Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»"Шоирлик унвони бахтимдан туҳфа"
Facebook
"Шоирлик унвони бахтимдан туҳфа" PDF Босма E-mail

Қирқ йил муқаддам ХХ аср ўзбек адабиётининг буюк сиймоларидан бири Мақсуд Шайхзоданинг жабрдийда юраги уришдан тўхтади. Ўтган давр мобайнида унинг тенгдошлари, издошлари, шогирдлари ва мухлисларининг ҳам аксари ҳаётдан кўз юмди. Шу даврда туғилиб вояга етган авлод эса унинг жўшқин сўзини эшитмай, нурли чеҳрасини кўрмай, танти қалбининг саховатидан баҳраманд бўлмай ўсмоқда. Бинобарин, уларнинг Шайхзодани нафақат буюк шоир, балки буюк инсон сифатида ҳам идрок этиши, унинг порлоқ истеъдоди олдида таъзим қилиши қийин. Шунинг учун ҳам бу оташнафас шоирнинг ҳаёти ва ижоди, қандай ноёб сиймо бўлгани тўғрисида ёзиш биз - замондошларнинг вазифамиздир. Шайхзода 1908 йил 25 октябрда Озарбойжоннинг Оғдош шаҳрида шифокор Маъсумбек ва Фотимахоним оиласида дунёга келган. Маъсумбек Шихлиэв Петербург университетининг тиббиёт факультетини тугатган ва Оғдошда янги усулдаги илк мактабни ташкил этган эди. Мақсуд 1917 йилда ана шу мактабда муаллим Мухтор Афандизода қўлида таълим олди.

Кези келганда айтиш жоизки, мазкур мактабда Мақсуд билан бирга ўқиганлардан Саид Рустам таниқли композитор ва халқ артисти, Шоҳид (фамилиясини аниқлай олмадик) халқ рассоми, Идрис Алиэв эса маориф ходими бўлиб етишди.

Мақсуд зийраклиги ва тиришқоқлиги туфайли муаллимлар эътиборини қозониб, 1921 йилда бир гуруҳ тенгдошлари билан бирга Боку шаҳридаги дорилмуаллиминга ўқишга юборилди. 1925 йили мазкур билим юртини аъло баҳолар билан тугатган Мақсуд Озарбойжон Маориф халқ комиссарлигининг йўлланмаси билан Дарбанд шаҳрига йўл олди. У ўша вақтда Доғистон автоном республикаси ҳудудида бўлган Дарбанддаги мактабда бир йил хизмат қилгач, Доғистон Маориф халқ комиссарлигига мурожаат этиб, Бўйноқ шаҳрига ишга кўчирилишини сўради. 1927 йилнинг июн ойига қадар Бўйноқдаги педагогика билим юртида жамиятшунослик фанидан дарс берди.

Мақсуд Оғдош сингари кичик шаҳарларда камдан-кам учровчи тараққийпарвар кишилар оиласида туғилган эди. Мақсуднинг илм олиши ва шоир сифатида шаклланишида отаси Маъсумбекнинг иштироки ниҳоятда катта бўлган; онаси Фотимахоним ҳам оғдошлик аёлларнинг ижтимоий фаоллашувига сезиларли таъсир кўрсатган. Машур озар адиби ва жамоат арбоби Мирза Иброҳимовнинг шаҳодат беришича, унинг ота-онаси зийрак, зеҳнли фарзандларининг қобилиятини ўстиришга алоҳида эътибор берган, унда илм-фанга ихлос, гўзалликка нисбатан муҳаббат туйғусини уйғотган. Мақсуд улар таъсирида ҳушёр, билимдон, янгиликка талпинувчи, жамиятда рўй бераётган воқэа ва ҳодисалар моҳиятини тушунишга интилувчи йигит бўлиб вояга етади. Шундай зукко йигитнинг ўша даврда ёшлар ўртасида тар-қалган ва улар эътиборини қозонган газета-журналларни ўқимаслигига ақл бо-вар қилмас эди.

Мақсуд Бокуда таҳсил кўрган йилларда "Ени Кавказ" журнали ёшлар ўртасида жуда машур эди. Истанбулда Мамед Эмин Расулзода томонидан нашр қилинган ва Бокуга яширин йўллар билан келтирилган мазкур журналда босилган "Қизил империализм" мақоласи Мақсуднинг дунёқарашини ўзгартириб юборди. Мақолада 1917 йил октябрида тарих саҳнасига келган Шўро давлатининг миллий республикаларга ва уларнинг туб аҳолисига эркинлик бермагани, аксинча, миллий халқларнинг диний ва дунёвий маданиятини сиқув остига олгани айтилган ва озарбойжон халқи ҳаётидан буни тасдиқловчи кўплаб мисоллар келтирилган эди.

