Facebook
ТИНЧ иш (Ҳикоя) PDF Босма E-mail

...Энди бу зот ҳам уламодан бири эди. Ўз аҳли тарафидан вараса-тул-анбиё(Варасатул-анбиё — пайғамбарларнинг меросхўрлари (уламолар).) қаториға киритилган учун мертуқ-сертуқларнинг(Мертук, — сертуқ — ўтмас, ярамас: бу ерда паст даражадаги одамлар маъносида.) фалон-туганига қулоқ солувнинг ҳам лузуми(Лузум — зарурат, ҳожат.) йўқ эди. Йигирма беш-ўттуз йилни мадраса тупроғи ялаб ўткарган бир кишини, табиий, бизда уламо қаториға киргузмай ҳол йўқ. Ҳам ана шу мадраса тупроғини ўттуз йил ялаб, шул тупроқ ялов ажрини(Ажр — мукофот, эваз.) ҳам олған эди. Авом ўртасинда бўлсун, уламо орасинда бўлсун ул «Домла Шариф Охунд» бўлуб танилған ва бу исмни эшиткан, етти яшардан етмиш яшарнинг кўз олдиға катта салла, узун чопон, семиз тан, ўнг қўлининг енгидан тўрт эллик тасбиҳ учи кўрунуб турған, қиб-қизил баркаш юз, мошкичири соқол бир зот келиб босар эди.

Бу зот диний бир олим бўлув устиға сиёсатдан ҳам хабарсиз эмас эди. Амрика, Гирмония, Онглия, Япўния, Фарансия, Белгия, шунинг каби ҳар давлатларни ёдлаб билар эди. Бунларнинг ҳунарларигача айрим-айрим ажратар эди. Масалан, Амрика, ўзи фарангларнинг бир табақаси, яъни қабиласи. Ҳунари: амиркон тери ишлайдир. Амиркон пахтани ҳам шу чиқарған. Гирмония тўб тўпхона, уруш аслаҳаларини ишлайдир. Осмон попурини(Осмон попури — самолёт, юнончада «вопур» кема дегани.) ҳам шу кофир чиқарған. Онглия — бу жуда ҳунарманд, локин ўзининг ер юзинда жойи йўқ. Аммо денгизга шаҳарлар бино қилған. Шунинг учун денгизлар подшоси деб айтадир-лар. Фарансия ёки Фаранг — бу ўзи майда-чуйда ишларга жуда ҳам уста бир кофир; фаранги игна, мошина, фаранги иб, грамафон, нағма ва шунга ўхшаш аллақанча ажойиб, ғаройиб нарсаларни чиқарған. Япўния — ўрусдан Пўртортирни(Портортир — Порт-Артур шаҳри.) олған...
Ана бунлар энди чет қиронлар(Қирон — давлат, мамлакат.) тўғрисида билган сиёсати. Ўзимизнинг яқин қиронлардан, масалан, Хитой, Туркия, Бухоролар ҳаққинда етти ёшлиқ вақтиндан бери маълумоти бор. Хитой — ҳунари хитой қоғоз, ипак жужум, жонон пиёла... нуфуси жуда ҳам кўб, на ҳисобда, на китобда бор.
Самаркентни(Самаркент — Самарқанд.) олмоқға қўшун тортғанда йўл устида дарёйи Нилми, Жайҳунми(Жайхун — Амударё.) деган бир дарёға тўғри келар экан. Дарёни кўпруксиз кўрганда ижрғамиға(Ижргам — тортинмоқ, ўйланмоқ, ташвиш қилмоқ.) келтурмай черигини(Черик — қўшин.) сувға босиб одамдан кўпрук қилиб ўтуб кетар экан. Мана, кўблиги шунча экан!!
