Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»«Таваккалту Алоллоҳ»ни деган эр: на талқону на қалқоннинг ғамин ер!
Facebook
«Таваккалту Алоллоҳ»ни деган эр: на талқону на қалқоннинг ғамин ер! PDF Босма E-mail

Мана бу бир жуфт байт, ўзимизнинг ота-бободан қолиб келган ҳалол молимиздур. Ушбуни ҳам ким маники, деса боши ўлумда, моли талондадур. Агар қўни-қўшниларнинг кўз олайтиришларидан қўрқмай, доирани кенгайтириброқ юборсақ бу байтдан бутун Шарқни ҳам насибадор қила оламиз. Аммо бошқаларға йўл-йўруқ йўкдур.
Чунончи бу бир жуфт байтнинг маъхазини(Маъхаз — манба) текширсак, тарихнинг қулоч-қулоч ичкарисига кириб кетамиз; варақ-варақ тарих ҳамоқат ва шақоватидан(Шакрват — бахтсизлик) ўқуй-ўқуй ниҳоят ҳазрат Одамга, ниҳоят алмисоққа(Алмисок, — Оллоҳ таоло рухлардан ахду-паймон олган кун, ўзини ва фаришталарини тан олган руҳлар мусулмон, олмаганлари кофир бўлган кун.) боруб етамиз. Ровийларнинг ривоятига қарағанда, алмисоқ куни бир фариштанинг қўлида: «Ал-ҳаракату фал-барака»(«Ал-хрракату фал-барака» — ҳаракатда барака бор (Ҳадис)), иккинчи фариштанинг қўлида «Ман таваккал фатасаққал»(«Ман таваккал фатасакдал» — кимки таваккалчи бўлса дангаса бўлиб қолади (араб мақоли)) деган шиорлар кўтарилибдур. Шул вақтда жарчи чақирибдурким: «Эй арвоҳи бани Одам(Бани Одам — Одам Атонинг болалари), ушбу икки шиордан биттасини қабул қилишға эркликдирсизлар!»
— Олҳа... Қарабсизки арвоҳи миллати нажиб ўзбек «Ман таваккал фатасаққал» шиорини ушлаган фариштанинг устига тутдак тўкулуб:
«Таваккалту алоллоҳ»ни деган эр:
На талкрну, на ҳалҳоннинг ғамин ер!
— деган байтни хўр билан ўқуб етти қат кўкни титратибдирлар.
Бу текширишимиз, даъвомизни тарих билан исбот қилиш бўлуб, аммо далил ва исботни халқимиз ва тириклигимизнинг ўзидан олғанда иш яна абжақ: Кимнинг оғзиға қулоқ солсанг «Бўлса бўлар — бўлмаса ғовлаб кетар», «Умаралихону Маъдалибек, таралагиждангу таралагиж-данг»(Хонларимиз Умархон, Маъдалибеклар давлатчилик ишларини қолдириб маишатга берилиб кетган эдилар, шундан киноя қилинади.), қаҳрамонлар билан битта-битта танишиб боқсақ тағин ишлар жойида.
— Муаллимларимиз: «Чалакам чатти ёрам зувалам завзи калам чанта?»ни(Араб алифбоси тартибини кўрсатувчи саккизта сўз: абжад, ҳавваз, ҳугти, каламан, саъуфас, қарашат, саххаз, зазағ; эски усул мактабда болалар дарсни шу сўзларни ёзиб, ўқишдан, абжадхонликдан бошлаганлар.) билиб олғанларда нариги ёғиға бир орқа таваккул!(Бир орқа таваккул — у ёғига худо пошшо.)
— Ишчиларимиз оғзидағи: «Қўли қадоқ, пешона тери, ур калтак — сур калтак» сўзи қулоқларни гаранг қилса ҳам амалда эҳе...(Бу ерда муаллиф синфий кураш авж олдирилиб, ҳамма кунни ишчилар синфига ваъда қилинса ҳам амалда улар ҳеч бир рўшнолик кўрмаганларидан киноя қиляпти.)
— Хотунларимиз: «Қозонда жиз-биз, ўрунда сиз-биз» шеърини ўкуйдирлар-да, натижада беш-олтита дувараклар миллат учун хадя: яъни авлод, ватан, дейсиз-да, кулбаччаларни!
— «Зиёлик, ёш кўз очған ва янги фикр» — сарлавҳасидаги муаммолар эшитишимизга қарағанда «Миллатга илм керак, маърифат ке-рак!» деб ҳовлиқар эмишлар-да ишка келганда «Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ...»(Ҳеч бир куч — қудрат йўқ, фақат Оллоҳ номи билан, ёрдами билан бўлади. (Ҳадис))
— Тошмат акамизнинг бурунларидан ип тақилған бўлса ҳам ҳамон таваккалту алоллоҳ...
Бас бу бир жуфт байт ҳар жиҳатдан ҳам бизникидир, бизнинг ила алжипсу ва ла билимдир(Алжипсу ва ла билим — яна билмадим, Оллоҳ билгучидир.).
«Таваккалту алоллоҳ»ни деган эр:
На талкрну на қалқоннинг ғамин ер.(Бу шиорнинг мазмуни Қуръон оятлари ва ҳадислар билан асослангандир. Аслида бу шиорнинг мазмунида тоат-ибодатда, ихлос-эътиқодда, зухду-тақвода Оллоҳнинг каломи-аҳкомларини адо этиб, ботиний покланиш, зоҳирий риёзатлар орқали марди худолик мақомига етиб сўнг таваккул қилгучилар назарда тутилади. Бундай мақомга эришган Оллоҳнинг дўстларини табиийки дуолари қабул бўлгувчи кишилар дейилган, яъни улар аввал талқоннинг (ризқ) ҳам, қалқоннинг (ҳимоя) ҳам тадбирини олган инсонлардир. Бунинг «Ҳадисии ушбудир: ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу бир шаҳарга яқинлашиб борганларида, ундан бир киши чиқиб шаҳарга кирмас-ликни, вабо борлигини хабар беради. Хазрати Умар орқага қайтишга қарор қиладилар. Шунда аъёнларидан бири: «Эй амирал-мўъминин, қадарда борини кўрамиз, такдирдан қочасизми, кирайлик» дейди. У зот: «Қадардан қадарга қочаман, билиб туриб қадарда бор, дейишлик ақлсизликдир», деб жавоб берадилар.
Лекин бу буюк шиор бора-бора ўз қадр-қимматини йўқотди, илоҳий таваккулдан қолиб, юқорида айтилган араб мақолидек сохта, қуруқ таваккулга, ақидага айланди, шу ҳолича биз халқнинг онгига, одатига кириб борди. Ушбу мақоласида муаллиф бурнидан боғлаб ип тортса ҳам такдирини Худодан кўрувчи, таъзимда турувчи, имонсиз, қўрқоқ, махсим, нотавон ҳолга келган бир қавмидан шикоят қилади.)

Муштум.
«Муштум» 1923 йил 3-сон.
Абдулла Қодирийдан