Воиз Баҳоуддин Валад «худбинлик руҳи» деб нимага шама этаётгани ҳаммага аён эди. Бетийиқлик ва худписандликда хоразмшоҳ Муҳаммад ном қозонган эди. Узини жумла мўминларнинг пушти-паноҳи ва нажоткори деб атаган бу подшо Балх шаҳрига шу қадар кўп божхирож солган эдики, бундан олдинги олиқ-солиқлар унинг олдида сариқ чақа бўлиб қолган эдн. Бунинг устига, у тўхтовсиз уруш-юриш қилар, салтанат кетидан салтанат забт этар, бироқ ўз мамлакати ичидаги ҳар турли тафриқаю исёнлар, қароқчилигу талон-торожларга барҳам беролмасди. Балх дунё йўллари устида жойлашган эди. Чин-Мочиндан—Дамашққа, Маккайи Мукаррамага, Мисрга, Ҳиндистон ва Тибетдан—русларнинг совуқ ўлкалари-га, Бухорою Самарқанддан — Византиянинг кофири лаин императорига, эпчил фаранглар диёрига элтувчи йўллар шу ердан ўтарди. Жангу жадаллар, йўллардаги талончилнклар, шоҳ саройидаги куфрони маишат Балх маъмурлигининг икки дарахти — ҳунар ва тнжорат илдизига болта урарди. Қўпдандир ҳунармандлар жамоаси — ахийларнинг яширин мажлисларида, савдогарларнинг карвонсаройларида ҳукмдор шаънига таъна-дашномлар айтиларди. Дин пешволари ҳам норози эдилар. Ҳар куни растаю гузарлар, масжиду работларни садақа сўраб айланган минглаб қаландарларнинг кашкулларига камдан-кам жиринглаб танга тушарди. Мадрасаларда илми илоҳиёт ва ақоиди шариатдан дарс берувчи уламоларнинг ҳам ризқи кесилган, хайри худойилар камайиб қолган эди. Бой-бадавлат шаҳарликларнинг саховати эвазига кун-кечирувчи хонақоқ аҳли-шайху дарвешларнинг ҳам аҳволи танг эди. Дарвоқе, уламолар учун биргина йўл — шоҳ хизматига бел боғлаш, сердаромад қозилик мансабини эгаллаш, сарой уламосига айланиб, ҳукмдорларнинг ҳар турли ишларига фатволар бериш йўли мавжуд эди. Аммо ҳамма ҳам ўз жонини шайтонга сотишга, Вахш қозиси каби ақча эвазига мусулмонлар устидан ҳукм чиқазишга ёки яқинда вафот этган Фахриддин Розийга ўхшаб, подшонинг анвойи кирдикорларини фатво билан устивор этишга рози бўлавермас эди. Уламолар салта-натлари кўз очиб-юмгунча тупроқ бўладиган фоний ҳукмдорларга эмас, балки воҳид ва абадий оллоҳга хизмат қилишлари лозим, зеро, оллоҳ ҳақиқат зикрини уламолар сўзи ила изҳор этади. Буни Баҳоуддин Валад ўз тажрибасидан билади, зотан, унга ғойибдан ишорат бўлган эди. Моҳи муҳаррам-рамазонда кундузги рўза машаққа-ти, тунги бедорлик ниҳоясида уни уйқу элитгандай бўлди. Ана шунда туш кўрди. Тушида гўё Муҳаммад пайғамбар уни, Баҳоуддин Валадни минбаъд Султонул Уламо деб аташни амру маъруф айламишди. Баҳоуддин Валад ажиб бир титроқ ичра, кўзлари-дан дув-дув ёш қуйиб, уйғонди. Уша кундан эътиборан фатволари остига «Султонул Уламо» деб имзо чекадиган бўлди. Бутун умрининг мақсули бўлмиш «Маориф» кптобига ҳам шундоқ деб имзо қўйди. Бунга на Вахш қозиси, на қози