Яхшигина изғирин, юрганда баҳарнав, бетни ялайди, фақат қулоқни жиз-жиз ўради, лекин бир жойда турганда этакдан кириб, баданни дилдиратади, ёқадан худди оқаётгандек қуйилади - бўйнимни қисиб олганман, анчадан бери турганимдан елкам қўнишибқотиб, худди бир умр шундай бўйнимни қисиб яшаб келаётгандекман, хаёлимга минг хил умидсиз ўйлар келади, минг тўққиз юз саксон иккинчи йилнинг ноябри, бўлмаса, университетни нуқул “аъло"га битирганман, ўн йилдан бери Тошкентдаман, лекин бор пулим чўнтагимда, боргунимча йўлкирага етади холос, мендан олти ёш кичкина Эшназар боя ўзининг “Жигули"сида Жонбойдан қайтди, мен йўлдан ўтган машинага сарғаяман, бу ёғи буюқ, қаҳратон қиш, кўклам сира келмайдиган, кунлар энди илимайди. Далаларда яккам-дуккам бирчигит қолган, совхоз октябр ойи ўрталарида планни дўндириб бажарган-у, элу юрт ҳали ҳамон шу бажариқни тўлдиролмай жон-ҳалак, бўл-ҳа-бўл ҳиқилдоққа келган. Офтоб - бетаъсир шиорга ўхшайди - чарақлайди, тафти йўқ, чор-атрофга эски увада сочилгандек - кир қор. Машина ҳар замонда ўтиб қолади, бари тўла, бирон тазияли жойга бораётганини айтмаса, берухсат юриш йўқ, йўлда ҳужжатини олиб қўядилар; боя автобус ванғиллаб ёнбошлаганча тўхтамай ўтиб кетди, умид шундан эди, буни ҳам эгам кўп кўрди. - Қўлинг толгандир, менга бер, - деб қалин кийимда пиш-пиш ухлаётган ўғлимни аясининг қўлидан олдим. Обрўни қўлдан бермай, хотинни гапга алаҳситаман: - Манави йўл Исталин, Пўшкин Дўлбости, Ленинобод, Калелин, деган қишлоқларимиздан, буниси Еттиуруғ, Каканавич, Ботбот, Наврўзтепадан келади, бу ёқда Мўлтип, Қўйбешип, Варашилоп деган қишлоқларимиз бор. - Мўлтип - пгўнғиб деганими ё Молотовми - деб қизиқсинади хотиним. - Мўлтип - Молотов, Каканавич - Каганович, Варашилоп -Ворошилов… майда колхоз замонидан шу отлар келяпти, ўзлари урилиб, кимлиги одамларнинг эсида ҳам йўқ, лекин оти эл оғзида қолган. Қўйбешип - Куйбишев… Қизиқ-да, мана “Саноат”, “Давлатли турмуш” деган қишлоқларнинг оти ҳам шунақа. Биттасининг оти “Емхашак”. Эй, зўр-эй, молбозорда “Мўлтипнинг моли”, “Қўйбешипнинг моли” деб туришади. Масалан, Какановичнинг моли Масквага тўғри келмайди, чунки Маскванинг ҳавоси паст Какановичнинг моли ерда чидамайди, иссиқлаб қолади. Зўр-эй, йўлда, ўзинг кўрдинг, Свинсовхоз деган жой бор, “Қайдан бўласиз” десанг "Свинсапхоздан”, дейишади, “Йўқ, асли туғилган жойингизни айтинг”, десанг “Туғилган жойимиз ҳам шу Свинсапхозда, у ёғини билмасак”, дейишади. Қара-е, бошқа ёққа бурсанг, нима маъно чиқади. Изғиринда гапи–аверса одамнинг жағи ҳам оғриб қолар экан, акам ғир этиб “Перекрўска"га Тошкент йўлига ташлаб келарди, шу вақтига келиб мошини бузилиб берганини қара, ёш бола билан ҳаммага томоша бўлиб турибман, деб ичимга сиқиламан. Бу орада ўтган-кетганлар билан саломлашиб ҳам тураман: Бирови узоқдан бош ирғайди, бирога икки қадам бораман, ёнимга келгани қўлимни ҳовучлайди бошқаси қўл олишади-ю, пичирлаб қўяди ё бўлмасам, худди таъна қилаётгандек “Ҳа-а” дейди, бошқа сўз қотмайди, айбинг бордек довдирайсан. Отда, эшакда ўтаётганлар жилов ё нўхтани номига бир тортиб, ияк қоқади - ё саломи, ё алиги; машинада кетаётганла– худди танимагандек хўмрайиб келади-ю, бирдан бурнини силкитади бу ҳам ҳисоб. Катта йўлнинг чорраҳаси, чорраҳасида гап кўп, қишлоққа жуда кам келаман, тўй-маракага аралашиш йўқ, тобуткаш бўлолмайман, келганимда фотиҳалик жойларнинг ҳаммасини бир қилиб кириб чиқаман, ҳамқишлоқларим билан кўришиб сўрашадиган жой - шу