Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»“Олимнинг бузилиши - оламнинг бузилиши”
Facebook
“Олимнинг бузилиши - оламнинг бузилиши” PDF Босма E-mail

Арралайди арра арраланмиш ўтинни, тил эса арралар умрни...умрни...

1963 йил, май ойининг сўнгги ҳафтаси. Муаллимлар таъбири билан айтганда “мустақил ҳаётга” қадам қўйдик. “Эртага алгебрадан ёзма назорат иши.... индинга кимёдан...” Бу ташвишларнинг ҳаммаси ортда қолди, жумладан, муаллимларнинг шикоятлари ҳам. Мустақил ҳаёт нима экани-ни англамай туриб, унга қадам қўйдик. Синфдошларимнинг кўпчилиги қаерга кириб ўқишларини аниқлаб қўйишган. Мени “ёзувчиликка ўқийди”, деб ўйлашади. Лекин менда интилиш йўқ. Ўқишга кира олишимга ўзим ҳам ишонмайман. Шунинг учун ҳужжатларни тайёрлашга шошилмайман. Ҳужжат тайёрлашга вақт ҳам йўқ. Мактабда ўқиш фасли тугаши билан қўлимга қизил бўёқ тўла челакни олиб таъмирлаш ишларига шўнғиб кетганман. Тонгдан шомга қадар ўпкам ўткир бўёқ ҳидига тўлади. Айниқса, қора бўёқ бошимни айлантириб ташлайди. Бурнум катаклари ёрилиб кетай дейди. Пешинда тўртта помидор билан яримта гижда нон нафсни алдашга кифоя қилади. Бўёқчиликда ёлғиз эмасдим, Политехника институтининг муаллими лавозимида ишлаётган Ботир акам ишдан бўш вақтларида келиб ёрдамлашардилар. Чунки муаллимнинг маоши жуда оз, оила тебратишга кифоя қилмасди. Ботир акам бундан ташқари Самарқанд дарвозадаги мактабда чизмачиликдан дарс ҳам берардилар. Ўша пайтдаги ёш олимларнинг барчаси шу тарзда тирикчилик қилардилар.
Синфдошлар мактаб синовларидан қутулиб, Олий ўқув юртига кириш имтиҳонларига астойдил тайёргарликни бошлашган. Каминанинг дафтари ҳам, китоби ҳам челақдаги бўёқ. Аяжоним: “Ҳужжатларингни қачон топширасан?” - деб сўраб турадилар. “Ҳали бир ярим ой бор, улгураман”, дейман. Ниҳоят, топширдим. Кўпчилик ўйлаганидек, Тошкент Давлат университетига эмас, “ПТУ” - Темир йўл касб-ҳунар билим юртига (Ҳозир “Темир йўл коллежи”, деб аталади. Унга кириб ўқишни истовчилар кўп). Дастлаб “ФЗУ” - “Фабрика завод билим юрти”, деб юритилган. Мактабда ўқишни эплай олмаганлар, бу даргоҳга зўрлаб юбориларди. Текин кийим-бош, текин овқат берилса-да, ота-оналар фарзандларининг бу даргоҳда ўқишларини исташмасди. Бу даргоҳда ҳунар ўргатилса-да, тарбия боби-да салбий фикрлар кўп эди. Ўсмирлар орасидаги жиноятчилик таҳлил қилинса, милициянинг “қора” рўйхатида шу даргоҳ ўқувчиларини кўпроқ учратиш мумкин эди. Каминанинг ота-оналар учун ёқимсиз бўлган ана шундай билим юртига ҳужжат топшириши оилада қандай акс-садо берганини тасаввур қилаверинг. Бу жойни тасодифан танламаган эдим, мен тепловоз машинисти (ҳайдовчиси) бўлишни хоҳлардим. Сабаби: бу жойга имтиҳон топшириш шарт эмас, битириб чиққандан кейин доимо йўлда, сафарда бўлади. Менга шуниси қизиқ эди.
Уйда ҳар куни “қайсар Тоҳир”нинг тақдири муҳокама қилинади. “Мен барибир ўқишга киролмайман, шарманда бўлиб қайтганимдан кўра бормаганим яхши” - менинг ҳар кунги гапим шу. “Сен ҳаракат қилиб кўр, киролмасанг, кейин бораверасан тепловозингга” - бу ҳам ҳар кунги гап.
Айниқса, аяжоним: “Шунча тўгаракка қатнадинг, китоблар ўқидинг, ёздинг... ҳаммасини ташлайсанми?” - деб куюнардилар. Мен шунга ажабланардим. Чунки аяжоним менинг ёзувчи бўлишимни унча хоҳ-ламасалар керак, деб ўйлардим. Ахир, акасининг бошига тушган балолардан азият чеккан она ўғлига шу йўлни раво кўрармикан? Эҳтимол, тоғамнинг қамоқдан кейин топган шарафлари бадбинликка йўл бермагандир? Болалик ва ўсмирлигимда ёзувчилар олами мен учун ғоят нурли, айни чоқда сеҳрли эди. Шу сеҳри билан ўзига тортарди. 9-10-синфдалигимда “Ўзбекистон маданияти” газетасини олиб ўқирдим. Ёзувчилар уюшмасида бўладиган тадбирлар ҳақидаги хабарлар эътиборимдан четда қолмасди. Деярли барча тадбирларга борардим. Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Шайхзода... ларни кўрардим. Мен салом бериб, улар алик олишган дамда бахтиёрлик қанотида осмонларда учардим. Хуллас, мўъжизалар оламига кириб чиққандек бўлардим. Кейин-кейин ўзим аста-секинлик ила бу оламга кириб борганим сайин болалик тасаввурим сароб эканини тушуна бошладим. Менинг тасаввуримдаги покиза боғда ахлатлар ҳам, балчиқлар ҳам бор экан. Бундагилар бир-бирларининг бетларига балчиқ чаплашдан ҳам қайтмас эканлар... Бундан руҳим кўп эзилди. Бу оламни ташлаб чиқиб кетишга неча марта ахд қилдим, лекин муҳаббат нафратдан устунлик қилди. Кўпгина китоб муҳиблари ёзувчиларни фариштадай деб билиб, уларга интилади. Ана энди интилгани ўша маст-аласт “фаришта”ни замбилга солиб кўтариб поездга жойлашаётганини кўрганда ёки зиёфат дастурхони атрофида бири иккинчисини ғийбат балчиғига булғаётганини эшитганда ҳафсаласи нечоғлиқ пир бўлар экан? Шу каби ҳолатга гувоҳ бўлганимда кўнглим оғрийди. Ўғлим тўртинчи синфда ўқиётганида эртак ёза бошлаган экан. “Ёзмай қўя қол”, - деб уни аниқ фанларга қизиқтиришга уриндим (бунинг сабабини кейинроқ яна баён этарман).
1963 йили ўқиш масаласи тинмай муҳокама қилинаётган кезларда Баҳодир акамдан хат олдим. Баҳодир акам бу пайтда Польшада ҳарбий хизматда эдилар. “Университетга киришга астойдил ҳаракат қил, сен эплайсан. Кирмасанг, кейин пушаймон бўлиб юрасан. Мен биринчи йил киролмадим, биласан. Сентябрда ўртоқларим портфелларини кўтариб ўқишга кетаётганларини кўрганимда юрагим эзиларди. Сен шундай бўлмагин”. Мактубдаги бу сатрлар менга таъсир қилди. Баҳодир акамнинг қурилиш факультетига кира олмаганлари ажабланарли эди. Ботир акам шу жойда ишлаб туриб, укаларига ёрдам бермаган эдилар. Бу ҳол ҳозир фожиа ҳисобланади. У пайтда эса ҳамма ўз кучи билан кирарди биров судраб юрмасди. Баҳодир акам кейинги йили кирдилар. У йиллари институтда ўқийдиганлар ҳам ҳарбий хизматга олинарди. Чунки уруш пайтида ўғил болалар кам туғилгани, Совет армиясига чақирилувчилар сони камайиб кетганлиги туфайли барча имтиёзлар бекор қилинганди.
Баҳодир акамнинг хатлари таъсирида ҳужжатларимни билим юртидан қайтиб олиб, дорилфунун филология факультетининг кечки журналис-тика бўлимига топширдим-у аяжонимга: “Тоғамга бориб айтасиз, ёрдам бермасалар, барибир киролмайман”, - деб шарт қўйдим. “Тоғанг бировга илтимос қилишни ёқтирмайдилар, ўзинг дарс тайёрла”, - дедилар. Дамира опам филология факультетининг учинчи курсида ўқирдилар. Менга ёрдам берадиган бўлдилар. Ёрдам - иншо ёзиш учун “шпаргалка” тайёрлаб беришдан иборат эди. Ҳужжатни 26 июль куни топширганман. Беш кундан сўнг эса биринчи имтиҳон!