Зайниддин Фарозий рози бўлишди. Гарчи ўз тақводорлиги билан машҳур бўлган кекса Марвозий унга ҳам ғойибдан ишорат бўл-ганини, тушида мунаввар бир сиймо кўрнниб, Баҳоуд-дин Валадни ўшандоқ унвони олий ила аташга амр этганини айтса-да — рақиблар баттар ҳасадга миниб, мазкур унвонни Баҳоуддиннинг фатволарп ва китоби саҳифаспдан ўчиришни талаб қилишардп. Эмишки, у албатта уламойи киром, аммо Хуросонда ўшандоқ уламолар озми? Боз устига, унинг ақл назари яғир қирчанғининг кўзидек қосир эмиш: ҳақиқатнинг рўҳига эмас, ҳарфига ёпишиб олганмиш, эски ақидаларни илму урфон ютуқларига суяниб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган замонларга мослаб, талқин қилувчи алломаларни ҳақорат этармиш... «Ғойибдан бир йўла икки ишорат бўлсаю, булар бовар этишмаса! Бу не куфр, бу не қабоҳат! Юнон фалсафаси касрига учраган бу янги тариқатчилар фақат илоҳий иқтидорга ошкор бўлгувчи ҳақиқатни ақл-тафаккур кўмагида асосламоқчи бўладилар. Оллоҳ мавжудиятини мантиқ йўли билан далиллашга уринишдан ҳам ортиқроқ иштибоҳ бўлурму! Ҳаммаси — муғамбирлик ила ақл-фалсафа сотиб, хоразмшоҳ Муҳаммад кирдикорларини оқламоқ учун. Негаки, унинг ҳаром нонини ейишган-да!..» Баҳоуддин Валад ўз ҳақлигига комил ишонч ила шундоқ деб ўйлар эди. Эҳтимолки, етти аср кейин яшаган китобхон не сабабдан шунчалик тортиш-талаш бўлганига кулиб, қадимий Балх шаҳридан чиққан уламо Баҳоуддин Валадни бор-йўғи авом бир мутаассиб деб ўйлар. Ҳа, албатта, у ўз эътиқодида мутаассиб эди ва етти юз йилдан сўнг оддий бир мактаб талабаси ҳам чўпчак ҳисобловчи тасаввурларни ҳақиқат деб билар эди. Бунга сабаб, ўша замон тафаккурига мансуб ҳамма нарса — илми нужум ва кимё, илми ҳандаса ва ҳуқуқ, илми тарих ва сарфу наҳв, Ибн Синонинг «Аль-Қонун»и, Афлотун ғоялари, таркидунёчи сўфийларнинг фалсафий назариялари унга аён эканлигидаю ва унинг, кўплаб замондош олимлар сингари, аҳлу идрок яшашнинг энг муҳим муаммоларини ҳал этишдан ожиздир, деган ақидасида эмасмикин? Зеро, ўша давр тафаккури мазкур муаммо-ларни ҳал этишга ожиз эди. Унга рақиб бўлган уламолар эса бир оз бошқачароқ фикр юритишарди. Улар арастучиларнинг таъсири остида мантиқий далилларни ишга солишар, шу йўсинда қотиб қолган ақидаларни янги тарихий шароитларга мослашар, эҳтимолки, алалоқибатда тафаккурни ўша ақидалар занжиридан озод этиш йўлида янги бир қадам қўйишарди. Ҳа, фақат алалоқибатда. Аммо улар қўлга киритган ўша зиғирдек, чекланган озодлик дастлабки пайтларда зулмнинг янада қарор топишига, ақидалардан бўшаган истибдоднинг авж олиб кетишига хизмат қиларди. Омманинг озод бўлиш йўли тафаккурнинг озод бўлиш йўли билан мусовий эмас. Ф. Энгельснинг таъбирича, халқ оммаси кўпинча ўзининг энг муҳим ҳаётий талабларига увадаси чиққан илоҳий либослар