Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Лирик «мен» билан эпик «мен»
Facebook
Лирик «мен» билан эпик «мен» PDF Босма E-mail

Адабиёт илми назариясининг муайян бир янги давр адабий жараёни натижалари сабаб бўлиб юзага чиқадиган вазифаларидан ташқари яна шундай доимий долзарб юмуш-муаммолари бўладики, улар тадқиқотига ҳам одиллик, самимият, ойдинлик, теранлик бахш этилмаса, маълум тушунча ёки тасаввур талқинида бирёқламалик, чекланиш, чалкашиш, махдудлик кучайиб кетади. Омма тасаввурини бузади, чалғитади. Тарихан санъаткорона сўзи кенг жаҳонга ёйилган, овоза миқёслари ўзига яраша ўзбек шеъриятининг лирик қаҳрамони, шоирларининг «мен»лари билан боғлиқ талқиний муаммолар ҳам тамойиллари ислоҳоотталаб тармоқлардан бири бўлиб келаётир. Адабиётда ҳукмрон тазйиқлар устуворлиги замонида унинг талқин-тадқиқини ҳам зўравон мафкура мажбурияти бошқарган. Тузум адабиётшуносликка шўроча қолип ясаб берган. Аввало, бадиий ижод шу махсус қолипга қуйилиб пишитилиши, сўнгра назарий-мафкуравий жиҳатдан маъқулланмоғи учун адабиёт илмининг ўшандай мезоний қолипига яна бир бор солиб кўрилмоғи жоиз бўлган. Эрксизлиги кўп бўлган ўша маъшум кечмишни фақат қораловлар билан хулосалаб қўя қолиш етарли эмас. Уни эндиликда тажриба-надомат билиб, рўй берган хатоликлардан асраниб юриш керак.

Сўз санъати Аллоҳнинг бандаларига берган илоҳий, бебаҳо маънавий неъматларидандир. Айниқса, ижодкор учун унинг юки, масъулияти жуда оғир ва шарафли. Бу масалада исломнинг мезонларни ўргатувчи ҳамда ботилдан қайтарувчи ўнлаб далиллари, кўрсатмалари мавжуд. Илоҳиётга дахлдор бўлмаган ҳеч бир ботиний ёхуд зоҳирий ҳодиса йўқ, инчинун, сўз ижодкорлиги ҳам ғайбдан келувчи қисмат. Масалан, «жаноби расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам дер эрдиларки, Аллоҳ таоло... (Ҳассонга) руҳул Қуддус воситаси ила мадад берур» (Абу Исо Ат-Термизий. Аш-шамойил-ан-набавийа-Пайғамбарнинг алоҳида васиятлари. Тошкент, «Чўлпон» нашриёти, 1993, 66-бет).

Алишер Навоий ҳар сўз, ҳар фикр ва асар бунёдга келишининг илоҳдан эканлигини бирор дақиқа бўлсин унутмайди. Буни кўп ҳолларда шеърий эътироф этади. «Лисон ут-тайр» достонида шундай мисралар бор:

Балки қудси руҳининг гўё қуши,
Арш боғидин келиб кўнглум туши.

«Лирик қаҳрамон» дейилганда мавжуд шеъриятининг кузатилишидан тасаввур ва тафаккур қилинадиган шоир сиймоси-сийрати назарда тутилади. Шоирнинг борлиқ ҳамда инсон моҳиятини, воқеа ҳамда руҳиятни идроклаш тарзи, услубий хосликлари, янгича фикрлари, буларни тақдим этишдаги жозиба даражаси сингари зарурий тамойиллар шу тушунчанинг маъно қамровига киради.

Лирик қаҳрамоннинг намоён бўлиши, асосан, унинг «мен» и воситасидадир. Бу I шахс бирликдаги кишилик олмоши шеърий нутқда бевосита йўсинда кўпроқ, бавосита йўсинда эса камроқ фаолият кўрсатади. Бевосита кўринишдаги «мен» ифодасини ошкор, бавосита ҳисланадиган «мен»ни яширин адабий ҳодисалар сифатида тушунилса, хато бўлмайди. Ҳар ҳолати айрича-айрича эмас, яхлитдир ва лирик қаҳрамонникидир. «Мен» олмоши —кўпмаъноли. Турлича хислатларига қараб «биз», «сиз», «сен», «у» каби бошқа олмошлар ҳиссиётини бера олади.

Шоир шеър сюжети талқинини тўғридан-тўғри ўз шахси номидан, ўз тилидан рўёбга чиқарса, бундаги «мен»нинг мавқеи, албатта, яққол, очиқ-ойдин идрокланиб туради. Аммо ўзга инсон, ўзга предмет, ўзга яратиқ ва хилқат тили ва нуқтаи назаридан битилган ёки шулар ва бошқа қандайдир ҳодисаю кечинмалар хусусида «бетараф» ёзилган тасвирларда «мен» ўзининг ижоддаги мавқеини асло йўқотмайди. «Мен» ўзини ўқувчига ҳамиша ҳислатиб туради. Унинг кучи, салоҳияти, таъсирчанлиги, қуввати эса бошқа масала.

Умуман олганда, поэтик қоида-қонуниятларнинг, шеърият масалаларининг лирик қаҳрамон «мен»ига алоқадор бўлмайдигани топилмайди. Маълум бир шеъриятнинг исталган жиҳати тадқиқи ҳам «мен»ни синчков кузатиш, ўрганиш билан бўлади. «Мен»га доир ҳукм-хулосалар — лирик қаҳрамонга, демакки, шу шеърият, унинг ижодчисига баҳо. «Мен» билан, унинг баён этиш манераси билан танишув ва «мулоқот», шунингдек, уни илмий-назарий тадқиқ этиш адабиёт илмида доимо долзарб, аҳамиятли иш саналган.

