Устодлар устоди |
Маълумки, форс-тожик адабиёти дунёдаги энг бой, энг қудратли ва гўзал адабиётлардан биридир. Бу адабиёт фақат Шарқда эмас, балки бутун жаҳонга донг таратиб, фавқулодда қизиқиш билан ўқиб, ўрганилган. Ғарбнинг не-не буюк санъаткорлари Аттор, Румий ёки Ҳофиз ва Саъдий асарларини ўқиб, ўзларига янги бир олам – гўзаллик, руҳоният ва ҳақиқат дунёсини кашф этганликларини ҳайрат ила сўзлашган. Лекин бу адабиётни ҳақиқий адабиёт мақомига кўтарган, ўзидан кейинги ҳар бир улуғ форсийгўй шоирнинг беназир устоди Абу Абдулло Рудакий эканини уларнинг ҳаммаси ҳам чуқур билавермаган. Адабиётнинг асосий хусусияти ва вазифаси, халқ тақдиридаги роли, инсон кўнглига таъсир кўрсатиш йўллари, тил, тарих ва дин билан алоқа тарзи – аслида мана шуларнинг бариси Рудакий, унинг сафдош ва издошлари томонидан асосланиб, тўғри йўлга қўйиб берилган. Форс-тожик шеърияти шу боисдан ҳам тадрижан зўр муваффақият ила ривожланиб, ўзга бир қанча халқлар бадиий тафаккурига ижобий таъсирини ўтказган. Рудакий бежиз шеъриятнинг Одам Атоси дейилмаган эди. Чиндан ҳам у бадиий ижодда бошловчи, яратувчи, шакл, мазмун, тасвирда анъана йўналишлари ва усулларини белгиловчидир. Устод Садриддин Айний Рудакий шеърларининг мавзу ва мундарижаси ёшлик завқ-шавқи, май ва шаробнинг таърифу тавсифи, ҳаёт қувончлари, ҳукмдорнинг мурувват ва шижоати, насиҳат, тириклик фалсафаси, қарилик ва шахсий аҳволдан шикоят, дарду ҳасрат, маҳрумиятлардан изтироб чекишдан иборат бўлганлигини қайд этган. Академик Абдулғани Мирзоевга кўра эса, Рудакий илмнинг ҳамма соҳаларига бир хилда аҳамият бериб, “барча илм турларини одам ҳаёти учун зарур ҳисоблаган” [1]. Демак, ушбу мавзу ва масалаларнинг кейинги асрлардаги бадиий талқинлари Рудакийнинг адабиёт келажагини нақадар олдиндан кўра билганлигини ё бевосита ёки билвосита тасдиқлайдики, бу ҳазилакам салоҳият эмас. Рудакийнинг туркий халқлар адабиёти тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳам самаралидир. Ижод ва илм аҳли бу ҳақда бир қанча фикр-мулоҳазаларни баён этишган. Масалан, озарбайжон олими Мумтоз Салмон “Рудакий ва Мулла Паноҳ Воқиф” номли мақоласида, “форсийда илк шеър ёзган шоирларнинг энг буюги ва маҳоратли устоди устод Рудакийдир. Унинг замонидаги ҳеч бир ижодкор Рудакий қадар шеър ёзмаган ва форс-тожик адабиётини унчалик бойитмагандир”, дейди. Воқиф ҳаёти ва ижодиётининг Рудакий шахсияти ва шеърларига яқинлаштирган жиҳатлардан баҳс юритаркан, Мумтоз Салмон шундай хулосага келади: “Устод Абулҳасан Рудакийнинг шеъриятида бир жўшқинлик, бир порлоқлик бордир... Рудакийдек жавдати – табъ ва истеъдодга молик бўлмоқ буюк бир мазиятдир. Чунки Рудакий бўлиш осон эмасдир”[2]. Шунинг учун ҳам Рудакий эъзозланган, шу сабабдан ҳам унинг ижодиёти туркий адабиётнинг шаклланиши ва ўсишида сезиларли таъсир кўрсатган. Рудакийнинг шеърлари ҳаёт билан мустаҳкам боғланганлиги, инсон қисматини маънавий-ахлоқий бир реалликда мушоҳада этишга чорлаши билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Уларда баландпарвозлик, ясама оҳангдорлик, ҳар турли хаёлот ўйинлари йўқ ҳисоби. Унинг тил сезгиси, шоирлик шуури юксак ва намуналидир. Устод С.