чорраҳа, шу ерда туришимга қараб, қандайлигимга хулоса чиқаришади, боя Абдужалил дод-муомала қилгандан кейин бир хотинимга бир шляпамга қараб қўйди-да: “Сен ҳам энди қишлоқдан узилдингда”, деб кетди. - Шунча қишлоқнинг барига бизнинг ~азира - марказ. Бозори бор-да. Бозор бор қишлоқ теварагидаги ҳамма қишлоқни бирлаштиради, уларга ўктамлик қилади, одамлари ҳам уддабурон бўлади. ~азиранинг ўзидан учта профессор, ўттиз нечта кандидат чиққан. Илмга бундай берилган қишлоқни эшитмаганман. Битта Отабой деган жой бор. Лекин у Туркистонда. - Шундай қишлоғингизга алоҳида автобус қўйишса бўлмасмикан? -дейди хотиним маъюсланиб. - Ҳа, кеп қолар, - дейман, - чаккифуруш кўпайиб кетади дейишади-да. Шусиз ҳам Самарқанд бозорида “чакки қаерники?” десанг, ҳаммаси “~азираники!”, дейди. Сен бу гапларни қўй, қара, мелиса келяпти. Қандай пар тушган қишлоққа! Бекорга алоҳида мелиса қўйишмаган! Ростдан, Сталин томондан мелиса келаётган эди, бизга яқинлашиб қолган. Хотиним тирсагимга туртди: - Қаранг… бир чол киши сўрашаяпти. Бу ёққа қарасам - Саидбово, ~азирадан чиқиб, ~аровтепасига қайрилиш жойда тўхтаб, биз томонга жилмайиб, тез-тез бош ирғАяпти. Товушини эшитмасам ҳам, калласини қимирлатишидан нима деяётганини биламан: “Э-э, эшонбово, яхшимисиз? Қайтяпсизми?… Бир келган экансиз-да. Тошканлар яхшими? Э-э, келин шуми?… Шундай-шундай кеп туринг-да…” Шунга яраша жавоб қиламан: “Ўзингиз яхшимисиз? Бизнинг синфдош Ўрин қандай? Неваралар… Ҳа, шу, қайтяпмиз энди…” Албатта, у ҳам эшитмайди -орамиз анча, бақириб сўрашмаймиз-ку кўчада. - Бориб саломлашмайсизми, ёшлари улуғ экан, - деди хотиним. - Биз-да шунақа, ҳаммаси бош билан, қимирласа - бас, - дедим. Ростдан ҳам шунақа, кўрмай қолмасанг бўлди, ишқилиб. Лекин Саидбово сўрашиб бўлгандан кейин йўлни биз томонга солди. Дўконга кирмоқчи шекилли. Бари бир ёнимдан ўтади, икки қадам пешвоз чиқмасам бўлмас, чоллар билан қўшқўллаб сўрашиш керак. - Ма, болангни ушлаб тур, - дедим хотинга. Шундай бўлади: аввал юришни ўйлайсиз, ўзингизнинг қай бир сониясида гавдангиз олдинга интилиб, ҳали оёғингиз қимирламаган ҳам бўлади; мана шундай - гавдам харакатга келиб, бу қўзғалиш оёқларимга ўтай деганда нақ қулоғим тагидан, “Қаёққа?!” деган амирона товуш янграб, яна қотиб қолдим. Қарасам, боя Сталин томондан келаётган милиса йигит қаватимда турибди. Менга эмас, Саидбовога қараб бақиряпти: - Ўв бобой, тўхтанг! Қани, мен кимга айтяпман?! Саидбово жойида таққа тўхтади. Яна шундай бўлади, кўз ўнгингизда ногаҳон, кутилмаганда, бир беъманилик кечади, каллангиз тўғри ишлаб туради-ю, лекин бу ҳодиса ҳақида ундан ҳам беъманироқ ўйга борасиз. Мен ҳам туйқусдан шундай хаёлга борибман: бобойи тушмагур ~азирадан бирон нарсани ўмариб келяпти, деб ўйлабман. Худди ҳозир мелиса йигит югуриб боради-ю, шартта қув бобойнинг малла чакмони ёқасидан ушлайди. “Аблаҳ! Қўлга тушдинг-ку!” бир-икки силтаб, қўлини қайириб, одига солиб кетади. Дабдурустдан шундай туюлди менга! Лекин мелиса йигит менинг ёнимдан қўзғалмай, яна бақирди: - Боя нима дедим сизга, а? Боя?! Унинг бақириғидан ўғилчам уйғониб кетди, қаранг-эй, бир ёшдан сал ошган гўдак, йиғламади, мелисага “Жинними бў?” дегандек бир қаради-да аясининг бўйнидан маҳкам қучоқлаб олди. - Ўзбек тилида айтдим, яхшиликча кетинг, чувалашиб юрманг, дедим. Қулоқ борми, қулоқ?! Ё жун босганми? Кетинг, демадимми? Саидбово худди кўринмас мошин-ғалтак ип билан жойига чандиб қўйилгандек, юришга ҳам, туришга ҳам