Туркия — ер юзининг султони, аҳли куффордан(— Аҳли куффор — кофирлар, бу ерда мусулмон динидан ўзгаси.) бож хирож оладир. Қаҳру-ғазабидан замину-замон, макину-макон титрайдир. Одамларини уч юз отмиш кун рўза, йигирма тўрт соат намоз ўқувчи «авлиё» деб биладир. (Бу ерда муаллимчилик қилиб юрған асир туркларни ул турк деб билмайдир. Балким ёлғондаки турк оти остиға яширинган куффор, дин бузувчи, армани деб билганидан ушбу малъунларга эргашиб юрған мусулмон болалариға чин кўнгилдан ачинадир...)(Биринчи жаҳон уруши (1914—1918) йилларида Туркия Россияга қарши урушиб, Россия турк асирларини Сибирда ишлатган, инқилоб бўлиб, улар Туркистон ўлкасига, Волга бўйига қайтган эдилар. Турклар бу ерларда маҳаллий халққа маданий, маърифий, туркийлик ғояларини ташвиқ қилган эдилар, муаллимлик қилган эдилар. Улар Лозанна конференциясининг (1922— 1923) ҳарбий асирларни ўзаро алмашув қарорига биноан ўз ватанларига қайтган эдилар.)
Бухоро тўғрисинда сўйлав керак эмас, ҳамамизга белгили: бошқа ислом шаҳарларига кўкдан нур ёғилған ҳолда, шу шаҳарларга ёғдирмок, учун Бухорои шарифдан фаришталар орқали кўкга нур чиқарилур экан!..
Мана анинг сиёсатдан, инглизнинг бир юз сиёсиюнидан ортиқ маълумоти.
Ўзи мударрисликка сайланмасдан илгари оқ подшоҳға нима учундир мастравойлар каби душманлиқ сақлаб юрар эди. Алланарсамоф деган тўра ёғиндан мударрисликка «указ» берилгач,(Указ — фармон.) оқ подшоҳнинг ҳақиға қўл кўтариб дуо қилған кундан бошлаб ўзидан Некалайга(Некалай — Николай (II) Александрович Романов (1868—1918) охирги рус императори (1894—1917).) бир ҳайрихоҳлиқ сеза бошлайдир. Тўғри келган йиғинларда подшоҳлиқнинг нисфи нубувват(Ярим пайғамбарлик.) деганлар, кофир бўлса ҳам «нубувват», яъни пайғамбарликнинг нисф қуввати бор, деб оқ подшоҳни юқори кўтариб қўядир.
Орада уруш бошланиб, Туркистонда «рабочий» масаласи қўзғалганда ғалаёнға келган халқға: «Подшоҳнинг амри вожиб, маънои во-жиб фарзлиғинда озғина шубҳа бор, маънои фарз амри илоҳий»(Подшоҳнинг буйруғи вожибдир, яъни мажбурий, вожибнинг маъноси шуки, буткул фарз, дея олмаймиз, фарз Оллоҳнинг буйруғи.) деб ҳаяжондан тўхтатурға тиришадир. Гирмон ундай ҳунар кўрсатибдир, оқ подшоҳнинг бунча шаҳрини олибдир, деган хабарларға сира ишонғуси келмай: «Яхши, Гирмоннинг юз ўн беш газ тўпи бор, мен буни Гирмоннинг ўзиданда яхшироқ биламен, аммо у ғарқи оҳан(Ғарқи оҳан — темирга бой.) бўлса ҳам Русиянинг бир тола мўйини кам қила олмайдир. Русия бунга ўхшаш Гирмоннинг бир юзи билан урушиб кўрган, оқ подшоҳ эмди эр назар қилған(Эр назар ҳилган — халқнинг ишончига кирган.) деб юрадир.

