Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Cўзда савоб, сўзда гуноҳ бор...
Facebook
Cўзда савоб, сўзда гуноҳ бор... PDF Босма E-mail

Назмий соҳадаги фаолиятда санъат яратолган ижодлардан сўзга жавобгарликни идроклаш бўйича ҳам яшовчан ибратлар мерос қолади. Улар эришган, интилишган мезонлар асл муддаога бехато элтувчи мақбул йўриқлар сифатида жозибасини сақлайди. Навоий шоирлик («тенгри эҳсони») ўз пешонасига битилган қисматлиги учун шукрона айтган, маъсулиятни ҳислаб эса ҳайратомуз безовталанган: «чекибон кўп рақам», гоҳида «журму гуноҳ» қилган бандаи ожиз билган ўзини. Илоҳдан астойдил авф сўраган. Баркамол бўлолмаганидан афсусланиб, энди, ҳеч бўлмаса, тавбасининг комил бўлишлигини тилаган. Огаҳий наздида шеър «неъмати узамодурким, Тангри Таъоло они ҳар кишига ато қилмомишдур», бу мушкул ҳунар шуаронинг «икки дунё манзилати саодатиға восил бўлмоғиға боисдур». Бадииятнинг қадимлардан буён эскирмас, боқийликка вобаста, юзлаб чиғириқдан ўтган ўлчовлари мавжуд. Ким билади, ҳалигача фаҳмимиз ва зеҳнимиздан ташқарида турган яна қанча адабий асрору меъёрлар бордир? Ҳар қалай, турфа олижаноб қоидалар барча даврлар адабиётининг чор тарафига, катта-кичик жамики қаламкашига бирдек тегишли экани аниқ. Сўз вазифасини белгилашнинг арзигулик тасдиқлардан ўтган тажрибаси — фасоҳат ҳиссининг битта, аммо бирламчи шарти.
ўоявий-поэтик талабларни чуқур сезмоқ ҳам балки ярим ижод, балки ярим ютуқдир? Эҳтимол, дунёдаги ҳар одам шоирона кўнгил эгаси бўлиб чиқар? Лекин шоироналик бошқа, назмга ва шоирликка хос иқтидор бошқа. Кейингиси ато этилажак, умрий синовда жавоби айрича бўлажак, юки-мажбурияти оғир ноёб ҳодиса. Шоирлик ардоққа, парваришга, ички одоб-интизомга, бинобарин, холис ташқи таҳлилга, назоратга, мақтов-дашномга эҳтиёжманд. Шоирликнинг қизғин мақомини топмоқ, зўр мақомининг маромини умрбод сақламоқ ҳамиша душвор. Ундан ажралиб қолиш, жудоликни сезмаслик, қофиябозликни илинж қилиб яшаш ҳамма вақт осон.
Нодирлиги аён истеъдод - ўз шахсининггина эмас, Ватан, миллат, башарнинг мулк-маҳзани, кўз қорачиғи. Унинг йўлидаги машаққатга (сустликка, инқирозга, ғов-тўсиққа) лоқайд фуқаро ҳам чин фозил, чин элпарвар эмас. Шуҳратининг ғоят баландлашган палласида юртни ҳаяжонга чулғаган шеърият «Бир вақт ёнганимдай балки ёнмасман» (Абдулла Орипов, «Денгизга» - 1973) дея енгилгина, йўл-йўллакай лирик чекинар экан, хайрихоҳ дилингиз ваҳмкор тагмантиқ зарбидан қаттиқ сесканиб кетмаганми? Ёхуд шуни          Э. Воҳидов, Р. Парфи, О. Матжон, У. Азим, Иқбол кабилар айтса ҳам «ўзи асрасин!» дегингиз келмайдими? Чин шеъриятнинг шунчаки гапида ҳам муайян қувват бўлади. Шунингдек, мазкур мисра ифодаламиш туйғуда илҳомнинг беҳад инжа неъматлигини, сўз санъатининг уҳдаси буюклигини муносиб идроклаш ҳам борки, шуниям сеза олувчилар ғоят нозикфаҳмдирлар.
Мақсад-мўлжални аниқ белгиламай, маъно-мантиқ инжиқликларини бошдан кечирмай, ёқимли фасоҳат ва янгичаликка интилмай туриб дуруст натижага эришиб бўлмайди. Кейинги йилларда вилоятларимизда чоп этилган шеърий китобчаларнинг анчасини ўқидим. Бу нашрлар мамлакат бўйлаб тенг тарқалмаётгани, ўз воҳаларидан четларга, марказда яшовчиларга, барча китоб дўконларию ихлосмандларга етиб бормаётгани сир эмас. Улар билан мунтазам танишиб бориш имкони менга-да армондек эди. Бироқ, аксарият мажмуаларнинг мутолааси осон кечмади...
«Сирли ишқ нолалари» (Қарши, «Насаф» - 1995)да «Адолат фожиаси» шеърини Фозил Тиловат марсия сифатида ҳавола этади. Бир қадар маъюс, маҳзун оҳанг ҳосил қила олади. Нораста қиз оғзига ўгай она қайноқ сув қуйганда, мурғак тан «Омбурнинг заҳрини туйганда» унинг оҳини маҳалласи эшитмаган. Мудҳиш воқеий мисол таассуроти тасвирида шоир таъсирчан умумлашма сари ошиққан кўринса-да, зўраки қофияларда, тарқоқ фикрларда маҳоратсизлик манаман деб туради. Янги гап айтиш истагини бежилов қўйган муаллиф чуқур ўйлаб ўтирмай, юрт шаънига ножўя сифатлаш тиркайди. Ҳар қандай вазиятда азиз саналмиш Ватанга оид айни мисра ноҳақ қарғишдек асабга тегади:

Халқим, тур ғафлатдан, қўшнингни ҳам турт,
Менинг бу шеъримни кўзларингга сурт.
Токай адолатни бўғгай ўгайлар,
Эй сен — арвоҳ, урган дориломон юрт...

