун “даҳри дун”ни қоралаш Шарқ шеъриятида бир “мода” даражасига олиб чиқилган. Бундай танқидни тўла қабул айлаш тўғри эмас. Қийнаса инсонни – инсон қийнайди, эзса – инсон эзади, бир-бировини азоб-уқубатларга гирифтор қилиш ҳам одамнинг ёзуғи. Бас, шундоқ экан, нимага ҳа деб дунёни сўкиш, қоралаш керак? Айбни ҳам, айбдорни ҳам ўз номи билан айтса бўлмайдими? Бўлади. Таҳлика ва қўрқувни ким енгади? Қаҳр. Жазо. Қийноқ. Ким буларни елкалашни истайди? “Баттол” дунё эса ҳеч кимсанинг ёқасига ёпишмаган, ёпишмайди ҳам, ҳеч бировни зиндонга тиқиб, дорга осмаган, осмайди ҳам. Шекспирнинг тарихий хизматларидан бири шундаки, адабиётни у умумий норозилик, предметсиз, яъни мавҳум айблашлардан қутқазиш учун жон куйдирган. Унинг асарларида айбга – айбдор, гуноҳга – гуноҳкор масъул. Ёмонлик учун ҳам, эзгулик учун ҳам жавобгар инсоннинг ўзидир.

II
Шекспирдан мерос ўттиз етти драмадан ўттиз тўртининг сюжети ва мазмуни ҳар турдаги бошқа асар ё манбалардан олиниб, “Қирол Лир” трагедиясига Холиншед “хроникалари”га кўпроқ таянилганлиги илмда айтилган.
Бундоқ қаралганда, ушбу трагедиянинг бошланишида фожиа ё бир кулфат нафаси сезилмайди. Қартайган қирол елкасидан “давлат юкини” “ёш, навқирон елкаларга” оширмоқ учун мол-мулкини уч қизига бўлиб беради. Сарой аҳли йиғинида у ёлғиз бир нарсани билмоқ истайди:
Хулласки, қизларим, айтинг, бугун сизни деб
Давлат билан салтанатдан кечар эканмиз,
Ким ортиқроқ ардоқлайди, севади бизни?
Сизда қанча баланд бўлса меҳру оқибат
Бизда шунча юксак бўлур ҳиммат, саховат...
Гапни тўнғич қиз Гонерилья бошлаб, булбули гўёдай сайрашга тушади:
Отажоним, меҳрим нечук баён айлайин?
Ардоқлсиз кўзим нури, эрку нафасдан.
Қимматлисиз жаҳоннинг бор бойликларидан,
Ҳаёт, номус, саломатлик, ҳусну ҳавасдан...
Бу чечанлик замирида манфаат ва риё яширинганини Лир жаноблари фаҳмлолмайди. Қизга катта мулк инъом этади. Ўртанчи қиз – Регана эса  сўзни мухтасар қилади:
Опам билан бирдек бизнинг табиатимиз,
Қийматимиз айни. Менинг айтар сўзимни
Опам айтиб бўлди, айтди муҳаббатимни...
Регана ҳам опасиникидан кам бўлмаган ҳиссага эришади. Навбат кичик қиз Карделияники. У жим. Отасининг “Сен нима дейсан, қизалоғим?” деган саволига “Ҳеч нарса, шоҳим”, дея жавоб беради. Хушомад, сунъий лутфу назокатларга ўрганиб, кўникиб кетган қирол бу “совуққонлик”ни қабул қилолмайди. Тийнати топ-тоза фарзандини, хуллас, ҳе йўқ, бе йўқ оқ қилади.
Бийрон тиллар бирданига танглайга ёпишади-қолади. Ҳамма сукутга чўмади. Лекин Кент деган бир зотнинг овозидан жимлик бузилади. Кент – саройдаги яккаю ягона бамаъни, ҳақгўй мулозим. Фожиани олдиндан пайқайди. Қиролни у инсофга чақиради:
Ўзингни бос, ғазабингни жиловла, шоҳим,
Тожу тахтинг берма. Бошим гаров қўяман,
Кенжа қизинг муҳаббати сенга зиёда,
Камсуқумлик – каммеҳрлик дегани эмас...
Аллақачон тўғри сўзга тоқати қолмаган шоҳ Кентни ҳам юртдан бадарға қилади:
Мукофотим, сенга беш кун муҳлат бераман,
Тайёргарлик кўриб, олис сафарга отлан...
Шундай қилиб, Англия қиролига бирин-бирин қора кунлар юзлаша бошлайди. Мамлакатдаги умумий аҳвол ва аянч вазиятга саройдаги нуфузли амалдор, катта ўйинчи Глостер таъриф бериб дейди: “...Муҳаббат сўниб, дўстлик соврилиб, оға-инилар бир-бирлари билан қир-пичоқ бўлишади. Шаҳарда исён, қишлоқларда ғалаён, саройларда хиёнат авж олиб, ўғиллар, оталардан юз ўгиради... Қирол билан боғлиқ можарони олиб қаранг – ота қизига мухолиф. Қаҳру-ғазаб, сотқинлик, ҳалокатли ур-сурлар энди қабргача бизга ҳамроҳ бўлади...”.
Шаҳаншоҳ булардан бехабар – ғафлатда. Фақат унга мақбул, қаҳр-ғазаб қўзғамайдиган воқеа-ҳодисалардан хабар берилади. Кўпчилик бир-бирини алдаб-аврайди, айни пайтда сарой маъмурлари бирлашиб битта одамни – Қиролни алдашади. Юқоридаги гапларнинг бир учини Глостер Лирга етказиши мумкин. Йўқ, у миқ этмайди. Ҳамтовоқлари қатори подшоҳнинг тизгинсиз қаҳр-ғазабидан  қўрқади.
Ҳокимият борки, менда қудрат, иқтидор,
Оғизларни муҳрлашга етади қурбим...
Лирнинг бош ақидаси, асосий амали шу. Салтанатни у доимо худди шу тарзда бошқарган. Ва сўнгги нафасгача қудрат, иқтидор менда қолади, деб ўйлаган. Уни, аввало, қиз ва куёвлар довдиратади. Ёлғон ҳурмат-эҳтиром деворлари шунда қулаб, меҳру оқибат “парда”лари чок-чокидан сўкилиб, -  йиртилиб кетади. Алданиш Қирол Лирнинг гирибонига ёпишади. Тожу тахт, шону шуҳрат, иззату икромга ноил айлаган қисмат – қанча баланд кўтарган бўлса, уни ўшанча ерга уради. Қанча сийлаган бўлса, ундан-да ортиқ таҳқирлайди.
Мамлакатни оғзига қаратган, халқу халойиқни сўзсиз-садосиз бўйин эгишга мажбурлаб келган ҳокими мутлақ тахтидан четлашгач, масхарабози таъбири билан айтганда, “рақамсиз нул”га менгзаб қолади. Ҳийла ва хиёнат кекса қиролни кулфат ўпқонига ирғитади. Шундай жазога у лойиқ эди. Давлат тепасида экан, икки оёқли шайтон киму – одам ким, манманлик, худкомлик оғуси нимаю -  ҳиммат ва виждон кимёси нима – булар хусусида Лир бош қотирмаганди. Унингча, подшоҳлик давр-даврони қандоқ улуғвор бошланса, охиригача шундоқ давом топиши лозим эди. Ёши саксонга борганда руҳида бир бўрон ғалаён солмагунча, ҳақиқатни англай олмаслигини, садоқат дегани – садоқатсизлик, куч-қувват дегани – ожизлик, нотавонлик бўлиб чиқишини у хаёлга ҳам йўлатмаган. Маҳрумият алами Лирни фикр кенглигига олиб чиқади – “тахт бебақо, дунё бевафо”лигини англайди. Оддий одамлар турмушини билгач, кўзи кўр, қулоғи кар бир ҳолатда яшаб, умри хатолик, адашув ичида ўтганлигига ҳаёт уни иқрор қилади. Кечикиб, кутилмаган зарбаларга йўлиқиб – ақл-ҳушни бой бериб бўлса ҳамки, Лир дунёнинг аччиқ ҳақиқатларини, хусусан, давлат ишларида одамийлик, меҳр-садоқат хомхаёлдан унча фарқланмаслигини англашга муваффақ бўлади. Қирол Лир шу жиҳатдан кўнгилга яқин, ачинишга лойиқ қаҳрамон. Мустабидлик уни ҳалокат гирдобига итқитганда, одамийлик, асл одамлар кўмаги уни ҳаётга қайтарди. У ҳеч бўлмаса Кент ва Корделияни қадрлай билганида, азоб оловига эҳтимол бунчалик қоврилмасди. Била-кўра қабоҳатга унинг йўл бериши ҳам ажабланарли. Ахир, салтанатга ҳаром ва ҳаромзодаларни яқинлатиб бўладими?
Шекспир давлат, ҳокимиятдаги ботиний зиддият, кўзга ташланмас талашувларни тасвирлаганда, ақл бовар этавермайдиган ҳодиса ва тақдирларни китобхон муҳокамасига ташлайди. Масалан, “Қирол Лир”даги Эдмундни эслайлик. У – Глостернинг ҳароми ўғли. Жисму жонида шумлик, ифлослик қайнайдиган шу нобакор ҳам отасининг қапталида – сарой хизматчиси. Маккорлик ила калтабин Глостерни ўзига у оғдириб олади. Ҳалол, мард, тадбиркор ўғил Эдгардни отадан ажратиб, ота дилида душманлик ўтини ёқади. Глостер эса “айшу ишрат”дан туғилган болани қонуний ўғлидан кўпроқ суяди. Маълум бир муддат содиқ фарзанд ролини бажаргач, Эдмунднинг асл қиёфаси очилади. У Яго, Ричард III, Макбет қавмидан – ашаддий шуҳратпараст, худбин. Мақсад йўлида ҳар бир нарсани мижжа қоқмай қурбон айлайди. Эдмунд аввал акаси Эдгарга туҳмат қилиб, унинг қувилишига эришади. Сўнгра мартабада баландга чиқиш учун отаси Глостерни дарбадар Лирга хайрихоҳликда қоралаб, иккала кўзини ҳам ўйиб олинишига кўмаклашади. Асирликдаги Лир ва Корделияни ўлимга жўнатади.