Айрим олимларнинг баъзи-баъзида айтган: «лирик қаҳрамон шоирнинг ўзи эмас» қабилидаги фикрлари ўта нисбийлиги боис шеърият мухлислари ва илми адаб аҳлини ҳеч ишонтира олмаган. Кескин эътирозлар пайдо қилган. Тўғри, шеър «мен»ини ҳамиша муаллиф «мен»и, шеърдаги бошқа образ ҳислари ҳамда қарашларини, қилиқ ва қилғилиқларини шоирнинг шахсий белгилари деб бўлавермайди. Бироқ бундай вазиятларда ҳам асар услуби, пафоси, автор позицияси орқали ботиний намоён бўлувчи, ҳисланувчи бавосита «мен»нинг мавжудлигини рад этиб қўймаслик зарур.

Адабий тур ёки жанр ўз қаҳрамонини, қаҳрамон ўз адабий тур ёки жанрини танлайди деган нақл бежиз эмас. «Мен»нинг лирика оламида ўз ҳукмрон мавқеи билан мунтазам собит қолишига, унинг услубга қараб ранго-ранг хосликлар билан кўзга ташланишига, энг муҳими, «мен» адабий турнинг ўз қонуний тақозоси эканлигига шубҳа йўқ. Шунинг учун ҳар қандай адабий тур таърифида унинг «мен» ига, ҳар қандай «мен» таърифида у мансуб адабий турга хос хусусиятлар ҳамоҳанг, уйғунликда баён этилади.

Яъни: «Ҳар бир ташқи ҳодисадан аввал тилак, орзу, ният, хуллас — фикр туғилади; ҳар бир ташқи ҳодиса ички, яширин кучларнинг фаолияти натижасидир: поэзия (адабиёт—Т. Ш.) воқеанинг мана шу икккинчи, ички томонига, бу кучларнинг туб негизига кириб боради, ташқи реаллик, воқеа ва хатти-ҳаракат ана шу кучлардан ўсиб чиқади... Бу-субъективлик салтанати, бу ички дунё, ўз ичида қолувчи ва ташқарига чиқмайдиган ташаббуслар дунёсидир. Бунда поэзия ички элементда, туйғу ва онг доирасида қолади; бунда руҳ ташқи реалликдан ўтиб яширинади, ташқи оламни ўзида акс этдирган ички ҳаётнинг мислсиз жилваларини поэзияга ҳадя қилади. Бунда шоирнинг шахсияти биринчи ўринда туради, биз ҳамма нарсани фақат у орқалигина қабул қиламиз ва англаймиз. Бу лирик поэзиядир» (В.Г. Белинский, «Поэзиянинг хил ва турларга бўлиниши» — Ойбек таржимаси).

Бадиий адабиётнинг бошқа турларида ҳам ижодкор «мен»и бор. Одатда насрий асар муаллифининг «мен»и адабиётшуносликда айнан шеъриятдагидек кузатилмайди. Масалага бошқа тарафдан мурожаат қилинади. Бунга бир жиҳатдан айни адабий турнинг табиати, характер-кайфияти сабабдир.

Яъни: «Поэзия (адабиёт—Т. Ш.) идеянинг маъносини ташқи кўринишда ифодалайди ва маънавий оламни бутунлай аниқ, пластик образларда уюштиради. Бунда ҳамма ички маъно юзага чиқади ва бу икки томон —ички ва ташқи томонлар —бир-биридан айрим ҳолда кўринмайди, бироқ бевосита жам ҳолда олганда улар аниқ реалликни — воқеани гавдалантиради. Бу ерда шоир (ёзувчи —Т. Ш.) кўринмайди; пластик —муайян дунё ўз-ўзидан тараққий этади, шоир эса ўз-ўзидан вужудга келган ҳодисанинг фақат ҳикоячиси бўлиб қолади. Бу эпик поэзидир» (В.Г. Белинский, «Поэзиянинг хил ва турларга бўлиниши»),

Турлар таърифлари билан муаллифлар «мен»ларининг тушунтирилишларида ўзаро мувофиқлик, муносиблик ва тақозовийликдан четлаб ўтиб бўлмаслигини драматик адабий турга нисбатан ҳам бемалол айтиш жоиздир. Алҳосил, лирик «мен» ўз адабий турининг табиати талабларига кўра аксарият ҳолларда ровий иуқтаи иазари, ғоялари, асар пафоси орқали ботиний қиёфаланиб, аксарият ҳолда бевосита идрокланади; драматик «мен», драматургнинг воқеаларда иштироки ва уларга муносабат билдириши янада (деярли батамом) чекланиши боис, худди насрдагидек асар қаърида яшириниб туради, таассуротлардан англашилади; насрдаги «мен» ҳаётни бадиий акс этгириш тамойилларининг тадрижига баробар ўзлигини танитиб боради; эпик «мен» ва драматик «мен»лар янада чуқур ва ўзига хос логик идрокларни талаб этади.

«Роман ва повестда тасвирланаётган кишилар авторнинг ёрдами билан ҳаракат қиладилар, автор ҳамма вақт улар билан бирга бўлади, у китобхонга роман қаҳрамонларини қандай тушуниш лозимлигини айтиб туради, яширин фикрларни, одамлар ҳаракатининг маҳфий сабабларини тушунтириб туради, кайфиятларини табиат ва шароит тасвирлари билан бўрттиради ва, умуман, ҳамма вақт уларнинг жилови автор мақсадига мувофиқ тутиб турилади, автор персонажларнинг ҳар бир ҳаракати, сўзи, иши, муомаласини бемалол ва кўпинча китобхон сезмайдиган даражада усталик билан ўзича бошқаради. Бу билан у романдаги кишиларнинг бадиий жиҳатдан аниқ ва ишонарли чиқиши учун ҳар тарафлама ғамхўрлик қилади» (А. М. Горький).