II

1917 йил феврал сўнгинда инқилоб бошланиб, оқ подшоҳимиз тахтдан тобутға олинур. Биринчи мартдан бошлаб халқ оғзинда «Мекалай тахтдан тушурулиб, янги ҳукумат тузулубдир», деган хабарлар юрий бошлар. Локин бу хабарларға бизим «Охунд домла» сира ишонмайдир. Шу хабарларни сўйлавчига қизиқ туриш билан: «Эй, сен аҳмоқ бўлиб қолдингми? Оқ подшоҳни ўрнидан тушуруб бўлар эмиш? Яхшиким бу сўзни манга айтдинг, ёмонроқ кишига айтсанг бошинг кетадир — бошинг! Дамингни чиқарма! Бу хабар мастравойларнинг хабари!(1914-нчи йилда исён этувчи рабочийлар домламизға мастравой бўлиб танилған. (Муал.).)
— Мастравой деган ким тақсир?
— Ха, кўчаларга тош терадирганлар-чи, ана шунларни мастравой дерлар, шунларнинг хабарига ишониб бўладирми?
Орадан ўн беш кун ўтуб кетадир...
Некалайнинг политса — миршаблари, қозилари, мингбошилари ўрундан чиқарилиб, бошқалар сайлана бошлар. Юртнинг туруши ўзга-рар. Сайлов — йиғинларнинг бир нечасинда Охунд домламизнинг ҳам қатнашишлари бўладир. Охунд домламизға эмди оқ подшоҳнинг ҳақиқатдан тахтдан тобутға олинғани сезилур. Локин бу ишга нима учундирким, анинг ичи бир турли ғаш бўлиб: «Эй худоё тўба, бу нима деган гап эмди!..» — деб қўядир.
— Оқ подшоҳ ўрнидан тушурулибдир, «янги ҳукумат» деган ҳукумат бўлубдир. Аммо мана бу «сайлов» деган нима деган номаъқулчилиқ? Худоё тўба! Худоё тўба!.. Одамларнинг оғзиндағи «ҳуррият» дегани нима деган сўз; ердан «ҳуррият», кўкдан «ҳуррият», бугун сайлов, эрта сайлов! Худоё тўба! Худоё тўба!.. Халқ оғзиндағи «ҳуррият, ҳуррият» деган сўзга биринчи эшитувда тушунилмаса ҳам луғат кўрилгандан кейин бир оз тушунилди.
Охунд домламиз оқ подшоҳни ўрундан тушурулиб, Керенскийнинг подшоҳ кўтарилганини «бўлибдир, бўлибдир эмди» билан зиҳнига сиғдирса-да, ҳалиги «янгидан сайловни» сира миясига сиғдира олмади. «Халқ истагича янгидан сайлаб қўйиш» деган гап анинг ичини ари каби талий бошлади. Нечун ари бўлиб таламасин. ...мадрасасининг биринчи мударриси этиб Алланарсамоф ёғиндан берилган указни бекорга чиқариб, Охунд домламиз ўрниға бошқани сайлаймиз, десалар!.. Ўҳҳҳ!..

III

Отун ойимға указни олиб чиқувни буюриб, ўзи айвонга ўлтурди. Шул вақтда даруни дилдан(даруни дил — чин дилдан.) оҳ тортиб юборған ҳам эди. Указ қоғози бундан бир йил илгари сандуқға тушувда Охунд домлаға қандай умидлар берган бўлса, бу кун сандукдан чиқувда шу даража умидсизлик туғдирди.
Отун ойимдан указни олиб оча бошлади. Бу қоғоз яхши сақланғани учун ҳар қабатини очилған сари шалдирар ва бу шалдиров Охунд домлани алланечук маъюс этар эди.
Указ очилиб бўлди. Домламизнинг русчадан хабари бўлмаса ҳам, ҳоким маҳкамасининг мирзаси ёғиндан указни беришда: «...Мадрасинкий первой мударрису господину Муллашариф Охуну Мулла Зариф Охунову» деб ўқуб бериши эсига тушуб, ўшал вақт бутун аъзоси тил билан онглатиб бўлмаслиқ бир лаззат билан жимирлашиб кеткани эсига келиб кетди. «Господин первой мударрис»ни таъйин этиб чиройлиқ қилиб қўйилған бурмача имзолар билан семуруғ қушли тамғаларға кўзи тушуб ўтди. Аммо шул вақт «ҳуррият, сайлов» шарт этиб эсига тушуб кетди. Указ қўлидан ерга тушуб кетаёзди... Эмди бир неча вақт ҳушдан ҳам кетган эди.
Эси ўзига келгач, указни буклий бошлади. Указ: «Мени кўрма, ҳам куйма!» деган каби бўлуб ўз-ўзиндан шалдировсиз буклана бошлади. Отун ойим указни сандуқға олиб кетмакда бўлғанида ортидан алвидоъ қилған каби маъюсона қараб турар эди. Яна бир гулдурос билан оҳ тортғандан сўнг оқ подшоҳни ўриндан тушурғанлари учун мастравойларга лаънат ўқуди.
Шундай лаънат ўқудиким: «Шул соат мастравойларни ер ютса оқ подшоҳ ўз ўрниға ўлтуруб, «ҳуррият, сайлов»ни йўқ қилса, указ указликда қолса!..»
Аммо Охунд домланинг дуоси ижобат ҳадафига(Ижобат ҳадафи — нишон.) тегудан вақт ўткан эди. Локин домланинг бу «сайлов» ташвиши ва мастравойларга дуойи бади ўринсиз бўлиб чиқған эди. Негаким, иш домланинг фойдасиға қуморила бошлаған, янги оқ подшоҳ (Керенский) вақтида домлаларимизға ўхшаған «сайлов» сичқонлари учун ҳар қанча иш қилинса майдон очиқ эди. Ёлғуз... ёлғуз «ёш» деган бир фирқани иш бошидан ҳайдалса...