Унинг “Ҳаромзодаларни ўзинг қўллагил, Худо!” деган илтижоси ижобат бўлгандай, Лирнинг икки қизини ҳам бошини гангитиб, опа-сингил орасидаги рақобатни душманликка айлантиради. Эдмундни деб Гонерилья бева синглиси Реганани заҳарлайди. Эрига хиёнати фош бўлгач, Гонерилья ҳам ўзини ўлдиради. Булар даҳшат ва қўрқинч эмасми?
Қирол Лирнинг тақдири оила ва фарзанд, давлат ва шахс, амал ва ахлоқ, нафс ва виждон сингари ўнлаб масалалар хусусида тўхтовсиз мулоҳаза-мушоҳада юритишга кенг имкон беради. Бадиий асарнинг боқийлиги ҳам шунда.

III
Қирқ ёшга яқинлашганда Шекспир ижодиётида фожиавийлик пафоси устунлик қила бошлайди. Кўпчилик эътироф этганидек, “Ҳамлет” Шекспир адабий меросининг чўққиси. Бу юксакликни ишғол айлай олган иккинчи бир асарни  дунё адабиёти ҳанузгача билмайди. Эҳтимол шу боисдан ҳам энг тилга тушган, энг кўп ўқиб-ўрганилган ва қарама-қарши фикр-мулоҳазалар “бозор”ини энг кўп қизитган китоб ҳам “Ҳамлет”дир. “Ҳамлет”ни Шекспир ўттиз етти ёшида яратган. Демак, у - ижодий куч тўлиб-тошган, фикр-қарашлар тиниқлашиб-теранлашган, руҳоният ҳадди аълосига  кўтарилган бир фаслнинг маҳсули.
“Ҳамлет” 1601 йилда саҳнага қўйилади. 1603 йили нашр қилинган. Орадан бир йил ўтгач, қайта босилади. Бу нашрдаги матн жиддий ўзгартирилган ва кенгайтирилган эди. Улкан шекспиршунос А.Аникистнинг ёзишича, айнан иккинчи нашрда асарнинг фалсафий моҳияти чуқурлаштирилиб, Ҳамлетнинг мутафаккир сифатидаги қиёфаси бутун мураккабликлари билан ёритиб берилган.
Ҳамлетнинг “шахсий варақа”сида дунё фарзанди, жаҳон қаҳрамони деб битилган. Унинг руҳи оламни тўлдиришга қодир. Ҳамлетга қўшилиб унсиз фарёд чеккан кишини эъзозлаш лозим. Демак, Ҳамлетни тушунадиган, дунёга файласуф, мутафаккир кўзи билан қарайдиган битта шахс ортган. Ҳамлетдан кўп нарса ўрганса бўлади. Масалан, шоирлик ва файласуфликни, мутафаккирлик ва ҳақпарастликни, тўғрилик ва азоб-уқубатга таҳаммулни, бурчга садоқат ва муросасизликни. Айтаверса, булар бисёрдир.
Ҳамлет фазилатга бой, хислатга кон Шахс бўлмаганида, жаҳон минтақаларида яшай олмас ва инсонлик шарафи, диёнат матлаби учун  то ҳануз курашолмасди. Ҳамлет қалбидаги ёлқин Прометей оловидан ёруғ ва ҳароратлироқ. У ботинни нурлантиради, инсонда ўзига ишонч ҳиссини кучайтиради. Аланга ичида куймасликни, “мени писта пўчоғига жойланг, ўшанда ҳам ўзимни сарвари коинот деб ҳис қиламан”, дея олиш сир-асрорини ўргатади. Ҳамлет шахсияти орқали ўзини англашга жаҳд этган кишида ахлоқий заифлик, руҳий ногиронлик, ақлий маҳдудлик билан видолашувдан ўзга чора қолмайди. Чунки у ўзни таҳлил қилиш “тажриба”сини ўргатади. Ҳамлет – давлат одами. Ҳамлет – оила посбони; жамият ғамхўри. Ҳамлет – шараф ва номус қасоскори. Ҳамлет – таназзулга гирифтор бир салтанат келажаги. У – ошиқ, содиқ ва фидоий. Оламни қучоққа сиғдириб бўлмагани сингари, Ҳамлет табиатини тўла-тўкис кашф айлаш имконсиз. Бироқ сиртдан қаралса, Ҳамлетни билишдан осони йўқ: хиёнатдан қақшаган бир валиаҳд. Амакининг қўли қон, она жиноятга шерик... Онг ва идроки унинг қотилликни аниқлаш билан банд. Бироқ ишончли бандани топиш амри маҳол. Ўз ёғига ўзи қоврилавериб умидсизликка тушгач, ўлим – нажот, сукут – фароғат деган қарор ила ниҳоят...
Қўполроқ равишда белгиланганда, булар Шекспир тасвирлаган фожианинг “пўчоғи”. Мағизни пўчоғдан, ботинни зоҳирдан айириш эса ўқувчига ҳавола.  “Ҳамлет” матнида фикр, мазмун бир “қатлам”ни ташкил этса, руҳ, туйғу, қайғу, моҳият бир неча қатламда аксини топган. Булардан ҳар бирининг ранг, оҳанг, сир, ҳақиқат, ўзаро бирикиш ва таъсир йўлларини бехато аниқлаш ва англаш – дарё сувини ариққа сиғдиришни кўзлашдай бир гап. “Ҳамлет”нинг такрорланмаслиги балки шундадир.
Асар ғояси – бу! Кўзланган мақсад – мана бу! Илгари сурилмоқчи бўлган сарбон туйғу, бош ҳақиқат ана бундай! Шекспирда бу хил муддао йўқ. Бир рангда камида у тўрт-беш рангни уйғунлаштирган, бир оҳангда оз деганда, ўндан ортиқ нола ва садо аксини берган. Биров қорани тезроқ кўради, бошқаси қизил ёки яшилни. Кимнингдир эшитгани фиғону нола, кимдир абадият симфониясини тинглайди... Ҳамлет образи хусусида сўзлаганда масаланинг ана шу томони билан ҳисоблашиш шарт.

IV
Нақл қилинишича, парилар емак емас, ҳид билан яшашар экан. Бутун умри мобайнида уларнинг иши ёлғиз хаёл суриш бўларкан. Чунки парилар хаёлдан яратилган эмиш. Шу боис пари зоти ҳақиқатни хушламас – хаёлдан яйрашаркан. Севгиси ҳам хаёл экан. Қўрқоқлар ҳам париларга яқин бўлиб, курашдан, жасоратдан эмас, улар тўғрисидаги чиройли, оромбахш ҳикоятлардан завқланишармиш. Бундайларнинг журъат йўли орзу, жангу жадал майдони хаёлдан нари ўтмасмиш. Шайх Фаридиддин Аттор:
Чи доне ту ки мардон дард чи доранд,
Вале донанд дард онҳоки марданд,
Яъни, мардлар дарди, қандай дардлигини сен қаёндан билурсен. Аммо кимларки дардни англаса, ўшалар мард, дейди. Ҳамлет хаёлда ҳам, дардда ҳам мард. Ҳамлет образини мабодо шарқлик бир ижодкор яратганда эди, ҳол ва фазилатларни албатта, тасаввуфга боғлаб ёритиш зарурияти туғиларди. Шарқлик ориф ва дарвишларга Ҳамлет шу қадар руҳдош. “Мен жон деб сизга бирор нима берардиму, лекин ҳеч вақойим йўқ – жонимдан ўзга, жонимдан ўзга, жонимдан ўзга...”. Унинг бу сўзларини тарки дунё туйғусига соҳиб ҳар бир киши тез тушунади. Таркни ҳам тарк айлаган фақир ё дарвиш эса яна ҳам осон англайди.
Тасаввуф ва Ғарб дунёси, тасаввуфнинг ғарб маданияти, адабиёт ва санъатига таъсири мавзуи бизда деярли ўрганилмаган. Ҳолбуки, XII асрлардаёқ ғарбликлар тасаввуф таълимотига эътибор қаратиб, мутасаввиф олим ва ижодкорларнинг айрим асарларини ўқиб, ўзлаштиришга киришган. Маълумки, тасаввуф маданияти ва тафаккури Ислом маданияти ва тушунчасининг ажралмас бир қисми. Бирор бир шайхга хоҳ мансуб бўлсин, хоҳ мансуб бўлмасин, бу бой ва беқиёс ирфон хазинасидан ҳар бир мусулмон фойдалана олган ва талаб даражасида буни лозим деб билган. Зеро, “Тасаввуф йўли ақл, қуруқ мантиқ, далил ва исбот йўли эмас – кашф ва виждон йўли эрур... Тасаввуф йўлига кириш ва бир тариқат шайхига интисоб этиш Исломда на фарз, на вожиб ва на суннатдир, мусоит шартларга кўра бир фазилат ва камол ҳоли эди” (Ибн Халдун).
Тасаввуф руҳи ва латофати шу боисдан ҳам ғарб зиёлиларини мафтун айлай олганди. Тасаввуфнинг асосий хусусиятлари нима, сўфийлик бўстонидан баҳрамандлик учун, аввало, нималарга диққат қилиш зарур – бундай саволлар ғарб тадқиқотчиларини ҳанузгача жавоб топишга чорлаб келади. Улардан бири ёзади: “Тасаввуфнинг нима эканлигини аслда очиқ-ойдин таърифлаб бўлмайди. Чунки уни фақат сўфийлик тарбияси ва тажрибаси доирасида англаш мумкиндир.