Илмда «мен»лар муаммосини фундаментал, давомли кузатиш учун масалаларни яна лиро-эпик «мен», ҳар хил «мен»лар моҳиятининг муқоясаси, турли «мен»ларнинг бир ижодда зуҳур бўлиши тариқасида қўйиб тадқиқ этиш, бизнингча, қизиқ, мароқли, фойдалидир.

Наср ижодкорининг тасвир аро, сюжет мобайнида «мен» сифатида қиёфаланиши ҳам бавоситалик ҳамда бевоситалик йўсинларида юзага чиқади. Албатта, насрий асарларда ташқи олам воқеа-ҳодисоти, турфа қаҳрамонларнинг ўзаро муносабати аниқ тимсоллар ҳаракати воситасида ҳикояланаётгани сабабли ёзувчи «мен»и кўпинча зимдан англашилади. Бевосита «мен»га эса, шеъриятдагидан фарқли ўлароқ, камдан-кам намуналарда дуч келамиз. Насрий асар агарда бош ёхуд асосий бирор қаҳрамон (эҳтимол, муаллифининг ўз кечмиши) тилидан ҳикояланган бўлса, бевосита туюлган бу «мен» бавосита «мен» бўлиб чиқиши мумкин. Аммо мантиқан разм солинса, бундай усулда ёзилган ҳикоя, қисса, романларда ҳам «мен» мавжуд бўлади.

Ўнлаб сўз санъаткорлари бир неча адабий турларда, турларнинг турли жанрларида ижод этишган. Ҳам шоир, ҳам носир бўла олганлар тажрибасидан «мен»ларнинг намоён бўлиш тарзидаги аксар хусусиятларнинг жанрлар табиати ҳамда имкониятларига бориб тақалишини пайқаш мушкул эмас. Шунингдек, икки-уч, уч-тўрт адабий тур адибларида бир жанрдаги мавзулар, ғоялар, маслаклар ва бадиият борасида кўринган фазилатларнинг тамом бошқа жанрларда битилган асарларига жозибалар уфурганлиги кўзга ташланади. Навоий «Лисон ут-тайр» достонида тахаллус ҳақида фикрлаб, форсийча ижодига доир «Фоний» тахаллусининг бу ўзбекча асарида қўлланиш асосларига лирик чекиниш воситасида шарҳ битар экан, шоирнинг ўз ижодида ўз муҳри бўлишига шундай сермаъно ишорат қилади:

Ўйлаким, ҳар кимса неким қилғуси,
Баъзи ишта бор онинг бир белгуси.
Ким ўзи тахсисиға имлодур ул,
Муҳри ё тавқиъ ё тамғодур ул.

«Мен»ларнинг турлар талаблари туфайли ҳосил бўлувчи алоҳида хосликларига ҳамда фарқланувчан турларда баравар ижод этган адибнинг услубидаги уйғунлик, муштаракликларга тарихий ва замонавий адабиётдан истаганча мисоллар келтирмоқ мумкин.

Бугунги китобхон авлодлар, масалан, Навоийдан кейинги энг санъаткор адиб Бобур эканлигини, унинг ҳам назм, ҳам насрда нечоғлик маҳорат кўрсата олганини яхши ҳис этадилар. Бобурнинг ўз услубигагина хос қирралар ўқувчига бу ижод билан танишиб чиқиш жараёнидаёқ тез аён бўлади. Айни пайтда мазкур хосликлар адабий илм тадқиқотларида кўп бор далилланиб таҳлил этилган.

Ҳар вақтки кўргасен менинг сўзумни,
Сўзумни ўқуб англағайсен ўзумни.

Бобур назмига мансуб хусусиятлардан биттаси ҳасби ҳол оҳангидаги, ўз аҳволоти ҳақидаги лирик чекинишларида бўлса, яна бири қатор машҳур шеърларида аниқ ҳаётий ҳодиса, кечмишининг моҳияти акс этганидир. Албатта, шоирликда шундай йўл тутишликнинг, ўз воқелиги турткиларига берилиб кетишликнинг маҳдудликдек, ўзгаларга дахлдорлик фалсафасини юзага чиқара олмасликдек инқирозга элтувчи хавфли томонлари бор. Бобур эса кўрмишларига муносабатларидан катга умумлашма фикрлар чиқариб, буларни юксак поэтик маҳорат билан такдим этади. Бу усул ва мақсад йўлида ҳаттоки ўз хато, қусур, армонларини яширмай, ошкор қалам тебратадики, бу ҳол лирик қаҳрамон «мен»ининг ҳаётийлик ва жозиба қувватини оширади. Хусусан, қатор ғазалу рубоийларида муайян ҳаётий туртки-илҳомларнинг қанчалик самарали натижалар берганлиги сир эмас.

Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди.
Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,
Ё, Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

Худди шунинг сингари услубий хосликлар ўзбек насри тарихининг гултож намунасига айланган мемуар «Бобурнома»га кўркам фазилатлар бўлиб кўчади. Асар фасоҳатида «мен» устувор бошқарувчилик мавқеида туради. Бироқ у, яъни «мен» ўз тарғиботини оширишни асло назарда тутмайди, китобхон диққатини фақат ва фақат воқеалар тафсилотининг рўй-ростлигига ҳамда уларнинг тўғри идрок этилишига қаратади. Шу мақсад масъулияти ўзлигидаги инсоний қусурларни-да фош этишга мажбурият юклайди. Оқибатда «Бобурнома» «мен»и ўқувчини ўзига оҳанрабодек яқинлаштиради. Унга дарддошлик, ҳамнафаслик, муҳаббат уйғотади.

