Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Ғоя ва туйғу бирлиги
Facebook
Ғоя ва туйғу бирлиги PDF Босма E-mail

Адабиёт — инсоншунослик бўлганлиги учун қаҳрамоннинг ташқи қиёфаси билан бирга унинг маънавий дунёсини ҳам, психологиясини ҳам ишонарли ва таъсирли қилиб тасвирлаб бериш ёзувчилар олдида турган энг қийин, энг шарафли вазифалардан ҳисобланади. Тўғри, реализмдан олдинги тараққиёт босқичларида, масалан, классицизм ёки романтизм услублари ҳукмронлик қилган даврларда инсоннинг психологиясини, хилма-хил ҳис-туйғуларини ҳаётдагидай аниқ кўрсатиб бериш унчалик зарур ҳисобланмаган. Классицизм ўз замонасида ижобий роль ўйнаган адабий оқим бўлса-да, у китобхонга, томошабинга кўпроқ ақл ўргатишга асосланган эди. Шунинг учун классицизмда кўп учрайдиган камчиликлар унинг имкониятларини чеклаб қўйди. Романтизм услуби инсоннинг ички дунёсини классицизмга нисбатан чуқурроқ тасвирлашга интилди. Аммо романтизмда ҳам инсоннинг реал ҳаётидан кўра ҳаёт ҳақидаги романтик орзулари ва хаёлий интилишларини тасвирлаш устун туради. Романтизмнинг энг илғор шакллари кейинчалик реализм таркибига киргандагина бу икки услуб бирлашиб, инсоннинг ички дунёсини, шу жумладан, унинг орзулари, ўй-хаёлларини ҳам ёрқин ҳаётий образларда мужассамлантиришга муваффақ бўлди.

Лев Толстой ўзи яратган бадиий асарларда инсоннинг хилма-хил ҳис-туйғуларини олижаноб мақсадлар нуқтаи назаридан кўрсатади. У ўзининг санъат ҳақидаги трактатида айтганидек, одамзодга хос энг юксак, энг гўзал ҳис-туйғуларни сўз воситаси билан кишиларга «юқтириш»га интилади.
Биров астойдил завқланиб кулса, буни кўрган одамнинг ҳам кулгиси келади, ҳеч бўлмаса, кулимсирайди. Биров ўртаниб йиғласа, буни кўрган одам беихтиёр маъюсланади. Далада бўрини кўриб қўрққан одам қандай ваҳимага тушганини айтиб берса, унинг туйғуси эшитувчиларга ҳам ўтади. Санъат ва адабиётнинг таъсир кучи бир одамнинг бошидан кечган ҳис-туйғуларни иккинчи одам мана шу тарзда ҳис қила билиш билан боғлиқдир.
«Одамда бошқаларнинг туйғусини чуқур ҳис қила би¬лиш, юқтира билиш қобилияти бўлганлиги учун ҳам, — дейди Л. Толстой, — бутун одамзод шу вақтгача бошдан кечирган ҳамма нарсани ҳар бир киши ҳис қила билиши мумкин. Одам бундан минг йил олдин ўтган кишилар- нинг туйғуларини ҳам ҳис қила олиш ва ўз туйғуларини бошқаларга юқтира олиш имкониятига эга».
Бу имкониятнинг юзага чиқиши учун ёзувчи ўз ғоясини ҳаққоний ҳис-туйғулар билан йўғира билиши керак. Ғоя билан туйғу чинакам уйғунлашгандагина китобхоннинг қалбига етиб боради, унга яхши маънода «юқади», демак, уни тарбиялайди. Ғоя билан туйғу эса фақат бади¬ий тил материалида, аниқ ва образли сўзлар воситасида уйғунлашиши мумкин.

«Ўткан кунлар» романи ҳозирги ўзбек тилининг энг нозик ҳис-туйғуларни ҳам тасвирлашга қодир эканини барала кўзга кўрсатган асарлардан биридир. Албатта, бу романни ёзишда А. Қодирий кўпгина ижодий изланишларни бошдан кечирган. У ўз қаҳрамонларининг ўта но¬зик, жуда мураккаб туйғуларини ўқувчи ҳам тўлиқ ҳис қиладиган тил билан тасвирлаш учун баъзан аниқ сўз ва ифода тополмай қолади.
«Ўткан кунлар»нинг 1923 йилда «Инқилоб» журналида чиққан илк парчалари билан унинг алоҳида нашрлари солиштирилса, мароқли мисоллар топиш мумкин.
Бир қизнинг ишқида пинҳон дард чекиб юрган Отабек Тошкент ҳақида нохуш гаплар эшитади. «Ану ярасининг устига Тошкент тинчсизлиги қўшилғач, Отабек тағин ҳам хаёлчанланған».
Биз таъкидлаб кўрсатган «Тошкент тинчсизлиги» ибораси ёзувчи айтмоқчи бўлган маънони аниқ ифода этолмайди. «Нотинчлик» деган сўз, эҳтимол, табиийроқ эшитилар, аммо бу ҳам Тошкентда бўлган даҳшатли воқеаларнинг таъсир кучини ифодалай олмайди. Шунинг учун романнинг алоҳида нашрида ёзувчи бу иборани «Тошкент фожиаси» деб тузатади.