Нима тасаввуф эмас? Мана шу ҳақида гапириш ўнғай: у афсона аралаш бир ҳикмат, Исломнинг ботиний бир жиҳати, диний бир тизим эмас; арабларнинг яширин бир тариқати, сеҳр, мистизм ёки анъана деб ҳам бўлмайди уни. Аммо булрдан ҳар бирида тасаввуфнинг уруғлари бор. Чунки тасаввуф яхлит бир таълимот, махсус бир замон ва маконга хос ҳаракат ҳам эмас. У – шаклсиз ҳаракат. Сўфизм руҳдаги уйғониш жараёнларини бошлайдиган ўзига хос асосдир. Айтиш мумкинки, тасаввуф инсон фарзандининг маънавий-руҳий уйғоқлигини тарғиб ва ташвиқ этувчи комиллик муждасидир” (“Юнг психологияси ва сўфизм”, Истанбул, 1997, 23-24-бет). Чиндан ҳам тасаввуф маъанавий-руҳий бедорлик ва комиллик муждасидирки, ғарбнинг Данте, Гёте, Толстой сингари даҳо санъаткорлари уни кўнгул орқали қабул қилиб, руҳоний юксалишга хизмат эттиришган. Тасаввуф ва Шекспир ижодиёти мавзуи ниҳоятда қизиқарли. Буни ўрганиш Шарқ ва Шекспир деган сарлавҳа билан бошланиши керак. Шунда тахминларга унча ўрин қолмайди.
Шекспир бадиий ижод билан шуғулланаётган пайтларда ғарб олами Шарқнинг    машҳур аллома ва файласуфлари қаторида сўфий ва мутасаввифларининг фаолиятидан ҳам яхши хабардор эди. Масалан, Мишель Монтен билан Имом Ғаззолий шахси ва ижодиёти ҳақида бемалол суҳбатлашиш мумкин эди. Муҳиддин Ибн Арабий мероси яна ҳам баланд ҳавас ила ўрганилар, хусусан, комил инсон тушунчасига иштиёқ ортиб борарди. Илм-фан ва санъат орқали инсонни камолга етказиш ғоясига маҳкам ёпишган Ғарб Фаридиддин Аттор, Мавлоно Румий асарлари таъсирида Ишқ ва ирфон тўғрисида ҳам ўйлай бошлаганди. Зеро, ғарбликларнинг нафсга қараши, нафсни таниши тамомила ўзгача эди. Яъни нафс куч-қувват, ҳузур-ҳаловат манбаи, шахсий зафар ва муваффақият гарови саналарди.
Ҳамлет эса инсон ёмон хулқ-атвор, тубан ҳис-туйғулар қули экан, демак, у нафс қули, нафсоний ва шаҳвоний ҳирслар малайи, деган тушунчага таянарди. Бир ўринда у “Дарвеш ўзи орзу қилган роҳатига етади”, дейди. Орзу айлаган роҳат-фароғатга Ҳамлет гарчи эришмаган бўлса-да, моддий дунёнинг қонли, қайғули ҳодисотлари, тахтпарстлик жиноят ва хиёнатлари, бир-биридан жирканч макр ва оқибатсизликлар уни ҳақ йўли, ҳақиқат ишқидан четлаштира олмаганди. У ғарбнинг дорсиз Мансури Ҳалложи эди...
“Бидъатлардан баланд туриш лозим. Тангри таолонинг иродаси бўлмаса, ҳаттоки чумчуқ ҳам йиқилиб тушмайди”. Ҳамлетнинг ушбу гапларини чуқурроқ ўйлаган киши қонида ҳукмдорлик туйғуси жўшган шаҳзода деб эмас, уни чин маънодаги таваккулчи, вақтнинг кескир қиличидан чўчимайдиган даниялик бир дарвеш деб ўйлайди. Нақл этилишича, бир дарвеш ўлим фурсати етганини сезгач, кўзларини очиб кулибди. Ёнидагилар ҳайрон қолиб, бунинг сабабини сўрашганда, у: “Нима учун кулмайин, дунё, шайтон ва нафсдан ажралиш замони яқинлашди...” деган экан. Навқиронлигига қарамай Ҳамлетда ҳам шундай майл кучли эди. Ёшига номуносиб бир равишда у тафаккурда илдамлаб, фаҳм-фаросати жуда эрта нурланиб кетганди. Одамлар онгидаги зулмат ва жаҳолат қоронғулигидан қийналиб, бўғилиши унинг сийрат ойдинлигидандир. Ўзгаларда йўқ ва ўзида бор нарса шу боисдан уни азобга солади. Ўзи бошқача бўлолмаганидек, ўзгаларни ўзгартириш осон эмаслигини тан олгиси келмайди.
Дарвеш кўрганини айтади, авом эшитганини – бу фикрнинг Ҳамлетга бевосита алоқадор жиҳати шундаки, у ҳам қалб кўзи ила кўргани, кўриб мушоҳада қилган нарса ва ҳодисалардан сўзлайди. Ҳақиқатни билиш ва одам танишда чин дарвеш хато қилмаганидек, Ҳамлет ҳам бунда адашмайди. Кўрган, таниган, билганлари орасида асл ва самимий инсон ўлароқ у биргина Ҳорациони тан олади:
“Сен – бутун бир одамдирсан, яхлит бир инсон”,
дейди унга.
Омадсиз, бахтсиз кимсалар дили одатда нафрат, ғазаб ва аламга тўлиб-тошиб ётади. Мавриди келса, келмаса, бировларга нафрат сочиб, алам азобидан қутилмоқ бўлади. Шунга яқин ҳолат Ҳамлетда  ҳам бордай туюлади. Агар қотил амаки акасини ўлдириб, тахтни эгаллаб, янгасига уйланмаганда Ҳамлетнинг мавқеи ҳам, аҳвол-руҳияси ҳам бутунлай бошқача бўлиши мумкинмиди?
Клавдий ўрнида Ҳамлет ўтирганда салтанат тарбияли, маърифатли бир Шахс тасарруфига ўтарди. Шундай дейишга асос берадиган далиллар эса бир талай. Ҳамлет – нафсшунос, яъни нафсни жиловлаб, руҳий ва фикрий ҳаёт завқига толиб бир зот. Бизнинг Бобур Мирзо “Нафс тавсанини ром қил ўзунгга” деса, Ҳамлет “Ўз нафсидан устун турган дунёда ким бор?” дейди. Бу – “нафс тавсани”ни жиловлай билган кимсани топмадим, дегани эди.
Тожу тахт, салтанатга эришиш йўли, кўп ҳолларда макр ва ҳийла, ғирромлик ва қабоҳат йўлидир. Ҳасад ва адоват бунда зудлик ила ҳиммат ва садоқат “тўни”га бурканса, ёлғон ва қўрқув мардлик, жасорат қиёфасида майдонга чиққан. Аслида эса бунақа вазиятларда ҳукмдор – амалдорларига, мансаб ва мартаба эгалари – ҳоқону султонларига ишонишмаган. Фитна шундан алангаланган, бири – иккинчисидан қонли ва қўрқинчли фожиалар тахт, амал ҳирсининг ҳосили эди. Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам шундоқ бўлган. Ҳукмдорлик иддаоси ила ота – болага, бола – отага, оға-ини - қариндошга, ини ва қариндош – оғага қилич кўтариб, қон тўкканки, бу ҳодисанинг совуқ сиёқи дунёнинг ҳамма жойида айтарли бир хилдир. Ёвузлик ва бераҳмлик шу сабабдан у ёки бу давлат тарихининг ажралмас узвига айланиб қолган. Ҳамлетга нечоғлик оғир эди: тириклар жим, тириклар жиноятни хаспўшлаш, яшириш билан овора. Отасининг арвоҳи эса тинчитмайди уни... Кимдан у қасд олади – амакиси ва онасиданми? Ҳасрат ва кулфатини кимга изҳор этади? Полоний ва гумашталаригами? Ўз оловида ўзи ёнади. Ўзи айтиб, у ўзи инграйди. Қалби “Қасос!” дейди. Журъат етишмайди. Журъатсизлик, сусткашлик учун яна ўзини-ўзи айблайди. Ўзига ўзи маломатгўйлик қилади:
О, қасос – интиқом!
Гапнинг пўскалласи шуки, эшшакман, эшшак!
Ахир кимман, ўлдирилган отанинг ўғли,
Дўзах, само интиқомга чорлаб турса-ю,
Мен бу ёқда фоҳишадек кўз ёши тўксам.
Ва қарғасам бир чўрию чувринди каби!
Туф-ей, лаънат! Уйғон, менинг идроким, уйғон!
Хуллас, Ҳамлет ҳаракатга тушади. Аммо ҳақиқатни охиригача билмоқ учун “маданий” бир тадбир ташкил этади:
Актёрлар амакимнинг кўзи ўнгида
Отам қатли саҳнасини этсинлар ижро.
Ўзим ундан кўз узмайман. Кўраман, қани,
Қандай таъсир этар? Унда ўзим биламан,
Не қилишим лозим бўлса, кейин қиламан...
Ҳаммаси шаҳзода айтган ва талаб қилгандай бўлади: саҳнадаги ижро ҳам, амакининг аҳволи ҳам унга интиқомдан ўзга чора йўқлигини тўла-тўкис тасдиқлайди. Бунда Шекспирнинг трагедия ичида трагедия яратиш, бир трагедия доирасида гўё ўзга бир мустақил фожиани “саҳналаштриш” маҳоратига қойил дейиш керак.
Асарнинг илк саҳнасида онаси билан суҳбатлашаркан, Ҳамлетга у:
Қачонгача марҳум отанг изини излаб,
Тупроқларга кўз тикасан маъюс, гирёна.