«Якшанба куни муҳаррам ойининг ўн олтисида иситтим, титрадим, навбат-навбат бўлди. Йигирма беш-йигирма олти кунга тортти. Доруйи кор ичтим. Охир басит ярашти, уйқусизлиғ ва ташналиғдан бисёр ташвиш торттим. Бу мараз айёмида уч-тўрт рубоий айтилди. Ул жумладин бири будур:

Жисмимда иситма кунда маҳкам бўладур,
Кўздин ўчадур уйқу, чу охшом бўладур.
Ҳар иккаласи ғамим била сабримдек,
Борғон сайи бу ортадур, ул кам бўладур».

Воқеалар тафсилоти мобайнида ижод хусусидаги яна бир лавҳа келтирилиб, шоирлардан бирининг: «ҳар қандай ноз-карашмачининг муҳаббатини нима қилсин киши, сен бўлган жойда бошқани нима қилсин киши» мазмунидаги байти шоирлар суҳбатига — бадиҳагўйлигига сабаб бўлгани ҳикоя қилинади. Табъи назми бор ҳар шоир тезкорлик билан бадиҳа тўқиб, ҳазил-мутойибани қиздиради. Ҳазил тариқасида Бобур ҳам бир ботил бадиҳа — байт айтиб, сўнгра ўзи ичдан пушаймон қилади. Бир неча кундан сўнг оғир хасталик азобини тортиб, буни ўшал гуноҳининг жазоси деб билади:

«Мундин бурун яхши ва ёмон, жид ва ҳазл ҳарне хотираға етса эди, мутояба тариқи била гоҳи манзум бўлур эди. Ҳар нечук қабиҳ ва зишт назм бўлса марқум эди. Бу фурсаттаким, "Мубаййин"ни назм қиладур эдим, хотири фотирға хутур этти ва ҳазин кўнгулга мундоқ еттиким, ҳайф бўлғай ул тилдинким, мундоқ алфозни дарж қиғай, яна фикрини қабиҳ сўзларга харж қилғай ва дариғ бўлғай ул кўнгулдинким, мундоқ маоний зуҳур этгай, яна зишт хаёллар анда хутур этгай.

Андин бери ҳажв ва ҳазл шеър ва назмидан торик ва тоиб эдим. Бу байтни айтур маҳал асло хотирға етмади ва бу маъни ҳаргиз кўнгулға хутур этмади.

Бир-икки кундин сўнг Бигромда тушганда резандолиқ бўлуб иситтим. Бу резандалиқ сурфаға мунжар бўлди. Ҳар йўталганда қон тукурур эдим, аксар иситма бўлди, билдимким, бу иситма қондиндур ва бу ташвишни қилғандин...

Не қилайин сенинг била, эй, тил,
Жиҳатингдин менинг ичим қондур.
Неча яхши десанг бу ҳазл ила шеър,
Бириси фаҳшу бири ёлғондур.
Гар десанг куймайин бу журм била,
Жилавингни бу арсадин ёндур.

...Яна бошдин истиғфор ва эътизор мақомида бўлуб, бу навъ ботил андешадин, бу йўсинлиқ нолойиқ пешадин кўнглумни тандуруб, қаламни синдурдум. Ул даргоҳдин осий бандаларға бу навъ танбиҳлар давлатедур азим, ҳар банда ҳамким, мундоқлардин мутанаббиҳ бўлғай саодатедур жасим...»

«Бобурнома»да ҳикояланмиш ботил ҳазил-мутойиба аралаш баҳру байт лавҳаси лирик қаҳрамон ёхуд эпик қаҳрамоннинг жонлилик, ишончлилик маромини таъминловчи омиллардан бири сифатида эслаиди. Омиллар эса кўп, ижодларнииг хосликлари текшириб борилса, уларнинг ранг-баранг тарзларига гувоҳ бўласиз. Ва лекин мазкур лавҳада ҳам, юксак жозибани ҳосил қилгувчи ўзга ҳамма йўсинларда ҳам масаланинг ўта муҳим бошқа томони диққатни тортади.

Шуаронинг соф шеърият сарҳадидан чиқиб, бепарда баҳсга оғишуви воқеасидан сўнг, бунга ўзи ҳам шерик бўлиб, беҳаёроқ байт тўқиганидан сўнг шоир Бобурнинг —носир Бобурнинг қаттиқ пушаймон бўлиши, виждонан қийналиши, оқибатда вужуди азобли хасталик кўриши «мен» соҳибининг иймоний изтироблари, сўзга масъуллик бобида Яратгандан қўрқуви, хижолати эди. Бобур тилга, сўз айтишга эҳтиётсизлик қилганидан афсус қилиб, бу борада эътиқоддаги йўриқни, мезонни, кўзга кўринмас, аммо муқаррар мавжуд ҳаққоний сир—ҳикматни чуқур ҳислайди. Ўз хатти-ҳаракати сабаб бўлиб, Аллоҳ қонунининг тасдиғини яна бир бор идроклайди. Тилдан шу йўсин номувофиқ фойдаланиш — гуноҳи азим, уни ҳаёти дунёда хайрли ишлатиш — саодат. Ботил сўзлар ёзадиган қалам синдиришга, тиндиришга лойиқ. Ҳикояси орқали Бобур ўзга қалам соҳибларини ҳам сўз йўлидан тўғри юришга, ҳақиқатдан огоҳ бўлишга чақиради. Покдамон шеърият санъати, покдомон лирик қаҳрамон муқадлдс сўз неъматидан ўткинчи дилхушлик учун, ботил ва ҳаром ифода учун фойдаланишни хушламайди. Айниқса, ва биринчи навбатда, бадиий сўз ижодкорлигининг шу жиҳати барча талабларнинг олийсидир.