Журналда: «Кумушбиби уйқудан турғач, уйида фавқулодда бир ўзгариш сезадир. Бир кечада ҳар кимнинг оғзига тўй деган гап экилган... Тўй учун янги кўрпалар қопламоқчи бўларлар, пар тўшаклар олмоқчи бўларлар...»
Алоҳида нашрида: «Кумушбиби уйқудан туриб фавқулодда бир ҳолга учрайди: бир кечада ҳамманинг тушига «тўй» кириб чиққан. Тўй учун янги кўрпалар қопламоқчи бўладилар, пар тўшаклар олмоқчи бўладилар»3.
«Уйқудан турғач» ибораси китобийроқ бўлгани учун жонли тилдаги «уйқудан туриб» билан алмаштирилади. «Кумушбиби... уйида... бир ўзгариш сезади». Бироқ бу уй фақат Кумушбибиники эмас. У ота-онасининг уйида яшайди. Ёзувчи бу ноаниқ сўздан воз кечиши ҳам ўринли. «Ҳар кимнинг оғзига «тўй» деган гап экилган» жумласи автор истаган нозик маънони бермайди. «Оғзига... экилган» қўполроқ эшитилади. «Ҳар кимнинг» ҳам унча аниқ эмас. «Бир кечада ҳамманинг тушига «туй» кириб чиққан» жумласи эса ўша фавқулодда ҳолатга жуда мос келади. Бу жумлада Кумушбибининг ҳайрати сезилиб туради. Одатда, «Бугун тушингга тўй кирганми, ўзи!» деган халқ ибораси бир оз табассум билан айтилади. Ёзувчи бу иборани ишлатиш билан Кумушнинг кинояомуз табассумини ҳам ифода қилади. «Бўларлар» деган сўз «бўлирлар» деган шаклда бошқа туркий тилларда учрайди, аммо ўзбекчада қўлланилганда гумон феълини билдиради («балки отамлар ҳам тўйда бўларлар, эҳтимол бўлмаслар») Кумушнинг тўйи бўлиши эса аниқ. Шу сабабларга кўра А. Қодирий «бўларлар»ни «бўладилар» билан алмаштиради.
Реалист ёзувчи тилдаги баландпарвоз жимжимадор услубдан ҳам ҳаёт ҳақиқатини кўрсатиш учун фойдаланади. Масалан, «Ўткан кунлар» романидаги иғвогар Ҳомид Отабек билан Мирзакарим Қутидорни хонга қарши хиёнатда айблаб, Мусулмонқулга мактуб ёзади, уларни қамоқдан озод қилган Ўтаббой, Кушбегига «бир ҳамён олтин деб душманлар томонига ўтди» деб туҳмат қилади. Хатнинг охири: «Бу мактуб содиқ бир қулнинг холис садоқатидан бир намунадир... Ўзимнинг бу хизматим эвазига бир мукофот олиш муддаосида бўлмаганимдан ва нимаики жаноблари йўлида машаққат чеккан бўлсам, ўзимнинг бир виждоний вазифам деб билиб бу мактубда ўз отимни ёзишга ҳам тиламадим... Бир ғариби бечора».
«Виждоний вазифам», «холис садоқат» сингари баланд¬парвоз сўзлар ёлғонни яширишга хизмат қилади, туҳматни хаспўшлайди.
Тарихдан бизга маълумки, хонлар ва мансабдорлар энг қонли фармонларни ҳам кўринишдан чиройли сербезак ибораларга ўраб ёздирганлар. Худоёрхон Тошкентдаги бегуноҳ қипчоқларни ўн беш ёшидан то етмиш ёшигача битта қолдирмай қиришга буюрган фармонини эсланг:
«Бу ҳукмимизни ижро эткувчи Тошкент ҳокими Нормуҳаммад Кушбегига марҳамати шоҳонамиз шулдирким, гарчи сизнинг қипчоқ қовмига мансубиятингиз бўлса ҳам, Мусулмонқулни ҳайдашда бизга унутмаслик хайрихоҳликлар ва хизматлар кўрсатдингиз, биноан алайҳи сиз бу жазодан маъфурдирсиз ва садоқатингизда боқий қолиб, амримизни ижро этишингизда шубҳа қилмаймиз...»
Худоёрхон «марҳамати шоҳонамиз», «бизга садоқатингиз» деган ибораларни хонларга хос жиддийлик билан ёздиради, аммо таши ялтироқ бу жумлалар бизга хоннинг «ичи қалтироқ» эканини, сурбетлигини кўрсатади, бизда унга қарши нафрат ҳисси уйғотади. Разилликда тенги йўқ Ҳомид гўё хизмати эвазига мукофот олиш муддаоси бўлмагани учун мактуби тагига имзо чекмагандек бўлади. Ҳамма жойдан фитна уруғини қидириб юрган Мусулмонқул бу ҳийлага дарҳол ишонади. Ёзувчи бу ерда пес билан песни қоронғида топиштиргандай бўлади, уларнинг иккаласини ҳам масхара қилади. Хатнинг қабиҳ мазмуни билан ялтироқ услуби орасидаги номуносиблик ва контраст бизнинг Ҳомидлар, Мусулмонқуллар ва Худоёрхонларга қарши нафратимизни яна ҳам оширади. Ҳомиднинг имзосиз хати яна бир жиҳатдан ибратли. Фисқ-фасод гапларни имзосиз хатларга жойлаб, юқориларга қараб «юмалатиш» одати ўша хонлар замонасидан қолган бир иллат экан, ёзувчи бу иллатни фош қилиш билан унинг бугун учрайдиган ва «анонимка» деб аталадиган қолдиқларига ҳам зарба бергандай бўлади.