Ниҳоят аяжоним тоғамникига боришга кўндилар. Бунга менинг ялинишларим эмас, поччамизнинг ташрифлари сабаб бўлди. Тоғамнинг катта қизлари аразлаб уйга кетиб қолган эканлар, поччамиз: “аммажон, ўзингиз насиҳат қилиб қайтаринг”, - дегач, эртасига тоғамникига отландик. “Тоғанг яхши кўрадилар”, - деб новвой қўшнимиздан тандир нон олдилар. Тоғамникида бизни янгамиз ва икки қизлари нохуш кутиб олишди. Саломларимиз аликсиз қолди.
- Ўзим эртага бориб, сочларингизни битталаб юлмоқчи эдим, - дедилар янгамиз ғазаб билан.
Опалар ҳам аммажонлари билан сўрашмадилар. Мен остона ҳатлаганимча қотиб қолган эдим, “Бор, сен чиқиб кет!” - деб ҳайдашди. Тушундимки, вазият ғоятда жиддий. “Сочларни битталаб юлиш” шунчаки пўписа эмасга ўхшаб қолди. Аяжонимни бу аҳволда ташлаб чиқиб кета олмасдим. Тўр халтадаги нонни кўтарганимча эшик олдида ғўддайиб туравердим. Аввал янгамиз даъволарини бошладилар, кейин ғазабнок опаларимиз қўшилдилар. Уч аёл бараварига гапиришарди. Аяжонимни билмайман-у, менинг бошим айланиб кетди. Уларнинг гапларидан англадимки, эр-хотин орасидан гап қочган, почча қайнонасининг шаънига тегадиган оғир гап айтиб юборган. Опамиз: “Бу туҳмат, исбот қилинг!” - деганда “Бу гапни аммангдан эшитганман”, - деган. Уч томондан ҳамла бўлаётган онда аяжонимнинг йиғламсираб: “Мен бу гапни айтмаганман, акамнинг хотинига нисбатан ҳам шунақа дейманми?!” - деб онт ичишлари самара бермади. Охири:
- Юринг, куёвингизга мени юзлаштиринг, - дедилар.
- Бормайман, агар ҳақ бўлсангиз, уни шу ерга олиб келинг. Шу ерда юзлаштирамиз, - дейишди.
Юлиб ташлашларига оз қолди. Хайрият, сал чекинишди. Аяжоним менга қараб: “Юр”, - дедилар. Эргашган эдим, “Нонни столга қўй, тоғанг яхши кўрадилар”, - дедилар. Қалб пора-пора бўлиб турганда ҳам акаларининг тандир нонни яхши кўришларини унутмадилар.
Кўчага чиқиб троллейбус кутиб турган эдик, тоғамнинг “Волга” -“ГАЗ-21” автомашиналари ёнгинамиздан ўтиб қолди. Кўз-кўзга тушди, лекин тўхтамадилар. “Тоғанг кўрмай қолдилар”, - дедилар аяжоним ўзларини ўзлари алдашга уриниб. Нега тўхтамаганлари сабабини кейин-кейин ўйлай-ўйлай ўзимча топдим. Тоғам аяжонимнинг йиғлаб турганларини кўрсалар ҳам, хотинларнинг ғалвасига аралашишни истамаганлар. Ҳар ҳолда бир томони - оилалари, бир томони сингиллари. Ўртадагига қийин. Иккинчи сабаби, куёвларининг гапини эшитиб, бу гап аяжонимдан чиққанига ишонгандирлар ва сингилларидан астойдил ранжигандирлар. Бу бир сабаб сифатида хаёлимга келган бўлса-да, тоғамнинг шундай қилганларига ишонмасдим. Чунки тоғам сингилларига ғоят меҳрибон эдилар. Янгам ҳам “Санобархон”, деб иззат қилардилар. Камбағаллигимиздан аяжонимнинг пальтолари кийиб бўлмайдиган даражага келганини кўриб, тоғам мато олиб берган, янгамиз эса тиккан эдилар. Қамоқдан чиқиб, романни таҳрир қилиш учун Москвага борганларида қайтишда бизга - барча жиянларига совғалар, кийим-бошлар олиб келгандилар. Бир одамнинг туҳматига ишониб, сингилларидан воз кечишлари мумкин эмасди.
Поччанинг уйларига бордик. Ширинсўз одам эди, лекин ширинсўзлик остида заҳар бор эди. “Мен бу гапни дўкон қоровулидан эшитганман”, -деб тонди. Қайнонаси билан юзма-юз бўлишни истамади.
Бу кишининг қандай одам экани кейин-кейин маълум бўлди. Яқин қариндошлари билан узилишиб кетган экан. Оиласи билан ажрашиб-ажрашмади, аҳил яшаб-яшамади. Фарзандлар кўришди. Фарзандларига ҳамманинг ҳаваси келарди. Лекин унинг ўзи фарзандлари билан гаплашмасди, уларни ҳам ғийбат қиларди, бу ҳам етмагандай туҳмат мағзавасини ағдаришдан ҳам қайтмасди. Тоғам билан ҳам гаплашмай қўйди, ҳатто жанозаларига келмади. Ёдингизда бўлса, сал аввалроқ “Мен отам ўлганида йиғламадим, онам ўлганида йиғламадим, ич-ичимдан эзилдим. Энди шу ёшга кириб, болаларимдан меҳр кўрмай йиғлаяпман”, -деган одамни тилга олгандим. Болаларидан меҳр кўрмай йиғлаган одам шу почча эди. Қариган чоғи машина уриб кетди, ўзидан узоқлаштирган фарзандлари то жон таслим қилгунича ёнида бўлдилар. У киши оталик бурчини бажармаган бўлса-да, улар фарзандлик бурчини бажариб, сўнгги манзилга узатдилар.
Ўша куни эса... яна тоғамникига қайтдик. Можаро яна давом этди. Улар аяжоним олиб келган гапга ишонишмади. Аяжоним йиғлай-йиғлай қайтдилар. Тоғам уйда эдилар, чиқмадилар. Аяжоним буни билсалар ҳам, акаларига мурожаат қилишни истамадилар. Мен фақат бир нарсага ту-шуна олмадим: туҳматлар жабрини кўплаб кўрган одам нега жигарининг бошига туҳмат балоси ёғилганда жим турди? “Хотинлар ўзлари уришиб. ўзлари ярашиб оладилар”, - деган ҳақиқатни лозим топдиларми? Шундайдир. Чиндан ҳам кўп ўтмай, гина-кудуратлар унутилиб, опа-сингилдай бўлиб кетишди.
Унгача эса...
Ўша кеч аяжонимнинг юраклари безовта бўлиб, узоқ кунлар ётиб қолдилар.
Менингўқишга киришим масаласи эса аҳамиятсиз гапга айланди. Биринчи август куни Дамира опам икковимиз имтиҳонга йўл олдик. Дамира опам ўттизга яқин мавзуда “шпаргалка” тайёрлаб олганлар. Иншо ёзиш қоидаларига кўра, қоралама нусха ёзиб тугатилганда абитуриент ташқарига чиқиб келиши мумкин эди. Кўпчилик бу қоидадан самарали фойдаланар экан, яъни иншони чала-чулпа ёзган бўлиб, ташқарига чиқаркан-у, тайёрлаб турилган “шпаргалка”ни олиб қайтар экан (ҳозирги ёшлар бу машаққатдан холилар. Улар қўл телефонидан самарали фойдаланишнинг турли услубларини ўйлаб топганлар).
Аниқ эсимда, Ҳамид Олимжоннинг “Зайнаб ва Омон” достонидаги “Чин муҳаббат эгалари” ҳақида иншо ёзиш керак эди. “Барибир киролмайман”, - деган ўй каминани ҳали тарк этмагани туфайли, иншони қоралама нусха қилиб ўтирмай, биратўла оққа ёза бошладим. Ярим соатда ёзиб бўлдим. Атрофимда ёши мендан анча катта қизлар, йигитлар ўтиришган эди. Уларнинг иншоларини ҳам кўриб берган бўлдим. Ташқарига чиқишим билан Дамира опам: “Қанақа мавзу тушди?” - деб “шпаргалка”ларни тита кетдилар.
- Ёзиб, топшириб бўлдим, - дедим.
- Калланг жойидами? - дедилар.
- Жойида бўлгани учун ёзиб ташладим...
Уч кундан кейин иншога қўйилган баҳони билиш учун бордим. Аввал “икки” олганларнинг рўйхатини кўрдим - Ҳобилов йўқ. Кейин “уч” баҳолиларни. Яна йўқ. Кўзларимга ишонмай, қайта текширдим. Ишониб-ишонмай, “тўрт” баҳо қўйилган қисқа рўйхатга қарадим: Ҳобилов - 4 (яхши). Чинакамига ажабландим. Уйдагилар эса қувонишди. Эртасига оғзаки имтиҳонга ёлғиз ўзим бордим. Иншодан “йиқилишимга” ишонганим учун оғзаки имтиҳонга тайёрланмаган эдим.
