Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Аттор кашф этган асрор
Facebook
Аттор кашф этган асрор PDF Босма E-mail

Ҳар не гардун баҳр ила конида бор,

Онча юз Аттор дўконида бор...

Алишер Навоий.

I

Буюк санъаткорлар бошқаларга нисбатан кўп билишган ва кенг кўламда мушоҳада юритишган. Уларнинг тафаккур тарзи, ҳақиқат туйғуси ўзгаларникига ўхшамаганлиги сабабли ҳам кўпчиликни қизиқтирган. Айниқса, рост ва мардона фикр юритган, ҳар бир сўзи, ифодасида инсон тақдири сир-асрорини чуқур ёритган ижодкорлар эъзозланган. Адабиёт шундай даҳоларнинг асарларида адабиёт ўлароқ ўзининг куч-қуввати ва фазилатларини намойиш этган. Лекин дунё тарихининг ҳеч бир даврида адабиёт мутлақ эркинлик – дахлсиз ҳурриятни қўлга киритолмаган. У ёки бу шаклда қаршиликларга учраб, баъзан темир тўсиқларни парчалашдек енгиб ўтиш синовларини ўтказган. Адабиётнинг ўткинчи ғам-ғусса, тайинсиз шодликлардан четлашувининг бир сабаби ҳам шу. Муҳаммад Ризо Огаҳий бир ғазалида:

Шодлиғ ҳирси балоларға солибдур барчани,

Воқиф ўл, эй Огаҳий, чекма балойи шодлиғ,

дейди. Ҳавойи қувонч ва сохта шодлик кўпчиликни маънавий ҳалокатга қандоқ гирифтор қилишини чин санъаткоргина фаҳмлайди. Шу ўринда бир файласуфнинг “Кулма! Йиғлама! Лаънатлама! Лекин англа!” деган сўзлари ёдга келди. Бу гапга эътироз билдириш осон: ҳаёт кимнидир қувнатса, кимнидир йиғлатади. Кимлардир дунёдан рози бўлса, яна кимлардир норози яшайди! Бошқача бўлиши мумкин эмас. Худди тун ва кун, нур ва зулматга ўхшаб бахт ила бахтсизлик, шодлик ила қайғу, омад ва надомат узлуксиз тарзда жой алмашади. Ҳаёт аслида шуниси билан қизиқ. Сиртдан қаралганда, унинг адолати ҳам, адолатсизлиги ҳам шунда. Аммо инсоннинг бахт деб билгани ҳақиқатда бахтми? Бахтсизлик дея тасаввур этгани чиндан бахтсизликми? Бу саволларга фақат ўзини англаган кишигина тўғри жавоб топиши мумкин. Қолганлар-чи? Наинки кулиш-йиғлаш, айблаш ва лаънатлашда ҳам адашувчилар кўп. Албатта, тушунган одамга оғир. Англаган андуҳ чекади. Ўзни таниш дастлаб ҳеч кимсага қувонч бағишламаган, бағишламайди ҳам. Энг катта ғанимни ботинида кўра олган кишининг дили, ҳоли, хотири ҳам тубдан ўзгаради.

Яшаш учун фикрлаш бошқаю, фикрлаш учун яшаш бир бошқа нарса. Агар инсон сийратида ғунчадай очилажак чечаклар бўлмаса, ҳаётда яратиладиган ёхуд ҳаётдан оладиган гўзалликлар ҳам йўқ демак. Зеро, ҳаёт “қулфи”ни очадиган калит инсоннинг сийратидадир. Шу боисдан Шарқ тасаввуф адабиёти дунёнинг ҳар қандай мураккаб ва зиддиятли мууммоларини шахснинг ички олами орқали ёритишни бош вазифа этиб белгилаган. Инсон тақдирининг илоҳий асослари қаерда, уларни ҳаққоний мушоҳада қилолмаслик қандай ёмон ва аянчли оқибатларга олиб боришини бу адабиёт аввалданоқ яхши англаган. Форс-тожик шеъриятининг бир неча асрлар мобайнида сўфий ва мутасаввифлар қўлига ўтиб, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Абдураҳмон Жомий каби шоирларнинг асарлари жаҳон бўйлаб алоҳида қизиқиш уйғотганлиги тасодиф эмасди. Тасаввуф илмининг улкан билимдони, машҳур “Гулшани роз” китобининг муаллифи Маҳмуд Шабустарийда шундай байт бор:

Маро аз шоири худ ор н-ояд,

Ки дар сад қарн чун Аттор н-ояд.

Мазмуни: мен ўзимнинг шоирлигимдан ор қилиб, уялмайман. Бироқ Аттор сингари шоир юз асрда бир маротаба дунёга келади. Шайх Фариддудин Атторнинг ҳаёти ва шахсини билган, озми-кўпми ижодиётидан хабардор киши Шабустарий таърифини муболағали ҳисобламайди.

“Асрорнома” асарида эса Аттор ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.)га шеъру ғазалларимни кўриб:

Менга шоир дебон солма назарни,

дея илтижо этади. Нега? Динимизнинг муқаддас китоби Қуръони каримнинг олти ўрнида шеър ва шоирлик борасида сўзланган. “Шуаро” сурасида шоирлар танқид қилинган. Шунингдек, Қуръон калималари билан шоирларнинг сўзларини аралаштирмаслик, яъни ваҳий ва илҳом ила шеър орасида туб моҳиятда аввалдан фарқланиш мавжудлиги қатъиян таъкидланган. Айрим набавий ҳадисларда эса манбаси илҳоми раббоний бўлган шеър ҳикматни акс эттирса, асоси нафсонийликдан иборат шеър сеҳр хусусиятига эгалиги, қалбни сеҳрлаб, зеҳнига таъсир ўтказгани билан мутлақ ҳақиқатга ошно этолмаслиги айтилган. Сўнгра маъно хусусидаги баҳсу мунозаралар ўртага чиққан. Ва тасаввуфий истилоҳ сифатида “маъно”нинг моҳияти бойитилиб, руҳ, илоҳий бирлик мазмунларини ифодалашда фаол қўлланилган. Абдулазиз Даббоғ “ал-Ибриз” китобида ёзади: “Жаноби Ҳақ валилари учун маънавий шароблар ҳозирламиш. Валилар ул шаробдан қониб-қониб ичгач, нафс чиркинликларидан покланадилар. Кейин эса вужуд юкларини енгиллатиб, ҳақойиқ тарафга парвоз қиладилар. Бу парвоздан улар нашъаланадилар ва маъно оламида мутаҳаййир бўладилар...”. Фариддин Аттор шундай вали зотларнинг султонларидан бири эди. Руҳониятда Атторга тенглашиш, ишқда Аттор каби ёниш ва қалам тебратишга шоирлик таланти кучсизлик қиларди. Унинг шуури – валийлик шуури. Мавлоно Жалолиддин Румий “Маснавий”нинг биринчи дафтарида, агар сен башарий сифатларингдан ўзингни тозаласанг, зоти покинг мусаффолигини кўра билурсан деганлар:

Хешро софй куни аз авсофи худ,

То бибинй зоти поки софи худ.

Азоб ва изтиробли бу маънавий-ахлоқий “тажриба”нинг ранг-баранг бадиий талқинларини яратган Шарқ шоирларининг пирларидан бири ҳам Фаридиддин Аттордир.

Маълумки, Эронда мавқе топган мутасаввифларнинг аксарияти шоир бўлиб, ирфоний фикрларни шеърий шаклларда ифодалашнинг зўр мактабларини яратишган. Тасаввуфий мазмундаги уларнинг шундай рубоийлари борки, қатрада чиндан ҳам бир дарё акс этган дейсиз. Нафсга шафқатсиз нигоҳ ила қарашга тарафдор шоирлардан бири ёзади:

Эй фисқу фужур кори ҳар рўзйи мо.

В-эй пур зи ҳаром кисаву кўзаи мо.

Механдад рўзгору мегиряд умр,

Бар тоату бар намозу бар рўзаи мо.