Ёзёвонлик Алишер Бек ҳам шу ҳақда «Адолат ўлмайди», номли шеър битган («Ёзёвонда жийда гуллади», Андижон, «Ёзёвон» -- 1994). Фожиани у ижодкорга ярашиқ ички дард, ички маданият билан талқин этган. Шеъри ёлворишнинг ожизларга хослигини уқтириб, ўқувчида сергак муносабат уйғотади. Унингча, беш яшар қизалоққа қилинган зулмга ўзи ёши бешда бўлган мустақил мамлакат бепарво эмас. Ватан адолатли қадамлар ташламоқда: «Адолат келмоқда, у ўлгани йўқ! Оппоқ тонгда учган оққуш мисоли, товуши гоҳ тиниқ, гоҳида бўғиқ, учмоқда адолат тимсоли».
Бунда нуқтаи назар бирмунча самимий, ортиқча эҳтиросдан холи. Ҳа, Алишер ўзга шеърида ёзганидек, инсон ўз ҳислари, ҳаяжонларини турли тариқада изҳор этади, умрда севинчлар ва ташвишлар мўл, «Келган аламларни жилмайиб енгиш, шодликларни эса оддий кутиш бахт».
«Токай сенинг бошингда қуёш» деб бошланувчи шеърида       Ф. Тиловат энди ўзбекистонни қуёшдан-да устунроқ қўймоқ аҳди орқали мақтовни рўёбга чиқармоқчи бўлади. «Қуёш нима - у бир бўлак тош...» Қаршилантириш бўрттирилган сайин тўқилган ғализ нисбатнинг табиий ватансеварликка номуносиблиги фош бўлади. Қуёшнинг улуғворлигидан, юксакларда туришидан лирик қаҳрамон сунъий равишда ғашланади: «Токай менинг халқумда жоним?!» Гўё қуёшни ўзбекистонмас, ўзбекистонни қуёш кўтариб юрмоғи даркор. Шоирнинг ўзи Ватанни серқуёш деб атайди. Сўнг бу сифатни ислоҳ қилиш таклифини ўйлаб топади. «Ҳеч бўлмаса бир бўғин — «сер»ни Ташласанг-чи, бошдан қўпариб!»
Санъатини-қаловини топиб айтилса ва бунчалар жўн ёзилмаса эди, шеърият шоирнинг юртни мақтамоқчи бўлиб топган муболаға-эътирозларини ўз бағрига оларди. Борингки, бу камчиликдан кўз юмиш мумкин. Лекин ўзбекистонни қойилмақом мадҳ этмоққа киришган асар палапартиш мушоҳада оқибатида терс ҳиссиёт уйғотади. Аввалги бандлардаги Ватанни  улуғлаш ниятига терс тарзда ғалати, ғалатигина эмас, мудҳиш ўхшатишли хулосалар пайдо бўлади:

Ўзбекистон, садағанг кетай,
Алам билан келдим қошингга.
Қабристонга ўхшайсан, нетай,
Қуёш ўхшар қабр тошингга.

Нуқтаи назар хиралигига ва паришонлигига кўп саҳифа ўтмай, яна дуч келамиз. «Мен баҳорни севаман» шеърида шоир кўклам уйғонишларини завқ билан кузатар экан, шу чоғ дала йўлида келаётган қандайдир зот нигоҳига элас кўринади. Ва барча шодлиги абас кетади. Ана шу йўқ асосдан кутилмаган олди-қочдилар бошланади. Яъни, у зот узоқ йиллардан бери ғафлатда экан, унинг кўзларида исён ухларкан:

У бир оддий деҳқонмас, ҳайҳот,
О, бу мудроқ чол — Ўзбекистон!
Келаётир билмайди қайдан,
Кетаётир қайга — билмайди...

