Facebook
МАКТАБИ БЕТАКРОР PDF Босма E-mail

Маълумки, дунё бир жойда тўхтаб турмайди: доимо ўзгариб, янгиланиб боради. Шунинг учун кўпдан-кўп воқеа-ҳодисаларда ҳам табиий равишда ўзгаришлар, янгиланишлар содир бўлади. Лекин уларнинг мазмун-моҳиятига чуқурроқ назар ташланса, ўзгариш маъно ёки мантиқда эмас, кўпроқ шаклда бўлишига тан беришга тўғри келади. Масалан, амал ва амалдорликни олайик. Ҳамма замонда ҳам амал атрофида алам ва адоват ўралашиб, эргашиб юрган. Мансаб ва мартаба учун олишув, тортишув, ҳасад ва маккорликлар ҳеч бир даврда тўхтаб қолмаган – ҳамиша фаол ҳаракатда бўлган. Энг ёмони, ҳасад ва адоват на истеъдод, на фазилат, на умумэътироф ҳеч нарсани тан олмаган. Мана шу ҳақиқатни Абдулла қодирий “Меҳробдан чаён” романида жуда ёрқин шаклда ёритиб берган.

Халқимизда “Ҳамма нарсага фаришта омин дейди”, – деган бир қараш бор. “Меҳробдан чаён”даги дастлабки лавҳалардан бирини хотирлаб “Наҳотки, фаришта ҳазилга ҳам “Омин!” деса, наинки, самимий ва зариф бир ҳазилнинг таги ҳам зил бўлиб чиқса?” дейсиз.
Ана ўша лавҳа: Раъно кичкина укалари – Мансур ва Масъуд билан айвонда ўтирибди. Онаси ошхонада манти пишираётир. Отаси аср намозига бориб келиш учун масжидга йўл олади. Кўп ўтмай Анвар ишдан қайтади. Раъно ўрнидан туриб уни қаршилайди. Анвар аввал ерда ўтирган Мансурни, кейин Раънонинг қўлидан олиб Масъудни эркалайди. Сўнг “симобий шоҳи салласини” олиб, ёстиққа ташлайди ва “рўмоли билан қоп-қора бўлиб чиқа бошлаган муртини тузатади”. Раънодан сўрайди:
“ – Тинчликми?
–Бетинчлик, – деди кулиб Раъно.
–Айни муддао экан бўлмаса... Ҳа, айтгандек, – деди Анвар ўтирган супасига ишорат қилиб, – букун жой катта солинган?
–Меҳмон келар эмиш.
–Ёлғонинг қурсин, Раъно, – деди Анвар кулимсиб. – қандай меҳмон?
–Мен қаёқдан билай, қандай меҳмон... фотиҳага кишилар келар эмиш, деб эшитдим.
–Фотиҳаси қанақа?
–Билмасам қанақа.
Анвар ўйланиб яна кулимсиди:
–Сенинг фотиҳанг бўлмасин?
–Менинг қандай фотиҳам бўлсин: мен ҳали тирикман.
–Тескарига бурма, Раъно, балки сени эрга бермакчидирлар?
Раъно қизариб турди-да, яна гапни кулгиликка олди:
–Мени кимга берар эмишлар?
–Сеними? – деди кулиб Анвар. – Сени хондан бошқа ким олсин?...”