Ўз «мен»ини кашф этмоқда бўлган шеърият йўлларининг заҳмати, риёзати кўп ва мушкул. Йўлларнинг барчаси ҳам машаққатгалаб сўқмоқлардир. Йўлини адашмай тополган «мен» эзгулик тараққийсига нечоғлик улуш қўшади? Овози қай ҳудудлар қадар этиб боради, қанчалик эътироф этилади? Миллат номидан жаранглай оладими? Умуминсоният маданиятининг тарихий карвони уни ўз сафига қабул қиладими?

«Биз янги авторнинг бадиий асарини ўқиётган ёки мушоҳада қилаётганимизда қалбимизда пайдо бўлувчи асосий савол ҳамиша шундай: Қани, сен қанақа одамсан? Ва мен биладиган барча одамлардан ниманг билан ажралиб турасан ҳамда ҳаётга қандай қараш кераклиги ҳақида менга қанақа янги гап айта оласан? Агарда у бизга аввалдан таниш ёзувчи бўлса, энди сен қанақа одамсан деб суриштириб ўтирмай, бошқачароқ тарзда:

Қани, менга сен яна қанақа янги гап айтасан? Ҳаётни сен менга қайси томондан очиб берасан? деймиз» (Л.Н. Толстой).

Танилган «мен»ни ҳам бу йўлда жидаий синовлар кутади. Кашф этилган ёниқ «мен» йўл довонларида маънавий эҳтиёжбоплик даражаси, салоҳият ва жозибасини бўшаштириб қўймайдими? Ёки кибру ҳаво, мағрурлик, шон-шуҳрат майлига берилмайдими? «Мен» манманга айланмайдими? Қувватини номуҳим, бевафо мавзу-ғояларга, ботил эҳтиросларга совуриб, «умри»ни исроф этмайдими?..

Адабиётшунослик илмида лирик қаҳрамон муаммоси, айтиш мумкинки, диққат-эътибордан ҳеч қачон тушмаган. Бир пайтлар мумтоз адабиёт намояндалари лирик қаҳрамонларини таҳлил этиш мажбурий мафкура буйруғига кўра ёлғонга ёки бир ёқламаликка, кўз бўямачиликка ёки хаспўслашга, тушунмаслик ёки тан олмасликка бошлаган бўлса, масалага чиндан ёндошмоқ замони келиб, муносабатлар ўзгарди.

Шундайин хатолардан бири «диний» ёки «дунёвий» деган тушунчалар билан боғлиқ. Баъзилар буларнинг нисбий эканини унутиб, диалектик тушунчаларни бир-бирига қарши қўйгани, бир ижодни парчалаб, буниси дунёвий, буниси диний деб хулосалагани, Навоийлар шайхни қоралаган деб, шоир диндор эмас, динга қарши, атеист деб талқин этганлари (ваҳоланки, Навоий шайхликни, шайхларни улуғлайди ҳам) маълум. Ёки Яссавий қораланиб келгани-чи? Яссавий гоҳ-гоҳ зоҳид-шайхларни қоралаб: «Эшон, шайх, хўжа, мулло дунё излар, Ул сабабдин подшоҳларға ёлғон тузлар, Оят, ҳадис сўзин қўйиб мўлни кўзлар, Ҳақ йўлида ҳаргиз меҳнат тортқони йўқ» — деса-да, бунда динни, диндорларнинг мартабаларини танқид қилишни мақсад этмайди, балки ўз эътиқодларида буюрилган тартибларга амалда риоя қилмовчи, шахсий манфаатларига берилиб кетаётган дин амалдорларинигина фош этади.

Табиийки, тазйиқ тақозасига бўйсуниб, лирик қаҳрамон тушунчасини тўла-тўғри идрок этиб бўлмас эди. Ҳатто муайян адиб ижодини, чунончи, Яссавий шеъриятини нисбий равишда диний-исломий деб қаралганда ҳам, ундаги кучли ички дунёвийликни унутмаслик, Навоийга дунёвий деб қаралганда ҳам ундаги қизғин динийликни эсдан чиқармаслик керак. Қолаверса, динийси ҳам, закий дунёвийлик ҳам Аллоҳники, унинг йўлидир. Бизнингча, масалани шу йўсинда қўйиш руҳиятга, қалб фалсафасига йўл очади.

Ҳозирги замон ўзбек адабиётининг лирик қаҳрамони борасида ҳам нотўғри идрок ва талқинларнинг юзага чиққани сир эмас. Мустақилликка яқин қолган бир неча йиллар ичида ва кейин Ҳамза, Ҳ. Олимжон, Ғ. Ғулом, Ойбек каби атоқли ижодкорлар асарларига, улар лирик қаҳрамонларига нисбатан бирёқлама ёндошувлар бўлди. Баъзилар уларни шўро замонида қандай талқин этишган бўлса, шу йўналишга «содиқ» қолдилар. Баъзилар ҳовлиқма танқид йўлига ўтиб, баъзи ижодларни сўз санъатининг ўзани, доирасидан ташқарига итқитиб ташламоқчи бўлишди. Танқид деймизми, тўғри ўрганишга ўргатиш деймизми, беғазаб ва беғараз бўлмоғи шарт. Эрамиздан уч минг йил аввалги антик даврнинг «олтин мўътадиллик» қоидасини ҳеч бўлмаса эсдан чиқармаслик, буни ҳам тўғри ҳисламоқ зарур. Хўш, алғов-долғов, мураккаб йўлларда юриб ёзилган Ойбек шеърияти, умуман, лирик қаҳрамон деган адабий-назарий тушунча бўйича, хусусан эса шоирнинг ўз ижодидаги унинг «мен»и бўйича қандай манзараларни намоён қилади?