- Ким биринчи киради? - деб сўрашди.
Мендан катталар ўзларини орқага олишди. “Биринчи кириб йиқилиб чиқа қолай”, - деб олдинга ўтдим. Қоғозга ёзилган саволлар менга таниш эди. Охирги савол грамматикадан. Шунисига сал қийналардим. Икки қатор шеърни эга-кесим, олмош... аниқлаб беришим керак эди. Билганимча белгиладим. Қўшимча саволга ҳам жавоб бердим. “Баракалла, “беш” дейишди. Қувонишни ҳам, қувонмасликни ҳам билмай, ташқарига чиқдим. Кўз ойнакли бир йигит яқинлашиб:
- Дўстим, нима бўлди? - деди.
Имтиҳон варақасини кўрсатдим.
- Ўҳ-ҳў, зўр-ку! “Беш!” Қўлни ташланг, дўстим. Астойдил хурсандман!
Шундай деб кафтимга чунон урдики, сакраб тушай дедим. Мени аъло баҳо билан биринчи бўлиб табриклаган йигит Абдужалил Зокиров эди.
Тарих фанини яхши билардим. Дарс тайёрламадим. Бўёқчилигимга боравердим. Ўзимга ишонганимча бор экан, бундан ҳам аъло ўтдим. Уйдагиларнинг қувонишлари ҳали эрта, тўртинчиси - инглиз тилидан “йиқилишим” аниқ эди. Бунинг икки асоси бор эди: биринчиси - ўзбек мактабларида чет тили жуда юзаки ўтиларди. Ўзбекларга рус синфларининг бешинчи синф даражасида билим бериларди ва ўрта маълумот ҳақидаги гувоҳномага бу хусусда далолатнома илова қилинардиким, бунга кўра имтиҳон топширувчига “уч”дан юқори баҳо қўйилмас эди. Камина еттинчи синфгача немис тилини “ўрганган”, 8-10-синфда эса инглиз тилига ўтгандим. Бу ҳам етмагандай, тил ўрганиш бобида мутлақо қобилиятсиз эдим. Ҳозир хориж тилларини, айниқса, инглиз тилини ўрганишга катта эътибор бериляпти. Бу яхши. Кўп тил билиш - юқори маданият белгиси. Фақат бир шарт билан: аввало ўз она тилини мукам-мал билмоқлик керак. 1994 йил “Ўзбекистон” журналига муҳаррирлик қилаётган пайтимда “Дўстлик” жамиятидан қўнғироқ қилишиб, “Олти талабамиз Японияга бориб келди, улар билан суҳбатлашиб, журналда беринг”, - дейишди. Талабалар билан учрашгани бордим. Улар ўзаро гаплашиб ўтиришган экан, менга эътибор қаратишмади. Мен эсам кузатдим, асли ўзбек бўлган бу йигит-қизлар рус тилида чуғурлашишарди. Бир оз чидаб ўтирдим. Кейин гапларини бўлдим:
- Японияда ҳам шунақа рус тилида гаплашдиларингизми?
- Ну, да. Биз мактабда русча ўқиган...
- У ердагилар “Япон тилини ўргангунча аввал ўзингнинг она тилинг-ни ўргансанг бўлмасмиди?” дейишмадими?
Менинг бу танбеҳимга “Что за чужь!” деб ғижиниб қўйишди.
Ҳозир кўп оилаларда “репетитор” ёллаб фарзандларини тил ўрга-нишга мажбур қилишяпти. Ҳа, айнан мажбур қилишяпти. Ахир бу борада ҳамманинг зеҳни бир эмас-ку? Ўнта репетитор ёллашсин, боланинг зеҳни етарли бўлмаса, ёд олиш қобилияти бўлмаса, фойдаси йўқ-ку? Бундай дейишимга сабаб, камина ўзим шундайларданман. Форс, инглиз тилларини ўрганишга кўп уриндим, пуллик курсларда ҳам ўқидим, эплай олмадим, охири тақдирга тан бердим.
Инглиз тили имтиҳонига ҳам биринчи бўлиб кирдим. Ёш рус аёли лабини бўяб ўтирган экан, ундан ғашим келиб, билимим ҳақидаги далолат-номани кўрсатдим. У инглиз тили алифбесини очиб, мен томон сурдида, “Ўқиб таржима қилинг”, деди. Ҳарфни танийман, ўқишни бир амаллаб эпладим. Таржимаси оппа-осон, дарахтнинг расми чизиб қўйилибди. Расмларга қараб, сўзларни “таржима” қилиб бердим.
- Санашни биласизми? - деб сўради.
- Учгача санашни биламан.
- Ие, нима учун?
- “Уч”дан ортиқ баҳо олмаганман.
Унга ҳазилим маъқул бўлиб, жилмайиб қўйди-да, “Сананг”, - деди.
- Айн, цвайн, драйн...
Энди у менга қараб турди-да, баралла кулиб юборди. Немисча санаганимни англаб, уялиб кетдим.
- Саккизинчи синфгача немисча ўқиган эдим, ўрганиб қолибман...
У кула-кула имтиҳон варақасига баҳо қўйди:
- Топқирлигингиз, ҳозиржавоблигингиз учун “беш”, “айн, цвайн, драйн” учун эса “уч”. Ҳеч нима билмасангиз ҳам сизга “тўрт” қўйгим келяпти-ю, лекин манави қоғоз бўлгани учун “уч”дан ортиқ қўя олмай-ман...
Беш кундан кейин “Мандат комиссияси”га бордим. Тўпланиб турганлар орасида энг ёши ҳам, энг озғини ҳам мен эдим, назарга ҳам илмадилар. Бир четда ийманиб туравердим. Уч-тўрт кишини чақиришди. “Қабул қилиндим!” деб қувониб чиқишди. Журналистикага бор-йўғи йигирма беш киши олинаркан. Тўпланганлар эса юздан ортиқдир.
- Ҳобилов!
Адаш эшитдим деб ўйлаб индамадим. Яна чақиришди. Учинчи мартасида ишонқирамай “Мен” дедим. Тўпланганлар орасидан ўтиб бориб, ичкари кирдим. Рўпарадаги кишини танидим, телевизорда кўрганман: академик Сирожиддинов! Саломимга алик олгач, қўлларидаги ҳужжатларни варақлаб кўрдилар-да, менга қарадилар. Кейин ёнларидаги одамга юз-ландилар:
- Ёши ўн олтида. Ўн уч ёшида биринчи ҳикояси чиққан. Яна нечта абитуриентнинг натижаси шундай?
- Шеъри чиққанлар бор...
- Билиб турибман, биринчи шеъри 30-40 ёшида чиққан. Журналисти-кага кираётганлар орасида фақат шу боланинг ёзганлари ўн уч ёшидаёқ матбуотда чиққан. Буни биринчи бўлиб чақиришингиз керак эди, - шундай деб қандайдир қоғозга имзо чеқдилар-да, менга қараб: - Баракалла! - дедилар.
Мен “Мандат комиссияси” дегани имтиҳон тарзида бўлса керак, деб ўйлаганим учун бу қисқа суҳбатдан ажабланиб, ҳеч нарсага тушунмай, туравердим. Котиба ёнимга келиб, “Юринг”, - деди. Эшикка яқинлашганда: “Бўлди, ўтдингиз”, - деб шивирлади.
