Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Иззат Султон ҳақида
Facebook
Иззат Султон ҳақида PDF Босма E-mail

Ҳар бир инсон ўз ҳаёти давомида талайгина ажойиб замондошлар билан учрашиб, улар билими, маданияти ва руҳий оламидан баҳраманд бўлиб яшайди. Биз шундай кишилар билан учрашиш, улар билан мулоқотда бўлиш, улардан ибрат олиш жараёнида шахс сифатида, бирор соҳанинг мутахассиси сифатида шаклланиб борамиз. Ўйлайманки, ўтган асрнинг эллигинчи-олтмишинчи йилларида адабиёт майдонига кириб келган бир гуруҳ ёшлар учун  атоқли адабиётшунос олим ва драматург Иззат Султон ана шундай сиймолардан бири эди. Камина 1958 йилнинг сўнгги ойларида Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳозир Алишер Навоий номи билан аталган Тил ва адабиёт институтига ишга келганимда, Ҳомил Ёқубов замонавий ўзбек адабиёти бўлими мудири, Иззат Султон эса адабиёт назарияси бўлими мудири бўлиб хизмат қилишарди. Ўша йилларда Абдулла Қодирий номи эндигина тилга олина бошлаган, адибнинг “Ўткан кунлар” романи эса (Иззат Султоннинг сўзбошиси билан) узоқ танаффусдан сўнг китобхонлар қўлига етиб борган ва шу тарихий воқеа туфайли жамият ҳаётида умидбахш шабадалар эсаётганди. Иззат Султон ўзбек адабиётшунос олимларининг пешқадами бўлганлиги учун жабрдийда ёзувчиларимиз номидан “халқ душмани” тамғасини олиб ташлашдек хайрли ишга бош қўшган, ҳатто Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодини диссертант сифатида ўрганишга шогирди Аҳмад Алиевни жалб этган эди. Кунларнинг бирида институтнинг ҳозир Ўзбекистон телевидениесига қарашли биносидаги каттагина залида мазкур диссертациянинг муҳокамаси бўлди. Сталинча қатағон сиёсати қораланган бўлса-да, ҳали сталинизмнинг машъум кўланкалари фан ва маданият майдонларини тарк этмаган пайт. Абдулла Қодирий сингари ижодкорларнинг оқланиши бу кўланкалар учун тасодифий ҳодиса бўлиб, уларни “шўро адабиёти”нинг “покиза майдони”га киритиш, улар ижоди ҳақида диссертациялар ёзиш сиёсий хатодан бўлак нарса эмас эди. Хуллас,  икки кун давом этган ва, асосан, Ҳомил Ёқубов билан Иззат Султон ўртасида кечган кескин “жанг”да устоз рақибини “нокаут” қилибгина қолмай, Абдулла Қодирий ижодини ўрганиш ишига катта ва машаққатли йўлни очиб ҳам берди.
Камина ўша икки кунлик муҳокамада Иззат Султон деган улкан олимни илк бор кашф этдим. У кейинчалик ҳар икки бўлим томонидан тайёрланган икки жилдлик “Ўзбек шўро адабиёти тарихи очерклари” учун Абдулла Қодирийнинг ижодий портретини ёзиб берди. Тўрт жилдлик “Ўзбек шўро адабиёти тарихи” яратилаётган кунларда эса, Абдулла Қодирийнинг адабий портретини ёзишни ҳали катта тажрибага эга бўлмаган Иброҳим Мирзаевга ҳавола этди. Биз устоздан бундай қарорга келишни кутмаган эдик. Кўп ўтмай, бизнинг шубҳамиз асоссиз эмаслиги  маълум бўлди: янги муаллиф устоз мақоласидаги фикрларни айнан такрорлашдан нари ўтмаган эди. Шунга қарамай, Иззат Султон ёш олим ёзган адабий портретни ҳимоя қилди. Кейин ўйлаб кўрсам, у, биринчидан, Абдулла Қодирий ижодини ўрганишга ёш адабиётшуносларни жалб этиб, қодирийшунослар сафини кенгайтиришни ният қилган, иккинчидан эса, фанда монополия ҳодисасига ўз ибрати билан чек қўймоқчи бўлган экан.