А. Қодирий мумтоз адабий тилимиздан ғаразли мақсадда фойдаланмоқчи бўлганларни қоралаш ва масхаралаш билан чекланмайди. Қалби пок, нияти холис кишиларимиз ўтган даврдаги адабий тил воситаси билан ўзларининг энг нозик, энг гўзал, энг шеърий туйғуларини ҳам ифодалай олганликларини Кумуш ва Отабекнинг хатларида кўриш мумкин.
Ҳомиднинг сохта хати туфайли изтиробга тушган Ку¬муш Отабекка ёзган хатини:
«Бевафога, — деб бошлайди. Хатнинг охирида: — Сизга янги ёр, менга уятсизликнинг қурбони бўлиш муборак! Кумуш эмас, тупроқбиби ёздим, 17 жавзо...»
«Умидим юлдузи... Кумушимга! — деб бошланади Ота¬бекнинг хати. — Сиз ўзингизни тупроқ билан тенглаштирмоқчи бўлгансиз, лекин мен ҳозир Кумушга ҳам қаноат қилмай, Олтинбиби деб атамоқ фикрига тушдим.
Борлиғим муҳаббат алангаси билан туташган ҳолда, завжингиз Отабек».
Отабек кейинчалик воқеани англаб, Ҳомидларнинг суиқасдини бартараф қилгач, Кумушнинг ўша хатини яна бир эслайди: «Сизга очиб сўзлай, гўзал рафиқам: гўё менинг бу мактубим сизнинг Комилбек учун ҳасратли ёшлар тўккан, ўтли оҳлар тортган чоғингизда эришар-да, унутилган, эскирган бир юракнинг арзини тинглай олмассиз...»
Отабекнинг тасаввурича, Кумуш гўё Отабекни унутиб Комилбекка тўй розилигини берган ва гўё Кумуш ҳалигача марҳум Комилбек учун ҳасратли кўз ёшлар тўкади, ўтли оҳлар тортади. Агар Отабекнинг хати шундай чоғда Кумушга етиб борса, эҳтимол, Кумуш унутилган бир юракнинг арзини тингламас, эҳтимол, Отабекнинг хатини марҳум Комилбек учун тортаётган оҳининг ўтида куйдирар!
Аслида бундай эмаслигини, Кумуш Отабекка содиқ эканини китобхон билади. Отабек ҳам Кумушга ишонади. Аммо у Кумушнинг Комилбекка тегмоқчи бўлиб яхши қилмаганини нафис ўхшатишлар, чиройли қочириқлар ва кесатиқлар билан шундай ифода қиладики, унинг ха¬тини ўқиганда завқингиз келади, адибнинг сўз санъатига тан берасиз. Отабекнинг хатидаги ўша ўринлар ташқи кўринишдан эски услубда ёзилганга ўхшайди. Ҳасратли кўз ёшлар, ҳар нарсани куйдира оладиган ўтли оҳлар мумтоз адабиётимизда кўп учрайди. Аммо анъанавий шаклларни ёзувчи бу ўринда ҳам реалистик ҳис-туйғулар билан тўлдиради, уларга янгича йўналиш, янгича сайқал беради.
Агар Отабек билан Кумушнинг хатлари бутунича ўтган аср услубида ёзилса эди, «эди» ўрнига «эрди», «тупроқ» ўрнига «туфроқ», «мактуб» ўрнига «китобат» ёзилган бўлар, кўпгина ўзбекча иборалар араб-форс тилининг қонунларига асосланган мураккаб иборалар билан алмашинар эди.
Ана унда ёзувчи бу хатлар орқали ифода қилган ҳаққоний фикрлар, ажойиб ҳис-туйғулар китобхонга ҳозиргичалик кучли таъсир кўрсата олмас эди.
Аммо ёзувчи ташқи кўринишда бир-бирига унча тўғри келмайдиган эски ёзув услуби билан янгича мазмунни ҳаққоний ҳис-туйғулар воситаси билан уйғунлаштирган. У ўтган аср ёзув услубининг янги адабиётига хизмат қиладиган энг нафис, образли хусусиятларини танлаб олиб, романга сингдириб бера олган.

Ғ. Ғуломнинг «Ким айбдор?» ҳикояси тилида ғоя би¬лан туйғу бирлигининг бошқа бир турини кўрамиз.
Бу ҳикоя техникани эгаллашнинг аҳамияти ҳақида сўз юритган асар. Техникадан орқада қолган Мадмиса жуда кўп кулгили воқеаларни бошдан кечиради. У ҳали такси билан лифтнинг нималигини билмайди. Ҳикоянинг воқеаси ўттизинчи йилларнинг бошларида бўлиб ўтади. Эҳтимол, у пайтларда Тошкентнинг ўзида ҳам одам ташийдиган енгил таксилар, кўп қаватли уйларга ўрнатиладиган лифтлар йўқ даражада бўлгандир. Мадмиса бу нарсаларга Москвада дуч келади. Такси-машинанинг шоферидан сўрайди:
«— Пролетар районигача қанча оласан?