Уйдагилар қувонишди. Гаетада ўқиган эдим: хорижлик журналист мақола ёзишдан ташқари автомобиль ҳайдашни, ёзув машинкасида кўчиришни, фотосурат олишни билиши шарт экан. Ўқишга киргунимга қадар иккита шартини бажариб қўйгандим. Фотосуратга олишни икки йил аввал ўрганган эдим. Ўзимнинг фотоаппаратим бўлмагани учун бу ҳунарни сал юзакироқ эгаллаган эдим. 1964 йили қурилишда ишлаётганимда кредитга (қарзга) фотоаппарат сотиб олгач, фотомухбир талаби-га жавоб берадиган даражага етдим. Газетада фотоэтюдларим берилди. Машинкада ёзишни 1960 йилда ўрганган эдим. Нашриётда “Рус халқ эртаклари” таржима қилинаётган экан, тоғамнинг ёрдамлари билан Ботир акамга ҳам бир неча эртак ажратилибди. Тоғамда иккита ёзув машинкаси бор экан, биттасини бериб турдилар. Келинаям ўрганиб, ёзадиган бўлдилар. Тоқатлари кўпга етмади. Ўргана олмадилар. Мен уч-тўрт кундаёқ икки қўлда ёзадиган бўлдим. Таржима қилинган эртакларни кўчириб бердим. Ботир акам ўз соҳаларига яқин бўлган “Сувоқчилик” дарслигини таржима қила бошладилар. Буни кўчириш ҳам каминанинг зиммасида эди. Шу тарзда фақат акамнинг ёки қариндошларнинг эмас, қўни-қўшниларнинг ҳам котибига айландим. Ким қандай ҳужжатдан нусха кўчирмоқчи бўлса, бизникига чиқарди. 1967 йилда бозордан “Москва” деган ёзув машинкасини сотиб олиб, ўзбекчалаштирганимдан сўнг, илтимосчилар кўпайди. Кейин немисларнинг “Эрика” машинкасини сотиб олдим. Муҳаммаджон поччам навоийшунос олим Ҳамид Сулаймоннинг шогирди эдилар. Ўзлари ҳам “филология фанлари доктори” даражасига етдилар. 1971 йилда илмий ишлари ниҳоясига етай деганда ҳазрат Навоий асарларидан ҳикматли байтларни белгилаб бердилар, мен эсам машинкада кўчириб бердим. Бошқаларнинг кўп ишларини, ҳатто Ботир акамнинг дўстлари ёзган илмий ишларни ҳам кўчириб берганман. Лекин Ҳазрат Навоийнинг китобларидан кўчирганларим менга катта мактаб бўлди. Мактабда, дорилфунунда Ҳазрат Навоийни ўқиганмиз. Лекин у ўқиганларимиз билишимиз шарт бўлган илмнинг бир фоизини ҳам ташкил қилмас экан. Шунинг учун ҳам раҳматли поччамиздан миннатдорман.
Хориж журналистидан талаб қилинадиган учинчи шарт - автомобиль ҳайдаш тушимга ҳам кирмаган эди. Олтмишинчи йилларнинг бошларида маҳалламизда уч ёки тўрт одамникида автомашина бор эди.
Ўтган йили жума намозидан чиқиб келаётсам, бир оқсоқол мени тўхтатдилар-да, кўчада тирбанд турган автомашиналарга ишора қилди-лар:
- Буларни қаранг... Эллик-олтмиш йил аввал шу маҳаллада битта от-арава, битта эшак-арава бор эди. Бозорга қовун-тарвузми ё мевами олиб бормоқчи бўлган деҳқонлар навбатма-навбат шу аравалардан фойдаланишарди. Энди мана бу машиналарни сананг. Бунча машина бутун Ўзбекистонда ҳам йўқ эди. Ношукурлик қилаётган ёшларимизга ҳайрон қоламан-да...
1 сентябрь куни оқшомда ўқишга отландим. Ҳозирги Миллий Академик театр ўрнида “Родина” аталмиш кинотеатр бўларди. Унинг бир томонида Қурилиш техникуми, иккинчи томонидаги дорихонанинг устки қаватларига рус ва ўзбек филология факультетлари жойлашган эди. Биринчи курс ўқийдиган хонани топиб бордим. Эшик олдида тўрт-беш йигит туришган экан. Қимтиниб сал берида тўхтадим. Катта портфел кўтариб олган паст бўйли бир йигит уларга яқинлашиб:
- Биринчи курс, журналистиками? - деб сўради.
- Ҳа, биринчи курс, домла ҳали келмади, - дейишди.
Шу онда қора костюм, оқ кўйлак кийиб галстук таққан, басавлат киши кўринди. Йигитлар “Домла келяпти, кирларинг” - деб шошиб қолишди. Мен ҳам уларга қўшилиб кирдим-да, охирги қатордан жой олдим. “Дом-ла” деб иззат билан қаршиланган киши талабалар ўтирадиган томонга, паст бўйли йигит эса тўрга, минбар томон ўтди. Фольклор - халқ оғзаки ижоди фанидан дарс берувчи муаллим Саттор Ҳайдаровни йигитлар талаба деб ўйлашган экан. Басавлат одам эса биз каби талаба Тошмамат Рўзибоев эдилар. Бу киши “Совет Ўзбекистони”да хатлар бўлимида хизмат қилар эканлар. Уруш қатнашчиси, коммунист бўлганлари сабабли ўз-ўзидан “староста” (оқсоқол) вазифаси берилди. Тошмамат ака рубоий ёзишни машқ қилиб турардилар. “Ўқишни битириб Совет Иттифоқини пиёда айланиб чиқаманда, зўр китоб ёзаман”, - дердилар. Биз буни ҳазил ўрнида қабул қилардик. Қарорларининг қатъийлиги 1968 йили Чимкентга пиёда бориб келганларидан сўнг маълум бўлди. Ўқишни тугатгач, 1969 йилнинг 7 ноябрь куни чиндан ҳам сафарни бошладилар. Лекин сафар охирига етмади, китоб ҳам ёзилмади. Аниқ сабаби каминага қоронғи.
Тошмамат ака марказий газетада ишласаларда мақола ёзмасдилар.
Шу сабабли матбуотда Бобур мирзо ҳақидаги ҳикояга ҳаммуаллиф бўлганларини кўриб ажабланган эдим. Ҳикояни ўқиганлар Анвар Эшонов ёзганига амин эди, лекин ҳаммуаллифга ажабланишарди. Бунинг саба-бини Анвар акадан эшитиб эдим. Тошмамат ака таҳририят касаба уюш-масининг раиси эканлар. Пулга муҳтож бўлганлар касаба уюшмаси хазинасидан қарз олиб туришаркан. Анвар ака ҳам олиб, вақтида қайтара олмабдилар. Охири “Битта ҳикоя ёздим, шунга соавтор қилсам, қарздан кечасизми?” - дебтилар. Шунга келишибдилар. Ҳикоя газетада чиққач, Тошмамат ака “Анваржон, мен билан соавтор бўлганингиз учун тарихда қоладиган бўлдингиз”, - дебдилар. Ким ким туфайли тарихда қолганини тарихнинг ўзи ҳал қилиб берди.
Менинг курсдошларим - оилали, айримларининг фарзандлари мак-таб ўқувчилари эди. Ҳамкурс акаларнинг бирлари заводда, бирлари қурилишда ишларди, ҳатто трамвай ҳайдовчиси ҳам бор эди. Абдужа-лил қурилишда ишларди. Кейин ўз соҳамга яқин бўлсин, деб босмахонага ўтди. Журналистика факультетига ўқишга кирганларнинг тўрт-бештаси савдо соҳасида ишлашарди. Бу ҳақда ҳатто деворий газетада ҳазил сурат берилганди: бир одам савдо хизматидан норози бўлиб “Шикоят дафтари”ни сўрайди. “Нима! - деб бақиради сотувчи, - мен журналистикада ўқийман, сенга “Шикоят дафтари”га ёзиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман!”
Муаллимлар талабалар билан танишиш мақсадида: “Қаерда ишлайсиз?” - деб сўрашганда Шокир ака деганимиз жилмайиб туриб: “Домлажон, биз маданий ўғримиз”, - деган эдилар. Муаллим бунга тушунмай ажабланган, кейин кулиб, “Сиздан ҳажвчи чиқар экан”, - деганди. Ҳажв ёзмадилар, лекин савдони тарк этдилар. Абдуқодир ака ҳам “ёғли” жой-дан воз кечиб, радиога ўтдилар.
Ўқишни бошлаган йилимиз фақат Тошмамат акагина таҳририятда ишлардилар. Кейинчалик Шерзод Ғуломов, Турсунбой Ботирбеков, Аброр Содиқов, Назмиддин Нажмиддинов телевидениеда, Одил Тўхтаназаров, Эркин Тўлаганов радиода, Муҳаммад Бақоев “Ўзбекистон физ-культурачиси”да, Абдужалил Зокиров “Гулхан” журналида ишлашди. Демоқчиманки, ҳеч ким бу соҳага адашиб кириб қолмаган эди. Аброр ака ҳикоялар, Одил ака шеърлар ёзиб туришарди. Аброр ака Эски Жўвадаги Маданият уйида очилган адабиёт тўгарагига қатнашиб турар эканлар, мени ҳам таклиф қилдилар. Тўгаракни шоир Зоҳиджон Обидов бошқарар эканлар. Урушда бир оёқдан ажралган шоир акамиз самимий одам эдилар. Ўзларига хос кулгилари бор, шу боис адабиёт аҳли “Зоҳид қаҳ-қаҳ” деб лақаб қўйишган экан. Кейинроқ тўгаракни Азиз Абдураззоқ бошқардилар. Тўгарақца Абдулҳай Носиров, Эмин Усмон, Ёқут Раҳимова, Темур Убайдулло, Соҳиба Абдуллаева каби ёш ижодкорлар билан танишдим. Ҳар бир киши ёзган машқини дўстлари муҳокамасига ҳавола этарди. Кўпроқ шеърлар ўқиларди. Танқидлар аёвсиз бўларди. Ҳамкурс акаларимдан Тўхтасиновнинг бир шеърлари ёдимда қолган: бир чумоли бора туриб, катта тошга дуч келади, “у ёғини ўрлади, бу ёғини ўрлади” кейин ўтиб бўлмас тўсиқ экан, деб ўйлади ва орқасига қайтди. Дўстларимиз: “Нега орқасига қайтади, ёнидан айланиб ўтса бўларди-ку?” - деб шоирни “савалашди”. У киши “шеърнинг фалсафаси ҳам шунда, ёшлар тўсиққа дуч келса, орқага қайтмасин, ошиб ўтишга уринсин ёки сиз айтгандай “айланиб ўтсин”. Лекин мен “айланиб ўтиш”га қаршиман”, деб ўзларини ҳимоя қилдилар. Мен ҳам кичикроқ бир ҳикоямни ўқиб берганимда танқидга учраганман. Лекин дастлабки жумлалар таъсирли, ўқувчини бирдан ўзига жалб қилиб олади, деган мақтовни ҳам эшитганман. Шу мақтовга ҳозирга қадар амал қилишга интиламан. Гапни узоқдан бошлаб ўқувчини зериктириш ўрнига кутилмаган воқеа билан “боғлаб оламан”.