Мақсуд 1925 йили Бўйноқ шаҳрига келиб, "Маориф йўли" журналини чоп эта бошлаган Эдҳем Файзий билан танишди, бир ўқув юртида ишлади, "Ени дунё" журналида таржимон сифатида қатнашди. Айни вақтда "эркин дунё"ни кўриб, оқ-қорани таниган, болшевикларнинг Қримда қилган жиноятларига гувоҳ бўлган Эдҳем Файзийнинг таъсир доирасига секин-аста кириб борди.

Эдҳем Файзий Миллий фирқа партияси "Миллат" газетаси ва "Ени дунё" журналининг муҳаррири, шунингдек, Феврал инқилобидан кейин Қримда ташкил этилган Миллий банкнинг ходими бўлгани сабабли (бу банк мухтор ҳукуматга моддий ёрдам кўрсатган) ГПУ хуфияларининг доимий назорати остида яшаган.

1923 йили Муса Бегиэв "рус мусулмонлари"нинг раҳбари сифатида жаҳон мусулмонларининг Калкуттадаги конгрессига таклиф этилади. У конгрессда Қрим мусулмонларининг вакили сифатида ҳам қатнашиш мақсадида қримлик муфтий Иброҳим Тарпининг розилигини олмоқчи бўлади. У Эдҳем Файзийдан шу нозик масалада ёрдам беришни сўрайди. Эдҳем Файзий муфтийдан розилик хатини олиб Ленинградга, Муса Бегиэвнинг уйига боради. Шу воқэадан кейин ГПУ ходимлари нафақат Эдҳем Файзий, балки у билан мулоқотда бўлган бошқа кишиларни ҳам қаттиқ таъқиб остига олади. Хуллас, Мақсуд Шайхизоданинг (атоқли ўзбек шоирининг исм-шарифи ўша вақтда шундай юритилган) Бўйноққа кўчиб келиб, Эдҳем Файзий билан бирга ишлаши ва у муҳаррирлик қилган журналда қатнашиб туриши унинг ҳам ГПУ назорат доирасига тушишига сабаб бўлади.

ГПУ ходимларининг Эдҳем Файзийга яқин бўлган кишилар, шу жумладан, Шайхизодадан ҳам шубҳаланиши асоссиз эмас эди. Зеро, Шайхизода, дўстлари Тавфиқ Жалол ва Селим Фитрат ўзаро мулоқотлари чоғида устозлари Эдҳем Файзий таъсирида бундай сўзларни айтган: "Озарбойжон ҳозир русларнинг мустамлакаси бўлиб қолди. Шўро мухтор жумҳурияти қазиб олинаётган нефтнинг ақалли 10 фоизига ҳам эга эмас. Шўро ҳокимияти Озарбойжоннинг Туркиядан ўзи хоҳлаган адабиётни сотиб олишига, бизнинг долзарб масалалар бўйича матбуотда эркин чиқишимизга рухсат бермайди. Агар Озарбойжонда мусовотчилар ҳокимияти ўрнатилганида биз анчагина илгарилаб кетган бўлардик. Биз ўз фаолиятимизни ВЛКСМга (ленинчи ёшлар ташкилоти) кириш йўли билан олиб бормоқчи бўлган эдик, аммо бизни бу ташкилотдан миллатчи деб ҳайдаб чиқаришди..."

Маълум бўлишича, Шайхизода 1927 йили Бокуга бориб, у ердан Истанбулда нашр этилган "Ени Кавказ" журналининг бир неча сонларини олиб келган. У Озарбойжоннинг мустамлакага айланиб, Доғистоннинг эса кундан-кунга руслашиб бораётганидан ташвишда эканини асло яширмаган. Ва нима учундир Бўйноқдаги ҳарбий қисмнинг сон-саноғи, аҳволи ва миллий таркиби билан қизиққан, ҳатто гарнизонда хизмат қилган Қозон татарлари билан яқинлашишга уринган. Гарчанд ўзининг сиёсий қарашларини ошкор қилмаган бўлса-да, у билан бирга билим юртида ўқитувчилик қилган Тавфиқ Жалол Доғистонга маҳаллий аҳолининг руслашиб кетишига йўл қўймаслик учун келганини айтган.