ўхшамайдиган бир ҳаракат қилди-да, мелисага жовдираб қаради. -алати одам-эй! Боя ~азирада, кетинг, дедим-а! - Мелиса қўлини пахса қилди. - Ё демадимми?! Саидбово ниҳоят тилга кирди: - Дедингиз, улим, дедингиз… Чолнинг тилга киргани баттар мелисанинг ҳамиятини қўзғади: - Деган бўлсам, қани кетганингиз? Кетинг деганимга қачон бўлди? Мен Исталинга бориб келяпман. А, қани кетганингиз? Ҳалиям кўзга тикан бўлиб юрибсиз-ку! Саидбовонинг бети пир-пир учди, менга нажот сўрагандек қараб қўйди. Мен эса мелисанинг дағдағасидан шошиб, аралашишга ҳам, аралашмасликка ҳам ҳайрон, каловланиб турибман, буларникини жуфт демасанг бўлмаса… Саидбово бўйнини қисиб, хоксор ғулдиради: - Турсунхоннинг магазинига печка кептимикан, деб кирувдим, уям йўқ экан. Энди опкесанг, битта опқўй, дедим. Эскиси ниҳояти тутаяпти. Айтганингиздан кейин ўзим кетаётган эдим. Энди бу ёқда… Мелисанинг баттар жаҳли чиқди: - Ўв бобой! Жонга тегдингиз лекин! Боя неварамга жилоб оламан дедингиз! Энди бу гап чиқдими?! Қариб, миянгизни еб қўйганмисиз? - Энди, ўғлим, тўғри, қаричилик, мия қолмаган… Қайтаётган эдим, шу… - Турибсиз-ку шу ерда?! Қани кетганингиз?! Э-э, яна нимага бу ёққа юряпсиз? Боядан бери қараб келяпман, бу бобой кетадими, йўқми, деб… -Мелиса йигитнинг товуши яна баландлади, кейинги гапи энди атрофга ҳам тегишли эди. - Нима қилай сизни, а, обориб тиқиб қўяйми ё? Бир хил одамлар ўхшаб бу ҳам бақирса кўзи олдидагини кўрмай қолади шекилли, Саидбовонинг пусибгина анча бери келиб қолганини сезмади, пайқагандан кейин жон-пони чиқиб кетди: - Ия, яна келяптими бу бобой!? Ўв, кимга айтаяпман?! Соқолим бор деб… Ҳе, ўша печкангизниям!.. Ўв, тўхтанг, деяпман! Қулоқ борми? Обкетаман лекин, панжарадан термилтириб қўяман! Саидбово яна тўхтади, яна жавдиради, мен ҳам ғалати бўлиб кетдим: нима қилади невараси тенги бола билан манжашиб, кет дегандан кейин кетавермайдими, ҳозир буларнинг қутурган пайти бўлса... - Улим, яна битта кечиринг… Илтимос, шундай бир… - Илтимос-пилтимос йўқ! Жўнанг! - Бир минитга… шундай бир… - Аччиғимни чиқарманг лекин… - Улим, сиз ҳам бир мусулмон… - Йўқ, копирман! Шунча айтдим, соқоли бор, дедим, энди - бас! - Улим, бу дунёда!.. - Чайналманг! Бу дунёнгизни йиғиштиринг! Нима деяпман сизга?! - Кетаман, улим, кетаман, олдин шу… - Олдин-полдин йўқ! Всё! Турган жойингиздан кругом марш! Саидбово ночор туриб қолди. Энди мелисанинг гаплари шунчаки дўққа ўхшамай бораётган эди. Мен ҳам бир мужмал аҳволдаман, мелисанинг гаплари Саидбоводан кўра, нимагалигини ҳали билмайман-у, ишқилиб, менга қаратилаётгандек эди, лекин бобойнинг ҳам қайсарлини тушунолмай турибман. - Тамом, чўкиртак соқолингизга қарамайман! Обкетаман! Бу ёғи принцип! - Ҳай, улим, шу домилла билан битта кўришай! Кейин марш бўлса -марш-да! Тез кетаман. - Эй, дунёи қўтир! Мана гап қаёқда экан! - Мумкин эмас! - Мелиса қулочини ёйиб, чолнинг йўлини тўсди. -Тўхтанг! Айтганимни қилинг, деяпман! Мен Саидбовога интилдим, у киши мелисанинг қулочи тагидан чаққон эгилиб ўтиб, қўлимни олди. - Ҳэ, бизники шул-да, улим, - деди чол менга, “кўраяпсан-ку, болам, қанақа яшаяпмиз деган маънодаги ҳасратда, кейин сўрашди. Яхшимисиз болалар яхшими? Кўзим чолда, бор диққатим мелисада: кўкариб, қалтқалт титрайди, уришганларни ажратиш бошқа, кўришганларни айириш бир бошқа экан, нима қилишини билмайди, фақат кўзининг пахтасини чиқаради: “Бўлди бўлди, бас. Бобо, сизга айтаяпман. Бўлди, деяпман”, - дейди нуқул. Саидбовонинг қўлини