Мазмуни: Бизнинг ҳар кунлик ишимиз, афсуски, фисқу фужурдир. Кисса ва кўзамиз ҳаром билан тўлади. Бизнинг тоатимиз, намозу рўзамиздан эса рўзгор кулади ва умр йиғлайди. Рўзгор ва турмуш кулгусига қолиб, умрни йиғлатмасликнинг илк чорасини сўфийлар ўзни тадқиқ ва тафтиш айлаш, ўзи ҳақида нотўғри тасаввурга кўникиб қолмаслик деб белгилашган. Чунки ўз аҳволини хато англаш дунёдаги барча ҳақсизлик, зиддият, зўравонлик ва ёмонликларнинг замини бўлиб, бунда ҳамиша жаҳл – ақлу донишнинг, уятсизлик – уят ва андишанинг, зулм – адолат ва ҳимматнинг ўрнига даъвогарлик қилади. Бунақа ҳолатда ўзининг хасталиги билан одам ўзи олишиб, ўзининг разолати ва маккорлигидан ўзи безор бўлмаса, ўзгаларнинг асабини қақшатиш ёки ошига оғу қўшишдан асло толиқмайди. Абдусаид Абулхайрнинг қуйидаги рубоийсини ўқиган ҳақ ошиқлари нафс измидаги “мен”ликни танишга янада кўпроқ уринишган:

Ё Раб, мани бечоро гирифтори худам,

Гардида табиби хешу бемори худам.

Абнои жаҳон зи ман ҳама безоранд,

Ман низ аз эшонаму безори худам.

Мазмуни: Ё Раб, мен бечора ўзим билан ўзим гирифторман. Бемор ҳам, табиб ҳам менинг ўзимман. Аҳли жаҳоннинг бари мендан безордирлар. Мен ҳам ўшалардан бириман – чунки ўзим ўзимдан безорман.

Хуллас, агар шеър билан тасаввуф ич-ичдан ўзаро тил топишиб, узоқ пайт бир-биридан ажралмаган бўлса, бунинг ёрқин манзараси форс-тожик шеъриятидир. Шоҳдан гадогача, олиму уламодан то оддий фуқарогача – айтарли ҳамма шу туфайли ҳам тасаввуфий шеърият билан қизиққан. Умуман, қадимий Шарқда тасаввуф завқ-шавқидан йироқ қолиш бир ноқислик саналган. Чунки мутасаввиф ижодкорларнинг асарларини ўқиб-ўрганиш, энг аввало, нафсга жило бериш, руҳий ҳаётни гўзаллаштиришга илҳомлантирган.

Қанот ёз, маънилар осмонига уч,

Фалакнинг етти юксак қопқасин қуч,

дейди Аттор. Бундай чорловларга лоқайд қолиш мумкинми?

Бир қанча адабиёт тарихчиларининг эътирофларига қараганда, энг самимий, вақт синовларига бемалол дош беришга қодир санъат асарлари – бу тасаввуфий ижод намуналаридир. Бундай асарларда шоир Шахсиятига мутлақо уйғун равишда ишонч-эътиқод, содиқлик, самимият гуркираб туради. Аттор ижодиёти шу гапнинг ростлигини тўлиғ тасдиқлайди.

Аттор жуда маҳсулдор шоир. Ризоқулихон Ҳидоят шоир асарлари сонини 190 та деб кўрсатган экан. Бошқа бир олимлар 114 та, 140 та деб қайд қилишган. “Энциклопедияи адабиёт ва санъати точик”да ўқиймиз: “Атторнинг шеърий меросидан сўз юритган Лутфалибек Озар “Оташкада”да “фақир унинг эллик минг байтини мутолаа қилдим”, дейди. “Мантиқ ут-тайр” ҳозирги ҳолида 4600, “Илоҳийнома” 6511, “Мусибатнома” 7535, “Асрорнома” 3305, “Хусравнома” 7838 байтдан иборат. Буларнинг жами 29789 байтни ташкил этади. Агар бунга 5000 байтлик “Мухторнома” ва турли жанрдаги шеърларни ўз ичига олган 9943 байт ҳажмидаги девони қўшилса, Аттор шеърий меросининг умумий сони 44 732 байтга етадики, Лутфалибек Озарнинг шоирнинг икки китоби етиб келмаганлиги хусусидаги гапи ҳам тўғри чиқади” (Душанбе, 1988, Чилд I, саҳ. 194.).

Аттор табиатан илҳом ва ижод кишиси эди. Унинг насри ҳам, назми ҳам илм ва маърифат устида қад ростлаган. У Шарқнинг Форобий, Ибн Синога ўхшаш мутаффкирлари ғоялари билан яхши таниш бўлган. Араб тасаввуф адабиётини пухта ўрганган.

Фирдавсий, Хайём, Ғаззолийлар туғилиб камолга етишган юрт фарзанди эканидан у доимо фахр-ифтихор туйган. Энг муҳими, тасаввуф шеърияти ишқ ва кўнгил ойнаси эканига Аттор ҳаммани бирдай инонтира билганди. Буни инкор қилиш, Абдураҳмон Жомий таъкидлаганидек, зор йиғлашга кўникиш дегани эди:

Тутди Аттор назмидин оламни буткул атри ишқ,

Хожа, ким Атторни инкор айласа зор йиғлагай...

Атторга қарши чиққан замонлар ҳали олисда эди.

II

Тарихга айланган асрлардан бирортаси ҳам башар фарзандларини бахт ва саодатга эриштирдим ёки хотиржам эта олдим, дея мақтанолмаса керак. Олдинги асрнинг қайғу ва кулфатлари кейингисига ўхшамайди. Бирининг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий муаммолари бошқасиникидан ортиқроқ. Ёхуд кескинроқ. Шу маънода ХХ аср ўзидан аввалги деярли барча юзйилликлардан фарқланади. Тараққиёт ва тамаддуни нечоғлик юқори бўлса, таназзул ва қаттоллиги унинг шунчалик чексиз-чегарасиз. Бир замонлар Оврупода илгари сурилган “инсонни тангрилаштириш” ғояси худди шу асрда чўққисига кўтарилиб, К.Маркснинг “Бутун тангриларга ўчим бор”, Ф.Нитшенинг “Тангри ўлди!” деган фикрлари амалда исботини топди. Оллоҳга қарши очиқ-ошкора жанг, даҳрийлик уруши Ғарб таъсирида Шарқ минтақаларида ҳам авж олдириб юборилди. Бу –ахлоқий-сиёсий телбалик ва бузғунлик эди, албатта. Марксизм-ленинизм таълимоти ва тарғиботи наинки давлат, наинки “буржуазия”га, миллий, диний муассасаларга қарши адоват, нафрат ва душманликни талқин қиларди. Мистикани қоралаб ўзи “мистик бир ҳол тусини олган марксизм ғайриинсоний бир тарзда қулоч ёзиб, инсонларни, бутун бошли миллатларни шахсиятсиз, ҳурриятсиз, динсиз, ахлоқсиз, исмсиз ва маданиятсиз “тўда”га эврилтиришга бел боғлаганди”[1].

Октябрь тўнтаришидан кейин Оллоҳ, Пайғамбар ва диндан юз ўгириш, уларни таҳқирлаш фахр-ифтихор мартабасига кўтарилган эди. Давлат, сиёсат арбоблари қатори бунда шоир, ёзувчи, олимлар жамоаси ҳам ташаббускорлик қилишарди. Мана бунақа байт тўқиш омманинг янги фикр-қарашларини акс эттириш саналарди:

“Кишти фатҳам ба соҳил мерасад бо инқилоб,

Нохудои хеш дорам ман, худо даркор нест”.

Мазмуни: фатҳ ва зафар кемам инқилоб туфайли соҳилга омон-эсон етиб боради. Мен худосизликни мақбул кўраман, худонинг ҳеч кераги йўқдир.

Бу энди тарихда мисли кўрилмаган бир маънавий фалокат эди. Бу –шайтонни ҳам қўрқувга солган имонсизлик ғалаёни, инсонни ҳайвонлаштириш жараёнидан ўзга бир нима эмасди. Ақл ва тафаккур илоҳий илдизидан узилгач, илм-фан фойдадан кўра қаттиқ зиён етказиши, бора-бора қўрқинч нарсага айланиши хусусида чурқ этиб бўлмасди. Ваҳоланки...

Қадим замонларда Ҳиндистон томонларда тўртта брахман яшаб ўтган – учтаси олим, биттаси холис бир ақл эгаси бўлган экан. Ҳалиги уч олим шу даражада кўп илмга етишишишибдики, охири ўзларининг заковату салоҳиятларини кўрсатиш учун олампаноҳ сароийга боришга қарор қилишибди. Тўртинчи одам эса уларга шунчаки шерик бўлибди. Кетаётиб улар ўлган бир шер жасадига дуч келибди. Шунда биринчи олим “Мен шу шер жасадига гўшт пайдо қила оламан”, дебди. Қарангки, айтаганининг уддасидан чиқибди. Иккинчи олим, “Мен гўшт устига тери қоплайман”, дебди. Бу иш ҳам бажарилибди. Учинчи олим эса “Энди шерга мен жон киритаман”, деганда ақлли одам “Илтимос, бир пас шошманглар. Дархатга чиқиб олай”, - дебдию бир зумда юқорига кўтарилибди. Хуллас, учинчи олим шерни тирилтиргач, учовини ҳам ебди. Ақлли одам дарахтдан тушиб омон-эсон уйига қайтибди.

