Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Рўёбсиз орзулар ҳайкали
Facebook
Рўёбсиз орзулар ҳайкали PDF Босма E-mail

“Одамнинг идеал дунёси ва реал дунё  учрашган нуқтада фожиа — Ҳазрати Инсон фожиаси майдонга келади”

Ғарб уйғониш адабиётининг йирик вакилларидан бири Сервантес ижоди, хусусан, унинг дунёга машҳур  «Дон Кихот» асари жаҳон адабиётшунослари томонидан кўп ўрганилган. Аммо бу йўлдаги тадқиқотлар ҳамон давом этмоқда ва ўйлашимча, Сервантес ижодини ўрганиш жараёни асло тўхтамайди, ҳар бир давр унинг «Дон Кихот» асаридан ўзи учун муҳим бўлган нарсани кашф этади. Бошқача айтганда, бу ғамгин қиёфа рицар асрлар оша қайта туғилаверади, янги аср кишисига айланаверади.
Ҳақиқатан ҳам, бу асарни ҳар қайси давр, жамият, муҳит ва шахс ўзича талқин этиб келади. Роман ёзилган даврдан бошлаб ҳалигача «Дон Кихот» Ўрта аср Европа рицар романларига пародия ўлароқ ёзилди, деган фикр етакчилик қилади. Бунга кўра, авантюр сюжет, фантастик элементлар ва романтикадан иборат рицар романлари «Дон Кихот» дунёга келган вақтдан бошлаб ўқувчи олдидаги мавқеини йўқотди. «Дон Кихот» анъаналар гирдобида меровланиб қолган ўқувчи тафаккурида фавқулодий инқилоб ясади. Бошқа бир талқинга кўра, Сервантес рицар романига хос шакл воситасида чуқур ижтимоий мазмунни ифодалаган, ўзи яшаган тузум, давлат сиёсати, Уйғониш арафаси Испаниясига хос чиркин муҳитни танқид остига олган. Бир тоифа ижодкорлар Дон Кихот тимсолида романтизм эстетикасига қаратилган найзани кўрсалар, бошқалар асарни бутунича танқидий реализмга нисбат берадилар, баъзилари эса жаҳонгашта рицар шахсиятидаги чигалликлардан ақллари шошганини  эътироф этадилар.  ХХ асрнинг биринчи чорагида бадиий асар эстетикаси ва ижодкор психологияси билан шуғулланган Сервантеснинг ватандоши Ортега-и-Гассет ўзининг «Дон Кихот» (1910) деб номланган тадқиқотида бу образ воқеликни модернистик талқин этишнинг илк намунаси эканлигини айтади. Шунингдек, ижод аҳли ўртасида бир қадар комизмга йўғрилган, аммо рационал мағиздан холи бўлмаган  «Дон Кихот—ашаддий китобхон», деган фикрлар ҳам юради.     
Умуман, бу асар тўғрисида хилма-хил, ҳатто бир-бирига зид фикрлар билдирилган. Аммо асар талқинидаги бундай зтиддиятлар ўтган вақт мобайнида унинг ўқувчилари салмоғига салбий таъсир кўрсата олмаган. Статистик  маълумотларга қараганда, бу асар энг кўп мутолаа қилинадиган асарлар ичида етакчи ўринни эгаллаб турибди. Демак, Ламанчлик жаҳонгашта рицар мухлислари кўпайса кўпаймоқдаки, асло камайгани йўқ. Ва айнан шу нарса жаҳон тафаккур эгаларини ҳайратга солиб келмоқда. Ўқувчи ва Дон Кихот аро руҳий муштараклик сабаблари ҳақида ўйлашга мажбур қилмоқда.
Асар ҳақида бизгача билдирилган фикрларда «Дон Кихот»нинг адабий-тарихий, ижтимоий-маданий, маиший-маънавий жараёнларда тутган ўрнига урғу бериб келинади. Шубҳасиз, бундай фикрлар романнинг бадиий функцияси, тарихий жараёнларнинг хос хусусиятларидан келиб чиқади. Шунга қарамасдан айни талқинлар муайян давр учунгина характерли эканлигини инкор этиб бўлмайди. Воқеан, ХХ-ХХ1 аср ўқувчиси учун китобнинг Ўрта аср рицар романларига пародия қилиб ёзилганининг ҳам, ундаги ижтимоий мазмун ва танқидий реализмнинг ҳам у қадар қизиғи йўқлиги кундай равшан. Негаки, ҳар бир ўқувчи муайян асарни мутолаа қилар экан, албатта, ундан руҳий, бадиий «манфаат» қидиради. Бундай «манфаат»ни топмаган ўқувчи мутолаани йиғиштириб қўйиши аниқ. қолаверса, бири тугаб, бошқаси ибтидо палласига кирган икки асрда инсон миясини банд этадиган ахборотлар шу қадар кўпки, бу давр ўқувчиларининг ҳар қандай юксак бадиият намунасини бошга кўтаришдан кўра, оёқости қилишлари ҳақиқатга яқинроқдир. Эътиборсиз қолдириш мумкин бўлмаган бундай мантиқ ва далиллар бугун ҳам қўлдан қўйилмай ўқилаётган «Дон Кихот» романи фойдасига гувоҳлик беради ҳамда ушбу мураккаб психологик жараён хусусида фикр юритишга рағбат уйғотади.