—    Қанча юрганингга қараб тўлай берасан.
—    Эҳ-а, — деди Мадмиса, — юрганига қараб тўлай берасанки, кўчага ташлаб қўйган кармон борми? Ҳозир байини қилмасак, бирпас туриб фалон пул берасан, деб ўтирсанг, орамизда жанжал чиқса, бунга кимнинг тоби бор?
«—...Ажойиб одам, — деди шофер истеҳзо билан. — Ахир мана бу автомат қанча юрганимизни... ўлчаб туради. Шунга қараб ҳақ тўлайсан-да», — деди шофер... масофа автоматини кўрсатиб. Мадмиса бу автомат ва унинг хўжайини шоферга ишониб-ишонмаслик бир тарзда автомобилга чиқиб ўтирди. Ичидан «Шофер ранжитмаса бўлгани» деб борар эди».
Автор Мадмисани кулиб тасвирлаяпти. Мадмиса у айтган қолоқ бир қишлоқ одами ҳам эмас. Меҳмонхона номерида ойнага қараб «форм» қилиб галстук тақади. Бироқ ҳаётда кутилмаган янгиликлар жуда кўп. Мадмиса уларни ўзлаштириб улгуролмайди. Ўттизинчи йилларда бу янгиликлар адабий тилимизга ҳам энди кириб келаётганлиги сабабли Ғ. Ғулом уларнинг кўпини ўзимизда бор тушунчалар билан изоҳлаб тасвирлайди. Такси машинасини «киракаш автомобиль», «таксомотор» деб атайди. Номернинг ваннасини «кичик ҳаммом, мурча» деб изоҳлайди-да, сўнг ҳамма жойда ваннанинг ўрнига «мўрча» ёзади. Ваннага ўрнатилган мураккаб автоматни тасвирлашда эса алоҳида бир қийинчилик ҳам сезилади. Мадмиса ваннанинг жўмрагини бекитмагани ва ифлос сувини туширмагани учун эшик очилмайди:
«Эшикнинг очилувини мўрча ичининг озода сақлануви учун алоқадор қилиб ишлаган эканлар янги замон усталари, мана сизга техника».
Бу ердаги жумлалар сал мураккаб тузилган. Чунки бу жумлаларда ифода этилган тушунчанинг ўзи ҳали тили¬мизга яхши ўрнашиб улгурмаган. Янги ўрнатилган тиш то оғзидан ўз ўрнини топиб олмагунча ноқулай туюлади. Ада¬бий тилга янги кириб келган сўз ва иборалар ҳам мана шу тарзда ўзлаштирилади, ҳаёт талабига ва тил табиатига мое келганлари вақт ўтиши билан ўз ўрнига тушиб, силлиқланиб, ўрнашиб қолади. Бошқалари ўз-ўзидан чиқиб кетади.
Масалан, машинани ўттизинчи йилларда рус тилида ҳам кўпроқ «автомобиль» деб атар эдилар. Таксини тўлиқ қилиб «таксомотор» деб аташ одат бўлган эди. Бироқ вақт ўтиши билан «автомобиль» ўрнига «машина», «таксомо¬тор» ўрнига «такси» ишлатиладиган бўлди. Чунки бу сўзлар жонли тил дарёсига тушиб, узоқ вақт юргандан кейин силлиқланди ва ихчамлашди. Узун «автомобиль» сўзи ўрнига айтишга ўнғайроқ қилиб «машина» дейиш, «так¬сомотор» ўрнига қисқагина қилиб «такси» деб қўя қолиш одат тусига кирди. «Ким айбдор?» ҳикоясида Мадмисанинг галстугини форм қилиб боғлаб олгани айтилади. Ўттизинчи йилларда «форм кийинган» деган ибора ҳам анча кенг тарқалган эди. «Форма» сўзи асосида ўзбек тилига кирган бу тушунча «ҳарбий форма кийган ёки маълум формада кийинган» деган маънонигина эмас, янгича кийинган, умуман, яхши кийинган, ясанган, деган маъ¬нони ҳам билдирар эди. Ҳатто галстукни келиштириб боғлаш ҳам «форм қилиб боғлаш» шаклида айтилар эди. Бироқ йиллар ўтиши билан «форм» сўзи фақат асл маъносида «ҳарбий форма кийган», «темир йўлчи формасидаги киши» каби ибораларда сақланиб қолди. Яхши кийиниш ва ясанишлар эса ҳар гал гап мазмунига қараб «пасон кийинган», «олифта кийинган» каби иборалар билан ифодаланадиган бўлди.
Шунга ўхшаш шаклланиш ва ўзгариш даврини ҳар бир тил ҳам босиб ўтади. Ўтган асрда рус тилига янги тушунчалар ва терминлар кўплаб кираётган даврда «калиш» (га¬лош) сўзини «мокроступы» (ҳўлда юргич) маъносида, «олмос» сўзини «блестки» (ялтирағич) деган сўзлар билан ифодаланган одамлар бўлган. Лекин бу сўзлар тилга кириб ўрнашолмаган.