Иззат Султоннинг бундай хислатли ишлари оз эмас. Эллигинчи йилларда қатағон қиличи яна яланғочланиб, яна “халқ душманлари”ни фош этиш талвасаси бошланганда, айрим кимсалар гўё “Ойбек Покистонга бориб келганидан сўнг: “Агар мен Покистонда туғилиб, ўша ерда яшаб ижод қилганимда, улуғ адиб даражасига эришган бўлардим”, деган ва, ҳатто, Покистонда сиёсий бошпана сўраб қолмоқчи ҳам бўлган”, деган машъум гапни тарқатганлар. Уларнинг фикрларича, бу “факт”ни гўё Иззат Султон ҳам тасдиқлаши мумкин эди. Аммо тегишли идорага чақирилган Иззат Султон: “Бу Ойбек бошига Абдулла Қодирийлар қисмати келишини истаган кишиларнинг навбатдаги туҳматидир”, деб адибни мардона ҳимоя қилган. Олтмишинчи йилларда эса, Абдулла Қаҳҳорнинг эллик йиллигига бағишланган юбилей кечасида маъруза қилиб: “Адиб асарларини она тилида ўқиган китобхон рус тилида ўқиган китобхонга қараганда, катта завқ-шавқ олади. Ўзбекистонда истиқомат қилаётган руслар ва русзабон миллат вакиллари Абдулла Қаҳҳор асарларидан шундай завқ олиш учун ҳам ўзбек тилини ўрганишлари лозим”, деган сўзларни айтган. Бу, барвақт айтилган сўзлар бўлганлиги туфайли устоз анча вақт сояда яшашга мажбур бўлган.
Шўро даврида яшаган фан ва маданият намояндаларининг ҳақ гапни айтишлари осон бўлмади. Шу боис, мустақил фикрли ижод аҳли кўпроқ тарихий ўтмишга ёки бошқа халқлар ҳаётига мурожаат этишга мажбур бўлди.
Юқорида баён қилинган сўзлардан Иззат Султон ҳар доим ҳам ҳақиқат учун курашган олим ва ижодкор бўлган экан, деган таассурот келиб чиқмаслиги лозим. Негаки, ҳар бир инсон, аввало, ўз даврининг фарзанди. Мустабид шўро тузуми даврида яшаган аксар давлат, жамоат,  фан ва маданият арбоблари большевикларнинг халқ ва мамлакатни, Уйғун ифодаси билан айтсак, “коммунизмнинг гул боғлари” сари бошлаб бораётганига астойдил ишонганлар ёки ўзларини шунга  ишонтирмоқчи бўлганлар. Иззат Султон ҳам бу борада истисно бўлмаган. Акс ҳолда, “Алишер Навоий” пъесаси муаллифларидан бири Туркистонда шўро ҳокимиятини ўрнатишда фаол қатнашган Фрунзе ҳақидаги “Бургутнинг парвози” драмасини ёзмаган бўларди.
Иззат Султон 1910 йили Ўш шаҳрида дунёга келган. Унинг бобоси Сартой Султон сариқдан келгани ёки рус тилида бемалол “чуғурлашган”и учунми, ҳамшаҳарлари “Султон сариқ” деб аташган. Ана шу Султон сариқ асли туркистонлик бўлиб, чорвадорлик билан машғул бўлган. Туркистон ХIХ  асрнинг олтмишинчи йилларида истило этила бошлаганида,  мустамлакачи зобитларидан бири унга рус қўшинини гўшт билан таъминлаб туриш вазифасини топширган. Шу тарзда Сартой Султон рус қўшинлари Хитой чегараларига етиб боргунига қадар ўн икки йил давомида уларни гўшт билан таъминлаб борган. Ниҳоят, Ўш шаҳрида муқим яшаб қолиб, Ўш ҳокимига мирзалик ва тилмочлик қилган. Шу ерда унинг фарзанди Отахондан Иззатулла исмли бўлажак ўзбек олими ва драматурги дунёга келган.
Иззатулладан аввал Раҳматулла, Ҳабибулла ва Файзулла исмли уч акаси, кейин эса Саодат исмли синглиси туғилган. Сартой Султон тўнғич неварасини рус-тузем мактабига ўқишга берган. Раҳматулла шу мактабни битиргач, Тошкентга келиб, ўзбек билим юртида ўқишни давом эттирган. Аммо у тарғибот ишларини олиб бориш учун бизга номаълум кишилар томонидан Фарғона водийсида шўроларга қарши курашаётган “босмачилар” орасига юборилган. “Босмачилар” дастлаб Раҳматулланинг оқил ва ориф киши эканлигини кўриб, унга нисбатан ҳурмат кўрсатишган, сўнгра, уни жадид ҳисоблаб, калласини олганлар. Бу даҳшатли воқеа Фарғонанинг Равот қишлоғида содир бўлган. Яқин дўстининг 24 ёшида дунёни фожиали равишда тарк этиши Чўлпонни  ларзага келтирган ва у дўстига бағишлаб кўз ёшларини тўка-тўка бундай марсия ёзган:

Йўлдошим, замзама бўлдинг-да, кетдинг,
Бор эдинг, йўқолдинг, ўлдинг-да, кетдинг,
Гул эдинг, очилмай сўлдинг-да, кетдинг,
Йўқлик денгизига тўлдинг-да, кетдинг.