Бу азалнинг буйруғидир: тириклик ўлар,
Фонийликдан боқийликка равона бўлар,
дейди. Бундоқ қаралганда, тўғри фикр. Буни шаҳзода “Ҳа, азалнинг буйруғи шу” дея гўё эътироф қилгандай бўлса-да, яна шундай гапни ҳам айтади:
Менинг ғамим бегонадир бўёққа, илло,
Мана мен, деб ўртага ҳам тушмагай асло...
Демак, “мана мен, деб” юз кўрсатмас жиноятни очиш, аниқроғи, уни фош қила билишига шаҳзода аввалданоқ ишонган.

V
Оллоҳ таоло ақл деса – ақл, хотира деса – хотира, мушоҳада деса – мушоҳада – ҳамма-ҳаммасини Ҳамлетга қўшқўллаб берган. Офелия айтмоқчи:  у - аъён,  у - аскар,  у – олим:
Давлат, салтанатнинг умид гули эди ул,
Назокату нафосатнинг тимсоли эди.
Ана шу малакни Ҳамлет севган. Муҳаббат одамни не-не қийинчилик, не-не азоб-уқубат гирдобидан қутқазмайди дейсиз? Ҳамлет эса...
Ҳеч эсимдан чиқмайди: атоқли ва оташин шоир Ҳамид Олимжоннинг Офелия ўлимига бағишланган шеърини биринчи марта ўқиганимда юракка шундоқ бир парча олов ёпишгандай бўлган. Мана бундай сатрлар қандай яралади – сўз билан изоҳлаш душвор:
Фойда йўқдир, гўзал, золим фалакдан
Қанча дод қилсанг – у қанча шикоят,
Қанча ёлворсангу қанча тўксанг ёш,
Барибир, аламга бўлмас ниҳоят.

Қанча маъсум бўлсанг, қанча вафодор,
“Қордай оқ бўлсанг-у муз қадар тоза”,
Ҳеч замон кор этмас, шум фалак бадкор,
Ўқилур севгингга қора жаноза...

Жавоб бериб кўр-чи, номард табиат,
Бунчалар гўзални нечун яратдинг?!
Ўзинг гуноҳкорсан, осийсан беҳад,
Нечун яратдинг-у ўтларга отдинг?
Шеър бир гўзалга эмас, умуман, гўзалликка битилган марсияга ўхшарди. Шоирнинг фалак ва табиатга хитоблари жудоликнинг беҳад қайғули эканини таъкидларди. Аммо ростини айтсам, “Шубҳа оташида ёнар тафаккур”, “Занжирдадир севги, қафасдадир жон”, “Севгувчи йигитни солмишдир йўлга, Тунда эртак айтган бир мудҳиш арвоҳ” сингари гаплар замиридаги ҳасратни мен англай олмасдим. Биринчидан, “Ҳамлет”ни ҳали ўқимаган бўлсам, иккинчидан, Ҳамлет ва Офелиянинг фожиаси ҳам Лайли ва Мажнун, Фарҳод ва Ширинникига монанд бир фожиа бўлиши керак, деб ўйлаганман. “Ҳамлет”ни кейин ўқидим. Бу –тамомила ўзга бир асар, бошқа бир дунё, англашга кучим ҳали ожиз бир фожиа эди. Аммо Ҳамлетдан ажралиб, энди йироқлашиб бўлмаслигига ақлим етарди.
Ҳамлет ролини саҳнада ижро этган хориж актёрларидан бири “Таассурот – бу пьеса”, дейди. Ўқувчи ва томошабин у ёки бу асарни ўқиганда ё саҳнада кўрганда шахсий таассурот асосида ўз мустақил бир “асари”ни яратолмаса – на шеър, на драма, на насрий китоб – ҳеч нарсани у ўртача миқёсда ҳам ҳис этолмайди. Таассурот тилга кириб, шакл ахтаргандачи? Зўр китобнинг – зўрлиги, бўш ва хомхатала ижод намунасининг яроқсизлиги ўз-ўзидан билиниб қолади. Чунки “эстетик туйғу” дейилган ҳис-туйғу сийратга ташқаридан олиб кирилмайди – руҳ ва кўнгилда бори ҳаракатлантирилади. Худди шу учун малакали адабиётшунос олим, ёзувчига нисбатан баъзан оддий китобхон бадиий асарни нозик ҳис қилиб, пухтароқ англайди. Ушбу фикрга ёрқин бир далил “Ҳамлет”дир. Бу трагедияни тарихчи, адабиётшунос, диншунос, файласуф, психолог, хуллас, жуда кўп фан соҳаси вакиллари тадқиқ ва таҳлил қилишган. Ҳамлетга берилган таъриф-тавсифлар жамланса, “Ҳамлет ўзи ким?” деган саволга жавоб беролмай қоласиз. Бири Ҳамлет – жасур шаҳзода, олим, мутафаккир деса, бошқа бири Ҳамлет – бадбин ва хаёлпараст дейди. Яна бировлар тасаввурида Ҳамлет худбин, қатъиятсиз; норози ва нотавонлар пешвоси қиёфасида кўринади. Уильсон Нойт деган бир олимга кўра, Клавдий “соғлом маънавий ҳаёт” соҳиби, ҳам ўзига, ҳам атрофидагаларига ишонадиган, фаолиятда эркин, яратувчи ҳукмдор – “буюк бир инсон”. Ҳамлет дунёдаги қора кучларнинг тимсоли. Макбет  сингари Ҳамлет ҳам “ёвузлик ғояси ва ўлимнинг куч-қудратини ифодаловчи қаҳрамон”. Албатта, бунақа гап-сўзлар танқидга ҳам арзимайди. Ҳамлет номики, ёвузлик ғояси ва ўлим билан боғланса, эзгулик ва ҳақиқат хусусида ўйлашга ҳожат қолмайди.
Қанчадан-қанча шоир, олим, адиб ва актёр “Ҳамлет – бу мен...”, “Ҳамлет – бу биз...”, “Ҳамлетнинг фожиаси – бизнинг фожиамиз...” дейишган. Анатоль Франс хаёлан Ҳамлетга мурожаат қилиб, “Шаҳзодам, Сиз барча аср, барча мамлакатларга мансубсиз. Уч аср мобайнида Сиз зарра қадар қариганингиз йўқ. Сизнинг қалбингиз бизники билан тенгдош...”, дейди. Ҳамлетни тушуниш – унинг идрок оловида ёниш, ўз “мен”ингда Ҳамлетга бир ҳолдошлик борлигига чиппа-чин инонмоқдир. Ҳамлет инсондаги онг ости туйғуларни ўйғотиб юборадиган, виждон ҳали ўлмаган, руҳ кучи ҳали сўнмаган бўлса, кимлигингни ҳар нечук сенга танитадиган Шахс.
“Ҳамлет”ни қайта-қайта ўқигандан сўнг шунга мен амин бўлганманки, ҳассос ва жафокаш шаҳзода “анъанавий” ахлоқчиликка ҳам, якранг фикр-мулоҳазага ҳам қарши. Атрофдагиларга муҳим ва аҳамиятли ҳисобланган нарсалардан аксарияти унга бачкана ва аҳамиятсиз; сарой муҳитидаги ҳар бир турланиш ва тусланиш, ҳар бир маккорлик ва мунофиқлик унинг онгида азоб, идрокида изтироб қўзғайди. Шу учун ҳам фикр ва мушоҳадада Ҳамлет фаолдир.
Бир қатор олим ва тадқиқотчилар ўша давр ҳаётининг бўғиқ, тубан ва даҳшатли томонлари – сотқинлик, биродаркушлик, амалпарастлик; халқ ўртасидаги алоқаларнинг бузилиб кетиши  Ҳамлетнинг дунёдан совишига сабаб бўлганини айтишган. Умуман олганда, бу гапни маъқуллаш мумкин. Ҳамлет дунёқараши ва характерига теранроқ нигоҳ ташланса, охирги нафасигача у ҳаётдан юз бурмаганлиги, аксинча, ҳаётни булғаган, унинг табиий, муқаддас ҳақиқатларини оёқости қилганлардан безганлиги маълум бўлади. Ҳаёт ярамас, ҳаёт доғули деган ақида йўқ Ҳамлетда. Асосий мақсади, сўнгсиз ҳасарати унинг ҳаётни, жамият ва муҳитни инсон қавми жавр-жафолари – хору зорлик, адолатсизлик, жинояткорлик, гуноҳкорлик ва ҳайвонликдан ҳар қалай тозалаш. Инсон қиёфасидаги шайтонларга қарши Ҳамлет ўзича жангга киришади. Ҳиссиёт, эҳтирос, ғазаб “лашкари”ни бу жангда олдинга чиқариш ёки тушкунликка берилиш ғаним фойдасига хизмат қилишини у ҳисобга олмайди. Инсоф билан айтганда, Ҳамлетнинг буюклиги исёнкорлигида эди. Ғанимлар ҳам қўл қовуштириб ўтирмасдан, энг аввало, шу исён ўтини ўчиришга интилишади.
Ирода дейилганда, дарвишлар Ҳақ ва ҳақиқатни излаш дарди ила қалбнинг ҳаракат бошлаши ва бундан ҳеч толиқмасликни назарда тутишган. Ибн Халдуннинг таърифлашича, “Ирода – ҳар қандай қўрқувни хасдай куйдириб ташловчи қалбдаги ёнишдир”. Ҳамлет қалбида айнан шундай олов гурилларди...

VI
Ҳамлет – беҳад мураккаб, зидддиятли Шахс. Унинг ақл ва фикр ҳаётини яхшироқ билай десангиз, туйғу, кечинма ва ҳолатларини назардан қочирасиз. Кўнгил аҳволини бундоқ кузатмоқ бўлсангиз, руҳидаги эврилиш, мистик мушоҳадасидаги сирни илғолмай қоласиз.
