Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Ҳикоялар, ниҳоялар...
Facebook
Ҳикоялар, ниҳоялар... PDF Босма E-mail

Сўз санъатининг ҳар бир катта-кичик намунаси унда жозиба қонунлари, талабларининг қай даражада уддаланганлиги ва адо этилганлиги билан баҳоланади. Комил асарга тўғри интилиш — адибликнинг ҳаёт-мамот бурчи... Баркамол ижод — доимо орзулар ичра энг безовта, энг олий орзу. Шу сермашаққат йўлда бир яққол талаб —асар сюжети ибтидосидан бошлаб қизиқтириш ҳамда таъсирлантиришнинг кучланиб бориши ва ниҳоят тақдим этиладиган ошкор ёхуд ноошкор интиҳолардир. Чинакамига дардлашадиган, ёди-тимсоли мудом содиқ ҳамрохдай бадиий қаҳрамонларни, ибратли бадиий далилларни излаб топишга, танишишга эҳтиёжмандлик инсон табиатининг гўзал туйғуларидан. Бундай маънавий эҳтиёжни қондирмоқ учун ўткир ижтимоий муаммоларни тасвирламоқнинг, силлиқ ифода яратмоқнинг ўзигина кифоя қилмайди. Ўқувчига асарни ўта мақбул қилиш муддаоси қаршисида баъзан мавзу-муаммонинг салмоғи ҳам, ифода манерасининг тушунарлилиги ҳам иш бермай қолиши мумкин. Ҳунар сирларининг ва қоидаларининг барча шартлари моҳирона ижро этилсагина мукаммал жозиба, ёғду таратади.

Эркин Аъзамов ҳикоялари кўп фазилатлар билан йўғрилган. Дарвоқе, уларнинг ҳар бири олижаноб хислатлар, кечинмаларни тараннум этади. Ранг-баранг такдирларни ишончли ва мароқли таништиради.

Ҳажман кичик бир ҳикоя улуғвор номланган: «Ватанпарвар». Ўқиб, ажабланмай қоламиз, аксинча, қизғин ишонч ҳосил бўлади. Унинг қаҳрамони Нажим патриот она- масканини кўз-кўз қилиб юради. Меҳмонларни ҳайратга солиб, мезбонларни ғурурлантиради. «Боғболонинг азим теракларию чинорлари, паррандаларию даррандалари, кучукларидан тортиб мушукларига қадар таъриф этади». Унингча, бу жой энг қадимий, энг кўркам, одамлари энг танти, энг лафзи ҳалол.

Хўш, бу қандай қилиқ, кайфият? Қизғанишми, мақтанчоқликми? Шўхликми, маҳаллий маҳдудликми? Устунлик даъвосими? — Булар асло эсга келмайдиган сўроқлар. Негаки туғилган гўша муҳаббати замиридаги миллий ифтихор туйғуси мустаҳкам ва умуминсоний бўлади. Ватан туйғуси билан ватанпарварликнинг ягона бардошли пойдевори — шу. Нажим патриот «шахсий полвоним» деб атайдиган, мачит устунини даст кўтариб танилган, сўнг кўтара олмай изза бўлган (айтишларича, устунни пинҳона яна кўтариб жойига қўйган) навқирон Будир полвоннинг ғурури, тажанглиги тасвири ғояни янада самимият билан тўлдиради.

Рамазоннинг ноёб миллий қиёфаси меҳрингизгга тортади («Анойининг жайдари олмаси»). Бойсунини яхши кўради. Ҳарбий хизмати ўтган Барнаулни кўп соғинади. Ўша томонларга тез-тез кетиб қолгиси келади. Ҳаётда омади келмай юрган (ўқишга киролмаган, кўпболали одамга ачиниб, чайқовчилик бўйича ўзининг қамалишига ўзи йўл қўйган, кўнглига ёқмаган қизга уйланган) йигит қадрдон бўлиб қолади. Ҳикояловчи дўстига — муаллифга қўшилиб Рамазонни жуда тушунган, сира тушунмаган бўлаверасиз. Эслаб суюнасиз, изтироб чекасиз. Анойи йигитни ўз жайдари олмасига ўхшатасиз: кўримсизу беҳад ширин олма.