Ривоят жуда ибратли ва Оллоҳ ато этган соғлом ақлга асосланмаган илм олимнинг ўзини аввало ҳалокатга гирифтор қилади, деган маъно унда чиройли ифодаланган. Қолаверса, ўша уч худпараст олимнинг суякларини тўрт оёқли шери даррон ғажигани йўқ – ўз нафсу ҳавосига улар қурбон бўлишган.

Бирор жон билмади: жон не эмишдир?

Бирор тан билмади: тан не эмишдир?

Қулоқ сир уқмади гар тинглади мўл,

Хабардор бўлмади кўз кўрса ҳам ул.

Нечун гўё эрур тил, билмагай, бас,

Нечун қувватлидир тан, доғи билмас...

Атторнинг бу сўзлари айримларни ажаблантирса ажабмас: наҳотки дунёда бирор кимса огоҳ ўтмаган бўлса? Наҳотки, одам қисматида ғафлат ва ожизликдан бўлак бир нима ёзилмаса? Нафс ахлоқ ва қалбга ҳукмронлик қилганида ҳамиша шундай бўлган.

Яхши ҳамки, жаҳонда руҳ ва имонни асраб-авайлайдиган илоҳий калима, муқаддас тушунчалар бор. Инсонни шулар ҳақ ва ҳақиқат йўлига бошлайди, ахлоқ ва қалб хасталикларини даволайди, шулар осий бандасини куфру гуноҳдан асрайди. Руҳ ва тафаккурда уларга суянилмаса, улардаги маъно-моҳият тўхтовсиз кашф этиб борилмаса, ихтиёрий равишда одамзод ўзини азоб-уқубат, мусибат ва бадбахтликларга маҳкум этаверади.

Дунёда нима кўп – сир-синоат кўп. Бириси очилса, бошқаси яширин қолади; бирининг моҳияти англанса, бошқа бирларига ақлу идрок кучсизлик қилади. Олам буюк ва муҳташам бир китобга ўхшайди. Фикр, савиясига яраша ҳар ким бу “китоб”ни варақлайди, ўқийди. Тушунса тушуниб, тушунмаса, тушунмасдан юраверади. Бироқ борлиқни мушоҳада этиш, англаш, у ҳақда ҳукм чиқаришда умумий бирлик, тўла-тўкис ҳамжиҳатлик йўқ. Аксинча, дин, дунёқараш, турли-туман назария ва таълимотда фарқланиш, гоҳида ҳеч мувофиқ келмас зиддиятлар бор. Ҳанузгача ҳар хил ихтилофлар мавжуд. Аслида, улкан сир маҳзани зоҳирий олам эмас – одам ва одамийлик олами эрур. Дунёнинг энг яширин, энг нозик сир-асрорини фақат одам кашф айлашга қодир. Холиқни билиш ва танишга лаёқатли яккаю ягона махлуқ инсондир. Унинг зиммасига фавқулодда масъулиятли вазифа юклатилган: Ўзни таниш. Ўз вужудида яширин маънавий-руҳоний сирларни англаш орқали Ҳаққа яқинлашиш. Инсон қавми учун бундан муҳим, бундан қийин ва шарафли иш топилмайди. Шу мақсадда йўл ахтарилган, кўп фикр-мулоҳазалар билдирилган. Натижа эса қаноатланарли бўлмаган. Маслак, эътиқод, мафкура жабҳасидаги тортишув ва ихтилофлар кучайса, кучайиб борганки, пасаймаган.

Алишер Навоий:

Сўзунгники яхши кўрарсен ўзунг,

Кўрунмас ёмон, чун эрур ўз сўзунг,

деганидек, ҳар мазҳаб, ҳар гуруҳ ва ҳар таълимот вакиллари ўзини ҳақ ҳисоблаб, ўз ақида ё ғояларига қаттиқ ёпишиб олишган. Мана шунда динни айблаш, инсондаги ахлоқий ожизлик, фикрий қуллик ва мутелик каби нуқсонларни динга тўнкаш кучайган. Фожиа шундаки, дин ва шариат арбобларидан аксарияти ўша вазиятларда маҳдудлик, жоҳиллик ва шафқатсизлик намойишидан бошқага ярамай, не-не шахсларнинг умрини қурбон қилишган: бировнинг номига кофир тамғаси босилиб қамоққа тиқилган, кимдир қатл этилган, маърифат соҳибларидан қанчасининг ҳаёти азоб-уқубатда ўтган. Бу фикрнинг далили шу қадар кўпки, бирма-бир эсланса, диндан қўрқиш, баъзан очиқдан-очиқ динга қарши бош кўтариш тасодифан юзага қалқмагани дарров равшанлашади. Характерли битта мисолга эътиборни қаратсак.

Улуғ озарбойжон шоири Ҳусайн Жовиднинг “Шайх Санъон” драмасида бир дарвеш образи бор. Санъон дарвеш билан учрашгач, ундаги диний шубҳачилик туйғуси янада кучаяди. Наинки, динларни, тариқатларни ҳам у “бир рўё” – асоси бўш афсонага чиқаради. Айни пайтда, бутун моддий борлиқ унинг нигоҳида маъносиз бўшлиқ, тамалсиз кўлка бўлиб кўринади. Дарвеш ёлғиз бир нарсага – Оллоҳ нури тазаҳҳур айловчи руҳ ва руҳнинг абадийлигига ишонади. Қолган барча мавжудлик: олам, ҳақиқат, ҳаёт ҳодисаларини у руҳ ва ғоялар дунёсининг зуҳрланишидан бошқа бир нима эмас, деб ҳисоблайди. Унингча, ўзни камолга етказмоқ учун имкони бўлгани қадар “жинси башар”дан йироқлашишга жаҳд айлаш лозим. Эран ва ҳол соҳибларини у ўзига ўхшаб фавқулбашар бўлишга чорлайди:

Агар фавқулбашар бўлмоқ тиларсен,

Йироқ бўл доимо жинси башардин.

Ана шу нуқтаи назарга маҳкам ёпишган дарвеш Шайх Санъонни ҳам рад этади. Чунки унда ҳаётга, борлиққа боғланиш кўради, шон-шуҳрат, ҳузур-ҳаловат туйғуларидан ҳали унинг бутунлай қутилмаганини ҳис этади. Санъон эса сиғинадиган, иштибоҳсиз суяниладиган идеал бир ҳақиқатни ахтарарди. Бу ҳақиқат – инсон қадр-қийматини баланд кўтарадиган маънавий руҳий ҳақиқат эди. Шу билан бирга Санъон қалбида икки ҳис, икки тушунча ўзаро курашар ва тортишарди. Бири – ҳаёт, тириклик севгиси, иккинчиси, илоҳий ишқ. Санъон диний қарама-қаршилик, маҳдудлик ва мутассубликлардан баҳс юритиб, дарвеш билан фикр алмашади:

– Дарвеш: Бир сабабсиз эмас бу ҳиддату кин!

– Шайх Санъон: Ихтилоф мазҳабу дин.

– Дарвеш: Ана кўрдингми дин нелар туғдирар?

Не балолар, не фитналар туғдирар?

Дин бир бўлсайди ер юзида агар

Жуда масъуд бўлурди жинси башар.

Хуллас, дунёдаги барча диндан Санъон шубҳаланади. Халқ ва миллатларни бир-биридан дин йироқлаштиради, орада ихтилофлар қўзғайди, ақл бовар этмас фитна ва ғавғоларга бошлайди, деб ўйлайди.