«Ким айбдор?» ҳикоясига қайтайлик. Мадмиса умрида биринчи марта лифтга тушади. «Лифт» деган нарса Ўзбекистонда ҳали йўқ даражада. Шунинг учун ёзувчи уни ўзбек китобхонига изоҳлаб бериши, бу тушунчани ифодалайдиган сўзлар топиши керак. Ғафур Ғулом «лифт»ни «муаммо ҳужра» деб атайди. Бу ҳужранинг қанақа ишлаши, унинг «тилини» билмаган одам қандай аҳволга тушиши кейинги тасвирдан маълум бўлади. Мадмиса қалтираган бармоқлари билан лифт ичидаги тугмаларни бирин- кетин босаверади. Лифт ҳам бел англаган отдай уни гоҳ пастга олиб қочади, гоҳ баландга. Охири Мадмиса «дод» деб ҳушидан кетиб йиқилади.
Ҳикояда ўша давр ўзбек китобхони учун янги бўлган яна бир тушунча бор. Лифтга қараб турадиган одам бугунги тилда «лифтёр» ёки «вахтёр» дейилади. «Шофёр» ёки «монтёр» сўзлари ўша пайтлардаёқ тилимизга кирган эди. Аммо ҳали лифтнинг ўзи нималигини кўпчилик ўзбек китобхонлари билмайдиган бир пайтда «лифтёр» дейилса бу жумбоққа айланиши мумкин эди. Шунинг учун Ғ. Ғу¬лом лифтга ва кирди-чиқдига қараб ўтирадиган одамни «дарвозабон» деб атайди.
«Дарвозабон уни (яъни, Мадмисани — П. Қ.) бир кичик ҳужрага (яъни лифтга) қамади». Охирида лифт беланглашга тушиб, Мадмиса ёрдам сўраб бақиргандан кейим «лифт дарвозабони»... лифтни пастга тушириб олди.
Лифт кабинасининг ҳужрадай кичкиналиги ҳам, ҳар подъезднинг кўча эшиги билан лифтига қоровуллик қиладиган вахтёрнинг дарвозабонга ўхшашлиги ҳам тўғри. Ғ. Ғулом бу янги тушунчаларни китобхонга тез етиб борадиган оммабоп сўзлар билан жуда аниқ тасвирлайди. «Лифт дарвозабони» деган ибора образли тасвир сифатида ўз ўрнида. Аммо бу иборага термин деб қарайдиган бўлсак, унда маълум бир номувофиқлик борлигини сезамиз. Ахир лифт — кичкина ҳужра, унинг дарвозаси бўлиши мумкин эмас, фақат эшиги бор. Подъезднинг кўча эшиги ҳам — дарвоза эмас. Шунинг учун бу ерда дарвозабон ўтирмайди. Кўп қаватли уйларнинг эшикларини қўриқловчилар ўзбекчада «дарвозабон» деган сўз билан эмас, «қоровул» ёки «вахтёр» деган сўз билан аталадиган бўлди. «Дарвоза¬бон» деган термин эса ўзига жуда мое тушган ўрнида — футбол дарвозасини қўриқловчи кишига нисбатан ишлатиладиган бўлди.
Мадмиса зўр тезлик билан ривожланаётган техника тараққиётидан орқада қолганлиги учун кулги бўлади. Аммо ҳикоядаги кулги — юмористик характерда. Ёзувчи Мадмиса образида оддий бир совет кишисини кўрсатади. У ўзининг техникавий қолоқлигига кўникиб кетмоқчи эмас. Мадмиса ўзининг бу аҳволидан қаттиқ уялади, Тошкентга қайтиб келиб, техникани эгаллашга астойдил бел боғлайди. «Одам қилган ишни одам қила олади» деганларидек, унинг бу борада ўз мақсадига етишига китобхон ишонади.
Демак, Ғ. Ғуломнинг бу ҳикоясидаги бадиий тил ҳаётимизнинг тараққий этиб, ўзгариб кўрсатишга хизмат қилади. Янги ғояларни ҳаққоний туйғулар билан уйғунлаштириб кўрсатишда Абдулла Қодирийнинг «Обид кетмон» қиссаси ҳам жуда ибратли. Бу асар колхоз ҳаётига бағишланган йирик прозаик асарларнинг энг дастлабкиси бўлди. Унда ҳам А. Қодирий ўзининг романларида кўринган ба¬диий маҳорат билан Мулла Обид, Хотиб домла, Берди татар, Мирвали банги, Шодмонбой каби жонли характерлар яратди.