Хуллас, 1927 йил июн-июл ойларида Шайхизода аксилинқилобий тарғибот юритишда айбланиб, Эдҳем Файзий ва Мамед Файзий билан бирга қамоққа олинади. Эдҳем Файзий таъсирида ҳаракат қилган Селим Фитрат ва Тавфиқ Жалол эса Доғистон ҳудудидан чиқиб кетгани учун уларнинг иши алоҳида ажрим этилади. Махачқалъада бўлиб ўтган суд йиғилиши 1927 йил 6 декабрда юқорида номлари тилга олинган уч кишини ОГПУ ихтиёридаги сиёсий қурилишга юбориш ҳақида ҳукм чиқаради.

Шайхизода ўзига қўйилган айбни асословчи бирорта далил-ашё бўлмагани сабабли ишни қайта кўришларини талаб қилиб тегишли идораларга аризалар ёзади. Шундан кейин ОГПУ ҳайъати ҳузуридаги Махсус кенгаш бўйноқлик муаллимлар ишини қайта кўриб, Эдҳем Файзийни муддатни концлагерда ўташ шарти билан 3 йил қамаш, Шайхизодани эса 3 йиллик сургунга юбориш ҳақида ҳукм чиқаради.

Мазкур ҳукмга кўра, Шайхизода собиқ Иттифоқнинг Москва, Ленинград, Тбилиси ва Бокудан бошқа шаҳарларида сургунни ўташи мумкин эди.

Шайхизода қамоқдан озод бўлгач, она-сининг маслаҳати билан (отаси ўша вақтда Москвада ўқишда бўлган) сургунгоҳ сифатида Тошкентни танлайди ва ўзбек юртига келиб, отасининг танишларидан бири Собир Шариповнинг Шаҳрисабз кўчасидаги уйида яшай бошлайди.

У Тошкентда ҳаётининг ҳар томонла-ма янги, баҳор тароватидек тоза ва беғубор даврини бошлашга аҳд этади, исм-шарифига жиндек таҳрир киритиб, Шайхзода тахаллусини қабул қилади.

Ижодининг дастлабки намуналарини 1922 йилда озарбойжон тилида ёзган Шайхзода 1928 йилда Тошкентга келиб "Шарқ ҳақиқати" газетасида ишлар экан, ўзбек тилини Ойбек ва Ғафур Ғулом цингари дўстлари кўмагида шиддат билан ўрганиб, 1929 йилда шу газетада "Трактор" деган шеърини эълон қилди. Бу атоқли шоирнинг ўзбек тилидаги биринчи шеъри эди. У шу вақтдан бошлаб умрининг сўнгги нафасига қадар ўзбек адабиётининг равнақи йўлида тер тўкиб, адабиётимиз хазинасини ўзига хос шайхона жўшқин шеър ва достонлар, драма ва таржималар, публитсистик ва адабий-танқидий мақолалар билан бойитди. Аммо Шайхзода ўзбек диёрига келиб яшай бошлаганида бу ердаги вазият Доғистондагига қараганда анча мураккаб эди.

1927 йил Шўро давлати учун фавқулодда катта ва муҳим аҳамиятга молик йил эди. Шўро давлатининг барпо этилганига 10 йил тўлиши мазкур сананинг жамият ҳаётига мафкуравий чақмоқ ва момагулдираклар билан кириб келишига сабаб бўлди: шу йилнинг бошларида, аниқроғи, 14 февралда "Қизил Ўзбекистон" газетасида адабиёцшунос Айннинг (Олим Шарафиддинов) "Ўзбек ёш шоирлари. Чўлпон" деган мақоласи босилди. Миллий уйғониш даврининг оташич куйчиси Чўлпон ижодини меҳнаткаш халқ оммасига ёт, ғоявий жиҳатдан эса зарарли, деб баҳолаган бу мақола даҳшатли 1937 йилнинг илк "қалдирғоч"и эди. Ойбекнинг ўз устозини мардона ҳимоя қилган мақоласи Чўлпон ижоди мухлислари томонидан катта мамнуният ва умид билан қарши олинди. Аммо Акмал Икромов Ўзбекистон маданият ходимларининг 1927 йил 4-5 октябрда бўлиб ўтган ИИ қурултойидаги маърузасида Ойбекнинг эмас, Айннинг тарафини олиб, Марказқўмнинг Чўлпон цингари шоирлар ижодига нисбатан ўта салбий, тақдирига эса ўта лоқайд муносабатда эканини яширмади. Орадан кўп ўтмай, 1929-1930 йилларда Боту бошчилигидаги Маориф халқ комиссарлиги ходимлари, Мунаввар қори Абдурашидхонов раҳбарлигидаги аллақачон тарқатиб юборилган "Миллий иттиҳод" ва "Миллий истиқлол" ташкилотларининг аъзолари қамоққа олинди. Вақтинча эркинликда яшаётган зиёлиларнинг ҳар бир қадами сиёсий таъқиб остида кеча бошлади.