Аттор яратган Шайх Санъон образи билан Ҳусайн Жовиднинг Санъони қарашларида умумий бир монандлик мавжуд бўлса-да, Аттор на “Мантиқ ут-тайр”, на бошқа бир асарида шахс камоли, умуминсоний бирлик масаласини исломни четлаб ҳал қилишга қаратилган ҳеч қанақа бир гап айтмаган. Бундай фикр унинг хаёлига ҳам келмаган. Бизнинг бу ҳақда тўхталишимиздан мақсад, шўро замонида яратилган тадқиқотларда Атторни исломга мухолиф шоир қиёфасида кўрсатишга уринишнинг тамоман асоссизлигини таъкидлашдир. Аттор бўлмаса ҳам ислом бор эди. Аммо ислом бўлмаса, тасаввуф ҳам, Аттор ва унга ўхшаш шоирлар ҳам бўлмасди. Пайғамбар ё авлиё зотига Аттор паст назар билан қарамаган. Айни пайтда, Ҳазрат Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзга ҳеч бир пайғамбар таърифида:

Икки олам сарвари султони ул,

Икки олам жони ул, иймони ул...

Улки султон, қул ва маҳрамдир ҳама,

Улки шоҳ, тобе, мусалламдир ҳама.

Чун азиз бошиға тож қўндирди Ҳақ,

Эшиги олдида тупроқ бўлди халқ –

дея сатрлар тизмаган. Аттор илмсиз диндорлик ва зоҳидликни (“Илмсиз зоҳид эрмиш деву шайтон, Илм сорига юр, эй ғўру нодон”) ёқламаганидек, илму маърифатдан узоқ сўфийлик ва дарвешликка янада қатъият-ла қарши турган:

Илмсиз йўлга тушма, бўлма гумроҳ,

Йўлинг олис, қоронғу, дамба-дам чоҳ...

III

Ҳаётда ҳар кўрган, ҳар англаган нарсани ёзавериш шеър эмас – фикрни вазн ва қофияга мувофиқлаштиришдир. Шеър – кўриш, англаш, энг муҳими, ҳис қилиш зарур бўлганни ифодалаш санъати. Ўқувчи шеър ўқиганда олдин билмаганни билиши, мушоҳада этмаганни мушоҳада қилиши шарт.

Шеър ёзганда, ўзи ўйламаган бир ҳолда шоир дард ва изтиробдан қутулишга интилади. Ички азоб ва ғам-ғуссадан озод бўлиш кайфияти баланд бир нуқтага кўтарилгач, шоир дили вайрон, кўзи гирён одамга айланади. Шунда у на ўзини, на бошқани – ҳеч кимни аямайди: ҳақиқат ҳисси ҳар нимадан устун келади. Оқни – оқ, қорани – қора, дейди. Бундоқ десам нима бўларкан, ундоқ қилсам не бўлар экан – бундай иккиланиш ёки эҳтиёткорлик ўртадан қалқийди. Бироқ шуурда зиё, руҳда шаффофлик бўлмаса-чи? Ҳақгўйлик айблаш, қоралаш ва нафрат сочиш билан чекланади – вассалом. Ваҳоланки, қаҳр-ғазаб ва нафрат шуурнинг пастлиги, азобнинг сустлигидан далолатдир. Камоли Форсий деган бир шоир ёзади:

Чист дунё? – Сарбасар вайронае,

Ҳасратободе, мусибатхонае.

Мо дар ў чун мурғ монда дар қафас,

Гашта дастомўзи обу донае.

Хосу ому шайху шобу неку бад,

Ҳар яке машғули решу шонае.

Пеши оқил марди дунёдор кист?

Ҳарзакоре, аблаҳе, девонае.

Мазмуни: Дунё нима? – бошдан-охир бир вайронадир. Биз унда худди қафасдаги қушмиз. Сув ва дон учун ҳам бировларнинг қўлига қараймиз. Хос ҳам, авом ҳам, шайху ўсмир, яхши ёмон, ҳар бири соқолу тароқ ила машғул. Оқил одамнинг назарида бой-бадавлат кимса ким? Ёлғончи, аблаҳ ва девонадир...

Бу фикрларда бирорта ҳам ғалат сўз йўқ – бари тўғри. Лекин дунёнинг аҳволини билган, ранжу азобини ҳар кун сувдай симириб юрган кишига ушбу шеър нима беради? Ғазабга ғазаб, ҳасратга ҳасрат қўшишдан ўзга айтарли ҳеч нима бермайди. Эзилганни эзиш, ғуссакашга ғусса инъом айлаш учун шеър ёзилмайди. Истаган бир кимса дунёни сўкиб, бетига лой суртиши мумкин. Бу билан камбағал – бой, бадавлат – мурувватли, золим – одил бўла қолмайди. Билъакс, ночорлик, бадбинлик кўникмаси чуқурлашади.

Дунёдан нолиш ва шикоят, зулм ва ҳақсизлкидан фиғон чекиш, ғам-кулфатдан фарёд – асрлар мобайнида ана шу мавзу ва оҳанглар Шарқ адабиётида етакчилик қилган. Қайси шоир сўзига қулоқ тутманг: айрилиқ, ночорлик, ёлғизлик, мискинлик... Чор тарафдан нуқул алам, йиғи овози эшитилади. Бу камлик қилгандай баъзи шоирлар унга ўлим нолаларини ҳам қўшишган. Масалан, Аттор фанони хотирлаш ва хотирлатишни хушлайди. Бироқ у фанода тириклик ва тириклар манфаатини ёқлаган, тирикликда ўлимдан баттар, ундан-да мусибатли ҳодиса ва ҳолатлар мавжудлигига диққатни қаратган.

Фаридуддин Аттор инсон онги, ботиний ҳаётини ўзгартирмай, зоҳирий дунёда олий орзу-умидларга етишиб бўлмаслигига тўла инонган ва бадиий талқинларида буни исботлаган мутасаввиф шоирлардандир. Ахлоқ хасталиги, тафаккур турғунликлари, руҳият ожизликларидан у шу сабаб кенг баҳс юритади. Аттор буюк салафлари Мансур Ҳаллож, Аҳмад Ғаззолий тушунчаларидан илҳомланиб инсон ва шайтон муносабати хусусида ҳам кутилмаган фикрларни ўртага ташлайди. Бошқа жонзотлар нима сифатлари билан инсонга яқин ва қайси фазилатлар одамни улардан ажратади – мутафаккир Аттор буни ўзича таснифлаштиради:

Овозим бор дея кўп бўлма мафтун,

Қамишлар ҳам, ипаклар ҳам чекар ун.

Эшитгайман дея мақтанмагил, тин,

Қуён тинглай олур бир тош йироқдин.

Кўрармен дема, чумчуқ кам эмас, кўп,

Йигирма фарсанг олсидин кўрар хўп.

Сезарман деб дам урма, ўзни ўксит,

Ки сичқон ҳам узоқлардин олур ҳид.

Хаёл бирлан ўзингни устун этма,

Ки ҳудҳуд ҳам солур тунга ваҳима.

Улардин ортиғу афзалмидурсен?

Улардин покиза, акмалмидурсен?

Бу саволга жавоб қайтаришга шошилманг. “Асрорнома”ни ўқигач, ажабмаски...

IV

Шўро замонида ким нимани хоҳласа, ким нима деб қоралашга майл сезса, тасаввуф ва тасаввуф адабиёти тўғрисида бемалол гапирган ва ёзган. Масалан, тасаввуф ва сўфийлик адабиётидан баҳс юритган деярли ҳар бир китоб ёки мақолада мана бундай фикр-мулоҳазаларни учратиш мумкиндир: “Тасаввуф адабиёти тасаввуфнинг ўзи каби ижтимоий ҳаётда тамомила раекцион роль ўйнади, бадбинлик ва таркидунёчиликни, “тақдир”га тан бериш ва золимларга итоаткор бўлишни тарғиб қилди, маданият ва маърифат тараққиётига қарши шафқатсиз кураш олиб борди”. Ҳолбуки, бундай бўлмаган. Тўғри, тасаввуфда ҳам, тасаввфий адабиётда ҳам маълум бир камчилик, турғун ва якранг ақидалар бўлган. Бундан ҳеч кўз юммаслик лозим. Аммо ҳеч қачон тасаввуф адабиёти ижтимоий ҳаётда “реакцион роль” ўйнамаган. Ишқ ва маърифат нури ила чулғанган бу адабиёт инсонни нафсу ҳавога қуллик, замонга қарамликдан қутқазишга куч бағишлаган. Аттор ёзади:

Фиғон, эй ҳирс ила овора жонлар,

Кучуксиз, олдингизда устухонлар.

Агар нафс шунча хунхор бўлмас эрди,

Халойиқ мунча абгор бўлмас эрди.

Чопарсиз кеча-кундуз, кун демай, тун,

Қоринни бир балога тўлдириш-чун...

