Facebook
Минталитет PDF Босма E-mail

Кунларнинг бирида Америкада чиқадиган йирик газетанинг президенти билан ҳамсуҳбат бўлиб қолдик. У ўзбеклар нима учун маҳаллани бунчалик ҳурмат қилишини, нега маҳалла тўғрисида махсус қонун қабул қилингани сўради. Маҳалла дегани қандай институт эканини тушунтириб беришимни илтимос қилди.
-Мен сизга маҳллани тушунтиришга ожизман, жаноб, - дедим ростини айтиб. – Узр-ку, сиз уни барибир тушунмайсиз... Бунниг учун сиз ҳам, мен ҳам аёбдор эмасмиз... ҳамма гап ҳаёт тарзининг қандай шаклланганида.
Тасаввур қилинг. Сизларда фарзанд вояга етиши билан ота ўғлига аталган улуш – капитални беради. Шу кундан бошлаб йигитча мустақил ҳаётга қадам қўяди ва ўз кунини ўзи кўради. Ҳғил бир ойдан кейин бурнини тортиб келса, отаси уни ҳайдаб юборади... Бизда эса, ота-она болани вояга етказади. Унлантиради. Уйли-жойли қилади. Бу ҳам етмагандек, неваралариниям ортмоқлаб юради. Хуллас, бола-чақам деб умри ўтганини билмай қолади.
Сизларда ўн олти яшар бола отаси билан эллик доллар талашиб, судга мурожаат этсаю, ғолиб чиқиб отасини минг доллар жарима тўлашга мажбур қилса, бу – демократия тантанаси саналади. Бизларда шундай ҳодиса рўй берса, бунақа болани “оқпадар” дейдилар ва бир умр лаънатлайдилар.
Сизларда, Лос-Анжелосда яшайдиган ота вафот этиб қолсаю, Вашингтонда турадиган ўғил вазирликдаги юмушлари кўплиги учун дафн маросимига бормаса, уни биров маломат қилмайди. Бизда Сурхондарёнинг олис қишлоғида яшайдиган ота вафот этиб қолсаю, Тошкентда турадиган ўғил вазирликда иши кўпайиб кетгани сабаб отасини сўнгги манзилга ўз елкасида кўтариб бормаса,, бунақа вазирдан ҳамма юз ўгиради.
Сизларда, масалан, бир қиз бегона эркак билан... нима десам экан... ноқулайроқ вазиятда турган бўлсаю, уни ён қўшниси кўриб қолиб, қизнинг отасига хабар қилса, ота уни судга ериши мумкин: қизининг шахсий ҳаётига аралашгани учун. Бизда, мабодо шундай ҳолат рўй бериб қолса, қўшни, қизга қаттиқ дашном бериши, қўлидан етаклаб отасининг олдига оли бориши мумкин. қизнинг отаси унга миннатдорчилик билдиради: қизнинг ор-номусини ҳимоя қилгани учун.
Сизларда бир қўшни иккинчисидан “кеча қўшни ранжиши мумкин. Бировнинг уйига келган меҳмон билан бировнинг нима иши бор? Бизда бировникига меҳмон келса, ён қўшниси албатта, хабар олади. Иложи бўлса меҳмонни ўзиникига таклиф қилиб, олдига дастурхон ёзади.
Сизларда, дейлик ўн йил турмуш кечирган оиланниг бекаси кунларнинг биридла эрига “азизим, мен бошқа бировни севиб қолдим, кел, орани очиқ қилайлик, болаларни хоҳлаган пайтингда кўриб турасан, ёки “меҳрибонлик уйи”га топширсак ҳам бўлади”, десаю, эр жаҳл устида қўл кўтаргудек бўлса, хотин ўша заҳоти адвокатини чақириб, эрини судга беради. Мабодо эркакнинг кўнгли оиласидан совиган бўлса, амалда уни ҳам аёли билан яшашга мажбур қилиш мумкин эмас. Бу – инсон эркини ҳимоя қилиш ҳисобланади.
Бизда аёл киши нобоб эридан безор бўлса, адвокат чақирмайди, судга бормайди, маҳаллага чиқади. Маҳалладагилар аёл ҳуқуқини камситмайди, аммо “қаматиб юбор, бундан баттолни”, демайди ҳам. Аёлга жиндай сабр қилишни, икки гўдакнинг кўз ёшини оқизмасликни маслаҳат беради. Эркакни чақириб олиб, аёлини тағин хафа қилса, бегуноҳ болаларни “тирик етим” қилса, уни маҳалладан бадарға қилиб юборишгача яора кўришини тушунтириб қўяди. Сизларда бу – инсон ҳуқуқини поймол қилиш, аёлга “феодалларча муносабат” деб баҳоланиши мумкин. Бизда эса бунинг оти – оилани сақлаб қолиш, норасида боллар манфаатини ҳимоя қилиш деб аталади. (ҳарқалай ўттиз яшар эркак ёки аёл ҳуқуқини ҳимоя қилгандан кўра етти ёки беш яшар бола ҳуқуқини ҳимоялаш афзалроқ, деб саналади).
Билмадим, балки сиздаги одатлар яхшироқдир. Балки биздагиси маъқулдир. Буюк ўзбек олими Беруний бундан минг йил аввал яратган “ҳиндистон” китобида “бирон халқнинг у ёки бу удумига баҳо беришда “буниси менга ёқади, уни эса ёқмайди”, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, негаки ҳар бир халқ анъаналари йиллар мобайнида шаклланган ва ўша халқнинг ҳаёт тарзига айланган”, деб ёзгани бежиз эмас. Сизларда индивидуализм – шахс манфаати кучли. Бизда коллективизм – жамоавийлик, бошқалар манфаати учун ўз манфаатидан кечишдан оғринмаслик удуми қадимдан бор...
Билиб турибман, жаноб, маҳалла дегани нималигини барибир тушунтириб беролмадим. Аммо бор гап шу...

Ўткир ҲОШИМОВ,
“Дафтар ҳошиясидаги битиклар”дан