«Музқаймоқ»да езувчининг «мен»и тоғлик шаҳарпараст болакайга айланади. Уни шаҳарга чорлаган, унга шаҳарни  севдирган илк нарса-ана шу ширинлик. Бироқ у сўнгги бор музқаймоқ еганини эсдан чиқармайди. Охирги марта. Кейин емаган. Тиши, тамоғи оғришидан қўрқиб эмас, шайдолик ёшидан ўтгани учун эмас. Музқаймоқ унинг учун бир воқеа хотиротидир. Ўшанда мурғак, тотли тасаввури қабиҳ тўсиққа дуч келган ва ёш кўнглини ўзгартириб юборган. Отаси ҳамда толай ҳамқишлоқлари чўлда ишлагани кетади. Ширинликни орзулаб булар изидан келган болага тўйиб-тўйиб еган музқаймоғи қимматга тушади. Уни шаҳарга олиб бориб, «маишати»га шерик қилган Менглибой, отаси бошчилигидаги бўлим кассири халқнинг пулини ўмариб қочади. Барча оғирликни отаси кўтаради. Бунда Э.Аъзамов одамлар маънавияти, турмушидаги ўсишу йўқотишларни болалик идроки орқали қизиқарли нақл қилади.

Доимо энкайиб, кўзини ердан узмай гаплашадиган, гўёки «бу ҳаводан баҳраманд бўлишга ҳаққим борми дегандек...» қўрқиб нафас оладиган, бола ҳолида катталар дунёсида яшаётган Кўкал ажиб меҳрга муносиб қаҳрамон. «Боғболалик Кўкалдош» ҳикояси инсон руҳий кечинмаларини синчков бадиий тадқиқ қилиш маҳорати намунасидир. Кўкал гўл, қўпол, бўшанг, аммо меҳнаткаш қиёфада кўз олдимизга келади. Ундаги ночорлик, жафокашлик, хижолатпазлик кайфияти энг қадрли фазилатини яшириб туради. Отасизлик заҳматларини ичга ютиб ўсади Кўкал. Дониёровнинг тобути кўтарилганда «отам»лаб юборади. Элга маърака беради.

Ёзувчининг талай асарлари илҳом билан ёзилган. Шунчакиси, зўракиси йўқ. Барчасида дард ва Эркин Аъзамовнинг ўз сўзи бор. Лекин «Бир дақиқа кўзингни юм», «Жиян» ҳикояларининг дардчиллик, янгилик даражаси «Ватанпарвар», «Анойининг жайдари олмаси», «Боғболалик Кўкалдош»га тенг эмас. Бириси талабалик йиллари хотирига бағишланади. Турли соҳада ўқиётган ҳамхона йигитлар характерларининг ўзига хосликлари етарли тиниқлиқ топмаган. Ўғирликка муносабатда ҳам бунга тўлиқ эришилмайди. Ечимда муҳим ўрин тутувчи «Мардикор» («ўғри») бола персонажи мавҳумроқ чиққан. «Жиян» ҳикоясида аспирант Бўроновнинг ташвиш, кечинмалари ҳаётий эпизодларда очилади-ю, «хотима» таъсирчанлиги бўшашади. Натижада тушуниш жараёни жўнлашади.

Ҳикоянавис бизни ҳар сафар соддадил одамлар, оддийгина воқеалар ичига бошлайди. Ҳар гал ҳикоя бағридаги ҳаётда умримизга даҳлдор кўп ришталарни кўрамиз. Ҳолат-ҳаракатларни биладигандек, образлар хиёл танишдек, хиёл ўзимиздек туюлади. Дейлик, ҳавойи ниятлар билан (тўсатдан ўзбек юрти тарихидан илмий иш қилгиси келиб қолиб) «Қайдасан, Ленинград?» деб йўлга чиққан тоға-жиянлар ҳангомаси ҳам, одамгарчилик юзасидан ўз уй навбатини Ҳамидуллага бериб, «уй муборак» маросимига атайин чақиришмаётганини эшитиб қолган Ўрмоновнинг аҳволи ҳам («Совуқ») кўнглимизга кўчади. Берилиб интиҳони кутамиз. Якун ҳаяжонли кечади. Руҳимизга безовталик олиб киради.