Замирида чимдим жозиб ҳақиқат бор бўлса, адабиёт ўта муболағани ҳам хуш қабул қилмоғи мумкин. Босиқ уйқу ичра одимлаётган, қаердан келаётганини, қаён кетаётганини билмовчи, ҳайқириқларга кўз очмаётган деҳқон - уйдирма образ. Энг ёмони, мудроқ чолни Ф. Тиловат «Ўзбекистон!» деб таништиради. Наҳотки! «Жоним бобом», «ўзбекнинг мудроқ исёни»ни баландпарвоз алфозда уйғонишга чақиради. У қайси хил уйқуда? Мудроқдаги исёни не? Уйғоқлик дегани исёнкорликми? Ахир, шоир бечора деҳқоннинг қандай ҳушёрлигига тарафдор?
Шоирнинг «қани юрт» радифли ғазалида бирёқламалик ҳукмрон. Бир қолипдаги сўроқ-хитоблар мундарижасини қофияларданоқ илғайсиз: олқорларинг, гулзорларинг, тулпорларинг, дилдорларинг, шунқорларинг, пулдорларинг, чилторларинг, алёрларинг қани юрт? «Ранглар» шеърида юрт Қиши, Баҳори, Ёзига олқиш айтилиб, хирмонларни юксалтган Куз шарҳида негадир аллақандай мавҳум қараш зоҳир бўлади: «Кўравериб теграмда хазон О, юзларим сарғая бошлар... ўйгим келар бу икки кўзни, Кўриб хирмон бошида Кузни!..» Якундаги ғараз кимга, нимага тегишли? Хирмон фаслида шоирни ўртаган савол нима? Тўсатдан келган ғазаб Кузга қаратилганми? Нима учун? «Сирли ишқ нолалари»нинг кўп шеърларидан шу зайил ажабланиш, ҳайронлик ҳосил қиласиз.
Кузатувимиздаги талай тўпламларда ўзаро ўхшаш камчиликлар, умумий заиф томонлар яққол кўзга ташланади: Усмонжон Шукуровнинг «Тунги кечинмалар (Андижон — 1992), Дилором Каримованинг «Тонгда битилган шеър» («Бухоро» — 1993), асакалик шоирларнинг «Асака навоси» (Андижон — 1994), Турсунмурод Қулматовнинг «Еттинчи қитъа» (Гулистон, «Зиё» — 1995), Бойжигит Абдуллаевнинг «Тоза руҳ» (Гулистон, «Зиё» — 1996), Зуҳурийнинг «Ватан васфи» (Гулистон, «Зиё» — 1996), Бурҳон Файзиевнинг «Гулшан диёрим» (Самарқанд — 1996), Тўлқин Туронбекнинг «Висол соғинчи» (Қарши, «Насаф» — 1996), ўтбосар Мирзаевнинг «Субҳи содиқ» (Андижон — 1996), Жуманазар Аноровнинг «Қалбим ардоғи» (Термиз, «Жайхун» — 1997) китоблари шулар жумласидан.
Эрк, Ватан, Табиат, Муҳаббат, Халқ, Она, Истиқлол, Эътиқод мавзуларида кўплаб қаламкашлар (ў. Мирзаев, Б. Файзиев, Зуҳурий, Т. Қулматов, Б. Абдуллаев, А. Аноров, У. Шукуров) жўн, саёз ва юзаки фикрлайдилар. Сиёсий лирикага хос шеърларни шўро тузуми адабиётидаги сийқа маддоҳлик йўсинида тўқийдилар. Айримларда шакли сал ўзгарган фикрий қайтариқлар шеърдан шеърга бемалол кўчиб юради. Чунончи, Зуҳурий тўпламида аҳвол ана шундай. Такрорланувчан ножоиз фикрлар оқимида хусусан порахўр, олибсотар ва муттаҳамларни қарғаш, сўкиш таҳдиди, лаънатлаш, икки кўзини бармоқ билан ўймоқ қабилидаги бетаъсир, ҳатто беодоб гаплар ўнлаб учрайди.
Ижодий ҳаракатда ҳамон олди-қочди ифодаларнинг, хом-хатала мисраларнинг, табиий туйғулардан олис ёлғонларнинг ўралашиб юрганлиги ачинарли. Сарлавҳасиёқ ҳавойиликка ва қуруқ сафсатага даҳлдорлигини сездирувчи шеърлар оз эмас: «Газ ҳақида ваъз», «Куйлагайман чўлимни», «Тезроқ терайлик» (Т. Қулматов), «Мафтунингман, оқ дала» -- теримчи қиз қўшиғи, «Қумқўрғон пахтакорларига» (Ж. Аноров), «Деспетчер» (Б. Файзиев), «Маҳаллам», «Кўзи кўр бўлсин ғаним» (Зуҳурий), «Пахтакор қиз», «Пахтакор қиз қўшиғи» (Д. Каримова)...
Юксак умуминсоний миқёслар кўзланмаса, шартлилик ва рамзийлик сарҳадлари тўғри илғанмаса, ҳиссиёт ҳамиятли бошқарилмаса, вақтинчалик телбавор ҳислар ижодни номақбул кўчаларга етаклайди. Эҳтирос шўхлик, эркалик қилади, саробга талпинади, адашади, туғёнга кетади. Лирик ошиқоналик оламида шу боис қаҳрамонларнинг беқарори ва нотовони, бешарми ва беҳаёси, алдамчиси ва ҳардамхаёли кўп. Улар ҳирсу ҳавас билан ишқу ошиқликнинг меъёрини, чегарасини фарқламай қоладилар. Вужудий интиқлик, нафсоний талаблар изҳорлари уларга назмий топқирлик бўлиб туюлади. Бундай лирик тимсолларнинг хилма-хил ботил хусусиятлари бор. Баъзиларига диққат қилайлик:
-- Улар очиқча савдони хуш кўради, лаззат истагида ёнади, алдайди-аврайди, ялинади - паст кетади: «Сен томонга узатилган қўлим шашти қайтмасин, Имкон бергин, сочларингни мен бўйнимга ўрайин... Сулувларни  севмоқликка  ҳаққим   бордир  ҳойнаҳой»     (Т. Шукуров), «Сенинг ишқинг учун вужудим - Ватан» (Т. Туронбек),   «Кел,   гулим,   бағримга кир, гулдон бўлай, ўтли сийнанг мулкига сирдон бўлай»  (Ф. Эмин);  «Бахш этайин сенга айшу фароғат»       (Б. Файзиев); «Азизим, юзингдан пардани  кўтар, Чанқоқ лабларимни бўсага қондир... Мажнунтол баргидай титрайсан нечун.  Ул  қаро  сочларга қўл  чўзган оним... Бас,  мени тун бўйи  қийнама,  жоним!»,  «... Ирмоқман,   бағримга  ирмоқ бўлиб кир, Қўшилиб, эшилиб дарё бўлайлик!.. Қуч мени, ўп  мени бир сўз демасдан» (Ф. Тиловат); «Сен саҳоват ўлкасида бунчалар бўлма хасис, Бир бўса сўрсам лабингдан бермадинг нокаста қиз», «Мен ўргилайин бўлганда ҳам чол лабингдан» (Б. Абдуллаев)...
— Улар ўзини ўта рашкчи кўрсатади. Аммо ўз ёри ва унинг қандайдир хуштори нисбати тасвирида уларда ростакам озорланиш кўринмайди. Ёр билан хуштор «борди-келдиси»ни бундай ошиқ қаҳрамон қийналмай сўзлаб беради: «билсанг Отеллодан зўрроқ рашкчиман, ўлдирмоқ менинг ҳам келур қҲлимдан» (Ф. Тиловат), «Сендан бўсалар олмоқ ўзгаларга ярашмас», «Фақат ағёр қўлин тутиб Танг қилмагин ҳолгинамни» (Т. Шукуров); «Баҳор чоғи,... ҳу... майсазорда Учрашгандик эсингдадир, ёр... Мен ҳам сенга ёқмадим гўё. Хаёлингдан ўзга ёр ўтди...» (Ж. Аноров)...
— Улар асабийроқ бўлишади. Ҳовлиқма ҳисли экани боис сўзида таҳдидли оҳанг, зўравонлик майли, нотавонлик аломати зоҳир бўлади. Оний висол учун ўлим ваҳмини бемалол тилга олади, бўлар-бўлмасга юзаки қасам ичади: «Бу гал келмасанг нохос Йўлга қараб ўларман», «Бир кун ўлиб қоларман! Сен келмасанг Дилором»          (Т. Қулматов); «Жон беришга ҳам тайёрман Садқа қилиб жонгинамни» (Т. Шукуров); «Олмазорингда адашдим... Истасанг жонимни ол, қалбимни қолдир, Эй Санам» (Б. Файзиев); «Кела қолгин тезроқ, чиқмасдан жоним» (Б. Абдуллаев); «Қирғий каби тикилма Кўзингга зўр келади. Кўп нозу фироқ қилма ўзингга зўр келади» (Т. Қулматов); «Сен узлатда жавоб берурсан Менсиз ўтган ҳар лаҳзанг учун!..» (Ф. Тиловат); «Мен учун туққан сени... Хўп келишган қоматингни баркамол айлаб онанг» (Б. Абдуллаев); «Суратингни менга берма, керакмас, Дудоғинг лаззати лабимдадир, бас. Қўлларингни менга чўзма — керакмас. Узокдан қўл чўзмоққа қилмайман ҳавас... Сўзларимга қулоқ солма — керакмас, Фикримни элтади мендаги вужуд» (Т. Шукуров); «ўлар бўлсам, рост ўлар бўлдим, Рухсат айланг сизни севишга», «ўлдирсанг ҳам майли, қўлингда ўлай, Фақат ўзгинангни соғиндим, жоним» (Хуррам Райимов, «Қўш қанот», Термиз, «Жайхун» — 1996).
— Улар маъшуқа ила кечган онларидаги қилғилиқларни бепарда тарзда бемалол айтади. Буни ўзгаларга кўз-кўз қилади: «Севгилимнииг бошин кўксимга қўйиб, ўтказганман қанча тунларни бедор», «Болишингдан пинҳона ушлаб Қалтирайди қўлларим қизиб... Кел бағримга аллалаб» (Б. Файзиев); «Лабларинг жонбахшлигидан ҳар нафас яйрар таним» (Л. Абдуллаев); «Қўлимни узатдим нозик қўлингга, Қўлим қайтармадинг, қайтмади қўлим», «Ҳузур берар ўзингсан, Кўксимни безар гулим ўзингсан. Сендан олиб ҳам бўса дедим, яна тўймадим. Дудоғинг таъмлари қалбимни тинч қўймади», «Қучоғимга ярашган гулсан, Сўзларингда розилик саси. Оҳ! Қанчалар беозор ҳурсан, Лабларингда ишқнинг ҳаваси. Орзулар ҳам ушалди шу кеч, Сендан олгач, ширин бўсалар. Менга ёққан сарв жуссангни Қучиб, дедим, ширин бунчалар. Белларингдан қучганда жоним, Бахтим дедим, ўпдим дудоғинг» (Т. Шукуров)...
Вужудий майлларга мойилликни, севгида назмнинг иймоний меъёрларидан олислашишни, қўпол-нўноқ изҳорларга берилишни алоҳида–алоҳида китоблар мисолида ҳам кузатса бўлади. «Субҳи содиқ» тўпламидаги севгига доир барча шеъру шеърчаларнинг жумлалари ғализ, фикрлари алмойи-жалмойи. Зўрма-зўраки қофиялар етаклаб келган «ёт» фикрчалар йиғиндисидан, нокерак оддий гап-сўзлардан шеърлар тартиб қилинган. Натижада ният қилинган асар иморатида харобалик вужудга келган: «Бунчалар бежирим бўлмасанг, пари, Йигитлар жонига қасд қилдингми ё? О, Сибир сувсари — сўлим Сурайё...», «Мен асални ошай олмайман, Менга болнинг ариси керак...», «Нега чироқ ўчирдинг, қоқвош...», «Чаён каби чақди кулиб қаро кўз. Заҳарли чаён минг бир дардга даводир». Ёки:

Кўп кўзларнинг ҳажрида ёндим,
Кўпларини ёндирдим мен ҳам.
Фақат бирин меҳрига қондим,
Биттасини қондирдим мен ҳам.

«Тоза руҳ» тўпламининг талай ғазалларига ёр нуқул қирмиз ранг ҳарир ёки атлас кўйлак кийган кўринишда ташриф буюради. Бир шеърда ёр оқшомлари қулоқдан сирғасини ечиб қўйса, бошқасида бармоғидан узукни ечиб қўяди. Яна бирида маъшуқ совға қилган мунчоқлар ечилади. Сирға ҳам, узук ҳам, мунчоқ ҳам то тонггача дилдорга зор яшайди. Фикрий такрорлар сони анчагина.
Ношаръий ҳолатларни, хушторликка хос ўткинчи жазавани севги номи билан ҳадя этиш айниқса Ф. Тиловат ижодида кўп. Шеърларини хоҳ яхлит, хоҳ якка тартибда ғоявий-бадиий таҳлилга тортманг, биқиқ маслакка, муаллиф томонидан маъқулланган гуноҳли вазиятга, тажрибасизликка рўпара келаверасиз. «Балкондаги қиз (ҳарбийдан хат)»даги дастлабки уч мисрагина самимийроқ. Бунда ўша қизнинг ўз дилбарига  ўхшаб кетиши, қизга боқиб ёрини эслаши айтилади. Сўнгра нохолис ҳиссиёт ва қилиқлар бошланади: узоқдагисига ўхшагани сабабли яқиндагисига талпинилади. «Рози бўлса, қилса илтифот: Бир сония эрк берса бори...» Хўш, бу умидда қандай самимият бўлиши мумкин? Устига-устак, қизнинг офицер-ёри бор экан. Беқарор ошиқ остонадан ҳатлаган кезда ўша офицер келиб қолса деб бироз чўчийди. «Асар» шундай тугайди:

Хиёнат-ку қилмасдим минбаъд
Дилбаргинам, алдамоқ нечун?!
Мен у қизни ўпардим фақат,
Сизга ўхшаб кетгани учун...

Эҳтимол, айни ахлоқ ила савияни бевосита шоиргамас, қайсидир бир ҳарбийга тегишли деган эътироз туғилар? Ҳолбуки, шундайлиги асло сезилмайди. У ҳолда ҳажман ўшандай «Томошагоҳ» шеърини қандай тушунайлик? Томошабинлар мор чирмаган аёлни олқишлаётир. Ҳатто қизчаларнинг кўзларида зўр ҳавас, юраклари морбозликка «суст» кетган. «Аёл бирам латиф, бирам - ўғирлайди хаёлни». Шоирона кўнгил – эгри:

Менда-да бу дам бир истак.
Чўмгум ширин хаёлга:
«Қани эди, илон бўлиб
Чирмашсам шу аёлга...»

ўзга шеърларида ҳам лирик қаҳрамон беқарор ва бетайин: «Шимоллик қизга» — мовий кўз, олтинсоч гўзалга «Ма, қабул эт, берай бўсалар», дейди у. Икки бандда шул таклифни ўриснинг ва ўзбекнинг мақоллари («Берса олгин, қочгин урсалар», «Йигит сўзи сингандан кўра, Сур шайтоннинг ўмрови синсин!») мустаҳкамлаган бўлади. Бўсага таклифнинг, ирсоли масалнинг огоҳ-хулосаси мақсадга яраша бачкана:

Тортиғимни олмасанг, баттол,
Бўсаларим соврилса елга,
Айт, ҳикматлар бўлмасми увол,
Сўнг не жавоб айтурмиз элга?

«Азизим», «Илтижо», «Муҳаббат - ҲАЖ», «Мен нечун», «Минг йилки», «Суйдим сени», «Бўса ҳақида баллада», «Қашшоқлик», «Қорқиз», «Қайтиш», «Омад», «Кўрмасин», «Инсоф», «Толе», «Сочларингни» шеърларида ҳам назар тиниқ эмас, ғуборсиз эмас.  Фозил Тиловат вужудий висол манфаатига доир деярли ҳамма ишлар ишорат-тафсилотини ёритишга чоғланади: ёлғиз истак ўпмоқ. Бирон зот бундайин ўпмаган. Дунёда йўқ бунақанги таъм. Ҳаттоки, «Саъдий суйган ёрнинг сийнасида ҳам». Шундай ўпиш лозимки, қонлар кўпчиб кетсин. Лабларга лаб босилади. «Лаблар эса елим каби дудоқларга ёпишади». Бўсанинг қудрати кўрсатиб қўйилади. Шаҳарда нозанинлар кўп, аммо қишлоқ қизлариям хўп етилган. «Дуркун-дуркун қизчалар билан хилватларда учрашмоқ — маза!»
Алқисса, лирик қаҳрамон уйда тунайди. «Худо инсоф бердими» дея ёр мамнун. Шу пайт, «Тўймай ҳали оташ лаблардан» алоқачиси хат ташлаб кетади. Ажабки, қалбида бошқа таниш дилбарга нисбатан ҳис (ҳирс) уйғониб, йўли у ёнга тушади, чорлаган дилбаргинасининг гўшасига киради. Иккинчи ёри ҳам мамнун ва ҳайрон: «Худо инсоф бердими?» Ошиқнинг шодон, ғолибона кайфияти бирдан даҳриёна тус олади: «Кўкларда-чи, худолар ожиз, Менга инсоф беролмай ҳайрон!»
Мазкур воқеабанд тўқимага шоир «Инсоф» деб сарлавҳа қўйибди. Аслида бошқачароқ ёзилиши, номи тахминан «Инсофсизлик» бўлиши керак эди. Хоҳланг-хоҳламанг, шеърдан жазманилик ва ахлоқсизлик тарғиби, бузуқ юриш-туришни маъқуллаш ғояси келиб чиқади.
Ботил қарашлари устун «ижод»ларда юқоридагидек даҳриёна кечинмани ёки бидъат ва ширкка қоришиқ талқинни англаб эса кўпам таажжубланмайсиз. Чунки қайсидир амал ё хислатдаги ғофилликнинг ўзга бир ҳаракатда ҳам панд бермаслигига кафолат йўқлигини биласиз. Масалан, эътибор қаратаётганимиз «шуаро»нинг кўпчилиги исломий иймонга тааллуқли масалаларда ҳам ўйламай-нетмай қалам тебратадилар. Ўтбосар Мирзаевнинг она мадҳидаги хом шеърларини шунчаки ўқиб қўя қолса бўлади. Аммо «Ҳеч қандай тангрини тан олмайман мен», дейишга уни нима мажбур этган? Ваҳоланки, ашаддий даҳрий ҳам шундай қарорга келишдан қўрқиб яшайди. Тўғри, шоир ўша фикрида собит эмас, ўзгачароқ фикр айтмоқчи. Бу ёзган онларидаги палапартишлиги, масъулиятсизлиги оқибатидир. Дилором Каримова ижодидан олганимиз эндиги парча ҳам айни хил лоқайдлик сирасига мансуб:

Кимлар худоларга сиғинса,
Кимлар даҳоларга тиз чўкса агар,
Мен бўлса ягона Оллоҳим Дея
Сизга бош эгарман, меҳрибон падар.(?)