Биринчидан, Ойбек шеъриятининг лирик қаҳрамонини унинг шеърлари белгилаши, тўла-тўкис қиёфалантириши шубҳасиз. Шеърият Ойбек учун муқадаас, илоҳий бир заҳмат. Гўё беҳад севимли ёр. Ёзмаса бўлмаслик лирик қаҳрамонининг қон-қонига сингиган. Шеърият унинг учун «буюк севги»дир. Ғам эмас, дард. Ааззат эмас, завқ. Мафкура ва ғоягина эмас, санъат. Шеърият кўпинча унинг самимий севгилиси, ёри. Бу севгилининг «Ҳар сўзида қуёш табассум қилади»:

Кўп ойлар қолсам сендан узокда,
Эй, санъат, оташинг ёқар кўксимни;
Уйқусиз тунларни кечирган чоғда
Қонимга кирмишсан, эй, буток севги.
Порлайсан абадий, олтин машъала,
Сендадир гўзаллик, ҳақиқат, ҳаёт.
Ҳар жилва очади янги манзара,
Сен билан англанур бутун коинот.
Эй, санъат, боғчангда мангу қолайин,
Олтин найларингни тинмай чалайин.
(«Санъат ишқи», 1930)

Хуллас, чинакам шеърият боғига кириб борасиз. Бу боғнинг хилма-хил мевали, серҳосил дарахтлари—унинг мавзулари. Ҳаммаси юксак муҳаббат чашмасидан суғорилган. Боғбони — лирик қаҳрамони—туйғулари ажиб ва самимий, эҳтирослари қайноқ ва тошқин, ҳаяжони заҳматкаш, яратувчан. Бу чашмадек муҳаббат шу қадар кучлики, шоир ёзади:

Муҳаббатим баъзан чайқалиб,
Вужудимни солар ларзага.
Гўё бир куч кўкка кўтариб
Урар мени бир тош марзага...

Мунча ишқим қайга сиғади?
Ҳаммаси ҳам руҳим ичида,
Бир чайқалиб унга киради,
Руҳим тутар зўр чидам ила.

Ойбекни кўпчилик олимлар ва адиблар ҳаяжонлар, туйғулар шоири деб бежиз айтишмайди. У ҳаяжонлари, туйғуларини ўткир ақлий салоҳияти, кучли эрудицияси билан уйғунлаштириб юборади. Лирик қаҳрамони «нозли япроқлар куйлаган чоғда Тотли сирларга» ботади. Дили «кенг хаёллар»га боғланади. Нозли япроқлар нималардир деганини ҳис этади, қалби ёнади. Улуғ ерни қучиб ётади. Шу боис лирик қаҳрамон «Кўнгил фалсафасига сажда қиламан» дейди:

Бошимда олманинг хушбўй оқ гули...
Улуғ ерни қучиб ётибман уйғоқ.
Қулочим етмаса, қалбим етгуси,
Инсоннинг қалбига қуёш жинчироқ.
(«Кўклам ҳислари»)

Ойбекда мавзулар миқёси катта. Шеъриятининг йўли олис-олислардан келиб, узоқ машаққатли, мураккаб йўлни босиб ўтади. Бадиий маҳоратнинг очиқ, яширин сир-асрорига дуч келасиз. Адабиётшунослик, тилшуносликнинг, филологик илмнинг эътиборидан четда қолиб келаётган тадқиқ муаммолари борки, Ойбек шеърияти кўп ҳолларда мисраларидаги товушлар қуввати билан-да шундай кам ўрганилган муаммолардан бирини эслатиб туради: шеърдаги маҳорат маромлари, таъсирчанлик ундаги товушлардан, товушларнинг маъно товланишларидан, оҳангидан бошланади. Бобурнинг «Сочининг савдоси тушди бошима бошдин яна» мисраида қариндош товушларнинг нечоғлик ҳамкорликда юксак жозиба ҳосил этганиии идрок этиш қийин эмас. Ойбек лирикасида ҳам «мен»нинг шу йўналишдаги санъаткорлик намуналари кўп:

Ўзга дарднинг ҳаттоки гарди
Қўнса, гавдам эгарди зарби,
Майли, ошсин ҳар он шоирда
Сен бахш этган севгининг дарди...

Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди,
Бир ўлкаки, қишларида шивиллар баҳор.
Бир ўлкаки, сал кўрмаса, қуёш соғинар...
Бир ўлкаки, ғайратидан асаби чақнар...

«Етим хаёл», «ингичка завқ» ичра биринчи қор билан гаплашади ҳаяжон шоири: «нафасингдан тириклик сесканиб олди». Баҳор билан, қуёш билан, тунги юлдуз билан сирлашади ва ҳоказо.

Қуёш, нуринг тўка бер мўл-мўл!
Баҳор, кетма бизнинг боғлардан.
Юртимизда қолмасин дашт-чўл,
Чаман кулсин ҳатто тошлардан!