қисимлаб узоқ сўрашдим, чолнинг қўллари қадоқ, сиқиб сўрашганда тошдек бота–ди. Мен Ўринбойни, Суюнбой акани, биз билан - укаси иккови бир синфда сакказинчигача ўқиб, кейин уй қилиб кетган қизининг болалари нечта бўлганигача суриштирдим. Саидбово охири қўлини куч билан тортиб олиб, мелисага қаради, сал енгил тортди. - Мана улим, сўрашдим, - деди унга. - Бўлди , сўрашган бўлсангиз, энди кетинг, турманг бу ерда, - деди мелиса йигит сал шаштидан тушиб. Мелисанинг юмшагани солга ҳам таъсир қилди, тушунтиришга киришди. Ўзи кетаётган эдим. Тушунаман, ҳозир қаттиқ. Шу айтганингиздан кейин Турсунхоннинг магазинига кирдим. Битта синиқ шкопни қоқишяпти экан. Шу кейин қайтаётиб, бу домилла улимни кўриб қолдим. Бу киши Тошкандай жойда ўқийди, эшонбовомизнинг уллари. Оталари билан яхши эдик, у киши, раҳматли, одам айирмас эдилар. Домилла улимни кўрдим-у, у кишининг ўзлари кўзимга кўрингандай бўлди. Бир к…ишиб ўтай, таваррик одамнинг боласи, дедим. Э-э, бизларга қарз-да, улим Эрта-индин ўзимиз ҳам борсак, нега кўчада улим билан кўришмадингиз, деб сўрасалар, уятга қоламанда… - Саидвобо ўксиниб, кўзларига ёш олди-да, кейин бирдан гапни бошқа ёққа бурди. - Ке, мелисаулим, сениям бир қўлингни олиб қўяй!.. Мелиса бу гапни кутмаган эди, ноқулай бўлди, юзини буриб, чолга қўлини берди. Чол унинг қўлини маҳкам ушлаб, худди молбозорда бор-барака қилаётгандек ўктам-ўктам силтади: - Яхшимисан? Тан совлиқми? Мундай сўрашда-е, улим, биз ҳам таваррик, етмиш бешга чиқдим. Мусулмон боласисан - сўраш, яхшимисиз, бово, дамликкина юрибсизми, де, шундай юринг, де. Етмиш бешга чиқдим ман, улим, сизнинг ёшингизга етайлик, бундан ҳам ўтайлик, де Мен ҳам сени дуо қилай! Барака топ, улим, деб айтай! Кўп ҳам шапкангга маст бўлаве…ма. Пахта, пахта, дейсан, мана, пахтанинг ичида қаридик, келган жойимиз шу Мелиса йигит сал-пал қизариниб, чолнинг гапларидан жиндай ҳижолатга тушди, лекин унинг гапини кесди: - Бўлди, ота, бошни қотирманг. Кўришдингиз, ишингиз битди, энди кетинг. Саидбово унга хотиржам қаради, лекин алами ичида экан: - Кетаман, кўришиш бизга қарз эди, уздик. Кўнгилхотиржам. Энди обориб тиқиб қўйсанг ҳам, майли, - деди. - Бово, илтимос, қонимга ташна қилманг, - деди мелиса йигит энди зорланиб. Саидбовонинг лаблари титраб кетди, ўксик бир ўжарлик билан гапдан қолмади: - Қамайсан-а! Кўришганга қамайдиган закўн йўқ, қопқора қўл халқлар бор-ку, ўшаларнинг сўдида ҳам йўқ! Одамларни мунча қон қақшатма. Бу учун ҳукумат сенга шимилдириқ ҳам бермайди: Қайтангга ёмон бўлганинг қолади. Мана, бола ёшимиздан шу пахтанинг ичида, умрни шу пахта еди. Кўкрагимга битта темир ҳам таққани йўқ! Сен бўлса, ~азиранинг бозорини ёпиб, ҳаммага дўқ урасан… Мелиса йигит алам билан бир нарса демоқчи эди, чол гап бермади, мелиса “бор-э!” дегандек, терс бурилди. - Обориб тиқиб қўяман эмиш! Обориб тиқсанг, нима, мени гармиди? Ҳукуматнинг текин нонини еб ётавераман. Мелиса шахт билан чолга қаради: - Менга қаранг, бобой, кетасизми, йўқми? Етмиш бешга чиқдим, энди менга ҳеч ким тегинолмайди, деяпсизми ё? Саидбово бу гапдан чўчигандек: - Кетаман, улим, кетаман… - деб ғулдиради, лекин кетиш олдидан, ё алами босилмаган, ё энди мелисанинг “обориб тиқиб қўйиши"га қўл силтадими, узиб олди: - Ҳаммани онаси туғади, сени, улим, билмадим… Бобой гапини тугатмай, йўлини ~аровтепасига бураверди. Мелиса чичонглаб кетди: - Ўв, бобой, тўхтанг! Тўхтанг, деяпман! Саидбово ўша ёқдан туриб: - Киптингга шапалоқдай