Ҳам ғоявий, ҳам нафис хусусиятларнинг бетакрор жозибаси, санъаткорона мужассамигина асл муддаога элтади. Айниқса, яшаш тарзи, мафкураси ўзгараётган замон кишисининг суратини чизишга зийраклик, холислик эарур. Чунки кайфиятлар, босиб ўтилган йўлга муносабатлар янгиланаётир. Ҳатто ҳаволанган, фуқародан узилган тоифа ҳам ташвишга тушди, меҳнат аҳлининг ҳоли-руҳиясидан хабардор бўлмоқни ихтиёр этган халифа Хорун ар-Рашидни эслаб қолди. Оммага яқин бўлиш, қалбига йўл тошиш учун деҳқондай қалин пахталик, кирза этик, телпак кийиб кўрди. «Албатта, бу кийимлар ифлос, кир, тер ҳиди ўрнаб қолган... аммо, начора, кийишга мажбур». Лекин гап кийинишда, фирқа қўмитаси котибининг такси ҳайдовчиси билан мулоқотию можаросида эмас. Бир қарашда майда гап, икир-чикир, эзмаликка ўхшайди бу ҳангома. Партиянинг обрўсини бир кўтариб бериб, Биринчининг олдида юзи ёруғ бўлишини хоҳлаган Мелибой Бўриевнинг исми, уни овлоқда дўппослаб қолдириб кетган шофёрнинг ҳақоратлари, мумкин, хаёлдан тез кўтарилар. Шукур Холмирзаев саргузашт ваъда қилмайди, ҳеч бир қақрамонига ён босмайди, сир бой бермайди. «Майда гап»дан сўнг, хўш, нима бўпти, деб қўя қолмайсиз, меҳнат ва дунёқарашнинг сифати билан белгиланувчи азалий тафовутларнинг бутунги шамойилини, ўйинларини кузатиб, жумбоққа жавоб топгандек бўласиз. Мантиқни унутмайсиз, хулосага бериласиз.

«Хорун ар-Рапшд» ҳикоясидаги бу мансабдор ёзувчининг «Кадимда бўлган экан...» ҳикояси қаҳрамони Ўсарга дуч келганида баттар таъзирини ер эди. Ўсар—эртадан кечгача ишлаб бири икки бўлмаган одам. Хотинини ҳануз даволатолмайди. Вақтида Кенжа ўқисин, одам бўлсин деган мақсадда ўзини меҳнатга бағишлаган. Шалоғи чиққан машина учун завгар ундан уч юз сўм ундирган, камини энди олади. Ҳаёли бироз кирди-чиқди бўлиб қолган момосини одамларга кўрсатишдан ор қилиб, кампир яшайдиган уйча пешайвонини аллақачон шолча билан ёпиб қўйган хотини бир кун Ўсарбой кайф билан келганда қариялар уйидан гап очиб қолади. Эртасига бўладигани бўлади.

Хотин бир пушаймон қилсин, кампирнинг бир қадри ўтсин, дебЎсар момосини узоқ тут остида қолдириб, радиатор суви баҳонасида уйга қайтади. Изидан йўловчи машинага тушиб йўлга чиққан Ҳожар билан бирга қўш тут ёнидан кампирни  топишолмайди. Ўсарнинг қўполлиги, тажанглиги аламзадалиги замирида жўшқин ғурур, муҳаббат ва самимият ҳислари мавжуд. Зеро, инсондаги мураккаб маънавий қиёфа ҳамиша зиддиятлари билан табиий. Хислатларнинг бардоши ва кўринишлари инсонда нечоғли хилма-хил! Ўсар, Ҳожар, Мақсад момо, қолаверса, ҳикоя охирида кампирни олиб кетиб, қуйидагича хат қолдирган бегона эр-хотинлар бунга мисол:
«Шу тут остида бир кампир ўтирган экан. Ўсар деган (ўсмайлар кетсин!) невараси ташлаб кетган экан... Биз эрим билан овулга олиб кетдик. Бугундан бошлаб кампир бизнинг момомиз бўлди. Ўткинчилар».
«Аликнинг кайфи бузилгани йўқ» ҳикоясида Асқад Мухтор ҳозиргача қайта-қайта мурожаат қилгани — замон ёшлари хулқ-атвори ва оқибатига яна бир назар ташлайди. «Дом»нинг чироғини атай ўчириб, лифтчининг қўлбола хоначасида билганини қилувчи Алик («Алишерми, Алижонми, ишқилиб Алик») билан Рануш (Раъно) ғира-ширада тимирскиланиб юрган почтачини тезроқ кетказиш учун афғондаги ўғлига ўн йилдирки интизор қўшни кампирга келган мактубни олиб қолади. Эртасига қоронғу бўлгани сабаб уйида дори қидириб йиқилган Жамол кампирни «тез ёрдам» олиб кетади. Унга етиб келмаган мактубда ўғли тириклиги, оналик ихтиёри маълум қилиниши биланоқ асирликдан бўшатилажаги айтилган ва фарзандидан хат ҳам бор эди.
Ҳикоянинг номи ва хотимаси жўнгина, бехатар: «Адикнинг кайфи бузилгани йўқ». Бироқ асар мазмуни сергаклантиради. Охирида таҳликали огоҳга айланади. Ўқувчига Жамол кампир ва ўғлининг қисматидан кўра, Аликнинг бепарволиги, ўзини жуда қизиқ воқеанинг гувоҳидек ҳис этиши таъсир қилади.