Афсуски, тўгарак иши узоқ давом этмади. “Маданият уйи”даги драма тўгараги кенгайиб, “Халқ театри”га айланган эди. Бу янгилик учун маблағ кўпроқ талаб этилганми, ҳар ҳолда, адабиёт тўгараги раҳбари вазифаси қисқартирилди. Ёрдам сўраб Ёзувчилар уюшмасига, Асқад Мухтор ҳузурларига бордик, натижа бўлмади. Орадан кўп йиллар ўтиб, ёшликдаги армонни эслаб, шу тўгаракни тиклаш учун Маданият уйи директорига учраб, мақсадимни айтдим.
- Ҳозир бозор иқтисоди, тўгараклар пуллик бўлган, - деди у.
- Ёш ижодкорларнинг тўлашга пули йўқ, мен маош олмайман, битта хона ажратиб берсангиз бас, - дедим.
- Майли, сазангиз ўлмасин, битта хона ажратаман, лекин стол-стулларим йўқ.
Ана сизга, халққа маданият тарқатувчи масканнинг аҳволи ва раҳбарининг савияси.
Туман ҳокими танишим эди, учраб, Маданият уйи учун стол-стул сўрадим. Ҳоким бу ишни ҳал қилишни ўринбосарига юклади. У яна кимгадир. Стол-стул топилгунча ҳоким алмашди. Кейин кўп ўтмай, Эски жўвада ўзгаришлар бошланиб, Маданият уйининг биноси бузиб ташланди. Ёшликдаги армон армонлигича қолди.
Аброр ака негадир ҳикоя ёзишни тўхтатдилар. Мен бир неча марта эслатганимда “Ёздим-у, кўнгилдагидай чиқмаяпти”, - дедилар. Телевидениега ишга ўтгач, ўзларини тўлалигича тележурналистикага бағишлаб, бадиий адабиётдан узоқлашдилар.
Бадиий ижодда Одил Тўхтаназаров бардавом эдилар. Шеърлари анча пухта эди. Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи бўлиб ишлайдиган Саида Зуннунова Одил аканинг устозлари эдилар. “Севармидинг боғларингда ғунча бўлиб очилсам” деб бошланувчи бир шеърларини Саида опа мақтаб, газетага тавсия қилган эканлар. Ўзи эплаб шеър ёзолмайдиган таҳририят адабий ходимига бу шеър маъқул келмабди. Одил ака ранжидилар, мен эсам: “Наҳотки адабий маслаҳатчи тавсиясига эътибор қилишмайди”, - деб ажабландим. Одил аканинг шеърлари турли газеталарда чиқиб турарди, биргалашиб қувонардик.
Нашр этилаётган китобларни ўқиб ўзаро суҳбатлашардик, баъзан баҳслашардик. Ҳатто ҳарбий хизматда эканимда ҳам ёзилган мактублар шу мавзуда бўларди (Бу ҳақда кейинроқ алоҳида баён қиламан). Одил ака мактубларидаги мулоҳазаларга албатта янги ёзган шеърларидан бирини илова қилардилар. 1970 йилнинг баҳорида юборган мактублари-да “Тоҳиржон, Сизнинг танқидингизга учрагач, баъзан машқ қиладиган бўлдим, шу хатга қўшиб биттасини юборяпман. Кўнгилдагидек эмас, шунчаки машқ... Фақат шуни эслатиб қўяй: уни ўқиб бўлгач, йиртиб ташланг ёки бировга берсангиз қайтариб олинг, чунки у ҳали қўлёзма. Бундан кейинги юборганларимга ҳам худди шундай муносабатда бўлишингиз мумкин”, - деб ёзибдилар. Ундаги “Лаҳзалар” сарлавҳали шеър ҳаётнинг аёвсиз фалсафаси ҳақида эди. Ундаги айрим сатрлар ёдимда қолган:

Бир замонлар Искандар биздек йигит бўлгандир,
Эҳтимолки, камолин кўриб кетган дояси.
Лекин бир кун беомон паймонаси тўлгандир,
Ер депсиниб келгандир қариликнинг сояси.
Бир замонлар Бойқаро ёш шоҳ номин олгандир,
Борлигини олк,иш-у шуҳрат тожи ўраган.
Лекин онлар сийламай, сўзсиз, човут солгандир,
Вақт аталган ҳақиқат сарҳисобин сўраган...

Шеър сўнгидаги “йиртиб ташланг” деган топшириқни бажармадим, мактубни йиртиб ташламадим, ҳозиргача сақлайман.
Айтганимдай, 1963 йили курсда фақат мен ишламасдим. Мактаб таъмирлашдаги ишим паспортим бўлмагани учун расмийлаштирилма-ган эди. Ишга киришим учун тўрт ой мухдат беришди, “акс ҳолда қишки имтиҳонларга қўйилмайсан”, - дейишди. Икки ҳафтадан сўнг кундузи ўқийдиган талабалар пахта теримига жўнадилар. Бизнинг ўқишимиз эса тўхтади. Менинг ишга жойлашишим эса осон бўлмади. Дўстим “84-завод” - авиация заводида ишларди. Шогирдликка киришга уриндим. Иш бор эди. Лекин кечкида ўқийдиганлардан безор эканлар. Кечкида ўқийдиган ишчига йилда икки марта таътил берилишини ёқтиришмас экан. “Агар авиафакультетида ўқиганингда ҳам бошқа гап эди, журналистиканинг токарликка нима дахли бор?” дейишди. Қўшнимиз трикотаж фабрикасидагилар билан гаплашиб бердилар. “Юк ташувчи” лавозимида ишлайдиган бўлдим. Лекин журналистикада ўқишимни билиб, улар ҳам айнишди. Ўзимча ўйладим: бунақа жойда ўғирлик бўлади. Ўғирлик молларни юк ташувчи ортиб беради. “Журналист қитмирлик қилиб қолсачи?” - деган хавотир уйғонгандир. Кўнглим чўкиб юрганида мактаб қоровулининг ўрнига пахтага борадиган бўлдим. Ҳар кунига пул беради, пахтани яхши терсам, яна пул. Ўйдагиларнинг ҳисоб-китоби шу эди. Пахта териб пул ишлашимдан бекор умидвор бўлишди. Чунки бўйим узун бўлгани учун пахтани тез теролмасдим. Ўнинчи синфда ўқиётганда икки марта бир кунлик пахта теримига чиққан шаҳарлик боланинг илғор теримчи бўлишини кутиш ноўрин эди.
Кунлик нормани ярмига ҳам олиб боролмасдим, ҳар кеч йиғинда ўртага чиқариб танқид қилишарди, ҳатто бўйимни масхаралаб кулишарди. Пахтани эплаб термадим, аммо қарта, хусусан қимор ўйнашни қойиллатиб ўрганиб олдим.
“Сен етим эмассан” кинофильмини кўргансиз. Ундаги темирчи Шомахмудовнинг ўн тўрт етим болани асраб олганидан хабарингиз бор. Уруш пайтида бунданда кўп болани асраб олиб, боққан оилалар бор эди.