Бу гапларнинг бари ҳазил. Ҳар қандай ошиқ-маъшуқ ўртасида шундай ҳазил бўлиши мумкин. Агар шўрлик Анвар кунлардан бир кун хон Раънога совчи юборишини билганида “Сени хондан бошқа ким олсин?” дермиди? Тили кесилганда ҳам бундай демасди. Раъно-чи? Эрка бир аччиқланиш бугун-эрта мудҳиш ҳақиқатга айланиши ва қисмати ўзгариб кетишини зарра қадар сезганида Анварнинг “маслаҳати”га кўнгандай кўрсатармиди ўзини (“Сиз шундай маслаҳат берсангиз... Мен қандай қилай...”)
Ёзувчи балки ҳазил йўли билан Анвар ва Раънонинг келажак тақдирига ишорат қилгандир? Аммо китобхон бу тўғрида ўйламайди ва бундай ишорат маъносига унинг инонгиси ғам келмайди. “Тақдир деган подшоҳ бўлса, ошиқларнинг ҳоли танг”, деганларидек, Раънонинг хон ҳарамига боришига йўл очувчи яширин бир сабаблар ҳам бор эдики, бу бевосита Солиҳ Маҳдумнинг ўтмиши ва шажараси билан боғлиқдир. Солиҳ Маҳдум романдаги энг пишиқ ишланган образ эканлиги маълум. У ўқувчини ҳам жуда қизиқтиради, ҳам кўп мушоҳадага чорлайди.
қоралай десангиз – уни тўла қоралолмайсиз. Айблай десангиз – қай бир жойда Маҳдум, “шу учун ҳам мени айблаб бўладими” деб тургандай. Мақтамоқчи бўлсангиз – баъзи ишлари ва нокасликларини кўриб, “Э, садқаи одам кет!” дегингиз келади унга. Баъзан Раънони ўйлаб, баъзан Анварнинг раъйига қараб, таънаю маломатга ҳам тил айланмай қолади. Кейинги пайтларда бундоқ ўйлаб кўрсам, Маҳдум жаноблари салбий ё ижобий дея қатъий равишда “рамка”га солинадиган қаҳрамон эмас экан. Муҳими, уни билиш ва тушуниш экан. Зеро, Маҳдум инсон табиатидаги камчилик ва чиркиндан-чиркин иллатларнигинамас, ички мураккаблик, ишониш қийин бўлган нафсоний эврилишларни ҳам очиб берадиган серқирра бир образдир. Маҳдум ҳақида сўзлаганда ёзувчи тўғри таъкидлаганидек, “унинг шахсига хиёнат ва бўҳтон қилишдан” сақланмоқ лозим. Ҳақиқатда у хасис. Моддий кечими яхши, “устоз Мулла Солиҳ Маҳдум” бўлиб танилган вақтларда ҳам “кўйлак, иштонининг аксар етти-саккиз жойидан ямоғи бўлади. Етти қишдан бери гуппи чопон” янгиланмайди. “Фақат қиш келиб кетган сайин алак гуппининг енги ўзгарибгина туради ва астари йил сайин янгидан-янги ямоқлар билан бойийди. Шу гуппи бутун умрида биргина мартаба ва шунда ҳам Маҳдумдан берухсат” тоғора юзини кўрган. Ёки “беш-олти қайта бошлатиб қўнжи бир қаричга келган айбаки маҳси, чарми усти-устига уюлиб ердан уч энлик чамаси кўтарилган, икки чорак вазнлик кафшни айтмайсизми? “Ҳарчанд эҳтиёт қилинса ҳам неча жойдан попилтириғи осилган оқ бўз салла-чи?” Унинг “ёши” мағалланинг кўпчилик кишиларига маълум ҳам эмас. Маҳдумнинг рўзғор юритишдаги зиқналикларини таърифлайман десангиз, Раънонинг “кулгулик учун” ёзилган мана бу сўзларидан ошириб бир нима айтолмайсиз:
Ёғлар тўкилса ерга, ётиб ялар тақсирим.
Бўлса бозорда пастлик, сотиб олар тақсирим.