Башар дунёсида не дарду ғам йўқ,

Қорин дардича лек дарду алам йўқ...

Қорин дарди ростдан-да бедаво. Уни даволашнинг сира иложи йўқ. Қашшоқлик, йўқсиллик гирдобига ташланган шўрлик инсон дунёга “қорин кўзи” билан қарамасдан нима қилсин? Боз устига, у илмдан, одамдай фикрлашдан мосиво этилган бўлса – комиллик орзусини кўнгилга қандай сиғдирсин? Шуни ўйлай билишнинг ўзи катта ютуқ. Афсуски, ғафлат, қўрқув ва авомлик шунга ҳам йўл қўймаган. Атторнинг “ҳирс ила овора жонлар”дан фиғон чекиши, бизнингча, башариятни хунхорликдан, моддий манфаат учун ночор халқу халойиқни ғажиб абгор этишдан тийилишга ундовчи улуғ фиғондир. Бироқ унга ким қулоқ солган? Ким унга амал қилади? Асосий фожиа ва кулфат шунда.

Кечиб ўздин, диёнат йўлига кир,

Шу нафсинг бут эрур, синдир, улоқтир, –

дейди Аттор. Нечоғлик қийин ва қийноқли иш бу. Нафс балосидан қутулиш осон кечганида, бут ўлароқ нафсига топинмайдиган одамларни замонасида кўпроқ учратганида мана бу ҳасрату андуҳларни Аттор қоғозга сувратлантирмасди:

Тополмасмен бирор улфат мувофиқ,

Фиғонким, дўсту ҳамдамлар мунофиқ.

Мунофиқларки бизга ҳамнишиндир,

Азоби дўзах ул баским яқиндир.

Дило, жим тур, магарким маҳраминг йўқ,

Дам урма, баски ёру ҳамдаминг йўқ.

Оллоҳга сиғинган, кўнглини содиқ улфат ва марҳам сифатида таний олган ҳар бир ошиқ ё ориф худди шундай танҳолик ҳолига тушиши табиийдир. Бундай ҳол ичида бекаслик ва ғарибликдан қанча шикоят қилиниб, юрак ғам ва изтиробга тўлмасин, ботинда шодлик, хотиржамлик нури порлаб туради. Ва фавқулодда гўзал бир йироқликдан инсон кўнглига томон яқинлашиб келинади. Албатта, ғусса ва армон бу юрак саёҳатида ортса ортадики, камаймайди. Бунинг сир-асрори нимада?

Ибн Халдуннинг ёзишича, вужуд воситасида одамлар ҳайвонот оламига, руҳи орқали малаклар дунёсига боғланар экан. Руҳонияти бақувват шахситяларгина жисмоний борлиқ тузоқларидан қутулиб оламнинг ғайбий сирларидан ҳам воқиф бўлишаркан. Ибн Халдун шу жиҳатдан одамларни уч тоифага ажратади: биринчиси, ҳис ва тушунчаси моддиёт чегарасидан нарига ўтолмайдиганлар. Зоҳирбин олимларнинг идрок тарзи ҳам ана шу чегара билан чекланади. Иккинчи тоифа, ботиний мушоҳада ва виждоний англашга соҳиб кишилар. Аммо улардаги бу ҳол ҳам унча узоқ чўзилмаскан. Учинчи гуруҳ, вужудий ва жисмоний борлиқ зулматидан халос бўлиб руҳоният оламига юксалган ва ҳаёт ҳодисотларини шу юксакликдан туриб талқин қилишга қодир зотлар. Аттор кўзлаган бош мақсад ва идеал ҳам аслида мана шу бўлган.

Бир сафар чоғида машҳур шайх Иброҳим Хаввоснинг ётадиган тўшагида чаён ўрмалаб қолибди. Буни кўриб сафардошларидан бири чаённи ўлдиришга чоғланганида, Иброҳим Хаввос унга “Тўхта! Ўлдирма уни. Ҳамма нарса бизга муҳтождир, биз эса ҳеч нимага муҳтож эмасмиз”, деган экан. Бунақа холислик мақомини эгаллаш учун ранжу риёзатдан ташқари, инсонда валийлик салоҳияти ҳам бўлиши лозим. Агар бу нарса инобатга олинмаса, Атторнинг фано таърифидаги фикрларини англаш нари турсин, қуйидаги сингари сўзларидан нотўғри хулоса чиқарилиши муқаррардир:

Ҳама ҳечдир, фанодир, чанг, кукундир,

Ҳама тилсимга ўхшаб юз тугундир.

Хаёлдир улки билдинг, ҳайрат этдинг,

Садодир улки оламда эшитдинг...

Бу ваҳм ва хаёл чангалидан инсон халос бўлиб биладими? Билади, фақат пайғамбар, улуғ шайхлар таълимотини сидқи дилдин ўрганиб, ўзлаштира олса, дейди Аттор. Ва барча сўфий ва мутасаввифларни бир хилда қизиқтирган ҳадисларга амал қилишни тавсия этади.

“Ўлмасдан бурун ўлинг!” ҳадисининг мухтасар мазмуни – маънавий ҳаётда ўлмайин десанг, кофир нафсингни забун қил, яъни: “Эшак бил нафсни, унга банда бўлма, Тириклик кўйида шарманда бўлма”, деганидир. Шу боисдан ҳам Аттор:

Агар ўлмасдин олдинроқ ўларсен,

Ҳисобсиз фойдага ноил бўларсен,

деб ёзади. Буюк шайхларнинг тажрибаларини эса ўрнак ҳисоблайди:

Азизларким жаҳонда бор эмишлар,

Улар ўз нафсидан безор эмишлар.

Уларким урмади нафс йўлида гом,

Йироқ эрди улардин айшу ором...

Биз нафс ва нафсга қарши кураш хусусида кўп гапирамиз-у, аммо бу ишнинг нақадар оғирлиги ва натижасини етарлича тасаввур ҳам этолмаймиз.

Абу Наср Саррожга кўра, “Нафс муҳтож ўлароқ яратилмишдир. У фақирликни асло хушламайди... Нафс бойликни севади. Бой-бадавлатлик кибру ҳавога ҳам мувофиқ келади. Чунки бойлик “ҳузуз”, яъни лаззатланиш туридандир”.

Тасаввуф аҳли беқиёс нафсшунос бўлгани каби, дунёнинг турли-туман ҳоллари, ҳаво ва ҳавас найранглари, нафснинг яширин орзуларидаги тубанлик, ёмонлик ва ўткинчи лаззатларини чуқур билгувчилардир. Уларнинг эътиқоди бўйича, нафсга қарши жанг ва уни поклашдан кўзда тутилган асосий муддао ёки натижа кашф ва илҳом эди. Боязид Бистомий нафс мужоадаласи ниҳоясида кашфга қандай етишганлигини изоҳлаб дейди: “Ўн икки йил нафсимга қўриқбонлик қилдим. Беш йил ўз қалбимнинг ойнаси бўлдим. Бир йил мобайнида шу иккиси орасидаги нарсага қараб юрдим. Сўнгра ботинимда бир зуннор кўрдим. Ўн икки йил шу зуннорни кесишга куч сарфладим. Уни қандай кесиб ташлашни англагач, менда кашф пайдо бўлди. Шунда одамларга назар ташладим ва барчасини ўлик кўрдим”. Бистомий айтган “зуннор” алдамчи дунё билан боғланиш ва алоқа, уни узиб ташлашга уриниш – мужоҳада, кашфдан сўнг одамларни ўлик аҳволда кўриш эса, “дунёпараст ножинслардан” робитани тамоман кесиш. Акс ҳолда, ҳақ ва ҳақиқатга доир ҳар қанақа гап нисбий ёки алдам-қалдам бўлиб қолаверади.

Абу Ҳафс Шаҳобиддин Умар Сухравардийнинг эътирофича, “Сўфийлар бошқа мусулмонлар орасида Расулуллоҳга том маъноси ила садоқат кўрсатишга муваффақ бўлган кимсалардир. Чунки улар, Пайғамбарнинг сўзларига қайтсиз бўйин эгганларидек, унинг амрларини ҳарф-ҳарфигача бажо қилганлар”. Бу фикр Атторга ҳам тегишли. У ҳақшуносликнинг тамали – ҳақни-ҳақ, ботилни-ботил сифати ва шаклида кўришни Пайғамбардан ўрганиш зарурлигини таъкидлайди:

Кўринса нарсаларнинг асли ҳоли,

Не эрди Мустафонинг ул саволи?