Қиссанинг «Колхоз жони» деб аталган бобидан бир мисол олайлик:
«Рафиқовнинг таклифи билан колхоз етти қитъага бўлинади: буларни «бўлтак» деб аташга қарор қилинади... Бригадир ҳам «Бўлтакбоши» деб аталмоқчи бўлади. Кол¬хоз ерларининг аҳволи тўғрисида учлик комиссиясининг маърузаси эшитилади». Бу ерда «Четан» колхозининг аъзолари бир бригадага қарашли ер участкасини «бўлтак» деб атайдилар. Алоҳида бир ерни «бўлтак ер» деб аташ одати халқ тилида азалдан бор. А. Қодирий ва унинг қиссасидаги қаҳрамонлар мана шу азалий одатдан фойдаланишади. Қисса қаҳрамонлари бригадирни «бўлтакбоши» деб атамоқчи бўладилар. Бу мисол меҳнаткашларнинг сўз ижод қилиш қобилиятини кўрсатиш жиҳатидан жуда характерли. Бироқ «бўлтак», «бўлтакбоши» деган сўзлар «бригад» ва «бригадир» сўзларининг ўрнини ололмади. Бунинг кўп сабабларидан бири, эҳтимол, шундадирки, «бўлтак» сўзи «тўмтоқ» сўзига ўхшаброқ кетади. Деҳқонлар илгаритдан «бўлтак ер» деганда бошқа ерлардан ажралиб қолган кичикроқ майдонни кўз олдига келтирадилар. Колхоздаги бригада ерлари эса жуда катта майдонларни эгаллайди ва бир-бирларига туташиб кетади. Бундан ташқари «бўлтак¬боши» деган сўз «бригадир» (жонли тилда ўзбекча талаффузда ҳатто «бригат» ҳам дейишади) сўзидан кўра узунроқ, айтишга ноқулайроқ. Бирор янги сўзнинг жонли тилга кириб яшаб кетишида унинг ихчамлиги ҳам, айтишга қулайлиги ҳам алоҳида аҳамият кашф қилади. Шу нуқтаи назардан «томорқа» сўзига бир қаранг. Аслида бу русча «приусадебный участок» деган атаманинг эквивалента сифатида майдонга келган. «Томорқа» сўзини ҳам халқ ижод қилган. У русча атамага нисбатан хийла ихчам, талаффузи жуда қулай, замиридаги маънони ниҳоятда яхши ифода этади. Шунинг учун «томорқа» сўзи жуда тез тарқалиб, тилга дарҳол сингиб кетди.
«Обид кетмон»дан олинган юқоридаги мисолнинг яна бир диққатга сазовор жойи — Обид кетмоннинг сўзларидир. «Чимзор» деган сўзни биз бугун «бўз ер» деб ҳам айтамиз. Ўша ернинг ҳосилдор тупроғи ҳақида Мулла Обид «Қоп-қора кўмирдек тупроғига суқ киради» дер экан, биз чинакам деҳқон одамнинг дилини ҳис қиламиз. Қиссада Мулла Обиднинг девкорлиги, меҳнаткашлиги, тадбиркорлиги, ҳатто қулоғининг карлиги — ҳаммаси маҳорат билан кўрсатилган.
Мажлисларда кўп гапириб, қолипланган тайёр ибораларга ўрганиб қолган одамлар ҳаётнинг ўзида ҳам бор. Бир вақтлар А. Қодирий ҳажв қилган Калвак Маҳзум жон¬ли тилдан узоқ бўлган китобий ибораларни қанчалик кўп ишлатиши юқорида кўриб ўтилган эди. Мажлисларга ёзма докладлар билан келиб, уларни зерикарли қилиб ўқиб берадиган айрим ношуд лекторларнинг тили эса бошқа бир тур китобийлик ва расмиятчилик оқибатида жонли халқ тилидан узоқлашиб кетган. Ҳассос сўз санъаткори Абдулла Қаҳҳор китобий тилнинг янгидан пайдо бўлган бу турини «Нутқ» номли фельетонида қаттиқ кулги қил ган эди.
Эр-хотин ўз уйларида оилавий ҳаётларига бир йил тўлишини нишонламоқчи бўлишганда «Кенг эшитувчилар оммасига мўлжалланган нотиқ»... алёр айтиш учун «рюмкани олиб ўрнидан турди. Қошлари чимирилди, ранги бир оз ўзгарди, аввал рюмкага, кейин уйнинг бурчагига қараб сўз бошлади:
—    Ўртоқ рафиқам! Ижозат берасиз, хушчақчақ ҳаётимизни шараф билан давом эттириб, оилавий бурчимизни намуналик бажариб келаётганимизга бир йил тўлган кунда сизни бевосита табрик этишга!
Хотин бу муқаддимани ҳазил гумон қилганлиги учун қийқириб чапак чалди. Нотиқ яна ҳам жиддийроқ қиёфа да давом этди:
«— Бундан 365 кун муқаддам сиз билан биз ўз ҳаётимизда қатъий бурилиш ясаб, зўр синовлар шароитига бевосита қадам қўйдик...
Нотиқ оила тўғрисида ўз фикрини баён қилганидан сўнг «хотин ва социализм» деган китобнинг бир еридан уч, яна бир еридан икки, яна бир еридан бир ярим саҳифа ўқиб берди. Хотин бу орада икки марта оғзини очмасдан эснади».
Нотиқ шу тарзда оилавий ҳаётларига обзор бергандан кейин нутқини якунлаб шундай дейди:
«— Лекин бу камчиликларга қарамай, турмушимизни аъло даражада олиб бораётганлигимизга ҳеч қандай шак- шубҳа бўлиши мумкин эмас деб ҳисоблаш мумкин... Бу рюмкани мана шунинг учун кўтаришдан бурун ўз муҳаббатимни яна бир марта амалий суратда изҳор қилгани рухсат беришингизни талаб қиламан.
Хотин унинг ҳаракатидан «ўпич бер» деган маънони англади-да:
—    Ўпичми? Ҳеч бўлмаса шуни тўғри айта қолсангиз нима бўлар экан! — деди.
—    Қандай, - деди нотиқ ҳайрон бўлиб, — битта ўпични деб нутқимни бузайми?