Ўйлашимча, «Дон Кихот» романи турли воситалар негизида энг муҳим умуминсоний муаммони — инсон фожиасини вужуд ва руҳаро зиддиятни талқин қилади. Шунга кўра, Дон Кихот саҳнага чиқиб, уни тарк этгунча ўтган вақт инсон умрининг, саҳна майдони эса инсон қалбининг реаллаштирилган, воқеалар тизимига солинган рамзидир. Худди шу жиҳати билан ҳам «Дон Кихот» на ижтимоий, на миллий, на антиклассик (бадиий анъаналарни инкор этувчи), на сатирик, на комик, на романтик, балки шахс фожиаси ҳақидаги асардир.
Кўпчилик ўртамиёна санъаткорлар сингари гениал санъаткор асари марказида ҳам ижодкор шахсияти, «мен»и туради. Аммо бу икки тоифа томонидан амалга оширилган бадиий талқинлар бир-биридан кескин фарқ қилади. Ўртамиёна санъаткор бадиий талқини ўз «мен»и, у мансуб миллат доирасида қолиб кетади. Натижада бундай асарнинг умри ва маконий кўлами чекланиб қолади. Гениал санъаткор талқин этган «мен» эса индивидуал, миллий доираларга сиўмайди, универсал «мен»га айланади ва умуминсоний моҳият касб этадики, бундай бадиий талқин макон ва замон чегараларини билмайди.
Буюк санъаткор Сервантес ва унинг «Дон Кихот» асари том маънода иккинчи тоифага мансубдир.
Мигель де Сервантес Сааведра ҳаёт йўли (1547-1616) аксарият ижодкорлар ҳаёт йўлидан ўта машаққатли, фожиаларга тўлалиги билан фарқ қилади. Мадрид яқинидаги Алькала де Энарес деб аталувчи мўъжаз шаҳарчада асли дворянин, аммо тирикчилик важидан табиблик билан шуғулланаётган қашшоқ бир оилада дунёга келган чақалоқ Мигель ҳали қисмат унга қандай туҳфалар тайёрлаб қўйганидан бехабар эди. қашшоқлик тамғаси уни ҳаёт томон қўйган илк қадамлариданоқ таъқиб эта бошлади. У айнан йўқчилик боис бошланғич билимларни мукаммал эгаллай олмади. Гарчи ўзининг тиришқоқлиги, саховатпеша зиёли замондошларининг ҳаминқадар кўрсатган ёрдамлари эвазига адабиёт ва театр соҳасидаги билимидан бироз қониқиш ҳосил қилган бўлса ҳам, 21 ёшли Мигель тирикчилик учун кардинал Аквавига мулозим бўлиб Римга жўнаб кетишга мажбур бўлди. Лекин бундай хизмат уни қониқтирмади. Оқибат, испан қироли Филипп 2 қўшинлари сафига кўнгилли аскар бўлиб ёлланди. Келажагини жанговар сафарлар, жангу-жадаллар эвазига таъмин этмоқчи бўлди. Бу йўлда бемисл қаҳрамонликлар кўрсатди. Чап қўлидан яраланиб, ногирон бўлиб қолди. Жанг суронлари босилиб, 27 ёшли Мигель ватанига қайтиш чоғида денгиз ҳароқчиларига асир тушади. Беш йил маҳбуслик машаққатини тортади. Бу орада бир неча бор қочишга уринади. Аммо ҳар сафар қўлга тушади, итоатсизлиги учун қаттиқ жазоланади. Ниҳоят, 1880 йилда дўстлари уни катта пул эвазига асирликдан озод қиладилар. Ватан йўлида машаққат тортган, асирликнинг бемисл азобларини кўрган, жасурлиги учун Неополь вице-қиролининг махсус тавсия қоғозига эга бўлган  яримжон аскарни она тупроқ хушламайгина қарши олади. Асир тушгунга қадар Рим ва Неополда бир муддат яшаб, итальян тилини ўрганган италия гуманист адиблари асарларидан илҳомланиб қалбида ёзиш иштиёқи пайдо бўлган ижодкор она юртида яна қашшоқлик балосига дучор бўлади. Шон-шуҳрати йўлида жон фидо қилган—Ватани уни одам қаторида кўрмайди. Оқибатда у ижодкор зоти учун ўта фожиали ва ҳақоратли бўлган қисмат ўйинини—тирикчилик учун ёзиш азобини татиб кўришга мажбур бўлади. Лекин  бундай асарлар унга на шуҳрат, на моддий фаровонлик беради. Аксинча, қашшоқлиги ва изтиробларини оширади. Тирикчилик учун давлат молия хизматига кирган Сервантес бундан-да оғирроқ зарбага учрайди. Бир сафар товламачи банкир катта пулга тушириб кетса, кейинги гал унинг ўзи йирик камомадга йўл қўяди. Шунга ўхшаш молиявий йўқотишлар боис у уч марта ҳамоққа тушади.