Лекин Раҳмат Файзий айнан шу оилани “Ҳазрати инсон” романига мисол қилиб олган. Кинофильм эса шу асарга асосланди. Шуҳрат Аббосовнинг ўзбеклар шуҳратини кўкларга кўтарган фильмларидан иккинчиси “Тошкент - нон шаҳри” бўлса, биринчиси айнан шу “Сен етим эмассан” фильмидир. Кино санъатидаги шоҳ асар деб шуларга айтилади. Ҳозирги кинорежиссёрлар орасида бундай фильм ишлай оладиган иқтидор эгаси кам. Чунки миллат фахри бўлган фильмни ишлаш учун фақат маҳоратли актёрлар танлай олиш, кино техникасини юқори даражада эгаллаш каби фазилатлар камлик қилади. Бунинг учун биринчи галда миллатпарвар бўлиш керак.
Бугун россияликлар ўзбекистонлик ишчиларни “гастарбайтер” деб ҳар турли ҳақоратларга булғаяптилар. Улар ота-боболари ўзбеклардан қандай меҳр-оқибат кўрганларини билмайдилар. Катта авлод мўм тишлаб ўтирибди, ёшлар эса тарихдан бехабар. “Сен етим эмассан”ни Россия телевидениеси ҳам намойиш қилиб турганида балки уларнинг ғафлат кўзлари очилармиди. Ҳар ҳолда “туз ҳақини оқлаш” деган одамийлик тушунчаси бор. “Шайтанат”да турклар фожиаси баёни берилаётганда ўзбекларга нисбатан иғво ва туҳмат гаплар айтила бошлаган манзара ёдингиздами:
“...Шу пайт давра орасидаги бир йигит қўлини баланд кўтариб қичқирди:
- Қонга қон!
Унинг бу қичқириғи Исмоилбейнинг бошига гурзи каби урилиб, товонига қадар зириллатиб юборди. Баданига қалтироқ югурди:
- Зинҳор! - деб юборди у. Тўпланганлар давра четидаги қарияга ажабланиб қарадилар. - Зинҳор! - деб такрорлади Исмоилбей. - Худодан қўрқинглар! Ўзбекларни айбламанглар! Нон берган жон олмайди!
- Ватан бир боғдир. Бу боғнинг дарахтлари инсон қони ила суғорилмаги керак, - деди даъватчи. Исмоилбейнинг лаблари титраб “Астағфируллоҳ!” деди-ю, бошқа гапиролмай қолди.
- Чиройли гапирдинг, - деди Зелихон унга яқинлашиб. - Лекин бу боғ сеники эмас-ку? Боғни яшнатиб юборгинг келса, ана, қўлингга қурол ол, Месхетиянгга бор. Уйингга кириб олганларни ҳайдаб чиқар. Қўлингдан келадими бу иш?
Даъватчи бу гапдан гангиди, бироқ сир бой бермаслик учун Зелихонга дағдаға қилди:
- Сен кимсан ўзинг? Қаёқдан келиб қолдинг?
- Мен - чеченман! Мен ҳам Ватанидан ҳайдалган инсон боласиман. Сен вайсашга уста экансан. Аммо сен бизга жой берган, нон берган, ўлганларга кафан берган ўзбекларни билмайсан. Сен унда йўқ эдинг. Кеча тухумни ёриб чиқиб, бугун элга ақл ўргатасанми?..”
Бугунги россияликлар шуни унутишмаса яхши эди. Мен Россия телевидениесидан ранжияпман. Бу фильмларни ўзимизникилар ҳам кам кўрсатишини айтиб эдим, ёдингиздадир.
Шомаҳмудовлар оиласи маҳалламизга қўшни эди. Болаларни боққанлари ўзбекнинг шарафини кўкларга кўтарарди. Лекин уруш кўрган безори болаларни тарбия қилишнинг ўзи бўлмаган кўринади. Бу болалар улғайгач, тайинли бир иш қилишмади, ҳар ҳолда номлари чиқмай кетди. Шулардан бири билан камина пахтада танишдим. Ёши мендан катталигига қарамай, қўшни маҳалладан бўлгани учун дарров дўстлашиб олдик. У ҳам бир одамнинг ўрнига ёлланиб, мардикор бўлиб чиққан экан. Унинг дўстлиги менга қимор ўйнашни ўргатишдан иборат эди. Синфдош, маҳалладош ўртоқларим бу ўйинни аллақачон ўрганишган, камина ношудроқ бўлганим учунми, ҳатто “дурак” аталмиш ўйинни ҳам билмасдим. Шомаҳмудов менга аввал шу ўйинни ўргатди. Кейин “очко” ёки “21” деб аталган энг кўп тарқалган қиморни. Биринчи куни ўргатиб, иккинчи куни бор пулимни ютиб олди. Бу ҳазилакам ўйин, деб ўйлаган эдим. “Қиморда ҳазил бўлмайди”, деб сўйлоқ тишини кўрсатиб ишшайди. Бу ҳолат ҳам “Шайтанат”дан ўрин олган:
“ - Мен ҳазил ўйин деб ўйлабман...
- Қиморда ҳазил бўлмайди, эркак.
- ...Тўлайман... фақат бугун эмас. Бир-икки йил ичида.
- Пулни-ку, тўларсан-а, хотининг-чи? Хотинингни ҳам тикворгансанку”.
Пулим кўп эмас эди, унча алам қилмади. Лекин пахтадан қочиш ҳақидаги режамни чиппакка чиқарганидан куйиб юрувдим, Худо ишимни осон қилди: қимор ўйнаб ўтирганимизда шаҳардан чиққан теримчиларнинг раҳбари қўлига тушиб қолдик. Мартабаси мактаб директори, феъли эса бозорнинг бақироқ даллолига ўхшаган бу киши кечки йиғинда икко-вимизни ўртага чиқариб, айбимизни айтиб, “пахтадан ҳайдалганимизни” эълон қилди.
Қимор ўйнаш жиддий жиноят саналмайди, лекин агар бу ҳол шаҳарда юз берганида милиция қора рўйхатига олинишга асос бўларди. Ўшанда “қўлга тушганим” яхши бўлган эди. Чунки пулимни ютиб олгач, энди қарзга ўйнашни бошлаганди. Пахтадан ҳайдалгандан кейин мен уни кўрмадим. У тонг қоронғусида кетиб қолибди. Бир-икки одамнинг пулини ўғирлагани кейинроқ билинди. Яхши ҳамки мени уйғотмабди. Бўлмаса, ўғирликка ҳам шерик бўлиб қолардим.
Ўшандаги такдирим бу масалдаги каби бўлишига оз қолган эди:
Ўрмон четида бир сичқон яшарди. Қурбақа макони эса кўлмак эди. У гоҳ-гоҳ кўлмак четига чиқиб, ҳаво олиб ўтирар ва ўзини булбул фаҳмлаб ёқимсиз бир овоз билан қуриллаб, хушовоз қушларнинг ғашини келти-рарди.
Бир куни сичқон қурбақанинг бу носоз овозини эшитиб ажаблан-ди, хонандани кўрмоқ учун инидан ташқарига чикди ва унинг хунук башараси-ю, бемаъни ашуласидан таажжубланиб, қўлларини бир-бирига урганча бошини афсус билан сарак-сарак қила бошлади. Қурбақа унинг бу ҳаракатини кўриб: “Сичқон ашуламдан ҳузурланиб, мени олқишлаётир”, - деб ўйлади ва у билан дўстлашишни истади. Хуллас, орзуси ушалиб, сичқон билан дўстлашди.
Бир куни сичқон қурбақага деди:
- Неча вақтдан бери сен билан суҳбатлашиш ниятида қирғоққа кел-сам, сен сув остида бўласан, чақирсам эшитмайсан.
Унга жавобан қурбақа деди:
- Тўғри айтасан, мен ҳам кўпдан бери сен билан суҳбатлашиш орзу-мандиман. Аммо сени тополмайман. Қирғоққа чиқсам, сен бошқа тешикка кириб кетган бўласан. Мен анчагина мунтазир бўлиб тураман. Энди тадбир ўйлаб топиб, бу муаммони ҳал қилгин.
- Энг яхши тадбир шуки, - деди сичқон, - мен бир узун ип топаман. Унинг бир учини сенинг оёғингга, иккинчи учини ўзимникига боғлайман. Сув қирғоғига келиб, ипни тортсам, чиқиб келаверасан. Мен керак бўлиб қолсам, ипни сен тортасан.
Икковига бу тадбир маъқул келди. Бир куни сичқон сув лабига келиб дўстини чақираман, деб турганида тепадан бир қарға бало-қазодай ёпирилди-ю, уни кўтариб учди. Оёғидан боғланган қурбақа ҳам уларга қўшилиб учди. Сичқон қарға тумшуғида, қурбақа эса сал пастроқда учиб борардилар. Бу ҳолни кўрган одамлар ажабланиб: “Қарғага нима бўлди, одатига хилоф равишда қурбақани олиб кетяпти. Ахир ҳеч маҳал қурбақа қарғага ов эмас эди-ку?” дейишибди. Сичқон билан дўстлиги касофатидан қурбақа бу балога гирифтор бўлди. “Кимки ножинсга қўшилса, жазоси шундай бўлади”, - дейдилар донолар.