кийгизади. Эркин фикр маҳсулидан кўп ҳолларда биринчи галда эзувчилар баҳраманд бўлишади. Ёлғиз юксалиш орзуси, ёлғиз мутаассиблик эмас, шаҳарликлар имдоди, оддий фуқаро билан боғланган руҳонийлар мададини жонли ҳис қилиб туриш Баҳоуддин Валаднинг ўз ҳақлигига эътимодини оширар, ишончига ишонч қўшар эди. Бу орада такаббурлик билан ўзини «Худонинг ердаги сояси» деб атаб, шу сўзларни подшолик муҳрига ўйдириб ёздирган хоразмшоҳ Муҳаммад шайхларнинг бир таъзирини бериб қўймоқчи бўлди. Шайхлар фуқаро ўртасидаги ўз таъсир — нуфузларидан фойдаланиб, унинг бебошвоқ ҳокимиятини чеклашга интилишарди. Хоразмшоҳнинг қаҳр-ғазаби машҳур сўфий ва шоир Шайх Маждиддин Бағдодийнинг бошига ёғилди. Баҳоуддин ва Бағдодий ўртасидаги равобат туғиш-ган оға-инидан ҳам зиёда эди. Улар устози ягона — Шайх Нажмиддин Кубро хонақосига бир пайтда қадам босиб, унга иқтидо этишган эди. Шайх уларнинг иродасини букиб, ўзига бўйсундирди, гўё уларнинг кўнгил дафтаридан ҳаёт солган, тушуниксиз битикларни ўчириб-сидириб ташлади. Сўнг Самарқанд қоғозидек мусаффо тортган юракларига ўз ёзувларини солди. Ҳақ йўлидан ҳеч нарса айнитмасин учун иродаларини фидо-йилик синовлари ва жасоратлар оловида қайта тобла-ди. Улар аввал ҳеч кўрилмаган қисқа бир муддатда бошқаларга пешволик қилиш ҳуқуқи — ижоза олишга мушарраф бўлишди. Бироқ уларнинг табиатларида тафовут бор эди. Шунга кўра, шайх уларни бошқа-бошқа йўлдан бошлади. Баҳоуддиннинг қизиққонлиги қаттиққўллик билан омухта этилгач, мўътадиллашди. Бу хислатлар кенг билимлар билан қўшилишгач, у ёлғиз сўфий-воиз эмас, шариат билимдони, ҳалол-ҳаром масалаларида дадил баҳс юритувчи алломаи замон бўлиб танилди. Бағдодий эса ўз юрагига кўмилиб, оташин жазава-нинг интиҳосига етиб, аниқроғи, интиҳосиз жазавага тушиб, сўфийликда шоирлик йўлини танлади. Ривоятларга кўра, Хуросонда илк сўфий асли-насли араб, Муҳаммад хоразмшоҳдан тўрт юз йил олдин Балхда ҳоким бўлган шарофатли шоҳ Иброҳим ибн Адҳам экан. Эмишки, шоҳ бир куни шикорга чиқиб, қулон изидан тушибди. Қамондан ўқ узиб, ўлжаси устига от сурибди. Шунда қулон одамдек тилга кириб: «Эй шоҳ, наҳотки сен ҳимоясиз жониворларни қирғин қилиш учун яралгансан?» — дебди. Шоҳ хижолат чекибди. Саройга қайтиб, тунни тоат-ибодатда ўтказибди. Эрталаб қараса, сарой томида бир бадавий чўпон юрганмиш. Шоҳ соқчиларни чорлабди. Чўпонни тутиб келтиришибди. Шоҳ Иброҳим ундан: «Менинг саройим томида не қилиб юрибсан?» — деб сўрабди. Бадавий: «Туямни йўқотиб қўйдим, шуни излаб юрибмен», — деб жавоб берибди. Кечаги синоатни эсга олган шоҳ ғазабини босиб, яна сўрабди: «Саҳрода йўқолган туяни сарой томида излаш ҳамоқат эмасму?» Шунда чўпон: «Тахтда ўлтириб, тангри излаш ундан ҳам ҳамоқатроқ», — деб жавоб берибди. Мутаассир