Ҳамлет туйғу, эҳтирос, хаёл кишисидай кўринса-да, у тадқиқчи, реалист, ростгўй. Офелиянинг “Заҳарсиз, шаҳзодам, заққумсиз”, деган таънаси асосли – Ҳамлетнинг тили аччиқ. Сўзлари қиличдай кескир. Унинг фикр-туйғуларини ифодалаш тарзидан чўчиган тадқиқотчилар ҳам бўлган. “Ҳозир ҳалол киши дегани ўн мингдан биттаси бўлади” дейди у. Юз мингга – ўн, миллионга – юзта ҳалол ва диёнатли киши тўғри келса, бундай жамиятнинг жаҳаннамдан нима фарқи бор?
Бошқаларни яхши билиши учун инсон, аввало, ўзини билмоғи зарур, деган тушунча бизда кенг тарқалган. Бу эса айни пайтда ўзингда ўзгаларни кўриш дегани. Ҳамлетда бунинг тескариси. Унингча, “бировни яхши билдингми, бас, ўзингни ҳам яхши биласан”. Бу “тажриба”дан қайсиси ўнғай ва афзал? Бизнингча, иккинчиси. Негаки, бошқалар билан боғланиш, ўзни қиёслаш, кўпчиликка хос фазилат ёки ахлоқий иллатларнинг “манба”сини аниқлаш кейингисида бир мунча осон кўчади. Чунончи: “У ким?” деган савол айни пайтда “Мен кимман?” деган саволни унутмасликни ҳам талаб этади.
Озрик исмли бир кимса ҳақида Ҳамлетнинг гапини эшитинг: “У эҳтимолки, онасининг кўкрагини ҳам хушомадлар  билан оғзига олгандир. Ҳозирги хотинмижозларнинг ҳаммаси ҳам шунақа. Улар юриш-туриш, одоб-назокатнинг фақат ташқи томонларини эгаллаб олишганлари учун беҳад-беҳисоб дид ва майллар гирдобида юзага қалқиб чиқишади, аммо бир пуфласанг, бас, пуфакдек ёрилиб, ғойиб бўлишади”.
Одам ҳам шунча узоқни кўриб, тўхтовсиз урчийдиган маразликни шунча олдиндан таърифлаши мумкинми? Бизнингча, бу ўринда аввало Шекспирга тан бериш керак. Қайсидир бир маънода, Ҳамлетда – Шекспир, Шекспирда – Ҳамлет яшайди. Айрим тушунча ва хусусиятлар Ҳамлетга мансубми ё Шекспирга – буни баъзан ажратолмайсиз. Рақиблардан бирига Ҳамлет бундай дейди: “Сиз мени ўз мақомингизга солиб чалмоқчи бўласиз. Менинг пардаларимни босаман деб ўйлайсиз... Барча паст-баланд пардаларим сизга гўё беш панжадай аён... Мени чолғу деб аташингиз, бузишингиз мумкин. Лекин чалолмайсиз”. Ҳамлет сингари Шекспирнинг “чолғувчи”си ҳам ўзи бўлган. Негаки, дунёда фавқулодда сийрак учрайдиган Шекспир каби зотларнинг “Мен”ига дахл қилиш мумкин эмас. Ўзи ҳаракатга тушмаса, ўзи оҳанг таратмаса, ўзи майдонга чиқмаса, уларга қўл чўзиш, уларни “чалишга” уринишдан ҳеч фойда чиқмайди. Демак, “Ҳамлет – бу Шекспир”, дейилиши ҳам унча эътирозлимас.
VII
Олмон файласуфи Ф.Нитше “Дунёни оптимистлар эмас – пессимистлар қутқазади”, дейди. Нимадан ёки кимдан? Буни Нитше очиқ-ойдин айтмаган. Назаримизда, у риё, ёлғон, ожизлик “лашкар”ларини кўзда тутган. Ҳамлетдаги “бадбинлик”да ҳам шиддатли бир халоскорлик кайфияти бор.
Унингча, инсондаги ҳамма ёмон сифатлар – тамагирлик, хушомад, олчоқлик, корчалонлик ва бошқалар  - ўзни камситиш ва ихтиёрий равишда ўзни таҳқирлаш ҳисобланади. Қисмат унга “арслон қудратини” бахш айлаганига инонганидан Ҳамлет ахлоқий-маънавий таназзулни тўхтатса бўлади, деб ўйлайди. Лекин ҳаёт уни шундай аччиқ ҳақиқатларга юзлаштирадики, инсоннинг феъл-атвори, ижтимоий, маданий қиёфасини ўзгартириш муаммоларнинг энг муаммоси эканини у тан олишга мажбур бўлади. Шунда ҳам Ҳамлет инсон ҳақидаги олий тушунча ва иқрорларидан чекинмайди. Ҳамлетнинг мутафаккирлиги ҳам ана шунда. “Сўнгги пайтларда негадир бутун хушчақчақлигим ва машғулотларга бўлган иштиёқимни йўқотиб қўйдим, - дейди у. – Шу қадар шикастаманки, шу коинот гулшани, шу курраи замин кўзларимга унумсиз, тап-тақир бир қоя бўлиб кўринади, самовотга туташган мана шу чексиз ҳаво чодири, заррин шуълалар билан музайян ана шу шоҳона гумбаз назаримда, қўланса ва заҳарли буғларнинг йиғиндисидир, холос. Табиатнинг қандай ажойиб хилқатидир инсон! Унинг заковати қанчалар баланд! Лаёқати нақадар чексиз! Суврат ва сийрати нақадар мумтоз ва мукаммал! Туриш-турмуши фаришталарга нақадар яқин! Назар-ниҳояти Тангри таолога қанчалар қарин! Оламнинг зийнати! Тамоми тирикликнинг тожи давлати...”
Модомики шундай экан, Ҳамлетнинг одамлардан нима учун ҳафсаласи пир бўлади? Офелиядан ҳам совиб, ўлимга – била туриб, нега ажалга қучоқ очади? Ҳаёт ва мамот масаласини у ўзича шундай ҳал қилган эди:
Ё ҳаёт, ё мамот: масала шундоқ.
Жоизмикин ул жобиру жаббор фалакнинг
Жафосига ҳар дақиқа чидаса юрак?
Ё балолар денгизига кўндаланг бўлиб,
Койишлару ташвишларга чек қўймоқ керак?
Ўлиш. Ўзни унутиш. Бас, тамом – вассалом:
Руҳий изтироблар, таннинг азобларига
Биламизки, чегарадир шу оғир уйқу...
Бу фикрларни ҳар ким ҳар хил қабул қилиши, ақл ва тафаккур даражасига қараб турлича изоҳлаши ёки баҳолаши табиий.
Кимдир “Бу – ғирт ожизлик!” дер. Бошқа биров “Бу – касалманд хаёл ҳукми”, деб айтар. Яна кимдир бундан ҳам кескинроқ гапирар. Ҳамлет эса бундай эътироз ва айбномаларга “Одамнинг энг биринчи вазифаси ва олий бурчи – Одам бўлиш”, деган жавоб билан кифояланарди. Унинг ўзидан ҳам, ўзгалардан ҳам асосий талаби шу. Ихтилофга туб сабаб ҳам мана шу.
Шарқда ақл – ақли кулл, ақли жуз – улуғ ақл ва кичик ақл дея иккига ажратилган. Ақли куллга – илоҳий ақл, ақли жузга – ақли маош, турмуш ва тирикчилик ташвишларидан четга чиқолмайдиган ақл ҳам дейилган. Башариятнинг асосий қисми ҳамиша паст босқичдаги ақли жуз бошқарувида кун ўтказган. Бу ақл одамни моддий оламга боғлаб, парчинлаб ташлаши боис ўзининг тор, биқиқ чегарасидан нарини кўриш, шаҳодат дунёсидан йироқроқдаги ҳодиса ва ҳақиқатлар мушоҳадасига изн бермаган. Ва маърифат, ишқ кашф қилган нарсаларни ёлғонга чиқариб, инкор қилган. Ҳолбуки, фақат суратни кўриб, ёлғиз зоҳирга суяниб, ҳақиқат дейиш – бу тинимсиз зайлда шайтон ишини такрорлашнинг худди ўзи. Агар Иблис Ҳазрати Одамнинг тупроғдан яратилган вужудини кўриш билан чекланмасдан, унинг руҳи, диний салоҳиятини ҳам англай билганда эди, балки, Ҳақнинг қаҳр ва лаънатига йўлиқмасди. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Ҳамлет “Ҳаммамизни қўрқоқ қилиб қўяр тафаккур, Ноқис ақл сочган ўша хира шуъладан, Азму қарор ранги ўчиб, бўзрайиб қолур...”, деганда ақли жуздан юзага келадиган авбошлик, зулм, муноқаша ва майдакашликларга диққатни қаратган.
Машҳур “Утопия” китобининг муаллифи англиялик Томас Мор золим ҳукмдор тўғрисида баҳс юритиб, “Ўзгалар оҳ-воҳ чекиб йиғлаётган бир пайтда дабдаба ва ҳузур-ҳаловатда кун кечириш – бу давлатга эмас, зиндонга қоровул бўлиш демак”, деб таъкидлайди. Ҳамлет эса “Дания – зиндон” дейди. Розенкрацнинг “Унда бутун дунё – зиндон”, деган фикрига жавобан айтадики, “Балли, кўплаб қамоқхоналари, чоҳлари бўлган ғаройиб бир зиндон, лекин энг қулинг ўргилсини – шу Дания”.
Ҳамлет ҳақлимиди шундай дейишга? Ҳа, ҳақли эди. Дания давлати қотил қирол қўлига ўтган. Унинг бутун фикру зикри жиноятни бекитиш, Ҳамлетни авраб-алдаб, ўртадан йўқотиш. Аҳли сарой шу телбасифат ҳукмдор кўнглини овлаш, фармойишини бажариш билан овора. Халқ эзиладими, инграйдими, ўлиб ё тириладими – бу билан бировнинг иши йўқ. Ҳамлетни мана шу даҳшатга солади. Зулм ва разолат занжиридаги Дания уни беҳад бездириб, эзиб юборади. Ҳамлет бир вақтлар: “Замон издан чиқди, о, бу машъум бир алам, Уни изга солмоқ учун туғилгандайман”, деб ўйлаган бўлса, ниҳоят ҳаммасидан чарчайди. Ҳамма-ҳаммасига қўл силтайди: ҳатто севгилисига ҳам.