Қичқириб, орқангдан югурдим, чопдим,
Ғариблар мозорин истадим, топдим,
Кўрай деб сўнг чоғда термулиб боқдим,
Сен эсанг юзингни бурдинг-да, кетдинг.

Элингнинг тилаги етимми қолди?
Бошига қайғуни ўлимми солди?
Жонингни тангриси севибми қолди?
Айтмадинг,  оғзингни юмдинг-да, кетдинг.

Боғчангга ёш қўллар экарлар гуллар,
Очилмоқ истайлар лола-сунбуллар,
Фироқ куйларини куйлар булбуллар,
Сен бўлсанг йўқликка урдинг-да, кетдинг,
Кўкармай, яшармай, кўрдинг-да, кетдинг.

(Камина Раҳматулла Султонов ҳақида мақола ёзиб, шу шеърни қайта эълон қилганимда, Иззат Султон,  жароҳати янгиланганига қарамай, мендан мамнун бўлиб, ҳатто акасининг суратини топиб беришга ваъда қилган эди, аммо топа олмаган).
Устознинг кичик акаси Файзулла Андижонда маълум вақт муаллимлик қилиб, ҳатто драматург Комил Яшинга илк адабий сабоқ берган, аммо, аксар андижонлик зиёлилар қатори, 1937 йил тегирмонидан омон чиқмаган. Этикдўзга шогирд тушиб, турмуш ташвишлари билан яшаган Ҳабибулла эса сил касаллигига йўлиқиб, онаси билан синглиси Саодатни доғда қолдириб кетган.
Иззат Султон ҳаётнинг машаққатли сўқмоқларидан ўтиш асносида шахс сифатида шаклланиб борди.
1924 йилда “развёрстка” деган сўз пайдо бўлган. Бу “развёрстка”га кўра, ҳар бир вилоят  фалончадан болаларни йирик шаҳарларга ўқишга юбориши лозим эди. Ана шу “развёрстка” сабаб бўлиб, Иззатулла дастлаб Қўқонга, сўнгра Тошкентга ўқишга юборилди. У 1927 йилга қадар Бешоғочдаги Ўзбек эрлар билим юртида ўқиди. Шу йили билим юрти билан Ўқчи кўчасидаги техникумнинг битирувчи гуруҳлари қўшиб юборилди. Иззатулла шу ўқув юртини тугатганидан сўнг, 1939 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтига ишга келгунига қадар яна бир қанча жойларда ҳам ишлаб, ҳам ўқиди.
1939 йил 4 январда Фанлар Комитети ёшлар ташкилотининг котиби Йўлдошев имзолаган маълумотномага қараганда, Иззат Султон мазкур илмий  даргоҳга “жойлашиб олган душманларга нисбатан ҳушёрлик кўрсатмагани ва “Қизил Ўзбекистон” газетасидаги мақолаларида халқ душманларини кескин фош этмагани ва қўпол хатоларга йўл қўйгани учун” ёшлар ташкилоти аъзолигидан ўчирилган ва ишдан бўшатилган. (У шу вақтда Фанлар Комитети аспирантурасида ўқиб, айни пайтда, “Қизил Ўзбекистон” газетаси таҳририятида хизмат қилаётган эди).
Иззат Султоннинг ҳаёт йўлини шу тарзда кўз олдимиздан ўтказар эканмиз, унинг рус тили ва рус маданиятини яхши ўзлаштиргани сабаблари билан ҳам, алғов-далғов йилларнинг қурбонлари бўлган акалари тақдиридан маълум хулоса чиқаргани билан ҳам, очлик йилларида қийналган ўсмирнинг Қўқондаги болалар уйида – етимхонада, сўнгра, асосан, етим-есирлар ўқиган Алмаий номидаги билим юртида тарбиялангани сингари турфа воқеалар билан ҳам танишамиз. Шундай ҳаёт йўлини босиб ўтган кишининг дунёқараши ҳам, албатта, мураккаб жараёнда ўзгариб-шаклланиб борган.
