Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Устозимнинг дўсти
Facebook
Устозимнинг дўсти PDF Босма E-mail

Маҳмуд ака ҳақида гап кетганда энг аввал хаёлимга бу одамнинг қолипларга сиғмаслиги, устозим Бегали Қосимов билан дўст, даврадош, маслакдош экани келади. Кейин, у мансуб авлоднинг ХХ аср ўзбек адабиётида ўзига хос ўрнига эга, том маънодаги “авлод” бўлганини қалбан эътироф этаман. Воқеан, юз йилликлар табиати башариятга тақдим этган авлодлари билан белгиланади.  60-йиллар авлоди эса ўтган аср адабиёт дунёсида наср, назм, таржима, адабиётшунослик соҳаларидаги ютуқлари билан ўчмас из қолдира олган авлодлар сирасига киради.
Бу авлоднинг том маънодаги вакили бўлмиш Маҳмуд Саъдий на шоир, на ёзувчи, на таржимон, на олим. Кўпчилик уни, матбуотда ишлагани боисмикан, яхши публицист, ўткир муҳаррир сифатида танийди. Аслида у публицист ҳам, муҳаррир ҳам эмас. Агар у саналган соҳаларнинг бирортасига мансуб бўлса эди ундан яхши шоир, истеъдодли ёзувчи, моҳир таржимон ёҳуд кенг қамровли олим чиқиши мумкин бўларди. Аммо зинҳор Маҳмуд Саъдий деган универсал одам чиқмас, у ўзининг асл миссиясини бажара олмасди.
Хўш, Маҳмуд Саъдий менинг назаримда ким ўзи?  Унинг 60-йиллар авлоди аро ўрни қандай? Адабий, маънавий жараёндаги хизмати нимада? Ниҳоят, у нимаси билан универсал одам номига муносиб?
Аввало, Маҳмуд Саъдийда фақат чин ижодкорлардагина учрайдиган бир фазилат бор. Бу фазилат унинг қуюшқондан ташқари сўзлари, одамга тикандек ботадиган киноя ва қочиримлари, бетга айтиладиган заҳар шимдирилган ҳақиқатлари қуршовида ҳам жозиба касб этаверадики, бунга моҳир талқинчи ақл ҳам кўпда лол қолади. Ижодкорнинг тортиш кучи ҳақида кўпчилик билади. Бу куч бамисоли сайёраларни жипс ушлаб турган қуёшдек ижод аҳлини-ю ижодга даъвогарларни маълум радиусда жамлайди. Маҳмуд Саъдийда мен илғаган илк фазилат шу. Далил унинг атрофидан сира одам аримаслиги. Гоҳ чала қолган мақола, гоҳ бирор китоб, гоҳ маслаҳат, гоҳ баҳс-мунозара бунга баҳона. Маҳмуд Саъдий адабий жараённинг исталган даври хусусида ( гаплашишга кучи етадиган) исталган одам билан соатлаб гаплаша олади. Энг қизиғи, бу суҳбат туфайли ҳосил бўлгич манфаат аксарият бир томонлама - Маҳмуд Саъдий суҳбатдошига йўналган бўлади. Лекин Маҳмуд ака буни билиб билмаганга олади. Натижада тама ва худбинликнинг қўлларига кишан солинади. Суҳбатдош ғурури озор кўрмайди, у ўзини аввалгидан ҳам улуғворроқ, донороқ сеза бошлайди. Шунинг учун бўлса керак, Маҳмуд Саъдийга шундай суҳбатдошлар томонидан берилган “устоз” куняси унинг сермашаққат йўлини эҳтиром нақшлари билан безашга эмас, шогирдлар кўнглига таскин уруғларини қадашга хизмат қилади.
Маҳмуд Саъдий шоир эмас, аммо у шеърият деган бебошвоқ бир оқим феълини яхши билади. Лойиқ бўлса, бу оқимни фойдали ўзанга солишгада қурби етади. Маҳмуд Саъдий ёзувчи эмас, лекин наср аталмиш серсалобат карвоннинг нима юклаб кетаётганини, қай манзил томон йўл тутганини яхши англайди. Уни йўл хатаридан огоҳ этишни ҳам эплайди. Маҳмуд Саъдий таржимон эмас, бироқ “Она тилини яхши билади”, деган сифат унга қарата айтилса, бу ибора мантиқли, маъноли жаранглайди. Чунки Маҳмуд Саъдий гап сингари инжиқ, сўз каби хасис, тиниш белгиларидек қаттиққўл одам.
