Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»Совинак қори билан мағзава қори
Facebook
Совинак қори билан мағзава қори PDF Босма E-mail

Совинак қори:(Совинак кори — енгил-елпи, чала қори.) — Бу йил бай пули (Бай пули — баъзи одамлар рўза арафасида қорига бай пули бериб марҳумлари ҳақига Қуръон туширтирадилар.) неча кишидан олинди, Мағзава қори? (Мағзава қори — эзма қори)
Мағзава қори: — Э-эй, бу йилги рўза, маза йўқ ошнам. Такрор пули(Такрор пули — қорилар йил давомида Қуръон ўқиб такрорлаб турадилар. Савобталаб бирон киши ўқилаётган Қуръонни марҳумлари руҳига ҳам бағишлашини сўраб қорига пул беради.) ҳам чиқмайтурған, кўринадир.

— Ҳа, нимага?
— Нимага бўлар эди, хатмчи(Хатмчи — (хатм-тамом қилиш, тутатиш) марҳумлар арвоҳига атаб Қуръон туширтирувчи ва шу муносабат билан худойи қилувчи.) йўқ...
— Итни урсанг Қуръон туширтиратурган чиқибдир-ку, хатмчи йўқ эмиш!
— Бор-борлиққа. Аммо мўмайроқ митат(Митат — даромад (арабча: мўтот — ҳақ, ужра).) чиқаратурған хатмчи йўқ!
— Иш билмагандан кейин хатмчи ҳам йўқ, митат ҳам йўқ!
— Совинак дейман, сан нимани билдинг!!!
— Мен иш билдим, сен саллага зеб бериш билан идғом маъалғуннани(Идғом маъалғунна — араб тилида ўхшаш ҳарфни бир ёзиб иккилантириб димоғда ўқиш (тажвид илмида); бу ерда Қуръон зеб бериб тиловат қилиш маъносида.) билдинг!
— Хўш-хўш?
— Нима хўш-хўш, индинга Пўлавойнинг хатмини битирсам, уттаси кундан Шўлавойнинг хатмини бошлайман. Ундан кейин Сўнавойники. Шундай қилиб бу рўзаи моҳи шарифда энг ками беш миллиард митат!
— Ҳа-ҳҳа, ҳаммасидан ҳам бай пули олдингми, Совинак?
— Олдим. Пўлавойдан беш юз, Шўлавойдан икки юз, Сўнавойдан уч юз!
— Қандай қилиб?
— Пўлавойнинг олдига бориб: «Шўлавой акам бу йил хатмни катта қилар эмишлар, шундай оғир вақтларда унча-мунча одамга хатм қилдириш ҳам қийин...» деб юрагига ўт солиб қўйдим. Сўнавойнинг дўконига тушуб: «Бу йил хатмингиз йўқми, одамлар: «Сўнавойнинг дамаси(Дама — ўчоққа ҳаво юборадиган асбоб, дамгир; бу ерда: ғайрат, авж, куч маъносида.) йўқроқ» деб сўзлашадилар», деган сўз билан унинг ҳам пайтавасига қурт тушурдим. Шундай қилиб йўқ ердан ёлғуз ўзимга уч хатм чиқардим. Мана иш, ана митат!
Мағзава қори кўнглининг энг чуқур жойидан чиқариб, уф-ф-ф деди ва ҳасратидан чанг чиқара бошлади:
— Бу йил бахтимиз сувга урган экан Совинак, ҳеч бир хатмчи «итмисан, эшакмисан» дея бермагач, ноилож «шунча такрорлар бекорга кетмасун» деб ўзимни бозорға сола бошладим. Қаерда бир эски хатмчини кўрсам маддоҳ баччалардек жоврадим: «Эшбой акам хатмга айткан эдилар, бу рамазон қўлим тегмайдир», дедим. «Маним кўнглим сизда эди...» Иккинчи бировни кўрганда: «Бу йил хатм жуда кўб кўринадир, Тошкандда ўнг минг қори бўлса ҳам етишмас». Ниҳоят шунчалик авроқлар билан ўлиб-қутилиб битта жизбизини топсам ҳам лекин қурғуринг мандан ҳам ўлумтук экан: «Беш кунлик қилсангиз қанча оласиз-у, уч кунлик қилсангиз қанча берамиз(Қуръонни кунда ўн порадан ўқилса уч кунда, олти порадан ўқилса беш кунда хатм қилинади. Беш кунликнинг баҳоси ортиқ бўлади.). Мардикор пулингизнигина олиб, ифтор билан саҳарликни уйингизда қилсангиз қалай бўлар экан» дейдир.
— Қизи талоғинг пудратини(Пудрат — хизмат ҳақи) берар экан-да, хо, хо, ҳо!
— Шуни айткина, Совинак. Шундай қилиб хатмни беш юз милли-онга баҳолаб олдим. Уч юзни ўзим олсам, икки юзни сомеъга(Сомеъ — қорилар ва шогирддари ўзаро Қуръон тиловат қилиб ўтиришса «даврадош» дейилади; қори таровихга ёки ифторга бир шогирди — сомеъ (эшитувчи) билан бирга боради. Қори тиловат қилаётиб адашса сомеъ луқма солиб туради ва ўзи ҳам тиловатда иштирок этади. Бу хизмати учун сомеъ ҳам ҳақ олади.) бераман. Уч юзинг нос пулига ҳам етмайдир. Бу йил маза йўқ ошнам...
Шилғай.
«Муштум»: Оқчани кам берсалар «ялмаш» усулини(Ялмаш» усули — тез-тез, нари-бери ўқиш.) кўллаш керак. Қуръонни ялмаб ўкуйсан, десалар «бир мирига келгани шу» деб жавоб бериш керак.

«Муштум» — 1923 йил, 7-сон.
Абдулла Қодирийдан