Озарбойжондан сургун қилинган шоирнинг шўролар Ўзбекистонида эмин-эркин яшаши асло мумкин эмас эди. Шунинг учун ҳам у Шўро давлати раҳбарларини, партияни олқишловчи шеърлар ёзиб, даврнинг ўткинчи масалаларига ўз вақ-тида муносабат билдириб турди, "замонасоз шоир" ниқоби билан ижод қилди. Шайхзода 1933 йили бадиий ижоддан кўра илмий фаолият билан шуғулланишни хавфсиз деб билибми, Тил ва адабиёт институти аспирантурасига ўқишга кирди, аспирантурани тугатгач, кичик илмий ходим бўлиб ишлай бошлади. Лекин 1937 йилнинг машъум ўроғи бу институт ходимларини ҳам ўриб кетганини, ижодини текшириб, рисола ёзаётгани - Чўлпоннинг қамоққа олинганини кўрган шоир илмий жабҳани тарк этди-да, дастлаб Тошкент вилоят кечки педагогика институти, кейин эса шаҳар педагогика институтида ўзбек мумтоз адабиётидан маърузалар ўқиди. Табиатан сахий, топган-тутганини дўст-ёрлар даврасида сочиб яшайдиган шоир учун домлаликнинг доимий моянаси айни муддао эди. Аммо у, ўзи эътироф этганидек, туғма шоир бўлган. Шеър ёзиш унинг учун нафас олишдек табиий бир жараён ва ҳаётий эҳтиёж эди. Агар Шайхзода бошқа тарихий-маданий шароитда яшаб ижод қилганида Оллоҳ берган буюк истеъдоди туфайли бадиий маданиятнинг кўплаб шайхона муҳташам обидаларини яратган бўларди.

Шайхзода мансуб бўлган ўзбек шоирлари авлоди турфа овозлар ва услублардан иборат. Ғафур Ғуломнинг мумтоз ўзбек поэзиясидан баҳра олган шеърлари Ойбекнинг ўйчан назмидан кескин фарқланганидек, Миртемирнинг халқона лирикаси Ҳамид Олимжоннинг дилбар асарларига мутлақо ўхшамайди. Улар билан бир ҳаводан нафас олиб, бир бурда нонни баҳам кўрган Шайхзоданинг шеъри эса бутунлай ўзгача! Унинг назмида шоирнинг танти табиати, ёш боладек тоза қалбию турқ ва озарбойжон шеъриятига хос мавжлар товланиб-алмашиниб туради. Шайхзода ўзига хос оҳанглар ва ҳис-туйғуларга бой ижоди билан ўзбек шеъриятининг янада юксак даражага эришишига улкан ҳисса қўшди.

Шубҳасиз, замон шаршарасида оққан шоирнинг партияга, Октябрга, шўролар ватанига, "оқ олтин"га ҳамду санодан иборат шеърлар бағишламаслиги, шўро давлатининг манманларча ташқи сиёсати сабабли жаҳон тақдири қил устида турган вақтларда тинчлик учун кураш каби мавзуларда ижод қилмаслиги маҳол эди. Аммо унинг юрагида бошқа туйғулар, муаммолар, дардлар ҳам бўлган. У ўзини қийнаган изтиробли масалаларни тасвирлаш ва умуман, макродунё ҳақида фикр юритиш, айни даврда рўй бераётган воқэалар моҳиятини тарих сабоқлари кўзгусида кўриш ва тушуниш мақсадида 40-йиллардан драматургия соҳасида ҳам қалам тебрата бошлаган.

Аммо бу масалага кўчишдан аввал шоир ҳаётида рўй берган мудҳиш воқэани эслаб ўтайлик.