Издан чиққан замонасини Ҳамлет изга сололмайди. Мурод-мақсадига эришолмайди. Аммо у мағлуб ҳам эмас эди. Тафаккур ва виждонда, тўғрилик ва ҳақиқатда енгилмаган Шахсни мағлуб дейиш ноинсофлик. Шу маънода Ҳамлет ғолиб эди. Музаффар эди. Муҳаббатда ҳам шаҳзода йўлни тўғри танлай билганди.
Ҳамлетнинг кўнгли совиганини сезган Офелия севгилисидан олган ҳадяларни қайтара туриб дейди:
“Энди ола қолинг, чунки номусли қизлар,
Бевафонинг совғасига назар солмаслар.
Марҳамат.
Ҳамлет: О, сиз номусли қизмисиз?
Офелия: Милорд?
Ҳамлет: Яна латофатлисиз?
Офелия: Нима демоқчи бўласиз, шаҳзодам?
Ҳамлет: Демоқчиманки, номусли ва латофатли бўлсангиз, сиздаги номуснинг латофатга сира алоқаси йўқ”.
Наҳотки! Офелияни Ҳамлет яхши кўрганми? Яхши кўрган. Маъсумлигига ишонганми? Ишонган. Нима учун яна ажаблангандай, қизнинг устидан кулгандай, уни калака қилгандай, “О, сиз номусли қизмисиз?” дея сўраш керак? Умуман олганда, Офелия бегуноҳ. Бироқ у кимнинг фарзанди? Қандай муҳитда тарбияланган? “Ҳамлет  унда бузуқ сарой муҳрини кўрган... Оддий маънода Офелия покиза, айни пайтда у – қандайдир нопокликнинг бир парчаси ҳам”, дейди инглиз олими Кетти. Офелияга нисбатан Ҳамлет балки ҳаддан зиёд шафқатсизлик қилгандир. Савол ханжари ила маъшуқаси кўнглини тилиб ташлагандир. На чора? Ахир, ким биландир тақдирини боғлаётган кишига насл-насабни унут деб бўлмайди-ку! Айниқса, Ҳамлетга!
Одам қисмати чини билан жуда чигал. Бир “тугун” очилса, иккинчиси очилмайди, бир “ришта” боғланса, бошқа бири чирт узилади. Ҳамлет Офелияга “Мен сизни севмаганман”, деса-да, ундан кўнгил узолмайди. Поклик, мусаффолигингни асра, деган мазмунда: “Ҳеч биримизга ишонма. Яхшиси узлатга чекин... Қордек оқ, муздек мусаффо бўлсанг ҳам, туҳматдан қочиб қутулолмайсан. Узлатга чекин, узлатга...” дейди.
Дарвешлик маслагида узлат гуноҳ ва гуноҳкорлардан, жаҳл ва жоҳиллардан четлашиш. Шунингдек, ўткинчи ва кераксиз ишларга машғул бўлиш билан умр кечирадиган мунофиқ, товламачилардан узоқлашмоқдир. Узлат деганида Ҳамлет шундай маъноларни кўзламаганми? Балки у Офелияни роҳибаликка ундагандир? Нима бўлмасин, Ҳамлетнинг қайта-қайта “Узлатга чекин, узлатга” дейишида шарқлик дарвеш ёки мутасаввиф нуқтаи назарига тескари бир иддао йўқ.
Хуллас, “Ҳамлет”нинг аслиятдан таржимаси, асар моҳияти ва бадиий оламини янада кенгроқ, пухтароқ билиш, унга янада яқинлашишга илҳомлантириши шак-шубҳасиздир.
VIII
Эски манбаларда айтилишича, бир ҳоқон хат     ёзганда, ўзини мамнун этадиган даражада гўзал бўлса, дарҳол уни йиртиб ташлаб, бошқа бир мактуб битар экан. Ундан бунинг сабабини сўрашганда, “Чиройли сўз кибр воситаси бўлур”, деган. Қадим Хитой файласуфи Лао Эр эса “Чиройли сўз – ёлғон сўз”, дейди. Бадиий ижодда сўзнинг гўзали - деҳқондай оддийси, табиийси, дард билан топишгани. Маъно агар тоза бўлмаса, чуқурлик касб этмаса, самимиятга инонтиролмаса, сўз жарангию, туйғу жилваси ёқимсиздан ёқимсиздир. Шекспирнинг матн устидаги меҳнатини тасаввур этсанг, беихтиёр “Сўзнинг жонига, чидамига балли!” дегинг келади. “Отелло”нинг охирги саҳналаридаги драматик манзаралар, Дездемона ва Отеллонинг ўлим олди ҳолатлари – буларни сўз билан гавдалантирмоқ учун сеҳргарлик керак. Шекспир эса ҳақиқатда сўзнинг магик куч-қувватидан фойдалана билган санъаткор. Ўлмас “Отелло” трагедияси ҳам бунинг бир мисоли. Нечоғлик қайғули, мунгли бўлмасин, у дунёдаги энг гўзал севги қиссаларидан биридир. Бу қисса жозибаси кишини сархуш айлайди. Отеллони ошиқ десангиз –  мард ошиқ, Дездемонани маъшуқа десангиз – дилбар маъшуқа. Юрак-юракдан бир-бирига уларнинг талпиниши, ҳис-туйғулардаги муштараклик лаҳзалари бир тушга ўхшайди. Румийнинг бир ажойиб рубоийси бор:
Дилдор зариф аст, гуноҳаш ин аст,
Зебову латиф аст, гуноҳаш ин аст.
Охир ба чи айб мегурезанд аз ў?!
Аз айб афиф аст, гуноҳаш ин аст?
Мазмуни: дилдор нозикфаҳм, зийрак, гўзалдир – гуноҳи шу. Ниҳоятда зебо ва латофатлидир – гуноҳи шу. Ахир, нима айби учун ундан қочишади? У мутлақо беайб мусаффодир – гуноҳи мана шу! Ушбу сўзлар гўёки Дездемонани ўйлаб, шу санам таърифи учун битилганга ўхшайди. Унинг ҳам “гуноҳи” – латифлиги, “айби” – покизалиги. Отелло дилида қўзғалган ишқ ва номус кураши ҳамма тоза ҳисларни кул қилиб юборишини у ақлига яқин ҳам йўлатолмасди. Ахир, Дездемона аслзода, саркарда араб ўғлонининг жону жаҳони эди. Эри уни мажнун бўлиб севганди.
Туҳмат балоси кутилмаган ёқдан Мавр қалбига чанг солади. Яго отлиғ малъун Отеллони шундоқ аянч бир ҳолатга соладики, у англаб-англолмай, кўриб-кўролмай, эшитиб – ишонолмай қолади. Жангу жадалларда чиниққан, не-не хавфу хатарларни енгиб ўтган софдил, матонатли бир шахс Ягонинг қўғирчоғига айланади. Нима учун? Отелло шарқлик. Шарқ одами инончлидир, қалбга, қалб таассуротларига тез ва осон берилади. Кўнгил, номус дейилдими – ҳаммасини унутади. Кўнгил ҳаётига алоҳида аҳамият берганлигидан у ҳиссиётли. Серҳаяжон. Шу боисдан кўп ҳолларда унинг ҳис-туйғуларини ақл жиловлолмай қолади. Шунда у узоқни кўролмайди. Шунинг оқибатини холис муҳокама этолмайди. Отелло образини яратишда Шекспир масаланинг шу томонларини тўла-тўкис инобатга олган эди. Отеллога Яго ҳужум бошлаган илк “майдон” – Маврнинг ишончи бўлганлиги тасодиф эмасди:
Унинг менга эътимоди, ишончи  баланд,
Бу қўл келар ниятимнинг ижроси учун.
Ягонинг Кассиога ҳам адовати бор: у кўз тиккан мартабага Кассио лойиқ кўрилган. Демак, унинг ҳам илдизига болта урмоқ шарт. Флоренциялик Кассио келишган йигит. Дездемонанинг ҳурмат-эътибори унга ёмон эмас. Пайт пойлаб “қора араб”нинг қулоғига “Кассио хотининг билан опоқ-чопоқ...” деб қўйилса – вассалом:
Мавр табиатан софдил, содда эмасми,
Бу гапларга ишонади, лаққа тушади.
Ҳа, муқаррар шундоқ бўлур: жаҳаннам ва тун
Ёпирилиб, босар жумла жаҳонни бутун...
Булар ҳали режа, натижага қадар бўлган йўлни довдирамасдан босиб ўтиш лозим эди. Бу йўлчиликда ўзни қандай тутиш, қандай “ҳунар”лар кўрсатиш, қанчалик тубанлашиш – Шекспир буларни доҳиёна бир санъат билан тасвирлаб берган. Яго характерининг ғоявий-бадиий талқини – инсон моҳиятини очишдаги Шекспирнинг буюк хизмати ҳисобланади. Одам қалби ва номусига Яго ўтказган зулм ва жафо жаҳаннамда ҳам учрамас. Отеллонинг шубҳа оташида ўртаниб ёнишлари, “Мен кўкларга совураман ишқимни буткул, Қўзғол бўм-бўш жаҳаннамдан, қора интиқом!” дея оҳ-фарёд чекишларини тинглаб, дўзах азоби ҳам бунчалик бўлмасов, дегинг келади.