Оёғимга ип боғланишига оз қолган экан, Худо асрабди. Эрталаб нарсаларимни йиғиштираётган эдим. Раҳбар келиб, “Сен теримга чиқ, Абду-малик аканинг ҳурматлари бор, адангнинг юзини ерга қаратма”, - деди.
Аввалроқ айтганим, “ёмонга яқин юрсанг...” ни яна эслашга тўғри келади. Қимор ўйнаш кейин ҳам давом этган. Фақат астойдил эмас, ўртоқлар билан онда-сонда. Ўшанда “гап” деб аталмиш дўстларнинг зиёфати икки қисмдан иборат бўларди: биринчиси - ароқ ичиб, таомланиш, иккинчиси - қимор. Беш-ўн тийиндан бошланиб, юз сўм, ҳатто ундан кўпга чиқишарди. Бир-бирига меҳр изҳор қилиб ўтирган дўстлар икки-уч сўм учун энди ҳақорат қилишади, ҳатто муштлашиб кетишади. Баъзилари аразлайди, юзкўрмас бўлиб кетганлар ҳам бор. Шу сабабли мен бу қиморни “дўстдан айирар”, деб номлаган эдим. Мен кундузи ишлаб, кечқурун ўқиганим сабабли бундай давраларга кам келардим. Лекин ўйиннинг киши кўнглини маҳлиё этиши, сўнг маҳкам боғлаб олиши каминани ҳам ўзига тортарди. Баъзан “гап” тонготар давом этарди.
Етмишинчи йилларнинг ўрталари эди шекилли, биринчи ўзбек рентгенологларидан ҳисобланган Зикрилла Эгамбердиевнинг тўнғич ўғиллари тўсатдан вафот этди. Зикрилла ака билан маҳалладош эдик. Бу киши ҳарбий врачликдан истеъфога чиққач, тиббиётга доир ҳикматларни тўплаб бир неча китоб нашр эттирдилар. Қалам аҳли билан аҳил эдилар. Жанозадан кейин суҳбатлашиб ўтирган эдик, алам билан хўрсиндилар:
- Ўттиз беш ёшда кетди-я! Нимагалигини айтайми? Зўр дурадгор эди. Топиши яхши эди. Ўртоқлари билан “гап” ўйнарди. “Гап” дегани туни билан давом этган. Ароқ, овқат, сигарет, қимор! Ана, бевақт ўлимнинг сабабчиси. ёш юракка бир чанг солишда юлиб ола қолди.
Ўртоқларимни бу номаъқулчиликдан қайтаришга уринишим фойдасиз эди. Москвага борганимда иккита бир хил қарта олиб, биттасидаги тўртта “туз” билан “Олти чиллик - жокер”ни ажратиб иккинчисига аралаштириб қўйдим-да, аслидагидай қилиб ўраб, ўртоқларимга совға сифатида тортиқ этдим. Роса қувонишиб, ўйинни бошлашди. “Шум”лигим ошкор бўлгач, камина “қимор” даврасидан бадарға қилиндим. Ичкиликни камроқ истеъмол қилиш ҳақидаги гапларим ҳам самарасиз эди. Чойхонада ош қилиш навбати менга келганда “учта ароқ оламан”, десам, “Бўпти сенинг галинг ўтди”, дейишарди. Озига қаноат қилишмасди. Уйда “гап” қилиш навбати менга келганда ҳийла ишлатдим: чиройли ароқ шишаларига сув қуйиб дастурхон устини “безаб” қўйдим. Буни кўриб қувонишди, роҳатланишди. Амалдор дўстимнинг бир пиёла ароқ билан қўл ювиш одати бор эди, канда қилмади. Пиёлалар тўлдирилди, шаънимга илиқ гаплар айтилди ва кўтарилди... икки ҳўпламдан ичиб менга олайиб қарашди. Ош ҳам ейилмади. Қимор ҳам ўйналмади. Уйга барвақт боришса, хотинлари “сиз “гап”да бўлмагансиз, “гап”дан бунақа эрта келмасдингиз”, деб ишонишмабди.
Эшитишимча, ҳозир бунақа ҳолатлар камайганмиш, бутунлай йўқ бўлса яхши эди. Ҳамкасблар ва бошқа танишлар орасида каминанинг қиморни “зўр” ўйнашим, алдашнинг турли усулларини билишим ҳақида гаплар юради. Айрим асарларда киморбозлар образи мавжудлиги бу гапларга қувват бергандай бўлади. Аслида ундай эмас. Ҳеч қанақа усулларни билмайман. Ёшлик йилларим мақтаниш учун ўзим ўйлаб топган гаплар. Асарларга киритилган қиморбозларга хос воқеалар ва гапларни кимлардандир эшитганман ёки қаердадир ўқиганман. “Фалак” билан “Сомон йўли элчилари”ни рус тилига таржима қилган таржимон Сергей Плехановнинг ўзи ҳам яхши асарлар ёзар эди. Ўқимишли, фикр қамрови кенг бу йигит билан қалин дўст эдик. Москвага борганимда кечагина оққа кўчирган “Олтин хотин” (“Золотая баба”) деган асарини берди. Ўқиб чиқдим. Магадан олтин конларидаги жиноят оламидан ҳикоя қилувчи бу асардаги асосий “қаҳрамон”лар қиморбозлар эди. Сергей асарнинг ёзилиш тарихидан сўз очиб, Магаданга боргани, қиморбозлар тўдасига аралашиб қолганйни ҳикоя қилиб берди. Қиморбозларнинг табиати, феъли, меҳри ва қаҳри, мардлиги ва аблаҳлигига хос кўп маълумотларни ўша суҳбатда олган эдим. Бу ҳақда бир-икки савол берган эдим: “Буларнинг ҳаётига қизиқсанг, сени ҳақиқий қиморбоз билан таништириб қўяман, истаганингча суҳбатлашавер, фақат қимор ўйнама, бир дақиқада пайпоғинггача шилиб олади”, - дедида кимгадир қўнғироқ қилиб мақсадни айтди, кейин гўшакни менга берди, саломлашдим: “Эртага соат ўнда қаерда учраша оласиз?” - деб сўради. Меҳмонхонага яқин бўлгани учун Катта театр майдонини айтдим. “Йўқ, бўлмайди”, - деди у. Сергей эса кулиб юборди. “Хонангиздан жилманг, ўзим топаман”, - деди. Сергей эса кулгани сабабини тушунтирди: мен айтган театр май-дони руслар “голубой” деб атайдиган майдақамлар учрашадиган жой экан. Қиморбоз эрталаб хонамга кириб келди. Кремлга яқин жойлашган бу меҳмонхонанинг бир қаноти ёниб кетгандан кейин унга кириб-чиқиш текшируви кучайтирилганди. Бу йигитнинг рухсатномасиз кириб келганига ажабландим. Оромкурсига бамайлихотир жойлашиб олиб, ресторанга қўнғироқ қилди-да, иккита коньякли қаҳва буюрди. Чап кафтидаги иккита “валет” ни бармоқлари орасида усталик билан айлантиравериши диққатимни тортди. Бу қилиғини “Самум” романида берганман. Қаҳва келгунча мен билан танишди. “Серёга мени икки марта ментларнинг чангалидан олиб чиққан, ундан қарздорман, шунинг учун сизга бир соа-тимни бахш этишга рози бўлдим”, - деди. Қиморбозларнинг поездларда сайр қилиб, лақмаларни “шилиб” олишлари, курортларда кўрсатадиган макр-ҳийлаларидан бир шингил, бир шингил гапириб берди. Мен у пайтда фантастика билан шуғулланардим, эшитганларим детективга хос эди, “қачондир асқатар”, деган фикрда суҳбатлашавердим. Янглишмаган эканман, унинг ҳикоялари орадан йиллар ўтиб, айрим асарлардан жой олди.
Қиморбоз “Бугунга шу ҳам етар”, деб ҳикояларига якун ясагач, чўнтагидан қарта тўпламини чиқарди.
- Назарияни эшитдингиз. Энди билимингизни амалда синаб кўрамизми?
- Йўқ, мен бунақа ишлардан анча узоқман.
- Қиморбозларга қизиқадиган одамнинг қимордан анча узоқ бўлиши мумкинмас. Сизни Серёга қўрқитиб қўйдими? - шундай деб кулиб қартани чийлай бошлади. Худди киноларда кўрганимдай қартани елпиғич қилиб олди. Сўнг ўзига учта, менга учта қарта ташлади. - Қўрқманг, сизни шилиб олмайман. Ўртада иккита ўн рубл ташланган деб тасаввур қилинг-да, юринг.
Қарталарни олиб қарадим: учта дама. Ўртага суриб қўйдим.