бўлган шоҳ жанда кийиб, иккинчи куни-ёқ саройни яширинча тарк этибдн. Қаландар бўлиб, тақво-тариқат йўлини тутиб, кунларни тоат-ибодат би-лан ўтказибди. У ҳар куни чўлда тикан чопиб, уни бозорга элтиб сотар, шу йўсинда тирикчилик қиларкан. Шу-шу, шоҳ Иброҳим шайхул аъзам Иброҳим Балхийга айланиб, кейинчалик тасаввуф деб ном олган тариқатга асос солган экан. Биз аниқ билмаймиз: Балхда чиндан ҳам Иброҳим ибн Адҳам деган шоҳ ўтганмикин. Ҳатто, шундоқ бир одам дунёда яшаб, умргузаронлик қилгани ҳам жилла маълум эмас. Илм-фанга маълум бўлгани шуки, исломда пайдо бўлган таркидунёчилик ҳаракати шаҳар меҳнаткашларининг мавжуд турмуш тарзидан норозилиги, шахс ҳаётини руҳонийлар, табақалар ва давлат фойдасига ем қилувчи феодал-биқиқ тузумнинг зулми-истибдодидан норозилиги заминида ривож топди. Бу норозилик бутун мусулмонларни оға-ини деб эълон этган ислом фармойишлари билан ва яна худди шу дин номидан иш кўрадиган, манфаатпараст руҳонийлар фатвосига суянувчи ҳукмдорлар зўравонлиги ўртасидаги зиддиятлар туфайли чуқурлашиб борарди. Бу нарса Иброҳим Балхий ҳақидаги ривоятдан ҳам кўриниб туради: жониворларнинг одамга ўхшаб гапириши, тансиз-жисмсиз рўёлар суҳбати инсон руҳининг саргашта акс садоларидир. Ўз атрофидаги воқеликни адолат қонунлари асосида ўзгартиришга қодир кучларни кўра билмаган мусулмон тариқатчилари араблар «суф» деб атаган, дағал матодан қабо кийиб, дашту саҳроларга бош олиб кетишар ёки ҳужраларда чилла ўтириб, инсон табиати ва тангри моҳияти устида фикр юритишарди. Қаландар-сўфийлар, уларни кийимларига қараб шундоқ деб аташарди, Қуръондаги ҳалол ва ҳаром тушунчаларидан келиб чиқиб, махсус ахлоқий таълимот яратишди. Ҳукмдорларга мансуб ҳар нечук моддий неъматлар, шак-шубҳасиз, ҳаром саналар, негаки, у зўравонлик воситасида қўлга киритиларди. Тақводор бир зот ҳаттоки подшога қоровул бўлиб хизмат қилувчи қўшнисининг томига чиқиб, дон чўқигани учун ўз товуғини ҳам ҳаром санаган. Ашаддий тақводорлар ўзгалар меҳнати синггани учун хайр-садақадан ҳам ҳазар этишган. Фақат чўлдаги тикан билан булоқдаги сув — бундан мустасно. Негаки, улар ҳеч кимсага мансуб эмас, токи йиғиб ёки ташиб келтирилмас экан, бирор қиймат ҳам касб этмайди. Бунда зўравонлик ва ҳақсизлик аралашмайди. «Ўзни билган худони ҳам билур» деган машҳур ҳадисни эркин талқин этган сўфийлар неки, маънавий ҳаётни уюштириш, шу йўл билан «саодат»га етишишнинг бутун бошли тартиботини ишлаб чиқишди. Улар ишқ-муҳаббатни улуғловчи шеърият ҳам яратишдики, у асрлар оша жаҳон адабиётига ўз таъсиринн ўтказиб келмоқда. Султонул Уламо даврига келиб, сўфийлар ҳаракати кўп асрлик йўлни босиб ўтган, мунтазам бир кучга айланган эди. Сўфийлар руҳонийларнинг риёкорлигини фош этар, шахснинг маънавий ҳаётини