Айний ёзганидек, Рудакий шеърларининг тили ниҳоятда содда ва ҳаммафаҳм, арабий сўзларни у жуда кам қўллайди, форс-тожик тилидаги калималарнинг ҳам кўпроқ содда ва оммафаҳмроғларини териб ишлатади. Бу фақат ўқувчининг эмас, балки миллий тил, миллий шуур ва тафаккур манфаати нуқтаи назаридан ҳам таҳсинга лойиқ ташаббус эди. Чунки тилнинг тозалиги ва самимияти шеърхон руҳониятини забт айлашнинг илк гаровидир. XV асрнинг биринчи ярмига мансуб ўзбек шоирлари Атоий, Лутфий, Гадоий, Саккокийларнинг шеърда тилнинг содда ва рангинлиги учун заҳмат чекишларини Рудакийга бир издошлик ҳаракати, деса асло хато бўлмайди. Умуман, бу масала махсус тадқиқ этилса, форс-тожик ва ўзбек адабиёти адабий-бадиий алоқаларининг янги ва порлоқ қирралари очилиши шубҳасиздир. Шунингдек, Рудакий табиат манзаралари ва лавҳаларини шунчалик жонли, равшан, таъсирчан шаклларда тасвирлайдики, ўқувчи уларнинг барини профессор Р.Ҳодизода айтмоқчи, гўё “моҳир рассом чизган сувратда кўргандай бўлади”. Шунга монанд ҳолатни биз табиат манзаралари орқали инсоннинг ички олами, айниқса, ҳурлик, ҳаётсеварлик, меҳру садоқат туйғуларини акс эттирган мумтоз шоирларимиз шеърларида ҳам учратамиз. Бу хил шеърларни Рудакий асарлари билан қиёсий ўрганиш ҳам яхши натижа беради, албатта. Бизнинг назаримизда, ҳар томонлама миқёсли ва мароқли мавзу – бу Рудакий ва Навоий мавзуси саналади. Аммо Навоийнинг Рудакий ва унинг ижодиёти хусусида бирор бир фикр билдирмаганлиги буни дадил тадқиқ этишга монелик қилиши табиий. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Навоий Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”и, Маҳмуд Кошғарий ва унинг “Девони луғотит турк”и, Яссавий ҳикматлари борасида ҳам ҳеч нарса демаган. Бундан Навоий бу олим ва шоирларнинг асарларидан мутлақо бехабар эди, деган хулоса чиқариб бўлмайди. Рудакий ва Навоий ижодиёти муносабати масаласида эса атоқли навоийшунос А.Ҳайитметовнинг мана бу мулоҳазалари ҳақиқатга жуда мувофиқ келади, деб ўйлаймиз. Олим ёзади: “Навоийнинг Рудакийни эсламаслиги, унинг поэзиясига Рудакийнинг ҳеч таъсири йўқ деган гап эмас, албатта... Ғазалда Рудакий қўллаган вазнлар, кўп иборалар, у ғазал асосига олган ишқ, май, хурсандчилик темалари, автобиографик тема ва бошқалар кейинги форс-тожик шоирлари, хусусан, шеърий девон яратган Саъдий, Ҳофиз, Жомий томонидан ривожлантирилди, чуқурлаштирилди, ниҳоясига етказилди. Навоий лирик ижоди эса кўпроқ шу шоирларнинг таъсири остида ривожлана бошлаган эди. Демак, Рудакий Навоийга бевосита эмас, бавосита таъсир кўрсатгани, Рудакий поэзиясининг ҳаётбахш анъаналари ўзбек тилидаги Навоий поэзиясида ҳам гуллаб-яшнагани айни ҳақиқатдир”[3]. Дарҳақиқат, Рудакий анъаналарининг ҳаётбахш руҳи ва таъсири Навоийнинг бир қанча ғазал, рубоий ва қитъаларида кўзга ташланиб туради. Рудакийнинг қуйидаги тўртлиги ирсиятга таяниб, ирсий хусусиятларга эътиборни тортиб, одамга баҳо беришнинг бир характерли намунасидир: Илонни ҳар қанча қилсанг тарбият, Охир заҳрин сочиб, етказар заҳмат. Нокас табиати илон кабидир, Юзин кўрмасликка этгил ҳаракат. Бу ҳикматли сўзлар беихтиёр Алишер Навоийнинг машҳур қитъасини ёдга солади: Нокасу ножинс авлодин киши бўлсун дебон, Чекма меҳнатким, латиф ўлмас касофат олами.
