Facebook
Повесть PDF Босма E-mail

Повесть, ҳикоя ва новелла жанрлари тарихини муфассал баён қилиш шарт эмас. Фақат авантюра романлари билан бир қаторда авантюра повестлари ва ҳикоялари туғилганлиги ҳамда ривожланганлигини, реалистик роман билан ёнма-ён тарзда эса шу методдаги ҳикоя ва повестлар вужудга келганлигини хамда тараққий этганлигини айтиб ўтиш зарурдир.

Ўзбек мумтоз адабиётида маълум даражада повесть ва ҳикояга ўхшайдиган асарлар бўлган. Чунончи, «Қиссаи Рабғузий», Мажлисийнинг «Қиссаи Сайфулмулук» сингари асарлари ўзларининг эпик хусусияти, вокеаларга бойлиги билан повесть жанрига бирмунча яқин туради. Бироқ улар асос эътибори билан назмда ёзилганлигига ёки ўзларида, ҳам наср, ҳам назм унсурларини бирлаштирганлигига кўра кўпроқ поэмага яқин туради. Реалистик ўзбек повести, асосан, XX асрда туғилди. Ёзувчи Садриддин Айнийнинг «Бухоро жаллодлари», «Одина», «Судхўрнинг ўлими»; Абдулла Қодирийнинг «Обид кетмон», Ғафур Ғуломнинг «Нетай», «Ёдгор» сингари асарлари унинг дастлабки намуналари ҳисобланади.

Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» асари повесть жанрига мансуб, ҳажвийдир, яъни юмор ва сатира омухта, бундай намуналар мумтоз адабиётда (XIX асргача бўлган даврда) кўп эди, демократик адабиётдан бошлаб, юмор сатирадан ажралган ҳолда ҳам яшай бошлади. Муқимийнинг «От», «Араванг», «Бўқоқ», «Пашшалар» каби кўпгина шеърлари бунга мисол бўла олади. «Шум бола» тарихий шахссиз бўлган тарихий асар. Чунки ундаги асосий қахрамонлар тўқимадир. Воқеа саргузаштлар негизига қурилган, хроникали тасвир усули ҳукмрон эмас. Автобиографик асар эмас, лекин унда автобиографик унсурлар мутлақо йўқ, деб бўлмайди. Халқ оғзаки ижоди, эртаклар, Насриддин Афанди, «Минг бир кеча», солдат Швейк ва бошқа манбалардан ижодий наф олинган. Тўрт қисмли, IV қисм 60-йилларда, қайта ишлаш вактида киритилган. Ғафур Ғулом ўн жилдлигининг 5-жилдида «Шум бола»дан саҳифалар» (1941) деган илова ҳам берилган.
1-қисмда ёш китобхон шум бола ва унинг ўртоқлари билан танишади. Шум бола эски мактабда савод чиқарган, Сўфи Оллоёргача ўқиган, отасиз — етим, аммо ўзбилармон, ошиқ, қимор ўйнаб қарз бўлиб қолади, мардикор ишлаб юради; Омон, Йўлдош, Ҳуснибой, Солиҳ, Абдулла, Пўлатхўжа, Миразиз унинг ошналаридир. Шу қисмда у уйдан кетади, «қўли қинғир»лиги сабаб бўлади ва дарбадарлик ҳаёти бошланади. Демак, асарнинг воқеаси тугуни ҳам шу қисмда, лекин у асар бошидан охиригача изчил ривожланиб борувчи битта воқеага суянмайди.
Шум бола, Омон ва домланинг шерикчилик келишувидан воқеа ривожланиб боради. Аммасиникида қушларни ўлдириб қўйиши, даштда ўлик ювиш воқеаси, эшакни сўйиб қўйиш, томдан ер тандирга тушиб кетиш ва ўйнашларга дуч келиш ва бошқа ҳодисалар шум боланинг бепарволиги, тажрибасизлиги туфайли кўп кўнгилсизликларга дучор бўлишига олиб боради. Аммо шароитга тез мослашади ва тушкунликка тушмайди.
Шум бола Сарибой боғида хизмат қилишга ўтади, аммо ёлғончилик одати борлигини эслатади. Бир кун у бойнинг хузурига келиб, уни соғинганлигини айтиб тилёғламалик қилади; шамдан ёнғин чиқди, ўғлингиз Бўрибойвачча отдан йиқилиб ўлди, деб ёлғон гапиради, Адал опам туғди, дейди, афсуски бойнинг бу қизи ҳали турмушга чиқмаганди, бу воқеани хушхабар деб атайди, чақалоғи Бадал аравакашнинг худди ўзи, дейди ҳам ўзини гўлликка солади. Бой йиғласа, унга кўшилиб йиғлайди, у артистга ўхшайди, уддабурон ва тадбиркор ҳам эпчил сифатида кўринади. Шу сабабли, бу ўрин воқеанинг юқори чўққисига айланади, чунки шум бола бу воқеада ўзининг бутун борлиғини кўрсатади, у — довюрак, айёр. Бойнинг зиқналиги унга ёқмайди.
Повесть охирроғида шум болада инсонийлик жиҳатидан кўп ижобий фазилатлар унади. У онаси ва укаларини соғинади, лекин улар ёнига уст-бошларимни бир оз тузатиб боришим, бир оз пул ишлашим лозим, деб ўйлайди, қирқ сўмдан ортиқ пул ишлайди, ўзига дўппи, этик, тўн олади. У уйига қуруқ бормаслик лозим, деб тушунади, унда уят, ору номус пайдо бўлади, табъи назми борлиги учун арузда қор хат ёзади, «Хамса»ни сотиб олади. Хуллас, воқеа ечими яхши, шум бола ўзгаришда, кўзи очилиши йўли билан, характери реалистик такомилда кўрсатилиши аёнлашади. Шум боланинг феълу атвори ўз мантиғи негизида ривожланади, халқ ичида, халқ тақдири билан алоқадорликда кўрсатилган. Повестда тарихий воқеа руҳидаги бадиий тўқима етакчилик қилади. «Шум бола» — болаларнинг қизиқарли китоби.
«Шум бола»нинг тузилиши, композициявий қурилиши ҳам ғояга ва бола характерининг ўсиб боришига таянади. Конфликт ўқувсизлик, қийинчилик, шўхлик билан акд, ишбилармонлик ҳам инсонийлик орасида. Камолга етишга интилиш повесть ғоясидир. Кўпроқ катта ёшдаги кишиларнинг айби ва инсофсизлиги очилади, аммо доимо ижобий жараён сўнмайди, ғалаба томон интилади.