давлат расм-русумининг икир-чикир қоидаларига бўйсундиришга қарши чиқишар, худо билан муносабатни ҳар кимсанинг шахсий иши деб эълон этишарди. Норозиликнинг диний-мистик қобиғи тасаввуфнинг мусулмон феодализми муҳитида яшаб қолишига ёрдам берди, аммо вақт ўтиши билан худди шу нарса унинг айнаб, ҳукмрон синфлар манфаати йўлида инсон руҳини бўғовлаш воситасига айланишига ҳам сабаб бўлди. Илк тариқатчилар ҳукмдорлардан бир бурда нон ҳам олишмасди. Лекин ҳукмдорларга кенгаш — маслаҳат беришни ўзларига фарз деб билишарди. Ўшаларга ўхшаб, Муҳаммад хоразмшоҳга маслаҳат беришга уннаши — шайх Маждиддин Бағдодий умрини басар этди. Хоразмшоҳга қарама-қарши тура оладиган ягона куч унинг сараланган турк қўшини эди. Қўчманчи турк бегининг қизи, хоразмшоҳнинг онаси, ақлли ва қатъиятли Туркон-хотун махсус бир гуруҳга бошчилик қилар, ўша гуруҳ турк ҳарбий зодагонларн фойдаси учун хоразмшоҳ ҳокимиятини чеклашга интиларди. Ўғли уруш-юришда эканида Хоразмда ҳукмфармо бўлиб қоладиган Туркон-хотун Маждиддиннинг авлиёлигини эшитиб, уни саройга таклиф қилади. Маждиддин шеърларидаги ақл ва эҳтирос уни ҳайратга солади, малика шоирни ўзига муршиди муқтадо сайлаб, унинг хонақосидаги йиғинларда иштирок эта бошлайди. Шу-шу Маждиддин ҳам саройда гоҳ-гоҳ кўриниб қолади. Туркон-хотун ила парвардигор билан бирикиш йўллари хусусида суҳбатлар қуради. Бунинг учун бошқаларга зулм қилмаслик, ҳақ олдида хижолатга солгувчи ишлардан илик узмоқ, «Неки қилмагил, парвардигор ҳозиру нозир» деган ҳикматни хотирада тутмоқ лозимлигини қайта-қайта таъкидлайди. Хулласки, маликани тақводорлик йўлидан бошлаб, шу йўсинда унинг ўғлига ҳам жилла таъсир ўтказишга умид боғлайди. Сарой жосусларга макон эди. Улар художўйлик қабилида кечган шундоқ суҳбатлардан бири хусусида шоҳга хабар етказиб, шайхнинг шеърларидаги муҳаббат тангрига эмас, эвара-чеварали маликага бағишланган, деб бўҳтон қилишади. Хоразмшоҳ Муҳаммад шайхни қатл этишга буюради. Маждиддин Бағдодийнинг калласини кесиб, жасадини Жайҳунга отишади. Руҳонийларга шу йўсинда сабоқ берган шоҳ энди пайғамбар ноиби, жумла мўминларнинг сардори салими халифа ҳокимиятига дахл этишга қарор қилади. У ёлғиз Хуросоннинг Балх, Мавр, Нишопур ва бошқа шаҳарларидамас, балки халифалик нойтахти Бағдоди шарифнинг барча масжидларида ҳам ўз номига хутба ўқитишни талаб қилиб, элчилар юборади. Бу — халифа Носир хоразмшоҳ фойдасига ўз ҳокимиятидан воз кечсин, дегани эди. Ҳолбуки, хоразмшоҳ бошқа мусулмон ҳукмдорлари каби халифанинг вассали саналарди. Бағдодда ҳалиги талабни қатъий рад этишади. Шунда Муҳаммад ўз мулкининг машҳур уламоларини йиғиб, бутун умрини дини ислом йўлида жангу жадалда ўтказаётган подшо унга монелик қилаётган фитначи халифани шариат номидан зеру забар этишга ҳақлидир, деган фатво беришларини талаб қилади. Уламолар Бағдодий қисматини эслаб, тишни тишга қўйиб бўлса ҳам, шундоқ бир фатво беришга мажбур бўладилар. Энди шоҳ халифага қарши юриш бошламоқ мумкин деб ҳисоблайди. 