Машҳур «Дон Кихот» асари мана шундай руҳий изтироблар, ваҳшиёна таъқиблар, мислсиз моддий қийинчиликлар шароитида (1605-1615) ёзилди. Бошқача айтганда, ғайриинсоний муҳит сўнгсиз ички изтироблар меваси бўлиб ушбу асар дунёга келди.
Дарҳақиқат, Ламанчлик қашшоқ Идальго Дон Киханна шахсияти ижтимоий, иқтисодий ҳолати, уни ўраб турган шафқатсиз муҳит жиҳатидан Сервантес шахсиятига, унинг қисмати эса Сервантес қисматига ўхшаб кетади. қолаверса, қашшоқлашган дворянларнинг иқтисодий ва маънавий инқирози 15-16 аср Испанияси учун типик ҳодиса бўлгани тарихчи ва адабиётшунослар томонидан бот-бот таъкидланади. Аммо шу каби реал далилларга қарамасдан, «Дон Кихот» романи реал воқелик ҳақида эмас. Бу асар инсон руҳияти, унинг ички дунёси хусусидадир. Унинг бош асоси бўлиб ҳаётда бахт топмаган Сервантес шахсияти хизмат қилган. Айнан шу боис ҳам роман замонлар, шарт-шароитлар ўзгарса-да, яшашда давом этмоқда.
Қандай дориломон замонда яшамасин ҳаётга теран тафаккур, покиза қалб кўзи билан назар солган инсон бундай ҳаётдан қониқмайди. Қалбнинг эзгу эҳтиёжлари вужуд истаклари билан зиддиятга киришган илк дақиқалардаёқ инсоннинг ботиний дунёси муҳораба майдонига айланади. Қалб ва вужуд салтанатлари ҳеч қачон сулҳга келолмайди, жангсиз бир дақиқа ҳам яшаши мумкин бўлмай қолади. Лекин бундай жангда қайси томон ўолиб келмасин, ўша лаҳзада инсоннинг асил моҳиятига путур етади. Шу боис инсон зоти борки, романтикага мойил бўлади. Ўта оптимист одам ҳам бундай сифатдан холи бўлолмайди. Бинобарин, вужуд таъқибларидан паноҳ истаган инсон ўзининг романтик дунёсига қочади, ўша салтанат ҳудудида жон сақлашга уринади. Бу инсоннинг хаёлда яратган идеал дунёси. Бундай дунёни бола ҳам, ўспирин ҳам, ўрта яшар киши ҳам ёки ҳартайган чол ҳам яратиши мумкин. Бунинг учун қалб эқтиёжларининг зарбага учраши кифоя. Ҳолбуки, нуқтани вергул қилиш мумкин, аммо вергулни нуқтага айлантириб бўлмайди. Менимча, ҳаёт йўлидан мана шундай руҳоний эқтиёжларга даво топа олмаган Сервантес ҳам ўз идеал дунёсини яратиб, унга «Дон Кихот» деб исм қўйди.
Олижаноб рицар Дон Кихот нега жақонгашталикни ихтиёр этди? Нега у мудом кулгу, камситиш, ҳақорат, калтаклар остида қолади? Нега у такаббур графлар, бефаросат карвонсарой хўжайинлари, шафқатсиз зодагонлар, борингки, баҳайбат тегирмон парраклари-ю қиёфасиз маҳбуслар томонидан мағлуб этилаверади? Ҳатто саводсиз, думбултабиат Санчо ҳам унинг устидан кулишга жазм этади. Нега у умри интиҳосида мағлубиятини тан олади? Ўзининг оламшумул идеалларидан воз кечади? Биз мана шундай беҳисоб саволларга жавоб топсаккина «Дон Кихот» романининг бадиий асар сифатидаги қийматини асардаги умуминсоний моҳиятини, қолаверса, ўзлигимизни англаш сари қадам ташлаган бўламиз.