деб бошланувчи «Қуёш қўшиғи» (1937) шеърининг сўнгги сатрларига ҳам эътирозлар бўлди. Тўғри, ҳукмрон мафкура тазйиқ-таъсири Ойбекнинг шеърларида ҳам учрайди. Бевосита доҳийга, партияга, мавзолейга, инқилобга бағишланган шеърлари йўқ эмас. Булар ҳам лирик қаҳрамонга тўғридан-тўғри тегишли. Ва бундай ҳолларни самимият ила тан олиш билангина ҳар қандай шеърият лирик қаҳрамонининг моҳиятига тўғри етиб борилади. А. Орипов «Генетика» шеърида ёзганидек: «Мен ҳам яшаяпман ўз замонимда, Давримдан қайга ҳам кетардим йироқ».

Лирик қаҳрамон тушунчаси талқини тадқиқотларда, дарсликларда унинг бутун бўй-бастини, жонли салоҳияти — оламини ифодалаб беролмайди. Мавҳумлаштириб юборади. Ваҳоланки, хато, камчилик, ожизлик ҳам лирик қаҳрамоннинг сифатидир. Ахир, лирик қаҳрамонни беқусур, энг комил кўрсатишга ҳаракат қилинар экан, унинг тимсоли мавҳумлашади, сохгалашади. Навоийдай шоири даҳо комил бўла олмадим, деб зорланади Ахир, биз гуноҳкор, хатокор бандалармиз. «Саҳву хато башарият лозимидир» (Навоий). Адабиётшуносликда ҳар қандай хатокор ҳолни кечириш ва тузатиш осон, фақат ижодкорни кечиримли тушунишдан йироқликнинг зарари кўп. Ахир, Ойбекнинг ўзи нисбиятни идроклатади, «юртимизда қолмасин дашт-чўл...» сатрига эътироз билдиргувчиларга, шеъриятни тушунча олмасларга баралла жавоб бера олади:

Ватанни сев, тупро-ини ўп,
Ҳар қаричи муқаддас бизга.
Чўлидаги ҳатго қуруқ чўп
Жондан яқин юрагамизга.
Ҳар бир қарич ери, ҳар тоши
Арзир чуқур севги, лапарга.

Ойбек шеъриятининг лирик қаҳрамонини тўла ҳис қилмоқ учун бу шеър оламидан бир зум чиқиб, унинг наср оламига қадам қўясиз. «Ойбек прозада шоир-у, поэзияда прозаикдир» деб ёзган эди Ҳамид Олимжон. «Нур», «йўл», «зиё», «шуъла», «қуёш» бунда яна ўзгача мафтункор жилваларини кўрсатади. «Уфқлар қуроқ тутди Ранг-баранг булутлардан». «Уфқларга қон каби қизил шуълалар югурди. Чиқаётган қуёшни саломлаб дарахтларда қушлар сайрай бошлади» («Қутлуғ қон»).

Насри оламига кириб, шоир шеъриятидан яна шунинг учун миннатдор бўласизки, бу шеърият Ойбекдек улкан прозаикни етиштирди. Лирик қаҳрамонни кузата туриб, унинг шеъриятидан бошқа оламларига кириб бориш мумкин бўлганидек, Ойбек насри ёки бошқа ижодларини ўрганганда ҳам муайян маънода масалага унинг шеъриятисиз киришиб бўлмаса керак.

Ойбек назми лирик қаҳрамони инжа туйғулари, ҳаётга, севгига, Ватанга, халққа меҳрибонлиги, ошуфталиги, гоҳида ожизлиги, имкониятсизлиги, изтироби билан, бутун дардлари билан ўзлигини намойиш этади. Ўқувчига ошно бўлиб қолади, севилади. Уни чуқурроқ тушунмоқ истаги, умуман, адабиёти оламига — насрига, сўнгра таржима дунёсига етаклайди. Лирик шеърларида, «Дилбар давр қизи», «Темирчи Жўра», «Ўч», «Бахтигул ва Соғиндиқ», «Гулноз», «Камончи», «Навоий», «Гули ва Навоий», «Қизлар», «Ҳамза», «Бобом» каби поэма, балладаларида қиёфаланган лирик қаҳрамон таржималарида-да сизни улуғворлиги билан ҳайратлантиради. У машҳур Пушкинга муҳаббат қўяди. У ҳакда шеърлар ёзади. Антик даврнинг нодир ёдгорликларини ўзбекларга танитувга киришади. «Евгений Онегин»ни илк бор таржима қилади. Кейинчалик бундан ўзи қаноат қилмайди.

«Қалбимда давримнинг жароҳати бор». Лирик қаҳрамонни кузатиб унинг ҳаётига, даврига муҳитига кириб келасиз. У яшаган йиллар — мураккаб бир замон. Шоир, ижодкор Ойбек тамоман замонасозликдан «асраниб» (асраниш бошқа, қўрқоқлик бошқа) яшагандек туюлади. Доҳийларга бағишланган қанча шеърий хатлардан четланиб қолгандек. Лекин шуниси аниқки, улар даврдаги аҳволни, ҳақиқатни биздан-да яхшироқ ҳис этишган. Шайхзода айтганидек, бир яхши шеър чиқиши учун ёнига ўнта «замонбоп» шеър тиркаш керак бўлган. Аслида, шеърият бағрига нима сингиб кетишини яхши билишган. Тўйган чақалоқ ортиқча овқатни оғзидан чиқариб ташлайди. Маъсума шеърият ҳам. Ойбеклар шеъриятининг ўтмиши, бугуни, эртаси уларнинг яшовчан мавзуларида, бадиияти сеҳрида. Қалтис вазиятларда яшовчан мавзуларнинг ҳам айримларида тўғри сўзлаш имконияти кам бўлиши аччиқ ҳақиқатдир.