1217 йилнинг қиши Олдинги Осиёда бағоят совуқ келди. Бағдод устига юборилган хоразмшоҳ қўшини Курдистон тоғларида қор бўронларда қолди. Юпун кийинган минглаб аскарлар муз қотиб, ҳалок бўлди, қаҳратондан омон қолганларни жангари курдлар қиличдан ўтказишди. Шоҳ томонидан жанг майдонига жўнатилган бутун бошли қўшиндан бор-йўғи қирқ-эллик нафари қайтиб келди, холос. Шоҳнинг обрўсига қаттиқ путур етди, лекин у бари бир эсини ўнгламади. Қелгуси йил ёзида хорамзшоҳ мулкининг шарқий чегарасида жойлашган Утрор шаҳрига Чингизхондан савдо карвони келди. Қарвонга тўрт савдогар бошлиқ, жами тўрт юз эллик киши, бари мусулмонлар эди. Беш юзга яқин туяга мушк, қундуз ва олмахон мўйналари, садаф ва нефрит тошлари, шунингдек, яқинда Чингиз-хон забт этган Хитойдан ўлжа олинган олтин, кумуш ва ипак моллар ортилган эди. Чингизхон номидан хоразмшоҳга сулҳу тижорат таклифи билан келган элчилар кетидан кўп ўтмай савдогарлар карвонининг келиши икки давлат ўртасида яхши қўшничилик муносабатларини бошлаб бериши мумкин эди. Лекин улуғворлик ҳою ҳавасига тушган Муҳаммад савдогарларни жосуслар сифатида қўлга олишга амр этди. Қечаси тўрт юз эллик киши қиличдан ўтказилиб, уларнинг мол-бисоти Ўтрор ҳокими томонидан шоҳга жўнатилди, шоҳ эса уларни Бухоро ва Самарқанд савдогарларига ошириб, пулини ўзи олди. Бутун бошли карвондан атиги бир киши — ёлғиз бир туякашгина қочиб қутулди. Даҳшатли хабарни Чингизхонга ўша етказди.
Радий Фишнинг “Жалолиддин Румий” китобидан
Мажидиддин Бағдодий (1150–1217) — машҳур тасаввуф арбоби, Нажмиддин Кубронинг шогирди ва Кубравия тариқатининг намоёндаларидан бири. Унинг тўлиқ исми Абусаид Мажидиддин Шараф ибн Муайяд ибн Абулфатҳ Бағдодий бўлиб, Хоразмнинг Бағдодак қишлоғида туғилган.
Мажидиддин Бағдодий илк фаолиятида табиб сифатида танилган ва ҳукмдорлар саройида катта мавқега эга бўлган. Бироқ, кейинчалик илоҳий ишқга мойил бўлиб, Нажмиддин Куброга мурид тушган ва унинг қўл остида 15 йил давомида риёзат чекади. Бу даврда у тасаввуфнинг юқори мартабаларига эришиб, «Сафар рисоласи» ва «Туҳфат ул-барара» («Яхшилар совғаси») каби асарлар ёзган.
Мажидиддин Бағдодийнинг ваъзлари кенг омма орасида машҳур бўлиб, ҳатто Муҳаммад Хоразмшоҳнинг онаси Туркон хотун ва сарой аёллари ҳам унинг мажлисларида иштирок этган. Бу ҳолат баъзи ғийбатларга сабаб бўлиб, натижада Хоразмшоҳ уни Амударёга чўктириб ўлдиришга фармон беради. (Унинг сарой аёллари билан қандайдир ношаърий нарсаси бўлганки, шунинг уподшоҳ машҳур уламони қатл этган )
Абу Муслим
|