Асар мутолаасига илк бор киришган ўқувчи жаҳонгашта рицарни сафаролди ҳаракатлари тафсилоти билан танишар экан, Дон Кихотнинг келбати, жисмоний имкониятлари, оти ва қурол-яроғлари ҳақиқий рицарларникига ўхшашини чин дилдан истайди. Аммо унинг бу истаги қонмайди ва у жаҳонгашта рицардан ҳам, Сервантеснинг ўзидан ҳам ранжийди. Ўқиш давомида бу ҳолат кинояга айлана боради. Дон Кихотнинг рицарликка қабул қилиниш ҳангомалари, тегирмон парраклари билан олиб борган муваффақиятсиз жанглари, ўзи озод қилган маҳбуслар томонидан калтакланиши, бегуноҳ сартарошга етказган озорлари ва кўплаб бошқа қуюшқонга сиғмайдиган ишлари учун уни осонгина телбага чиқаради. Унинг устидан кула бошлайдики, агар у Дон Кихот тимсолида уддабурон, енгилмас бир баҳодирни кўрганида бу уни қониқтирган бўларди. Чунки инсон зоти ҳар сафар ҳақиқат билан юзма-юз бўлар экан, ўзида уни ёлўон қиёфасида кўришга мойиллик сезади. Бу соф умуминсоний, соф психологик ҳолатдир.
Сервантес эса йирик шахс ва улуғ санъаткор бўлгани боис ҳақиқатни асил қиёфасида кўра билишга ва тасвирлашга ўзида куч ва маҳорат топа билди. Негаки, чўпдай озғин, ғарибона қуролланган ўзидан-да ночорроқ қирчанғи отга суворий бўлиб, дунёда адолат ўрнатиш учун сафарга чиққан, барча оламшумул ғалабаларини хаёлида яратган маликаси Дулсиния Табосскаяга нисор этишни кўзлаган, оқибатда ҳаммага кулгу бўлган телба рицар аслида инсон қалби, шафқатсиз ҳаётдан зада идеал дунёси эканини фақат Сервантесгина тан олиши мумкин эди. Инчунун, калтаклангани, ҳақоратлангани, кулгуга қолганига қарамай, қайта-қайта сафарга отланган Дон Кихот сингари ҳар бир инсон мағлубиятлар нақадар кўп бўлмасин, орзу қилишдан чарчамайди. Ҳар қандай ўқувчи Дон Кихотни бошқачароқ кўришни, роман персонажлари сингари бу телбани ҳақорат ва калтакларга кўмиб ташлашни истайди, лекин айни пайтда юрагидан кўз ёши ва қон силқиётганини ҳис  қилади. Чунки у ғамгин қиёфа, телбанамо рицар устидан эмас, ўз орзулари устидан ўз қалби устидан кулаётганини ногаҳон англаб қолади. Шу боис роман нақадар бемаъни, зерикарли туюлмасин унинг мутолаасига тийиқсиз бир эҳтиёж сезади.
Сервантес беҳудага Дон Кихот ва унинг собиқ жиловдори Санчо Панса қиёфасида бира-тўла айёр, масхарабоз  ва телба табиатини мужассам этиб тасвирламайди. Чунки бу даҳо адиб одам боласининг нақадар ақлли бўлиб кетганини, эндиликда ўз эзгу идеалларини-да таъқиб қилиши, телба сингари вужуд қафасига банди айлашга қодирлигини чуқур англайди ва Дон Кихот тимисолида бадиий талқин этади. Ҳақиқатан ҳам, одам ҳаётнинг шафқатсиз қонунлари томонидан маҳв этилади. Бир сўз билан айтганда, инсоннинг идеал дунёси ва реал дунё  учрашган нуқтада фожиа—Ҳазрати Инсон фожиаси майдонга келади. Шу боис одам зоти юксак эзгу идеаллар билан эмас,  вужуд истакларига қул бўлиб яшашга маҳкум. Бундай маҳкумият фожеий вазиятнинг ечимсизлиги Сервантес қаҳрамони қисматида ўз аксини топган. Кекса Идальга Дон Киханна ўлими олдидан танлаган йўлининг хатолигини тан олади, ўз идеалларидан воз кечади, авлодларда рицар романларини минбаъд ўқимасликни васият қилиб, (бошқалар назарида ҳуши ўзига қайтиб, аслида мағлуб ва абгор ҳолида), бу дунёни тарк этади.
Алқисса, «Дон Кихот» инсоннинг нотавон қалби, рўёбсиз орзуларига қўйилган, абадий яшашга маҳкум бир ҳайкалдирки, Сервантеснинг ўзи ҳам бундай абадиятни хоҳламаган бўларди. Лекин таассуфки, бу ҳайкал қўйилганига беш юз йилдан ошса ҳам, қилт этмай турибди. Замон чархпалаги эса тўхтай демайди. Унинг тўхтамаслиги ҳам аниқ. Зотан, бу чархпалак парракларига найза тиқадиган Дон Кихот ўлган. Инсоният унинг қайта тирилишини қиёмат қадар кутишга маҳкум.

Узоқ Жўрақулов,
филология фанлари номзоди