Тақдир Иззат Султонга турмушнинг қайси кўчаларида юриш ва яшашни раво кўрган бўлса, унинг кўнглида доим адабиётга бўлган меҳр яшади, шу адабиётнинг улуғ сиймоси Алишер Навоийга бўлган ҳурмат ва эътиқод яшади. Буни қарангки, бўлажак олимнинг 1931 йил 16 сентябрда “Ёш ленинчи” газетасида босилган дастлабки мақоласи ўзбек мумтоз адабиётининг шу буюк асосчисига бағишланган ва  «Мир Алишер Навоий” деб аталган эди. Шундан кейин ёш олимнинг “Фарҳод ва Ширин”нинг янгича қўйилиши”, “Адабий меросимизни ўрганайлик” (1937), “Руставели ва Навоий” (1938), “Макорим ул-ахлоқ” ҳақида”, “Навоийнинг тадқиқотчилари” (1941), “Макорим ул-ахлоқ” ва унинг муаллифи” (1945), “Навоийга замондош шоирлар тўғрисида” (1948) сингари қатор мақолалари эълон қилинди. Унинг 1942 йили ёзган  “Буюк Алишер” киносценарийси эса Уйғун ва В.Шкловский билан ҳамкорликда ёзилган “Алишер Навоий” киносценарийси ҳамда Уйғун билан ҳаммуаллифликда ёзилган  шу номдаги машҳур драманинг майдонга келишида пойдевор бўлиб хизмат қилди. Комил Ёрматов экранлаштирган фильм ҳам, Маннон Уйғур саҳналаштирган спектакль ҳам ўзбек кино ва театр санъатларининг шоҳ асарларидан бири бўлиб қолди. Олим 1946 йилда “Алишер Навоийнинг “Мезон ул-авзон” асари ва унинг танқидий матни” мавзуида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Шу тарзда Алишер Навоий мавзуи Иззат Султон илмий ва ижодий фаолиятининг асосий қон томири бўлиб қолди. Унинг олтмишинчи йиллардан бошлаб ҳаётининг сўнгги кунига  қадар Тил ва адабиёт институтидаги анъанавий Навоийхонлик анжуманларига раислик қилгани бежиз эмас.
Агар ижодкор севимли мавзуга ҳам олим, ҳам ёзувчи сифатида ёндашса, мавзу унинг қалбидан чуқур ўрин олибгина қолмай, яширин қирраларини ҳам дафъатан намоён этиб юборади. Навоий ҳаёти ва ижоди билан олим сифатида шуғуллана бошлаган Иззат Султон  буюк шоирнинг руҳига кириб яшади. ХV асрда Ҳиротда рўй берган воқеаларни Навоийнинг кўзи билан кўриш ва унинг қалби билан ҳис қилишга уринди.
Шубҳасиз, Навоий ҳақида роман ёки саҳна асарини ёзиш учун, аввало, у ҳақдаги бирламчи тарихий манбалар билан танишиш зарур эди. Ҳамид Олимжон ва Уйғун билан ҳамкорликда ёзишга аҳдлашилган “Алишер Навоий” драмасининг ижодий тарихи тўғрисида сўзлаб, Иззат Султон шогирди Нўъмон Раҳимжоновга бундай деган эди:
“...Драма яратишга келишиб олдик. Биринчи галда қиладиган ишимиз Алишер Навоий ёзган асарларни, у яшаган давр илмий ва бадиий адабиётларини синчиклаб ўқиб-ўрганишдан иборат бўлди. “Хамса” достонлари туркумининг ўзини бир ой ўқидик. Ҳам катта ҳажмдаги асар, ҳам тилини тушуниш, ўзлаштириш қийинчиликлари бор эди. Йиғилишган маҳалимиз Ҳамид Олимжон: “Алишер Навоий буюк талант эгаси экан. Бетимсол бир даҳо санъаткор. Форс адабиётининг таржимони, дея унинг юлдузига соя ташламоқчи бўлишган экан, аслида”, – деди...