Бугуннинг минглаб инсонлари хилма-хил илмлардан огоҳ, фано билан илоҳиётни идрок этиш йўл-йўриқларидан бохабар. Туркона назмнинг нодир мерос ва анъанага бойлигидан воқиф. Мантиқдаги нозик фарқларни, ноаниқлик, саҳв-хатоларни улар дарҳол илғашади. Шеъриятдан янгича кашф, санъат, ҳақгўйлик кутишади, жозибадор тагмаънолар излашади. Уларни алдаш қийин. Шоирлигимизга, битигимиз арзирли ижодлигига кўпни инонтирмоқ осон ва безаҳмат кечмайди. Фасоҳатнинг эса ҳатто тадқиқ билан тушунтириб бўлмас асрори беҳисоб.
Пойдевори ҳақ сўз ва маънидан барпо бўлмас экан, ҳар қандай янги, катта гап ҳам ўзига ром эта олмайди. «Илк бора йўргаклаган дояларингга раҳмат, Туғилган чоғингдаёқ қилмиш ато кулдиргич» (Б. Абдуллаев) деяр бўлсак, Аллоҳ иродасини инсонга нисбат бериб  қўйганимиз фаҳмлиларни ранжитади. «ўн саккиз дўзах ато эт, ўн саккиз йилдан ётай, ўн саккиз ёшимда ўзим топтаган туйғу, кечир» (ўша муаллиф) ёки «Майли, сочинг толасига ос мени, Туғилайин ўзни қайта тузатиб» (Т. Шукуров) дейилмиш севгига ва севгилига мурожаатларда ҳам шу янглиғ хатолар.
Сир эмас, эътиқод баёнида, иймоний тушунчаларнинг байтлардаги иштирокида ғалати, нотўғри ифодалар кўпайиб кетган. Чўнончи: «севги — худо», «ишқ худоси», «ишқ ояти», «дил — худо» қабилидаги фикрлар тўпламларда бот-бот учрайди. «Она табиат шафқат худоси!» деб бонг уради Усмонжон Шукуров. Сўнгра унга илтижолар қилади. Тўлқин Туронбекнинг кичкина мажмуасида «сиғинмоқ», «сажда» лафзлари ўз ўрнини тополмай сарсон кезади: «ўзингсан-ку мен сиғинган ягона юрак», «Саждалар қилурман покдил инсонга», «Ёлғиз фироқ бўлди сиғинар каъбам».
Булардан ташқари, замонавий назмда ҳуда-беҳуда қасамёд қилмоқ урф бўлганини бу «ижод»лар намойиш этади. Жуда қалтис, мажбурий вазиятдагина, шунда ҳам фақат Аллоҳ исмлари билангина онт ичмоқ шаръийдир. Яратиқлари билан эса Яратганнинг ўзи қасам ичади. Ҳар бир буюрилган ҳолни шеърият ҳисобга олмоғи жоиз. Шоир ҳақ динга доир образли талқинда исломий илмларга таяниши шарт. Бу борада ёзганларини муқаддас манбалар нечоғлик қувватлаши ва тасдиқлашини текшириб кўриши керак. Муаммоларга исломда ўша манбалар асосида жавоб берилади. Яъни, ҳужжат билан далилланади. Тўғри ақидага суянилса, шеър турли даражадаги гуноҳу шубҳалардан фориғ шаклланади.
Вазн бузилиши (айниқса арузий мисраларда), гап бўлаклари ноқислиги, маънисизлик, қофиябозликдек иллатлар, нашр билан боғлиқ сифатсизлик намуналари кам эмас. «Насаф»да босилган «Сумбула» (Қарши — 1997) китобига Сувон Соқий 365 рубоийсини жамлаган. Рубоиймас, балким тўртликлар деб камтарона атамоқ маъқулмиди? Кўпчилиги ё жўн гаплар баёни, ё фасоҳатини аллақачон топган фикрлар такрори, ё енгил-елпи қофияга бўйсиндирилган мисралар. Қуйидаги сингари тизмалардан ҳеч нарса тушунолмай бошингиз қотади:

Дайди ит эрта-кеч суяк ахтарар,
Бирор хилватгоҳдан тувак ахтарар.
Соқоли кўксига тушса ҳам бир кас,
Бозордан ўзига сумак ахтарар.