нарсани ёпиштириб… - деди-ю, гапини тугатмай кетаверди. Ўзи шусиз ҳам ичимда чолнинг гапларига беш кетиб турган эдим, кулиб юборибман. Мелиса йигит шарт менга ўгирилди, мен атайлаб чолнинг орқасидан тикиламан, бунга қарасам - тамом. Кўзимнинг қирида кузатяпман: алами олти, ҳозир менга ёпишади! - Нега куласиз? Очиб ўтирибдими? - деди у. - Шунга куляпман, - дедим. Ўзи тилим ёмон, лекин нарироқда хотиним турибди, нима қилай? Мелиса йигит унча тушунмади: - Нима шунга? Маймун ўйнатяптими сизга? - деди. - Анави бобой ўйнатди шекилли, - дедим. У яна тушунмади, лекин майна қилаётганим етиб борди. - Кулдириб қўяман лекин! - деди. - Мен ўзим хоҳласам куламан, - дедим. - Бу ерда мен рухсат берсам куласиз, - деди мелиса. - Саидбово нарироққа бориб,тўхтаб қолди. Мен хотинимга қараб қўйдим. Бошқа жойда бўлса, очиғи, шу сийқа бош билан айтишиб ўтирмасдим, энди кеч, бир ёғи - алам қилаётган эди баобрў бир редакцияда ишласам, ўз қишлоғимда, хотиним, яна шунча одамнинг олдида бир ёш бола, елкасида шапалоқдай погони бор учун менга ҳам дўқ урса! Ҳа, айтмабман, чорраҳада биздан ҳам бошқалар бор эди. Терим деб ҳаммаёқ тақа-тақ бўлгани билан, йўлнинг у ёғидаги дўкон очиқ. Катта-катта кўзли деразасида ўч-тўртта бош қимирлаб турибди, берироқда Шафоат хола ҳамишагидек писта сотаяпти, унинг тепасида Ҳошим ака билан иккита ўсмир, бири Холмат аканинг, бири Эргаш аканинг боласи, оғизаридан писта чўпоқ худди курак чувийдиган машинадан чиққандек отилади, кўзлари бошқа ёқда-ю, лекин қулоқ динг - бу ердан кетар-кетмасимиздан ~азирани ундай депти, бундай бўпти деган маҳоват босиши тайин. - Менга рухсат тепадан келади, жўра, - дедим. Мелиса йигит бир одим чекиниб, мени бошдан оёқ-кузатиб чиқди, бошқа гап тополмади шекилли: - Нима қилай шунга? - деди. - Ана, останопканиям тепадан айтиб сурдиришган. Бу ерда одамлар турмасин, деган. - Доим шу ердан кетаман. Тураман! - Нега турар экансиз! - Мошин пойлаб. - Мошин пойлашга, ана останопка, деяпман-ку! -Доим шу ерда бўлган. Ростдан, бекат азалдан шу ерда эди, ўнғай, уч томондан - ~азира, Сталиндан келадиган, идорадан чиққан машиналар ҳам шу ердан ўтади, лекин булар идора тўғрисида одам уймалашмасин деб, тўрт юз метрча узоққа сурган. - Боринг, дедимми - боринг! Битта ўзим бўлганимда “Ке, қўй, мендан ўтган бўлса, кечир, Саидбово учун ҳам узр, айтишадиган нарсанинг ўзи йўқ-ку орамизда”, деб айтардим, фақат янги бекатга бормасдим, турган гап. Лекин дўкон деразасидаги каллалар қимирламай қўйди, писта чақаётганларнинг ҳам кўзи бизда, хотиним бечора боласини маҳкам бағрига босган, Саидбово бечора сал нарироқда кетолмай қараб турибди… - Бормасам-чи? - дедим. Бу одамнинг бош-оёғига қараб чиқишдан бошқа нарсани билмайди шекилли, яна шундай қилди, кейин бирдан: - Сизда буткул виждон йўқ, - деб қолди, худди ўша виждон кўкрагимда осилиб туриши керагу бу излаб тополмагандек. - Қайдан билдингиз? - дедим ажабланган бўлиб. - Кўринишингиз айтиб турибди, - деди у. - Виждон бўлса сизда, халқ ишга кўмилиб ётган бир вақтда шляпани қўнқайтириб, галстукни осилтири-иб юрармидингиз? Тағин хотинингизни эргаштириб олганингизга ўлайми! -Бунақа маърузахонликнинг ҳавосини олган экан, менга гал бермай баландлаб кетди: - Виждони борлар ҳозир далада, партиямизнинг топшириғини бажаряпти, давлатнинг ишини қиляпти. Сизда виждон бўлса, бунақа ширдинглаб юрармидингиз? Халқ эртаю кеч меҳнатнинг тагида ётган пайтда оёқни ҳўлга тегизмай бунақа олифта юриш