IV

Эмди халқ орасиға дин отидан ёшларға қарши ташвиқот юргузила бошламиш эди.
Ҳозир бизнинг Охунд домламиз нима қилур эди?
Домламизнинг ўзи политикан эмасми? Ишнинг тубига аллақачон тушуниб, ёшларға қарши ташвиқот денгизинда юзар эди.
Иш Охунд домламиз кабиларнинг фойдаси билан натижаланди. Эмди Охунд домламизнинг оғзи қулоғида, «Дин бузувчи даҳрий ёшлар!» деган жаҳр(Жахр — товуш.) оғзидан фаввора уруб чиқадир. Домламиз масти лояъқил,(Масти лояъҳил — беҳуш даражада маст бўлиш.) ҳозир домлаға Некалай золим, Керенский одили аъдал(Одили аъдал — одиллар одили.) указнинг ҳам бир тийинлик қиймати йўқ; тиласа мударрис, тиласа қози, тиласа дўма!(Дўма — дума аъзоси.) Вассалом...

V

1917-нчи йилнинг сентабрлари эди, шекилли... Янги ҳукумат қаршисиға болшевиклар қўзғалмоқда... деган хабарлар юрий бошлади. Илгарирак домламиз бу хабарларға кўбда ишонмаса ҳам кейинрак ўйлий бошлади. Болшевиклар ҳақинда маълумот эгаси бўлмағани учун ундан, бундан суриштурмоқға турди.
Ўҳўўў... болшевик! Ер ютсун, ер ютсун!! Динни билмаса, бой ва уламо (хоин уламо)ни(Хоин уламо — Туркистон мухторияти эълон қилингунга қадар Умум Туркистон мусулмонларининг тўртта съезди бўлиб ўтади. Бу съезддарда «Уламо» жамиятининг мутаассиб уламолари тараққийпарвар «Шўрои исломия» ва «Марказ Туркистон шўроси» уюшмалари билан доим рақобатда туриб, Туркистонни идора шакли хусусидаги масалада замон талабига жавоб бермайдиган эски тартиб-усулларни, хонликни ёқлаб чиқадилар. Сиёсий курашларда қатнашиб келаётган нуфузли «Уламо» жамиятининг ноўрин бу талаби Умум Туркистон мусулмонлари съездини ва сўнгра эса Туркистон мухториятини авом халққа қисман бўлса ҳам ёмон кўрсатишда болшевикларга дастак бўлиб келади. Ҳатто Тошкентнинг қадимчи уламолари «Уламо» съездида (1917 йил, 17—20 сентябр) юқорида айтилган уюшмаларга аччиқ қилиб болшевиклар билан тил бириктира-ди. Гарчи Туркистон Мухторияти ҳалокатининг сабаблари мухторият ҳайъати аъзолари орасида ноаҳиллиқ, миллий сармоянинг йўқлиги ва қуролсизлик, миллий аскарсизлик ва бошқалар бўлса-да, мухторият кунларида (1917 йил, 25 ноябр — 1918 йил, 9 феврал) Шерали Лапин бошчилигидаги Тошкент «Уламо» жамияти мухториятни тан олмай, ўзларига «Тошкент уламо жумҳурияти» тузиб, Туркистон мухториятида парокандаликни бошлаб бериб хоинлик қилган эди. Муаллиф шу воқеаларни назарда тутяпти.) ер билан яксон қилмоқ тиласа. Мол-мулкни муштарак(Муштарак — ўртада, умумий.) деб билса!..
Бу маълумотни олғач кеча-кундуз: «Эй бор худоё, Керенский ҳуку-матини қиёматғача оёғдан йиқитма!» деб дуо қилмоқға киритттди. Воқиъан ҳазрат Оҳунд домламизнинг бусотдағи бор дастмоялари шулгина эди.