Жўнлик даражаси ва жумлалар ғализлигига кўра ҳам баъзи китоблар бир-биридан асло қолишмайди. Усмонжон Шукуровнинг «Тунги кечинмалар»и, у муҳаррирлик қилган Муҳсин (Одилжон Олимов)нинг «Жон боғчам, жаҳон боғчам» (1995), Жуманазар Аноровнинг «Қалбим ардоғи»га ўхшаш тўпламлар аҳволи анчайин ночор. Муҳсин ижоди ички муқованинг бир ўрнида «шеърлар ва баллада» тагсарлавҳаси билан очилса-да, баллададан ном-нишон йўқ. Шеърлар кичкинтойларга бағишланган. Аммо ундаги зўрма-зўраки қофиялар, «ғаройиб» фразалар, тинишсизлик, мавҳумот ва саёзликлар болакайларнигина эмас, катталарни ҳам гангитиб қўяди: «Бойиди ўз хилидан», «Сўлмайман Сўлар бўлсам ўлмайман ўлар бўлсам Юрт ҳаққи ичгум қасам Айбдорман Асролмасам», «Улғайиб ўссам катта», «Хифзлаб еру осмон», «Ақлим жўри, Бўлса қўри... Дил завқига қонса юрак Урса — керак», «... Азизсиз эъзоз нон Ундан сиз Минг чандон Лазизсиз», «Истагим Умидвор Тилагим...», «Ул қорбобо бира йўла Линча тўла Олиб чикди Турли совға...», «— Бу қора дўхтлик, тўқликка шўхлик», «Тинчлик қўшиқлари Зўрласин»...
Ҳозир ҳеч қандай мафкура сўз санъатига тазйиқ кўрсатаётгани йўқ. Аксинча, мусаффо ижодий муҳит барпо бўлди. Иллат эса ғализ ёзғувчиларнинг ўзларида, ўзларининг савияларида, ботиний аҳволидадир. Зотан, қадимул айёмдан буён ҳеч қайси ижодкор ўз ички оламидан қочиб қутула олмаган — битигига унинг кимлиги, маънавияти барибир кўчиб ўтган.
«Она дуоси» номли шеърида бугуннинг бир шоири ёлғонларни қалаштирар экан, ўта зиддиятли фикрлайди. Замона зўрламаса-да, ҳатто ўша мустабид жамиятда кам учраган туғён билан шаккоклик қилади. Мантиқни фаҳмламайди. Шеърида туш кўрганини баён қилади: «Бўйним узилиб, Бошимни қўлимга олиб юрибман». Онасига шу ҳакда сўйлаб, гуноҳи йўқлигини таъкидлайди. Волидаси дуо қилгач, ёқимли туш кўради. Хуллас, хулосани қаранг:

Бир номард туҳмати умрим узганда,
Онамнинг дуоси бахш этди ҳаёт.
Ҳеч қандай тангрини тан олмайман мен,
Фақат менинг тангрим Онажоним — Сен.
Сенга сиғинаман, сенга ягона,
«Қуруқ туҳматлардан сақлагин, она!»

Дуо ўзи нимадир? Бандаларга уни ким буюрган? Дуони қай улуғ зот ижобат қилади? Ахир лирик қаҳрамоннинг онаси Худога ёлвориб илтижо этди-ку? Наҳот фаросат шунчалар бетайин ва бетийиқ бўлса?.. Фасоҳат соғлом-саломат бўлиши учун, кўринадики, қаламкашнинг нуқтаи назари тузук ва тозарган, туйғуси пок, идроки теран, илми зиёда бўлмоғи зарур. Дунёдаги бирор инсоннинг дунёвий ва исломий илмлар ҳосиласисиз комиллик сари кўтарилиши даргумон, Шуаро дегани биринчи навбатда сўзни, унинг зимнидаги нозик асрорни, ифоданинг кейинги жавобгарлигини айрича безовта ҳис этгувчи қавм демакдир. Улар нутқнинг илоҳий ҳодисалигини, ҳар калимаси учун беҳисоб ажр-мукофот ёки оғир сўроқлар борлигини тафаккур қилмоғи даркор. Гоҳо шаклланган деганимиз, гоҳо энг ишонганимиз шоирлар яхшигина асарларининг исломий жиҳатларида, митти, аммо мантиқан жиддий ножўяликларга йўл қўяди. Баъзан ҳақ эътиқоддаги муқаддас сўзларнинг ғофилона ишлатилишлари ғашимизга тегади. Илҳом билан битилган айрим ёш шоирларнинг шеърларида шу янглиғ равшан камчиликларни кўриб, ажиб заҳматларнинг зое кетаётганига афсусланасан киши.
Кейинги йиллар ёзилган баъзи шеърлардаги ушбу мисраларни мушоҳада қилиб кўринг: «Мен сенинг нолангни тинглардим, Худо», «Сездим жуфтим эканин Оллоҳ Нақшбандга бориб келганимдан сўнг», «Оллоҳ шундай кўкарасанми? «Йиғлайсанми шунақа, тангрим?». Шу янглиғ мисралар ўзлари мансуб шеъргагина эмас, бундай фикрлашга мослаштириб ҳосил қилиниши мумкин бўлган бошқа бир шеърларга ҳам ярашиб тушиши мумкин эмас. Айрим ёшлар бўлар-бўлмасга ўлимни тилга олишдан («Агар қўрққан бўлсам, ўлимдан қўрқдим, Агар севган бўлсам, севдим ўлимни»), чуқур тушкунлик оҳангларидан чўчимайдилар. Бу каби ҳолатларнинг-да шукроналикка зидлигини, Аллоҳ буюрмаганини эътиқодимиз ҳужжатларидан қатъий билиб олмоғимиз даркор. Энг ёмони эса қатор шаклланмаган шоирларнинг ўз «асар»ларида муқаддас тушунча ва калималарни қўллашга ношудларча ошиқишларидирки, бундай юзакиликлар хавфлидир. Фозил Тиловатнинг атиги тўрт бандлик шеърида мисралар миқдоридан кўра кўпроқ пала-партишликка дуч келасиз:

Муҳаббат - ҲАЖ,
Ишқ эса товба...
Васл исташ чекмоқкан жабр.
Эркам, васлинг муқаддас КАЪБА,
Ҳажринг бўлди — Саҳрои Кабир...
ўзинг мени ёрлақа тангрим,
Сенга етай, ёхуд ўлай ман.
Лабларингдан бир бўса бергин.