Ким, кучук бирла хўтукка неча қилсанг тарбият, Ит бўлур, дағи эшак, бўлмаслар асло одами. Рудакийда ҳам, Навоийда ҳам мақсад битта: одамларни “касофат олами” вакилларидан огоҳлантириш. Бундай ғоявий-бадиий монандлик Заҳириддин Муҳаммад Бобур рубоийлари, хусусан, унинг май ва тақдир қийинчиликлари ёритилган тўртликлари учун ҳам хосдир. Рудакий шеъриятининг нафаси йигирманчи аср ўзбек шоирлари ижодида ҳам сезилиб туради. Халқимизнинг улкан шоири Ғафур Ғулом Шарқ классикларига маънавий-руҳий ворислик ҳақида сўзлар экан, биринчи бўлиб Абу Абдулло Рудакий номини тилга олади. Бу фақат оғзаки бир эътироф эмас, албатта. Ғафур Ғулом устод Рудакийнинг ҳаёти, адабий шахсияти, Шарқ адабиётидаги тарихий хизматларидан чуқур огоҳ эди. Рудакий сўзларининг маъно қуввати ва бадиий жозибасини ҳам, завқ ва ҳаётбахш руҳини ҳам у теран ҳис қилган ижодкорларимиздан саналарди. Шу сабабдан ҳам Ғафур Ғулом буюк Рудакийнинг “Қариликдан шикоят” қасидасини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилгандир. Қадимий Шарққа хос донолик, донишмандлик, жувонмардлик ва журъаткорликнинг моҳиятини англай олган киши, ҳеч шубҳасизки, Рудакийдан мерос қолган шеърий дурдоналарни ҳам эъзозлайди. Чунки бундай безавол ахлоқий ва маънавий фазилатларнинг илдизи дастлабки гўзал ифодалари бевосита Рудакий тажрибаларига томон бориб тақалади. Кейинги даврда яшаб, қалам тебратаётган истеъдодли ўзбек шоирларининг кўпчилиги Рудакий шеъриятидан нимадир ўрганган, қайси бир жиҳатидан унинг ўлмас сўз ва бадиий тасвирларидан илҳомланган деса, сира хато бўлмайди. Ва бу гапни тасдиқлайдиган далиллар ҳам етарли. Масалан, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг: Дўст билан обод уйинг, бўлса гар вайрона ҳам, Дўст қадам қўймас эса, вайронадир кошона ҳам, деган сўзларини ўқиган ёки эшитган одам қандай қилиб донишманд Рудакий битиб қолдирган мана бу гапни хотирламаслиги мумкин: Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун. Ёки Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол бир саккизлигида ёзади: Ажаб дарё кўрдим сувга лиммо-лим, Шарқираб оқолмас, ёқолмас чироқ. – Дунё дарсхонадир, ҳаёт муаллим Кўрган билганларинг барчаси сабоқ. Бу мисралардаги маъно моҳиятан Рудакийнинг: Ҳар киши олмаса ҳаётдан таълим, Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим, деган ўгитларига бориб боғланиши билан ҳам эътиборга молик. Устод Рудакий шеърда мавзу танлаш, шунга мувофиқ равишда оҳанг яратиш ва ҳиссий бўёқ ишлатишда қанчалик моҳир бўлса, миллий тил имкониятларидан фойдаланиш, услуб ва ифода ҳунарида ҳам ўшанча тенгсиз бўлган. Унинг ҳаётга муносабати, воқеликни идрок айлаш малакаси ибрат ва намунадир. Ҳар қандай ғоя ёки туйғуга Рудакий гўзаллик нигоҳи билан қарайди, тасвир усули ёки воситаларини танлашда ҳам аввало гўзалликка асосланади. Шунинг учун унинг шеърият мактабидан турли халқ, турли миллатга мансуб шоирлар завқ ва илҳом билан сабоқ олишган. Бу эса бадиий ижод тарихида ниҳоятда сийрак учрайдиган, яъни ноёб ҳодисадир. Буни ўзбек адабиётининг пешқадам ва илғор намояндалари ҳамиша ҳам яхши англашган. Зеро, туркий адабиётдаги ғазал, қитъа, рубоий сингари лирик жанрлар такомили ва тараққиётини Рудакийнинг ижодий тажрибаларидан ажралган ҳолда тасаввур қилиш маҳдудликка ён бериш билан баробардир. Рудакий ўзбек шеърхонларининг севимли – юракка яқин мутафаккир шоирларидан. Унинг 1957 йил босилган ўзбек тилидаги шеърий тўплами ҳозир ноёб китоблардан саналади. Устод шоирнинг филология фанлари доктори ва таржимон Ш.