- Мен чиқдим ўйиндан.
- Нега? Қўлингизга учта хотин бериб қўйдим, битта хотин уйингизда. Шундай қарта билан ўйиндан чиқиш нодонлик.
- Учта хотинга ишониш эса аҳмоқлик.
- Нега?
- Менда ўттиз бўлса, сизники камида ўттиз бир.
- Қаердан билдингиз?
- Кўзингиздан. Қартага қараганингизда қорачиғингизда учқун кўринди, яна битта мантиқ бор: менга учта “хотин” берган ўзига учта “туз” ололмайдими?
- Қойилман, - шундай деб қартасини очди: учта “туз”! - Ярим йил мен билан юрсангиз зўр қиморбозга айланасиз. Сизга “Толян жокер” деб лақаб бераман. “Толян жокер”нинг номини эшитганларнинг тиззаси қалтирайдиган бўлиб қолади.
- Қиморбозликка ўтишга анча кечикдим, илгарироқ бошлашим керак эди.
- Қиморбозликда кечикиш деган гап бўлмайди. Хоҳиш бўлса бас. Сизда ҳам, Серёгада ҳам ана шу хоҳиш йўқ. Серёга дунёни тушунмайди. Сиз ҳам шунақадирсиз. Қоғоз ялаб яшаб юраверинглар, мен эсам сизлардан кула-кула яшайман. Ёзишга гап тополмай қолсангиз, мени топинг. Уч соатдан кейин поездим жўнайди. Москвада узоқ туролмайман, ўзимни тўхтатолмай катта қиморга аралашиб қоламан. Катта қимордан қўрқмайман. Лекин жонни гаровга тикиб миллион ютаман-у, ўша тун уйга тирик етиб оламанми-йўқми, билмайман. Ҳозирги “честняга”лар (қонундаги ўғриларни назарда тутяпти) қиморбозни босишга ишқибоз. Менга ўша миллион керакмас, лақмалардан беш-ўн рубл топганим ҳам етади.
Шундай деб хайрлашиш учун қўл узатди. “Чархпалак”ни ёзиб бўлгач, детектив билан астойдил шуғулланишни ният қилдим. Москвага сўнгги борганимда Сергейдан қиморбоз дўстини сўрадим.
- Кўргинг келяптми?
- Ўшанда “ёзишга гап тополмасанг, мени топ” деган эди.
- Унда Ваганковга боришинг керак.
- Қабристонгами? Ўлдими?
- Бунақалар узоқ яшамайди, билмасмидинг? Қиморда ютгани билан ҳаётини бари бир бой беради...
...Ўлмас Умарбеков Ёзувчилар уюшмасига раис бўлганларида мен идора ишида хизмат қилмасдим, фақат ижод билан машғул эдим. Кўчага кам чиқардим. Ўлмас ака бир дўстимга: “Тоҳир келмайди ҳам, бирон нарса илтимос ҳам қилмайди, мени менсимайди шекилли”, - деб гина қилибдилар.
Бордим. “Тирикчилик нима бўляпти?” - деб сўрадилар.
- Гулдай ҳунарим бор, тирикчилик зўр, хор бўлмайман.
- Қанақа ҳунар?
- Қиморбозман-ку, билмасмидингиз? Учта қадрдон дўстим бор: иккита туз ва битта жокер. Вафо билан хизмат қилсалар, итимнинг товоғи ҳам тилладан бўлиб кетади. Эртага Магаданга кетяпман, Бутуниттифоқ кўламида зўр ўйин бўлади.
- Ие, азизим, бу қанақаси?!
Кулимсираб гапирган бўлсам ҳам, ҳазилимни тўғри қабул қилиб, қиморбозликнинг ёмон иллат экани ҳақида анча гапирдилар. “Магаданга бормасликка” ҳам кўндирдилар. Кейин “Мендан илтимосингиз борми?” - деб сўрадилар.
- Бор, Магаданга бормайдиган бўлсам, мени Италияга жўнатсангиз.
- Италияда нима қиласиз?
- Италия мафияси ҳақида роман ёзмоқчиман...
Бу ҳазилимни ҳам чин ўрнида қабул қилиб, ўзбеклар ҳаётидан нурли асарлар ёзишим кераклигини уқтирдилар. Италияга юбора олмасликларини билардим. Ўзлари хохдаганларида ҳам юборолмасдилар, чунки комфирқага аъзо бўлмаганлар капиталист мамлакатларга чиқарилмас эди. Шунга қарамай, илтимосимни инобатга олган эканлар, Германия демократик республикасидаги халқаро анжуманга юбордилар. Италия мафияси ҳақида роман ёзаман, деганимда фаришталар “омийн” деган эканми, ўша ойлари “Шайтанат”ни ёзишни бошладим.
“Қимор” деганда кўпчилик қарта ўйинини, асосан “21” ёки “Уч туз”ни билади. Худога шукурки, бизда казино - қиморхоналар йўқ. Лекин яширин қиморхоналар учраб туради, милиция уларнинг пайини қирқади. Қадимда ошиқ тепилган (“Шайтанат”даги Асадбек ўсмирлик пайтида ана шу ошиқтепарларга дуч келади), нард ташланган. “Насриддин афанди” кинофильмини эсласангиз, Раҳим Пирмуҳамедов (ўғри, қиморбоз ролида) чойхонада барчани ютаётган пайтида Раззоқ Ҳамроев (Насриддин афанди) унинг шўрини қуритади. Улар ташлаётган тош “нард” дейилган ва Қуръони каримда нард ҳаром қилингани ҳақидаги оятда шу ўйин назарда тутилган. Қарта қимори кейинроқ Европада пайдо бўлиб, бизга ҳам кириб келди. Ҳозир унинг турлари кўпайгандан кўпайди. Сиртдан қараганда шунчаки кўнгилочар ўйин ҳисобланган биллиард, шахмат-шашка, доми-но, лотто, тўпиқ, стол теннисида ҳам пул тикиб ўйнаш расм бўлган. Болалар, ўсмирлар, ёшлар бу ўйинларга қаттиқ қизиқиб берилсалар, уларнинг ҳаракатларини зийрак ҳолда кузатиш керак.
Эскижўвада, Пушкин номидаги (ҳозир Абдулла Қодирий номида) истироҳат боғига қираверишда “Тир” - мерганлик жойи бор эди. Милтиқдан отишга ишқибоз бўлиб шу ерга келадиган бўлдим. Дастлаб нишонга аниқ олиш менга завқ берди. Бу ерда мерганларга аталган совғалар бўларди. Яна бир ўйин - самолёт нишонга олинса, у симга осилганича учиб келиб, пештахтага нард доналарини сочарди. Агар етарли рақам чиқса, мерганга пул мукофоти бериларди. Энди мен шунчаки нишонга уришга қизиқмай шу “пул сочар” самолётга ишқибоз бўлдим. Бўш вақт топдим дегунча “Тир”га шошилдим. Бир куни “Тир” эгаси узатган пулимни олди-ю, ўқ бермади. Сочлари оқарган рус киши менга тикилиб туриб:
- Бугундан бошлаб сен бу ерга келмайсан, - деди.
- Нега? - деб ажабландим.
- Қарасам, сен бу ўйинга қаттиқ боғланиб қоляпсан. Бу сен ўйлагандек мерганлик эмас, бу қиморнинг бир тури. Боғлансанг, кейин қутулиб чиқишинг қийин бўлади. Бевошлигингни шу бугун тўхтат. Анави куни бир қора қош, қора соч бола билан шу ерда кўришувдинг-а, ким эди у?
- Қариндошим эди, нега сўраяпсиз?
- Ўша қариндошингни кеча оқшомда анави ерда ўласи қилиб калтаклаб ташлаб кетишди.
- Ким? Нега?
- Кимлигини аниқ билмайман, лекин негалиги менга маълум. Қариндошинг пул тикиб биллиард ўйнарди. Ютқизавериб қарзга ботиб кетган экан. Жазосини олди. Уни вақтида тўхтатадиган одам бўлмаган. Мен индамасам, сенам хор бўласан.
Шундай деб пулимни қайтариб берди. Қариндошимизнинг уйи бу ерга яқин эди. Бориб, мендан икки ёш кичик бўлган Ўлмасни кўрдим. Юзлари моматалоқ бўлиб кетган. “Қоқилиб, йиқилиб тушдим”, - дейди. Қоқилгани рост, фақат кўчадаги тошга эмас, ҳаётдаги тошга қоқилган эди. Ўсмирларнинг ҳаётида бунақа қоқилиш кўп учрайди. Муҳими - бундан тўғри хулоса чиқариб, қаддини тиклаб олиш. “Тир” эгаси мени қоқилишдан асраб қолди.

Тоҳир Маликнинг
"Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи" китобидан (давоми бор, инша Аллоҳ)