VI

Йигирма нечанчи... ой эди, оламни тўп гум-гуми, пулемит тартара-ги босған эди. Икки фирқа, яъни бой уламо билан камбағал бенаво(Бенаво — фақир, қашшоқ.) жон бериб жон олмоқда эди. Охунд домламизда бошқа камолот кут-гандан ортиқ бир равишда бўлса ҳам юрак деган неъматдан маҳрум бўлғанлари учун биринчи милтиқ товши билан узлатни ихтиёр қил-мишлар эди. Ҳар бир тўп товши Оҳунд ҳазратимизга эшитилган сари узлатхонада ичлари шувиллашмакда эди.
Натижада камбағал бенаво бой ва уламони етти қат ернинг остиға киргузуб юборадирған даражада енгди... Бу хабар Оҳунд домламизнинг узлатхоналариға ирсол этилмиш.(Ирсол этиш — юбориш, етказиш.) Домламиз жондан умид узуб ҳар минут «Калимаи таййиба»(«Калимаи таййиба» — Ла илаҳа иллал-лоҳу Муҳаммадур-росувлуллоҳ. (Оллохдан бошқа маъбуд йўқ ва Муҳаммад унинг расули).) ва «Калимаи шаҳодат»ни(«Калимаи шахрдат» — кшх,аку алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росувлуҳ. (Гувоҳлик бераманки, Оллоҳдан бошқа ҳеч маъбуд йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ҳамда пайғамбаридир).) вирди забон(Вирди забон — тилда такрорлаш.) этмишлар эди.

VII

Орадан ўн кун ўтди. Оҳунд домламиз йўқ, йигирма кун ўтди, дараксиз, ўттуз кун деганда аёвли жонни бир ҳович қилиб, узлатхонанинг эшикидан мўраладилар. Ўттуз биринчи кунда атак-чечак қилиб узлатхона атрофинда синов учун юриб кўрдилар.
Тадриж ба тадриж(Тадриж ба тадриж — аста-секин.) аҳли аёл ёниға борувни жаноб ҳақ тинчлик ва осойишталиқ билан Оҳунд домламизға муяссар қилди. Тўп билан пулемит, болшевикларнинг астаҳидил тутған сиёсати ва алалҳусус сиёсиюнлиқ Оҳунд домламизнинг юрагини олиб қўйғанлиқдан бундан сўнг сиёсатға оралашмаслиқ аҳли аёл ўртасинда аҳд этилди.
Тинчгина имомгарчиликда давом этила бошланди. Илгари болшевик оғаларнинг, кимнинг отини, кимнинг молини, кимнинг ерини тортиб олувлариға қандай маъни беришга ожиз бўлған Оҳунд домламиз «Мифтоҳул-жинон»(« Мифтоҳул-жинон» — («Жаннатлар калиди») — авлиёлар ҳаётига, ислом рукнларига оид китоб, муаллифи Муҳаммад Мужир Адиб.) ва амсоли(Амсоли — каби.) китоблардан истихрож этиб:(Истиҳрож этиш — цитата чиқариш, келтириш.) «Замона охир бўлиб, қиёмат яқинлашған экан, бу кунги болшевик деганимиз яъжуж-маъжуж(Афсонага кўра — хунук башара, баҳайбат, ҳамма нарсани нобуд қилувчи, одамхўр маҳлуқлар. (Муал.).) ва ё доббатул-арз(Доббатул-арз — қиёмат куни ердан чиқиб кофирларни ҳалок қилувчи махлуқ.) бўлур» деб ўйлар эди. Ўшал вақтда бундай демакга балким анинг ҳақи ҳам бўлғандир, локин бу кунда анинг яъжуж-маъжуж, доббатул-арз ҳақиндағи фикрлари ўзгариб, болшевикларнинг ҳам инсон эканлигига имон келтурди.
Яқинда халқ... мадрасасига Оҳунд домламиз ўрниға бошқа бир мударрис таъйин этилди. Аммо бунга домламизнинг сира илтифоти бўлмади. Шунинг билан баробар указ ҳам сандукда унутилиб ётадир, балким эсига келганда йиртиб ҳам ташлар. Шундай қилиб тинчгина имомгарчилигида давом этадир.
Сиёсиюнлиқ вақти эсига тушғанда сесканиб кетиб: «Йўқ, шайтон оздирған экан ва ё эс кеткан экан!» деб қўядир. Бугунги имомгарчилигига келганда: «Бунинг ўзи хўб тинч ишде!» дейдир. Воқиъан Оҳунд домламизнинг ўзига лойиқ иш шуниси эди.

Жулқунбой
«Тонг» журнали, 1920 йил, 2-сон.(«Тонг» журнали — 1920 йил 3, 4 та сони чиққан, ташаббускори Абдурауф Фитрат. Ношири Бухоро коммунистлар партиясининг нашриёт шўъбаси. Журнал араб, форс сўзларига қарши туриб, «Чиғатой гурунги» аъзолариниг мақолалари босилган.)

Абдулла Қодирийдан