Отаси вафот этганда Солиҳ Маҳдум “йигирма ёшлик талаба” бўлган. Ўзидан бир неча ёш каттароқ акаси отасининг ўлимидан сўнг Марғилонга имом бўлиб, оиласини кўчириб кетган. Онаси ва Наима исмли ўн олти ёшлик сингиси билан Маҳдум қўқонда қолган. Бирор жойдан даромад йўқ. Оила кўп тангликка тушиб қийналган. Охири Солиҳ Маҳдум таҳсилни тарк этиб, қорин тўйдирарлик касб излашга мажбур бўлган. Одамда нафрат қўзғайдиган унинг айрим ҳаракатлари, хусусан, хасислиги ана шу қаттиқчиликларнинг руҳга сингиб қолган ёмон таъсирлари бўлиши мумкин. Хасислик томир отган вужудда таъма барг ёзади. Маҳдумнинг хасислигини ҳам, таъмагирлигини ҳам тушунса бўлади. Лекин унда ҳорисона бир ички қоралик ҳам бор. Бу офатга у қачон йўлиққан? Бу ҳам етимлик, йўқчилик асоратими?
Бу саволга тўғри ва қаноатланарли жавоб топмоқ учун сал олдинга – Маҳдумнинг шажаравий тарихига бир назар ташлаш зарурияти туғилади. Юқорида айтилганидек, Маҳдум отасидан ажралганида йигирма ёшлик талаба эди. Демак, бунгача унинг характери деярли шаклланган. Келажакдаги мақсад ва вазифалар ҳам мавҳум бўлмаган. Ахир, у кимсан – Олимхон ва Умархон даврларида муфтилик, қозилик мансабларида хизмат қилган баланд нуфузли бир амалдорнинг невараси эди. “Ота-боболари хонлар қошида мумтоз, халқ назарида “шарафли ва муҳтарам мавқени” маҳкам сақлаб келган киши ўзининг кибор ўтмиши, қондан-қонга кўчиб келган ҳиссиётларидан қандай қилиб тамоман жудо бўлади? Маҳдумнинг отасидан омад юз бурмаганида, у оддий мактабдор бўлишни хаёлга келтирармиди? Асло келтирмасди. қўқоннинг энг эътиборли мадрасасида неча йиллар мударрислик қилган ва шахсан Мадалихоннинг назарига тушган одамнинг фарзандига нега амал ва юқори мартаба эшиклари очилмасин? Маҳдум амалга сиғинади. Катта амалдорни кўрса, жонини қўйгани жой тополмай қолади. Нега? Чунки у ўсган муҳитдаги ахлоқ шундай бўлган. У худди шундай нуқтаи назар билан тарбияланган. Агар ўша “мумтоз силсила” Маҳдумгача етиб келганида борми, манаман деган айёр, юлғич мансабдорни ҳам у доғда қолдириши шубҳасиз эди. Лекин...
“Туркистон хонлиги тарихидан хабардор кишиларга маълумдирким, амир Умархон охир умрида ўз саройидаги ёш канизаклардан бирига муҳаббат қўяди. Каниз ёш бўлганлиги ва балоғатга етмаганлиги учун уни никоҳга ололмай, вақт кутади. Шу кутиш йилларида Умархон муродига етолмай вафот қилади. Орадан бир неча йиллар ўтиб, бояги каниз қиз балоғатга эришади ва бир ҳуснига ўн ҳусн қўшилиб, отанинг боласи бўлган Мадалихонни ҳам ўзига ошиқ қилади”. Ёш хон бу паривашнинг дардида неча йиллар ёниб-куяди. Аммо аҳли уламо қизни Мадалига “она мақомида ҳисоблаб”, хоннинг унга уйланишини шариат номидан тақиқлайдилар. Ҳукмдор истаса нима ишлар амалга ошмайди, дейсиз бу дунёда? Хон орзусига қарши чиққан уламони бирин-кетин “илмий” фаолиятдан четлаштиради. Орадан анча вақт ўтказиб оғзи ошга етган янги уламога у фатво сўраб мурожаат қилганда улар “Отангиз марҳум: “никоҳланаман” деб айтган бўлсалар ҳам “никоҳландим” деб айтмаганлар. Бас, амиралмўъмин мазкурани (яъни канизакни – И.Ҳ.) ўз нафсларига аҳди шаръий қилсалар жоиз ва дурустдир, – дея хоннинг тўй ва томошолар билан мурод-мақсадига етишига кенг йўл очиб берадилар. Гўзал канизнинг таърифини эшитган ва унга ғойибона ошиқ бўлган Бухоро амири Насруллога бу хабар етиб боргач, уламойи киромнинг тескари фатвоси билан Фарғона устига ул золим юриш қилади. Мадалихонни қатл этади. Унга фатво ёзиб берган олимлардан бир нечаси таъқибга учраб, бир нечалари қочиб қутиладилар. Шулардан бири Маҳдумнинг отаси бўлиб, у бошга тушган кулфатдан сўнг кўп яшолмай ўлган эди. Буларнинг барчаси Маҳдумнинг кўз ўнгида содир бўлган, бамисоли оғир тош хотирасида ўрнашиб қолган эди. Шу-шу оиланинг бой берилган имтиёз ва шарафи Солиҳ Маҳдумга тинчлик бермайди. Унинг бағрида мудраб, яшириниб ётган меросий ҳис-туйғулар жаҳд билан Анварни сармунший бўлишга кўндиришга уринаётганда гўё бирданига бош кўтаради: “Ойига қирқ тилло вазифа, анвойи ҳадяи шоҳона, яна – элдан кўриладиган обрў, ҳурмат, ҳай, ҳй, ҳай...”.
Маҳдумнинг қалбини ўртаган, ичдан уни доимо “ҳай, ҳай”латган асосий ҳақиқат ана шу эди. Хўш, одамлар нимага мансаб учун интилишади? Маҳдумни узоқни кўра билганлигига қойил, албатта. У таъкидлаганга ўхшаш имконият ва имтиёзлардан маҳрум этилсин – Ҳеч биров мансабу мартабага яқин келмайди. Шу маънода Маҳдумнинг реалистлиги мансаб “фалсафа”сини сафсатага берилмасдан тўғри талқин қилишга уриниши мақбулдир. Шу билан бир қаторда Маҳдум типидаги одамлар нечоғлик пишиқ ва билағон бўлишмасин, тақдирнинг ногаҳоний зарбаларидан ҳам четга қочолмайдилар. Ва ўзлари инонган, ўзлари орзу қилган, ўзлари идеаллаштирган хосиятсиз бир кучнинг шарафсиз қурбонлари сафидан жой оладилар.
Мана бу қиёсга эътибор беринг: Маҳдумнинг отаси канизак можаросига аралашади. Мадалихонни қўллаб фатво берувчилар томонида туради. Шунинг учун Бухоро амири золим Насрулло қаҳрига йўлиқиб, ғам-ғусса ва мардудликка дош беролмай ўлиб кетади. Унинг ўғли эса Худоёрхонга қизимни бераман деб мусибат жарига қулайди. Ота гўзал канизак воситасида бир ҳукмдорга ёқиш ва мавқеини мустаҳкамлашни кўзлаган бўлса, ўғил иккинчи бир хон билан наслан яқинлашиш умидида ўз қизининг бахтига чанг солиб, шармандаю шармисор бўлади. Натижа эса битта: нафс ва таъмага қурбонлик. Бадбахт Маҳдумнинг таъмани қоралаб, унинг катта “қопқони”га бўйнидан илингани ниҳоятда ачинарли, албатта. Умуман, инсон қисмати беҳад мураккаб ва чигалдирки, Қодирий асарларини қанча ў?исангиз бунга шунча иқрор бўласиз.

Иброҳим Ҳаққул