Абулқосим Мамарасуловнинг «Учинчи йўл» номли ҳикоясида ҳол-аҳвол, саъй-ҳаракат, фикр, кечинма тасвири ягона ғояга бўйсундирилган. Ўзбек оиласи тирикчилигидаги машаққатлар баёни ҳикоя оҳангинннг арзи ҳолига мойил бўлишини тайин этган. Ноҳақлик гурзиси бошига тушиб, ҳаловатдан айрилган, оиласи чилпарчин бўлган, одамлар орасида беобрў қилинганлар оз эмас. Ўн бир болани боқиш кун сайин мушкуллашса, янги машина учун икки минг сўм пора берилса, раиснинг устидан ростини ёзса-ю, сотқин тафтишчилар арзчини итдан баттар қилиб ҳайдаса, туҳматчига чиқарса... Бу кечмиш йўл-йўлакай, гўёки ҳафсаласиз эсланса-да, Тожибойнинг раисга бежиз пичоқ урмаганига ишонч пайдо бўлади. Икки ой касалхонада ётиб тузалган порахўрнинг «олижаноблик билан» даъвом йўқ дея судга келмаслиги, лекин зимдан қилиғини қилиши, терговчининг маҳбусни бемалол «чиниқтириши», умуман, бу каби иллатлар жамиятимизда мавжуд ва айни ҳикоя учун мувофиқ танланган. Шу боисдан ҳам ҳикоядаги бошқа персонажлар, хусусан, қамоқдагилар — Қоплон ва Ирисмат эътиборни трртади. Иккаласи Тожибойнинг тарихини эшитибоқ, унинг фаҳми етмаган ишлар тагидаги бор гапни «ойнада кўриб тургандай» тўғри шарҳлашади. Хидир раис қамоқда юрган Тожибойнинг оиласига ҳам тинчлик бермаёптанидан, ҳатто шўрликнинг кенжатойи умрига зомин бўлганидан ғазабланган Қоплон Тожибойни энди қотилликка даъват этади, қамоқдан чиқиб келицпш ташкил қилади.