Шеърият — инсон ижодкорликлари ичра илоҳий бир санъат, у олис-олисларни кўради, башоратлар қилади. Устоз Ойбек шеъриятида кечамиз, бугунимиз, эртамизнинг саодати ёғду таратиб тургандек. Ўзбекнинг ойбекона насри, ойбекона алломаси сафида ойбекона лирик қаҳрамон мавжланиб турибди: «Кечаси... осмонга секин боқаман, Кипригим устида чексизлик ўйнар...»
Салоҳиддин Мамажонов Ойбек ижодиётига бағишланган «Ғоя ва образ» мақоласида шундай ёзади: «Борди-ю, ижодкор бир неча жанрда қалам тебратган тақдирда ҳам унинг образли тафаккурида — образлар оламида муштараклик бўлади. Шунинг учун турли жанрларда ижод қилаётган ёзувчининг ўзига хослигини, ўзига хос услуби, овози, қиёфасини ёритмоқчи бўлинганда унинг ижодини яхлитлигича, бир бутунлигича олиш, текшириш ва баҳолаш керак» (Ойбек ижодий методи ва бадиий маҳорати. Т., «Фан» нашриёти, 1985 й., 40-бет).
«Автор образи» фақатгина асар доираси билан чекланиб қолмайди, балки у асар қаратилган китобхон билан алоқада бўлишга интилади. Асарни китобхон қандай қабул қилади, қандай тушунади ва баҳолайди каби масалалар «автор образи» учун муҳимдир. Агар биз бадиий асарни ўзича яхлит олам деб қарасак, китобхонга шу оламни таништириш, унинг ҳаққонийлиги ҳақида тасаввур уйғотишда автор образи — китобхон ва асар ўртасидаги восита. У китобхонни назарда тутган ҳолда воқеликни маълум нуқтаи назардан кўради, ифодалайди, ҳар бир қаҳрамонга тегишли нагрузка юклайди. Тасвирни баъзан ўз нуқтаи назаридан баён қилса, баъзан қаҳрамон нуқтаи назаридан кузатади. Шу асосда китобхон диққат-эътиборини тасвирланилаётган воқеа-ҳодиса, инсоний муносабатлар, фикр ва туйғуларга тортади, «етаклайди».

Яна шуни таъкидлаш лозимки, баён ёки ҳикоя китобхонга қаратилганлиги жиҳатидан суҳбатдир. Суҳбат бўлганда ҳам китобхон ўз қаршисида ким турганлигини — холис баёнчими, эҳтиросли ҳикоячими, қаҳрамонми бари бир дарҳол англайдиган суҳбатдир. Мабодо автор тасвирлаётган воқеа-ҳодиса, образларга, дейлик, тамомила бефарқ қараган ҳолда, уларга аралашмасдан ифодаласа-да, бу бефарқлик дарҳол кўзга ташланади, чунки китобхон автор унга нимани ҳикоя қилаётганлигига қараб ҳукм чиқариш билан чекланмайди, унинг автори ҳақида ҳам тасаввурга эга бўлади. Таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, башарти асарда баёнчи воқеанинг кузатувчиси сифатида намоён бўлса, китобхон унинг изми билан томошабинга айланади. Борди-ю, баён ҳикоячи, ҳикоячи-қаҳрамон сифатида тасвирланилаётган воқеа-ҳодисанинг иштирокчиси, жонли гувоҳи бўлса, баён характерига кўра китобхон тингловчига ўтади» (Ўрол Носиров, «Ижодкор шахс, бадиий услуб, автор образи», «Фан нашриёти» 1981 й., 141-142-бетлар).

«Мен» лирик қаҳрамондагина баралла, намойишкорона сарбонлик қилади. Бор масъулиятни ўз зиммасига олади. Ҳар қандай ҳис, таассурот, фалсафа ва жозиба у орқали ўтади. Ундан фикрчанлик, топқирлик, эҳтирос, маҳорат кутилади. Шеъриятнинг ютуғи ҳам, ютқизиғи ҳам унинг шаънигадир. Эпик «мен» масъуллик ва жавобгарликда гарчанд лирика «мен»идан фарқланмаса-да, тасвирот жараёни мобайнида ўзини тез танитмай турмоғи мумкин. Тугал танишув сабрни, вақтни, мутолаа ниҳоясини талаб этади. «Мен» эпик талқинда ҳамма ишни ўзи бажартиб турса-да, саҳифалар қаъридан пинҳона боқади. Ўзи содир этаётган воқеаларга, ўзи ҳаракатлантираётган қаҳрамонларга сизда муносабат шакллантириб боради.

Муносабатингиз маромини ҳам кузатиб, сизга ғойибона разм солиб туради. Айни пайтда буларнинг барчаси эпик «мен»нинг баҳосини, мавқеини белгилаб, уни энди ошкора танитади.

Халқ ўз нафис адабиёти «мен»ларининг бетакрор, умумбашарий, донишона ва беназир бўлмоғини, уларнинг энг гўзал миллий анъаналарни мужассам этиб, тамом янгича довруқли ва ҳайратбахш юксалмоғини, барча замонларга замондош қолмоғини хоҳлайди. Навоий, Бобур, Огаҳий, Қодирий, Чўлпон, Ойбек, А.Орипов, Э.Воҳидов, Р.Парфи, УАзим, Ш.Раҳмон сингарилар «мен»лари мисол ҳидоятли, баркамол, миллат тимсолларига айлангувчи «мен»лар орзуси ижобат бўлгач ҳам, «мен»ларга бўлган умидворлик янгидан яралиб, мудом яшовчи миллий, ҳузурбахш орзудир.

Тоҳир Мурмуродов
2000 йил.