Қабоҳатни Яго макр ва ҳийла ила яшира оладиган кимса. Ғафлат қопқонига тушган Отелло буни на сезади, на гумон қила олади. Унингча, “Яго – ҳалол йигит”. Доно одам. Ягонинг кимлиги ва қилмишларини хаёлга келтирмаса ҳам унга “Мен биламан, оқибатли, номуслидирсан”, дейди. Ҳолбуки, Яго аллақачон унга қарши ичдан жанг эълон қилиб, қасосга бел боғлаган. Сабаб нима интиқомга? Биринчи сабаб – ҳасад. Отелло тагли-тугли мард йигит. Мартаба-мавқеи ҳам баланд. Дездемонадай иффатли, доно, садоқатда тенгсиз бир малакнинг умр йўлдоши. Мана шуларнинг барчаси Яго бағрини тилка-пора этади. Табиатан у ахмоқ, овсар, ҳавоий бир кимса эмас. Қатъиятсизлик, бўшанглик, ўз фойдасини билмаслик, фикрсизликни Яго ёмон кўради. Масалан, Микель Кассиога “Қари бир қизчалик фикр этмайдиган зот. Нари борса, китобий бир билим эгаси... Гап сотишга уста, лекин амалдан йироқ”, дея баҳо беради. Умуман, давлат мулозимлари, амалдорлар тўғрисидаги мулоҳазаларига ҳам эътироз билдиролмайсиз:
Биласизки, қанча содиқ муттаҳамлар бор.
Хўжайинга хизмат қилар, тизза чўкиб хор...
Лекин бордир яна бошқа мулозимлар ҳам –
Кўринишда садоқатнинг тимсоли, аммо
Юраклари ўзларидан ўзгани билмас.
Хўжайини учун куйиб-пишади гўё,
Аслида-чи, ҳамёнини тўлдиради, бас.
Бошқанимас, ўз-ўзини эъзозлайди, ҳа.
Ўйлайманки, бундайларда ақлу тамиз бор.
Тақсир, мен ҳам шундайларнинг бири бўламан...
Ўзгаларни танқид қилиш, айблаш осон. Ўзини иккиюзламачи, ўзидан бошқани ўйламайдиган юлғичлардан бири сифатида эътироф айлаш – бунақаси бениҳоя сийрак учраса керак. Бу ўринда масаланинг бошқа бир жиҳати, тўғрироғи, асосий қирраларини унутмаслик лозим. Юзига ниқоб тортиб яшайдиган кимса асл қиёфасини кўрсатмасликка уринади. Дили ҳасадга таслим кишининг рости нимаю, ёлғони нима – буни фарқлаш мушкул. Яго шунақа махлуқ. Ҳасад ва хусуматдан ичи қорайиб кетган, бироқ ҳеч тап тортмасдан “Мен – бир оқкўнгил одам...”,  деб сўзлайверади. Отелло қалбида рашк оловини гуриллатиб, Мавр аҳволига ачингандай “Тангрим, авлодимни асра рашк балосидан!” дея илтижо қилади. Суврат ва сийрат бирлигидан у тамоман йироқ, лекин Отелло ишончига янада чуқурроқ кириб боришни кўзлаб, “Бир хил бўлур эр кишида суврат ва сийрат, Агар бир хил бўлмас эса, унга минг лаънат” демоққа куч топади. Зўр келганда эса ўзни “фош айлаш” орқали яшириниш “усули”ни ишлатади:
... Бир ўлат бор каби гўё табиатимда –
Ҳамма жойда излаганим нуқул хиёнат
Хиёнатни кўргандайман ҳар бир қадамда...
Бу гап ҳам дил қаърида хуруж қилиб ётган хиёнатни хаспўшлаш мақсадида айтилган.
“Қора қўчқор”, “араб айғири”, “қора шайтон” дея таҳқирлагани Отеллодан Ягонинг жабр чеккан бир жойи йўқ. Кассио билан муносабати хусусида ҳам шундай дейиш мумкин.
Маълумки, шубҳа, гумон ахлоқий кучсизлик, маънавий ожизликнинг асосий “унсур”и. Туҳмат ва бўҳтон ана шуни бекитишнинг жирканч бир усули. Яго ҳам шу усулга ёпишади:
Аён гапки, мен Маврни ёмон кўраман,
Хотиним-ла дон олишган деган гаплар бор.
Аниқ билолмадим, бу гап чинмидир, ёлғон?
Лекин менга кифоядир ана шу гумон...
Ягонинг Маврни ёмон кўриши рост. Хотини билан “дон олишган”лиги ҳақидаги тахмини ёлғон. Бу уйдирмага унинг ишонмаслиги шундоқ билиниб турибди. Асл мақсад Отелло бағридан Дездемонани юлиб олмоқ: “Хотиним-чун хотинини олмагунча то Бирор нарса юрагимга бермас тасалли...”
Хуллас, Яго “универсал” қаҳрамон. Ҳар бир ижтимоий табақанинг – ишчи ёки у хизматчими, ижодкор ё олимми, санъаткор ё дин аҳлими, бундан қатъий назар, ўзининг яголари бўлади. Яго фалсафасининг асосий мазмуни эса, “Мен ёлғиз ўзимга хизмат қиламан! Ўзим учун яшайман...”
IX
Шекспир яратган образларнинг аксарияти – ҳамма давр, барча замонларга мансуб образлар. Давлат ва салтанат бор экан, у ёки бу минтақада, у ё бу тарзда Ҳамлет ғам-кулфати қайтарилаверади. Қирол Лир оламдан ўтиб кетгани билан Лирни йўлдан оздириб, манманлик жарига қулатган майллар ўлмаган... Мустабидлик тарихи – узоқ ва давомли тарих. Демак, Макбетни унутишнинг иложи йўқ. Қанчадан-қанча одамлар сохта саховат, бетайин ҳиммат қурбони бўлишган. Шўрлик Тимон аҳволи уларникидан минг карра аянчли. У бири-биридан риёкор, беоқибат хушомадгўй – нафс бандаларига инониб, бор-будидан ажралади. Одамга қанча ишонган бўлса, ўшанча ундан безади ва қочади. Алалоқибат, унинг кўзига жумлаи жаҳон талончихонага ўхшаб кўринади:
Йўқол ҳамманг! Аямасдан бир-бирин таланг,
Ўзингиздан нафратланинг. Ҳа, мана олтин:
Олинг, яна учраганни сўйинг, бўғизланг,
Унутмангки, учраганнинг бариси – ўғри.
Бойлик ҳукмрон, пул, олтин ҳирси ғалаён айлаган жойда бундан бошқача бўлмайди. Афиналик сармоядорнинг мусибати курраи заминда бир хил.
Тимон образи орқали Шекспир инсон психологиясининг энг мубҳам, айтиш жоизки, энг қоронғу “гўша”ларини ҳам ёритиб берган. Шу қадар реал ёритганки, Тимоннинг “Сенга ёлғиз бир шартим бор: одамлардан қоч! Ҳаммасига лаънат ўқи! Шафқатни унут...” деган сўзлари ўқувчида кескин эътироз туғдирмайди. Зеро, алданган, хушомад ва мақтовга буркаб ташланган, дўст, биродар, улфатим деган кимсалардан чўнг оқибатсизлик кўрган одам “Мен севмайман, жирканаман аҳли башардан!” дейиши ғайритабиий бир иқрор эмас. “Афиналик Тимон” – бу ҳаёт саҳнаси. Ҳаётда Тимонникига монанд саргузашт ва фожиалар тез-тез учраган, ҳозир ҳам бор, кейин ҳам такрорланаверади. Бироқ Тимон айтган юқоридаги фикрларни асло қабул қилиб бўлмайди. Бу образ, инсонни чуқурроқ билмай юракка яқинлатиш, аҳмоқона ҳотамтойлик кишини қандоқ боши берк кўчаларга тортқилаши ва устига қандай бало-қазолар ёғдиришини тушуниш маъносида ибратлидир.
Шекспир трагедияларидаги образлардан кўпчилигининг тақдири ва аҳвол-руҳияси кишини қаттиқ ўйлатади, фикрдан фикрга, зиддиятдан зиддиятга йўл очади. Бунча ёвузлик, бунча ҳасад, хусумат, бунча макр, риё, бу қадар кийну адоват, қаҳру ғазаб инсон қалбига қаёндан ва қандай қилиб кириб боради? Қандай томир ёзиб, улғаяди? Бошқа бир юракни қандай маҳв айлайди?
Буюк Шекспир ана шундай саволларга – асрлар мобайнида башариятни қийнаб, қақшатиб келган жумбоқларга жавоб излаган. Унинг изланишлари – санъаткор, файлсауф, муаррих ва мутафаккир куйиб-ёнишларини ўзида мужассамлаштирганлиги билан ҳам алоҳида қиймат касб этади. Шекспир учун тарих бир восита. У трагедиларида асосан ўзи яшаган ҳаёт ғам-ғуссалари, одамлар орасидаги тортишув ва курашлардан юзага келган фожиаларни акс эттирган. Шекспир одам бундоқ бўлмоғи керак, мана сенга идеал инсон тимсоли, деб  таъкидламаган. Аксинча, кўзни каттароқ очиб қара, фикрла: мана, сен мақтаган, улуғлаган инсоннинг аҳволи, яхши ва ёмонлиги; бир-бирига муносабати, ҳаётдаги ўрни, деган тушунча асосида ижод қилган. Ягони ким дейсиз? Одамми у? Яго жасад ичидаги ҳасад, худпарастликнинг олий тимсоли. Қанча яхшилик, қанча ҳиммат ва меҳрибонлик кўрмасин, бари бир Яго разил – ёмонлик қилади. Ҳатто Макбет унчалик мараз ва жирканч эмас. Уни писмиқлик ёки қўрқоқликда айблай олмайсиз. Макбетдаги ҳокимиятпарстлик, мустабидлик ҳирси – даҳшат.