учун виждонни ютган бўлиши керак одам… Мелисанинг валдирашидан миямга оғРиқ кириб, чаккам тиришиб кетди, у мени устимдан куляпти деб ўйлаб, бирдан бошқа алфозда бақириб берди: - Кулдириб қўяман лекин! Бу ердагилар ерда ётган картишка эмас! Осмондан оёғИнгни осилтириб тушган бўлсанг ҳам… Менга деса Брежневга бормайсанми кейин! Бор, ана, Рашидовга! Бизга ўзи шундай топшириқ берган: сенга ўхшаган текинхўр туниятларни қама, деб! Бу ўртада Саидбово ғир этиб ёнимизга келиб олди, бечора чол қўрқиб кетган, бир мелисага ёлвориб қарайди, бир менга мўлтирайди денг. - Йўғ-э, менга бу киши бошқача айтгандилар, - дедим, бошқа гап тополмай. - Йўғэми? Қани, дакиментти ол! - Нима қиласан? - деим бир гапдан қолгим келмай. Саидбово “Жо-он улим, ундай қилманг, қўйинг!”, деб бир мелисага, "Эшонбово, сиз - катта, хўп, денг, сиздан лозим” деб менга ялинди, иш чиқмагандан кейин: “Э-э, улим, мени деб бўлди, улларим!”, деб жавради. - Ол, деяпман! - У қалтқалт титраб қўлини орқага юборди. Хизмат бурчини бажараётган одамман, мен билан ҳазиллашма! Х,али бу сийқабош ҳамманинг ўртасида тўппончасини ўқталмаса эди, деб, бир ёғи чўчидим ҳам, ҳалироқ берсам ўламанми шуни, ғалва чиқмасди деб дарров гувоҳномамни узатдим. У гувоҳномани бир очиб қаради-ю, ёпиб устидан дутор чалаётгандек читирлатиб тирноқ урди-да, менга беписанд тикилди: - Аҳ-ҳа, санъатчи! - деб заҳаргина илжайди. - Ўзим ҳам айтдим: нега бунақа ширдинглаб юрибди деб. Бу галстук, шляпалар… “КПЗ"да бир санъатингизни кўрсатасиз энди… Рости гап, анграйиб қолдим, балони ҳам тушунмадим. - Эндии мошин ушласак бўлди, - деди у ва худди шундай қилса, дарров машина келиб қоладигандек, йўл ўртасига чиқди, бир зум Сталин томонга тикилди, яна қайтиб келди, сал ноқулай бўлиб, ўзича “Хў-ўш”, деб қўйди. Саидбово бечора ҳали ҳам “Улларим, улларим, ундай қилманглар-эй! Мен бенават-ку!” деб турибди. Шунда бирдан миямга урди: - Фақат фаросатдан десам, саводдан ҳам уриб кетган шекилли? -дедим. - Битта ҳужжатни тўғри ўқиёлмасанг! У менга бир олайиб қаради, довдираганини билдирмасликка тиришди. - Ўқи! - дедим. - Санъатдан бошқа сўзлар ҳам бор. “Газета редакцияси”, “мухбир” деб ёзиб қўйибди! Ким сени елкангга катта сержант деган “личка"ни ёпиштирган ўзи? - Погонга тил текизманг, - деди у энди сал паст тушиб. - Бунинг жавобгарлиги бор. - Сен қўлингдагини ўқигин, кейин гаплашамиз, - дедим. У аввал атрофга аланглаб олди-да, гувоҳномани очди, гўё у ерда жуда кўп нарса ёзилгандек бошини анча эгиб турди, кейин мендан кўзини олиб қочиб, секин хотинимга қаради, дўкон томонга аланглади, чайналиб, оғирлигини у оёғидан бунисига ташлади. Бир зум жим қолдик, у иккиланаётган эди. Саидбово илинж билан унга “Улжоним! Улим!…” деди. Мелиса бобойга қараб секин: “Ота, сиз кетаверинг! Ўзимиз келишиб оламиз”, деди, Саидбово елкасини қисиб, кетолмай тураверди. Менинг аламим босилмаган эди: - Ким тўғри келса, обориб тиқиб қўяверасанми, оғайни? Балки мен давлатнинг муҳим топшириғи билан юргандирман, -дедим. - Бошдан шуни айтмайсизми? Обориб тиқиб қўйганимда, биласизми, сизни у ерда нима қилишарди? - деди мелиса йигит енгил тортиб. - Елканинг устида бир нарсани кўтариб юрган одам тиқиб қўйишдан олдин суриштиради: ким, қаерда ишлайди, деб… - Эй-й, ака, калла қоладими, дакиментингиздан фақат “санъат"ини ўқибман, саводинг йўқ деб ерга урманг, - деб хуноб бўлди у. - Энди… ишимиз шуда. Бажар, деса - бажарамиз. Топшириқ қаттиқ. Одамлар юрмасин