Нотиқ ўтирди. У ўтирганида яна аслига қайтди. Хотин унинг ҳар бир сўзидан кулар, завқланар эди».
Нотиқнинг характерида жуда ғалати бир хислат бор. Бу одам асли ўзи жонли тилда сўзлашади. Бироқ минбарга чиқса ёки қўлига қалам олса бой, ширали халқ тили гўё эсидан чиқиб кетади. Эски замондаги баландпарвоз ки¬тобий тил муҳиблари жонли тилдан қандай бегонасираса, бу лекторнинг характерида ҳам шунга ўхшаш бир хусусият бор. У битга ўпични деб нутқини «бузгиси» келмайди. Ибодат қилаётган одам ибодатини бузгиси келмаган сингари, фельетондаги нотиқ ҳам ўз китобий нутқини охирига етказмагунча қўймайди. У қолипланган китобий жумлаларни ўйлаб-нетиб ўтирмай қалаштириб ташлайверади. Жонли тилда уч бўғингина қисқа ибора билан «ўпич бер» дейиш ўрнига «муҳаббатимни яна бир марта амалий суратда изҳор қилгани рухсат беришингини талаб қиламан», дейди. «Турмушимиз яхши» деган гапни эса «турмушимизни аъло даражада олиб бораётганлигимизга ҳеч қан¬дай шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас деб ҳисоблаш мум¬кин» деб кўпиртиради. Бутун гапи қуруқ кўпикдан иборат бўлган бундай одамлар ҳаётда чиндан ҳам учрайди.
«Одамларки бор, ҳалол меҳнат билан ўзини кўрсатгани эринади-ю, оламда борлигини маълум қилиб туриш учун кўпроқ гапиришга ҳаракат қилади... Тилимизнинг бойлигини, унинг қочириқларини ўрганишга эринган, сўз санъатига ҳунар деб эмас, касб деб қарайдиган, бисотидаги бир ҳовуч сўзни йиллар давомида айлантириб кун кўриб юрган бир туркум қалам аҳлининг «фаолияти», чала мул¬ла баъзи олимларнинг «илмий хулосалари» натижасида ажиб бир тил бунёдга келган. Бу тилда ҳеч ким гаиирмайди, зотан гапириш мумкин ҳам эмас, фақат ёзиб ўқиб бе¬риш мумкин».
Юқоридаги нотиқнинг китобий тилини келтириб чиқарган сабабларнинг бир қанчасини А. Қаҳҳор бу ерда жуда тўғри кўрсатган.
А. Қаҳҳор адабиётнинг моҳиятини беҳад чуқур тушуниб, ажойиб асарлар яратгани ҳаммамизга маълум. Унинг «Олам яшарадир» ҳикояси билан орадан уч-тўрт йил ўтган дан кейин чиққан «Майиз емаган хотин», «Анор» ҳикояларини солиштирсангиз, ёзувчининг ижодий ўсиши нақадар тез борганини, унинг маҳорати қанчалик юксалганини яққол кўрасиз.
1935 йилда ёзилган «Майиз емаган хотин» ҳикоясида хотин-қизларнинг тенглиги, озодлиги, эрлар билан баробар ишлаши мавзуси ёрқин бир бадиий шаклда очилади. Шу илғор ғояга тиш-тирноғи билан қарши турган мулла Норқўзи очилган хотин-қизлар шаънига эртаю кеч бўҳтон тўқийди. «Сотиболдининг хотини дорихонада ишлайди, ҳар куни мингта одам билан жавоб-муомала қилади: ахир, биттаси бўлмаса, биттаси кўз қисади-да. Мелиқўзининг хотини автобусда кондуктор, баъзан ярим кечада келади; иши эрта тутаган куни ҳам ярим кечагача юрса, айшини қилса, эри билиб ўтириптими? Абдулҳакимнинг қизига уста Мавлоннинг ўғли бир ҳовуч майиз берганини ўз кўзим билан кўрганман. Ҳаё борми шуларда?»
Уйда «етти қават парда» ичида ўтирадиган ўз хотини мулла Норқўзига фаришта бўлиб кўринади. Аммо ҳикоя давомида бу «фаришта»нинг ўтакетган бузуқ аёл эканлиги фош бўлади. Ўйнаш йигити паранжи ёпиниб кириб, бирга тунар экан-у, мулла Норқўзи эркакларга ҳатто овозини ҳам эшиттирмайдиган бу икки «фаришта»ни беҳаёлардан қўриқлаб, айвонда пойлоқчилик қилиб ўтирар экан. Заифона кийинган иккинчи «фаришта»ни эса ўз хотини гуноҳустида тутиб олади. Жанжал бўлади. Маҳалла-кўйдан одам йиғилади. Шу ўринда тажрибасиз ёзувчи бўлса воқеани мажлисга айлантириб, илғор хотинларни сўзга чиқариши мумкин эди. Мулла Норқўзига ўхшаш эскилик тарафдорларининг шаънига газета мақолаларида ҳам айтиш мумкин бўлган расмий гапларни кўплаб айтиши мум¬кин эди. Аммо А. Қаҳҳор бундай қилмайди. У асарида айтмоқчи бўлган фикрини ёрқин образлар ҳолига келтириб, характерлар мантиқига сингдириб айтади.