«Ёшлик»да эълон қилинган озар адиби Оғамали Содиқнинг «Бошсиз» ҳикояси қаҳрамони носоғлом муҳитнинг гирдобида азобланади. Усмон пора беролмайди. Лекин... «Шоирни дунёнинг бутун ноз-неъматларидан маҳрум этган Тангри... унга ҳеч нарса бермаса ҳам, ҳамма учун йиғлаш бахтини берган». Бундай муқаддас иноятни у ҳеч нарсага алмашмайди. Қутирган муҳит баттар сиқувга олади. Уни тубан, ғаламис кимсага айлантиришга қаттиқ жазм зтади. Алқисса, Усмон порани (биллур кулдонни) стол устига қўяди. Бир сония барча қийинчилиги барҳам топган, аммо одам деган номни олиб юрмоққа ҳаққи қолмагандай туюлади. Совғасини рад этган риёкор ғанимни бўғиб ўлдиради.
Синчиклаб кузатилса, қар икки ҳикояда ўхшашлик кўриниб туради. Бу фақат уларда юз берган ҳодисалар илдизининг теран бадиий ечимидагина эмас, балки ички услубий аломатларда, натижаларда ҳам аён бўлади. Шаклий-мантиқий уйғунликни ҳамда таъсирчан яхлит бадиий тасвирни вужудга келтириш, уларга «ўз руҳининг такрорланмас, оригинал муҳрини тушириб ўта олиш» (Белинский) борасидаги изланишда ҳамоҳанглик сезилиб туради. Оғамали Содиқ дилбар инсонни қотилга ийлантириб, оёқ ости қилиб, «сохта ва заиф муҳокамаларнинг икунидан» бошқа нарса бўлмаган қонунга биноан уни ўлймга йўллаган шарт-шароит устидан ўз ҳукмини чиқаради. Муаллиф қаҳрамоннинг адолат ва софликка нисбатан эътиқодига, шунинг оқибати бўлгай момий омадсйзлигига эътиборни қаратади. Буни ғубор қўнган мусаффо қалбнинг бўзловчи, ҳибсдаги олижаноб руҳиятнинг даҳшатли жунбуши ичида туриб кузатади. Образни сохта ҳаракат ва нотабиий қилиқдан асрайди, улуғвор ғоя деб, унга ортиқча жабр, талофат, зарбалар юклашдан сақланади. Абулқосим Мамарасулов ҳикоясининг мазмуни улғайтирувчи туб фикр—учинчи йўлдир. Ҳаётий, фалсафий, таъсирчан бадиий топилма.
Учинчи йўл бу—сўнгги исён, сўнгги чора. Нафсиламрини айчтанда, учинчи йўл фожиасини сўз билан таърифлаш қийин, Сарлавҳанинг ўзигина—«Учинчи йўл»гина ҳали ҳеч нарсани билдирмайди. Бироқ бу хулоса чиқармоққа асос бўлади: адашиб раиснинг етмишлардаги отасини пичоқлаган, қамоқхонага элтгувчи такси атрофида милиционерларни кўрган «Тожибой беихтиёр қўйнига қўл югуртириб, иккинчи пичоғининг дастасини маҳкам тутди ва йўлини ўзгартирди: қишлоққа ҳам эмас, таксига ҳам эмас, балки, учинчи — номаълум тарафга жўнади». Учинчи йўлнинг қўққис пайдо бўлиши ажабланарли туюлмайди. Негаки бутун воқеаларнинг учинчи йўлга «хизмат қилгани», сюжет ривожининг танҳо тақозоси шу —учинчи йўл экани яққол аён бўлади.

Шунга қарамай, ҳикояда бош қаҳрамонга «юклатилган» талофат, омадсизлик бироз кўпроқ ва баъзан сунъийроқ туюлади.

Ўткир Ҳошимовнинг «Ўзбек иши» ҳикоясини ўқиган пайтдаёқ мавзу, муддаоларни фаҳмлаймиз, воқеаларнинг иштирокчиларини кўз олдимизга келтирамиз, танигандай бўламиз: қўшиб ёздирганлар, сийму зар орттирганлар, қаллоб йўлбошчилар, риёкор йўриқчилар...

Буларнинг барини ҳикояни ўқиш жараёнида, яъни марказдан келган терговчи Василий Степанович Корягин ёнида юриб-ўтириб кузатасиз. Чунки у—«Ўзбек иши» ҳикоясининг бош қаҳрамони, ҳаётда шундай иборани кашф этиб, оламга ёйганларнинг вакили. Ўзлигимизга Корягин нигоҳи орқали қараш бир томондан бардошларни «синайди», миллий ғурурни топтагувчиларга нисбатан сергак бир муносабатни шакллантиради. Терговчи тўрт ойдан буён Жумановнинг айбини бўйнига қўя олмайди. Группа бошлиғи Амбарцумян эса: «Бошқалар обком секретарларини ёнғокдек чақиб ташлади. Сиз бўлсангиз, аллақандай совхоз директорини эплай олмайсиз», — деб ундан норози бўлади. Унингча, қўлни кўксига қўймоқ— «қуллик психологияси», серфарзандлик — «каламушга ўхшаб болалаш», теримчилар — пахтани саватга тераётган ҳабаш қулларнинг ўзгинаси. Корягин «худо қарғаган жойнинг бутифоси иссиғида бўғилар экан, ўз ўрмонлари, оромгоҳлари, «кристалдек беғубор» ҳавосини қўмсайди, Жумановнинг жигари ишдан чиққан қизини кўргач, соғлом ва дуркун қизига юраги орзиқади. Бевақт қариган, «Отасиз бола керакмас, уларга ва ўзимга ўт қўяман», деб додлаган Жумановнинг аёли («ёввойн»)га ажойиб хотинини (гарчи билмасдан унга бир бор хиёнат қилган эса-да) беихтиёр қиёслайди. Жумановга заҳрини сочади: «Ҳаромхўр! Ҳамманг ўғрисан! Ҳамманг порахўр!»