кўчада, дейишган. Мана, кураяпсиз-ку одамларни, гап таъсир қилмайди! Тўдалашманглар шу ерда, катталар ўтади, кўзи тушса, менга гап тегади, деб тушунтирганни тушунишмайди. Билмайман, буларни онаси кўчада туққанми! Бу ердан ҳайдасам - ~азирада! У ёқдан ҳайдасам - бу ёққа! Шундай вақтда нима бор кўчада десам, магазинга, дейишади. Магазинга бўлса, керагингни ол-да, кет! Ана қаранг, туришибди, мен айтмагунча тураверишади-ей! - У шундай деб дўкон олдида тизилишганларга қичқирди: - Ў-ў, албатта мен айтишим керак-да, а сизларга? Ё кансерт бўляптими? Қани! Шапаат опа, кўтаринг тўрвангизни, мен сизга бир соатга майли деганман, боринг! - Дўкон олдидагилар бамайлихотир ичкарига киришди, “Шапаат хола” пистахалтасини оғзини ёпган бўлди, холос, лекин томоша тўхтаганига ҳафсалалари ўлиб, нарироққа жилдилар. - Ҳозир, қараб туринг, яна чиқишади, гап ўтмайди буларга! - Одамни оёғидан боғлаб қўйиб бўлмайди, оғайни, - дедим - энди секин баланга чиқиб, билдирмай ўчимни олишга ўтдим. - Худойим уни эркин қилиб яратган. Хоҳласа юради, ўтиради, ёнбошлайди… - Майли, лекин шуни уйида қилсин, - деб у ўзиникидан қолмади. -Кўчада бало борми! Мен уларни уйига кириб текширмаяпман-ку, ахир. - Кўча ҳам одамларга қилинган, - дедим. - Молподага эмаски, битта чўпон қўйиб қўядиган. - Э-э, мен кампанияни айтяпман, - деб хуноб бўлди у. - Йигирма кун чидаб беришсин - бўлди! Чўпон… нимам чўпон? Қанақа сўкиш эшитишимни биласизми? Булар, орқадан сўкада, лекин у ёқда райком бор! Мана, кечаги бозор, қор уриб турибди. Одамлар инсофинг борми, картишка-партишка олиб олайлик, бир соатгинага оч, деб чуввос ёпишишди менга. Қор-ку, э-эрталаб бўлса, шу ҳавода ким ҳам далага чиқарди, дебман. Майли, ярим соат муҳлат, бозорларингни қилиб олинглар, лекин хафачилик йўқ, дедим. Саидбово: - Шундай, шундай, бозорни очиб бердингиз лекин, - деди қимтиниб. -Валламатлик қилдингиз, майли, бозор қилиб олинглар, дедингиз. Машинадан дарак йўқ, мелиса йигит қўлларини силтаб-силтаб куйиниб гапиради, дўкондагилар қайтиб чиққан, “Шапаат хола” жойида, ўсмирлар сал нарироқда, мен, икки қўл чўнтакда, гўё шу мелисанинг кўча кийимидаги каттаси, арзини тинглаяпман. Мелиса йигит бояги бақирганларига кечирим сўраган алфозда: “Хрзир, янга ҳозир” деди, мен “Х,а бозорни очдингиз, кейин?” дедим. - Одамлар энди дарвозадан кириб, савдони бошлаган эди, бабиллаб қора “Волга” кепқолди. Одамларга ҳеч нарса дегани йўқ. Менга қараб: "Онайни фалон сани! Санга шапка кийдирганни онасини!” деб ке-етди!.. - Ким? Раисми? - Йў-ў. Райком! Амир ~аппорович! Бир урди, ҳалиям бетимга тегмади, лекин шапкам учиб кетди. Боя айтишиш билан овора, фақат бетига қарабман шекилли, энди разм колсам, мелиса пачоққина йигит экан, бурни кўкариб, сувлаб турибди, қорин жонировдан йўқ, кител халта осилган, камар қийшайиб, орқага тортиб кетган, шим шалвираган, тумшуғи тириш этикдан сачраган лой белгача урган… Унга қараб қолдим, ҳалидан бери кўнглимни босган бир ғашлик, ўжар бир гуноҳкорликка ўхшаган туйғуни англагандек бўлдим, мелисани ҳали у Саидбовога бақирмаган, мен билан манжашмаган, умуман ҳали ёнимизга етиб келмаган пайти - унга кўзим тушгандаёқ ёмон кўриб қолган, йўқ, устидаги расмий кийими милиционерлиги учун эмас, йўқ, айтаяпман-ку, ҳали менга бақамти бўлишидан олдин деб, у ҳар қишлоққа келганимда қора меҳнат, оғир кетмондан қочиб, ўқишга кирганим, битирганимдан кейин шаҳарда қолиб кетганимга тирик таъна бўлиб кўринган, мен эса ҳимоянинг энг яхши йўли