Маълумки, 50-йиллар аввалида қатағоннинг навбатдаги тўлқини шу давр адабиётининг кўзга кўринган аксар вакилларини ўз гирдобига тортган. Шуҳрат, Саид Аҳмад, Шукрулло цингари шоирлардан олдин Шайхзода "совет ёзувчиси" деган шарафли унвонга доғ туширган ижодкор сифатида дастлаб Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан чиқарилган. Сўнгра қамоққа олиниб, уни яхши билган, унинг инсоний фазилатлари ва ижодий ютўқларидан баҳраманд бўлган кимсалар олдига ғажиш учун ташланган. Шундай кимсалардан бири С. фамилияли аёл эди. Шайхзода Театр ва рассомлик институтини сиртдан тугатаётган бу аёлнинг "Бой ила хизматчи" драмаси ҳақидаги диплом ишига илмий раҳбар этиб тайинланади. С. 50-йиллардаги қама-қамаларнинг ташкилотчиларидан бири - В.Милчаковнинг ноғорасига муқом қилиб, устозини миллатчиликда, Шарқни ҳаддан зийод идеаллаштиришда айблаган. Маълум бўлишича, у Ҳамза асари Н.Островскийнинг "Момогулдирак" асари таъсирида яратилганига урғу бермоқчи ва шу фикрни диплом ишининг янгилиги сифатида олға сурмоқчи бўлган. "Мен, - деган у терговчига берган кўрсатмасида, - диплом ишимда Ҳамза Ҳакимзоданинг адабий ижодига Октябр инқилоби, рус мумтоз ва шўро адабиёти катта таъсир кўрсатгани тўғрисида ёзган эдим. У очиқ-ойдин айтмаган бўлса ҳам, Ҳамза энг аввало Шарқ маданиятидан ўрганган демоқчи бўлган. Умуман, Шайхзода Шарқ ҳақида ҳамиша ҳайрат билан сўзлар, унинг фикр-мулоҳазаларидан шундай хулоса чиқар эдики, гўё Шарқ ҳамма нарсадан афзал эди. Шайхзода Қадимги Шарқни назарда тутган ҳолда Шарқ маданиятига бирламчи аҳамиятни берарди. Шайхзода учун рус маданияти Қадимги Шарқ маданиятига нисбатан сариқ чақачалик аҳамиятга эга эмас эди..."

В.Милчаков "дирижёр"лик қилган бу жараёнда айрим ўзбек шоирлари ҳам фаол иштирок этди. Р. исмли шоир худди шу масалада Ш.ни қоралаб, бундай кўргазма берган: "Шайхзода умуман Европага, хусусан Россияга қарама-қарши қўйган ҳолда Қадимги Шарқни кўкларга кўтара бошлади. Унинг айтишича, Европада, айниқса, Россияда одамлар оёқяланг юрганларида Шарқ жаҳон маданиятининг ўчоғи бўлган эмиш. Ўша пайтда Россия айрим князликлардан иборат бўлганида Шарқда қудратли давлатлар мавжуд бўлган эмиш. Шайхзода Қадимги Шарқда яшаган баъзи олимларнинг исмларини тилга олиб, уларни шарафлаш лозимлигини, Шарққа хос барча нарсаларнинг афзаллигини унутмасликни талаб қиларди..."

Р.нинг ўз фикрларини давом эттириб, устоз шоирни миллатчиликда айблагани, уни Чўлпон ва Фитратлар цингари "халқ душман"лари изидан равона қилмоқчи бўлгани қанчалик даҳшатли бўлмасин, гап ҳозир бу ҳакда эмас. Биз учун муҳими - Шайхзода Шарқнинг инсоният тарихида буюк рол ўйнаганини чуқур ҳис этгани, Шарқ маданияти тарихи билан фахрлангани ва шу маданият сарчашмаларидан узоқлашмасликка ҳаракат қилганидир.

Дарҳақиқат, Европада, жумладан Россияда одамлар ҳали оёқяланг юрганида Шарқнинг жаҳон маданиятига буюк ҳисса бўлиб қўшилган обидалари яратиб қўйилган, Европа, жумладан, Россия ҳали айрим-айрим князликлар шаклида яшаётганида Шарқда қудратли давлатлар аллақачон барпо этилган эди. Шайхзода ана шу Шарқнинг шоир ва олимлари, давлатчилик тарихига асос солган подшолари, босқинчиларга қарши қаҳрамонона курашган саркардалари билан ҳақли равишда ифтихор қилган. У ана шу ифтихор туйғусини Иккинчи жаҳон уруши йилларида совет мамлакати тақдири хавф остида қолган бир даврда халқни курашга, ғалабага чорловчи "Жалолиддин Мангуберди" трагедиясида ифодалаган эди.