Деди у юзланиб Ҳақ сори: Эй Ҳақ,

Менга ҳар нарсани аслича кўрсат...

Одам боласи ҳар нарсани қандоқ бўлса, худди шундай тарзда кўриб, билганида эди, дунё аллақачон ҳақиқат ва диёнат, тинчлик ва ҳуррамлик кошонасига айланарди. Шунингдек, фикр, тушунча, ақида торта-тортлари-ю, ғавғолари ҳам кескин барҳам топарди. Мана шунда инсон ўткинчи орзу-ҳавас, беҳуда ва бетайин ташвишларга умрини камроқ қурбон этарди.

“Асрорнома” инсон моҳияти сирларини бадиий талқин қилишга бағишланган асар, яъни ирфон китоби. Ундаги деярли ҳар бир калима, ҳар бир фикр ва ифода Ўзлик, ўзни англаш, “Мен”лик изтиробини теранлаштириш истаги меҳварида айланади. Одам шахсиятига Аттор наинки башарий, балки илоҳий қудрат манбаи деб қарайди. Унингча, кўнглида ишқ ва маърифат чарақлаган инсоннинг Ҳақдан ўзга ҳеч ким ва ҳеч нарсага таслим бўлишга ҳаққи йўқ. Зеро, инсон эрки ва ҳуқуқининг таянч нуқтаси ҳам шудир. Одам агар ўзига ўзи маърифатсизлик, ҳайвонлик ва шайтонликни раво кўрмаса, бошқа биров уни ҳирс ва манфаат маҳбуси, тубанлик ё жаҳолат малайига айлантиролмайди. Нафсини у қўрқита билмагани сабаб зўравонлик ва ўлимдан қўрқиб-қақшайди, ботинидаги “ганжи ниҳон”ни тополмаганидан зоҳирий бойлик ғамида ўзини дару деворга уради. Нимага эришди, нимани йўқотди, заволи нима, камоли не – ғофил, гумроҳ банда буларни очиқ-ойдин сарҳисоб этолмайди. Натижада, умр кундан-кун рўёга дўнади. Ғафлат пардалари кўпайиб, қалинлашади. Ҳақ, ҳақиқат, дин, диёнат, юрт, миллат- ҳамма-ҳаммаси амалдан айри гап – қуруқ иддао бўлиб қолади. Бу ҳолатларни Аттор мантиқий-психологик бир узвийликда таҳлил қилар экан, улардан қутулиш – вужуд “зиндони”дан озод бўлиш чораларини ҳам асослаб беради:

Ўзинг ганжсен, вале кон ичра маҳбус,

Ўзинг жонсен, вале тан ичра маҳбус.

Палидлик, гушналик бирлан адосен,

Вале билгаймусен, кимдан жудосен?

Албатта, Ҳақдан. Шоир “Илоҳийнома”да Ҳақни эслашни ўзни эслаш билан тенг қўяди: “Уни ёд айласанг ҳар лаҳза, эй қул, Ўзингни ҳар нафас ёд этганинг ул”. “Мусибатнома”да эса:

Холиқо, то ин сагам дар ботин аст,

Роҳи чонам сўи ту ноэмин аст,

яъни: Холиқо, токи бу итим ботинимда экан, Сен томонга элтадиган жонимнинг йўли таҳликалидир, дейди.

V

Аттор – ишқ ва ирфон, хаёл ва ҳуррият шоири. Ишқ, илоҳиёт, руҳоният сирларини ёритиш – Аттор учун энг муҳими ва қизиқарлиси ана шу. Бу дегани – Аттор воқеликдан ажралиб, ҳаёт ва турмуш муаммоларидан ҳеч баҳс юритмаган дегани эмас, албатта. Қай шоирки, инсон ҳақида ўйлаб, унинг дарди билан куйиб-ёндими, демак, у зарур нарсани ўйлайди. Фақат буни ҳамма ҳам билолмаслиги ёки фаҳмламаслиги мумкин. Аттор “Хусравнома”да қизиқ бир гапни айтади: “Ба маъни нав кун ин чони кўҳанро” – “Маъни ила бу эски жонни янгила”. Шоир маънони куч-қувватига шунчалик ишонган ва уни покизалаштирганидан фахрланган: “Маонй гуфтаму покиза гуфтам”. “Асрорнома”нинг йигирма биринчи мақоласидаги сўзлар бошдан-оёқ онг ва ахлоқни тозалашга сафарбар этилган деса, хато бўлмас. Ундаги асосий фикрлар: куйган бандага ҳеч адоват қилмаслик; ҳасад ва хусуматдан халос бўлиш; дўст танлашда адашмаслик; гўл ва нодон кимсалар билан ҳеч улфат бўлмаслик; ҳовлиқмалик ва шаҳватдан сақланиш; тил ва сир одобини билиш; синовдан ўтган одамга шубҳа билан қарамаслик; бошқаларга беҳуда дашном бермаслик; ҳар турли тортишув ва талашувларга бош қўшмасдан иш билан шуғулланиш кабилардан иборат. Шоир ҳатто таом ейиш одобини ҳам назардан четда қолдирмайди:

Таомга ружу қилма, гар эсанг эр,

Таомни сен емайсан, ул сени ер...

Баъзи бировлар сўфий ё мутасаввиф ижодкор деганда оёғи ердан узилган, самовий туйғуларга тутқун, оддий инсоний ҳақиқатларни ҳеч назарга илмайдиган қаламкаш қиёфасини тасаввур қилишади. Аслида эса ҳаммаси ўзгача. Сўфийман деб ота-онадан меҳр риштасини узиб бўладими? Ёр ишқидан маҳрум кимсанинг Ҳақ дардида ўртанишида бир ноқислик ва маҳдудлик акс этмайдими?

Аттор “Асрорнома”нинг охирида ота-онасини хотирлайди ва шуларнинг дуоси шарофатидан мени суягил, дея Оллоҳга ёлворади:

Агар бўйнимда кўп айбу гуноҳдир,

Улар этган дуо менга паноҳдир.

Худойим, кўрдинг икки бериёни,

Уларни деб суя мен бенавони.

Ривоятга кўра, Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) Мадинанинг бир маҳалласида асҳоблари билан кезиб юрганда, бир аёл келиб, у кишини уйига таклиф қилибди. Сарвари коинот ичкари киргач, олов ёнаётган ўчоқ ва унинг атрофида ўйнаб юришган болаларни кўрибдилар. Аёл эса Пайғамбардан сўрабди:

Эй Оллоҳнинг расули. Парвардигори олам қулларига марҳаматлими ёки мен болаларимгами?

Албатта, Оллоҳ марҳаматли, – дебдилар Расулуллоҳ.

Аёл яна сўрабди:

Болаларимни мен ҳеч вақт оташга ташлашни истамайман. Оллоҳ шу қадар марҳаматли бўлса, унда қулларини нечун оташга ташлар?

Бу воқеани ҳикоя қилган саҳоба сўз охирида: “Пайғамбар йиғладилар ва айтдиларки: “Менга ҳам шундай ваҳий этилган эди”, – деган экан.

Онанинг фарзанд ҳаёти ва тақдиридаги марҳамати, илоҳий мавқеини бундан ошириб таърифлаш қийин. Гап шундаки, Аттор ҳам онасини қарийб ана шу даражада шарафлайди, ёши олтмишни қоралаганига қарамай, онасини эслаб, тасалли топади:

Маро гар буд унсе дар замона,

Ба модар буду ў рафт аз миёна...

Агарчи анкабуте нотавон буд,

Ва лекин бар сари ман пилбон буд.

На чандон аст бар чонам ғами ў,

Ки битвон кард ҳаргиз мотами ў?!..

Чу маҳрам нест ин ғам, ба кй гўям,

Маро ў буд маҳрам, бо ки гўям?!

Мазмуни: Агар менга бир замон энг яқин киши бўлган бўлса – у онам эди. Мана у ҳам дунёни ташлаб кетди. Гарчи у чумолидай кучсиз кўринса ҳам, менинг бошимдаги филбоним эди. Унинг ғами ила жоним қанча тўла бўлмасин, ҳамон мотамидан ажралолмайди. Бу ғам-ҳасратни кимга очай? Кўнгилга яқин киши йўқ. Менинг маҳрамим фақат онам эди – ахир бошқа кимни тилга олай?!

Шайх Санъон образи орқали, қайси бир маънода Аттор ўз ишқи ва тақдирини ҳикоя қилганлигини билиш ҳам мароқлидир.