Шомуҳамедов таржимасида 1994 йил чиққан шеърий мажмуаси ҳам ўқувчилар томонидан катта қизиқиш ила қаршиланган эди. Рудакий ҳаёти ва адабий меросини илмий ўрганиш бўйича Ўзбекистонда бир қанча ишлар амалга оширилган. Шу маънода филология фанлари докторлари Ш.Шомуҳамедов, А.Ҳайитметов, Н.Маллаев, Б.Валихўжаев ва бошқа олимларнинг хизматларини алоҳида қайд этиш жоиздир. Рудакий умри боқий санъаткор. Унинг асарлари гарчи бизгача тўла-тўкис ҳолда етиб келмаган бўлса-да, мавжудлари томчида дарёни акс эттириш қийматига эгадир. Рудакийдан ёдгор қолган шеърларда буюк шахс ва шоирга хос ранго-ранг фазилат ва хусусиятлар яшнаб, гуркираб турибди. Энг асосийси, Рудакий юрт, миллат, инсоният ва абадият шоири эканлигидир. Шарқ адабиёти сарчашмасида шундай шоирнинг турганлиги ва шеърият бешигини тебратганлиги ҳар қанча фахрланса арзигули оламшумул воқеадир. |
Адабиётшунослик
Адабиётда композицияАдабиётда композиция — бу бадиий асарнинг тузилиши, яъни асар қ... |
Фильмни таҳлил қила билишФильм таҳлили сценарист таьлимида муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда ... |
Бадий матн ва таҳлил муаммолариШоирлик аслида шеърни шеъриятга алоқаси йўқ нарсалардан тозалай... |
Улуғбек Ҳамдам. Қодирийнинг хизмати нимада?Қодирий ўзбек халқининг энг севимли адибларидан бири. Ёзувчи ва... |
Абдурауф Фитрат. Аҳмад Яссавий (1927)Аҳмад Яссавий тўғрисида матбуотимизда бир-икки йўла гаплар бўлу... |
Навоийхонлик
- 0
- 1
Гар Навоийнинг куюк бағрида қондурҚошу юзунгни мунажжим чунки кўрди бениқоб, Деди: кўрким, Қавс б... |
Икки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабобИкки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабоб, Биридур айни ху... |
Тиласа равзани зоҳид, Навоийю - кўюнгЗиҳи висолинга толиб тутуб ўзин матлуб, Муҳаббатидин отингни ҳа... |
Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл кўнглин бузарЭй алифдек қоматинг майли бузулған жон аро Ганжи ҳуснунг жавҳар... |
Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурурҚаҳринг ўлса, барча ишимдин малолатдур санга, Лутфунг ўлса, юз ... |
Ҳар неча дедимки: кун-кундин узай сендин кўнгулКўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга, Не балолиғ кун эди... |
Сенинг васлинг муяссардур мангаМенмудурменким сенинг васлинг муяссардур манга? Бахти гумраҳдин... |
Халқ дер: жон беру ё кеч ишқидинШаҳр бир ой фурқатидин байт ул-аҳзондур манга, Бир гули раъно ғ... |
Элга гар бу иш ҳунар бўлса, бўлуптур фан мангаУл малоҳат ганжи ҳажрида бузуғ маскан манга,Уйладурким, жондин ... |
Эй Навоий, бу фано дайрида не бор манга?Гарчи ҳажрингдин эрур юз ғаму озор манга, Ғам эмас васлинга умм... |
Уйғониш даври
- 0
- 1
Шубҳа(Ҳикоя)— Колхозимизда ва қишлоғимиздағи якка хўжаликлар орасида... |
Янги систем бетарафликИнқилоб баракасинда ҳисобда ҳам бўлмаған аллақанча янги систем ... |
Қўрққан олдин мушт кўтарар(Бу фелетон «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1935 йил, 21 сентяб... |
БўзахонадаТунов кун кайфимиз бир оз ширалангандан сўнг, Тошпўлад тоға кос... |
Қурбонлиқ ўғрилариКичкина хангама— Қурбон ҳайити ҳам келди... бу йил қурбонлиқдан... |
Думбаси тушиб қолган эмишКичкина фелетўн(Эски шаҳар Озиқ шўъбасига бағишлайман) Гўш...О... |
Қурбон байрами (Ҳангама)Бойларникида имлама, хасисларникида димлама.Бу кун қуввати келг... |
ДардисарБир неча айёмларким фақир дардисар(Бош оғриғи (муал.).) бирлан ... |
Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр— Ош тегса — тўй, тегмаса тафарруж...(Тафарруж — томоша.) деб о... |
Наҳс босқан экан...Кашмиридан келган ромчининг олдиға ўлтуруб:— Қани бир бахтимизн... |