У бирор гуманитар институтнинг раҳбари эмас. Илло, адабиёт, маънавиятнинг ўзак муаммолари Саъдий ҳаётининг мазмуни. Маҳмуд Саъдий - адабий жараён, адабиёт тарихи, адабиёт назариясига доир жиддий рукнларнинг идеологи ва амалиётчиси. Унинг “ХХ аср романи”, “Бадиият ва назария”, “Ёшлар шеърияти”, “Китобингизни ўқидим”, “Доимий ҳамроҳ”, “Аслиятдан таржима”, “Мангу асар” сингари адабиётшунослик, таржимачилик ва таржимашуносликка доир ўнлаб рукнлари фақат матбуот, публицистиканинг эмас, миллий этика ва эстетика манфаатини кўзлаган, том маънодаги кашфиёт даражасидаги рукнлардир. Унинг матбаачилик фаолияти доирасида адабиёт манфаати миллат манфаати билан бирикиб кетади.
Маҳмуд Саъдий кимларнингдир назарида тартиббузар ходимга ўхшаб кўриниши мумкин. Илло бу  -  алдамчи таассурот. Чунки у ҳеч қандай ходим ҳам, хизматчи ҳам эмас, том маънодаги ижодкор. Кунига саккиз соат ишлайдиган матбуот ходимларидан фарқли равишда Маҳмуд Саъдий йигирма тўрт соат ишлайди. Зеро, чин ижодкорнинг қисмати шу. У тўйда ҳам, азада ҳам, таътил, уйқу ва тушлик пайтида ҳам ишлашга маҳкум. Росмана раҳбарнинг қисматига битилмиш югур-югурлар эса бундай изтироб саодатига имкон беравермайди.
Маҳмуд Саъдий исталган газета ёки журнални гуллатадиган раҳбар ҳам бўлиши мумкин эди. У ҳолда асло (яна ўша гап) чинакам Маҳмуд Саъдий бўлолмасди. Ҳамма бош муҳаррирларга ўхшаш бир раҳбар бўларди, вассалом. Шундай бўлганда унинг аҳли аёли, фарзандлари турмуш фаравонлиги жиҳатидан ютиши мумкин эди. Лекин адабий жараён ҳам, адабиёт ҳам кўп нарсани бой берган бўларди. Зотан, Маҳмуд Саъдийнинг аввалида “бош” сўзи бўлмаган “муҳаррир” унвони айнан адабиёт фойдасига ишлайди. Маҳмуд Саъдий муаллифлар услубидаги эга-кесим, нуқта-вергулларни эмас, фикр ва ритмни таҳрир қила оладиган муҳаррир. Холис гап шуки, бундай муҳаррирлар ҳар куни туғилавермайди. Туғилгани ҳам матбуот канонлари сиқувидан камдан-кам ҳоллардагина омон қолади. Шу боис ҳам, Маҳмуд Саъдий бугунги кунда “Таҳрир назарияси” ҳақида асар ёзиши мумкин бўлган ноёб мутахассис. (Айни пайтда, ушбу жумлаларни ёзаётиб, унинг бу борада билганлари муайян қолипга тушармикан, деган истиҳола ҳам йўқ эмас.)
Менимча, Маҳмуд Саъдийнинг мақола ва тадқиқотлари, энг яхши асарлари абстракт потенция сифатида унинг ботинида яшамоқда. Ҳали ёш пайтида “Теран томирлар” номи билан нашр этилган, катта ижодкорлар эътиборига тушган адабий жараёнга оид китоби ўша – абстракт потенциянинг учқуни эди, десак унчалик хато бўлмайди.
Ижодий қувватини ботинда сақлаш борасида у 60-йиллар авлоди орасида рекордга эришди. Айнан шу боис ҳам, менимча, Маҳмуд Саъдий аталмиш универсал одам мақомига эга бўлди. Яна бир томони Маҳмуд Саъдий ҳаётни, турмушнинг аччиқ-чучугини татиган, яхши билган одам. У кўп ижодкорлар қилмаган ишни қилиб кўрган. Масалан, эксковаторчи бўлгани ҳақида аниқ далилларим бор. Қолаверса, Маҳмуд Саъдий ўз авлодининг кўпчиликка қоронғу яхши ва ёмон тарафлари, сир-синоатлари ҳақида ҳам қомусий билимга эга. Бу эса универсал сифатини безаса безайдики, сира пасайтирмайди.
Зиёлининг қадр-қиммати ўзи мансуб миллат ва авлод маънавиятига нима қўшгани билан белгиланади. Бу жиҳатдан, бугун 70 ни қоралаган домла Маҳмуд Саъдийнинг мақоми аниқ. У нафақат илмий-адабий, маънавий-маърифий жараённинг фаол иштирокчиси, балки чин маънодаги устоз, адиб номига муносиб шахсдир.

Узоқ Жўрақулов