Аммо бу асар халқни ватан мустақиллиги йўлида қаҳрамонона меҳнат ва курашга рағбатлантириш ишига қанчалик хизмат қилмасин, кўп ўтмай саҳнадан олиб ташланди. Фалакнинг гардиши билан Ўзбекистонга келиб қолган айрим кимсалар Шайхзодани тарихий ўтмишга синфий мезонлар асосида ёндашмаганликда айблаб чикди. Сталин мукофотига тавсия этилган асар муаллифи феодал ўтмишни идеаллаштиришда, Кавказ халқларига "жабр-зулм ўтказган" Жалолиддин образини бузиб талқин қилишда айбланди. 1952 йили Шайхзоданинг қамоққа олинишида худди шу масала рақиблар қўлидаги асосий дастак бўлди.

Тақдирнинг инояти билан Шайхзода шўролар дўзахидан тирик қайтибгина қолмай, Шарқнинг бошқа бир буюк сиймоси - Улуғбек ҳақидаги шекспирона буюк асарини яратиш имкониятига эришди. Агар шоир вафот этган куни ўғирланмаганида унинг Беруний тўғрисидаги яна бир муҳташам асари адабиётимиз хазинасини бойитган бўларди.

Тарих мустабид тузум даврида Жалолиддиннинг миллий қаҳрамон сифатидаги образини яратган, аммо тергов чоғида рақиблар фикри билан ҳисоблашишга мажбур бўлган Шайхзоданинг юз карра ҳақ бўлганини тасдиқлади. Ўзбек халқи 1998 йилда Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллигини зўр тантана билан нишонлаб, Шайхзоданинг ҳам пок руҳини шод қилди.

Шайхзода, ўзи эътироф этганидек, шеъриятда замонавий воқеликни, драматургияда эса тарихий ўтмишни тасвирлашга ҳамда халқ ва мамлакатнинг дардли масалаларини ўтмишга бағишланган асарларида ифодалашга интилди. У номлари тилга олинган, шунингдек, Миртемир, Абдулла Қаҳҳор, Комил Яшин сингари забардаст ижодкорлар билан бирга адабиётимизни янги тараққиёт босқичига олиб чиқди. "Бу авлоднинг аъзоси бўлган мен ҳам, - деб ёзган эди шоир, - 25 га яқин шеърий тўплам нашр эттирдим. Ўзбек тупроғини қайтадан эккан илк тракторларнинг мадҳиясидан бошлаб фазо йўлларини айланувчи олтин кемалардаги сайёҳларни тараннум этишгача барча муҳим ҳодисалар, халқимизнинг меҳнат қаҳрамонлиги, кураш ва жанг, озодлик ва дўстлик, бахт ва алам, юртнинг гўзал манзаралари ва инсоннинг маънавий жамоли менинг қаламимга ошно ва дилимга мазмун бўлиб келди". Шайхзоданинг шеър ва достонлари шундай ранг-баранг мавзуларга бағишлангани билангина эмас, турли вазн ва жанрларда ёзилгани билан ҳам ўзбек шеъриятини бойитгани шубҳасиздир.

Шоир "Тошкентнома" лирик достонида бундай ёзган эди:
Умрим бино бўлди Озарбойжонда,
Кечди болалигим у гул маконда.
Низомий ватани, Ганжа ўлкаси
Ўлкамга тўлдирди шеър ҳавосин...
Лекин шоирликнинг нозик толеи
Кулди Сирдарёнинг ҳавзаларида.
Ўзбек қуёшининг чин оталиги
Акс этди мастоба косаларида.
Ўзбек водийсида отимни сурдим,
Азиз йўлдошлар-ла ўтолдим, юрдим.
Йўқ, мен тақдиримдан эмасман хафа,
Шоирлик унвони бахтимдан туҳфа!..

Келгуси йил икки халқнинг улуғ фарзанди, гул маконлар куйчиси, шоир, драматург, таржимон ва олим Мақсуд Шайхзода туғилган кунга 100 йил тўлади. Биз, шоир ижоди мухлислари, бу муборак санани - адабиётимизнинг шонли байрамини муносиб кутиб олишга ҳаракат қилажакмиз.

Наим Каримов,
«Тафаккур» журналининг 2007 йил, 4-сонидан олинди.