Саноқли асарлардан муайян баҳра олиш билан умумий аҳвол қониқарсизлигидан кўз юмиб бўлмайди. Қирққа яқин ижод маҳсулини кўздан кечирдим. Улар таркибида эътиборга моликлари ҳам бор. Одатдагидан кўп, лекин китоблар ичидаги миқдордан хийла кам келтирганим мисолларда мен бадиий ифода маданиятига хослик белгиларини оз кўрдим. Кўнглимда безовта саволлар уйғонди: мутахассис ва мутасадди биродарлар қаёққа қараётир? Нашрнинг моддий жиҳатини зиммага олмоқ, пул ўтказиб қўймоқ наҳотки ижоднинг ўзидан устун мавқега кўтарилган? ўоявий-бадиий савияга жавобгарликни муаллифга юклаш бошқалар бўйнидан масъулиятни соқит қиладими? Муҳокама аталмиш фойдали қоида унут бўлганми? Нега бўлар-бўлмас, олди-қочди, беқарор-бетайин, хом-хатала нимарсалар ёзиб, уларни серхато, бесифат чиқариб омма тасаввурини чалғитамиз? Шеъриятдек санъат обрўсини масхарага, юзаки ҳукмларга рўбарў қиламиз? Ахир, мустақиллик имконларига, олижаноб мафкура ва маънавият орзуларига жойларда ўқувчилар шеърият деб санаётган бу китоблар қанчалик ҳисса қўша олади? Камчиликнинг кўпайиши ва кенг тарқалиши халқни алдамайдими? Саробларга бошламайдими?
Азим Суюннинг: «Битта ҳикмат менга аён: Сўз тузалса, эл тузалар», деган мисраси бор. Бунда ҳеч бир муболаға йўқ. Дидлар пасайиши, фикрлов торайиши, адашувлар ва алданувларда сўзнинг, бинобарин, бадиий талқиннинг муайян ҳисса-гуноҳи йўқ эмасми? Масаланинг мазкур томони негадир ҳеч кимни қизиқтирмай келади. Яқин адабий тарихимиз ва янги асарларга разм солсангиз, чалғитгувчи, номақбул ўй-ҳисларни тарбияловчи, сохталик ва алдамчилик хусусиятларига эга ифодаларни кўп учратасиз. Ваҳоланки, миллионлаб ўқувчининг, Ватан ва миллатнинг ҳурмати учун такдимотдан олдин масъулият ва муҳокамани кучайтириш лозим. Хилма-хил мақсадга номувофиқлик аломатларига адабий танқид ҳам бепарво. Лоқайдлик хатарлидир, ҳар қандай ғофилликка, ёқимсиз ҳодисага имкон қадар тўсқинлик қилмаса, бефарқлик ҳам шериклик саналиб қолади. Тўғри, айни лоқайдлик — бир жиҳатдан ўша асарларни маъқулламаслик белгиси, бироқ танқид сукути бемазалик авжланишига, омма тасаввурининг хиралашувига тобора йўл очади.
Ва лекин ўзбек шеъриятининг ҳозирги исломий оҳангларга  интилишларини умумий аҳволи ёхуд пафоси даражасини мен «иймон соғинчи» мақомидадир, деб белгилаган бўлардим. Исломиятда шундай тушунча мавжуд. Тутқунликдаги ҳар жонзот билиб-билмай озодликни истагани сингари синов дунёсидаги ҳар банда сезиб-сезмай иймонга талпинади, уни соғиниб яшайди. Худди шундай, ҳуррият туртки бўлиб, иймон соғинчлари юзага чиқди. Энди иймон ҳаловатигина юксак мақомдир ва поэтик тафаккурда у бош муддаолардан бири бўлмоғи зарур. Эндиги шоир шеъриятда ҳаёт-мамот вазифаларига даҳлдорлик борлигини ва унинг тарозуси энг тўғри эътиқодда эканлигини етарли англамоғи шарт. Йўқса, ҳар нечук заҳмат ёки оний юксалишнинг бевақт беиз кетмоғи аниқ. Исломий йўсинда ёзмоқ зўравон мажбурият эмас. Бу каби мезонлар айни чоқда ҳеч маҳал соф дунёвий ёзмоқни ман этмайди. Аксинча, у дунёвий мавзулар талқинига кенг, тўғри йўлларни ўргатади, хато фикрлашдан огоҳ этади.
Шоирлик даъвосидаги шахс шеъриятнинг ўзига хос ибодатлигини, ўзини ва ўзгаларни покловчи воситалигини, бунда билим, заҳмат, маҳоратгина вазиятдан олиб чиқишини мушоҳада этмоғи зарур. Гап мавзулар ёритилишининг бўшлиги, жўнлиги ҳақидагина эмас, балки бадиият мақсадларини ҳислаш, ўзни илму қарашларга бойитиш, нуқтаи назарни тиниқлаштириш, масалаларга қай тахлит муносабатда бўлиш тўғрисидадир. Гап, синов дунёсидаги адашув ва алданишларимиз етмагандек, назмга эрмакталаб ёндашиб, ҳақ ризолигини кўзламаслик ва хатоликни оширишнинг зарарли экани хусусидадир. Шеъриятда ҳам савоб ва гуноҳнинг чегараси бир қадам... Зотан, англаган ижодкор учун иймон, диёнат, расолик бутун жамиятнинг, бинобарин, шеъриятнинг беназир муддаосидир. Унда иймон ҳаловати балқиб юзага чиқмоғи учун эса аввало биз – ижод аҳли ўзимизда комиллик аломатларини барпо этмоғимиз лозим. Негаки:

Сўзда савоб бордир, сўзда сароб бор,
Ҳар нечук битикка сўзон сабабкор.
Адашган қаламлар касридан гоҳо
Бегуноҳ қадамлар ғофил, гуноҳкор!

Сўзда савоб бордир, сўзда гуноҳ бор,
Ботил сўз - хатокор, ҳақ сўз – халоскор.
Манзурлик  истасанг замонлар оша,
Ҳар сўзга тафаккур тафтиши даркор!

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1998 йил 20 май, «Ёзувчи» газетаси, 1998 йил 1 апрель.