деб хужумни танлаган эканман. Энди унинг расмий кийимни ҳам эплаб кия олмагани, абарои кўнгли оғриганидан оғзи кўпикланганини ҳам сезмай хасратидан дастурхон ёйишига қараб туриб, атай эрмаклаганим, “КПЗ"и ҳам шунчаки гапдан енгиш учун пўписа эканини, хўп, ана, олиб борган тақдирда ҳам у ердагилар, ўз туманидан пойтахтга бориб ишлаётган мухбирини оёқости қилмасликларини билиб туриб ҳамқишлоқлар айниқса хотиним олдида бир кўрсатиб қўймоқчи бўлганимга, лекин, яна, барибир, гувоҳномани кўрсатишга тўғри келганига уялиб кетдим. Бу гапларнинг бари кўнглимда мубҳам бир ғашлик бўлиб турган эди, мелисанинг ҳасрати энди уни тинитиб, тубида ётган нарсаларни очиб қўйди. - Ишни шу одамлар қилади-ку, райкомнинг ўзи лой кечиб пахта термайди! Бозорни бир соатгинага очганга шунчами?! Майли, шу одамларни деб сўкиш эшитаман, лекин, барибир, биронтаси, эй инсон, сўксанг, ўзини сўк, онасида нима айб, демагани ботиб кетади. Э-э, бечораларга нима ҳам дейман, ҳаммамиз шундай. Лекин, райком, мени тумонатнинг ичида тепкилаб, яна қандай буларни чизиғингга сол, дейди? Шуни ўз кўзи билан кўриб турганлар мени уч пулга оладими? Райкомга нима, сўкди, сўкди, кейин кетди-борди! Элга рўпара бўлиб мен қолдим. Нима қилишим керак? Кетворай десам - иш бу, тирикчилик деган нарса бор. Ҳе, майли-да, биз бир кичкина одам, мелисаликни ҳам қилиш керак, бари бир. Бетни қалин қилиб юрибмизда… Гап билан ёнимизга сариқ “Жигули” келиб тўхтаганини сезмабмиз. Мелиса йигит, шартта унинг эшигини очди. - Қаёққа боряпсиз? - деди. Ҳайдовчи эгилиб, бизга қараб жилмайди - Турсунхон экан. - Жомбойга. Мол гаплашаман, - деди у мелисага. - Бўлмаса, гап бундай - шу акани Перекрўскага ташлаб ўтасиз, - деди мелиса укам, - болалар билан туриб қоптилар. - Майли… майли, ўтиринг! - деди Турсунхон менга маъноли қараб қўйиб. - И-и, янга ўғилчанинг бошига боҳор бўлинг, - деди мелиса машинанинг орқа ўриндиғига ўтираётган хотинимга. Кейин у қўлимни маҳкам қисиб, синиқ илжайди: - Ака, хизматчилик, хафа бўлмайсиз-да. У худди укамдек, юрагим ачишди. - Бўлади-да шунақаси ҳам, биздан ҳам ўтди, - дедим бошқа гап тополмай. Лекин мен ҳали машина эшигини ёпиб улгурмай, у дўкон олдидагиларга бақирди: - Ў-ў, неча қоққан қозиқдай турибсизлар? Неча марта айтиш керак сизларга! Томоша тугади-ку… Турсунхон ванғиллатиб газни босгандан кейин Саидбово билан хайрлашмаганим эсга тушиб, орқага ўгирилиб, бобой, худди таъзим қилаётгандек, чакмонининг енгларини кийиштириб, мелиса “ули"нинг ёнидан ўзоқлашиб биз кетаётган йўлдан келаётган эди, қўлимни кўтардим, турган гап, машина ичидан кўринмайди, чол ҳам бошини эгиб олган, биз томонга қарагани йўқ. Йўлда кетяпмиз, Турсунхон сўради: - Нимага шу билан солишиб юрибсиз? - Сиз қаёқдан билдингиз? - деб хайрон бўлдим. - Яхши гаплашиб турганимизда келдингиз-ку. Турсунхон йўлдан кўзини узмай кулди: - Телефон бор-да. - Кейин менга қараб изоҳ берди. - Эргаш аканинг боласидан шу гапни эшитдим-у, тағИн сизни овора қилиб юрмасин, деб мошинни босдим, бўлмаса Жомбойда ишим йўқ. Унинг ўзи бола ёмон эмас, Нурмат аканинг боласи-да, Яканшиҳдан берироқдаги қишлоқ… оти тилимга келмаяпти, шу е…дан, танимайсиз. Қишлоқдан чиқиб кетгансиз-да, бизла…ни зўрға танийсиз-у Ҳа, рост-да, бир хил вақти салом берсак - кўрмайсиз - Жа гапни опқочасиз-да лекин, - дедим-у, бари бир, хижолатда эдим. Машинанинг ичи иссиққина эди. “Шу Турсунхон жуда оқибатли йигит-да”, деб ўйладим. Қишлоқдан чиқиб кетаётган эдим.
|