Иш йўсинимиз шу тахлитда кечдики, Ҳамид билан мен Алишер Навоий асарларини бирма-бир ўқиб, маъно-мазмунини чақиб борамиз. Ҳамид билан икковимиз Навоийни ҳижжалаб ўқиб, тушунишга интилиб қунт ва ихлос билан ўтирардик. Абдулла Тўқай кўчасидаги Тил ва адабиёт институтининг биносида қўлёзмаларни олиб, аввал, “Равзат ус-сафо”, “Ҳабиб ус-сияр”, Хондамирнинг Навоийга бағишланган машҳур асарини мароқ ва шавқ билан ўргандик. Шунда бир нарса эсимга тушди. Ўрганадиган, ўзлаштирадиган материал жуда кўп. Ҳаммасини ололмаймиз. Муҳимларини ажратиб олайлик, дедим.
Асосан, Ҳусайн Бойқаро, Маждиддин, Гули атрофида кечадиган воқеаларни ажратиб оладиган бўлдик...”
Шундан кейин Ҳамид Олимжон, Уйғун ва Иззат Султон Оқтош қишлоғига чиқиб, асарнинг сюжет чизиғини белгилаб олмоқчи бўлишди. Шу орада Ҳамид Олимжонни Москвага чақириб, уни Латвия ёзувчиларининг биринчи қурултойига юборишди. Бу воқеа 1941 йилнинг июнь ойида – Иккинчи жаҳон уруши бошланажак кунлар арафасида  рўй берди. Ҳамид Олимжон Москвадан қайтиб келгач, пьесанинг пардама-парда ишланган сюжети билан танишиб: “Бир ой ичида жуда кўп иш қилиб қўйибсизлар. Мен чиқдим”, – деди.
“Алишер Навоий” пьесаси шу тарзда майдонга келди.
Буюк шоирнинг 500 йиллик юбилейи Иккинчи жаҳон урушининг  бошланиши муносабати билан кечиктирилиб, 1948 йилда ўтказилди. Шунинг учун ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида олим ва ёзувчилар Навоийнинг 525 йиллигини ўз вақтида ва муносиб  нишонлаш учун жиддий тайёргарлик кўра бошладилар. Иззат Султон адабиётимизнинг ана шу улкан байрамини янги асар билан кутиб олишга аҳд қилди. У ўша кезларда Тил ва адабиёт институтида катта маърака сифатида ўтадиган йиллик Навоийхонлик анжуманларида шоир ҳаёти ва ижодининг номаълум саҳифалари ҳақида маърузалар ўқиди ва шу жараёнда унда “Навоийнинг қалб дафтари” китобини яратиш ғояси пайдо бўлди.
“Навоийнинг қалб дафтари”, – деб ёзган эди олим, – 1969 йилда босилиб чиқди. Аммо унинг устида мен 1939 йилдан бери ишламоқдаман. Навоий ҳаёти ва ижоди билан яқиндан таниша бошлаганимдан бошлабоқ, унинг ҳаётини тўла акс эттирадиган бир китоб ёзиш нияти менда туғилган эди. Шу вақтгача ёзилган ва, шу жумладан, мен томондан ёзилган ишлар  мени бир жиҳатдан қаноатлантирмас эди: уларда фактлар муаллиф талқинига дучор этилади, бу талқин эса маълум даражада субъектив, бир ёқлама бўлади. Вақт ўтган сари бу бир ёқламалик яққолроқ аён бўлиб қолади. Албатта, маълум талқинсиз асар ёзиш мумкин эмас, аммо: “Муаллиф талқинидан кечмаган ҳолда, фактларнинг нуқул ўзини ёритиб бериш  ва шу йўл билан талқиндаги бир ёқламаликни жуда кам даражага келтириш мумкин эмасмикан?” деган фикр мени қийнар эди. Бунинг учун китобнинг шаклини топиш керак эди. Бу шакл “тез келавермади”, мен кунма-кун, ойма-ой, йилма-йил йиққан материал жавонда тўпланиб, вақт ўтган сари кўпайиб кетаверди. Ахийри, шакл “келди” – Навоийнинг ўз тили билан айтилгандек, бир қисса тузилди”.