Асар ҳужжатли ҳикоядек ўқилади. Муҳитнинг драматизми кескин, таъсирчан тайёр-сюжет, бадиий тўқимага ҳожат қолдирмаган. Корягин мушоҳадасида, туҳматга учраганларнинг кайфияти, азму иродасида, жигархун совхоз директорининг ўз жонига қасд қилишида жиддий фош этувчи, киноя-кесатиқли, ҳушёрликка чақирувчи нақл амал қилади.

Бир эмас, юз йилча вақт давомида бизнинг бадиий ижодиёт ўзга миллатларнинг, хусусан, рус халқи вакилларининг образларини 5фатишга фақат бир томонлама ёндашиб келди, маҳдуд сиёсий, мафкуравий талабларнинг, нағмаларнинг, баландпарвоз гаплар, интернационал шиорларнинг қуршовида яшади. Кўплаб асарларда ижодкорлар турмуш ва маънавиятнинг ана шу жиҳатини нотўғри талқин қилдилар. Халқлар дўстлиги борасида кўпинча мавжуд ҳақиқатни юзаки тасвирлаб, иқтидорларига, виждонларига зид иш тутдилар. Аксарият асарларда рус кишилари образлари ўта бенуқсон, ўта тадбиркор, тенгсиз раҳнамо, фақат ижобий этиб тасвирланди. Мен миллий қаҳрамонларни ҳам, бошқа миллат-элат кишилари характерларини ва қон-қардошлик туйғусини ҳам бутун мураккаблиги, давр ҳақиқатига мувофиқ гавдалантирилиши тарафдориман. Зеро, фақат оқ ва қора буёқларгагина ружу қўйганда адабиёт ижтимоий онгдан орқада қолади, адабиётнинг муқаддас қадри, жозибаси тўғрисидаги тасаввурларни хираланггиради.

«Ўзбек иши»даги Корягин образи маълум маънода журъатнинг маҳсулидир. Унинг жонли чизилган қиёфасида «пахта иши»ни текширган махсус группанинг мушфиқ, хоксор, соддадил халқимизга етказган озори, зиён-заҳмати мужассамини топган. Тобора ўтмишга айланаётган ўша воқеаларнинг «ижодкорлари»га доир тасаввур гарчи ҳикояда кемтик акс эттирилган бўлса-да, Рубэн Арамисович Амбарцумян позицияси тасаввурни тўлдиради. У Жумановнинг ўз жонига қасд қилганини яширади, Корягинни тергов пайтида қонун бўйича иш тутган ҳисоблайди, ҳужжатларни ўзлари хоҳлагандай расмийлаштиради. Энди Ўзбекистонга боришдан бўйин товлаётган Корягинни юпатиб, ишларни эртагаёқ давом эттиришни буюради. Ҳикоя давомида Корягиннинг характерида холислик, изтироб ёки эътирофнинг сезилмагани учунми, ҳар қалай, асар якунида унинг ўзгариб, оқибатни англай бошлаганига ишонмадим. Бу менга характер ривожидаги сохтароқ ҳол бўлиб туюлди. Шунингдек, ҳикоядаги Бердиев образи ҳам тугал очилмаган кўринади.

Неъмат Арслоннинг «Аравакаш», Жамила Эргашеванинг «Узилган ришта», Равшан Қодировнинг «Балиқ одам», Ёқутхоннинг «Оқ булутга ўралган гуноҳ» ҳикояларида ҳам ибратли фикрлар айтилган, қизғин таассурот уйғотадиган манзаралар чизилган, бироқ бу асарларда маромига етмаган жиҳатлар анчагина. Хусусан, қаҳрамонлар ҳаракати, руҳияти талқинининг меъёрига етмагани («Аравакаш»), тафсилотларининг сунъийлиги («Узилган ришта»), муаллифлар муддаосининг мавҳумроқ чиққани («Балиқ одам», «Оқ булутга ўралган гуноҳ») бу ҳикоялардаги бадиий етишмовчиликлардир.

Хуллас, кўпгина ҳикоялар ҳаёт фожиаларини баралла ёритиш, дардли масалаларни дадил қўйиш руҳида ёзилган. Уларда янги бадиий тафаюсур равшан кўзга ташланади.

Тоҳир Шермуродов
«Ўзбекистон адабиётм ва санъати» газетаси, 1991 йил 5 апрель.