Атторшуносликда ёзилишича, мўғул лашкарлари Эрон сарҳадларига яқинлашиб қолганда, Атторнинг отаси Иброҳим бин Исҳоқ ўғлининг ҳаётини хавф-хатардан омон сақлаш мақсадида бир ҳинд тужжори билан уни Ҳиндистонга жўнатади. Атторни у Панжобга олиб бориб, Пирони Розий деган бир олим ва табиб қўлига топширади. Илк учрашувдаёқ Розий унга шундай дейди; “Ўғлим, Оллоҳ бирор нарсани ҳам беҳуда яратмаганига инонмоқ зарур. Одамзот, ҳайвонот, набототни Оллоҳ яратган ва ҳар бирининг ўз хусусияти, сир-асрори бор. Инсоннинг ҳунари ана шу сирларни очиш, алоҳида илм ўлароқ ўша хусусият ва фазилатларни ҳаётга тадбиқ қилмоғи жоиз”.

Бу сўзлар бир умрга Атторнинг хотирасида ўранишиб қолганди. У маълум бир муддат Пирони Розий қўлида таҳсил кўргач, ватанига қайтишга тайёрланади. Шунда кутилмаган воқеа рўй беради: Аттор бир дўконда Аҳди Жаҳон номли гўзал бир санамни учратиб, уни севиб қолади. Ва Эронга қайтиш ниятидан кечади. Хуллас, оташпарастлик динига мансуб бўлган шу қизга у уйланиб, анча вақт Панжобда яшайди. Бу албатта, мусулмонлар ҳаётида учрайдиган сийрак ҳодиса эди. Шунинг учун ёш келин-куёвни ота-она, қариндош-уруғ қандай кутиб олгани ва шоирнинг юртдошлари ўртасида қандоқ гап-сўзлар қўзғалганини тасаввур этиш қийин эмас. Шак-шубҳа йўқки, ўшанда кимлардир Аттор севгисини қоралаган, бировлар унга таъна-маломат тошларини отган, бошқа бир тоифа кимсалар эса уни кофирликда айблашган. Балки булар Аҳди Жаҳон хонимнинг қалбига қаттиқ озор етказгандир. Балки эрининг табиатидаги қатият ва содиқлик янада нурланганини кўриб қувончига қувонч қўшилгандир. Нима бўлмасин ва нималар дейилмасин, Аттор Шайх Санъонга ўхшаб чин ошиқлик тариқидан чекинмаган. Ишқ унинг бутун борлиғига куч-қувват бағишлаган. Ишқ-муҳаббат – бу, мағлублкидаги ғолиблик, шикасталикдаги бутунлик эканини ошиқ шоир чуқур англаган:

Кимда дард эрса, у дармон топмасин,

Кимки дармон истаса, жон топмасин...

Ким бу сўзни жонига этмас ҳабиб,

Унга етмас ишқ тарийқидин насиб.

Хуллас, ғавғолар тинчиб, фисқу фужурлар тўхтайди. Аҳди Жаҳоннинг билими, ғайрати, фаҳм-фаросатига кўпчилик тан беради. Атторга у бир ўғил ва бир қиз туғиб беради. Лекин оила, бола-чақа ташвиши билан ўралашиб қолмасликни ўйлаб отаси Атторни хонақоҳда яшашга юборади. Атторга у ерда яшаш маъқул келмайди ва кўп ўтмай оиласига қайтади. Орадан беш йил ўтгач, тақдир унга ўзининг иккинчи – жуда шафқатсиз қиёфасини очади. Хотини оғир хасталикка йўлиқиб, 1145 йилда вафот этади. Бу – Аттор учун кутиламган зарба ва сўнгсиз айрилиқ эди. Шу мусибатдан кейин шоирнинг соғлиги ёмонлашади. Ҳаётга қараши ҳам, ижод йўналиши ҳам кескин ўзгаради. Энди у нажот ва тасаллини тасаввуфдан ахтаради. Отасининг кўрсатмаси билан машҳур шайхлар даргоҳига боради. Шундай қилиб, Аттор олам ва одам қисмати сирларни Ҳақ ишқи ила мушоҳада қилишга қодир беқиёс санъаткор даржасига кўтарилади. У тафаккурнинг энг қийин ва ўзни англашнинг энг машаққатли йўлини танлаган, рост гапни ҳам аввало ўзи ҳақида айта олган эди:

На марди хирқамен, на марди зуннор,

Гаҳи масжид, гаҳи дайр ичра мен зор.

Ўзим киммен, анов ким, бехабармен,

Яна яхши, ёмон ким, бехабармен.

Неча пуч нарсаларга, во дариғким,

Совурдим, сарфлдим умри азизим...

Сочим оппоқ оқарди, кўр сифотим,

Ҳамон ҳирс ичрадирмен, йўқ нажотим...

“Ба умри хеш мадҳи кас нагуфтам” – “Ўз умримда бирор бир кимсани мадҳ этмадим”, дейди Аттор. Дарвоқе, у ҳеч бир шоҳ ё султон ҳузурига бўйин эгиб, қасидаю мадҳиялар тўқимаган. Бойлик тўплашни ўйламган. Шон-шуҳрат ортидан қувмаган. Мунофиқлик, риё, хушомаднинг ҳар қандай туридан умр бўйи ҳазар қилган. Хоксор ва қаноат ила яшаган. Шундай одамки, “Ҳамон ҳирс ичрадирмен, йўқ нажотим”, деб ҳасратга берилгандан кейин ўзгаларнинг кишилигини кўз олдингизга келтираверинг...

VI

Фаридуддин Аттор моҳир ва беназир ҳикоятнавис. Тасаввуф адабиётида у ҳикоят, ривоят мавқени баланд кўтарган ижодкор эди. Буюк шоирнинг қайси асарнинг ўқиманг, гўё ҳикоятлар бўстонида сайр этиб, ҳикмат ва донишмандлик атридан ақл-идрокни яйратасиз. Ҳар бир ҳикоятда бир маъно, ҳар бир маънода бир гўзал оҳанг, ёрқин ранг, руҳий тароват. Тасвир ва таъсир йўллари ҳам ҳар хил. Ҳикоятни ҳикоятга боғловчи “ҳалқа”лар, “қиссадан ҳисса” чиқариш усуллари ҳам бўлакча. Зўриқиш, зериктириш, сунъийлик, атайинлик йўқ. Ҳикоят ортидан ҳикоят худди муҳташам хотира чашмасидан оқиб-қайнаб чиқаётганга ўхшайди. Шоир эса бу ҳолатга етгунча дин, ахлоқ ва тасаввуфга доир неча юзлаб китобларни кўриб, варақлаб чиққан; халқ оғзаки ижодиёти хазинаси билан такрор-такрор қизиққан. “Асрорнома”даги ҳикоятлар тўғрисида, афсуски, кенгроқ тўхталиш имкони йўқлиги учун биз улардан фақат биттасига диққатни қаратмоқчимиз.

Оддий халққа бирор бир нимани тушунтириш, шу орқали ўзини билишга рағбатлантириш енгил иш эмас. Шунинг учун фақат мутасаввиф шоирлармас, олим файласуфлар ҳам фикр-мулоҳазаларини оммага қандай етказиш масаласини назардан соқит қилмаганлар. Масалан, машҳур файласуф Ибн Рушд икки турли сўзлашувни, яъни халққа бошқа, закий, қобилиятли ва билимдон олимларга бошқа тарзда гапиришни бир ақидага айлантирган. Умумий фикр-қарашларини билолмаганлар, баъзан унга бутунлай нотўғри муносабатда бўлишган. Бундан эса у ҳеч ажабланмаган ва халққа имон талқинчиси, зиёли, савияси юқори кишиларга мутафаккир қиёфасида сўзлашда давом этаверган. Умуман, Ибн Рушднинг дин фалсафасида у ёки бу маънони тамсил ила англатиш ва мисол келтириш жуда муҳим ўрин тутган. Унга кўра, “халқ назарий, мавҳум тушунчаларни англашга қодир эмас... Мавжуд бўлган ҳар бир нарсани халқу халойиқ туйғулар ила идрок этиладиган борлиқлар шаклида тасаввур ва тахаюл қилур. Шунинг учун, моддий бўлмаган борлиқларни халққа мисол воситасида ва тамсилий суратда ифодалаш шартдир”[2]. Унингча, сўфийлар танлаган йўл ҳам назарий бўлмасдан, нафс ва қалбга асосланган. Бу фикрнинг тўғрилигини “Асрорнома”даги катта-кичик – деярли ҳар бир ҳикоят тўла тасдиқлайди. Буни билиш ва хатосиз тасаввур айлаш учун эса “Ҳақиқий сўфий ким?” деган савол жавобида адашмаслик керак. Чунки Абдураззоқ Кошоний таъриф берганидек, “сўфий қалби тубдан покланган, фикр ила тўлган… олтин ила тошни теппа-тенг кўргувчи зотдир… Сўфий икки гўзал ҳол ёки иш қаршисида энг гўзалини амалга оширгувчи одам эрур. У кирлардан тозаланган ахлоқ эгаси…. Шу учун у ҳақда “Сўфий барча чиркин хулқлардан тозаланиб, тубанликлардан қутулгани ва гўзал хўйлар ила безангани туфайли сўфий дея исмлантирилмишдир”, дейилган. Масалага конкретроқ нигоҳ ташланса, чин сўфий ва сўфийликни қоралаш ва айблаш – гўзаллик, латифлик ҳис-туйғуларини инсонга раво кўрмаслик, нафс ботқоғига ботиб-булғаниб яшашни қўллаб-қувватлаш, ҳайвоний ва шайтоний майллар ривожига хайрихоҳ бўлиш дейишга тўғри келади.