Хуллас, ҳаёт ҳақиқатларига содиқликда, инсон табиатига хос – хоҳ манфий, хоҳ мусбат, хоҳ юксак, хоҳ тубан ва жирканч – ҳар қандай ҳис-туйғу, фикр ва тушунчани бўямай, бежамай характер яратишда Шекспир панжасига панжа урадиган санъаткор жаҳон адабиётида камдан камдир. Вақт бир жойда тўхтаб қолмаганидек, давр ўзгариб, замон алмашиниб бораверади. Шекспир асарлари мазмун-моҳиятига булар соя ташлай олмагани сингари, ғоявий-мафкуравий тўсиқ ҳам қўёлмайди. Шекспир асрларни бемалол ошиб ўтадиган, инсоният мавжуд экан, таъсири сусаймайдиган ҳис ва ҳақиқатларни тасвирлаб берган. Дездемона – софлик ва садоқат маъбудаси. Ҳеч бир давр кишиси унга бошқача баҳо беролмайди ва уни ўзгача қиёфада тасаввур ҳам этолмайди. Ягочиликни илдиз-илдизидан қуритиш – бу Одам қавми қони ва жонидан ҳасад, адоват, қасос ҳирсини йўқотиш демак. Бунинг эса сираям иложи йўқ. Демак, башарият Шекспирни ўқиб, ўрганиш, унинг инсоншунослик мактабидан таълим олишга ҳамиша муҳтож.
Х
Шекспир таваллудининг тўрт юз йиллиги муносабати билан Москвада босилган бир китобда “Шекспир Чехославакияда”, “Шекспир Эстонияда”, “Шекспир Болгарияда”, “Шекспир Грузияда”, “Шекспир украин адабиётшунослигида” номи остида мақолалар берилган. Шекспирнинг қанча юрт, қанча мамлакатга кириб борганлиги шу йўсинда аниқланадиган бўлса, дунёдаги ҳеч бир йирик давлат, ҳеч бир миллат номи четда қолмайди. Буюклик ва боқийликда бундан зиёд яна қанақа “ҳужжат” лозим? Биз ҳам “Шекспир Ўзбекистонда” дейишга ҳақлимиз.
Шекспир драмалари таржимасига қўл урган ижодкорларни эсланг: Чўлпон, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Асқад Мухтор...
Дунёга довруғ таратган Шекспир трагедиялари қаҳрамонлари ролини ўзбек театри саҳнасида ижро этган актёрлар кимлар эди? Аброр Ҳидоятов, Олим Хўжаев, Сора Эшонтўраева, Шукур Бурҳон, Наби Раҳимов...
Бундан йигирма икки йил муқаддам Она тилимизда Шекспир асарларининг беш жилдда босилиши маданий ҳаётимизда улкан воқеа бўлган эди. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошларида Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол томонидан илк бора инглиз тилидан ўгирилиб, Шекспирнинг беш драмасини ўз ичига олган “Отелло” китоби нашр этилди. Таржимон аслиятдан ўгириш ишига киришиб кетиб, адибнинг ўн иккита энг етук асарини ўзбекчалаштирди. Бу айтишга осон. Бундай меҳнатни уддалаш учун тил билишдан ташқари, Шекспир дунёсига зўр ихлос, юксак дид ва илҳом билан кира билиш ва чинакам шоирона маҳорат зарур. Таржимада аслиятдаги кўнгил оҳанги, руҳий манзара, маъно товланишлари ўзининг ёрқин ифодасини топмаса, китобхон уни қабул қилмайди. Бизнингча, Жамол Камол улуғ Шекспир қаҳрамонларини ўзбекчада нуқсонсиз гапиртира олган. Унда Сиз она тилимизнинг куч-қудрати, гўзал ва латифлиги, сеҳр ва жозибасини чуқур ҳис этиб турасиз. Тил – дилнинг калити, мазкур таржималарга биринчи галда мутахассислар, хусусан таржимашуносларнинг пири  Ғайбулла Саломов юқори баҳо берганлиги бежиз эмас. Ўйлаймизки, уларнинг ҳар бири алоҳида ўрганиш ва фикр айтишга лойиқдир. Ҳукмингизга ҳавола этилаётган ушбу “Сайланма” бир таржимоннинг ўн икки таржимасини ўзида жамлаши ва китобхонларга етказиши билан ҳам алоҳида эътиборга моликдир. Яна бир диққатга сазовор томони...

ХI
Бизнинг дилкаш, меҳрибон шофирконлик бир акамиз бор. Ҳаётнинг оқу қораси, пасту баландини яхши билгувчи, донишманд инсон. Энг севимли машғулоти – китобхонлик. Фикри меҳнатдан тўхтаб, занглаб қолмаганлиги боис ҳам кўп мутоала қилади. Тарихчи билан – тарихчидай, файласуф билан – файлсуфдай сўзлаша олади. Мусиқа, адабиёт, хусусан, шеърият – жону дили. Навоий, Бобур, Қодирий ё Ойбекдан гап бошланса, кўзлари ёниб, баъзан ҳатто ёшланиб кетади. Рус адабиёти классикларини чанқоқлик ила ўқиб ўрганган. Масалан, Толстой бобо тўғрисида у киши билан соатлаб гурунглашмоқ мумкин. Ясная Полянага атай бориб, Толстой мозорини зиёрат ҳам қилган...
Хуллас калом, қайси бир мавзуда у киши билан суҳбалашманг, дил яйраб, ақл қаноатланади. Ўтган йил охирларида у киши Жамол Камолнинг иттифоқо бир мақоласини ўқиб қолади. Буюк актёримиз Олим Хўжаевни хотирлаб ёзилган ўша мақолада шундай жумлалар бор: “Сабабдан-сабаб, дейдилар, раҳматли Олим Хўжаев сабабчи бўлди-ю, “Ҳамлет” таржимасига қўл урдим. “Ҳамлет” таржимаси сабаб инглиз тилини ўргандим. Инглиз тилини билганим боис Шекспирнинг энг етук ўн иккита асарини она тилимизга ўгирдим... Ва ниҳоят, мана, уларни яхлит ҳолда китобхонларга тақдим этиш орзусига тушдим. Уч жилдга жамлаб, нашрга тайёрладим...
Аммо, ҳайҳот!... Бугун Олим Хўжаев йўқ... Ҳаттоки уларни нашр этиш учун зарур маблағ ҳам йўқ...”.
Жамол Камолнинг куйинишини ҳам, ҳаяжонини ҳам тушуниш мумкин. Не-не машаққат билан, заҳмат чекиб қилинган таржималар қоғоз папкаларда жамланиб, босилмай ётса, албатта, кўнгилда бундан ачиниш, куйиниш кайфияти уйғонади... Қолаверса, Шекспир халқимиз юрагидан жой олган, “Қирол Лир”, “Отелло”, “Ҳамлет”, “Макбет”, “Кориолан” каби шоҳ асарларни ўқиган, саҳнада кўрган элнинг бу буюк ижодкорга меҳру ихлоси бағоят баланд. Биз маданиятимиз, маънавиятимизни Шекспир, Данте, Гёте, Бальзак, Пушкин, Толстой, Чехов... сингари даҳоларсиз тасаввур қилолмаймиз, мабодо шундай қиладиган бўлсак, унда ихтиёрий равишда маҳдудликка юз тутамиз. Оллоҳ ана шундан асрасин. Менинг ўйлашимча, ҳеч қачон бундай бўлмайди. Биз энди бировларнинг оғзига термулиб, чизган чизиғи бўйича елиб-югурадиган миллат эмасмиз. Мутелик, ношудлик, қўрқув ва сотқинликдан қутулишга азм этган элмиз. Маданият, маънавият ва адабиёт атрофида бирлашув ҳам муқаррардир. Буни тасдиқлайдиган далиллар етиб ортади.
Мақола сўнгида Жамол Камол “Шекспир нашр этилади. Бу хайрли ишни қўллаб-қувватлайдиган олийжаноб инсонлар топилади”, деганда адашмаган. Шунақа одамни бугун Шекспирнинг “ўзи” топганига нима дейсиз?
Биз сизга таърифлаган акамиз Шекспирга ҳам муҳиблигидан, “Отелло” китобини топиб, қайта ўқийди. Бу гал ўқишда “Ҳамлет” кўнглини янада кучлироқ ўртаса, “Афиналик Тимон” уни янги, аммо оғир мушоҳадаю мулоҳазалар билан чулғаб олади. Рости гап, шу одам шарқлик бирор ижодкор китобини чиқазишга пул сарфласа, мен асло ажабланмасдим. Лекин Шекспирнинг уч жилдлик сайланмаси нашрига ҳомийлик қилиш ташаббусини бўйнига оларкан, бундан ҳам қувондим, ҳам ҳайратландим.
Демак, Шекспир биздан йироқ эмас. Демак, Шекспир яратган қаҳрамонларнинг дарди, ҳасрати, қайғу ва қувончлари, адашув ва изтироблари юртдошларимиз қалбида аск-садо бераверади. Зеро, Шекспир мероси – абадий сўнмас машъала. Унинг нури неча асрларким, дунё халқларининг кўнглини мунаввар этиб, ўз теграсида бирлаштириб келади, инсонларни инсонларга танитади, элларни элларга яқинлаштиради, ҳеч қачон зулматнинг зиёдан ғолиб келолмаслигига китобхонни ҳам, томошабинни ҳам ишонтиради, йўлдан адашганларга йўл кўрсатади, эзилган, жабру чекканларни суяйди... Кечмиш айёмлар тарихи буни яққол тасдиқлаб турибди.
Ўйлаймизки, маҳдуд мафкура бўғовларидан буткул халос бўлган ҳур ва эркин тафаккур шекспирхонликни янги босқичга кўтаради. Халқимиз Шекспирни ўқийверади. Шекспир асарлари бизга мангу маънавий йўлдош бўлиб қолади. Ва мислсиз ижод замонлар оша барча насллар учун маънавиятнинг юксак манзилларини ёритувчи ёрқин бир машъала ўлароқ, ярқираб, нур сочиб, яшайверади.