Иззат Султоннинг бу асари адабиётшунослар томонидан ҳам, Навоий ижоди мухлислари томонидан ҳам самимий қарши олинди. Унга матбуотда  биринчи бўлиб муносабат билдирган улкан навоийшунос олим Абдуқодир Ҳайитметов “Шарқ юлдузи” журналининг 1971 йилдаги 5 сонида бундай деб ёзган эди:
“Иззат Султон Навоий ҳаётини янгича нуқтаи назардан, аниқроғи, шоирнинг ўз асарларидаги мавжуд иқрорлари асосида, уларни замондошлари талқинига таққослаган ҳолда ўрганишга ҳаракат қилади. Бу, албатта, асарнинг фазилатидир. Шу вақтга қадар ҳеч бир тадқиқотчи улуғ шоир биографиясини ёритишда унинг ўз сўзлари, шеърий иқрорларига бунчалик катта аҳамият бермаган эди”.
Навоийшунос олимнинг бу сўзларига қўшилган ҳолда яна айтиш жоизки, Иззат Султон Навоийнинг машҳур замондошлари Султон Ҳусайн Бойқаронинг “Рисола”, Бобурнинг “Бобурнома”, Мирхонднинг “Равзат ус-сафо”, Хондамирнинг  “Ҳабиб ус-сияр” ва “Макорим ул-ахлоқ”, Зайниддин Восифийнинг “Бадоеъ ул-вақоеъ”, Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаъ ус-саъдайи” ва бошқа асарларда Навоий ҳаёти ва ижодига оид ҳар бир лавҳа, ҳар бир ибора ва ҳар бир ишорага алоҳида аҳамият бериб, улар ёрдамида мураккаб тарихий даврда яшаган буюк шоир қалбига назар ташлаш ва биз, китобхонлар эътиборини шу лавҳа, шу ибора ва шу имо-ишораларга қаратишга интилган.
Агар “Навоийнинг қалб дафтари” олимнинг сўнгги илмий асари бўлса, биринчи йирик илмий иши, шубҳасиз, 1939 йилда ёруғ дунё юзини кўрган “Адабиёт назарияси”дир. Ана шу икки асар ўртасида кечган вақтда Иззат Султон ўзбек адабиётининг муҳим масалаларига бағишланган ўнлаб илмий мақолалар эълон қилиш билан бирга, бадиий ижод соҳасида ҳам ғоят самарали меҳнат қилди. Бадиий диди ва нафосат туйғуси кучли олим ижод завқидан ҳам бебаҳра қолишни истамади. Унинг назарида, бадиий ижод бирламчи, адабиётшунослик эса иккиламчи ҳодисалар эди. Инсоний сажияси пешқадамликка мойил бўлган устоз иккиламчи соҳанинг аччиқ нонини тотишдан кўра, бирламчи соҳанинг кайфу жафосини суришга кўпроқ мойил бўлди. У машҳур “Алишер Навоий”дан кейин “Имон” (1960), “Номаълум киши” (1963), “Кўрмайин босдим тиканни” (1974), “Истеҳком” (1979), “Донишманднинг ёшлиги” (1979), “Оилавий сир” (1982), “Кумуш шаҳар маликаси” (1983), “Олов” (1984), “Абдулла Қодирийнинг ўткан кунлари” (1988), “Қақнус” (1994), “Ойдин кеча асирлигида” (1998), “Янги одамлар” (2001) пьесаларини ёзди ва уларнинг аксари саҳна юзини кўрди. Бундан ташқари, унинг “Шоир қалби” (1962),  “Тонг олдида” (1972) опера либреттолари ҳамда “Алишер Навоий” (ҳамкорликда, 1948),  “Имон” (1960), “Фидойи” (1963), “Сенга интиламан” (1973) сингари киносценарийлари майдонга келди.
Олимнинг адабиётшунослик фани уфқларини ёриб, бадиий ижоднинг  бепоён майдонларига ўтгани ва шу майдонларда кўпроқ жавлон ургани тасодифий эмас. Иззат Султондек катта ҳаётий тажриба ва бой билимга эга бўлган, театр ва кино санъатларининг нозик билимдони ва серқирра истеъдод соҳиби учун адабиётшунослик фани торлик қилиб қолган эди. У бутун умри давомида устози Фитратга ўхшашга, у сингари адабиёт ва санъат, фан ва маданиятнинг турли соҳаларида қалам тебратиб, шу соҳаларда из қолдиришга интилди.
Ўйлайманки, устоз қолдирган из узоқ вақт ўчмайди. Шогирдлар ўзларининг илмий ва ижодий йўлларини шу издан бошлаб, кейин ўз йўлларини топиб оладилар. Устознинг  энг яхши илмий ва ижодий анъаналари шогирдлар томонидан, албатта, давом эттирилади.

Наим КАРИМОВ,
филология фанлари доктори