Холис ақл ила бир ўйланг: хаста ва мажруҳ одам ўзи истаган ёки орзу қилган нарсаларни ўрганиб биладими? Билмайди. Негаки, касаллик яхши таҳсил йўлидаги тўсиқдир. Руҳий ва ахлоқий беморликдаги аҳвол ҳам худди шундай. Ҳавойи, демакки, ўткинчи завқу сафо билан кун кечирган, шодлик ва хурсандликни маслак даражасига кўтарган, нафсоний орзу-истакларини қондирмоқ учун жонини жабборга берган кимса, албатта, ахлоқан хаста, руҳан касалдир. Уни даволмасдан туриб билимли қилиш ёки таҳсил кўришга шароит яратиш бесамар уриниш эрур. Шу учун сўфийлар адаб, тарбия, тазкия ва тасфия йўли билан аввал ички – нафс, қалб, руҳ хасталикларини даволаб, ана ундан сўнг одамларни билимли қилиш зарур деб ҳисоблашган. Аттор эса бу жиҳатдан ақлни танг аҳволга соладиган даражада илгарилагандир. Мен ҳамиша бир нарсага ҳайрон қолиб юрардим: баъзи кимсалар бор, умр бўйи илм ва ижод билан шуғулланишади. Лекин жонини иши сиққандай, гоҳо ёзғиради, гоҳ кимнидир янчиб-ютиб юборгиси келади. Баъазн оғзидан ҳасад, адоват тутунидан бошқа бир нима чиқмайди. Хуллас, табиатида на илм, на ижоднинг заррача ҳам ижобий таъсири сезилмайди. Бунинг сири нима? Бу саволга ўзимча жавоб топгандай эдим. Аммо Атторнинг фаррош ҳақидаги ҳикоятини ўқиб, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бир ғалати бўлиб кетдим.

Кунлардан бир куни фаррош атторлик дўкони сари йўл олади. Дўконга кириб боргач, ажиб ҳодиса юз беради: мушку анбар ҳиди бурнига урилиши замон у бехуш бўлиб йиқилади. Бундан чўчиб кетган шўрлик аттор дарҳол гулоб олиб келади, уд тутатади. Фаррошнинг аҳволи баттар бўлади. Яна нима ёрдам кўрсатишни билмай аттор довдираб турганда, қаёндандир ўзга бир фаррош етиб келади-да, касбдошининг бурнига нажосат суркайди.

Қарангки:

Нажосатнинг ҳиди урган замони,

Кўзини очди фаррош, кирди жони.

Шоир ушбу воқеадан хулоса чиқариб дейди:

Кишиким этди бадбўйликка одат,

Анга нохуш эрур атру тароват.

Агар мушк атрини олса димоғи,

Кўнгилда шу замон сўнгай чароғи.

Басе ахлат уйидир нафси носоз,

Камайтар гоҳ киши, гоҳ тўлдирар боз.

Агар жиндак етишса бўйи асрор,

Кетиб ҳушдин, йиқилгай ул нигунсор.

Шу ҳикоятни ўқигунча, гўзаллик ва нафосат кимларгадир нега ҳалокатли таъсир ўтказиши-ю, нима учун уларнинг ҳеч бир гўзал, кўркам нарсадан завқланолмасликларининг туб сабабини мен бунчалик аниқ билмасдим. Демак, гўзалликнинг мадад ва ҳимояга муҳтожлиги бежиз эмас экан. “Оламни гўзаллик қутқазади” деган гапни ҳам иштибоҳсиз қабул қилинадиган гап деб бўлмас экан, Атторнинг “Эй инсон, ўз нафсинг, чиркин табиатинг фарроши бўл” деган даъватида сир ва ҳикмат кўп экан.

VII

Хожа Аҳмад Яссавий адабий меросини ўқиб-ўрганмай, Аттор, Румий, Саноий сингари мутасаввифлар ижодиёти билан танишмай мумтоз адабиёт мутахассиман деб юрган пайтларни эсласам, кўксимга хижолат пичоғи санчилгандай бўлади. Дин ва тасаввуф хусусида-ку, гапиришга ҳам ҳожат йўқ. Инсон онгида бир бузғунлик ва иллат пайдо этилса, унинг дили, идроки, тили ҳам соғ қолмас, энг ёмони, билмаганни – билгандай, тушунмаганни – тушунгандай бўлиб вағиллаб юравераркан. Маънавий ҳаётда эришганимиздан кўра, эришилмаган ва бой берилгани кўпроқ эканини мустақилликдан буён кундан-кунга ойдинроқ англаётирмиз. Тасаввуф адабиёти намуналарига иштиқёнинг ортиши шу ҳолат билан ҳам боғлиқ деб ўйлайман. Мана, Аттор асарларини олайлик. Учта китоби ўзбекчага таржима қилиниб нашр этилди. “Мантиқут тайр” ва “Илоҳийнома”, адади унча кўп бўлмаса ҳамки, ҳар қалай ўқувчиларини топди, дейиш мумкин. Тил ва адабиёт институтида ўтказилган “Илоҳийнома”нинг тақдимот йиғинида мумтоз адабиёт бўлими номидан Атторнинг “Асрорнома”сини ҳам таржима қилишни Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолдан илтимос қилган эдик... Шоир бу ишни ғайрат ва илҳом ила охирига етказди. Аттор ижодиёти муҳиблари номидан таржимонга миннатдорлик билдирамиз.

Аслият билан таржимани мен қиёслаб ўқиб чиқдим. Маъно ва ифодада нуқсонли туюлган байтларни белгилаб, таржимонга кўрсатдим. Қайта кўздан кечирилиб, улар сайқал топди. Бизнингча, Аттор сўзларининг руҳи, фикрларининг ёлқини, тасвирдаги таъсирчанлик ўзбекчада ҳам сусаймаган.

Ҳақиқат чист? Пеш андиш будан

З-худ бигузштану бо хеш будан.

Бу байт:

Ҳақиқат не? Тафаккурга тўлиш ул,

Кечиб ўздин, ўзинг бирлан бўлиш ул –

тарзида ўзбекчалаштирилганки, бунда бирор бир иштибоҳ ё эътирозга ҳожат сезилмайди. Ўзга исталган байтни олиб қиёсланг, қаноат ортаверади.

Шайх Аттор “Асрорнома”ни шундай мисралар ила тугатади:

Сухан бо дардтар з-ин касе надийдаст,

К-з-ин ҳар байт хуне мечакидаст.

Яъни:

Бу янглиғ дарду сўз кўрмишми инсон,

Ки ҳар бир байтидин хун томчилар, қон...

Асарни она тилида ўқиган ўзбек китобхони бу гапнинг ҳақлигига ишонади ва шоир дардига бир умр ҳамдард бўлиб қолади. Бизнингча, таржиманинг энг муҳим ютуғи ҳам ана шундан иборат.

 



[1] Сулаймон Хайри Булай. Фалсафа таълимотлари ва истилоҳлари сўзлиги. Анқара, 2004. 204-206-бет.

[2] Ибн Рушд. Фалсафа ва дин алоқалари. Истанбул, 2004. 28-29-бет.