Эрини мулла Норқўзининг уйидан топиб олган хотин: «Войдод, халойиқ, бу қандай эркакки, хотинини бировга қўшиб қўйиб, ўзи эшик пойлаб ётади!» деб дод солади. Мулла Норқўзи қўшмачи эмас, у хотинини фаришта деб ўйлаб алданган, аммо буни энди одамларга исбот қилиб беролмайди. Кекса бир одам унга қўлини пахса қилиб «Садқаи одам кетинг-е, айб эмасми?! — дейди. — Хотин қилиш қўлингиздан келмаса талоқ қилинг!»
Мулла Норқўзи яна ҳеч нарса деёлмайди. Эски эътиқод унинг ўзини шармандали бир аҳволга солиб қўйган. Шу пайт девор устида турган ўн икки ёшлардаги қизча «девордан кесак кўчириб олиб мулла Норқўзига ўқталди:
—    Ҳу ўл, турқинг қурсин! Бошингга солайми шу би¬лан! Маҳаллада сасиб, ўқувчи қизларга кун бермайсан-у, ўзинг нотўғри иш қиласан!
Мулла Норқўзи ортиқ чидай олмайди. Девор ортидан қизга қараб ўшқиради:
—    Сен гапирма! Сенга ким қўйипти гапиришни! Уста Мавлоннинг ўғлидан бир ҳовуч майиз олганингни ўз кўзим билан кўрганман!
Ҳамма кулиб юборди. Томдан кимдир қичқирди:
—    Ҳа, бу кишининг хотини майиз емаган».
Халқ тилининг қудратидан, бойликларидан маҳорат билан фойдаланган ёзувчи мўьжиза яратиши мумкинлиги бу мисолда яққол кўриниб турибди. Мулла Норқўзининг уйига кириб дод солган хотин ҳам, кекса чол ҳам, ўқувчи қизча ҳам, мулла Норқўзининг ўзи ҳам бу ерда фақат бир оғиздан гапирадилар. Пекин шу қисқа гапларда уларнинг руҳий ҳолатлари, ҳар бирининг ўзига хос тили ва дили, савияси ва позицияси, ёши ва жинси яққол кўри¬ниб туради. Мулла Норқўзини қўшмачиликда айблаётган хотин «Войдод, бу қандай эркак!» деганда биз эрини ўйнаши билан тутиб олган аёл кишининг аламини, ғазабини, ёнишини сезамиз. «Садқаи одам кетинг-е, хотин қилиш қўлингиздан келмаса талоқ қилинг!» деган гаплар ҳам етмиш яшар мўйсафидга жуда мос, унинг дилида борини, феълини, эътиқодини аниқ ифодалайди. Ўқувчи қизчанинг девордан кесак кўчириб олиб, ёмон кўрган одамига ўқталиши ҳам, «маҳаллада сасиб, ўқувчи қизларга кун бермайсан-у, ўзинг нотўғри иш қиласан» дейиши ҳам унинг табиатига, ёшига жуда муносиб. «Ўзинг нотўғри иш қила¬сан» деган ибора кишига завқ беради. Қизчанинг чиндан ҳам янги мактаб тарбиясини олаётганига бизни ишонтиради. Отдан тушса ҳам эгардан тушмаётган мулла Норқў¬зи бу қизчага ўшқириб, унга бировнинг ўғли бир ҳовуч майиз берганини айтганда, одамлар гур этиб кулиб юборади. Ўзи қўшмачининг аҳволига тушиб ўтирган эскилик муҳибининг янги замон аёлларига қарши айтган гаплари энди чиндан ҳам кулгили тус олади. Демак, ёзувчи ғояни риторик сўзлар орқали эмас, тўлақонли реалистик характерлар орқали ифодалайди.
Тўғри, мулла Норкўзига ўхшаб, хотинини «фаришта» деб алданган эрлар ҳамма даврларда бўлган. Ўйнашиникига паранжи ёпиниб борадиган эркаклар ўтмишда ҳам учраб турарди. Аммо уларга халқнинг муносабати илгари замонда хийла бошқача бўлган. Ўтмишда агар шундай ҳодиса устига халойиқ тўпланадиган бўлса, бирорта ша¬риат пешвоси «ур» дер эди-ю, мулла Норқўзининг хотини ҳам, унинг ўйнаши ҳам тошбўрон бўлиб ўлиб кетарди. Мулла Норқўзининг ўзи ҳам тирик қолиши гумон эди.
Аммо янги замон кишилари бундай ваҳшийлиқдан узоқ. Улар мулла Норқўзини ва унинг «фаришталари»ни жисмонан ўлдирмайдилар, фақат улардаги ўтмиш иллатларини кулги билан маънан ўлдирадилар. Тарбиявий нуқтаи назардан қаралганда ҳикояда кўрсатилган маънавий ғалаба мулла Норқўзиларни жисмонан ўлдириб эришиладиган ғалабадан минг марта афзал.
Ҳикоядаги ғоя мана шу маънавий афзаллиқда, мулла Норқўзиларни кулгили аҳволга соладиган мана шу янгича инсоний муносабатлар ва ҳис-туйғуларда мужассамланади. Ғоя билан туйғунинг бундай юксак бадиий бирлиги юқорида биз кўриб ўтган ёрқин, сержилва, сербўёқ тил воситаси билан амалга ошади.

 

Пирмқул Қодиров